Азиз Бобохонов. Истиқлол туфайли қарор топган ҳақиқат

Инқилобдан олдинги даврда ноширлик ва босма маҳсулотни тар-қатиш ишлари Туркистон ўлкасида жуда қийинчилик билан кечганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, чор Россияси XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг, матбаа оддий халқ оммасидан кўра чоризм зулмкорларига хизмат қилганлигини қуйидаги рақам ва далиллардан очиқ кўришимиз мумкин. Жумладан, Ўрта Осиёда 1870–1871 йилларда дастлабки икки вақтли матбуот нашр этилган бўлса, 1885–1886 йилларга келиб уларнинг сони бештага етди. Шулардан тўрттаси рус тилида эди. “Туркестанские ведомости”га илова шаклида чоп этилган ягона ўзбек тилидаги “Туркистон вилояти газети”нинг бир томони ўзбек, иккинчи томони Туркистон генерал-губернатори Н.О.Розенбах буйруғига кўра рус тилида (1884) нашр этила бошлаган. Газетани уч муҳаррир: Туркистон геренал-губернаторининг ҳақиқий маслаҳатчи-таржимони Шоҳимардон Мирёсович Иброҳимов (1870 йил 1 апрелдан бошлаб), генерал-губернаторнинг коллеж маслаҳатчи-таржимони Муҳаммадҳасан Асфандиёрович Чанишев (1881 йил, 4 декабр), генерал-губернаторликнинг ҳарбий маслаҳатчиси Николай Петрович Остроумов (1883 йил 30 январ) бошқарадилар. Газетанинг биринчи муҳаррири 1891 йилда, иккинчиси 1890 йилда вафот этгандан сўнг Н.П.Остроумовга Н.Г.Маллицкий ёрдамга келади. Шундай қилиб, ўзбек тилидаги бир бетлик “Туркистон вилояти газети”нинг тақдири ўзбек бўлмаган икки муҳаррирнинг қўлида қолади. “Туркестанские ведомости” халқни ҳукмдорларга сўзсиз итоатгўйликка ва буйруқларни тезкорлик билан ижро этишга чақирса, “Туркистон вилояти газети” маҳаллий аҳолини руслаштиришга ундайди. Унинг саҳифаларида маҳаллий халқ турмушини, маданий меросини ёритиш, маънавиятини ўстиришга эмас, Оврўпо урф-одатлари, насронийлик байрамлари, рус ёзувчиларининг ижодларидан намуналарни ёритишга, бир сўз билан айтганда, рус тарихи, маданияти, динини тарғиб этишга асосий эътибор қаратилади. Ора-чора газета саҳифасида Муқимий ва Фурқат ижодидан намуналар ҳам ўрин олиб турган. Ўша давр вақтли матбуотини чуқур ўрганган Зиё Саид: “Розенбах Туркистон генерал-губернатори бўлиб белгилангандан ке-йин газета (“Туркистон вилояти газети” – А.Б.) бетида “Ерликлар учун рус мактаблари керак” деган мавзуда ёзилган мақола ва хабарлар кўрина бошлайди, яъни руслаштириш сиёсати ва ерли халқдан чор чиновниклари ҳозирлаш масаласи матбуот майдонида яна кескинроқ қўйилади. Бу нарса шуни кўрсатадики, газетанинг бир томонини русча қилиб чиқариш, мана шу масала теварагида қилинаётган ишлар ва белгиланаётган чораларнинг мағзини чақиб кўришдан иборатдир. Бутун сарлавҳаларни русча қўйиш (шу йиллардан бошлаб бутун мақола ва хабарларнинг сарлавҳалари русча қўйила боради), рус тилини умумлаштириш учун бўлса керак”,– деб ёзади.

“Туркистон вилояти газети”нинг икки тилда нашр этилишини Н.П.Ос-троумов қуйидагича изоҳлайди: “Туркистон вилоятидаги бу газетани ўқийдиганлар ҳам бир озгина русия хатини танийдиган одамларга фойда етказмоқлик учун бу газетани келадиган йилда (яъни 1885 йил бошидан – А.Б.) Русия тилида таржима қилиниб чиқарилса яхшироқ бўлади”. Кўрамизки, у чоризмнинг асл мақсадини яшириб, ўзича уни оқламоқчи бўлади. “1900 йилга келиб вақтли матбуотнинг нашр сони 21 тага етганда” ҳам ўша аҳвол, яъни ўзбек тилидаги “Туркистон вилояти газети”ни ўзбек ва рус тилларида эълон қилиш давом эттирилади.

