Баҳодир Эрматов, Адҳамбек Алимбеков. Марсель Брион: Ҳақиқат ва уйдирма

Марсель Брион 1895 йил 21 ноябрда Франциянинг жанубидаги Марсель шаҳрида адвокат оиласида туғилган.

1908 йилдан 1912 йилгача Марсель Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Шанпитте коллежида таълим олди. Сўнг ўқишни Марселдаги Тиер лице­йида фалсафа йўналишида давом эттиради. Кейин Экс-ан-Прованс университетининг ҳуқуқшунослик факультетига киради. Бироқ, университетни битира олмайди. Биринчи жаҳон уруши бошланиб, Марсель кўнгиллилар қатори фронтга жўнайди. Дарданелла бўғозида хизмат қилади. Соғлиги ёмонлашганлиги сабабли армиядан қайтади. Тугалланмай қолган ўқишини тамомлайди.

Брион 1920 йилда Марсель шаҳар судида адвокат бўлиб иш бошлайди. Сўнг бу хизматдан воз кечиб, ўзини адабиёт ва санъатга бағишлайди. 1924 йилдан бошлаб журналларда илк машқлари босилиб туради. У маслакдошлари билан “Les Cahiers du Sud” (Жанубий ёзмалар) журналига асос солди. Бу журнал нафақат Францияда, балки жаҳон миқёсида ҳам обрўли нашрлардан ҳисобланади. Журнал таҳририяти Франция жанубидаги қадимий Арл шаҳрида жойлашган. Марсель Брион мазкур журнал билан ўттиз йил ҳамкорлик қилди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Брион Марсель шаҳри радиосида ватанпарварлик руҳидаги махсус рукн очган ва уни бошқарган. Француз қўғирчоқ ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун асарларини чоп этиш таъқиқланган.

Брион йигирма йил давомида “Икки дунё” ва “Адабиёт янгиликлари” журналлари билан ҳамкорлик қилди, яна йигирма йил “Le Monde” газетасида “Чет эл адабиёти” рукнини бошқарди. 1964 йил Франция фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига сайланди.

Марсель Брион 1984 йил 23 октябрда, Парижда, саксон тўққиз ёшида оламдан ўтди.

Ватани олдидаги хизматлари инобатга олиниб, Марсель Брион “Фахрий Легион”, “1914-1918 йиллар урушидаги жасорати учун”, “Адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Кўп қиррали иқтидор эгаси Брион 1920 йилдан бошлаб ҳар йили биттадан китоб ёзган. Олим қатор романлар, пьесалар, адабий-танқидий асарлар ҳам битган. Унинг ижодини уч йўналишга бўлиш мумкин: бадиий асарлар; адабий-танқидий асарлар; тарихий асарлар. Олим яна Тициан, Микеланжело, Рембрандт, Макиавелли, Леонардо да Винчи, Моцарт каби таниқли шахслар ҳақида тарихий биографик асарлар битган.

Брион асарлари дунёнинг кўп тилларига, таржима қилинган.

Марсель Брионнинг “Амир Темур” (Tamerlan) номли китоби 1942 йилда эълон қилинган. Бу асар 1963 йили тўлдирилган ҳолда “Асрлар солномаси” туркумида “XIV аср. Тарихни яратган кишилар” рукнида нашр этилган. Китобнинг “Кириш” қисмини академик Жерар Вальтер ёзган. Рукндан, асосан, Брионнинг “Амир Темур портрети” (84х 108 1/32 форматдаги 78 саҳифа) номли асари жой олган бўлиб, унга “Амир Темур ғаним кўзи билан: Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” асари (211-236-бетлар), ҳамда “Амир Темур тузуклари” (237-274-бетлар), “Амир Темур Маршал Бусико нигоҳи билан” (275-278-бетлар), “Амир Темур ва унинг саройи Султония архиепископи назарида” (279-302-бетлар), “Амир Темур ва унинг саройи испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо тасвирида” (303-356-бетлар) каби бўлимлари илова сифатида киритилган. Иловалар аслиятидан француз тилига таржима қилинган.

2011 йил “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли асари ўзбек тилида чоп этилди. Бу “янги” асарни Фарҳод Рўзиев ва Фозил Тиловатов ўзбекчалаштирган.

Ўтган давр ичида тўрт маротаба нашр этилган бу асарнинг қайси тилдан таржима қилинганлиги кўрсатилмаган. Маълум бўлишича, у рус тилидан ўгирилган экан. Русча варианти Эрондаги “Мастоуфи” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, нашр этиш ҳуқуқини гўёки “Марсель Брион меросхўрларидан сотиб олган”.

Мазкур китоб тузилиши жиҳатидан шарқона “номаларни” ёдга солади. Гўё уни етмиш ёшга тўлган Соҳибқирон Амир Темур ўз қўли билан битган эмиш. Асар Амир Темурнинг болалик йилларидан бошланиб, Хитойга юриши арафасида якунланади.

Асарнинг ўзбекча нашрига ёзилган сўзбоши ва таржимада қатор анг­лашилмовчиликлар бор. Жумладан, “Улуғлашга лойиқ инсон, саркарда ва давлат арбоби ҳақида асар” номли сўзбошида (тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов, иқтисод фанлари номзоди Фарҳод Рўзиев) “Тамерлан” асарининг биринчи таҳририни Марсель Брион 1942 йили, тўлдирилган ва қайта ишланган ушбу романини 1963 йили Париждаги Албин Мишелга қарашли “Wraitten in French” босмахонасида чоп эттирган” деб ўтилади.

Биринчидан, Марсель Брион “Тамерлан”и роман эмас, балки очерк ва солномалардан олинган парчалардан иборат тўпламдир.

Иккинчидан, ўзбекча таржима сўзбоши муаллифлари таъкидлаганларидек, асарнинг 1963 йилдаги нашри Париждаги Албин Мишелга қарашли “Wraitten in French” босмахонасида эмас, балки “Albin Michel” номли наш­риётда чоп этилган. “Wraitten in French” эса босмахона номи эмас – балки китоблар охирига қўйиладиган эслатма бўлиб, “Француз тилида ёзилган” деган маънони билдиради.

Асарнинг “Болалик йилларим ва шайх Шамсиддиндан сабоқ олган давр­ларим” деб номланган биринчи бобининг охири қуйидагича якунланади:

“Отамдан илтимос қилиб, шу масалани бир-икки йил тўхтатиб туришларини сўрадим. Чунки уйланиш йигитнинг кучини кесиб, уни заиф қилиб қўяди, деб ҳисоблар эдим. Бироқ кейинчалик Султония шаҳрининг насроний епископи билан қилган суҳбатим асносида билдимки, ўз вақтида уйланиш йигитнинг жисмоний қувватини камайтирмас экан”.[1]

Юлдузча белгиси остида таржимонлар қуйидагича изоҳ беради: “Султония шаҳрининг насроний епископи Амир Темур Кўрагон билан қилган қизғин суҳбатлари таъсирида жуда қимматли эсдалик ёздириб қолдирган. Биз айни шу жойда мазкур мемуарни эътиборингизга ҳавола этамиз ва у Марсель Брион томонидан Франция Миллий кутубхонасидан топилганини ва ўзбек тилида илк бор ўқувчилар этиборига (?) ҳавола этилаётганини эслатиб ўтмоқчимиз”.

Аслида эса Султония шаҳрининг архиепископи Иоанн Амир Темур томонидан Франция қироли Карл VI ҳузурига элчи сифатида юборилган ва унга Соҳибқироннинг мактубини етказган. Руҳоний Иоанн 1403 йил май ойининг бошида Парижда пайдо бўлади. У Амир Темурнинг тамғаси босилиб, зарҳал ҳарфлар билан битилган ишонч ёрлиғини Франция қироли Карл VIга топширади. Архиепископ қирол саройида Карл VI, Берри, Бургундия, Орлеан, Бурбон, Британия герцоглари, яна кўплаб бошқа юқори мансабли шахслар ҳузурида нутқ сўзлаб, ташрифининг икки сабабини баён қилади: биринчиси, Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасини маълум қилиш, иккинчиси, Франция қиролини ўз кўзи билан кўриш ва у ҳақида Амир Темурга сўзлаб бериш. Архиепископ, Карл VIнинг топшириғига биноан “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар” китобини ёзган.

“Хотиралар” Франция Миллий кутубхонасининг француз фондида 5624 (fol.63 Ve) ва 12201 (fol.84 Ie) рақамлари остида сақланади. Иккита қўлёзмасини 1894 йил француз шарқшуноси Хенри де Моранвиле топган ва бу ҳақида Франция академиясида маъруза қилган.[2] Хенри де Моранвиленинг гувоҳлик беришича, архиепископ ўзининг “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар”ини француз тилида битиб, соф француз тилида маъруза қилган.

Кўриниб турибдики, ўзбек таржимонлари бу далилларни нотўғри шарҳлаб, китобхонни чалғитишади. Қолаверса, китоб мутаржимларининг Султония архиепископи Иоан “Хотиралари” анча илгари ўзбек тилига эски француз тилидан бевосита таржима қилиниб, республикамизда уч бора эълон қилинганлигидан хабарлари йўққа ўхшайди. Зеро “Хотиралар” илк бора “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида (Амир Темур ва унинг саройи. 13 май, 2005), сўнг “Жаҳон адабиёти” журналида (Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар // Жаҳон адабиёти, 2007 й. №4, 125-140 б.) ва тўлдирилган варианти Ғафур Ғулом номидаги НМИУ (Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар// “Амир Темур Европа элчилари нигоҳида” китобида, 2007 й. 169-195 б.) томонидан нашр этилган.

Бундан ташқари, асарнинг биринчи боби сўнггида “Султония епископининг эсдалиги” келтирилиб, унда шундай дейилади: “Самарқандда Испания элчиси Клавихони ҳурмат эҳтиром билан қабул қилиб, ундан: “Бизнинг севимли ўғлимиз Кастилия қиролининг аҳволи қандай?” – деб сўраганини ўзим эшитдим”.[3] Биринчидан, “Султония архиепископи Иоаннинг Амир Темур ҳақидаги эсдаликлари” асарининг русча вариантида Амир Темур сўзи сўнггидаги “…деб сўраганини ўзим эшитдим” жумласи йўқ. Иккинчидан, Иоанн ҳеч қачон Самарқандда бўлмаган ва шу сабабли Соҳибқирон билан Клавихо ўртасидаги суҳбатни “ўзи эшитиши” мумкин эмас. Учинчидан, эсдаликнинг на русчаси ва на ўзбекчаси аслиятига мос эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Хенри де Моранвиленинг юқорида келтирилган асарига ҳамда архиепископ хотираларининг ўзбек тилида эълон қилинган нашрларига мурожаат қилиш кифоя.

