Борис Костомаров. Одессалик Хаммер: Каззобликда кечган умр

“НАЦИОНАЛ”ДАГИ ЖАНЖАЛ

Ақлли, энг асосийси, олий даражада айёр Хаммер Кремлдаги ҳокимлар билан ўзини худди ўтган асрлардаги оқ танли мустамлакачилар ёввойи африкалик ёки полинезиялик қабилаларнинг сардорлари билан муомала қилгандек тутар эди. Фақат уларнинг хотинлари учун кўзгу ёки шиша маржон ўрнига совға қилиб Лениннинг хатларини келтирар эди. Уларни аллақандай Ғарб кимошди савдосида катта пулларга сотиб олганман деб КПСС раҳномаларини ишонтирар эди. Кремлдаги арбоблар лол қолар ва Хаммер билан у таклиф этган навбатдаги иқтисодий битимни бажонидил тузар эдилар.

Гоҳо у СССР даги Лениннинг ҳужжатларини сувтекинга сотиб оларди-да, уларни хуфия йўллар билан Америкага олиб чиқиб кетар эди, сўнг уларни боягидек кимошди савдосида чайқовга соларди-да, КПСС раҳбарларига навбатдаги ўта қимматбаҳо совға сифатида қайта олиб келар эди.

Кунлардан бир кун Андроповнинг айғоқчилари уни шундай чайқовчилик устида тутиб олишди. Ўзининг “Национал” люкс меҳмонхонасидаги хонасида Хаммер ундаги Ильичнинг олиб чиқиб кетишга тайёрлаб қўйган хатларини топиб олган икки нафар “штатдаги санъаткор” олдида тиз чўкиб турар эди.

Ўшанда бу ишни бости-бости қилиб юборишганди. Боз устига, Ленин хатларининг уддасидан чиқолмаган Хаммер ҳаял ўтмай Москвага янги “бебаҳо” совға — Гойянинг, унинг ўзи айтишича, нархи бир миллион доллардан ортиқ турадиган суратини олиб келди.

Тўғри, бирданига Ғарб матбуотида бу полотно Гойянинг машҳур суратининг ўртамиёна нусхасидан бошқа нарса эмаслиги ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Хаммер эса уни бир миллион эмас, бор-йўғи олтмиш минг долларга сотиб олган экан.

Сўнгра, гўё “Национал”да ҳеч гап бўлмагандек, у Брежневга Лениннинг янги хатларини келтирди ва совға қилди. Бунга миннатдорлик ўрнида навбатдаги иқтисодий битимлардан ташқари Бош котиб Хаммерга жавоб совғаси қилишни амр этди. Василий Кандинскийнинг суратини совға қилишди, бу сурат, кейинчалик билишса, ростдан ҳам бир миллион доллар турар экан.

Хаммернинг Нью-Йоркдаги осмонўпар бинолардан бирида жойлашган “Оксидентал петролиум” штаб-квартирасига қадам ранжида қилар экан, Москвадан келган олий мартабали меҳмонлар ва журналистлар ҳар доим мамнуният билан ҳашамдор офиснинг кўзга кўринарли жойида мудом Лениннинг “Ильичдан Арманд Хаммерга” деган лутфкор ёзувли фотосурати туришини эътироф этар эдилар.

Ўзини миллиардер деб атаган Арманд Хаммер зўр руҳшунос ва ғоят истеъдодли каззоб эди. Унинг ўлимидан кейин у ҳеч қачон миллиардер бўлмаганлиги аниқланган. Бу унинг найранги, навбатдаги каззоблик ўйини бўлган эдики, бунақаси Хаммернинг ҳаётида тўлиб-тошиб ётарди.

Унинг кийимини алмаштириши билан боғлиқ воқеа аёллар қисми бўйича Хаммер саргузаштлари ичида энг мароқлиларидан бири ҳисобланади.

 

КИЙИМ АЛМАШТИРИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ВОҚЕА

Ёши бир жойга етиб қолганда, аниқроғи, етмиш тўрт ёшида у навбатдаги ёш соҳибжамол қиз, Марта Кауфман исмли журналисткага “кўз тикиб” қолди. Қиз унинг суратлар галереяси баҳонасида интервью олгани унинг ҳузурига келди. Ошиқ “йигит” тезда суҳбатни тўшак мавзуига буриб юборди. Аввалига меҳмон қизга бир қанча хушомадлар қилди, хусусан, кийимсиз ҳолатида унинг мозийдаги буюк санъаткорларга рангтасвир дурдоналари яратишда илҳом бахш этган аёлларга ўхшашини айтди. Кейин жувоннинг эри билан муносабатлари қандайлигини узоқ суриштирди. Муносабатлари ёмонлигини аниқлагач, у, мен ўзим ҳам “кекса санъаткорлар ва ёш маъшуқалар”ни тўплаш билан машғулман, деб ҳазиллашди. Хайрлаша туриб жувондан телефонини қолдиришини илтимос қилди.

Бир ҳафтадан сўнг Хаммер телефон қилди ва норасмий тарзда интервьюни давом эттиришни таклиф этиб, Мартани меҳмонхонага олиб келди. У ерда ишбилармонларча қатъият билан қизга иккита таклифни айтди. Биринчидан, унинг суратлари галереясини ташкил этиш бўйича маслаҳатчи ва менежер сифатида унга ишга кирсин. Иккинчидан, эри билан узил-кесил орани очиқ қилиб, унга маъшуқа тутинсин. “Хўп десангиз, — деди каззоб, — сиз ҳеч қачон пулдан ғам емайсиз”.

Жувон бунга кўнди ва ўн йил давомида муттасил Хаммер қошида бўлди, санъат масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида барча сафарларида ҳамроҳлик қилди.

Хотини бундан хабар топганда, унинг ғазабидан, ҳаммадан ҳам унинг пулларидан айрилиб қолишдан ҳар доим қўрқиб келган Хаммер маъшуқасига исмини, сочининг рангини ўзгартиришни, касалхонага ётишини ва у ерда юзи ва овозини ўзгартириш бўйича пластик жарроҳлигидан ўтишини буюрди. Шу тариқа гўё ишдан ҳайдалган малласоч Марта Кауфман ўрнига “Оксидентал петролеум корпорейшн” штатида янги ходима — қорачадан келган Хилари Гиб­сон пайдо бўлди. Хаммер ўз маъшуқаларини ҳар доим компания ҳисобига сақлар эди.