1905–1906 йилларга келиб Ўрта Осиёда вақтли матбуот нашр сони 43 тага етади. Аммо сон ўсгани билан сифат ўша эски аҳволда қолган. Бирорта янги ўзбек тилида газета нашр этилмаган. Матбаалар сони ҳам элликка яқинлашиб қолган бўлса-да, уларнинг тепасида генерал-губернаторнинг рўйхатидан ўтмаган уч матбааадан ташқари: Хива хони тошбосмаси (1874 й.) Қўқондаги Азим Хўжа тошбосмаси (1887 й.) “Бухоро шаҳар матбааси” (1891 й.) дан бўлак ҳамма нашрлар рус зодагонлари қўлида бўлганлиги туфайли маҳаллий вақтли матбуот тилида газета у ёқда турсин, ҳатто оддий варақа ҳам деярли нашр этилмаган. Уч матбаада чоп этилган ўзбек тилидаги китобларнинг кенг миқёсда тарқалишига йўл берилмаган. Жумладан, Хивадаги Раҳимхон II саройида босилган тошбосма китоблар Хоразмдан, “Бухоро шаҳар матбааси” чоп этган асарлар Бухоронинг ўзидан четга чиқмаган. Қўқондаги Азим Хўжа матбааси нашр этган китоблар губернатор томонидан мусодара қилиниб, тошбосма эса ёнғинга учраган. Бу маълумотларга Е.К. Бетгернинг хабарини қўшсак, фикримиз янада равшанлашади. Унинг маълумотича: Тошкентда биринчи чоп этилган ўзбек тошбосма китоби С.И. Лахтин матбаасида 1883 йили темир билан савдо-сотиқ қилувчи тошкентлик Эсонбой Ҳусайнбоев, маблағига нашр этилган Сўфи Оллоёрнинг “Саботул-ожизин” асари бўлган. Эсонбой Ҳусайнбоев касбидан қатъи назар китоб шайдоси ва илм-маърифатга жон-дилдан содиқ бўлган. Унинг ёрдами, балки қатъий талаби орқали С.И.Лахтин тошбосмани ускуналагани аниқ. Сўфи Оллоёрнинг асари ниҳоятда нафис чиққан. Тошкентлик хаттот Сайид Хўжа уни 1883 йили 30 ноябрда кўчириб, нашрга топширган. Ношир бунчалик муҳим ишдан беҳад хурсандлигини нишонлаш мақсадида юзта китобни текинга тарқатади. Машҳур ўзбек шарқшуноси ва хаттоти Абдулла Носиров ўзининг қадимий ва нодир китоб-лар қўлёзмасида қайд этишича, Эсонбой Ҳусайнбоев 1882 йилда тошбосма ускуналарини Россиядан эллик туяга ортиб олиб келган. Мана, ўзбек маърифатпарвар ношири фидойилигининг яна бир кўриниши. Аммо Э.Ҳусайнбоевга ноширлик юмуши билан шуғулланишга чор амалдорлари рухсат бермаган. Бундай ҳолат қўқонлик ношир Азим Хўжа ҳаётида ҳам юз берганлигини ва тошбосмахонаси ёндириб юборилганини юқорида айтиб ўтдик. Қанчадан-қанча маҳаллий зиёлиларнинг оқ подшо маҳкамаларига маҳаллий тилда вақтли матбуот ва матбаа очишга рухсат сўраб ёзилган мурожаатномалари йиллаб эътиборсиз қолдирилганлигини Ўзбекистон давлат муҳофаза ҳужжатхонасида сақланаётган ҳужжатлардан билса бўлади. Подшонинг мустамлакачилик сиёсати тобора зўрайиб боргани натижасида ўлкада зиддиятлар келиб чиқа бошлади. Маҳаллий зиёлилар (бу ўринда жадидлар ҳаракати назарда тутилади) минбари бўла олувчи нашрларнинг ўлкада бутунлай йўқлиги, маданий меросимизни нашр этишга ноширларга очиқ йўл берилмаслиги илм аҳлининг сабр косасини тўлдира бошлади. Деҳқонлар ва шаҳарларда кам даромадли иш жойларида озгина иш ҳақи олиб ишлаётган омма орасида турли қўзғолонлар бўлиб ўтди. 1885 йилда Қўштут кўмир конида ишчилар кўтарилди, 1892 йили Тошкентда “Вабо исёни”, 1898 йили Қўқон яқинида қурувчи-ишчиларнинг ғалаёнлари бўлиб ўтди, 1898 йили Андижон қўзғолони юз берди, у Андижон, Қўқон, Наманган ва Ўш шаҳарларини қамраб олди.

