Ҳаким Сатторий. Темурийлар қудрати — уларнинг оиласида эди

http://n.ziyouz.com/images/amir-temur1.jpgМабодо одам боласи ўз Яратувчисининг мезону тақиқларини писанд қилмайдиган даражада ҳаволаниб кетган тақдирда ҳам бир пиёла иссиқ сув ё бир тишлам нонни хотиржам истеъмол қилиш истаги орзусидан воз кеча олмайди. Боқий қадриятларнинг гувоҳлик беришича, ана шундай буюк фароғатни кишига фақат оила муҳити берар экан.

Гапни бу даражада баланд пардада олишимизнинг боиси бор. Тарихимиздаги улуғ сиймолардан бири Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳали жамоатчилик тўла тушуниб етмаган ва эътироф этмаган оиласи борасида айрим жиҳатлар мавжуд. Одми қилиб айтганда, Амир Темур инсоният чаманзорида қўр тўкиб турган азим дарахт! Бу дарахтнинг томири теран, шохлари тарвақайлаб кетган, сояси узоқ-узоқларга тўшалган, сумбатини олислардан кўриб туришади, паноҳига интилишади…

Яқинда нашр этилган “Соҳибқирон абадияти” китобида бобомизнинг ўғиллари — Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо (1356-1376), Умаршайх Мирзо (1356-1394), Мироншоҳ Мирзо (1366-1408), Шоҳрух Мирзо (1377-1447) авлодларини худди синф журналидаги ўқувчилар рўйхатидек кетма-кет ёзиб чиқдим. Дунё тан олганлари 198 нафар. Уларнинг ҳар бири қайсидир хизмати билан ўз даврида ном қозонган. ҳозир ҳам эсланади. Аслида гап бу ҳақда ҳам эмас. Гап шундаки, китобнинг олти саҳифасини эгаллаган бу Ёзувлар замирида қанчалар синоатлар яширинган? Шу ҳақда ўйланса, юрак ҳаприқади, вужудни бемисл ифтихор ҳисси чулғаб олади. Ана шу муҳташамликка дахлдорликдан бошинг кўкка етади.

Агар бундай оламшумул музаффариятнинг сабаби нима, деган савол қўйиладиган бўлса, жавоби аниқ: оила. Ҳеч муболағасиз, Соҳибқирон кўз очган, сўнгра фарзандлари дун­ёга келган, ундан сўнг набиралар ва бошқа зурриёдлар туғилган бешик, яъни оила чинакамига муқаддас бўлган.

Маълумки, инсон ақли ожизлик қилиб қолганда “Бу ёғи Аллоҳдан” деган ибора ишлатилади, яъни ўзимиздан ташқари тушунчаларни илоҳийликка боғлаб қабул қиламиз. Соҳибқирон тарихини битган муаррихлар ҳам ул зотнинг дунёга келишини илоҳий ҳодиса, деб шарҳлайдилар. Бундай руҳ, ёндашув, айниқса, халқ китоб­ларида жуда бўртиб туради. Масалан, Салоҳиддин Тошкандий қоғозга туширган “Темурнома” (“Чўлпон”, 1990) китобида Бухоро садр аш-шариаси (яъни Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Маҳбубий) “… дарс айтиб ўлтурур эдилар, бир қаландар келди. Айди: “Такина бегим Моҳ деган қизни куёвга беринг, андин бир ўғул туғиладур, ани жаҳонгир ва соҳиб­қирон дерлар” тарзида қайд қилинади. Шундан кейин ҳали куёвхонтўра кимлиги аниқ бўлмай, тўй тадориги бошланади. Кешда эса бошқа бир синоат воқе бўлганди: қўй суруви ичида ўралашиб қолган бир оҳу сайёдга тутқич бермай, қочаверади-қочаверади ва Бухорои шарифга йўл бошлайди. Шундай қилиб, илоҳий никоҳ тузилади, орадан ойлар ўтиб, саодатли айёмда бахтли чақалоқ дунёга келади. Бу гўдак атрофидаги қавми, борингки, инсоният асрлардан бери кутаётган халоскор эди. Қолаверса, унинг туғилганини олис Мағрибдаги алломалар ҳам қайд этгандилар (Валиуддин ибн Халдун бу ҳолни қайд қилиб ўтган).

Албатта, асил зотнинг дунёга келиши бир шов-шув бўлса, унинг тарбияси, камолга етиши шундан кам бўлмаган воқеа. “Зафарнома” китоби муаллифи Шарафиддин Али Яздий Темурбекнинг дунёга келиши эзгуликнинг тантанасига хизмат қилишга амр этилганини шарҳлаб қуйидагича ёзади: “…ҳазрат Соҳибқирон шундай бир мулк (подшоҳлик, ҳукмдорлик) эгасидирки, у фаришталарнинг Аллоҳга мурожаат қилиб, “Бузуқчилик қилувчи ва қонлар тўкувчи кимсани яратасанми?” саволига жавобан Парвардигорнинг “Мен ерда бир халифа (ўринбосар, вакил) яратаман” деган иноятига каромат қилинган сарвар (етакчи, йўлбошчи)дир. Унга ўзининг олдиндан билиш ва кўриш фазилати туфайли баҳри барр (сувлик ва қуруқлик)да эгалик қилишга қудрат берилган”. Соҳибқирон тийнати ва фитратида яширинган ана шу оламшумул қудрат ҳазратнинг ўз фао­лияти ва авлодларининг саъй-ҳаракати билан намоён бўлди.

