Бойбўта Дўстқораев. Ҳурликка интилган «Ҳуррият»

http://n.ziyouz.com/images/hurriyat.jpg

«Ҳуррият» газетаси юртимизда 1335 ҳижрий йилнинг 7 ражабидан, милодий 1917 йилнинг 16 апрелидан сиёсий, адабий, иқтисодий, илмий газета сифати билан Самарқандда ҳафтасига икки мартадан чиқа бошлади. Унинг 1-сонида шундай қайд мавжуд: «Ҳуррият» ғазетасига ушбу муҳаррирлар муованат (ёрдам.- Б.Д.) қилурлар: 1) мударрис Саид Аҳмад Васлий, 2) Маҳмудхўжа Беҳбудий, 3) бухоролик мулла Абдурауф Фитрат, 4) Саид Аҳмадхўжа Сиддиқий».

Муаллифдан:

Ўзбек тилида илк газета чиққанидан буён, мана, бир асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шу давр мобайнида Ўзбекистон журналистикаси тарихидан мукаммал дарслик яратилмади. Тўғри, 1927 йили Зиё Саид “Ўзбек матбуоти тарихига материаллар” китобини нашр эттирди. 1976-1978 йиллари профессор Т. Эрназаров ва дотсент А. Акбаровлар рус тилида уч китобдан иборат журналистикамиз тарихига оид ўқув қўлланмаси яратишганди. Ҳаммага тушунарли сабабларга кўра бу китоб ва қўлланма коммунистик мафкура тазйиқи остида юзага келгани учун, уларда ХХ аср бошларида барпо этилган миллий матбуотимизга паст баҳо берилган, болшевиклар матбуоти юксакларга кўтарилганди. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан кейин профессорлар Б. Қосимов, Н. Абдуазизова, дотсентлар Т. Пидаев, С. Аҳмедов, Ҳ. Саидов ва бош­қа олимлар ўзбек журналистикаси тарихи бўйича қимматли ишларни амалга оширишди. Шундай бўлса-да, соҳа ходимлари, талабалар тўлақонли “Ўзбекистон журналистикаси тарихи”га кучли эҳтиёж сезиб келмоқдалар. Мана шу эҳтиёжни ҳисобга олиб, мазкур сатрлар муаллифи бу вазифани бажаришдек масъулиятли юмушни ўз зиммасига олишга жазм этди. Пировардида уч қисмдан иборат журналистикамиз тарихи ёзилиши мўлжалланмоқда. Биринчи қисм 1870 йил – ўзбек тилида илк газета пайдо бўлгандан болшевиклар ҳокимият тепасига келган пайт – 1917 йил ноябригача бўлган даврни, иккинчи қисми эса 1917 йил ноябридан то Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгунга қадар бўлган йилларни, учинчи қисм эса мустақиллик даврини ўз ичига олиши режалаштирилмоқда. Шукрки, биринчи қисм ниҳоясига етиб қолди. Шу боис мазкур дарсликнинг бир қисмини, яъни 1917-1918 йиллари Самар­қандда нашр этилган “Ҳуррият” газетасига бағишланган қисмини Мустақиллик шарофати билан дунё юзини кўрган бугунги “Ҳуррият”­хонлар эътиборига ҳавола этишдан бахтиёрман.

Бундан кўзланган биринчи мақсад – амалга оширилаётган ишни мутахассислар, газетхонлар назаридан ўтказиш. Иккинчи ният — мазкур дарслик янги, илмий доираларда жаҳон талаблари асосида деб аташ қабул қилинган усулда яратилаётганини билдиришдир. Илгари шундай илмий ишларда одатда маълумотнома хусусияти устуворлик қиларди. Янги усул эса, асосий эътибор матнларга қаратилишини тақозо этади. Бу хусусият дарс­ликнинг биринчи қисмида кўпроқ намоён бўлган. Сабаби, аввало, мазкур матн­ларни талабаларнинг кутубхоналаримиздан топишлари мушкул, иккинчидан, топганлари билан, ҳаммалари ҳам ўқий олиш имкониятига эга эмас. Чунки улар араб Ёзувидадир. Бунинг устига, махсус малакаси бўлмаган киши бу матнларни ўқишда қийналади. Шароит тақозосига кўра ўша йиллар матбуоти тилида форс-араб истилоҳ ва сўзлари кўп ишлатилганидан ташқари, татарча, усмонли турк­ча, озарбайжонча сўзлар ҳам талайгина қўлланилган. Ушбу сўз ва атамаларни тушунмаган ўқувчи уларнинг маъносини анг­лаёлмайди, натижада хато ўқийди ва хато тушунади. Мана шу хусусиятлар ҳам эътиборга олинмаслиги мумкин эмасди.

Ҳурматли газетхонлар ушбу қисм юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришса, муаллиф мамнуният билан қабул қилади.

«Ҳуррият» газетаси юртимизда 1335 ҳижрий йилнинг 7 ражабидан, милодий 1917 йилнинг 16 апрелидан сиёсий, адабий, иқтисодий, илмий газета сифати билан Самарқандда ҳафтасига икки мартадан чиқа бошлади. Унинг 1-сонида шундай қайд мавжуд: «Ҳуррият» ғазетасига ушбу муҳаррирлар муованат (ёрдам.- Б.Д.) қилурлар: 1) мударрис Саид Аҳмад Васлий, 2) Маҳмудхўжа Беҳбудий, 3) бухоролик мулла Абдурауф Фитрат, 4) Саид Аҳмадхўжа Сиддиқий». Дарҳақиқат, мазкур зотлар публитсистик, адабий-бадиий асарлари билан «Ҳуррият»нинг мунтазам суратда чиқишига доимо ёрдамда бўлишди. Ўз даврининг таниқли публитсистлари бўлган Саид Ризо Ализода, Ҳожи Муинлар ҳам унда фаол иштирок қилдилар. Булардан ташқари, Садриддин Айний, Ғози Юнус, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Чўлпон, Мардонқул Шоҳмажидзода кабилар ҳам ёзиб туришган. Булар «Ҳуррият»нинг сиёсий-ижтимоий қиёфасини белгилашган. Атоқли сиймо Маҳмуд­хўжа Беҳбудий ва Саид Ризо Ализодаларнинг 12 тадан, Ҳожи Муиннинг 21 та асари «Ҳуррият» саҳифаларида эълон қилинган. Абдурауф Фитратнинг эса, турли жанрдаги 41 та асари чоп қилинган. Бунинг устига, у газетанинг 27-сонидан охирги 87- гача, жами 52 та сонига муҳаррир бўлган. Айтиш мумкинки, Фитратнинг публитсистик ва муҳаррирлик фаолиятини ёрқин акс эттирувчи нашр ҳам «Ҳуррият»дир. Газетанинг биринчи муҳаррири Акобир Шоҳмансур ўғли бўлиб, ношири «Зарафшон» кутубхонаси ширкати эди. (Изоҳ: газетанинг 2- ва 3-сонларидаги саналарда хато кетган. 2-сони кўрсатилганидек 3 майда эмас, 20 апрелда, 3-сони 7 майда эмас, 24 апрелда чиққан).