Бу қўзғолонлар Ўрта Осиёни Россия босиб олгандан сўнг маҳаллий халқлар йўқотган ўз ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклашга, ижтимоий ва маънавий жабр-зулмга қарши қаратилганди.

Туркистон генерал-губернатори учун кутилмаган мана шундай норозиликлардан сўнг маҳаллий халқ талаблари оз бўлса-да, қондирила бошланди. Ўша даврда илғор маҳаллий зиёлилар “миллат”нинг кўзини очмоқ учун (миллий сармояга ходимлар тайёрламоқ учун) янги мактаблар, дорилфунунлар, газеталар, театрлар керак эканлигини англаб етдилар. Ёлғиз савдо сармояси учунгина эмас, миллий саноат сармояси учун ҳам кураш лозим эканлигини тушундилар.

1905 йилгача жадидлар томонидан Самарқанд ва Тошкентда (Беҳбудий ва Мунаввар қори бошчилигида) янги мактаблар очилди. 1905 йилги Тошкент темир йўлчилари намойишининг қонга ботирилиши ва Туркия, Эрон, Ҳиндистонда бўлган инқилобий ҳаракатлар “янги мактаб учун кураш” шиорини кескин қўйишга туртки беради. “Таржимон” (Қримда Исмоил Гаспрали томонидан чиқарилган маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилган) газетасининг ўқувчилари кўпайиши билан жадидларда матбуотга ҳавас кучаяди. Жадидлар миллат олдидаги муҳим бурчларини англаган ҳолда омманинг фикрини ўз томонларига оғдириш йўлида ҳаракат қила бошлайдилар. 1905 йили октябр манифестидан кейин бу ҳаракат янги куч олиб, ярим яширинликдан очиқ фаолиятга ўтади. Газета чиқариш умиди рўёбга чиқади. Генерал-губернатор ўзига яқин бир кишини муҳаррир қилиш шарти билан жадидларга газета чиқаришга ижозат беради, 1905 йилги маълум “озодлик”лардан сўнг дунё юзини кўрган “Тараққий” газетаси “жадид”лар, “исломчи”лар оқимининг тилаклари, фикрлари, ғояларини генерал-губернаторнинг маълум шартларига риоя қилган ҳолда олиб, майдонга чиқади. Газетада манифест ва дума сайловининг аҳамияти тушунтирилади, диний вақфлардан фойдаланиш усулларини ўзгартириш ва янги мактаблар очиш зарурлиги кенг тарғиб қилинади. Газет бир томондан уламоларнинг қозилик ҳамда вақф масалаларида хонлар даврига қайтишни талаб қилиб чиқарган қарорларини босса, иккинчи томондан, жадидларнинг четдан ўқитувчилар таклиф этиб, янги мактаблар очиш тўғрисидаги талабларини ёритади, айни замонда “17 октябр манифести подшоҳимизнинг адолатлари” деб жар солади. Хуллас, бу газета ўзининг қисқа умрини манифест доирасидан, губернатор фармонларидан ташқари чиқмай тугатади. Шунга қарамай, бу газета жадидлар вақтли матбуотининг бошланиши эди. Халқни маърифатли қилиш ва эски тушунчаларга қарши кураш ҳаракати Исмоил Обидий ташкил этган ана шу “Тараққий”дан бошланади. Газета ерли савдо сармоядорларининг манфаатларини ҳимоя қилади. Остроумов газета орқали қора гуруҳчи уламоларнинг халқ ўртасидаги эътиборини туширишга ҳаракат қилади. Газетада “дин”, “миллат”, “ватан” номидан айтилган сўзлар миллий озодликка чиқиш, миллат маданияти учун курашни тезлатишдан иборат эди. Шу йўлда ибрат кўрсатгани учун муҳаррир (Исмоил Обидий) жадидлар томонидан “Тараққий” исмини олди, – деб ёзади Зиё Саид.

