Ҳамидулла Болтабоев. Жавоҳир шодага қўшилган гавҳар

Миллий адабиётимиз тарихи нафақат адабиётшуносликка оид рисола ва тазкираларда, баёз ва мажмуаларда, балки тарих китобларида ҳам акс этган. Бунинг исботи учун Рашидиддиннинг “Жомеъ ут-таворих”идан Огаҳийнинг “Шоҳиди иқбол” асаригача юзлаб тарихий манбаларни кўрсатиш мумкин.

Ғиёсиддин Ҳумомиддин ўғли Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сийар фи ахбори афроди башар” (“Башар аҳли сийратидан хабар берувчи дўст”, 1520-24) (Т., “Ўзбекистон”, 2013) асари Темурийлар даври воқеалари битилган энг сара тарихлар қаторида саналади. Бунинг боиси муаллиф қаламига мансуб тарихлар ишончли манбалар асосида ёзилгани ҳамда унинг ўзи иштирок этган ҳодисотнинг тарихини баён қилинганидадир. Нафақат тарихшунослик жиҳатидан, балки бадииятга яқинлиги нуқтаи назаридан ҳам бу асар “Бобурнома” ва “Тарихи Рашидий” сингари мўътабар манбалар қаторида туради.

Яқинда биз истеъдодли мутаржимлар Жалил Ҳазратқулов ва Исмоил Бекжон саъй-ҳаракати билан она тилимизда ўқишга муяссар бўлганимиз “Ҳабиб ус-сийар”нинг ҳазрати Соҳиб­қирон тарихи зикрида айтилган:

Достон айтгим келди мен ҳам булҳавас,

Зора булбулларга бўлсам ҳамнафас

байтидан ҳам тарихчи олимнинг шеърий заковати юксаклигини билиш мумкин. Ушбу комил тарихнинг миллий маънавиятимиздаги ўрнию тарихшуносликдаги аҳамияти ҳақида фикр юритишни муҳтарам тарихчиларга қолдириб, айни асарда қаламга олинган ҳазрат Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ шоирларимиз зикрида айтилган мулоҳазаларга эътибор қаратамиз.

Ҳазрат Навоийнинг тарбияси ва ҳомийлигида ўсган, насли муаррихлар авлодидан бўлган (Мирхонд набираси) муаллиф улуғ шоирнинг энг ишончли ҳасби ҳолини битгани маълум эса-да, айни асар тарих китоб бўлгани учун ҳам унга улуғ шоир “Султон Ҳусайннинг энг яқин кишиси” сифатида Амир Низомиддин Алишер номи билан кирган. 1486 йилда Астробод ўлкасига ҳоким этиб тайинланиши масаласида мансур хоқон (Султон Ҳусайн) фикрлашганда ҳазрат Навоий “хоқонлик ишларининг кафолатини олишга ойдин кўнглида майл йўқлиги ва субҳоний лаззат ҳосил қилиш тариқи маслагига иштиёқи кучлилиги сабабли дастлаб ул ишни қабул қилишга оғиз ростламади. Аммо ўтинч ва ҳаддан зиёд тилакдан сўнг розилик бошини қимирлатиб, йўналиш юзини ўша томонга қаратди“ ва ўзи билан Бобо Али ва амир Бадриддинни Астрободга олиб кетди. Бу санада Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ “Мир аморати” иборасини таърих қилиб (891/1486) бир қитъа ёзди. Китобдан маълум бўлишича, Султон Ҳусайннинг мақсади Амир Алишерни Астробод ҳокимлигидан доруссалтанага чақириб, унга улуғ амирлик мансабини топшириш эди. “Аммо Амир Алишернинг бу иш борасида рухсат ва тавсияси бўлмагач, девон соҳиблиги ишларининг ихтиёр жилови Хожа Низомулмулк ва Хожа Афзал қўлида қолаверди”.