Акобир Шоҳмансур ўғли газетанинг 8-сонигача муҳаррирлик қилган. Дафъатан, газета ўқувчиларига у «бир пора (қисм. — Б.Д.)» сабабларга кўра, 9- сондан бошлаб муҳаррирликдан кетганини билдиради. Ноширлик вазифасигина «Зарафшон» ширкати томонидан ўз масъулиятида қолганини ҳам қайд қилиб ўтган. Газетанинг 9-сонидан 26- сонигача Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода муҳаррир бўлган. «Ҳуррият»нинг бундан кейинги раҳбарлиги, асосан, Фитрат зиммасига тушган. У зарурат юзасидан бирон ёққа кетганида Ҳожи Муин муваққат муҳаррир бўлиб турган. Жами 9 сонга унинг муваққат муҳаррир сифатида таҳририятга бошчилик қилгани маълум. (27- ва 34-сонларида газета муҳаррирининг исми шарифи ёзилмаган).

Ўша пайт одатига кўра, газетанинг 1-сонида унинг маслак ва мақсади муҳаррир ёхуд таҳрир ҳайъати томонидан баён қилинган. Лекин «Ҳуррият»да бу учрамайди. Унинг биринчи сонида «М. Ш.» имзоси билан «Таъмини истиқбол» сарлавҳали мақола босилган бўлиб, унда миллатимизнинг келажагини таъминлаш юзасидан истиқболда турган муҳим вазифалар ҳақида фикр юритилган. Жумладан, муаллиф мактаб ва маорифни ислоҳ этишни жадаллаштириш, жаҳолатдан қутулиш, маданиятни ривожлантириш ва юксак ахлоқий сифатларга эришиш каби долзарб масалаларни тарихнинг ўзи ўртага ташлаганини баён қилган. Шу аснода у ёзади: «Анг аввал тавотури афкор (фикрнинг тадрижий ўсиши.- Б.Д.) учун хизмати лисон ҳукмина гечан (тил, сўз воситаси билан бўлган. — Б.Д.) матбуот ила истифода этмақ ичун бир матбаа вужуда кетирмалийиз ва у амала интинодан асоси қўюлмиш «Зарафшон» кутубхонасиға аҳамият веруб анинг ширкати воситаси ила шаҳар ичинда бир матбаа бўлдурмақ зарур вазифамиздур. Ва мавсуф (тавсиф этилган.- Б.Д.) ширкат воситаси ила мустақим (тўғри. — Б.Д.) маслакли бир ахбори явмия (кундалик хабарлар. — Б.Д.) нашр этмалидур. Бу нияти ожизона ила бадў (бошланган. — Б.Д.) «Ҳуррият» ғазетаси биринчи нумерасини тавзеҳ эдиюр (ошкор, аён қилар. — Б.Д.)».

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мазкур мақола муаллифи сўз орасида қандайдир бир ихтилоф, ўзаро курашиш тўғрисида эслатиб ўтади. «Букун ҳусни тасодиф ила, — деб ёзади у, — бир ҳаракати ҳуррияя молик ўлдиқ эса-да, яна дурлу монеълара ва кучликлара маъриз қолмақимиз бир амри бадеҳийдур (ўз-ўзидан аёндир. — Б.Д.). Орамизда қисқа фикрли ва маълумотлари маҳдуд қолмиш, мустақил бир маслак ва марома сабот ва давомсиз зотлар-да ўксик ўлмаз (кам эмас.- Б.Д.). Бўйла монеълар ийлада (билан. — Б.Д.) жиддан муборизая гиришмак (кураш ҳаракатига киришмак. — Б.Д.) табиийдур». Мана шу ўзаро мубориза (курашиш. — Б.Д.) Самар­қандда ўша пайтда бир мунча кучайган бўлиши эҳтимол. Негаки, Беҳбудий ҳазратлари «Ҳуррият»нинг 19 май сонида «Муҳтарам самарқандийларға холисона арз», 16 июн сонида эса, «Иттифоқ керак» сарлавҳали мурожаат кўринишидаги мақолаларини беҳуда ёзмаган. Фитратнинг ҳам «Ҳуррият»даги илк мақоласи «Иттифоқ этайлук» дея бежиз аталмаган (25 июл сони).

Маҳмудхўжа Беҳбудий «Иттифоқ керак» сарлавҳали мақоласида Самарқанддаги вазият ҳақида ёзади: «… олдимизда баладия (шаҳар думаси назарда тутилган. — Б.Д.) сайлови, мажлиси муассисон (учрадетелний собрания) сайлови турубдур. Аммо бутун Туркистон жаридаларидан бизнинг бир-биримиз ила ихтилофимиз собитдур. Самарқандда шу балоға гирифтор ёшлар ила қарилар, яъни катта ила кичиклар бир-бирлари ила мухолиф, яна ёшларнинг ўзи дохилан (ичдан. — Б.Д.) бир-бириға мухолиф ва ҳатто бир-бирининг устидан ариза бермоқ ва донус (чақув, чуғаллав. — Б.Д.) қилмоқ ила машғулдур. Манинг ўзумни ҳам исмсиз мактубда ўлум ила қўрқутадурлар. Аммо ман йигирма саналардан бери ямон сўзларни халойиқдан кўб эшитдим ва мундай адабсиз мактублардан кўб кўрдум. Ниятимнинг холислиги учун мундай сўз ва мактублар манга таъсир қилмайдур». Кимнинг менга эътирози, фикри бўлса, келсин, гаплашайлик, дея Маҳмудхўжа Беҳбудий учрашиш манзилларини кўрсатиб ўтади. Шундан сўнг алоҳида таъкидлайди: «Такрор айтаманким, мани қўрқутарман деб беҳуда заҳмат чекилмасун, ўшал исмсиз мактубни таклифиға мувофиқ жавобимизни, мана, ғазетада ёздук ва энди мактуб эгасининг бизға юборатургон ўлумиға мунтазирмиз. Ҳар ҳолда, ўлим бирдур, икки эмас».

Мазкур мақоладан икки нарсани англаш мумкин. Бири, Маҳмудхўжа Беҳбудийни қўрқитиш, унга тазйиқ кўрсатиш ор­қали ижтимоий-сиёсий, публитсистик фаолиятдан тўхтатиб қўймоқчи бўлган кимсалар мавжудлигини, иккинчиси, Самар­қанддаги ўша пайтда ҳукм сурган муайян ижтимоий-сиёсий вазият қай даражадалигини. Биринчи масала юзасидан Беҳбудий ҳазратларининг ёзганлари кишини ҳайратга солади. У кўз ўнгимизда ҳақли суратда дадил, қўрқмас, энг муҳими, маслагидан қайтмас инсон бўлиб гавдаланади.

«Син. Айн.» (Саидризо Ализода. — Б.Д.)нинг «Во шариато!!» сарлавҳали мақоласида буни ойдинлаштирувчи сатрлар мавжуд (20 апрел сони). Унинг ёзишича, шариат асосига қурилган давлатларда қандайдир бир ҳовуч манфаатпараст ва риёсатталаб, яъни амалпараст шахслар ўз манфаатларига мос келмаган бирон иш, қонун жорий бўлганда «Во шариато!!» деб майдонга отилиб ўз атрофига халойиқни йиғади.