Германиянинг машҳур Гумбольд университети профессори, Берлиндаги замонавий шарқ илмий-тадқиқот марказининг раҳбари Ингиборг Балдауф хоним жадидчилик ҳаракатига баҳо бериб: “Ўрта Осиё ва умуман Шарқ халқлари учун жадидчилик ҳаракатининг аҳамияти жуда катта бўлган. Уларнинг прогрессив фикрлари, амалга оширган ишлари Шарқ халқларини асрий қулликдан олиб чиқишга қаратилган эди. Жадидлар, айниқса, маърифат масалаларига урғу беришган. Ёшларнинг тарбиясига, уларни маърифатли этишга алоҳида эътибор беришган.

Уларнинг хатти-ҳаракатлари ўша даврдаёқ ўз самарасини бера бошлаган. Жадидчилик тарихда кескин бурилиш ясагани яққол кўзга ташланади. Оврўпо ва Шарқ халқларининг ривожланишини кузатар эканман, жадидларнинг фикрлари хақлигига, прогрессив аҳамиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилиб бораман”.

Яна Зиё Саидга қайтамиз: “1906 йилдан бошлаб, газета чиқариш иши тағин зўрая бошлайди. “Хуршид”, “Шуҳрат” ва “Осиё” газеталари кўз очиб, дунё юзини кўрадилар. Бизнинг “жадид” деганларимиз бу вақт-ларда энди миллат фидойиси, миллий, диний эҳтиёжлар орқасидан юрувчи бир куч бўлиб ўзини кўрсата олган эди”. Ана шундай ҳаракатлардан илҳомланган ноширлар ичида тошкентлик Ғулом Ҳасан Орифжонов ҳам бор эди. У 1898 йил ўз ҳовлисида ташкил этган “Муқовахона устахонаси”ни тошбосмага айлантириш, шу йўл билан меросимиз намуналарини нашр этиб, миллат маърифати ва маънавиятини оширишга камтарона ҳисса қўшишни анчадан бери орзиқиб кутиб юрганди.

ЎЗБЕК ЗИЁЛИСИ ТАШКИЛ ЭТГАН ШАХСИЙ МАТБАА

Петербург Матбуот ишлари бўйича бошқармага кутубхона, китоб сотиш, расм олув дўконлари, босмахона, ҳарф қуйиш каби муассасалар ҳақида 1877 йили берилган маълумотларда Тошкентда учта фотография дўкони билан учта полиграфия корхонаси мавжуд бўлганлиги айтилган. Жумладан, 1867 йил 14 июлда иш бошлаган Туркистон Ҳарбий округ штаби матбааси, 1872 йил 14 апрелда ташкил этилган Ҳарбий округ штаби бошқармаси босмахонаси ва 1877 йил 29 июлда Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори тавсияси билан очилган Лахтин ва Постухов шахсий матбаалари фаолият олиб борган. Кейинчалик 1906 йил август ойида Тошкентнинг Каллахона маҳалласи фуқароси Ғулом Ҳасан Орифжоновнинг “Тошбосмахона” очишга рухсат сўраб, Туркистон генерал-губернаторига ёзган илтимосномасига кўра, ҳамда ўлка губернаторининг расмий ўтинчига мувофиқ Петербургдаги Матбуот ишлари бўйича бошқарманинг 1907 йил 28 июлида тошбосма очишга ижозат берган расмий ҳужжатга биноан Ғ.Ҳ.Орифжонов ўз ҳовлисида литография очади. Бу ҳақда “Туркистон вилоятининг газети” (1907 йил 25-сони) да шу йили Орифжонов савдогар тоғаси Қосимбой ҳожи билан ҳамкорликда алоҳида матбаа очиш мақсадида Москвадан (И.Флор фирмаси “Маркварт” компанияси орқали – А.Б.) 700 рублга бир машина олдирганлиги ҳақида хабар қилади. Ҳужжатларда кўрсатилишича, Ғ.Ҳ. Орифжонов ноширлик иш кўламини кенгайтириш мақсадида Лейпцигдан “Кениг Бауэр” ва “Карл Краузе” фирмаларидан қўшимча босма ускуналарини сотиб олганлиги маълум.