Энг асосийси, Марсель Брион “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли китобни ёзган ҳам, “тузган” ҳам эмас. Агар тузганда ҳам унга русча матннинг сўнггида келтирилган бўҳтон гапларни киритмаган бўларди. Зеро, юқорида эслатиб ўтганимиздек, Брионнинг 1963 йилда эълон қилган китобида, бошқа асарлар парчалари каби, архиепископ хотиралари ҳам келтирилган. Брион Амир Темурни чуқур ҳурмат қилган (буни унинг “Амир Темур” китобини ўқиган одам билади). Бундан ташқари, епископ Амир Темурнинг Европадаги элчиси бўлган. Қайси бир элчи ўз давлати раҳбари ҳақида бўҳтон гапларни айтиши ёки уларга чидаб туриши мумкин?!

“Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” ношири Забиҳулла Мансурий француз адиби Марсель Брион номидан усталик билан фойдаланган. Асарнинг русча матнига сўзбоши битган Абд ул-Жалил Абд ул-Рашид ва номаълум таржимон эса унга “Марсель Брион билмаган айрим фактларни киритиб, тўлдирганлар”.

Бизнинг шу мавзудаги мақоламиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида босилганидан сўнг буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги гапларга бефарқ бўлмаган профессорлар, иқтисодчилар, темуршунослар, ҳатто талабалардан келган акс-садолар республикамиз газета-журналларида чоп этилди. Улар ҳам “китобни тайёрлашда форс таржимонлари Амир Темур ҳаётига доир ҳар хил олди-қочди, “қўлига илинган манбалардан фойдаланишган”ини тўғри қайд этганлар.[4] Ҳақиқатан ҳам китобнинг қатор боблари “Темур тузуклари”ни ёдга солади. Мазкур боб­ларда, ҳатто “Тузуклар”нинг услуби ҳам сақланган. Масалан, олтинчи боб: “Азиз фарзандларим! Сўзларимни яхшилаб қулоғингизга қуйиб олинг, мендан сўнг мамлакатни бошқариш сизнинг зиммангизга тушади, шунинг учун мен ўрнатган тартиб-қоидаларга амал қилинг, унинг (?) (уларнинг) бошқалар томонидан ҳам бажарилиши (?) (бажарилишини) қатъий назорат қилиб боринг…”[5]

Китобда тарихий ҳақиқатга зид қатор воқеалар, жумлалар келтирилган. Жумладан, Самарқандга, Амир Темур ҳузурига Шомдан икки “машҳур сайёҳлар, таниқли олимлар” ташриф буюришади. Китобда ёзилишича “Кейинроқ маълум бўлдики, меҳмонларнинг бири – ҳалаб фуқароси, иккинчиси эса дамашқлик экан. Инсон тақдирида кўп ажиб сир-синоатлар борким, уларни англашдан ожизмиз. Хусусан, ўша куни Самарқандда кўришганим икки сайёҳнинг авлодидан иккита олим чиқиб, иккиси ҳам мен ҳақимда китоб ёзиши хаёлимга ҳам келган эмас… Сайёҳлардан бири шомлик Камолиддин хонадонида улғайган Низомиддин Шомий мен ҳақимда “Зафарнома” китобини ёзди. Дамашқлик Арабшоҳ хонадонида дунёга келган фарзанд, ҳозирда Ибн Арабшоҳ номи билан машҳур олим эса мен ҳақимда китоб бошлаб, ҳали ёзиб тугатгани йўқ. Мен бу китобни кўрганим йўқ, аммо унинг ўзи бу китобни “Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) деб номламоқчи эканини айтди”.[6]

Амир Темур номидан айтилган бу “тўқима” гаплардан ташқари китобда қатор тарихий шахслар ва жой номлари ҳам бузиб талқин қилинади. Масалан, Каспий денгизининг номи гоҳ Хазар, гоҳ Абескун денгизи деб берилади.

Энг ачинарли жиҳати, Соҳибқироннинг фарзанди Умаршайх исмининг бузилишидир. У китобда ҳар доим “Шайх Умар” деб кўрсатилади. Темуршуносларнинг барчаси исмини Умаршайх деб атаганлари ҳолда таржимонлар бу исмга қуйидагича изоҳ беради: “Айрим тарихчилар ўз асарларида Амир Темур ўғли Шайх Умарни Умар Шайх деб атайдилар”. Бу билан Умаршайхни дин арбоби Шайх Умарга айлантириб қўядилар.

Китобда ёзилишича, Амир Темур – шафқатсиз ҳукмдор, бераҳм ота. У ҳатто ўз фарзандларига ҳам шафқат қилмайди. Жанггоҳларда амирзодалар Умаршайх, Жаҳонгир ва Мироншоҳларни ҳеч иккиланмай аниқ ўлимга йўллайди. Нишопур учун жангда Жаҳонгирга шундай дейди: “Ҳар қанча довюрак, эпчил бўлмагин, қамал қилинган қалъани ишғол қилиш чоғи ўзинг олдинги сафда борма! Бемъани ўлим топасан…” Бироқ, шу ернинг ўзидаёқ: “…ҳарбий бўлинма бошлиқларим, жангчиларим жангда мен ҳатто ўғлимни ҳам қурбон қилишга тайёр эканимни кўришлари, оддий жангчи билан менинг ўғлим ўртасида фарқ йўқлигини англашларини истайман”[7] дейди. Форсда Шоҳ Мансур билан жангга отланган Мироншоҳга Соҳибқирон қуйидагича ўгит қилади: “Ўғлим бўлишингга қарамай, сенинг жанг майдонида ўлишинг мен учун бир жангчимнинг ўлими билан тенг”. Шу заҳотиёқ унинг ўлими ҳақида Самарқандга хабар беришга шайланади: “Мен ўша ондан эътиборан, унинг онасига ўғлининг ўлими ҳақида мактуб жўнатишга тайёрлана бошладим”.[8]

Китобда Амир Темурнинг Саъад Ваққос исмли ўғли бўлганлиги ҳақида сўз юритилади. “Кеч тушган пайт ўғлим Саъад Ваққосни ҳузуримга чорладим. У менинг ўғилларим орасида энг кичиги – энди 18 ёшга тўлди”[9] “Саъ­ад Ваққос жавоб қилди: “Эй, Амирим! Хотиржам бўлинг, мен ҳамма ишни Темурнинг ўғли деган унвонга муносиб тарзда амалга ошираман!”[10] Бу сохта ўғилнинг яна шундай аянчли қисмати ҳам тўқиб чиқарилганки, бундан мақсад Амир Темур сиймосини хиралаштириш эканлиги сезилиб туради.

Китобдаги чалкашликларни яна давом эттириш мумкин. 1376 йилда хас­талик туфайли оламдан ўтган Жаҳонгир орадан ўн бир йил ўтиб, 1387 йилда Исфаҳонда жанг қилиб юради. Турклар Соҳибқиронга туркча мурожаат этса, у форсча жавоб беради. Энг қизиғи, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” китобидан нафратланади. Араб тилини билмаган мусулмонларни беш вақт намозни канда қилмасалар-да, ғайридинликда айблайди.[11]

Китобда Амир Темур қонхўр инсон, умрини фақат жангу жадалда ўтказишни хоҳловчи саркарда сифатида тасвирланган. Бунга асардан жой олган йигирма олти бобнинг йигирма бештаси мисол бўла олади. Улар мос равишда “Бухоро шаҳрининг забт этилиши”, “Чоч учун жанг”, “Фирдавсий юртига сафар ва Нишопур учун жанг”, “Жанубий Хуросонга юриш”, “Исфаҳон учун жанг”, “Мўғул ҳукмдори билан жанг”, “Қипчоқлар мамлакатидаги жанг” ва ҳоказолар. Хуллас, Соҳибқирон жангларсиз яшолмайди.

Чоч учун жангдан сўнг Соҳибқирон етти йил давомида Мовароуннаҳрда ободончилик ва қурилиш ишлари билан машғул бўлади. “Аммо у ёши етмишни қоралаган пайт, ўша етти йиллик умри беҳуда кетганига ачинади. Зеро, бу муддат менинг энг гуллаб яшнаган, вужудим роса кучга тўлган давримда ўттиз уч ва қирқ бир ёш оралиғида кечганидан таассуфдаман”. Сўнг таржимонлар асарнинг русча вариантида бўлмаган қуйидаги жумлани қўшимча қиладилар: “Ахир ўзингиз ўйланг, мана шу даврни жангу жадаллар билан кечирсам салтанатим сарҳадларини яна қанчалар кенгайтиришим мумкин эди”.[12]

Анқара жангида Боязиднинг мовароуннаҳрликларга қарши муҳоробада жанг араваларидан фойдаланганлиги эса ҳақиқатдан мутлақо йироқ. “Олд қисмида ўрнатилган ўроқсимон катта металлнинг ўткир тиғлари йўлида йўлиққан ҳамма нарсани ўриб, яксон қилишга қодир”.[13] Бундай жанг аравалар қадимги тарихда македониялик Александр томонидан қўлланилган бўлиб, Анқара жанги ҳақидаги манбаларда эса бу тўғрида ҳеч бир эслатма йўқ.

Бу сохта асарни русчадан ўзбекчага ўгиришда ҳам қатор камчиликларни учратиш мумкин.

Хусусан, “Хуросонга иккинчи сафарим ва Сабзаворга юришим” номли саккизинчи бобда Умаршайх қирқ минг суворийдан иборат лашкар билан Сабзавор яқинида жойлашган Мазинанга кириши лозим эди. Бироқ ундан дарак бўлмагач Соҳибқирон Умаршайхдан хабар олиш учун Жаҳонгирни қирқ минг кишилик суворий билан Мазинанга жўнатади. Асарнинг ўзбекча таржимасида Жаҳонгирнинг қирқ минг кишилик лашкари тўрт мингга айланиб қолган.[14]

Айнан шу бобдан олинган қуйидаги бошқа бир мисол ҳам таржимонларнинг математикадан олган билимлари у даражада юқори эмаслигидан дарак беради. Русча матн:

“Я сказал глашатаю: “То, что я скажу сейчас Мухаммаду, повтори громко для сведения эмира Сабзевара.”, затем я изложил следующее повествование: “Мой предок Альп-Арслан триста пятьдесят лет тому назад воевал с правителем Византии Диогеном IV и победил и пленил его”.[15]

Ўзбекча матн: “Жарчига сўзларимни такрорлаб туришни тайинлаб, бир воқеани сўзладим. Жангчи уни баланд овозда такрорлаб турди: “Муҳаммад! (Сабзавор амирининг акаси – изоҳ бизники) Менинг аждодим Алп Арслон бундан эллик йил муқаддам Византия қироли Диоген IV билан жанг қилиб, уни енган (?) (енгган) ва асир олган экан”.[16]

Бизнингча бу ерда изоҳга ҳожат йўқ.

Таржимонлар баъзи сўз ва ибораларни рус тилида бериб юборганлар.