Абдурауф Фитратнинг «Иттифоқ этайлук» сарлавҳали мақоласи эса, бирмунча умумлашма характерга, фалсафий хусусиятга эга. Унда ихтилоф, ўзаро низо ҳукм сурган эл-улуслар бошқаларга қарам бўлиб, эзилиб келганига тарих гувоҳ, «Иттиҳодсизлиқ ва ойрилиқ балосиға учрағон миллатлар бадбахтлиқ ва мазлумлиқдан қутула олмамишлар, ҳатто ўз қўлларидаги саодат ва тинжлиқни ҳам сақлаёлмамишлар», деган мулоҳаза илгари сурилади. Бу фикрларда Туркистоннинг мустабидлик занжирига боғланиб қолишида ўлкада ҳукм сурган ихтилофлар, ўзаро низо ва урушлар, умуман иттиҳодсизлик (бирлашмаслик) сабаб бўлди, деган аламли хулоса ҳам мавжуд. «Биз туркистонлилардаги бу иттиҳодсизлиқдан кўпрак фойда кўрган, каттароқ осиғланғон (фойдаланган.- Б.Д.) эски Русия ҳукумати эди», дея таъкидлайди у. Шу ўринда ўқувчининг ҳамиятини, ҳиссини қўзғатадиган гапларни ёзади: «Eй Туркистон мусулмонлари! Эски ҳукуматнинг жафоларини унутдингизми? Эски ҳукуматнинг йўлсиз тааддилари (зулмлари. — Б.Д.) эсингиздан чиқдими? Эски ҳукуматнинг пристуфлариндан, пулислариндан, гурудувийлариндан сўкиш эшитмаган, юмруқ (мушт. — Б.Д.) емаган неча киши топарсиз? Эски ҳукуматнинг маҳкама эшикларинда кўз ёшлари тўкуб қайтмағонларингиз кимлардир? Эски ҳукумат одамлари тарафиндан қўзғолган тунокундаги балваларни (исёнларни. — Б.Д.), қирғиз қирғинларини (1917 йилнинг августида Еттисув қозоқларининг ўз ерларини рус мужиклари ва казаклардан қайтариб олиш учун қилган ҳаракати туфайли ўлдирилиши. — Б.Д.), Диззах ёнғинларини (1916 йили мардикорликка олишга қарши кўтарилган Жиззах аҳолисининг қўзғолони учун чор маъмурлари тарафидан берилган жазо назарда тутилади. — Б.Д.) Аллоҳ учун кўз олдингизга кетурсангиз бўлмасми?!» Публитсист мана шундай эҳтиросли гаплардан сўнг миллат фарзандларини бирлашишга, иттиҳодга чақиради.

Бу мақоласи эълон қилинганидан уч ойлар ўтиб, Фитрат яна шу мавзуга қайтади. Энди унинг мақоласида «Нақадар таҳқирлар ва такфирларга учрасак, қанча сўгушлар эшитиб, таёқлансак, яна «иттифоқ этайлук» деб бағирмоқдан улуғроқ бир вазифани танимаймиз. «Иттифоқ этайлук» деган муқаддас калимадан бошқа бир сўзга тилимиз бормайдир», деган иборалар учрайди. Булар Маҳмудхўжа Беҳбудий мақоласидаги ибораларга ўхшашдир. Англаш мумкинки, Фитрат ҳам Самарқандда Беҳбудий ва унинг маслакдошлари бошига тушган кулфатларга дучор бўла бошлаган. Шундай бўлса-да, жоҳилларга аччиқ қилиб она Ватанни, миллатни озод қилишдек буюк мақсаддан чекинишни у ноинсонийлик деб билади. «Биз миллатнинг хизматчиси эрурмиз, — деб ёзади. — Ўлкамиздаги бутун мусулмонлар: уламоси, бойи, қашшоғи, косиби, эри, хотуни — ҳаммаси бизнинг миллатимиздир; борчасининг саодати, эътибори, тинжлиғи ва роҳати учун тиришамиз, ҳатто бу йўлда жонимизни ҳам фидо этарга ҳозир турамиз».

Фитрат ушбу мақоласида таъкидлайди: Самарқанд аҳли орасида иттифоқсизлик давом этаверса, таъсис мажлисига ушбу шаҳардан икки партиявий рўйхат бўйича сайланиши мўлжалланаётган беш вакил ўрнига бир нафари бориши мумкин. Хўжанд, Ўратепа, Жиззах, Каттақўрғон шаҳарлари аҳолиси Самарқанддан сайланадиган вакилларга бериши мумкин бўлган квоталарини қайтиб олиб, ўзларидан вакиллар сайлашлари аниқ. Мана, ихтилофнинг, иттифоқсиз-ликнинг оқибати!

Абдурауф Фитрат ўша пайтнинг энг муҳим сиёсий воқеаси – умум Русия мусулмонларининг 1917 йил май, июл ойида бўлган қурултойлари қарорларини кузатиб борган ва уларга муносабат билдирган. Жумладан, унинг «Уч сиезднинг бир қарори муносабати ила» сарлавҳали мақоласи (гавзетанинг 4 август сони) шундай хусусиятга эга.

Маълумки, Умум Русия мусулмонларининг 1- сиезди (қурул-тойи) 1917 йилнинг 1-10 май кунлари Москвада бўлиб ўтганди. Унда Туркистондан ҳам вакиллар қатнашганди. «Ҳуррият» мазкур сиезд қандай ўтганини ёритишга ҳаракат қилди. Жумладан, газетанинг 1917 йил 26 ва 30 май сонларида Оренбургда чиқадиган «Вақт» газетасидан олиб, «Умум Русия мусулмонларининг сиезди» сарлавҳаси остида қисқача бир ҳисоботни берди. Газетанинг 9 июнда чиққан сонида “Самарқанд, 9 июн” сарлавҳали бош мақола берилиб, унда сиезд қабул қилган қарорлар мухтасар тарзда келтирилди.

Абдурауф Фитрат мақоласида “еътимоди нафс” деган нарса бор, бу инсонларнинг ўз кучига ишонмоғини англатади. Инсон бир нарсани қилиш учун ҳаракат бошласа ва бу ҳаракатининг бирон натижа билан тугашига қаттиқ ишонса, демак, унда эътимоди нафс бор, дейди. “Йўқлиқлар орасинда қол­ғон биз мусулмонларға шул эътимоди нафс сифати дахи йўқдир”, — деб ёзади куйинган ҳолда муаллиф. Аммо Қозонда бўлган уч сиезднинг бир қарорини бу жиҳатдан юксак баҳолайди: “Қуллиқлар тангримизгаким, Қозондаги уч мусулмон сиездининг муштарак мажлиси шул йўлдан чиқди, миллий зафарларнинг очиқ йўли бўлғон “ўз кучига ишониб юрмоқ” йўлинда кирди ва ўтган нумеримизда ёзилғон муҳим қарорларни берди, муштарак мажлиснинг бу иши олқишларға ярар бир ботурлиқдир. Биз ўз тарафимиздан бу муҳтарам мажлисни қутлулаймиз ва бу ҳаракатининг миллий ишларимиз учун ўғурли (фойдали.- Б.Д.) бир бошланғич бўлишини тилаймиз”.