Ишга “янги” маслаҳатчини қабул қилиш ўйини шу қадар муваффақиятли ўтдики, на фақат Хаммернинг рашкчи рафиқаси Ферэнсис, балки компаниянинг ходимлари ҳам аммаларининг бузоғидай қараб қолаверишди.

Бироқ бир йил ўтар-ўтмай маълум бўлдики, қайта тажассум топиш бўйича қилинган барча ишлар бирданига сувга урди-кетди. Саксон олти ёшида Хаммер ўзига янги маъшуқа — мексикалик жононча Розамария Дурацони топиб олди. Жувонни у тағин ўша “Оксидентал петролеум”га ишга олди. Бу гал у ўзининг шахсий шифокори сифатида унга ҳеч қачон пулдан ғам емаслиги ҳақидаги эски ваъдани берди.

Эрининг янги шўхликларидан хабар топиб Фрэнсис, ниҳоят, ундан қўлини ювиб, қўлтиғига суртишга аҳд қилди ва нотариусни чақириб, васиятини ўзгартирди, барча пул ва мулкини, шу жумладан у Хаммер билан яшаган данғиллама уйни жияни Жоан Вайсга хатлаб берди. Кўп ўтмай, яна Жоан ва адвокатни чақириб, Фрэнсис Хаммер билан ажрашиш ҳақида иш бошлашга қарор қилганини айтди. Шу билан баробарига у жиянига барча қимматбаҳо тақинчоқлари ва энг муҳим молиявий ҳужжатлар сақланадиган махфий жойни ҳам кўрсатди. Аммо бу гал ҳам тегирмондан бутун чиқмаса Хаммер нима қилиб Хаммер бўлиб юрибди! Буниси ҳам майли-я, у Фрэнсиснинг ҳаётлигидаёқ пуллари ва мулкининг бир қисмини унга хатлаб беришига эришди. Шундан бир неча кун кейин Фрэнсис йиқилиб тушди, сонини синдириб олди ва касалхонага ётди. Хаммер эса унинг тузалиб чиқишини ҳам кутиб ўтирмай, одатдагидек ёш маъшуқасини олди-да, навбатдаги хорижий саёҳатга жўнаб кетди. Саёҳат Москвада Горбачёв билан учрашувдан бошланиб, Мароккода дам олиш билан тугаганди.

Улар қайтиб келгандан бир неча кун ўтиб Фрэнсис дунёдан кўз юмди ва Дурацио Хаммерга қолган уйга кўчиб ўтди. Ўзининг тўқсон икки ва Дурационинг ўттиз саккиз ёшарлигини дабдабаю асъаса билан нишонлаган Хаммер тўсатдан саратон билан оғриганини билиб қолиб, жувонга унга турмушга чиқишини таклиф этди.

Айни вақтда ўлган холаси васиятини бажара туриб Жоан Вайс унга ишониб топширилган махфий жойдан Фрэнсиснинг барча қоғозларини олди ва унинг адвокатлари Хаммерга қарши суд ишларини бошлаб юбордилар. Улар уни собиқ хотинининг 400 миллион доллар миқдордаги пулини ноқонуний ўзлаштиришда айбладилар.

Молиявий найрангларда устаси фаранг Хаммер кунлари саналиб қолганини билган ҳолда компаниянинг аллақачондан бери унга қарашли бўлмай қолган пуллардан фойдаланиб, махсус жамғарма тузди. Хаммернинг ўлимидан кейин унинг ҳисобидан пуллар “шаҳвоний хизматлари” учун умрларининг охиригача Хаммер пул билан таъминлашга ваъда берган аёлларга ўтиши керак эди. Бу мажбуриятлар ва унинг барча нопок алоқалари сири у билан бирга ўлиши керак эди, зеро жамғарманинг молиявий сирига унинг соҳибидан бошқа ҳеч ким дахл қила олмас эди. Суддан ташқари.

Тўсатдан Фрэнсиснинг қонуний меросхўрига айланган Жоан мана бундай даъво билан чиқиб қолди-ку. На фақат собиқ хотинининг мулкини талон-торож қилгани, балки жамғармадаги барча найрангларию бошқа ифлос ишлари ана-мана элга ошкор бўлишини Хаммер тушуниб турарди. Шунда у жони рамақда бир ҳолда касалхонага “мерседес”ини чақиртиради ва “Оксидентал петролеум” офисига боради. У ерда ҳайдовчи ўз хўжайинига калити фақат унда турадиган махфий сейфдаги барча қоғозларни йиғиб, ўзи яшайдиган Дайтон Драйвга олиб кетишга ёрдамлашиб юборади. Уйда Хаммер ўша заҳоти адвокатни чақиртиради ва унга жамғарма ишларидаги бир вақтлар у билан алоқа қилган аёлларга нисбатан унинг барча мажбуриятларини йўқ қилиб юборишни буюради.

 

ҲАММАНИ ЛАҚИЛЛАТДИ

Сўнг Хаммер “Оксидентал петролеум” ишларини бошқариш бўйича ўзининг эҳтимол тутилган ворисига қўнғироқ қилади ва улар билан сўнгги икки маъшуқаси Марта Кауфман (Хилари Гибсон) ва Розамария Дурацо компаниядан умрбодлик шартнома олиши хусусида келишиб олишга ҳаракат қилади.

Шунда Хаммер ўзининг биринчи ва ягона ўғли Юлианни ҳузурига чорлайди. Ўғли билан муносабатлари азалдан унчалик яхши эмасди. Бунга сабаб, аввало, у туғилган кундан бошлаб ва кейин ҳам қарийб эллик йил давомида Хаммер уни деярли тан олмай келарди, Ольга уни бошқа бировдан туққан деб юрарди. Ҳаттоки энг янги тадқиқот усуллари ёрдамида унинг оталиги сўзсиз исботлангандан кейин ҳам электроника бўйича ажабтовур мутахассис бўлиб етишган ўғлига нисбатан аввалги муносабатини Хаммер барибир ўзгартирмади.

Мана, энди ўлими олдидан Хаммер ўғлига меросдан унга белгиланган улушни отасининг ўлимидан кейин жамғармадан эмас, балки у билан “Оксидентал петролеум” тузган умрбодлик шартнома бўйича олажагини айтиб қўйиш учун Юлианни ҳузурига чорлади. Ўғли унга бундай шартнома тузишга аввал ҳам бир уриниш бўлганини, бироқ компаниянинг ҳуқуқшунослик бўлими бунга қаттиқ қаршилик қилганини эслатди. “Бу галги уринишдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқ, — деди отасига Юлиан, — мен икки қўлимни бурнимга тиқиб қолавераман”. “Унда қорангни кўрмай,” — деди ота. Шу билан, Юлиан қорасини ўчирди ҳам. Юлианнинг болалари, ўзининг набиралари Михаэл ва унинг сингилчаси Кейси билан Хаммер ўлими олдидан қувноқ гаплашди. Уларга бир миллиондан қолдиришга ваъда берди.