Русча матн: “Буря длилась целый день и целую ночь…” [17]

Ўзбекча матн: “Бўрон бир сутка кўзни очиргани қўймади, – деди у”.[18]

“Яъжуж ва Маъжуж деворини бориб кўрдим: унинг баландлиги ўн заръ ва эни уч заръ бўлиб катта харсангтошлардан кўтарилган экан. Тошлар бир-бирига эритилган свинец қоришмаси билан бириктирилган. Мен бориб кўрган пайт деворнинг айрим қисмлари бузилган, аммо уни ҳали ҳам ошиб ўтиш мушкул, прозли заряд билан портлатибгина бу мақсадга эришиш мумкин эди”.[19]

Ўзбекча таржимадаги имло хатолари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яқинда “Ёшлар” телеканалидаги “Ёшлик наволари” дастурида ёш хонанда Баҳриддин Зуҳриддиновнинг бир қўшиғи берилди. Савияси ҳаминқадар бу қўшиққа ишланган клипда қизнинг изидан қолмай юрган йигит, етиб олгач қизнинг қўлидаги китобни сўрайди. Қизнинг қўлида эса “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” китоби турибди. Бу қандай реклама бўлди? Кейинги пайтда, мазкур сохта китобнинг тарғиботи шу даражадаки, ҳатто “Марсель Брион” деган қўшиқлар ҳам пайдо бўлди. Ёш тадқиқотчи Т.Мўминов эса “Адолат салтанати” мақоласида шундай ёзади: “Франция­лик темуршунослар ёзган асарлар ичида профессор Марсель Брион китоблари алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шахси, ҳаётий фаолияти, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда тутган йўлига оид маълумотлар ўрин олган. Бундай муфассал маълумотлар бошқа насрий манбаларда кам учрайди. Воқеалар Амир Темур номидан ҳикоя қилиниб, оммабоп услубда ёзилган”.[20] Марсель Брионнинг қайси китоб­лари, асарлари назарда тутилаётир? “Муфассал маълумотлар…” дея урғулашнинг ўзи мунозарали. Умуман, мақолада Марсель Брион китобига илмий манбадек қаралган, ваҳоланки, бундай ёндашиш хатолиги китобнинг кириш қисмида айтилган.

Ушбу китобнинг қанчалик ҳаётий эканлиги илгари ҳам таниқли адиб ва олимларимиз томонидан шубҳа остига олинган. Асар “Менким, фотиҳ Темур” номи билан қисқартирилган ҳолда 1995 йил “Шарқ юлдузи” журналининг 1-2-сонларида босилган. Унга ўз фикрини билдирган адиб Муҳаммад Али шундай ёзади: “Темурнинг Ибн Арабшоҳ китоб ёзгани ҳақида гапириш ноўрин, чунки 1436 йилда ёзилган китоб ҳақида Амир Темурнинг маълумот бериши анахронизмдан бошқа нарса эмас. Хулоса шулки, ушбу асар Амир Темур томонидан эмас, балки аноним автор томонидан ёзилган деган фикрга боради киши. Бунга асарнинг келиш йўли – туркийси топилмагач, инглизчадан французчага, ундан форсчага, ундан ўзбекчага таржима қилиниши – далолатдай туюлади”.[21]

Ҳаким Сатторийнинг фикрича ҳам ушбу китоб “…Соҳибқироннинг ҳақиқий ҳаётидан чала хабардор киши томонидан ёзилганга ўхшайди”.[22]

Пиримқул Қодиров “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур”нинг 1971 йил Теҳронда нашр этилган форсча – “Манам Темури Жаҳонкушо” матнини ўқиган. У кишининг таъкидлашича “…М.Брионнинг мазкур китобида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учрайди”.[23]

Энг сўнггиси, Марсель Брионнинг ҳеч қачон “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли китобни тузмаганлигини “Марсель Брион кутубхонаси” номли Жамғарма ҳам тасдиқлайди. “Марсель Брион асарлари рўйхати”да “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли китоб йўқ. Буни Жамғарма мутасаддилари билан боғланиб, аниқлаш қийин эмас.

“Марсель Брион кутубхонаси” Жамғармасининг раиси жаноб Андре Вайс котиби Дорис Якубек. Жамғарма телефон рақами: 021 721 05 53.

Амур Темур шахсиятига юксак баҳо берган Марсель Брион “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” асарида тасвирлангандек мантиққа тўғри келмайдиган жиҳатларни ёзмаганлиги аниқ.

Бу фикрларни инобатга олиб, ушбу асар мутаржимлари китоб таржимасига киришдан олдин темуршунос олимлару адиблар ва шу соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб иш кўришганида, фойдадан холи бўлмас эди.

* * *

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб Марсель Брион ўз қўли билан ёзган Амир Темур ҳақидаги очеркни журналхонлар эътиборига ҳавола этмоқдамиз.

 

XIV АСР. ТАРИХНИ ЯРАТГАН КИШИЛАР АМИР ТЕМУР[24]

Кириш: Аср тақдирини ҳал қилган инсон[25]

XIV aср тақдири Шарқда ҳал бўларди. Ғарбда инсонлар охири кўринмас сулолавий жангларнинг қонли ботқоғига ботиб юрган бир пайтда, шарқликлар эски салтанатларни қилич ва олов билан бузиб, янгиларини тикламоқда эдилар. Ана шу пайтда Осиёнинг марказидан отилиб чиққан Амир Темур ўзининг тарихий вазифасини мувафаққиятли ўтади.

Амир Темур билан Боязид ўртасидаги келишмовчиликлар тарихи узоқдан бошланади. Тарихдан яхши маълумки, XIV aср охирида Усмонли турк султонлари Европага кўз тикди. 1396 йили ҳозирги Болгария ҳудудида жойлашган Никополь шаҳри яқинида Европа қиролларининг бирлашган қўшинлари билан турк лашкарлари ўртасида шафқатсиз жанг бўлиб ўтди. Бу муҳорабада турк қўшинлари зафар қучди. Шундан сўнг улар Шарқий Рим империясининг пойтахти Константинополь (ҳозирги Истамбул) шаҳрини қўлга киритиш учун юриш бошлади. Шаҳар қамал қилинди.

Константинополь қамал қилингач, византия императори Мануэль Палеолог ёрдам сўраб, Европа пойтахтлари томон йўл олди. У дастлаб Венецияга, сўнг Парижга келади. Бу пайтда Франция қироли Карл VI узоқ муддат бетоб бўлиб қолади. Мануэль қирол билан учраша олмайди. Узоқ кутиш наф бермайди.

Парижда вақтини бекорга ўтказаётганини англаган Мануэль Англия қиролига мурожаат этишга қарор қилади. Генри IV уни қабул қилишга розилик беради.

Инглиз қироли ваъдаларни катта қилди. Аскарлар, кемалар ва маблағ беражагини билдирди. Бироқ, Генри IV ўз ваъдаларини бажаришга шошилмади. Тўғри, қироллик хазинасидан Мануэлга катта миқдорда пул ажратилди. Аскарларга келганда, Мануэлга қирол ваъда қилган ҳарбий ёрдам қачон юборилиши ҳозирча номаълум эканлигини, бу ҳақида унга керакли вақтда хабар берилажагини маълум қилишди.

Мануэль тушкунликка тушгани йўқ. У қиролнинг ваъдасига ишонар ва бунинг учун фақат кутиш керак, деб биларди. Кутиш учун эса Париждан яхши жой йўқ эди.

Узоқ давом этган хасталикдан қутулган Карл VI бу хабарни эшитиб хурсанд бўлди ва Константинополга жўнатилажак инглиз қўшинига раҳбарлик қилишни Маршал Бусикога топширишга қарор қилди. Шу муносабат билан Мануэль Византияда қолган дўсти ва сирдоши Крисолорасга Париждан қуйидаги мазмунда мактуб йўллади: “Ҳамма ишлар жойида. Ушбу нома қўлингга теккач, кўп ўтмай биз ҳам етиб борамиз”.

Бироқ вақт ўтар, ваъда қилинган инглиз ёрдамидан эса дарак йўқ эди. Шу орада Мануэль Лондондан хат олди: “Қирол ҳазрати олийларининг ўзлари ҳам кўп сонли рақибларга қарши курашишга мажбур бўлганликлари сабабли сизга ваъда қилинган ҳарбий ёрдамни бера олмасликлари учун узр сўрайдилар”.

Умидлар пучга чиққан эди.

Мануэль яна Венецияга мурожаат қилди. Унинг қайғусига ҳамдард бўлсалар ажаб эмас! Республика Сенати унга чуқур ҳамдардлик билдириб, Венеция ҳарбий кемалари (атиги икки дона…) Константинополь ҳимоясида иштирок этаётганини эслатди, холос. Мануэль мурожаат этган Флоренция коммунаси ҳам таъсирли ҳамдардлик билдирди: “Уят! Қандай замонларга қолдик! Исо Масиҳнинг номи булғанмоқда, форслар ва трояликларни енгган қудратли ва шавкатли Эллада жон бериш арафасида турибди! Флоренция халқи бутун вужуди ила сиз билан бирга. Иложи бўлганда эди у сизга бор имконияти доирасида ёрдам берарди. Бироқ унинг ўзига ҳам бутун Италияни ўз зулми остига бирлаштирмоқчи бўлган бошқа бир “Боязид” таҳдид солмоқда”.[26]

Мануэлнинг ягона умиди эса Франциядан эди. Бироқ кузнинг бошида Карл VIнинг яна телбалик касали қўзғаб қолди, Константинополни халос этиш ҳақида энди гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Қиш ҳам кирди. Барча уринишлари бесамар кетган Мануэль Парижда қолиб кетди.

Бу орада Константинополь қамали давом этар, Боязид шаҳарни очарчиликка маҳкум этган эди. Маршал Бусико қолдирган “лашкарлари” атиги икки юз кишидан иборат бўлиб, ҳақиқий аскарларнинг сони юзтадан орт­масди. “Бу лашкарнинг бошлиғи Шатоморан исмли шахс катта имкониятларга эга бўлиб, (ёрдам қидириб кетаётган Мануэль Палеолог маршал Бусиконинг тавсиясига биноан унга генуяликларнинг Перадаги банкларидан катта миқдорда кредит олиш ҳуқуқини берган эди), ундан фақат ўз шахсий бойлигини орттириш йўлида фойдаланди ҳамда амакисининг ўрнига вақтинчалик император бўлиб қолган Жан (Иоан) Палеологни ўз ҳолига ташлаб, жуфтакни ростлаб қолди. Иложсиз қолган Жан шаҳар дарвозаларини туркларга очиб бериш арафасида эди. Сўнгги дақиқаларда у ўз фик­ридан қайтди.

Дунё буюк аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеа, икки гигант – Амир Темур ва Боязид тўқнашуви арафасида турарди.

Марсель Брионнинг қўлингиздаги асарида бу ҳақида ҳикоя қилинади.

Қуйида биз шу воқеа таҳлилига оид айрим мулоҳазаларимизни баён қиламиз.

Қудратли фотиҳ (Амир Темур – Б.Э. изоҳи) ҳал қилувчи жангга ҳар тарафлама ва эҳтиёткорлик билан тайёргарлик кўриш лозимлигини жуда яхши биларди. Қанчадан-қанча зафарларни қўлга киритиб, қатор халқлар ва давлатларни забт этган жаҳонгир бу жангга енгил-елпи кира олмасди. У усмонли турклар давлатининг ҳар бир қадамини диққат билан кузатиб борарди. Боязиднинг муваффақиятларидан, айниқса унинг Никополда қучган зафаридан у “Муроднинг ўғли” (Темур рақибини шундай аташни одат қилган эди) ўзи шу пайтгача забт этган Осиё давлатларига қараганда жанговар, жасур, яхши қуролланган ва тажрибали қўшинга эга эканлигини биларди.