Публитсистнинг “тангрига қуллуқлар бўлсин” деб шукроналик билан ёзишига асосий сабаб – у ва маслакдошларининг интиқлик билан кутишгани Туркистон мухториятининг ҳам тез орада қўлга киритилишидан умидворлик ҳисси бўлган.

йилда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш энг муҳим ижтимоий масалалардан ҳисобланган, чунки бутун мамлакатда ғалла тақчиллиги сезилмоқда эди. Деярли кўпчилик публитсистлар бу муаммони ижобий ҳал қилиш бўйича мақолалар ёзганлар. Жумладан, Фитратнинг ҳам мақолаларидан бири “Озиқ масъаласи” деб аталади (газетанинг 15-сони). Унда ёзилишича, Самарқанд шаҳар аҳолисига озиқ-овқат обшестволар (ташкилотлар) томонидан тақсимланиб келинган. Айрим обшест­волар бу ишда хиёнатга йўл қўяётгани учун баъзилар озиқ-овқатни маҳаллаларда тарқатиш керак, деган таклиф билан чиқишган. Бу масалага муносабат билдираркан, Фитрат гап обшество ёки маҳалла тақсимлашида эмас, балки хиёнатга барҳам беришда, бунинг учун кучли назорат ўрнатиш лозим, деган фикрни илгари суради. Мазкур мақоласида публитсист жамоатчилик эътиборини масаланинг моҳиятига қарата олиш истеъдодини кўрсатган. Шуниси характерлики, у ижтимоий бурчга хиёнат қилишнинг илдизини аниқламоқчи бўлади: «Бизга қолса, — деб ёзади у, — хиёнат қилмақ ва ишни эгрироқ юритмақ олдиғимиз ёмон тарбиянинг натижаси, элли(к)-олтмиш йил ўлкамизда яшағон истибдод яғочининг аччиғ бир мевасидир».

Фитрат газетанинг бош муҳаррири сифатида кундалик сиёсий воқеаларга катта эътибор бериб борган ва зарур ҳолларда ўзи бу мавзуда мақолалар ёзган. Жумладан, унинг “Сулҳ учун” (газетанинг 10 окятбр cони), “Сиёсий ҳоллар” (7 ноябр сони) сарлавҳали мақолалари шу тариқа юзага келган. “Сулҳ учун” мақоласида дунё кишиларининг охири кўринмаётган уруш сулҳ билан якунланармикан, дея умид кўзи билан давлатлар раҳбарларига тикилаётганини тасвирлайди. Унинг “Сиё­сий ҳоллар” сарлавҳали мақоласи эса 1917 йил октябр охири, ноябр бошларидаги Россияда ҳукм сурган сиёсий вазиятни ёритишга бағишланган. Мақолани ўқиганда пайдо бўладиган бир туйғу — “улуғ салтанат”да устма-уст содир бўлаётган муваффа-қиятсизликлар шояд мазкур салтанатнинг “темир панжа”ларидан қутулишимизга олиб келса, деган умиднинг кучайишига сабаб бўлгандек туюлади. Фитрат Россиянинг уруш жабҳаларидаги муваффақиятсизликларини санаб келтиради: “Мусибат устинда мусибат! Русиянинг ҳозирги ҳолини очиқ тасвир этмак учун мундан ярашароқ сўз йўқдир. Ўзгаришдан сўнг Русиянинг ҳар тарафиндан очлиқлар, ёнғинлар, талонлар, ўлимлар, ўлдирмалар бўлуб турган чоғда бирдан чиқиб қол­ғон /оличия (Галиция.- Б.Д.) мағлубияти билан бунинг устиға тортилмас бир юк бўлуб чўкган Риғо (Рига.- Б.Д.) кетишини кўзда олсак ва бунлар орқасиндан босиб келган Болтиқ мағлублиғини ўйласак, Русияни мусибат устинда мусибат босаётибдир. Русия умрида емадиги таёқларни еяётибдир, деярға бизни мажбур қилур. Воқеан, Риғо каби чидамли бир қўрғоннинг уч кунда кетмаси, Болтиқдаги кемаларнинг чобиқғина (осонликча.- Б.Д.) енилмаси, ёлғуз башқаларни эмас, ўз истиқболлариндан русларнинг ўзларини дахи маъюс қилур, рус кучиндаги эътимод ва эътиборларни тубиндан чурутур ҳодисалардан эди. Ортиқ русларнинг умидлари қолғон бўлса, бутун-бутун муттафиқ (иттифоқчи.- Б.Д.)лариға қолғон эди. Руслар, эҳтимолки, муттафиқларимиз ўз майдонларида орқаси кесилмас юрушлар қилиб, бизни озгина тиндурурлар” деб ўйлай эдилар”. Бунинг устига, Россиянинг иттифоқчиси бўлган Италиё қўшинларининг немислардан мағлуби-ятга учраши вазиятни бадтар мушкуллаштирди. “Италиёнинг бу қўрқунч мағлублиғи ёлғиз италёнлар учун эмас, руслар учун дахи буюк бир мусибат бўлди. Чунки ёнғиналаринда бадбахтлик лой­қаларинда ботиб қолған Италиёнинг қўлиндан ололмағон муттафиқлар қўшуниндан Русия учун кўмак кўзламоқнинг маъносиз бир эдугини янғидан исбот қилиб берди. Бунинг натижасинда Русияда янғи бир бало бош кўтарди — болшавик балоси!”

Публитсист болшевикларнинг ҳокимият тепасига келиши вақ-тинчалик ҳодиса, Россиянинг уруш жабҳаларидаги муваффақиятсизликлари туфайли рус сотсиал-демократлари томонидан чиқарилган навбатдаги норозилик исёни деб тушунган кўринади. Шу боис у ёзади: «Болшавиклар иккинчи йўла қўзғалдилар. Бу қўзғалишлари биринчиси каби бўлмади. Бу дафъа буюк иш кўрдилар: Петроғрадни олиб, Керенскийни Русиянинг содиқ болаларини охтариб топиб, тўплаб кетурмак учун уруш майдонлариғача кетар­ға мажбур этдилар. Сўнг хабарларга кўра, Керенский теваракдан тўплаб кетурдиги қўшун билан болшавикларни енгмиш ва Петроғрадни унларнинг қўлиндан янғидан олмиш… Болшавикларнинг иккинчи чиқишлари билан биринчи чиқишлари орасиндаги ойиридни кўрган кимсалар учинчи бир чиқишнинг қандай бўлурини онглаб олсалар керак». Ҳар ҳолда, муаллиф болшевикларнинг учинчи чиқиши содир бўлса, улардан ҳокимиятни ҳимоя қилиш осон бўлмаслигини таъкидлаяпти. Лекин объектив реаллик Фитрат тасаввур қилганидан бошқача эди: Керенский Петроградни қайтадан олишга муваффақ бўлмаганди.