Эртасига у ўлди. Унинг васиятини ўқиб эшиттирилганида маълум бўлдики, Хаммер ҳеч кимга ҳеч нарса қолдирмабди. Ҳаётлигида беш қўлини баравар оғзига тиқиб сарфу харажат қилган нарсаларнинг деярли ҳаммаси компания мулки бўлиб чиқди. Гарчи оз бўлмаса-да, унинг ўз пуллари — қирқ миллион доллар қарзларни узиш ҳисоб-китобларига ҳам базўр етар эди. Хаммернинг ўғли Юлиан отасини дафн этишга келмади. Ҳеч ким танимайдиган қора либосдаги ўттиз яшар жувон мотам маросими чоғида ҳаммадан алоҳида бир бурчакда турарди. Бу Хаммер юз ўгирган қизи Виктория эди, қизгина ҳақиқий отасини унинг ўлимидан сал олдин билишга муваффақ бўлганди.

Дафн куни эрталабдан Хаммернинг уйига “Оксидентал петролеум”нинг янги раҳбарияти топшириғи бўйича Хаммер офисдан олиб чиқиб кетган молиявий ҳужжатларни олгани қўриқчилар гуруҳи етиб келганди. Бироқ у ерда уларни Хаммернинг собиқ хотини меросхўри (қиз-жияни) манфаатини ҳимоя қилувчи адвокатлар кутиб олди. Улар, ҳужжатларни бермаймиз, дейишди. Юзага келган можарони етиб келган полициячи ходимлари базўр бир ёқлик қилишди. Ҳужжатларни хоналардан бирига жойлаб қўйишди. Уйни муҳрлашди. Суд қароригача.

Бу орада врачлар Хаммернинг ўлимолди кўрсатмаси бўйича унинг ўлими сабаби ҳақидаги расмий хулосани қайта ёзиш билан овора эдилар. Ундан беморнинг саратон билан оғриганлиги ҳақидаги барча гаплар ўчириб ташланмоқда эди. Саратонга қарши курашувчи махсус президентлик ҳайъати ва қатор бошқа ташкилотлар раиси ўлароқ Хаммер одамларнинг у айнан шу касалликдан ўлганини билишини истамасди.

Қалбакилик ва каззоблик ҳатто унинг ўлимидан кейин ҳам давом этган эди.

 

УЧЧИГА ЧИҚҚАН ИШРАТПАРАСТ

1953 йилда ишлари юришиб кетган бизнесмен сифатида Хаммер дам олгани ўз яхтасида (аллақачон совиб бўлган хотинисиз) Флорида қирғоқларига йўл олди. У ердаги бир қаҳвахонада у қизи тенги келадиган Бэтти Жин Мэрфи деган қизни учратиб қолади. Ўзининг бойлиги ва зарурат туғилганда Хаммер тўкис намойиш этадиган бемисл жозибадорлик ила қизни ўзига маҳлиё қилиб, у билан Кубага тўй саёҳатига ўхшаган бир нима уюштирди. Қонуний хотини Нью-Йоркда зудлик билан касалхонага ётқизилган бир вақтда Анжела билан ўн йил бурун асал ойини ўтказган Гавананинг ўша ҳашамдор хонасида ўзининг янги маъшуқаси билан жойлашиб олди.

Энг йирик “Тропикани” казиносида Хаммер хуштори Бэтти Жинни дунёга донғи кетган мафиоз Меир Ланский билан таништирди. Стадионда улар Куба диктатори Баттиста билан ложада ёнма-ён ўтиришди. Улар кирган ҳар қандай ресторан ва барларда америкалик миллионерни янги ёш ҳамроҳ қизи билан кутиб олгани, албатта, хўжайинларнинг ўзлари пешвоз чиқар эдилар. Юриб кетаётиб дўкон пештахталаридаги бирон-бир нарса Бэтти Жиннинг эътиборини ўзига тортди демагунча Хаммер ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай унга шартта олиб берар эди. Ёш жувон ҳе йўқ-бе йўқ бошидан ёмғирдек ёға бошлаган бойликлару эътиборлардан бутунлай ҳангу манг бўлиб қолди. Бироқ Хаммер уни ўзи билан Нью-Йоркка олиб кетмоқчи эканини айтганда жувон қатъий рад этди. Бунинг учун аввал хотини билан ажрашиши ва унга расмий тарзда уйланиши лозим эди.

Тадбиркор Хаммер деди: “Жоним билан. Ажрашишга келсак, бунга бир оз кутиш керак бўлади, чунки бунинг учун ҳалигача Нью-Йорк касалхонасида тўшакка михланиб ётган Анжеланинг розилигини олмаса бўлмасди. Никоҳ тўйига эса — марҳабо!” У яхтаси капитанини чақирди-да, никоҳ маросимини ўтказишга тайёргарлик кўришини буюрди. (Қонун бўйича кема капитани бортда фуқаролик ҳолатининг барча ҳужжатларини қайд этиш ҳуқуқига эга эди.) Итоаткор денгизчи янги жазман қизни хўжайинига кўз очиб-юмгунча никоҳлаб берди-қўйди. Нью-Йоркда бир қатор расмиятчиликлар туфайли Анжела билан қўйди-чиқди жараёни чўзилиб кетганини баҳона қилиб, Хаммер Бэттига квартира олиб берди, мусиқа, стенография ва машинка ўқитувчилари ёллади. Кўп ўтмай у қизни ўзига расман котиба қилиб расмийлаштирди-да, ўзининг барча тадбиркорлик сафарларида ёнида олиб юрадиган бўлди.

“Яхши жамият”даги учрашувлардан бирида кўзбўямачилик қилиш лозим бўлиб қолди-ю, Хаммер Бэтти Жинни таниқли сенаторнинг қизи деб таништириб юборди. Шу ерда у “қовун тушириб” қўйди, чунки эртасига барча газеталар ўша сенаторнинг ҳақиқий қизи ўзини ўлдириб қўйгани ҳақидаги хабарни эълон қилди.