“Анқара инқирози”нинг бошида Амир Темур Боязидга қарши курашишни шахсан хоҳламаган кўринади, зеро унинг фикри-ёдини кўпдан бери Хитойга юриш банд этган эди.

Шарафиддин Али Яздий туфайли Амир Темурнинг замонавий машҳур солномачилари у билан Боязид ўртасидаги тўқнашувнинг асосий сабаби султоннинг Соҳибқирон ҳимоясида бўлган салжуқий хонларга нисбатан ёмон муносабатида, деб кўрсатишади.

Амир Темурнинг Жан (Иоан) Палеологга йўллаган ва замонавий муаррихлар эътиборидан четда қолган мактуби бу тўқнашувга ўзгача нигоҳ ташлашга имкон яратади.[27] Аввало инқирознинг юзага келишида Византия­да жойлашган генуяликлар колониялари раҳбарлари ўйнаган ролга эътибор бермоқ керак. Михаил Палеолог Константинополни қўлга киритгач, Рим империяси парчаланиб кетди, венецияликларнинг Византия бозорларидаги якка ҳокимлигига барҳам берилиб, генуяликлар ўзларининг эски рақибларига нисбатан катта қулайлик ва енгилликлардан фойдалана бошладилар. Константинополнинг турклар қўлига ўтиши эса генуяликларнинг тижоравий фаолиятига бутунлай чек қўяр ва венецияликларнинг бу ерларга қайтишига қулай имконият яратарди.

Шунинг учун ҳам Жан (Иоан) Палеолог Константинополни усмонли турклар қўлига топширишга аҳд қилганидан хабар топган генуяликлар уни бу йўлдан қайтардилар ва Амир Темур билан алоқа ўрнатишга ундадилар. Византия шу пайтгача Боязидга тўлаб келаётган хирожни Амир Темурга тўлаб, унинг ҳимоясига ўтса нима қилибди? Византияга ҳеч қачон кўз олайтирмаган Амир Темур уни ўз ҳолига қўяр, Боязид эса, аксинча, шаҳарга кирар-кирмас Иоандан уни тарк этишни талаб қилган бўларди. Иоан Палеологга бу таклиф маъқул тушди ва у саройда эгаллаган мавқеи бизга номаълум Франческо исмли руҳонийни Амир Темур ҳузурига йўллади. Биродар Франческога Соҳибқирон билан шартнома тузиш учун “шароитни ўрганиб чиқиш” топширилди.

Денгиз орқали Трабзонга етиб келган руҳоний сафарини давом эттиришда қатор қийинчиликларга учраган. У бу ҳақида Амир Темурга сўзлаб берган. Соҳибқирон Франческони илиқ кутиб олган. Руҳоний Константинополга қайтиб келган ва орадан кўп ўтмай Жан (Иоан) Палеологнинг расмий мактуби билан Амир Темур ҳузурига қайтиб борган. Мактубда император Византия ва Перадаги генуяликлар шу пайтгача Боязидга тўлаб келган хирожни бундан буён Амир Темурга тўлашга сўз берган эди.

Амир Темур “император Мануэлнинг лейтенанти”га унинг таклифига умуман рози эканлигини, бироқ ҳали ҳам Боязид билан тил топишишга уриниб кўриш лозимлигини билдиради. “Агар, – деб ёзган эди Соҳибқирон ўз мактубида, – султон Константинополь қамалини кўтариб, лашкарлари эгаллаган шаҳар ва қалъаларни қайтариб, Византияга етказилган зарарларни қопласа, гап тамом, менинг у билан ишим бўлмайди”.

Шу маънода Боязидга элчилар ҳам йўлланди. Бироқ султон бу таклифга қатъий рад жавоб қилди. Энди уруш очишдан бошқа чора қолмаганди.

Боязидга қарши уруш очишга тайёргарлик кўраётган Амир Темур денгизда ҳам кураш олиб боришга тўғри келишини яхши биларди. Бунинг учун кучли ҳарбий кемаларга муҳтож эди.

Шу маънода у Перадаги генуяликларга чопар йўллаб, улардан тўлиқ қуролланган йигирмата кема беришни талаб қилган. Шундай талабнома Трабзон императорига ҳам жўнатилган.

Амир Темур ўзига шу пайтгача мутлақо етишмай турган бу ҳарбий денгиз кемаларини турк қўшинларига қарши Оврупaдан Осиёга ўтиш йўлини тўсиш учун қўлламоқчи бўлган, у айнан шу ердан зарба беришни мўлжаллаган эди.

Кўриниб турибдики, Амир Темур Боязид қўшинларига Босфор бўғозида – Европaдан Осиёга ўтиш йўлида ҳужум қилмоқчи бўлган. Шу сабабли Амир Темур Византиянинг муваққат императори Жан (Иоан) Палеологга мактуб йўллаган. Мактубда шундай дейилган:

“Император Мануэлнинг лейтенантига.

Сен йўллаган руҳоний Франческо ҳузуримизга келди ва сенинг мактуб­ларингни бизга етказди. Биз аларни ўқиб чиқдик ва ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилдик. Ушбу орқали сенга шуни маълум қилурмизки, мактубингни ўқиб чиққач, бизнинг умуминсоний манфаатлар хусусидаги қизиқишимиз бисёр ортди. Биздаги бу қизиқиш руҳоний Франческонинг илк ташрифидан сўнг анча кучайган эди. Трабзон императори унга кўп тўсиқлар қўйибди, биз бундан қаттиқ ранжидик. Биз унга чопар йўллаб, яхши қуролланган йигирмата кема беришни амр қилдик. Амримиз ижобат этилиб, элчиларимиз Трабзондан қайтиб келдилар ва энди Йилдирим устига юриш қилишга тайёрмиз. Вакилларинг ҳузуримизга ташриф буюргач, келгуси амалларни алар билан келишиб олурмиз. Ушбу мактубни сенга руҳоний Франческо эмас, ўзга бир киши етказишидан ажабланма. Мен уни (Франческони – Б.Э.) элчиларим билан бирга Йилдирим Боязиднинг ҳузурига жўнатдим. У тез орада элчилар билан қайтади, аниқ маълумотлар олиб келади. Руҳоний ул элчиларга сенинг номингдан шундай дебди: “Константинополь ва Пера томонидан Боязидга тўлаб келинган хирож бундан буён буюк ҳукмдор Темурга тўланади”.

Биз бунга ўз розилигимизни билдирдик, зеро Боязиднинг мушкули осон бўлғай. Боязид сенга кун бермаётган экан, мен унга қарши уруш очмоқчиман. Бироқ у сенга барча шаҳарлар ва истеҳкомларни қайтариб берса, сенга етказган барча талофатларини қопласа, менинг у билан ишим бўлмайди. У сенинг мол-мулкингни қайтаргани ҳақида менга хабар бер. Очиғини ёз. Зеро менинг одамларимга Трабзонда кўрсатилган қаршиликдан сўнг, бу шаҳар бошлиғини ўзимга итоат қилдирдим, токи сен кемаларни бизга жўнатишда заррача ҳам азият чекмагин. Менга ёзадиган мактубинг аниқ-равшан бўлсин, зеро Трабзон императори ҳам ўз лашкарлари билан биз тарафга ўтади. Шундай экан, ўзаро келишувимиз кучга кириши мумкин. Ушбу мактубни етказувчи Исоқ (Исаак) сенга айтур ва мактубда битилганидек, сен ҳам бизга йигирмата кема беришинг ва ул кемалар билан Трабзонга келишинг лозим. Биз эса тўла ишонч ва қатъият ила ойдин йўлга қадам қўямиз. Муҳримиз босилди ва жўнатилди (1401 йил 15 май)”.[28]

Бу мактуб илк бора Марино Санудонинг Vite dei dogi (Rerum italicarum scriptores, t. XXII)да келтирилган.

Пера шаҳридаги генуяликлар бу таклифга рози бўлганлар ва шаҳарча деворлари узра Амир Темурнинг туғини кўтарганлар. Трабзонликлар ҳам рози бўлдилар, зеро ўзини мустақил деб ҳисоблаган Трабзон императори юзага келаётган қарама-қаршиликда бетараф қолишни истар, Византия билан Амир Темур ўртасидаги музокараларга воситачилик қилиб, Боязиднинг қаҳрига учрашдан чўчирди.[29]

Али Яздий берган маълумотларга кўра Амир Темур лашкарининг умумий сони 800.000 кишига тенг бўлган. “Соҳанинг ажойиб билимдони” француз туркшуноси Люсьен Бува бу рақамни тўғри деб кўрсатади. Олмон муаррихи Ролофф, аксинча, бу рақамни “ҳақиқатдан мутлақо йироқ ва телбаларча муболағалаштирилган”, деб ҳисоблайди. Ролоффнинг тахминига кўра Амир Темурнинг лашкари атиги 15.000-20.000 аскардан иборат бўлган.[30] Зотан, унинг фикрича, моддий жиҳатдан 800.000 кишилик қўшинни Дажла дарёси ёқаларидан Анқарагача бўлган минг километрлик масофага икки ой ичида олиб ўтишнинг асло иложи йўқ. Олмон олимига қуйидагича жавоб бериш мумкин:

“– Цезарь, Александр ва Амир Темур каби шахслар ҳақида гап кетганда “иложи йўқ” деган тушунча ўта нисбий маъно касб этади”.

Осиёлик буюк фотиҳлар ҳаракатга келтирган кўплаб одамлар оқими бутунлай жангчилардан иборат бўлган эмас: аскарлар уларнинг бир қисмини ташкил этган. Амир Темурнинг замондошлари унинг лашкари бир неча юз минг аскардан ташкил топган, деган хулосага келган бўлишса ажабмас. Арманистонлик руҳоний Томас де Мездопнинг фикрича, Амир Темур Дамашқни ишғол қилган пайтда унинг қўшини 750.000 аскардан иборат бўлган.

Бизнингча, Боязид лашкарларининг сони 110.000 кишидан иборат бўлган, зеро у Никополь жангида ҳам шу миқдордаги қўшин билан қатнашган эди. Бироқ шуни назарда тутиш керакки, Босфор ва Профонтид бўғозида турган Византия ва Трабзон ҳарбий кемалари сабаб турклар Оврупa қитъасидаги лашкарларини тутиб туришга мажбур эди. Шу сабабли ҳам Боязид қўшини ўз рақибига нисбатан кам сонли бўлиб қолган.

Юнон муаррихи Калкондилоснинг гувоҳлик беришича, ҳал қилувчи жанг арафасида Боязид аскарлари орасида султонга нисбатан норозилик ҳукм сурган, бунинг асосий сабаби қўшинда ўрнатилган қаттиқ тартиб ва аскарларнинг маошларини ўз вақтида тўланмаслиги бўлган. Юнон муаррихининг фикрича, Боязиднинг вазирларидан бири Али Пошшо агар султон Амир Темурга қарши жангда ғолиб чиқишни истаса, аскарларидан ўз қарзини узиши кераклигини маслаҳат берган, бироқ бунинг фойдаси бўлмаган, яъни Боязид қарзини узмаган.