Абдурауф Фитрат Тошкент­да ҳам болшевиклар ҳокимиятни ўз қўлларига олишганини ёзади. Керенский Петроградни қайтадан қўлга киритган бўлса, унинг тарафдорлари ҳам Тошкентни қайта қўлга киритар, дея умид билдиради. Бу тахминларидан қатъи назар, у Россиядаги мавжуд сиёсий ҳолатга туркистонлик маҳаллий аҳолининг қандай муносабатда бўлиши лозимлиги тўғрисида мулоҳазаларини баён этади. Унингча, болшевиклар ҳам, муваққат ҳукумат ҳам «ҳурриятчилар». Бизга уларнинг шу жиҳати маъқул. «Бунларнинг иккисига ҳам бизнинг сўзимиз шу бўлғулидирки: биз мусулмонлар сизнинг ҳеч бирингиздан нафрат қилмаймиз, ҳеч бирингизни ёқламаймиз. Бизнинг миллий, ватаний ҳақларимизни ғасб этмак (тортиб олмоқ. – Б.Д.) фикрига тушмагунча биз ҳеч бирингизга душман бўлмаймиз. Мана, ҳозирда туркистонийлар учун хатарсиз йўл шу йўлдир!»

Кўп ўтмай, публитсист Фитрат Россияда юз бераётган воқелар-нинг моҳиятига етган кўринади. Унинг «Янғи ҳукумат» сарлавҳали мақоласида болшевиклар тузган ҳукумат таркиби ҳақида маълумот берилади. Шуниси эътиборга сазоворки, у мазкур маълумотларни ҳеч қандай ҳиссиётсиз, шунчаки қайд этгандек ифода қилади.

Фитратнинг «Инқилоб» сарлав­ҳали мақоласи болшевиклар мамлакатда сиёсий тўнтариш қилганларидан кўп ўтмай, «Ҳуррият»нинг 24 ноябр сонида эълон қилинган. Унда муаллиф уч хил: сиёсий, ижтимоий ва фикрий инқилоб ҳақида мулоҳаза юритади. Гап шунчаки инқилоблар устида бораётгандек туюлса-да, муаллифнинг мақсади бутунлай аниқ. У Россияда юз берган инқилобдан фойдаланиб, мустақиллигимизни қўлга киритайлик, дея даъват қилади. «…Финландиялилар, — ёзади публитсист, — Русия инқилобиндан руслардан бурун осиғландилар». Бу «осиғ» финларнинг мустақилликни қўлга киритганлари эди. Туркистонда шу тариқа «осиғланиш» учун ҳаракат кўринмайди, дейди. Бизнинг турли гуруҳларимиз ўз-ўзича куйиб-пишишади: уламомиз мансаб учун, бойларимиз оқча ва эътибор учун, ёшларимиз иш йўллари учун ҳаракат қиладилар. Бу ҳолда финларнинг йўлидан боролмаймиз. «Биз ёниқ бағримиздан чиқғон ўтли бир товуш билан бағирамизким, уламо учун мансаб, бойлар учун оқча ва эътибор, ёшлар учун иш йўллари миллатнинг Русия инқилобиндан осиғландиғи кундан сўнг очилур». Дарвоқе, бу кун кўп ўтмай етиб келди: Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилинди… Фитратнинг қаламидан ҳам сурурли сатрлар юзага кела бошлади. Унинг «Мухторият» деб аталган мақоласи ўткир пафос билан йўғрилган (газетанинг 8 декабр сони). «Туркистон мухторияти… Темур хоқоннинг чин болалари ёнинда, туркистонли тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли, мундан муқаддас, мундан севинчли бир сўзнинг борлиғиға ишонмайман», дея хитоб қилади у. Орзиқиб кутилган мухторият ўзбек халқи учун нақадар азиз ва мўътабар эканини қайта-қайта таъкидлайди: «Туркистонли туркнинг қонин қайнатғувчи, имонин юксалтгувчи, руҳин кўтаргувчи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти!»

Фитрат Қўқон шаҳрида умум Туркистон мусулмонларининг ­фавқулодда ИВ қурултойи 1917 йилнинг 27 ноябри кечаси соат 12 да эълон қилган Туркистон мухториятини шу тариқа маълум қилади. Публитсист туркистонлиларнинг мустабидлик даврида кечирган азоб-уқубат ва хўрликларини баён этиб, интиқ бўлиб кутилган мухториятни мустаҳкамлаш юзасидан ўзининг мулоҳазаларини билдиради. «Лекин шуниси борким, — деб ёзади у, — бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир сиезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Сиезд ўз ишини қилди; қолғонлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим; мухториятни бажармоқ учун оқча керакдир; буларни миллат ҳозир қилсун».

«Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 2 ва 5 январ сонларида Фитратнинг «Туркистонда руслар» сарлавҳали мақоласи босилади. Унда рус мустабидлари қайта-қайта такрорлашни хуш кўрадиган мавзу — қолоқ Туркистон халқига руслар маданият олиб келган қабилидаги даъво юзасидан муаллиф мулоҳаза юритади. Воқеан, Туркистон Россия таркибига киритилгач, биз маданий руслар билан қотишиб, улар орқали Европа маданиятига ошно бўлмоғимиз лозим эди. Аслида, шундай бўлдими? Муаллиф шу саволга фактлар воси-тасида жавоб беради. «Шуни ҳам айтиб ўтайлукким, мундай таъсирни рус миллатининг авом табақасиндан олмоғимиз мумкин эмас эди, чунки бизнинг авомимиз унлардан юз мартаба маданийроқ эдилар (ҳозир ҳам шундай). Русларнинг ўқиган, тарбияли қисмлариндан сотсиализм ва қардошлиқ маслагинда юрғанлар ҳам императорлиқ ҳукумати тарафиндан қувилиб, қисилиб турғонлари учун бизга бирор таъсир қўёлмас эдилар. Қолди: рус миллатчилари, рус бойлари ва рус пўплари билан шунларнинг қоровули бўлған император ҳукумати. Биз туркис­тонлилар ёлғиз шунларнинг қўлинда қолдиқ. Не кўрган бўлсак шунлардан кўрдик». Русларнинг ана шу қисми туркистонлиларга маданият жиҳатидан таъсир кўрсатганми, деган саволга Фитрат «йўқ» деб жавоб беради. Негаки, халқимиз мустабидларнинг ҳарбий-бюрократик идораси остида бўлгани учун Оврупонинг маданий миллатлари билан аралашолмаган, уларнинг «ижтимоий ва иқтисодий фикрлариндан» истифода қилолмаган. Фикри очиқ татарлар ўлкамизда мактаб очмоқчи бўлишса, мустабидлар манъ қилишган. Биз учун газета Остроумов сингари «поп»ларнинг раҳбарлигида чиқарилди. Ўз миллатимиз ва диёнатимизни ёшларимизга онглатмоқ учун очилган газета ва мактаблар ёпилди. «Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорий ишларда, ҳатто воғун уйларинда Туркистон ерлисининг ҳуқуқи Туркистон мусофири бўлған рус ва арманидан тубанда тутулди». Бухоро ва Хива ҳукуматлари ҳам амалда мустақил эмасди. Хуллас, халқимиз эллик йил миллий зулм остида эзилиб келди. Ўзларини адолатпарвар атаётган болшевикларнинг миллий ишларимизга муносабати қандай? «Eлли йилдан бери шунча зулм орасинда қолған Туркистон, —деб ёзади Фитрат, — букун ўз мухториятини шунча адолат ва садоқат билан эълон қилибдир. Билмадик, нечундирким, ҳозирда иш бошинда турғон болшевиклар муни қабул қилмай турублар..!»