Бу орада Анжела билан қўйди-чиқди ишлари давом этарди. Ишлар Хаммер учун, дарҳақиқат, осон кечмаётганди. У таҳқир ва хонавайрон қилган аёл Хаммердан у совурган миллионларни қайтаришини талаб қилмоқда эди. Ўзига маълум бўлган қора ишларингни фош қиламан — чиндан-да фош қилди ҳам — деб дўқ урмоқда эди. Аёл уни очиқдан-очиқ виждонсиз, аблаҳ, кўзбўямачи, каззоб ва ўғри деб ҳақорат қилмоқда эди. Хаммер ҳам ади деса бади деб тураверди. Қўриқчиларига аёлни офисга қўйманглар деб амр этди, аёлнинг пул ҳисобларини тўхтатиб қўйди, ҳайдовчиси ва хизматкорларини маошсиз қолдирди. Собиқ эрининг қобилиятига қойил қолган Анжела уни “руҳий уруш олиб бориш устаси” деб атади. Аёлга қарши қаратилган, уни катта бизнесга олиб чиққан бу урушга Хаммер янги маъшуқасини ҳам олиб кирди. Бэтти Жин билан биргаликда улар Анжеланинг Нью-Жерсидаги фермасига тунги ҳужум уюштирдилар, у ердан суратлар ва қимматбаҳо жавоҳирларни олиб чиқиб кетдилар. Бэтти Жиннинг эндигина ортдирган стенографчилик малакасидан Хаммер собиқ хотинининг уйига ўрнатишга ўзи буйруқ берган зимдан тингловчи ускуна тасмасидаги гапларнинг маъносини чақишда фойдаланди. Хаммер собиқ хотинининг иш юритиш услуби ва солиқ идорасини алдашдаги найрангларини фош қилишидан ўлгудай қўрқар эди.

Қўйди-чиқди уруши уч йил давом этди. Унинг тугашини кутавериб чарчаган Бэтти Жин Хаммерни тарк этди. Бироқ у жувонни топиб олди, уни севаман деб ишонтирди, сендан бола кўрмоқчиман, хотиним билан ажрашишим ҳамон албатта сенга уйланиб оламан, деди. Охири жувон қайтди, аммо айни вақтда худди шундай ваъдали сўзларни Хаммер бошқа бир аёлга айтиб турганидан тамом бехабар эди. Битта фарқи шунда эдики, уни туғишга ундамаётганди, чунки ҳалиги янги хонимнинг ёши элликдан ўтиб қолганди. Бунинг устига хушрўй ҳам эмасди, бироқ Бэтти Жиндан фарқли ўлароқ, Фрэнсис Баргетт Толманнинг миллионлари ва Лос-Анжелес киноюлдузлари маҳалласида данғиллама ҳовлиси бор эди.

Бэтти Жиннинг қорнида тўрт ойлик ҳомиласи бор эди, ҳолбуки у Хаммернинг ягона ва абадий муҳаббати бўлса-да, унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар тақозоси билан, афсуски, бошқа аёлга уйланишга мажбур бўлиб турганини жувонга билдириб қўйди. Шу боис унинг ундови билан Бэтти Жин тез орада туғиши керак бўлган бола Хаммер исми шарифини ололмайди.

Ҳанг-манг бўлиб қолган аёл гапиришга оғиз очиб улгурмаёқ Хаммер унинг нималарни ҳис қилаётганини жуда яхши тушуниб тургани ва шу боис бу ҳақда олдиндан ҳаммасини ўйлаб ва ташкил этиб қўйганини айтди. У аёлни унга деб сотиб олиб қўйган уйга — Мехикога олиб кетади. У ерда фарзанд кўради, исмини ўзгартириб, у унга бир умр тўлаб турадиган пулларга егани олдида, емагани орқасида дориломон умргузаронлик қилади. Битта шарт билан — боланинг отаси ким экани ҳақида ва уларнинг алоқалари ҳақида ҳеч қачон ва ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмайди. Акс ҳолда пул маблағи ўша заҳоти бекор қилинади. Боланинг расмий отаси бўлиши кераклигига келганда буни ҳам Хаммер олдиндан ўйлаб-жўйлаб қўйган — Бэтти Жин сохта никоҳдан ўтиб олади.

Ўша куниёқ Бэтти Жиннинг барча юклари машинага ортилиб, Мехикодаги янги уйга жўнатиб юборилди. Ёш жувоннинг ўзи эса Хаммернинг адвокати билан бирга миллионернинг шахсий самолётида Эл Пасога учиб кетди. У ерда уни пулга ёлланган сохта эр ва бўлажак фарзанднинг “отаси” аллақачон кутиб турарди. Бу одам қандайдир аҳмоқликка йўл қўйиб қўймаслиги учун у билан аввал Бэтти Жин иккаласининг ажрашиши ҳақидаги шартнома имзоланиб олди ва шундан кейингина никоҳдан ўтилди. Эртасига Хаммерникида тўй бўлиб ўтди, шундан сўнг у парти кетиб, шарти қолган келинпошша билан Венеция-Париж-Лондон чизиғи бўйлаб никоҳ саёҳатига йўл олди. 1956 йил 15 майда Бэтти Жин дўмбоққина қизалоқ туғиб берди, унга Хаммернинг пул қистови остида бувисининг шарафига Виктория деб исм қўйишди.

Никоҳ саёҳатидан қайтгач, эллик саккиз яшар Хаммер янги хотинининг пулига ўзининг молиявий ишларини ўнглаб олди, чунки Анжела билан жанжалли қўйди-чиқдидан кейин бу ишлари мутлақо боши берк кўчага кириб қолганди. Боз устига, у яна инқироз ёқасида турган ихчамгина “Оксидентал петролеум корпорейшн” нефт компаниясини сотиб олишга муваффақ бўлганди. Орадан беш йил ҳам ўтмай Хаммернинг саъй-ҳаракатлари билан шу компания акциялари кескин кўтарилиб кетди. Охири у “ОКСИ”ни АҚШнинг энг йирик монопо­лиялари силсиласида нақ ўн тўртинчи ўринга олиб чиқиб қўйди.

Долларга лиммо-лим чемоданини кўтариб жаҳонгашталик қилиб юрар экан, Хаммер керакли одамларга поралар берар эди, у билан бўлган ва унга ишлаган одамларга ҳам ҳақни яхшигина тўлар эди. Аммо асосийси, у шундай ҳақ тўлашга арзийдиган ақлли, истеъдодли ва ғайратчан одамларни топа олар эди. Натижада ундан ҳатто АҚШнинг собиқ вице-президентининг отаси сенатор Альберт Гор ҳам пул олган. Ливияда катта нефть конлари очилгани ҳақида хабар топиб, Хаммернинг машҳур “Етти опа-сингил” консорциумидек қудратли рақиб билан рақобатли курашга бел боғлайди. Рақобатда у ютиб ҳам чиқади. Бунга ҳам яхшигина ҳақ эвазига керакли одамни топгани учун эришади. Бу ўша вақтда Ливиядаги энг бообрў одам, қиролнинг яқин дўсти Омар Шелхий эди.