Орада иккинчи бор амирлик мансабига эришган Муҳаммад Мажидиддин улар устидан фитна уюштириб, девон ишларини ҳам қўлга олди. Мажидиддин амирлигидан норози, унинг “жуда жаҳлдор ва қўпол сўзлиги” туфайли бошқа амалдорлар “адоват камарини боғладилар”. Сўнгра “ул жаноб уч йил тўла ихтиёр ва эътибор ҳамда эмин-эркинлик билан умр ўтказгач, давлат томонидан жазо ва мустадорага йўлиқиб, Хуросондан жуфтакни рослади ва муборак Макка йўлида касалланиб, охират оламига жўнади”.

Бу ҳодиса Алишер Навоий ҳақидаги айрим асарларда Ҳусайн Бойқаро хиёнаткор Мажидиддинни “ўлдиртиргани” воқеасига ҳам аниқлик киритади.

Хондамир тарихида ҳазрат Навоийга мурожаат этилган бошқа бир воқеа шаҳзода Мўмин Мирзонинг ўлимидир: “Амир Алишер бу улкан мусибат рўй берганидан уч кун ўтгандан сўнг ­Машҳад шаҳридан Ҳиротга қайтиб келди ва аянчли хабарни эшитиб, изтироб денгизига чўкканича кўз ариғидан қон селини оқизди…”.

Хондамир тарихининг изтиробли саҳифалари “Амир Низомиддин Алишернинг ўткинчи уйдан мангулик саройига кўчиб ўтгани” ҳақидадир. Айни воқеаларнинг шоҳиди бўлган тарихчи ўз кўрганларини ёзади. Музаффар Султон Ҳусайнни қаршиламоқ учун йўлга чиққан Ҳазратнинг соғлиги ёмонлашади: “Олий мақомли амирнинг авзойи ўзгарди ва қаттиқ оғриқ исканжасида “Хожа Абдуллоҳ, мендан хабардор бўлиб туринг, деди”. Ҳазратнинг бу хавотири бежиз эмас эдики, кўп ҳодисотни олдиндан башорат қилувчи қалби бўлғуси жудоликни пайқаган эди: “Шу сўзлар айтилиб турган пайтда ҳазрат хоқоннинг маҳофаси яқинлашиб, султоннинг яқин кишиси (яъни Навоий) олдинроқ юриб, олампаноҳ подшоҳ билан кўришиш мақсадида отдан тушди… оёқларида мадор қолмагани учун бир қўлини Хожа Абдуллоҳнинг елкасига, яна бир қўлини мавлоно Жалолиддин Қосим Хондамирнинг кифтига ташлаб, не иложда маҳофага яқинлашди ва қўл ўпишга чоғланди. Бироқ заифлик кучайгани сабабли ўша ерга ўтириб олди. Саодатманд хоқон қанчалик лутф ва кўнгил сўрашлик тили билан ул соф қалбли амирга сўз қотиб, ҳол-аҳвол сўрамасин сира ҳам жавоб бера олмади. Бу иш хоқон кўнглига ташвиш солиб, ул жанобни безатилган отга ўрнатилган хос маҳофага ётқизишларини буюрди”. Бу сўзлардан ҳазрат Навоий ҳолини ва Султон Ҳусайн илтифотини аниқ сезмаслик мумкин эмас. Шунда табобат илмидан хабардор кишилар сакта (юрак хуружи) аломатларини илғаб, шу ердаёқ бемордан қон олиш лозим, деган хулосага келдилар. Шунда Абдулҳай Туний исм­ли табиб муолажани Ҳиротга боргандан кейин бошлаш керак, деб туриб олди ва Ҳиротга йўналтирди. “Йўл сари юзланаётган пайтда… банда ташвишга тушиб, Хожа Абдуллоҳ арзига “касаллик зўрлиги шу даражадаки, агар қон олиш ишида кечикиш юз берса, сўнг (бу хатони) тузатиб бўлмайди”, дедим”. Хожа Абдуллоҳ иккиланиб, масаланинг ечимига эришиш учун Султон Ҳусайндан рухсат олишга чопар юборди, аммо чопар 3 фарсах масофани босиб, бориб-келгунча беморнинг ҳолати янада ёмонлашади. Ниҳоят, қон олиш жуда чекланган миқдорда ва кеч бўлгани учун ҳазратни ярим тунда уйига элтдилар. Эртасига барча табиблар йиғилиб, яна қон олмоқчи бўлганида Амир ­Низомиддин Алишер беҳуш ётарди. Шу лаҳзадаёқ Султон Ҳусайн унинг олдига бориб, “дилни ўнгланмас воқеага чоғлаганича кўз фавворасидан ёш томчиларини оқизди. Шанба куни касаллик кучайиши олдингидан кўпроқ бўлиб, якшанба тонги(1501 йил 3 январ)да пок руҳининг қуши бадан қафасини синдирди ва жисмоний тан торлигидан мангулик боғининг кўркам кенгликлари сари парвоз этди”.