Бизнингча, Фитрат болшевикларнинг Туркистон мухториятини тан олишларига ишонмаган. Шу боис мақоласининг охирини кўп нуқта ва хитоб аломати билан тугатган бўлса керак.

Фитратнинг «Англиз ўюнлари», «Англиз ва Туркистон» мақолалари ҳам сиёсий вазият тақозоси билан ёзилган (газетанинг 5 январ, 29 март сонлари). Унингча, борди-ю, Россияга миллий қарамликдан қутулсак ҳам, Англия деган ундан ҳам кўра маккор ва ёвуз мустабид юҳо турибди, у бизни «ютиб» юборишга тайёр. Унинг ҳозир Хитой ва Афғонистон билан иттифоқ тузиш ҳаракатлари шу мақсадни кўзлашидан далолат беради, деб ёзади публитсист.

Абдурауф Фитрат «Ҳуррият» газетасида эълон қилинган публитсистик мақолаларида бўлганидек, бадиий асарларида ҳам ўзини қийнаган ижтимоий-сиёсий масалаларни кўтаради. Унинг «Юрт қайғуси» сарлавҳали сочмаси газетанинг 28 июл сонида эълон қилинган. У мазкур асарида ватандошларини, турк ўғлонларини уларнинг ўтмишдаги аждодлари кўрсатган қаҳрамонликларни эслатган ҳолда жасоратга, қаҳрамонликка ундади. У ёзади: «Eй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Санга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларда қолдинг?.. Ер юзининг биринчи полвонлари бўлғон ботур турк­ларинг қани? Нечун чекилдилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун.. нечун.. нечун? Гапур манга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Санга не бўлди?.. Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғойи! Қани у чақмоқ чопишли ботир хоқонларинг? Қани ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун «ур­ҳо»лари эшитилмайдир?»

Шуни таъкидлаш жойизки, Фитратнинг «Ҳуррият» газетасидаги бадиий ва пуб­литсис­тик асарлари мазмуни ва мақсадига кўра бир-бирини тўлдириб келади, биридаги фикр иккинчисида давом эттирилади. Бу ҳол ўша давр тақозоси билан боғлиқдир. Улуғ Турон йигитларининг ҳа­миятини қўзғаб қўйган муаллиф уларнинг куч-қудратига, жасоратига ишонади: «Eй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир. Ёлғиз… оҳ.. ёлғиз тарқалмишдир». Публитсист-шоир ушбу мисраларини тарихимизнинг энг масъулиятли даврларида ёзганди. Мустабид чор ҳукумати ағдарилиб, ҳокимият муваққат ҳукумат қўлига ўтган, мустабидлик асоратига тушиб қолган ўлкаларда, жумладан Туркистонда ҳам эрк, мустақиллик учун кураш кучайиб бораётган бир пайт­да бундай сатрларнинг юзага келганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Фитрат «Юрт қайғуси» сарлавҳали шеър ва сочмаларини яна давом эттириб, газетанинг 1917 йилнинг 18 август, 31 октябр ва 29 декабр сонларида ҳам эълон қилди. Уларнинг ҳар бири тарихнинг муайян онларидаги вазият билан чамбарчас боғланган. Жумладан, «Бир ўзбек йигитининг тилидан» деб изоҳ қўйилган «Юрт қайғуси»да у она-Ватанни бир мунглиғ, муштипар аёл (она) сифатида тасвирлайди. Унинг кўз олдида ҳамиша мана шу мунгли, ғамли она тураверади. Муаллиф хитоб қилади: «Eй ғамли она, нечун мандан айрилмайсан? Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан, нечун кетмайсан?! Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз (нурсиз) қолғон кўзларинг, у ёш ёмғурларин нечун тўкадир? Мазлумлиқ ҳавосинда оқарғон соч­ларинг нечун тўкиладир? Зулм занжирлари билан боғланғон қўлларинг нечун ҳар ёнға узатиладир, нима тилайсан?..» Ана шундай таъсирли манзарадан сўнг Фитрат она-Ватан, муштипар Туронни ғамдан, зулмдан, мунгдан озод қилиш ҳар бир туронликнинг муқаддас бурчи эканини, она-Ватанни маҳв этмоқчи бўлганларнинг ўзини маҳв қилишни, унга ёрдамга келмаганлар нафратга сазовор эканлигини бор овоз билан айтади. «Юртим, Туроним, жоним! Сандан айрилмак – маним ўлимим. Санинг учун ўлмак – меним тириклигимдир… Эй турклигимнинг муқаддас ўчоғи! Ўлум санинг ўлумингни истаганларга, нафрат сани кўмагингга келмаганларга!….»

Унинг «Темур олдинда» деб изоҳ қўйилган «Юрт қайғуси» сочмаси турк йигитининг бевосита буюк соҳибқиронга мурожаатидир. Бу сочма Россияда болшевиклар ҳокимият тепасига келгандан 5 кун ўтгач (31 октябрда), эълон қилинган. Асар йигитнинг Темурга илтижолари билан бошланади: «Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўюм бугук. Санинг зиёратингга келдим, султоним! Эзилган бошим, қисилғон виждоним, куйган қоним, ўртанғон жоним учун бўсағангдан даво излаб келдим, хоқоним!.. Қоронғуликлар ичра ёғдусиз қолғон ўзбак кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим. Номусини ёт кишиларнинг аёғлари остинда кўруб турк­лик қони қайнағон, мусулмонлиқ ҳамияти тошғон, тамуғ (дўзах.- Б.Д.) оловлари каби сачрағон; лекин ўз кучсизлиғин анг­лаб қайтиб ўтирғон ва қон йиғлағон туркнинг ҳолини арз этар­ға келдим, хоним..!» Аслида, турк­лар юртининг, Амир Темур қурол кучи билан қайта тиклаган турк салтанатининг бора-бора завол топишида мен айбдор, дейди шеърдаги «мен». Бу «мен» — барча туркийман деган қавмларнинг умумлашган номи. Энди улар ўз гуноҳларини ювишлари, эзилган, таланган, мустақиллигини йўқотган Туроннинг қадимий шаънини тиклашлари лозим. «Eй арслонлар арс­лони, — хитоб қилади у, — маним ёзиқ (гуноҳ.- Б.Д.)ларимдан ўт, маним қўлимдан тут, белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер! Сенинг дунёда сиғмағон ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғдан ўтурмасман».