Унга яқинлашув учун Хаммер тўрт йил сарфлади. Бунинг учун аввал Дюсселдорфдаги рус ресторани хўжайини озарбайжонлик Кемал Зайналзодани сотиб олди. У ўз вақтида Лондон иқтисодиёт мактабида ўқиган, кейин эса Би-би-сида таржимон бўлиб ишлаган, бу ерда Шелхийнинг акаси билан танишиб қолган эди. Икра ва шампанли кечки овқатлар вақтидаги бир йилдан кўпроқ давом этган музокаралардан сўнг ука аста-секин америкаликни акасига олиб чиқди. Унга Хаммер шу заҳоти бирваракайига нақд пул билан саккиз миллион долларни тутқазди. Устига-устак, Ливия нефтини қайта ишлашга концессия олган тақдирда қиролнинг эркатойига бундан олинадиган фойдадан уч фоизни мунтазам “ҳайдаб туриш”га қаттиқ ваъда берди. Шундан кейин нефтнинг ноёб конига эга бўлиш учун курашган ўн тўрт энг йирик компаниялардан Ливия ҳукумати “Оксидентал петролеум”ни танлади.

 

ОЛТИН ҚОИДА

Барчаси Арнольд Хаммер ҳаёти бош тамойилига мувофиқ содир бўлди. Бу ҳақда у ҳар куни ўзига эслатиб турар эди. Лос-Анжелесдаги уйида ҳар куни тонгда уйқудан кўз очар экан, энг аввало нигоҳи девордаги “Олтин қоида: тилласи бор одам қоида жорий этади” деган ёзуви бўлган лавҳачага тушар эди. АҚШ Федерал қидирувлар бюроси унинг Россияга қилган дастлабки саёҳати вақтидан буён бошланган таъқиби қоғозларида Марказий Қидирув Бошқармаси директор ўринбосари Уильям Салливэннинг: “Агар бу унга фойда келтирадиган бўлса, у ҳатто иблис билан ҳам битим тузишга тайёр,” — деган сўзлари пайдо бўлди. Ливия нефти учун курашда “Етти опа-сингил” ва барча бошқа рақобатчилар устидан қозонган ғалаба нашъаси бир пўписачининг Хаммерга ёзган хати туфайли татимай ҳам кетди. Конверт ичида унинг Бэтти Жин ва қизлари билан тушган фотосурат бўлиб, улар муносабатларининг шак-шубҳасизлигини юз фоиз тасдиқлаб турарди. Эртасига хат юборувчи Хаммерга телефон қилди. У йигирма беш минг доллар беришни талаб қиларди. Акс ҳолда суратларни унинг хотини Фрэнсисга ҳавола этишини ва унга Хаммер ҳақида хотинининг муҳаббатию пулларидан муқаррар маҳрум этишга сабаб бўлувчи бор сирни фош қилишини айтиб, дўқ қилди.

Обрўсини бир пул қилувчи фотосуратни пўписачи фақат Бэтти Жиндан олиши мумкинлигини дарҳол фаҳмлаган Хаммер ўша заҳоти хотини ҳузурига учди. Жувон кўз ёши қилди ва бу дўқ-пўписа, шубҳасиз, Реймонд Хауэртон иши бўлиши кераклигини айтди. У бир мунча муддат Хаммер ташлаб кетган дилгир хотиннинг кўнглини кўтариб юрди, кейин эса қимматбаҳо тақинчоқларию фотосуратини олиб, кўздан ғойиб бўлди. “Йиғлама, қароғим, — хотинини тинчлантирди Хаммер, — бу ишни бирёқлик қилишга Дадавойнинг бемалол дасти етади…” У пўписачининг исмини қўриқчиларига айтиб қўйди ва бир неча кундан кейин Бэтти Жинга самолёт юборди ва уни Хьюстонга олиб бориб қўйди. У ерда Бэтти Хауэртонни таниб олиши ва уни қора кўзойнак таққан икки барзанги йигитга кўрсатиб қўйиши керак эди.

Шундан бир неча кун ўтгач, Бэтти Жин кутилмаганда Хаммернинг элчисидан собиқ хуштори ўғирлаб кетган қимматбаҳо тақинчоқларини олди. Ҳалиги қора кўзойнакли одамлар Раймондни нима қилишди, деган саволга Хаммер мафиачилар ичида юрадиган латифаларга хос тарзда жавоб берди: “Уч ошна балиқ овига жўнабди. У ёқдан эса иккитаси қайтиб келибди…” Бэтти Жиннинг жон-пони чиқиб кетди. Бироқ кейин билсаки, омадсиз пўписачининг жони омон қолибди. Бироқ Хаммернинг ҳалиги қора кўзойнакли одамлари пўписачи билан шунақанги жиддий муомала қилишибдики, шўрлик аллақандай борса-келмас ёқларга гумдон бўлибди ва умрининг охиригача бу ёқларда қорасини кўрсатмабди. Шундай бўлиши ҳам керак эди, деб таъкидлаб қўйди Хаммер.

Бисотида “Оксидентал петролеум”нинг арзимаган қисми бўлгани ҳолда Хаммер ишни шундай ўринлатиб қўйган эдики, гўё у компаниянинг барча маблағларини ўз ихтиёрича тасарруф этаётгандай. Халқаро бизнес ахлоқлари билимдонларининг бир овоздан айтишларига қараганда, ўзининг “кўк”ларга тўла машҳур қора дипломатини кўтариб, дунё бўйлаб кезар экан, жаҳонда ҳеч бир киши Хаммерчалик керакли одамларга нақд пул билан кўп пора бермаган экан.

Етмишинчи-саксонинчи йилларда у Совет Иттифоқига ҳам тез-тез келиб турган. У ерда уни ҳар доим совет халқининг “катта” дўсти ва тинчлик учун толмас курашчи сифатида кутиб олар эдилар. Газеталар муттасил унинг самимийлиги ва беғаразлиги ҳақида ёзар эдилар. Арманистондаги зилзиладан ва Чернобилдаги фалокатдан зарар кўрган одамларга ҳадя этилган медикаментлар бўлсин ёки қишлоқ хўжалиги учун аммиак ва ўғит ишлаб чиқарувчи завод қурилишлари бўлсин — булар барчаси аҳли оламга аён гаплар эди. АҚШга олиб кетиладиган аммиакни ишлаб чиқарувчи заводларнинг СССРда қурилишига сабаб — зарарлиги туфайли уларни Америкада қуриш тақиқланган эканини жуда кам одам билар эди. СССРда америкаликлар билан биргаликда сунъий ўғитлар заводлари қуриш Америка томонга кўпроқ фойдали эканини ҳам барча билавермас эди.