Хондамир айни воқеалар иштирокчисигина эмас, балки Ҳазратнинг ҳаётини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилган кишиларнинг бири сифатида кўринади. Бироқ тақдир ҳукмига қарши бориб бўлмади. Шунда тарих муаллифи бир неча саҳифа изтиробли ёзувлар битиш баробарида назмда:

Нега фалак кўздан тўкмади қон ёш?

Нега равшан порлар ой билан қуёш?

Кунларнинг тизими узилмас нега,

Жаҳоннинг ой, куни камаймас нега —

дея зорланди. Ҳазрат Навоийни хайр ул-башар(с.а.в.)нинг суннати талабига биноан дафн қилганларидан закий муаррихнинг ҳофизасига биргина мисра келди:

Бағрингдаги дурни билмайсан, тупроқ?!

Ўша маъсум онларни қаламга олган Амир Садриддин Аминий қитъасини келтириб, сўнг “ушбу сўзлар ёзғувчиси кўнглига ҳам ул мусибат санаси сифатида ушбу қитъа келди” дейди. “Ушбу қитъа”нинг сўнгги байтида:

…Тушмиш юзларига раҳмат нурлари,

Вафоти тарихи “Анвор раҳматдир” —

дея абжад ҳисобига кўра 906 (1501) санасидан хабар берувчи байтни битади.

Бу тарихий воқеаларнинг маълум қисми бизга ўтмиш алломалари ва замон олимлари асарлари орқали маълум бўлса-да, Ҳирот тарихининг очиқ гавдаланиши баробарида тарих муаллифининг адабий закоси ва шеърий истеъдоди юксаклигидан хабар топамиз.

Хондамир асарида Заҳириддин ­Муҳаммад Бобуршоҳ “Заҳиру-с-салтана ва-д-дин” (салтанат ва динни намо­йиш этувчи), “ғозий келбатли”, “исломпаноҳ”, “мамлакат олувчилик осмони Дороси”, “мустақил ҳукмли подшоҳ” каби сўзлар билан нисбатланадики, бу буюк муаррихнинг тарих воқеалари олдидаги холислиги ва келажакни башорат қила олиш закосидан ҳам дарак беради. “Ҳибиб ус-сийар” асарининг салмоқли қисми Бобур подшоҳ воқеаларига бағишланган. ­Темурийлар тарихи батафсил баёни давомида Умаршайх Мирзо хусусида тўхталаркан, Хондамир унинг фарзандлари саноғини беради: “Ул ҳазратдан уч нафар олий зотли ўғил ва беш нафар яхши юлдузли қиз ёдгор қолди. Энг катта ўғил Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ғозий, …иккинчиси Муизиддин Жаҳонгир Мирзо, учинчи ўғил Султон Носир Мирзо… эди”. Сўнгра қизлари Хонзода бегим, Меҳрбону, Шаҳрбону, Ёдгор Султон бегим ва Руқия Султон бегим исмлари келади.

Тарихда “саодатли Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида аларнинг туғилиш вақтидан то Самарқанд томон юриш қилиши замонигача содир бўлган воқеалар баёни” қисқа сатрларда англатилиб, унинг таваллудини муаллиф шундай назмий жумлаларда келтиради: “Жавоҳир шодага қўшилди гавҳар. Ушалди ажойиб умидбахш орзу… Умид кўзларига нурбахш вужуди Мангу иқболға ёр унинг мавлуди”.