Фитрат «Ҳуррият» газетасидаги бир қатор публитсистик асар-ларини Бухородаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий вазият муносабати билан ёзган. Бу табиий ҳол эди. Негаки, у туғилган юрти Бухородаги воқеаларга бефарқ қаролмасди. Публитсистнинг «Бухоро уламоси», «Бухоронинг аскари», «Бухоро хонлигида очлиқ», «Ёширун мушоҳадалар», «Бухоронинг ҳоли» каби мақолаларида бу ўлкадаги оғир, аянчли аҳвол тўғрисида фаол фуқаро сифатида куюниб ёзди (газетанинг 1917 йил 3 ноябр – 1918 йил 1 март оралиғидаги сонлари). «Бухоро уламоси» сарлавҳали мақоласида муаллиф ўқиган, оқ-қорани таниган уламолар Бухоронинг обод­лиги, тараққий этиши учун хизмат қилиш ўрнига икки фирқага – бухоролик ва кўлоблик гуруҳларга бўлинишиб, ўзаро ёвлашганлар, кейинги гуруҳ ёғлик мансабларни эгаллашга ва шу йўл билан беҳисоб мол-мулк орт­тиришга уринган, деб ёзади. Айниқса, кўлоблик мулла Садриддин мулла Тўқмақ ўғли Бухорода қозикалон бўлгач, бундай талон-торож кучаяди. Унинг авлодлари бу ишни янада кучайтиришган. Амир эса бу ишларга панжа орасидан қараган. Ўзига кўпроқ улуш тегишини ўйлаган, холос.

«Бухоронинг ҳоли» мақоласида эса Фитрат феврал тўнтариши туфайли Россия подшоси тахтдан тушгач, амир хоҳлаган ишини қилишга, сиёсий мухолифлари бўлган Бухоро ёшларини турли баҳоналар билан жазолаш, қатл эттиришга киришди, деб ёзади. Публитсистнинг фикрича, Бухородаги мазкур сиё­сий вазият ёшларни бошқача ҳаракат қилишга даъват этади. «Энди Бухоро ёшлари учун лозимдирким, «Баённомаи ҳумоюнга кўмак этмак» шиорини мия­лариндан чиқарғайлар. Бухоро инқилобини истар эсалар, инқилобчиларға ярашур ҳаракат қилғайлар. Яхши сўзлар билан, тавозелар билан, ёлборишлар билан Бухоро ҳукуматини йўлга кетурмак бўлмас. Золимнинг «…» табиатига ўхшаш табиати бордир: қочғонда қувар, қув­ғонда қочар. Золимларнинг шу табиатларини, шу «аҳволи ру­ҳия»ларини кўзда тутмайин ҳаракат қилатурғанлар хато йўлдадирлар, зарар кўрарлар. Қўрқмайин, тортинмайин кескинроқ ҳаракат қилмоқ керак».

Фитрат Бухородаги амирлик тузумининг тезроқ ўзгаришини, эл-улуснинг бағрига шамол тегишини истаган. Айни пайтда, Бухородаги инқилобий ҳаракатларни синчиклаб кузатиб, таҳлил этиб борган. Натижада, бу ҳаракат ҳақида рисола ёзиш ниятига киришган. Унинг «Бухорода инқилоб» асари шундай хусусиятга эга. Ундан парча «Ҳуррият»нинг уч сонида эълон қилинган. Айтиш мумкинки, Фитратнинг «Ҳуррият» газетасида босилган асарлари унинг сиёсий-ижтимоий воқеаларни маҳорат билан ёритувчи публитсист бўлганидан далолат беради.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатор публитсистик асарлари ҳам ўша йилларнинг энг муҳим сиёсий-ижтимоий воқеаларига бағишланган. Айниқса, унинг «Муҳтарам Самарқандийларға холисона арз» (1917 йил 19 май), «Қозоқ қариндошларимға очиқ хат» (1918 йил 26 январ) сарлавҳали мақолаларида тур­кис­тонликларнинг иттифоқлиги, ҳамжиҳатлиги тўғрисидаги фикр ўртага ташланган. «Ҳақ олинур, берилмас» (13 июл) мақоласида эса маҳаллий аҳолини ҳақ­­ҳуқуқларини олишга даъват бор. «Туркистон мухторияти» сарлавҳали мақола (19, 22 декабр) 1917 йил 27 ноябрда Қўқон шаҳрида эълон қилинган Туркистон мухториятини сақлаб қолишга бағишланган. Унинг «Марказий шўромизда» (3 июл), «Самар­қандда миллий ишлар ҳақинда» (28 июл) материалларида ўз даврининг кун тартибида турган ижтимоий масалалари тўғрисида сўз боради.

Публитсист Саид Ризо Ализоданинг «Петроғрадда ҳодиса» (газетанинг 13 июл сони), «Тошканд ҳодисаси» (19 сентябр). «Русия жон узмоқда» (1918 йил 19 январ, уруш майдонларида Россиянинг бирин-кетин мағлубиятга учраётгани тўғрисидаги) мақолаларида мамлакатда бўлаётган йирик ижтимоий-сиёсий ҳодисалар ҳақида ёзаркан, уларнинг Туркистонга алоқадорлик жиҳатига эътибор қаратган. Унинг «Шапалоқ» сарлавҳали материали (1918 йил 19, 26 январ, 22, 26 феврал, 5, 15 март, 5 апрел) ҳажвий хусусиятга эга.