Туркистон губернатори цензурасининг 1909 йил 17 сентябрдаги циркулярида маҳаллий тилда нашр этилувчи “Осиё”, “Тужжор” ва “Шуҳрат” газеталари ёпилмасдан аввал 1830 нусхада чоп этилганлиги, бу даврга келиб Туркистондаги нашрларнинг умумий сони 440 га етганлиги, полиграфия соҳасида фаолият кўрсатаётган матбаалар сони қирқдан зиёд эканлигига қарамай, маҳаллий миллат халқларининг фикрларини она тилида изҳор этувчи, маданий меросини ёритувчи босмахоналар сони бармоқ билан санарли эди. Ана шулардан бири ва энг илғори ўзбек зиёлиси Ғулом Ҳасан Орифжоновнинг 1907 йили иш бошлаган литографияси бўлган

Умрини китобатчиликка бахшида этган зиёли хаттот, муқовасоз-ношир Ғулом Ҳасан Орифжонов миллат маданияти, маърифати, маънавиятини юқори поғонага кўтариш йўлидаги асосий қурол бўлмиш китобни кўпайтиришга иштиёқи туфайли мустақил матбаа очишга кўп уринади. Ўша даврда маҳаллий миллат вакилларининг ноширлик юмушларига бўлган интилишларига, гарчанд уларнинг илм ва молиявий имкониятлари етарли бўлса-да, чор маъмурлари йўл қўймас эди. Шунда – 1898 йилда ўз уйида Ғ.Ҳ. Орифжонов “Муқовахона устахонаси”ни ташкил этди.

Ғулом Ҳасан Орифжонов Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Исмоил Обидийга тарафдор бўлган тараққийпарвар зиёлилар бошлаган янгиланиш, миллат маънавиятини ўстиришга ана шу йўл билан ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилади. У, бу ҳаракати билан ўша даврда янги ташкил этилаётган мактабларга адабиётлар зарурлигини, аммо бу билим манбаини яқин келажакда маҳаллий тилда кенг кўламда чоп этилишига чор амалдорлари тўсиқ бўлаётганлигини фаҳмлаб, эски, яъни қўлдан-қўлга ўтиб титилиб, муқовалари йиртилиб кетган қўлёзма ҳамда босма китобларни таъмирлаб, яна қайта ўз ўқувчиларига етказиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ўша даврда, тарихий манбаларда кўрсатилишича, Наманганда, 1888–1899 йилларда 2 та, Тошкентда 1901 йилда 32 та, 1904 йилда 37 та, Қўқонда 1904 йилда 31 та китоб сотувчи дўконлар ва бошқа Ўрта Осиё шаҳарларида кўплаб китоб ҳужралари фаолият кўрсатганлиги маълум. Булардан ташқари, Ғ.Ҳ. Орифжоновнинг шахсан ўзи қанчадан-қанча маҳаллий ва хорижий китобфурушларни яқиндан билган, Тошкентда фаолият кўрсатаётган ўндан ортиқ босмахона ва типо-литографияларнинг хўжайинлари Осип Алексеевич Порцев (1888 йил), Семён Иванович Лахтин (1877 й.), Виктор Федорович Постухов (1876 й.), Василий Мефодиевич Ильин (1899 й.), Павел Дементьевич Немтинов (1901 й.), ака-ука Ф. ва Г. Каменскийлар (1893 й.) билан яқин алоқада бўлган.

Буларнинг ҳаммаси ўша пайтда Ўрта Осиёда ягона бўлган ушбу “Муқовахона устахонаси” ишини ташкил этиш ниҳоятда зарур эканлигини Ғулом Ҳасан кўра билган.

“Мен 1898 йили ўн олти ёшимда Каллахонадаги Орифжонов ўғли Ғулом Ҳасаннинг шахсий ҳовлисида ташкил топган “Муқовахона устахонаси”га ишга ёллангандим. Ўша вақтда устахонага ажратилган бир уй тўла одам эскириб, титилиб, йиртилиб кетган китобларни елимлаш, тикиш, муқовалаш билан шуғулланардилар. Мен ҳам уларга қўшилиб, турли хил адабиётларни таъмирлашга киришдим”, деб эслайди кекса муқовасоз уста Абдураҳмон ота Саидбоев.