Хондамир воқеалар баёнида “Бобурнома”га таянгани учунми Бобурнинг болалиги тафсилотларини бермайди, чунки бу асар салтанат тарихидан иборат эдики, воқеа Умаршайх мирзо ўрнига тахтга чиққан Бобур мирзонинг салтанат ишларига киришиши билан давом эттирилади: “…ва Андижон қўрғони ул олий шаънли подшоҳнинг қадами шарофатидан жаннат боғларининг рашк этадиган жойига айланиб, амирлар ва аъёнлар қалъа буржу борасини тузатиш ва қалъа устидаги йўлак ҳамда дарвозаларни мустаҳкамлашга киришдилар”. Бобурнинг пойтахт Самарқанд сари азимати, иккинчи бор Самарқандга юриши ва “ул шаҳарнинг Сулаймон маконли Ҳазрат подшоҳ (Бобур) қўлига киргани баёни”ни батафсил ёзади. Муаррих Самарқанд фатҳи воқеаси тарихини “903 йил рабиулаввал охири” (милодий 1497 йил ноябр-декабр ойлари) деб белгилайдики, бу пайт Бобур мирзо энди 14 ёшга қадам қўйган эди. “Шу зайл қудрат байроғи уруш майдони узра омонлик билан кўтарилган кўйи юз кун давомида Самарқанд шаҳри саодатманд подшоҳнинг адолату эҳсони нуридан жаннатсимон бўлди”.

Хондамир тарихчи сифатида Бобуршоҳнинг Самарқанддан қайтиши сабабларини, 200 кишилик аскари билан Ўратепа атрофларидаги ҳолати тафсилотини бераркан, бутун аҳволотни мураккаблигача акс эттирган ушбу мисрага жойлайди:

На сафар қилмоқ иложи ва на туришга тоқат.

…Бобуршоҳнинг Самарқандга қайта эришиши унинг тушида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор воситасида ишора қилинади. Хондамир Самарқанд фатҳини Амир Темурнинг Қаршига юриши билан қиёслайди. Бироқ Бобур подшоҳга Самарқандни узоқ идора қилиш насиб этмади, унинг Кобул, Қандаҳор сари юзлангани воқеалари билан Хондамир тарихининг ўзбекча таржима қисми якунланади. Тарихчи ­Бобуршоҳнинг афғон заминида кечган ҳаёти, амалга оширган ободончилик ишлари, мамлакат бошқарувида барча элатлар ва қавмларни тенг кўриши кабиларни кўрсатадики, бу улуғ шоҳ ва шоир таржимаи ҳолини тўлдиришда алоҳида илмий аҳамиятга эга.

Мазкур тарих китоби ёрдамида ­Бобур ва Хондамир муносабатларида айрим тарих китобларида айтилган “Хондамирнинг Бобур подшоҳ томонидан шоҳ Исмоил олдига элчи қилиб юборилгани”, “Хондамирнинг Кўли Малик жанги(1512)да Бобур мирзо ёнида бўлгани” каби нотўғри маълумотларга ойдинлик киритилади.

Қолаверса, ўзбек ҳукмдорининг афғон заминидаги мамлакатнинг адолатли бошқаруви бошқа фотиҳларга ўзига хос намуна бўлиши керакки, айни ҳодиса ўзбек элининг азалдан яқин қўшни афғон мамлакатига нисбатан ўта маърифатли ва адолатли муносабатини англатади. Бу анъана бугунги кунда ҳам давом этаётгани тарихий хотиранинг келажак учун асқотаётганига ёрқин далилдир.

Муҳтарам Президентимизнинг деярли барча нуфузли халқаро анжуманларда афғон элига тинчлик тилаётгани бежиз эмаски, бу кўҳна заминда Беруний, Лутфий, Навоий, Ҳусайний, Бобур, Машраб каби улуғ аллома ва адибларимизнинг муқаддас хоклари ётибди.

Ҳамидулла Болтабоев, ЎзМУ профессори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 7-сон