Шубҳасиз, “Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда?” деганларидек, ато этилган истеъдод шунга мувофиқ улкан ҳаракат бўлмаса, ўз асрорини намоён қилмайди. Зеро, “ҳаётнинг асоси — ҳаракатдир” (Афлотун). Аслида, пинҳон мўъжизани юзага чиқара олиши билан шахс ўзини намоён этади. Бу жараённинг қирралари кўп, қолаверса, инсоншуносликнинг жами илмлари шу муаммо устида бош қотиради ва ҳамон охирги тўхтамга келинмаган.

Соҳибқирон Амир Темурдан тарқаган икки юз нафарга яқин шаҳзода ва малика инсоният маънавий тамаддунида у ёки бу даражада из қолдирган экан, бугун бетимсол шараф ҳиссини яна бир туйиш учун буюкликка эришиш асрорларини навбатга қолдириб, ўша ёруғ юлдузларнинг ўзини эслаб ўтайлик. Негаки, ўрта аср­лар мезони билан воқеликка баҳо бериб ўрганган маърифат дунёси ҳозиргача ана шу оддий тарихий ҳақиқатни ҳам истисно қилиб келди. Фақат бир шахс, унинг амаллари ҳақида сўз юритиб, зурриёдлар, уларнинг оламшумул ишлари ҳақида гапирганда бобокалонни эслатмай ёки эсламай муносабат билдириш тамойили қарор топганди. Ахир, бутоқни танадан айириб бўлмаганидек, уларнинг зуваласига буюклик гардини юқтирган зотни эсламай, бор ҳақиқатни тўлиқ тушуниб бўлармиди? Яқин-яқинларгача хат таниган одамларнинг кўпи Мирзо Улуғбек ҳазратнинг набираси бўлишини ёки Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Темурийлардан эканини билмас эди. Ҳолбуки, Соҳибқирон айнан 1394 йил 22 мартда туғилган набирасига алоҳида меҳр кўрсатган, уни ардоқлаб отаси Муҳаммад Тарағай исмини нисор этган эди (суюкли набиралардан бирига отанинг исмини қўйиш ҳозир ҳам таомилимизда бор). Қолаверса, ўша пайтда жанубий ҳудудларнинг бош шаҳри бўлган Султонияда амирзода Шоҳрух Мирзо оиласида дунёга келган зурриёдининг хушхабарини бахтиёр бобо ўзгача хурсандлик билан кутиб олган, Мордин қалъаси фатҳида таслим бўлган жами асирларга эмну омонлик ҳадя этганди. Кейинчалик ҳам ҳазрат шу набираси тарбиясига алоҳида эътибор қилди. Уни улуғ малика — Сароймулкхоним ихтиёрига берди, ҳар жиҳатдан камолга етиши учун отабеклару саркардалар, уламою фозилларнинг энг етукларини масъул қилиб қўйди. Юришлар давомида ўлжалар қаторида китоблар шу фарзанд учун алоҳида сараланди, улар пойтахт Самарқандга жўнатиб турилди. Натижада Мирзо Улуғбек учун дунёдаги энг бой кутубхоналардан бири барпо этилди. Ҳали тўрт ёшга тўлмаган болакайни бу ажойиб юрт билан таништириш учун Ҳиндистон сафарига олиб кетди. Ўтрордаги сўнгги лаҳзаларда ҳам бу дилбанд ёнма-ён эди. Албатта, кейинчалик 40 йил тахтни бошқарган ҳукмдор, жаҳондаги саноқли буюк олимлардан бирининг муваффақиятларида бундай ғамхўрликларнинг салмоқли ўрни бўлгани шубҳасиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 47 йиллик қисқа умри давомида шунчалик саргузаштларни бошдан ўтказди, шеъриятда ва илмда шунчалик улкан ютуқларни қўлга киритдики, дунё аҳли ҳамон у эришган ютуқларнинг тагига ета олмайди. Катта бир империяга асос солган (у Ҳиндистон заминида тўрт асрга яқин яшади), ўзи янги алифбо яратиб, ҳатто Қуръони каримни унда кўчиртирган, бетимсол ҳарбий ислоҳотчи бўлган зотнинг вақт ўлчовини яратгани, мевали дарахтларни маҳаллийлаштиргани ва бошқа амаллари бир тараф, “Бобурнома”дек шоҳ асар яратгани бир тараф. Илм аҳли ҳамон бунчалик салоҳиятли ва самимий мемуарни билмайди.