Тасаввур этинг, бир уй мутахассисни иш билан таъминлаб, уларга маош тўлаб ишлатишнинг ўзи кишини мулоҳаза юритишга ундайди. Демак, “Муқовахона устахонаси”нинг иши буюртмачиларга бой эканлигидан, устахона мутахассисларининг сифатли таъмирлаган китоблари кўпчилик эътиборини ўзига жалб этганидан далолат беради. Яна бир фикр, юқорида номлари зикр этилган рус зодагонларининг Тошкентда тинимсиз ишлаб турган босмахоналари маҳаллий халқ вакиллари ва диний мадраса уламоларидан ўзбек тилида олинган буюртма китобларни муқовалашгача бўлган полиграф жараёнини ўзларида бажариб, муқовалашни эса Ғ.Ҳ. Орифжонов устахонасига шартнома асосида топширишган. Бу хизмат эвазига рус зодагонлари муқовахонани турли хил қоғоз, елим, картон ва бошқа полиграфия материаллари билан таъминлашган. Рус матбаачиларидан олинган полиграфия материаллари шахсий буюртмалар, яъни китобфурушлардан келган совға буюртма китобларни таъмирлашга ишлатилган. Ғулом Ҳасан Орифжонов “Муқовахона устахонаси”да ишловчи мутахассисларнинг малакаси ўша даврда бошқа матбааларда ишлаётганлардан юқори бўлган. Чунки улар қўлёзма китобларни асл ҳолатига келтиришда иштирок этган моҳир хаттот, лаввоҳ, ҳар бир китобга нозиклик, нафислик билан нақшу нигор чизувчи мусаввир ёки ҳунарманд, муқовасоз, қоғоз турлари ва китоб саҳифаси шаклининг билимдонлари, жилдсоз, муқова хили, турларини билувчилардан иборат бўлган. Бир сўз билан айтганда, Ғ.Ҳ. Орифжонов кадр-ларни фақат “Муқовахона устахонаси”га эмас, балки узоқни кўзлаб, бўлажак тошбосмахонага мўлжаллаб ишга ёллаганлиги ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас.

А.Саидбоевнинг таъкидлашича, Ғулом Ҳасан ёш бўлишига қарамай доно, очиқ кўнгил, табиатида шарқона мулозамат доимо жўш уриб турган. У таъмирланадиган китобларни ўзи қабул қилиб, асарнинг муаллифи, қайси йилда нашр этилганлиги ҳамда унинг мазмуни билан танишганидан сўнг буюртмачи билан китобни оддий елимлаш, тикиш ва унга янги саҳифа қўйишдан ташқари асарни қўшимча зийнатлаш, совғабоп этиб муқовалаш, жилдлаш, ҳатто саҳифаларига қўшимча безаклар киритиш борасида ҳам келишиб оларди. Шу туфайли китоб ўзининг дастлабки ҳолатидан ҳам бежирим, кўзни қувонтирадиган даражага етказиб таъмирдан чиқариларди. Буюртмачи китобхон арзон-гаровга буюртмаси бунчалик гўзал бўлганидан устахона ишидан рози, беҳад хурсанд бўлиб кетарди.

Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли тарихий ҳужжатларда Орифжоновни китобфуруш, баъзи тадқиқотларда етук хаттот бўлган деган маълумотлар учрайди. У Тошкентда фаолият кўрсатаётган матбааларнинг иш тажрибаларини чуқур ўрганган, таҳлил қилган. Ноширлар китобни чоп этишдан олдин Петербургдаги Бош назоратчи қўмитасининг рухсатини олиш учун мажбурий нусхаларни юбориш, йўлланган китоблардан бирига Бош назоратчининг рухсат рақами ва муҳри босилган нусха қайтарилгандан сўнг асар устида иш бошлаш лозимлигини ҳам яхши билишган. Бундай расмий рухсатномани ҳужжатлаштириш учун камида бир ярим-икки йил вақт сарфланар эди. Подшо маъмурлари тошбосмахона очишга рухсат бергудек бўлса, бу юмушларни олдиндан бажариб қўйиш мақсадида китобфуруш дўстлари маслаҳати ва ёрдамига таяниб, ҳар бир китобдан ўнга яқин нусха излаб топиб, сотиб олиб, Петербургга, Бош назоратчи қўмитасига олдиндан йўллаган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. У, бу ишни ўта пухталик, зийраклик билан амалга оширган. Бош назоратчи қўмитасига йўлланган нусхалар йўқолиб қолиши ёки назоратчи рухсатига лойиқ топилмаслигини ҳам инобатга олиб, қайта нашрга мўлжалланган асарларни ортиғи билан жамлаб қўйган бўлиши ҳам ҳақиқатга яқин.