Шу муаррихнинг гувоҳлик беришича, Боязид саркардаларидан бири, султоннинг тангалари Амир Темур қўл остидаги ўлкаларда зарб этилмоқда, шунинг учун ҳам султон уларни ўз аскарларига кўрсатишга журъат эта олмаяпти, деб ҳазил ҳам қилган.

Боязиднинг банди этилиши хусусида эса турли ривоятлар мавжуд. Бу ривоятларга қўшимча қилиб византиялик Дукаснинг кўпчиликка маълум бўлмаган ҳикоясини келтириш мумкин:

“Мовароуннаҳрлик жангчилар қичқириша бошлашди: “Султон Боязид, отингдан туш-да, сени кутаётган Амир Темур ҳузурига бор”. Шунда султон ўзининг қимматбаҳо араби отидан тушиб, мовароуннаҳрликлар уни ўз ҳукмдорлари ҳузурига олиб бориш учун тайёрлаб қўйган паст бўйли отга ўтирди.

Боязид қўлга олинганидан хабар топган Амир Темур сарпардасини тикишни буюрди ва ўғли билан форсийлар шатранж, римликлар шахмат деб атовчи ўйинга киришди. Бу билан у Боязидни банди қилиш уни қизиқтирмаслигини ва ўзининг кўп сонли лашкарлари султонни худди қафасга солинган қушдек қўлга туширишларини намойиш этмоқчи эди…

Улуғ амирнинг одамлари Боязидни Соҳибқирон чодири олдига олиб келдилар ва уни олқишлаб мурожаат қилдилар:

“Таслим бўлган ва қўл-оёғига кишан урилган турк Султони амрингга мунтазир!”. Амир Темур ўзини ўйинга қаттиқ берилган қилиб кўрсатар, аскарлар эса Боязидни олиб келганликлари ҳақида қаттиқроқ қичқирар эдилар. Шунда Амир Темур ўрнидан турди ва ўғлига қараб деди: “Шоҳ ва мот!”

Амир Темур портрети (руҳияти)8[31]

Буюк фотиҳ руҳияти ҳануз баҳсталаб муаммолардан бири бўлиб, бу борада аниқ бир гап айтиш қийин.

Европалик ёхуд осиёлик муаррихларнинг солномаларини ўрганар эканмиз, кўз ўнгимизда Темурнинг бошқа фотиҳлар ва салтанат асосчиларидан анча мураккаб, зиддиятларга тўла қиёфаси намоён бўлади. У ўз юришларининг айрим лаҳзаларида куч ҳам ишлатади, раҳм-шафқат ҳам кўрсатади. У Александр Македонский каби ўзи забт этган ўлкалар фани, маданияти ва санъати шайдоси эди.

Унинг жанггоҳларда кўрсатган саркардалик маҳорати бор бутунича ва турфалигича ўрганилса катта китоб бўлади.

Амир Темур ўта моҳирона юритган ташқи сиёсат қатъий талаблар ва макр-ҳийлаларга шунчалар бойки, бу сиёсатнинг бош йўналиши ва асосий омилларини ажратиб олиш жуда мушкул. Яшиндек зарба беришга қодир бу қизиққон инсон сабр-бардошли ҳам бўлиб, бирор нодон рақибни чалғитиш учун, кези келганда, ўзини кўр ва кар ҳам қилиб кўрсата оларди.

Амир Темур энг оғир ҳолатлардан чиқишнинг оқилона йўлларини топа билган. У ўз фаолиятининг бошида Осиёни забт этишга шайланганида – Европа кейинги юришлар учун мўлжалланган эди – унинг ёнида атиги бир сиқим, том маънода бир ҳовуч, унинг учун жонини ҳам беришга тайёр ҳамроҳлари бор эди, холос. Кейинчалик Осиёнинг барча халқлари вакилларидан ташкил топган беҳисоб лашкарлари ҳам уни севиб-ардоқлаб, ортидан эргашиб юришди. Бу лашкарларни ягона ватанпарварлик руҳи бирлаштира олмас, Амир Темур уларни ўз шахсий авторитети билан бирлаштириб ва ушлаб турарди. Ҳарбий тартибнинг метиндек мустаҳкамлиги, Марказий Осиё чўлларида, Кавказнинг муз қоплаган тоғларида, Ҳимолай чўққиларида Соҳибқирон ўз аскарлари билан барча қийинчиликларни бирга баҳам кўриши бутун қўшинни бир жону бир тан қилиб жипслаштирган эди. Бу омилларга Амир Темур тахтга ўтирган биринчи кунидан то умрининг охиригача, яъни Хитойга юриш чоғида оламдан ўтгунича Соҳибқирон ва аскарлар ўртасида ҳукм сурган якдилликни қўшиш лозим.

Амир Темурнинг лашкарлари ўта ҳаракатчан эдилар, суворийлар жуда қисқа муддатгагина – у ҳам бўлса дам олиш пайтларида – тулпорларининг эгарларини ечишар, йил бўйи – ёзни ёз, қишни қиш демай, жазирама иссиғу қаҳратон совуқда, кечасию кундуз, ҳар он, ҳар сонияда жанговар дўмбираларнинг биринчи зарбиданоқ жангга киришга шай турардилар. Зеро Амир Темурнинг душманлари кўп эди ва бахтга қарши улар Форс кўрфазидан Сибирь даштларигача, Қора денгиздан Тинч океанигача ёйилиб кетганди.

Амир Темур қурган салтанатнинг ҳуқуқий асослари самарадорлигини Наполеон жорий қилган Кодекс тамойиллари келтирган нафга таққослаш мумкин.

Амир Темур омадли аскар, том маънодаги таваккалчи эди.

“Темур” – “темир одам” дегани.

Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Атилладан (хунлар тилида Этзел – Etzel – темир дегани) Сталингача буюк фотиҳлар ва халқлар доҳийларининг исмлари ва тахаллусларида металлар муҳим аҳамият касб этган.

Амир Темур 1388 йилда, эллик уч ёшга кириб улкан салтанатнинг ҳукмдори бўлганида, худди Лоренцо де Медичини “Музаффар” деб атаганларидек, “Кўрагон”, яъни “Мунаввар” деган оддийгина унвонга эга эди.

Салтанатда диний ҳуқуқ ҳукмрон эди. Амир Темур шу қадар доно иш юритар эдики, ўзини исломга содиқлигини кўрсатар ва шу билан бирга ғайридинларга яхши муносабатда бўларди. Давлат дини, табиийки, Муҳаммад алайҳиссалом дини, уни тарбиялаган, фаол қўллаб-қувватлаб турган уламолар дини эди. Чингизхон атрофидаги шаманлар қандай обрў-эътиборга эга бўлса, унинг саройида мусулмон шайхлар ҳам худди шундай катта таъсирга эга эди. Гарчи баъзи муаллифлар барча йирик муҳорабаларда Амир Темурнинг мусулмонча раҳм-шафқатни унутиб қўйишини таъкидласалар-да, унинг диний эътиқодини шубҳа остига олишга ҳеч қандай асос йўқ. У шундай зукко инсон эдики, дин билан давлатнинг елкама-елка ҳамкорлик қилиши зарурлигини жуда яхши англарди ҳамда ўзига нисбатан қаттиққўл, бошқаларга бағрикенг бўлиб, эл-юрт орасидаги ҳурматини дадил мустаҳкамлаб борарди.

Айнан уламолар Амир Темур билан ислом дини ўртасидаги муносабатларни белгилаб туришди, у эса ўзининг Форсга юриши учун суннийлар ва шиалари ўртасидаги нифоқни баҳона қилди – барча фотиҳлар ўз хатти-ҳаракатларини оқлаш учун баҳоналарга муҳтож бўлишган… Мовароуннаҳр ҳукмдорини Исфахон, Бағдод ва Деҳли ўзига мафтун этар, Пекин ва Конс­тантинополь диққатини тортарди, ва, агар Оллоҳ унинг умрини узоқ қилганида, эҳтимол, Римга ҳам етиб келарди.

Амир Темур забт этган мусулмон давлатлардаги айрим фитначи уламолар уни иккиюзламачиликда айблашар ва маъжусий Чингизхон ясоқи ўрнига шариат қоидаларини ўрнатмаганлигини бунга далил қилиб кўрсати­шарди. Аслини олганда эса ясоқ қўшинда кўчманчи халқлар вакилларидан йиғилган аскарлар орасида тартиб сақлаш учун зарур эди. Уламолар уни ҳақиқий диндорлар орасида бирдамликни бузишда ва мусулмон халқларга қарши жанг қилишда айблашарди. Бу таъналарга Амир Темур уйғур ва Или бўйилик чиғатойликларга ёхуд Деҳли султонларига ҳужум қилар экан, буни сунний мазҳабига чуқур ҳурмати туфайли қилишини, шиалар эса маъжусийлардан кўра кўпроқ гуноҳга ботганлигини сабаб қилиб кўрсатарди.

Бироқ уламолар юксак маданиятли бу саркардани чуқур ҳурмат қилардилар. У мусулмон эди, мусулмон бўлганда ҳам чин мусулмон эди.

Амир Темур юксак иродали инсон эди. Унинг сиймосида руҳий қудрат ва жисмоний куч уйғунлашиб, зафарларига замин яратарди.

Ўз фуқаролари ва душманлари кўз ўнгида ҳар бир ҳаракати учун ишонч­ли далиллар топа билиши, Чингизхон каби фақат жисмоний кучга ишонмаслигини, аксинча, рақиблари унга онгли равишда бўйсунишларини хоҳлашини кўрсатади. Унга “Сиз Оллоҳнинг ердаги соясисиз” деган илтифот хуш ёқарди. “Зафарнома”да қуйидаги жумлани ўқиш мумкин: “Оллоҳ Амир Темурга ва унинг авлодларига Осиё ҳукмдорлигини топширди, зеро унинг тинч-осуда ҳукмронлиги остида халқлар роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришлари лозим эди”.[32]

XIV аср сўнггида ва XV аср бошида қудратли салтанат тузган Амир Темур тинч-осуда ҳукмронлик қила олмасди. У забт этган ўлкаларни ўта ҳушёрлик, исёнкорларни қаттиқ жазолаш эвазигагина итоатда ушлаб туриш мумкин эди. Забт этилган ўлкаларда қўрқув, ваҳима уруғини сепибгина исёнларнинг ва эзилган халқларда миллий туйғу уйғонишининг олдини олиш мумкин бўларди. Испан элчиси Клавихони ва араб муаррихларини ҳайратга солган алоқа ҳамда айғоқчилик хизматлари салтанатда йўлга қўйилган эди. Бироқ Осиёнинг бир бурчагидан иккинчисига тинмай от қўйиб юрган ҳукмдор куч-қудрати агар барча фуқаролари ўзларини доимий назорат остида сезсалар ва бирор норозилик белгисини намойиш этишлари билан у яшиндай қайтиб келишини ҳис қилиб турсаларгина самарали бўларди.