Кремль саройи бўсағасида Арманд Хаммернинг хотини Фрэнсис қоқилиб тушди ва оёғи чиқиб, оғриқдан вой-войлаганча ерга йиқилди. Эри ҳатто тўхтамади ҳам. У хотинини ерда ётган ҳолича ташлаб, зинадан юқорига кўтарилиб кетаверди. У ерда таклиф этилганларни КПСС МҚ нинг Бош котиби Михаил Сергеевич Горбачев қарши олмоқда эди. Буни кўрганларнинг барчаси донг қотиб қолди. Меҳрибонлар меҳрибони мистер Хаммер — уни расмий совет матбуотида айнан шундай таъриф этар эдилар — “тинчлик учун толмас курашчи” наҳотки шундай шафқатсизларча муносабатда бўлса? Ҳаётлиги чоғида Хаммерни бутун умри давомида атрофдагилар билан шундай ёки бундан ҳам бадтарроқ муносабатда бўлиб келганини жуда кам одам билар эди. Шундай бўлса-да, очиғини айтиш керак, шу қадар ақлли, ғайратли ва устомон-тадбиркор эдики, уни Кўҳна ва Янги Дунёнинг энг аъло кошоналарида қабул қилар, кутиб олар эдилар.

Хаммер эрталабки, тушки ва кечки овқатларини қироллар ва президент­лар, БМТ ва КПСС МҚ нинг Бош котиблари, араб шайхлари, банкирлар ва Голливуд юлдузлари билан бирга ўтириб баҳам кўрар эди. У бошчилик қилган “Оксидентал петролеум” нефть компанияси АҚШнинг энг йирик йигирма фирмаси сирасидан ўрин олганди. Хаммернинг ўзи гуллаб-яшнаётган миллиардер ва бемисл валинеъмат ҳисобланарди. У ҳар доим сиёсий зиддият­ларнинг “қайноқ қозонлари”да, мусибатда қолган ва табиий офат рўй берган жойларда пайдо бўларди. Тинчликни барқарорлаштириш учун сиёсатчилар орасида воситачилик қилиш ва мусибатзада оддий одамларга ёрдам кўрсатиш ишларини таклиф этар эди. Хаммер совет кишиларининг катта дўсти саналарди. Ҳали-замон унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонию тинчлик учун Нобель мукофоти топширилади деган сўзлар одамлар оғзидан деярли тушмай қолганди.

Қаҳрамоннинг Олтин Юлдузига келганда, бу ҳақдаги гаплар, нафсиламрини айтганда, ҳазилдан бошқа нарса эмасди. Бироқ Нобель мукофоти совриндорлиги тожи кетидан қувишни ёши бир жойга етиб қолганида Хаммер росманасига уюштирганди. Бу совриндорликка унинг номзодини қўйиш учун у бир неча йил АҚШ президенти Картер ва Британия тахтининг меросхўри Чарльз ва хотини Диана атрофида озмунча гирдикапалак бўлмади. Улар раҳбарлик қилаётган меҳр-мурувват жамғармаларига пулларни аямай совурар эди ва бу жонкуярликлари билан уларга шу қадар ёқиб қолган эдики, шаҳзода Уэльский ўғил кўрганда Хаммер сал бўлмаса чақалоқнинг чўқинган отаси бўлаёзди. Бироқ Нобель мукофоти билан боғлиқ иш ярмида қолиб кетди. Картер ҳам, шаҳзода Чарльз ҳам Хаммернинг номзодини илгари суришдан бош тортди. Журъат қилишолмади. Ўз обрўларига путур етказишдан хавотирланишди. Чунки Хаммер ўлиб-тирилиб ўзининг фавқулодда истеъдодли бизнесмен ва беғараз валинеъмат эканлигини амалда исботлагандек қилиб кўрсатганига қарамай, орқаворотдан ҳар доим унинг аслида бутунлай бошқача одам эканлиги ҳақида миш-мишлар юрар эди.

Ўлганлар ҳақида фақат яхши нарсаларни гапириш ёки ҳеч нарса демаслик керак деган гап бор. Хаммер ҳақида сўзламаса бўлмайди — у ҳаддан ташқари таниқли шахс эди. У ҳақда фақат яхши гапириш ноинсофлик бўлар эди. Хаммернинг ўлимидан кейин, унинг ўз шахсиятини яратиш ва сақлаб туриш бўйича қилган улкан саъй-ҳаракатлари тўхташи ҳамон шахсияти нураб тушди ва барча тирқишлардан ёмон хулқ-атворлари сизиб чиқа бошлади. Айниқса Америкада яқинда “Досье. Арманд Хаммернинг сирли тарихи” китоби чоп этилгандан кейин. Унинг муаллифи Эдвард Эпстайн Хаммернинг “Менинг ХХ асрим” китобида ўзи ҳикоя қилган ҳузурбахш саргузаштни қаттиқ танқид остига олган.

Хаммер билан бирга ишлаган, Хаммер унга ўз китобини ёзишда ёрдам беришини сўраган инглиз Нейл Линдон “ Санди Таймс” газетасида бундай деб ҳикоя қилган: “Хаммерни яқиндан билган бизлар ҳаммамиз ўзининг шаҳвоний шилқимликлари билан ёш жувонларни нечоғли жонларидан тўйдириб юборганини кўрганмиз, бундай хушомадгўйликлар муваффақиятли якунланган ҳолларда уларнинг хизматлари унга тегишли бўлмаган фирма пуллари билан тақдирланарди. Биз унинг никоҳсиз туғилган болаларини, кўплаб миллион пулларини қоқиштириб олган хотинини қандай алдаганларини билар эдик. Энг асосийси, биз унинг у хаёлига келган ҳар қандай нарсани қила олишига қаттиқ ишонишини ва ҳар доим сувдан қуруқ чиқишини кўрганмиз… Ҳаёт унинг бу ишончини оқлаганини кўрганмиз. Биз унинг қўлидан ҳар қандай ёмонлик, ҳатто қотиллик қилиш келишини билардик… Унинг одам ўлдиришига кўпда шубҳа қилмасдик…”

Хаммернинг билиб туриб қотиллик содир этганини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Эдвард Эпстайннинг одессалик яҳудий муҳожири Юлиус Хаммер ва ўғли Арманднинг дориламон яшаши Америка ва Ғарбий Европадаги совет жосуслари тармоғини боқиш учун ажратилган большевиклар пулини ўмариш ҳисобига эканлигини исботлайдиган жўяли исбот ҳам йўқ.