“Окраина” газетасининг 1896 йил, 73-сонида босилган “Ўлиб бораётган ишлаб чиқариш” мақоласида Туркистонлик ноширларнинг Петербургдаги Бош назоратчи қўмитаси орқали нашрларга рухсат олишида бир қатор қийинчиликлар юзага келаётганлиги, айниқса, нашр рухсатномасини ҳужжатлаштириш учун “икки йилча” сарф қилинаётганлиги маълум қилиниб, маҳаллий босмахоналар хўжайинларини бундай тартиб қониқтирмаётганлиги, шунинг учун муаллиф ўз мақоласини “ўлиб бораётган босмахоналар иши” деб ном қўйганлиги қайд этилади. Шунинг билан бир қаторда мақола муаллифи маҳаллий тилларда нашр этиладиган, яъни Бош назоратчи қўмитаси рухсатидан илгари ўтган асарларни қайта нашрига рухсат беришни ёки ўлкада мустақил назоратчи маҳкамаларини ташкил этишни таклиф қилади.

Ўлка ноширларининг бу талаблари инобатга олинмади, бунинг асосий сабаби подшонинг жойлардаги маҳкамалар хўжайинлари ноширчилик ишини кенг кўламда йўлга қўйишдан, Туркистонда маҳаллий тилларда китоблар чоп этилишидан манфаатдор эмаслигида эди. Аниқроғи, улар маҳаллий халқларнинг маданий-маърифати, маънавияти, мафкурасининг ўсиши, юксалишига тиш-тирноғи билан қарши чиқишди. Шунга қарамай, Туркистон халқи, ватани, миллатига фидойи бўлган ноширлар Бош назоратчи кўригидан ўтказмасдан китоблар чоп этганларини қуйидаги тарихий ҳужжатлардан кўрамиз: “1891 йили Туркистон генерал-губернатори канцелярияси томонидан Самарқанд ҳарбий губернатори қоидада бор тартибга кўра “ҳамма шарқ тилларидаги китоблар Санкт-Петербургдаги Бош назорат қўмитаси кўригидан ўтказиш учун юборилиши шарт”лиги ҳақида огоҳлантирилади. Яна бир ҳужжатда: “1901 йил 30 августда Еттисув вилояти ҳарбий губернаторининг Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига йўллаган мактубида Еттисув вилоятида “назорат қўмитасининг рухсатидан ўтмаган ўзбек тилидаги китобларни” сотаётган андижонлик Хўжаевдан тортиб олиб ,“Санкт-Петербург назорат қўмитаси кўригидан ўтказиш учун юборилганлиги” ҳақида баён этилади.