Амир Темурдан олдин ўтган бирорта ҳам мўғул ёки турк фотиҳи у каби доно ва маданиятли бўлган эмас. Атилла ва Александр Македонскийда алоҳида-алоҳида мавжуд бўлган қарама-қарши хислатлар Амир Темур шахсида ғалати бир уйғунлик ҳосил қилгани кишини ҳайратга солади. Чингизхон каби муҳорабани яхши кўриб, жанггоҳларда лашкарлари билан ёнма-ён туриб курашса-да, бунёдкорликда Людовик XIVдан юқори эди. Агар биз тарозининг бир палласига у вайрон этган шаҳарларни, иккинчисига қурган Самарқанд мўъжизаларини қўйсак, бу ёдгорликлар санъат ва маданиятга етказган зарарлари ўрнини ошиғи билан қоплайди. Йўқса, унинг адабиёт, меъморчилик ва мусиқага муҳаббатини, форс шоир­ларига, Месопотамия санъаткорларига кўрсатган ҳурмат-эҳтиромини қандай изоҳлаш мумкин?

Амир Темур ўзи айтиб ёздирган воқеалардан, солномачиларининг ҳикояларидан унинг руҳияти тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ деб бўлмайди. Замондошларида ва келгуси авлодларда даҳшатли таассурот қолдиришни истаган Атилла ва Чингизхондан фарқли ўлароқ, Амир Темур одамлар уни оқил, совуққон, очиқкўнгил, адолатли, саховатли бўлгани учун ҳурмат қилишларини истарди.

Моҳир дипломат ва адолатли ҳукмдор Амир Темур ўз нутқларида, араб муаррихларию ажнабий элчилар билан қурган суҳбатларида ҳамда Европа ҳукмдорлари билан ёзишмаларида ўзига хос донолигу фикр ва туйғуларининг саралигини намойиш этарди. У ўн олти ёшидаёқ “дунё илон ва чаёнлар тўла олтин сандиқдан иборат”лигини яхши биларди.

Жанглар, сиёсат ва дипломатия унга қуйидаги оддий ҳақиқатни ўргатган эди: “Нодон дўстдан доно душман афзал”, “Ўн минг киши билан узоқда юргандан кўра, ўн киши билан зарур жойда бўлган маъқул”. Ўз муҳрига “Куч – адолатда” деб ёздирганида у ҳақ эди. Таваккал қилиб ва фақат бугунни ўйлаб иш кўрган барча таваккалчилар каби парагматик фотиҳ баъзан яшиндек тез бир қарорга келар, баъзан узоқ ўйланарди. У ўз фарзандларига давлатни бошқариш ҳақида қуйидаги ўгитларни берган эди: “Салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш ила ўлур”.

Амир Темур ўғли Мироншоҳга Халокухон улусларини топширар экан шундай насиҳат қилган: “Сен ўз номингни абадийлаштириш заруриятини кўрмоғинг ва бу фоний дунё воқеа-ҳодисаларидан йироқ турмоқ чорасини топмоғинг лозим”.

Амир Темурнинг табиати ва амалга оширган ишлари ҳақида шарқлик муаррихлар ёзиб қолдирган барча маълумотларни ҳам жиддий деб ҳисоблаб бўлмайди, уларнинг кўпчилиги буюк фотиҳни қоралаб тасвирлашган, жумладан Ибн Арабшоҳ шундай йўл тутган.

Ҳасадгўй муаррихлар Амир Темур қурбонлари сонини бўрттириб кўрсатган, деб ишонгинг келади, бироқ рақамлар ушбу вазифа учун махсус тайинланган амалдорлар томонидан белгиланиб, аниқлаштирилганидек таассурот туғдиради.

Амир Темур рақиби Тўхтамишхон билан иттифоқ тузган Москва князи Василий I Димитриевични жазоламоқчи бўлган ва шу мақсадда Волга бўйида жойлашган, Сарой ва Аштархон шаҳарларига кучли зарба берган.

Айримлар Соҳибқироннинг нафақат Россияга, балки бошқа ўлкаларга қилган юришлари чоғида ҳам кўплаб қурбонлар бўлган деган фикрларни билдирадилар.

Амир Темурнинг бепарволиги туфайли амалга оширилган талончилик­лар натижасида асосан ўша даврдаги Осиёнинг энг маданиятли ва энг ривожланган учта шаҳри қаттиқ азият чеккан. Булар – Исфахон, Дамашқ ва Бағдод. Бу шаҳарларда Амир Темур олимлар, уламолар, шоирлар ва санъаткорларни ўз ҳимоясига олади, уларга ғамхўрлик қилди. Унинг бу ҳаракати маълум мақсадга йўналтирилган бўлиб, унга илм ва санъат аҳли посбони, юксак даражада маданиятли ҳукмдор деган шуҳрат келтирди.

Болалигида шайхлар тарбиясини олган ва улғайгач ҳарбий юришлари чоғида турфа мамлакатларнинг энг билимдон инсонлари билан мулоқотда бўлган бу киши, шубҳасиз, маданиятни чексиз ҳурмат қилган, илм-фан муаммоларига чуқур ёндашган. У дунёга келган барлос уруғи камбағаллашиб қолганига қарамай, чуқур фикр юритувчи ва ҳалол кун кўрувчи инсонлардан ташкил топган эди.

Амир Темурнинг пойтахти ва саройларининг ҳашамати ажнабий ҳукмдорлар ва элчиларни мафтун этган. Соҳибқирон уларни кийим-боши, қурол-яроғи, сермаъно нутқи билан лол қолдирарди. У оқсувсар мўйнасидан тикилган, жавоҳирлар билан безатилган телпак кийиб юрар, салла ўрамаган эди.

Амир Темурни Чингизхонга қиёслаш жиддий хато, чунки у мўғул эмас турк бўлиб, у туғилган жамият қишлоқ хўжалиги билан шуғулланар, она заминга қаттиқ боғланиб қолган эди.

Инсон руҳиятининг бу зукко билимдони на бирор рақибини афв этишда ва на бирор дўстидан шубҳа қилишда ҳеч қачон адашмаган. Вақт унинг учун хизмат қилган, яъни у кута билган, ҳал қилувчи зарба бериш учун қулай муддатни ҳатто йиллаб кутган ва, аксинча, пайти келганда тўсатдан ҳаракат қилган. Фақатгина макон унинг режалари тўлиқ амалга ошишига тўсқинлик қилган, ҳаракатини чеклаган. Салтанати кенгайгани сари, қудрати сусайган, яъни чегаралар кенгайгани сари бошқарув қийинлашган. Бироқ, қулай пайтда биринчи бўлиб ҳужум қилишга мажбур бўлган, йўқса ўзгалар унинг ўзига ноқулай пайтда ҳужум қилишлари мумкин эди.

Александр Македонскийдан бошлаб барча фотиҳлар ҳар доим ўз зафарларига ишонган ҳолда жангга кирган десак, хато қилган бўламиз. Атилла ва Наполеон каби буюк саркардалар ҳаётида шундай дақиқалар келганки, улар бўлажак муҳорабада ҳалокатга учрашларини тўлиқ англаган ҳолда жангга киришга мажбур бўлганлар, зеро уларнинг бошқача йўл тутишга иложлари қолмаган. Бироқ, улардан фарқли ўлароқ, Амир Темур қаерда ва ким билан жанг қилмасин энг қудратли салтанатларда – мамлукларга қарши, усмонли туркларга қарши, эронийларга қарши – ҳар сафар омад унга ёр бўлган. Аминмизки, унинг Хитойга қарши бошлаган юриши, агар у бевақт оламдан ўтмаганида, албатта, зафар билан тугарди. Зеро, у агар ўзи биринчи бўлиб рақибига зарба бермаса, таваккал қилмаса, бир кунмас бир кун рақиби унга ҳужум қилиши мумкинлигини ҳам, ана шунда жанг вақти ва масканини ўзи танлай олмаслигини ҳам жуда яхши биларди. Унинг Олтин Ўрда ва Тўхтамишни маҳв этишни пайсалга солиб юришига асосий сабаб ҳам оқибати нима билан тугаши номаълум муҳорабадан воз кечиш ва ихтилофни тинч йўл билан ҳал қилиш истагидир.

Амир Темур учун уруш энг сўнгги чора бўлган. Ёшлигида, дарбадар юрганларида бирорта ҳам муваффақиятсизлик уни тушкунликка тушира олмаган, бироқ у омад ҳар доим ҳам ўзига ёр бўлишига ишонган эмас. Аммо тахтга ўтиргач, салтанатини донолик ва эҳтиёткорлик билан бошқарган. Буюк саркарданинг сиёсатга бўйсунмай иложи йўқ эди. У нақадар жасур жангчи, моҳир лашкарбоши бўлишига қарамай уруш унинг учун энг сўнгги чора эди ва урушни раҳм-шафқат уруши, муқаддас уруш деб биларди.

Унинг Қипчоқ хони Тўхтамишга нисбатан бепарволиги хавфли қўшнига нисбатан ожизлик аломатидек кўринади, бироқ бу бефарқлик аслида нозик сиёсат белгиси эди. Амир Темур бу нонкўрни жазолашга аҳд қилганидан кейин бу ишга ўн бир йил (1387-1398) сарфлагани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

Амир Темурнинг бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, Тўхтамиш унинг саховатига муяссар бўлди, ундан усталик билан фойдаланди ва охири хиёнат қилди. Амир Темур тахтга ўтиргач, уни ўз ҳимоясига олган, Оқ Ўрда хони Урусга қарши курашида қўллаб-қувватлаган, зеро улуғ амирнинг пировард мақсади Мовароуннаҳр билан Қипчоқ хонлиги ўртасида Тўхтамиш бошчилигидаги буфер давлат тузиш эди.

Амир Темур Тўхтамишни жуда кўп кечирган. Фикримизнинг далили сифатида бунга қуйидаги бир мисолни келтирамиз:

1386 йил Озарбайжонда эски дўстларнинг лашкарлари илк бора тўқнашади. Амир Темур қўшини Тўхтамиш аскарларини асир олганда ғаройиб томоша рўй беради. Ғолиб асирларни ғайритабиий меҳрибонлик билан қаршилади, уларни озод этиб, ўз ҳукмдорлари ҳузурига қайтариб юборди. Улар орқали ношукр мўғулга, гўё ўғли йўл қўйган хатога кўз юмишга тайёр отадек гина-кудуратли мактуб йўллади. Тўхтамиш бу мурувватга Мовароуннаҳрга тўсатдан ҳужум қилиш билан жавоб берди. Амир Темур ёнбошида Тўхтамишдек уришқоқ рақиби бўла туриб, Эронга қарши юришни давом эттириши хавфли эди. Шунинг учун, Тўхтамишни бир ёқли қилиш керак эди. Бироқ Улуғ амир Ўрданинг ҳужумларини истар-истамас қайтаравериб чарчади, бунинг устига Тўхтамиш буюк аждоди қўллаган усулни ишга солиб, ҳал қилувчи тўқнашувларга озгина қолганида даштларга қочиб кетарди. Оғир иқлим, ҳосилсиз тупроқ, совуқ, очлик рақибига аниқ отилган камон ўқидек натижа берарди.