Бўлажак миллионер ўз хизмат поғоналарининг энг бошида билмай туриб қотиллик қилган эди. Касби корлари медик ва фармацевт бўлган ота-бола Хаммер йигирманчи йиллар бошида хуфия бола олдириш иши билан шуғулланган. Уларга қарашли бир хотин ўлиб қолган эди. Шунда ўғлининг эндигина бошланган ҳаётини синдирмаслик учун ота айбни ўз бўйнига олиб, ўтириб чиққанди. Армандга эса Ленин ва Троцкийни билган ва бутун дунёда коммунизм ғалабасига ишонган Юлиус Хаммер пул ишлагани Совет Россиясига боришни маслаҳат берди. У ерда ўзининг Одессада кечган болалиги вақтидан буён ажабтовур рус тилида гапиришни сақлаб қолган ёш Арманд фойдали таниш-билиш ортдириш борасида ажойиб уқувга эга бўлди, кейинчалик бирга ўн қилиб олиш учун керак одамга дурустгина қарз-қаволалар беришда ҳотамтойликни дўндира бошлади.

 

ЛЕНИНДАН ЎРТОҚ ХАММЕРГА

Хаммер революциядан кейин Россияга дори-дармонлар олиб келди ва Уралдаги оч қолган одамларга америка озиқ-овқатлари етказиб беришни ташкил этди. Сўнг большевикларга Ғарбнинг иқтисодий қамалини ёриб чиқишда кўмаклашди. У америка маблағининг большевиклар Россиясига келиши учун ҳамкорлик кўрсатди. Энг аввало Москвада Форд автомобиль заводи барпо этди. Немислар энг йирик металлургия корхоналарини қуришни бошлаб юбордилар. Булар барчаси кенг жамоатчиликка маълум эди. Энг аввало Хаммернинг ўз ҳикояларидан маълум эди. Унинг Ленин билан учрашуви тарихи ҳам маълум бўлгани каби — Ленин америкаликка ўзининг дўстона ёзуви бўлган фотосуратини тақдим этган эди. Бу ҳам майли-я, Совет Россиясининг барча мансабдор шахсларига “Хаммерга ҳар қандай ёрдам ва ҳамкорлик кўрсатиш” буюрилган расмий қоғоз ҳам берганди. Аммо бунинг учун Хаммер қанчалик кўп нарса олганини жуда кам одам билади.

Россиянинг янги хўжайинларида ўша вақтларда пул йўқ эди. Шу боис Хаммер нарса билан — мўйна, икра, қимматбаҳо жавоҳирот билан олар эди. Энг асосийси, большевиклар “буржуйлар ашқол-дашқоли” деб ҳисоблаган антиквариат ва санъат асарлари бўлар эди улар.

Йигирманчи йиллардаги қашшоқ, оч, яланғоч Москвада Хаммер ўзи хон, кўланкаси майдон қабилида яшарди. Лениннинг кўрсатмаси билан унга Садово-Самотечная кўчасида ўттиз хонали турар-жой биноси ажратиб берилди. Арманд укаси Виктор билан уни ўзига хос америка савдоси ва санъати уйига айлантириб олганди. У пайтда Москвада АҚШнинг расмий элчихонаси йўқ эди ва айтувли меҳмонлар чақирилган зиёфатларда Хаммерникида Москванинг бообрў одамлари ва таниқли чет эллик меҳмонлар бўлар эдилар. Қочиб кетган зодагонларнинг қазноқларидан келтирилган пиволарни ичиб, увулдириқларни қошиқлаб ер эдилар. Ялтадан Арман ўзига соҳибжамол хотинни, ўзини оқ генерал фон Рутнинг қизи деб атаган қўшиқчи Ольга Вадинани олиб келиб олганди. Жувон лўлилар қўшиқлари билан меҳмонларнинг дилини хушлар эди.

Вақти билан Хаммер ўттиз саккиз америка фирмасининг Москвадаги вакили бўлиб қолди. Унинг Садово-Самотечная кўчасидаги уйи росманасига санъат музейига айланди, унда Россия, Франция, Италия, Германиянинг етук мусаввирлари асарлари, ҳашамдор кузнецов чинниси, шоҳ мебели ва идиш-товоқлар, Фаберже ишлаган ноёб пасха тухумлари бор эди.

Петрограддаги Қишки саройдан “эскирган” буюмларни юк машинасида олиб чиқиб кетар экан, Хаммер гилам пояндозларни ҳам олиб олганди. Улардан у кейин кафшчалар тикиб, ажабтовургина пул ишлаганди. Ғарбда, айниқса, АҚШда рус шоҳлари саройидан юмшоқ пойафзал олишни хоҳловчилар кўплаб топила қолганди.

Ленин ўлимидан кейин Арманд Хаммер аста-секин Совет Россиясининг асосий ташқи савдочисига айланган Анастас Микоян билан доимий муносабатда бўлди. Большевиклар раҳбариятининг бошқа олий амалдорлари билан бирга у (Анастас Микоян) Садовое ҳалқа йўлидаги туз-намак уйга жон-жон деб борар ва янги Россиянинг Ғарб билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришда Хаммернинг ғараздан холи бўлмаган ҳамкорлигидан фойдаланар эди.

Москвада пул ишлашда ёш Хаммерга қамоқ муддатини ўтаб чиққан ота Юлиус ҳам келиб қўшилди, бу ҳамкорлик 1930 йилгача давом этди. Ўшанда Хаммер у ерда фақат воситачилик билан шуғулланмас эди, балки асбест ишлаб чиқариш ва улкан қалам фабрикаси барпо этишни ташкиллаштирди, фабрика моли бутун дунё бўйлаб сотиларди. Бироқ бу орада Россияда ЯИС (Янги Иқтисодий Сиёсат — НЭП) ниҳоясига етди, бутунлай бошқача сиёсат юргизадиган янги раҳбарият ҳукмронлик қила бошлади. Энди Кремлга таклиф қилишлар қолиб кетди. Микоян меҳмондорчиликка келмай қўйди. Хаммер ҳам иссиғида аста Москвадан жуфтакни ростлаб қолгани маъқуллигини ҳис этди. Ҳозир айни вақти. Ҳозирча унга ҳеч ким тикилганича йўқ. Ҳар бир лаҳзада халқ душмани, зараркунанда ва америка жосуси деб эълон қилиб қолишлари мумкин.