Ҳожи Муин мақолалари ҳам мавзу нуқтаи назаридан турли-тумандир. Унинг «Оила (ёхуд) вазифаи хонадорй» (22 сентябр), «Ёнги асар» (10 апрел) мақолалари янги нашр қилинган китоблар билан боғланган бўлса, «Германия ва Русия» (26 феврал), «Русия таҳликада» (5 март), «Сулҳ олдинда» (15 март), «Ислом дунёсининг нажоти» (10 апрел) материаллари халқаро воқеаларга бағишланган. «Самар­қанд вилоятининг испискаси», «Шоҳизинда» жамоат дўкони» (28 ноябр), «Яна икки жамият» (30 январ), «Оғир ҳоллар» (22 феврал) каби мақолалари ўша даврнинг кундалик ижтимоий ва маиший турмуши ҳақида. «Каттақўрғон хотиралари»да (21 ноябр ва 1 декабр) ушбу шаҳарга саёҳат таассуроти асносида мактаб ва маориф аҳволи таҳлил этилган. «Болшевиклар ва биз» сарлавҳали мақоласида (1918 йил 9 январ) эндигина ҳокимият тепасига келган болшевикларга муносабат акс этган. Чунончи у болшевиклар ҳокимият тепасига келаётган кунларда берган биронта ваъдасини бажармаётганини, мамлакат ҳамон жаҳон уруши гирдобида бўлганининг устига, улар мамлакат ичкарисида ҳам уруш чиқаришганини, таъкидлайди. Муаллиф фикрини давом эттириб ёзади: сулҳ масаласида «ҳануз қатъий бир қарор чиқорғонлари маълум эмасдур. Болшевиклар иш бошиға ўтуб ол­ғон кунларда «Биз кичик миллатларға тамом ҳуррият ва истиқлол берамиз!», — деб хитобномалар воситаси-ла ваъда қил­ғон бўлсалар ҳам, бу қуруқ сўзлари қоғоз устидагина қолди. Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, балки, билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларға тўп ва пулемут билан муқобала этдилар ва этмакдадирлар… Булар истайдирларким, Русияда ҳуррият ва истиқлолият тилагинда бўлғон миллатлар «сотсиализм» пруғроми билан рафтор этсунлар, яъни ҳар миллатда ва ҳар мамлакатда «ишчи, деҳқон вакилларининг шўроси» деган бир ҳукумат ташкил қилиниб, мамлакатнинг идораси шуларға топширилсун. Миллат афродининг бутун ер, мол ва сарватлари умумий мулк этиб эълон қилиниб, шул «шўро» ихтиёриға қўюлсун. Шундай бўлмағонда булар ҳеч бир миллатға ҳуррият ва истиқлол бермас эмишлар, ҳеч бир миллатнинг ҳуррият ва истиқлолини ҳам тасдиқ этмас эмишлар. Болшевикларнинг бу ғайритабиий тилаклари, бузуқ ғаразлари ҳозиргача Русияда бўлғон ҳеч бир миллат тарафиндан қабул қилинмади… Ўзимиз­ға келганда, 95 просенти мусулмон бўлғон улуғ Туркистон ўлкасинда ҳам болшевиклар ўз сўзларини ўтказмак ва бузуқ маслакларини татбиқ этмак учун қўллариндан келган чора ва тадбирларға киришмоқдадирлар… Мусулмонлар орасиға мухолифат солмоқ учун мусулмон солдатларини ва мусулмон ишчи-деҳқонларини иғво этдилар. Аммо бу тадбирлар билан уларни ўз тарафлариға тортмоқға муваффақ бўлмадилар. Чунки мусулмонлар болшевикларнинг бузуқ муддаоларини англаб олиб, ўзларини тортдилар, алданмадилар. Яна мунинг устинда, ўз мақсадларини болшевикларга очиқроқ англатмак учун Туркистондаги бутун мусулмон солдат, ишчи ва деҳқонлар 25 декабрда Хўқандда фавқулодда бир сиезд ясаб, сиездда ҳозир бўлғон 200 нафарча намояндалар ўтган тўртинчи мусулмонлар қурултойи (1917 йил ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган съезд.- Б.Д.) тарафиндан чиқарулғон қарорларни ҳақли топиб, Туркистон идора ва ҳокимиятининг дарҳол Мухторият ҳукуматиға топшурилмоғига қарор чиқардилар. Қани, энди кўрайлук, бу сиездға болшевиклар қай­си кўз билан қарайлар!.. Ҳар ҳолда болшевиклар тек турмаслар. Бирор баҳона топиб, бизнинг тинчлигимизни бузарлар… ҳар эҳтимолға қарши ҳозирлиқ кўрайлук. Тамом бирлик билан куч йиғайлук. Ўз ҳуррият ва мухториятимизни сақламоқ учун мол ва жонимизни фидо этмакка ҳозир бўлиб турайлук». Муаллифнинг бу фикрлари болшевикларга хос бўлган алдамчилик, фирибгарлик ва ўз муддаоларига эришгунча пуч ваъдалар бераверишдек хусусиятларини тўғри англаб етганини кўрсатади.

Ҳожи Муиннинг «Намойиш тўғрисинда» (12 декабр) сарлав­ҳали мақоласида Туркистон мухториятини қўллаб намо­йиш ўтказиши керак бўлган Самар­қанд шўрои исломияси суст­кашлик кўрсатгани учун тан­қид қилинган.

«Ҳуррият» газетаси озиқ-ов­қат танқислиги мавжуд бўлиб турган қалтис бир пайтда бу муаммони ҳал этишга, ҳеч бўлмаса, меҳнаткаш халқнинг бу борадаги оғир аҳволини енгиллатишга уринди.

Газетада ички ва ташқи хабарлар, Туркистон янгиликлари, Бухоро амирлигидаги аҳвол, Самарқанд ахбори каби материаллар доимий берилиб борди, шеърлар, манзумалар босилиб турди.

Юқорида таъкидланганидек, Фитрат газетанинг 52 сонига му-ҳаррирлик қилган. Мазкур сонлар таҳлили шуни кўрсатадики, у истеъдодли, ташкилотчи муҳаррир ҳам бўлган. Буни қуйидаги фактлар ёрқин тасдиқлайди.

«Ҳуррият» чиқиб турган вақтлар газета нашр этиш мушкул ишлардан бўлган. Матбаа, қоғоз учун харажатлар катта бўлиб, унча-мунча газеталар чиқишдан тўхтаб қолган. «Ҳуррият»нинг бошига ҳам шундай савдо тушиши аниқ бўлган пайт келганда, газетанинг таҳрир ҳайъати, албатта, биринчи галда унинг бош муҳаррири нима қилиб бўлса ҳам, газетани сақлаб қолишга интилган. «Туркистонимизда ҳозирги замонда қийинроқ ишларнинг биринчиси, шубҳа йўқким, «ғазета чиқармоқдир», — деб ёзади «Ҳуррият» 1918 йилнинг 2 январидаги сонида. – Ишимизда матбаа чиқимлари, қоғоз баҳоси ҳаддан ошиб кетган, ғазета ўқумоқчиларимиз бутун оз..!» Шу туфайли газетамиз вақтинча чиқишдан тўхташи кутилганди. «Зарафшон» ширкати газетанинг тўққиз ой давомида чиқиб туришига кўмак берди. Унга ташаккур айтамиз. «Сўнг замонларда қийинлиқлар кўпайиб кетди. Ўйланғон, кўрулган чоралар кекчин (кескин.- Б.Д.) бир фойда бермади. «Зарафшон» ширкати «Зарафшон» оқчасини истиқбол умидига сақламоқ фикри билан «Ҳуррият»ни вақтинча ётқизмоқчи бўлди. Биз дахи севигли ўқувчиларимизға вақтлиғина «хайр-хуш» деб чекилурға тоғлар каби қайғу ва ҳасрат орасинда қарор бердик…!» Дафъатан, бизга мадад келди. Ҳимматли бойларимиздан Муҳаммадқул Ўринбоев газетанинг сарфи-харажатини ўз бўйнига олди. Иқтисодий жиҳатдан мушкулимиз осон бўлгач, биз ҳам, ўз навбатида, газетанинг «маънавий бойлиғи», яъни мазмун жиҳатидан ранг-баранг бўлишига ҳаракат қиламиз, деб ўқувчиларга мурожаатини тугатади газетанинг таҳрир ҳайъати. Дарвоқе, газета шўролар ҳукумати томонидан тўхтатилгунча М. Ўринбоев унга ноширлик қилган.

Гарчи «Ҳуррият» Туркистоннинг бир вилояти – Самарқандда чиқса ҳам, ўша пайтда ўлканинг марказий газетаси мав­қеига эришган эди. Газетага ёзиб турганлар доираси географик жиҳатдан жуда кенгдир. Унда Туркистоннинг турли шаҳар ва кентларидан, Бухородан, Уфадан Чўлпон, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Нўши-равон Ёвушев, Хайруннос Айсин, Нажиб каби ижодкорлар ўз мақолалари билан қатнашиб турган.

«Ҳуррият»нинг охирги – 87-сони 1918 йилнинг 30 апрелида чиққан. Газета болшевиклар ҳукумати томонидан тўхтатилади. Умуман, «Ҳуррият» ўз даврининг энг нуфузли, дадил ва сермазмун газеталаридан бўла олган.

Бойбўта Дўстқораев,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи” кафедраси мудири, дотсент

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).