1387-1398 йилларда Амир Темур қўлга киритган зафарлардан ажабланмай иложимиз йўқ, зеро айнан шу йилларда қўшинининг катта қисми шимолда Ўрдага қарши жанг қилиш билан овора бўлиб, гоҳо мўғуллар ортидан бесамар қувиб юрар, гоҳо Тўхтамиш билан юзма-юз жангга кирарди. Бироқ Амир Темур Тўхтамишни енгиш учун эмас, унинг ҳамлаларини қайтариш учун ўн бир йил сарфлаган. Бу бир томондан, Оқ Ўрда ва Олтин Ўрданинг қудрати баландлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, ўша замон ҳукмдорларининг Чингизхон авлодларига, айниқса, бошқа беғам хонлардан фарқли ўлароқ, буюк бобосига ўхшаш хислатларни намойиш этган Тўхтамишга бўлган деярли илоҳий ҳурмати билан боғлиқдир. Эски дўстлик ҳурмати учун эмас, айнан шу сабабли, Амир Темур ўч олишни орқага суриб юрарди. Ҳар сафар Чингизхон авлодидан чиққан бу шаҳзодани асир олишга ёки муқаддас қони тўкилишига йўл қўйиш мумкин бўлган қулай пайтда унга чекиниш ва соғ-омон қутилиш учун имкон яратарди.

Ҳар қандай ишга мардона кирувчи, узоқни кўра билиб, ўз олдига қўйган мақсадини икир-чикиригача, албатта, амалга оширувчи ва ҳар қандай хатарли таваккалчиликлари ҳам зафарга элтувчи бу инсон чиндан ҳам Худонинг танлаган бандаси эди. Дин аҳли буни жуда тез англаган ва дилбар доруссалтанат – Самарқанд остоналарига душман яқин келиб қолганида, қўлига қурол олиб, уни ҳимоя қилганди.

Қачонлардир Чингизхон урушлари келтирган кулфатларни унутмаган Европа қироллари осиёлик янги фотиҳнинг юришларини ташвиш ила кузатиб боришар, у ҳам бир куни келиб, бутун ер юзига ҳокимликни даъво қилишидан чўчишарди. Бироқ, ғарб қироллари бир нарсага умид қилишарди, ер юзида ҳокими мутлақликка даъвогар бу икки куч тўқнашса, бундан насронийлар фақат наф кўришарди. Шундай бўлмай иложи йўқ эди, зеро Осиё бу икки қудратли фотиҳга торлик қилиб қолган эди. Турк султони Боязид 1396 йил Никополис шаҳри яқинида европаликларнинг бирлашган қўшинини маҳв этгач, унинг салтанати Европада Тракия,[33] Македония, Болгария, Сербияни ўз ичига олган, Осиёда эса Амир Темур салтанати сарҳадларигача бориб қолганди. Икки йирик салтанат ўртасидаги чегарадош давлатлар – Арзрум ва Арзинжон амирликлари, охир-оқибат Йилдирим ва Кўрагон ўртасида нифоқ чиқишига сабаб бўлди.

Амир Темурнинг Боязид билан жангга кириш учун тайёргарлиги юқори таҳсинга лойиқ. Жумладан, турк султонига қарши курашдан олдин Сурияни олиши тўғри танланган ҳарбий усул эди.

Амир Темур шундай буюк заковатга эга эдики, бир пайтнинг ўзида бир неча ғаним билан курашиш лозим бўлса, бирин-кетин энг кучсизларини маҳв этиб, сўнг кучли рақибга қарши курашарди.

Боязиднинг қўшини сафида насроний вассаллардан тузилган ёрдамчи қисмларда серблар, болгарлар ва юнонлар хизмат қилишарди. Султон лашкарлари ҳаммаси бўлиб, ярим миллионга яқин жангчидан иборат эди. Амир Темур эса саккиз юз минг кишини саф торттира оларди. Шарафиддин Али Яздий келтирган ушбу рақамни жаноб Люсьен Бува ҳам тасдиқлайди. Бунинг устига Амир Темур қўшини таркиби деярли бир хил бўлиб, асосан турк ва мўғуллардан ташкил топган эди. Боязид бирлаштирган насроний қисмлар энг оғир синовларда пишган саҳройи суворийлардек жангда шижоат, жасорат ва матонат кўрсата олишлари эҳтимолдан йироқ эди. Амир Темур Ҳиндистондан келтирилган жанговар филларга ҳам катта умид боғларди, зеро бу жониворлар Боязид аскарларига даҳшат солишга қодир эди.

Рақиб қўшинлар 1402 йил 20 июлда эрта тонгда Анқара ёнидаги Чибукободда тўқнашди. Ушбу сана Али Яздий томонидан келтирилган, византиялик муаррих Жорж Сфрантес эса жанг июль ойининг 28-сида содир бўлган дейди. Марино Санидо ҳам ўзининг Vite dei duchy de Venezia асарида ушбу санани келтиради. Замонавий муаррихлар ҳам асосан сўнгги санани маъқуллайди.[34]

Банди қилинган Боязидни Амир Темур ҳузурига келтирганларида у шахмат ўйнаётган эди. Улуғ амир пинагини бузмай қуйидаги жумлани айтади:

“– Воажаб, наҳотки Оллоҳ бу дунёда барча кучни бир чўлоғу бир кўрга берган бўлса”.

Бу билан у ўзининг ногиронлигига ва Боязиднинг ўзи билан тўқнашишга олиб келган сиёсий ожизлигига ишора қилган эди. Мағлуб бўлган султоннинг ҳурматини жойига қўйиш баҳонасида, аслида эса мағлубият алами ва уятни янада чуқурроқ ҳис қилдириш учун Амир Темур уни ўз ғалабаси шарафига уюштирилган барча тантаналарда қатнашишга мажбур этди. Бу маросимларда султон нишонларини тақиб, тожини кийиб юриши лозим эди. Яна қочиб кетмаслиги учун панжараланган тахтиравонга ўтқазиб қўйдилар, бу эса уни ваҳший ҳайвондек қафасга солиб кўйдилар деган афсонанинг туғилишига сабаб бўлди.

Бу афсонанинг туғилишига усмонли тарихчи Уриж ибн Одилнинг асарини австриялик муаррих Франц Бабингер нашр эттиргани сабаб бўлган. Асардан келтирилган парчада айтилишича бу “афсона” реал фактларга асосланган эмиш. Бу ҳақидаги маълумотлар Н.Мартиновичнинг “Journal asiatique”да эълон қилинган мақоласида келтирилган.[35]

Боязид тор-мор этилди ва Амир Темур ўз навбатида насронийларнинг ваҳимасига айланди. Анқара ғалабасидан сўнг eвропалик қироллар унга йўллаган табрикларида Константинополь таслим бўлиши арафасида усмонли турклар таҳдидидан қутулганликларидан шодликларини изҳор этган эдилар. Бироқ Амир Темур бундай олқишу мақтовларга берилган одам эмасди.

Амир Темур берган қақшатқич зарбадан кейин усмонлилар империяси йўқ бўлиб кетиши лозим эди. Лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Орадан ўн йил ўтар-ўтмас турк ҳукмдорларининг янги авлоди етишиб чиқди ва қирқ йилдан сўнг византия империясига якун ясади.

Амир Темур барпо этган салтанатни patchworkга – турли-туман ва ранг-баранг матолар қийқимларидан тикилган дастурхонга таққослаш мумкин.

Улар (забт этилган салтанат таркибига кирган ўлкалар – Б.Э.) турли сифатли ва турфа рангли матолардан тикилган кўрпага ўхшарди, унинг ўзи бу лахтакларни бир-бирига сабр-тоқат ва матонат билан тикиб чиққан бўлиб, кўрпанинг нақадар нозиклигини жуда яхши биларди.

У ҳиндлар, усмонли турклар ва мамлукларнинг давлати каби ривожланган мамлакатларга маданият олиб киришга даъво қилмасди. Забт этилган ўлкаларнинг давлат қурилишига беҳад қизиқиши, ғарб санъатидан ташқари маҳаллий халқларнинг меъморчилиги, ҳунармандчилиги ва шеъриятига ихлос қўйганди.

Бироқ шу билан бирга Амир Темурда Отилахонга (Аттилага) хос худбинлик, ўтроқ инсонни ёмон кўрувчи ва ҳатто унга хасад қилувчи кўчманчига хос ашаддий ваҳшийлик йўқ эди.

Ўтроқ инсонни ёмон кўрувчи ва ҳатто, ҳасад қилувчи кўчманчи деганимизда биз Чингизхонни назарда тутмоқдамиз.

Шундай қилиб, Амир Темур ким билан мулоқотда бўлаётганига қараб, турлича муомала қилган.

Кўҳна маданиятли мамлакатлар орасида Осиё пойтахтлари ичида энг гўзал ва энг бой шаҳар Самарқанд султони, адабиёт ва санъатнинг шайдоси, муаррих ва шоирлардан ўз марҳаматини аямайдиган, саройидан меъмор ва рассомларга жой берган ҳукмдор сифатида намоён бўлади. Томирларидан кўчманчиларнинг қони оқиб турган мўғуллар ва турклар наздида у Чодирлар ҳукмдори, Урал тоғларидан Форс бўғозигача, Чин сарҳадларидан Дамашқ ва Трабзонгача бетиним кезиб юрган толмас жаҳонгир эди.

Кўҳна турк-мўғул қўшинини ўтроқ салтанатларга бошлаб бориш ва истило этилган ўлкалар халқларидан мовароуннаҳрликларнинг юқорилигини тан олдириш, уларни бўйсунишга мажбур миллатлар деб ҳисоблаш, бу – аждодларнинг одатларини эъзозлаш эди. Йўқса, Чингизхон ўлимидан сўнг тўлақонли кўчманчи идеали ўз моҳиятини анча йўқотганлиги сабабли унинг турк ва мўғуллар нима учун ўз султонлари аждодларидан ўзгача йўл тутаётганини тушунолмасдилар. Ҳарбий юриш чиндан ҳам суворийни икки томонлама қониқтирарди: ҳаракатсизлик келтириб чиқарувчи фалокатдан, руҳий ва жисмоний инқироздан қочиб, ўз масканини бетўхтов ўзгартириб туриб, бойлик орттириш истакларини амалга ошириш. Бу томондан ҳам Амир Темур фуқароларининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқара олди.

Гарчи Самарқанд мўъжизалари уларни мафтун этса-да, ўтроқ ҳаёт қулай­ликлари, бойлиги, ҳашамати кўпчиликни қониқтирмас, фикр-ёдларини бир зумлик маскан – тез ўрнатилиб, тез бузиладиган, вақтинчалик ҳолатини сақлаб қоладиган чодир ёки ўтов банд этарди.

Амир Темур кўчманчи эмасди, бироқ сиёсат мажбур қилганида ёхуд аждодларининг инстинктлари ундаги тарбия ва маданиятдан устун келганида, у яна отига минарди. Ҳаётининг катта қисми чодир остида ўтган бўлса-да, у “Яшил шаҳар” соясида дунёга келиб, шаҳарликка айланган, вужудида ўтроқ ва кўчманчи инсон хислатлари ўзаро кураш бошлаган эди.