 

КНЯЗ ҚАТНАШГАН ЦИРК

Шундай қилиб, Хаммер кетди. Вақтида кетди. Унга Москвада топган-тутганларини бемалол олиб чиқиб кетишларига рухсат беришди. Ҳаммаси бир нечта вагон бўлди. Буюмлар у Нью-Йоркда очган бадиий галереяси токчаларидан ва деворларидан ўрин олди. У бу галереясини жўнгина “Эрмитаж” деб атаб қўя қолди.

Нью-Йорк “Эрмитаж”и расман очилган эди. Хаммер энди муқим Америкада истиқомат қиларди. Эндиликда Совет Иттифоқига айланган Россиядан келтирилган антиквариат ва санъат асарлари бўлган контейнерлар эса Хаммер номига ҳамон келиб турарди. Ҳужжатлар бўйича булар барчаси унинг шахсий тўпламасидан Россияда қолган қисми сифатида ўтар эди. Аслида эса китоб муаллифи Эпстайн эндиликда аниқланганидек, Хаммер орқали АҚШга совет ҳукумати норасмий тарзда сотган ўша “буржуйлар ашқол-дашқоли” эди. Большевикларга валюта сув билан ҳаводек зарур эди. Бу валютани Хаммер жон-жон деб “ишлаб бераётганди”. Нью-Йорк тўпламачиларининг “қорни тўйгач”, Хаммер ўз “цирк”ини — газеталарда унинг карвонини шундай атар эдилар — АҚШнинг ўттиз олти шаҳри бўйлаб кўчириб олиб юрди. Сотиладиган бадиий асарлар, антиквариат ва “сарой” мебелларини тарғиб қилиш ва нархини ошириш учун у ўз “цирк”ига ҳақиқий рус князи — муҳожирни ёллаб олганди.

Америка вилоятларида асл нусхадаги асарлар билан бир қаторда қалбаки асарлар ҳам жадал сотилмоқда эди. Уларни вақти билан энди Американинг ўзида тайёрлай бошлаган эдилар. Уларнинг сертификацияси учун Хаммер Москвадан махсус муҳрларни олган эди. Жумладан, ўзининг ноёб буюмларини русумлаштириш учун машҳур Фаберже фойдаланган муҳрга ўхшаб.

Савдо авжида эди, аммо ишлов берилмаган рус олмосларини ҳам ўз ичига олган пулларни Хаммер совет ҳукуматига беришга мажбур эди. Америкада жиддий бир ишни бошлаш учун унинг ўз “жонли” пуллари йўқ эди. У жонини жабборга бериб шундай пулларни қидирарди. Топди ҳам — навбатдаги уйланиш йўли билан топди. Унга ўғил туғиб берган ва ҳаётининг Москвадаги босқичида ғоят муҳим рол ўйнаган рус қизи Ольга Америкага қайтгандан кейин унга керак бўлмай қолганди. Жувоннинг қўшиқчиликдаги маҳорати, лўли қўшиқларини куйлаш ва рақс тушишдаги уқувлари, меҳмонлар билан арақ ичишдаги одоб-ахлоқи Москвадаги Хаммер уйида керакли одамларни ўзига тортишга хизмат қилган бўлса, Нью-Йоркда миллионернинг ғашига тегар эди. У интилган катта бизнесдаги одамлар жамиятида унга энди бошқа ҳамроҳ аёл керак эди. 1943 йилда шундай аёлни топди ҳам. Алоқалари, энг асосийси, пуллари кўп аёл Анжела Зевели АҚШ президенти Рузвельтга яқин таниқли оиладан эди. Аёлнинг алоқалари ва пуллари ёрдамида унинг учун эзгу ҳисобланган катта бизнес доирасига кириб олиб, Хаммер ўзининг Москвада орттирган тажрибасидан муваффақияли равишда истифода эта бошлади. У мулк ва ҳокимият эгалари билан алоқалар ўрнатиш, танишиш ва уларни сотиб олиш йўли билан ўз рақобатчиларидан илгарилаб кетар эди. Улар миллионер учун бозорда бошқа ишбилармонлар етишмоғи учун ҳаддан ташқари қулай шароитлар туғдириб берар эдилар.

Янги танишлар, жумладан, Рузвельтнинг ўзи билан танишиш, хотинининг пулларидан ҳукмрон партия сайлов жамғармасига киритган бўнаклар Хаммерга чиндан ҳам сулаймон хазинаси эшигини очиб берди. Қарийб барча америка алкоголь ишлаб чиқарувчилар армия ва ҳарбий саноат эҳтиёжи учун техник спирт ишлаб чиқариши шарт бўлган бир вақтда Хаммерга қайнатма ичимликлар, даставвал виски ишлаб чиқариш ва сотишга лицензия берилди.

Фойда — 500 фоиз.

Уруш охирига келиб Хаммернинг йиллик даромади энди ўн етти миллион долларни ташкил этди. Унинг ўшанда мамлакатдаги энг йирик собиқ хусусий виночилик компаниясининг айланмаси қирқ миллионга етди. Рақобатчилар сочини юлар, норозилик билдирар, шикоят қилар, судга берар эдилар. Хаммер мутлақо фавқулодда шароитларга ноҳақ тарзда — саноат бўйича махсус ҳукумат ҳайъатининг собиқ аъзоси, президентнинг амакиси Фредерико Делано ва унинг савдо ва имтиёзлар бериш масалаларини бошқарувчи котиби Гарри Гопкинс орқали пора берганликда айблаб, исботлашга уринар эдилар.

Пора бериш далили топилмаган суд бўлди (ўшандан буён Хаммернинг суддан боши чиқмай қолганди). Хаммер ютиб чиқди, бундан кейинги қарийб барча суд жараёнларида ҳам ютиб чиқаверди. Бунга шунинг учун муваффақ бўлар эдики, у энг яхши адвокатларни ёллар ва яхши ҳақ тўлар эди. Анжелага уйланишигача ва давлат лицензияси бўйича вискини муваффақиятли ишлаб чиқаргунигача у аллақачон ўшанда мафия билан боғланиб, алкоголь бизнесига ноқонуний тарзда суқилиб киришга уриниб кўрганди. Ўшанда қонун унга яхшигина панд берган эди, аммо судда чап бериб, яна сувдан қуруқ чиқишга муваффақ бўлганди.

Русчадан Амир Файзулла ва Ғолиб Файзулла таржимаси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!