Агар бу рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, шубҳасиз, илм-маърифат ҳомийси, ўзлари ҳам олим ёки шоир бўлган буюк ҳукмдорларни эслашга тўғри келади. Самарқанд ва Хуросон тахтини узлуксиз 50 йил бошқарган Шоҳрух Мирзо ҳар жиҳатдан ота — Соҳибқирон меҳрини қозонди (видо айёми — Ўтрорнинг қорли тунини эслайлик. Ҳазрат зурриёдларидан фақат уни қумсайди: “Магар фарзанд Шоҳрухниким, бу замонда уни кўрмадим”). Унинг даврида Хуросон давлати фан-маданият гуллаб-яшнаган фаровон ўлкага айланди, бу давр кўплаб буюк зотларга она бўлди. Худди шунинг­дек, Ҳиндистон тарихида ёрқин из қолдирган Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ (1542-1605) 51 йиллик ҳукмдорлиги давомида бу мамлакатни бир байроқ остида бирлаштирди, барқарор тараққиётни таъминлади. Унинг ҳукмронлиги Бобурийлар сулоласи ойининг тўлишган йиллари бўлди.

Темурийлар ҳақида гап кетганда, жаҳон тарихида камёб ҳодиса — бу сулола вакилларидан оқила, тадбиркор, илм-фан ва санъат ҳомийси бўлган кўплаб улуғ аёллар етишиб чиққанини эътироф этиш лозим. Уларнинг фарзанд тарбия­си, оилани бошқариш, ҳатто давлат ишларидаги иштироки беназир бўлган. Таржимаи ҳоллари ақлни лол қолдирадиган тарзда воқеаларга бой. Зебуннисобегим (1639-1702) даврининг етук алломаларидан таълим олди, шоира, олима, созанда, хаттот бўлиб етишди. Жаҳоноробегим (1614-1681) тахтни бошқаришда отаси Шоҳжаҳонга доно маслаҳатлари билан кўмаклашди, ўзи кўплаб жомеъ масжидлари, карвонсаройлар, боғлар, ариқларнинг барпо этилишида бош-қош бўлди, “Рисолаи соҳибия” китобини ёзди. Гулбаданбегим (1523-1603) нодир шахсияти ва “Ҳумоюннома” асари билан тарихда қолди. Бобур Мирзонинг суюкли фарзанди ҳар жиҳатдан камолга интилди, етти йил азият чекиб, ҳаж сафарини адо этди. Ёки Бобур Мирзо ва Ҳумоюн подшоҳнинг яқин маслаҳатчиси бўлган Хонзодабегим, шаҳзодалар тарбиясида мураббия, ўрни келганда, салтанат юмушларида ўз маслаҳатлари билан қатнашган Сароймулкхоним, шу қаторда турувчи Туман оқа, Улжой Туркон оқа ва бошқа маликаларнинг ҳаёти салтанат тарихида ўз изини қолдирган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бир оз олдин кетиб, шу ҳақиқатни қайд этиш керакки, оқ соч тарих ҳали авлодларнинг бунақа олтин занжирини кўрмаган. Энг камида бир вилоятни бошқарган ёки шеърий девон тузган ўнлаб Темурийлар маданият тарихида қолди. Улар билан бугун ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Хуллас, Темурийлар қўлга киритган муваффақиятлар, уларнинг шон-шавкати бу тилсим устида ўйлаб кўришга даъват этади. Албатта, бундай юксакликнинг бош сабаби инсон қобилиятларини юзага чиқарадиган мўътадил муҳит яратилганидадир. Бу юмушнинг бошида, шубҳасиз, ўз қудрати, талабчанлиги, ўрни келганда меҳри ва қаҳри билан Соҳиб­қирон Амир Темур турганидадир. Ҳазрат тажрибаси ва салоҳияти билан шундай тутумга асос солдики, у неча юз йиллар оша тароватини йўқотмай, асил инсоний фазилатларга доя бўлди, ундан баҳра олганлар тарихда қолди. Яна ўша жўн, бироқ жозибали ҳақиқат ёдга тушади: ҳамма яхшиликлар оилада шаклланган эди.

Eҳтимол, орзудир ёки амалга оширган хайрли ишларининг келажагига комил ишончдир, бобокалон “Темур тузуклар”ида ўктамлик билан шундай деб қайд этган эканлар: “Мамлакатларни фатҳ этувчи бахтли фарзандларим ва жаҳонни идора этувчи қудратли набираларимга маълум бўлсинки, Тангри таоло даргоҳидан умидим шулки, кўплаб фарзандларим, авлоду зурриётим салтанат тахтига ўтириб, олам элларини бошқаргай…” Ҳақи­қатан ҳам шундай бўлди, бунга тарих гувоҳ. Демак, Соҳибқирон ўз йўлининг тўғрилигига аввалбошданоқ ишонган ва бу ҳақиқатни тан олмаслик мумкин эмас. Зеро, унинг исботи учун ўнлаб буюклар саф тортиб турибди.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).