Амир Темурнинг барча фаолияти вужудида кечиб турган ана шу “кураш” билан боғлиқ. Темур юришларининг асосий сабабларидан бири ҳам ана шу “кураш”да.

Бири, молларини боқиш учун, иккинчиси, экин ўстириш учун ер талашаётган чўпон ҳамда деҳқон ўртасидаги қарама-қаршилик қанчалик эскирган бўлишига қарамай, XV аср бўсағасида ҳам худди Чингизхон ва Отилахон замонасидек Осиё сиёсатини белгилаб турарди. Бу курашда икки иқтисод, икки сиёсат, икки мафкура ва икки макон тўқнашади. Ҳаракатсизлик ва ҳаракат ўртасидаги қарама-қаршилик маконни икки хил қабул қилишга асосланади.

Амир Темур сўнгги, Хитойга бошлаган юришининг негизида ҳам мана шу қарама-қаршилик, мана шу кураш ётади.

Чингизийлардан халос бўлган Минг сулоласи Чиғатой халқига нисбатан нозик бир ҳолатда турар, иккала томон ҳам бевақт муҳораба бошланиб кетишидан чўчиб, бу ҳолатга равшанлик киритишни истамасди. Бироқ, Амир Темур шахсиятига тегувчи бу ҳолат узоқ давом этиб туролмасди, зеро Тўхтамиш ва Боязидни енгиб, Ҳиндистон, Кичик Осиё ва Эронни забт этганидан сўнг ўтроқ бир халқнинг ҳукмдори унга ўз вассалидек қарашига чидай олмасди.

Амир Темур табиатидаги бу хислат унинг бунёдкорлик фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Темурнинг бу фаолияти, айниқса, Самарқандда амалга оширган ишлари юксак эътиборга лойиқ. Самарқанддаги барча иморатлар, шаҳардаги ва шаҳар атрофидаги жаннатмонанд боғлар жуғрофий жиҳатдан қулай ҳолда барпо этилган. Янги Самарқанд қиёфасини яратишда Амир Темур ўзга мамлакатларнинг пойтахтларига кўр-кўрона тақлид қилишни истамаган, аксинча, уларнинг энг характерли, энг нафис томонларини олишга ҳаракат қилган.

Шу билан бирга пойтахт меъморчилигида Амир Темур табиати акс этган. Бу барча буюк бунёдкорларга хос нарса, у шаҳарни ҳам ҳашаматли, ҳам оддий, ҳам дабдабали, ҳам содда, ҳам ақлларни лолу туйғуларни ром этадиган, ўз табиатига мос кўринишда бунёд қилдирди. Бу билан ўзининг меъморчилик соҳасида ҳам чуқур билимга эга эканлигини кўрсатди.

Худди Людовик XIV Версаль қурилишини маромига етказишга интилганидек, у ҳам пойтахт қурилишининг барча икир-чикирларигача қизиқарди. Юришлар орасида шаҳарда дам олар экан, қурилиш майдонларига борар, одамларга далда берар, меъморларнинг хатоларини тўғриларди.

Темур бунёд эттирган биноларнинг ўлчамлари ақлни лол қолдиради, бунда ҳам биз юқорида тилга олиб ўтган Соҳибқирон табиатининг икки қирраси намоён бўлади.

Жоме масжидининг мармар шифтини тўрт юз саксонта тош устун кўтариб туради. Суза ва Персеполисдаги аҳамонийларнинг беҳисоб устунли саройларини ёдга солувчи бу улкан заллар “кенглик шайдоси”га худди олов каби чексизлик, мангуликни ҳис қилиш имконини берарди. Амир Темур кенглик шайдоси сифатида, ҳаётига қўйиладиган ҳар қандай тўсиққа, чегарага чидай олмайдиган бунёдкорлигича қолган эди.

Маълумки, Амир Темур баъзан меъморлар бунёд этган, бироқ унинг кўнглига ёқмаган биноларни буздириб, қайта қурдирган. Бунинг сабабини ҳам унинг табиати билан, “кенгликларни қўмсаши” билан изоҳлаш мумкин.

Шундай қилиб, у қуриб битказилган саройларни буздириб, қайта қурдиришгача ҳам борарди, чунки унга бу биноларнинг ўлчамлари ўртамиёна ёхуд номутаносиб кўринарди. Биноларни янада яхшироқ қилиш баҳонаси остига яширинган бу қониқмаслик ҳисси, эҳтимол, ундаги боболаридан қолган мероснинг асоратидир, эҳтимол ҳамон бунёд этилаётган пойтахтга муҳаббатида пайдо бўлган хурофий бир истакнинг ифодасидир.

Амир Темур ўз аждодлари каби от устида яшади ва оламдан ўтди. Доимо отда юриш, эркин ва озод ҳаётни қўмсаш, унга интилиш туйғуси нафақат Амир Темур фуқароларининг, балки унинг ўзининг ҳам фикри ёдини тарк этмаган.

Амир Темур табиати ўлимидан олдин айтган сўнгги сўзларида аниқ-равшан намоён бўлган:

“Мен оламдан ўтгач кўзёш тўкиб, фиғону фарёд қилмангиз, зеро аларнинг нафи бўлмағай. Шу пайтгача ўлим на кўзёши ва на фарёдлардан чекинган. Кийим-бошингизни йиртиб, ақлдан озгандан, турли тарафларга югургандан кўра менга Оллоҳдан раҳмат сўранг, қиёмат куни руҳим енгил бўлиши учун дуои фотиҳа қилинг. Тартибсизликларга йўл қўйманг”.

Жасур жангчиларни тақдирлашдаги саховати, баҳодирларга илтифоти, жанггоҳларда кўрсатган шахсий жасоратлари эл орасида унинг обрў-эътиборини ошириб, исмини афсоналарга жо қилди. Унинг беқиёслиги ҳақидаги кўплаб қўшиқлар балки Марказий Осиёда бугун ҳам жаранглаётгандир. У қудратли саркарда, моҳир сиёсатчи, буюк бунёдкор сифатида, барлос уруғининг оддий хислатларини юксак маданият белгиларига муштарак этган инсон сифатида тарихда қолди.

Париж: Альбэн Мишель нашриёти, 1963.

Француз тилидан Баҳодир Эрматов таржимаси

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон

__________________

Баҳодир Эрматов 1955 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) роман-герман филологияси факультетини тамомлаган. И.Каримовнинг “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарини француз тилига, Люсьен Кереннинг “Амир Темур салтанати” тарихий романини, “Амир Темур” трагедиясини ўзбек тилига таржима қилган.

Адҳамбек Алимбеков 1954 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Унинг “Юлдузнинг беш қирраси”, “Латиф шеърият” монографиялари, “Турк адабиёти хрестоматияси”, “Турк адабиёти тарихи” (ХIII-ХVIII асрлар) ўқув кўлланмалари, “Ишқ асири бўлган жон” рисоласи нашр этилган.

[1] Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур, 18-бет.

[2] (H.Moranville. Memoire sur Tamerlan et sac our par un Dominicain en 1403, Bibliotheque de l’Ecole des Chartes. – Paris, 1894).

[3] Ўша китоб, 22-бет.

[4] Неъмат Акбаров. Бефарқ қараб бўлмайди// Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 20 ноябрь 2015 йил.

[5] Ўша китоб, 71-бет.

[6] Ўша китоб, 64-бет.

[7] Ўша китоб, 90-91-бетлар.

[8] Ўша китоб, 279-бет.

[9] Ўша китоб, 424-бет.

[10] Ўша китоб, 424-бет.

[11] Ўша китоб, 96-97-бетлар.

[12] Ўша китоб 73-бет.

[13] Ўша китоб, 525-бет.

[14] Я – Тимур властитель вселенной с.86. Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур, 112-бет.

[15] Я – Тимур властитель вселенной, С.87.

[16] Ўша китоб, 113-бет.

[17] Я – Тимур властитель вселенной, С. 109.

[18] Ўша китоб, 113-бет.

[19] Ўша китоб, 224-бет.

[20] “Ёшлик” журнали 2015 йил. 4-сон. 34-бет.

[21] Амир Темур чамани, 2006. 128-бет.

[22] Олтин силсиласи, 2006. 37-бет.

[23] Амир Темур сиймоси, 2007. 11-бет.

[24] Журнал варианти.

[25] Walter Gеrard. Introduction.// Le Mеmorial des Siеcles. XIV siеcle. Les Hommes. Tamerlan. Par Marcel Brion. – Paris: Editions Albin Michel, 1963. — P.39-54. Кириш қисми Жерар Вальтерга тегишли.

[26] Бу ерда Милан герцоги Жангалаччо Висконти назарда тутилмоқда (таржимон изоҳи).

[27] Бу мактуб ҳақида Хейднинг “Histoire du commerce du Levant au Moyen Age” (t. p. 265) – “Ўрта асрлар Шарқ тижорати тарихи” асарида эслатиб ўтиладию бироқ таҳлил қилинмайди. (Б.Э)

[28] Мордин қалъаси ва Бaғдод оралиғида ёзилган мактуб, зеро Амир Темур Мординни 1401 йил 4 майгача қамал қилган. – Б.Э.

[29]1204 йил Салиб юришлари натижасида Константинополь қўлга киритилгач, Комненлар сулоласидан бўлган сўнгги император, Андроник Комненнинг набираси ўз холаси, Гуржистон маликаси Тамар ҳузурида бошпана топади ва унинг кўмаги билан Қора денгизнинг Осиё қирғоғида жойлашган бой денгиз шаҳри Трабзонни қўлга киритади. У ўзини Рим императори деб эълон қилади ва “Буюк Комнен” деган ном олади. Михаил Палеолог Константинополни қайта қўлга киритганидан сўнг (1261), Буюк Комненнинг авлодлари мустақил Трабзон империясида 1461 йилгача, яъни византия империяси турклар томонидан тор-мор этилганидан саккиз йил кейингача ҳам ҳукмронлик қилишган — Б.Э.

[30] Roloff. Die Schlacht bei Angora // Historishe Zeitschrift, t. CXVI.

[31] Brion Marcel // Le Memorial des Siecles. XIV siècle. Les Hommes. Tamerlan. Par Marcel Brion. – Paris Editions Albin Michel, 1963. – P.55 -131.

[32] Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си назарда тутилмоқда – Б.Э.

[33] Тракия – Европанинг жануби-шарқидаги қадимий ўлка. Юнонлар Болқон ярим оролининг шарқий қисмини эгаллаб Дунайдан Эгей денгизигача борган бутун қисмини Тракия деб аташган. (Б.Э.)

[34] Бу ўринда ҳижрий ва мелодий йил ҳисоблари ўртасидаги фарқни унутмаслик лозим. Али Яздий табиий ҳижрий ҳисобдаги санани айтган. Бу ўринда ғарб тарихчиларини билимдон қилиб кўрсатиш тўғри эмас.

[35] Journal asiatique, Paris, t. 211. – P. 135-137.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!