XIX аср охиридан то биринчи рус буржуа-демократик қўзғолони (1905–1907 йй.) тугагунча ўлкада жойлашиб олган подшо ҳукмдорлари маҳаллий тилларда китоб ноширчилигига бутунлай қарши чиққан, ҳатто нашрдан чиққан ўзбек ва Ўрта Осиё халқлари тилларидаги асарларни нашр этилган китоблар рўйхатидан тўла ўтказмаган ҳоллар ҳам бўлган. Олим Алмаз Ёзбердиевнинг тадқиқотида кўрсатилишича, шарқ тилларида нашр этилган китоблар библиографияси билан академик Б.А.Дорндан сўнг, афсуски, ўн етти йил (1867–1884) дан ортиқ давр мобайнида Россияда ҳеч ким шуғулланмаган. Ва ниҳоят, бу иш аср охирларида “Рус Императори археология жамиятининг шарқ бўлими маълумотлари”ни бевосита нашр этиш (1886–1917 йй). билан боғлаб, қайта йўлга қўйилган. Унинг саҳифаларида янги шарқ нашрлари, шу жумладан, Туркистон нашрлари ҳақида доимий равишда туркшунос-шарқшунослар томонидан маълумотлар бериб борилган. Унинг 3,5,8-жилдларида “Рус Императори археология жамиятининг шарқ бўлими маълумотлари”да 1886-1893 йиллар мобайнида рус шарқшунос-туркшуноси, профессор В.Д.Смирнов (1846–1922 й.) томонидан 1885–1893 йилларда босмадан чиққан шарқ тилидаги китоблар рўйхати “Россияда мусулмонлар нашрлари” кўрсаткичида бериб борилган. Унда ҳаммаси бўлиб 684 китоб рўйхати кўрсатилган. Қайд қилинган ҳужжатдаги тошбосма китобларнинг кўпчилик қисми Қозон нашрига тегишли бўлган. Туркистон нашрлари бор-йўғи 28 номни ташкил этиб, улар 1889–1893 йилларда Тошкентда чоп этилганлиги қайд этилган. Олимнинг фикрича, бу рўйхатда ҳам Туркистон нашрлари тўла кўрсатилмаган. Яъни, рўйхатда Хива тошбосмахонаси китоблари ҳақида бирорта маълумот йўқлиги ҳамда Тошкент нашрлари ҳам тўла қайд этилмаганлиги далиллар орқали исботлаб берилган. Жумладан, Фузулийнинг асарлари 1884–1893 йилларда Тошкент тошбосмахоналарида ўн икки бор нашр этилган бўлса-да, кўрсаткич-рўйхатда бир нашр – “Лайли ва Мажнун” (1893 й.) қайд этилган. Ўрта Осиё халқлари меросининг чоризм империяси томонидан бундай камситилиши кейинги даврларда ҳам давом этганлигини кўрамиз. 1911 йилдаги “Китоблар йилномаси”да ҳаммаси бўлиб, ўттиз олти тошбосма китоб рўйхатга олинган бўлса, ўша йилнинг саккиз ойида босмадан чиққан китобларни рўйхатга олган олим Л.А.Зиминнинг кўрсатишича, бу сон қирқ учтага кўтарилган. Китоб миллат бойлигини, саводхонлигини англатувчи мезон эканини эътиборга олсак, бу рақамлар Ўрта Осиё халқларини жаҳон халқлари назари олдида маънавий камситишдан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлади. Бу ҳам етмагандек, маҳаллий халқ вакилларига зиё масканларини, янги нашр ўчоқлари – матбааларини, ойнома ва газета нашрларини очишга ижозат сўраб борилганда мунтазам рад жавоби берилган.

Ғулом Ҳасан Орифжонов ҳовлисида ташкил топган “Муқовахона устахонасида”, 1898 йилдан бошлаб ишга ёлланган Абдураҳмон Саидбоев ҳақида қисқача биографик маълумот бериб ўтайлик.

Абдураҳмон Саидбоев 1883 йили Тошкентда камбағал деҳқон оиласида туғилган. 1898–1932 йилларга қадар, Ғ.Ҳ. Орифжонов “Муқовахона”си, “Ғуломия”, “Орифжонов” тошбосмахонаси, “Совет Шарқи” ва “Ўзгосиздат”нинг мусулмон матбаачилари босмахонаси, “Намунали босмахона”, “Биринчи босмахона”, Акмал Икромов номидаги босмахона (аслида ҳаммаси бир матбаа)да фаол меҳнат қилиб келган, 1932–1941 йилларда 2-матбаачилар ҳунар-билим юртида уста-мураббийлик қилиб, ёшларга муқовасозлик ҳунарини ўргатган. 1941–1958 йилларда Биринчи босмахонада юқори малакали муқовасоз бўлиб ишлаб, ўша ердан меҳнат фахрийлигига кузатилган. Ғ.Ҳ.Орифжоновнинг шахсий матбааси хусусийлаштирилгандан сўнг (1918 йил, апрел) Абдураҳмон Саидбоевга берилган ёзма ҳужжатда бундай дейилган: “Шайхонтоҳурнинг Қўрғонтеги маҳалласида яшовчи Саидбой ўғли Абдураҳмон ҳақиқатан ҳам 1898 йилдан бошлаб Каллахона маҳалласи, менинг уйимда 1907 йилнинг охирига қадар махсус устахонада муқоваловчи бўлиб ишлади.

1908 йили литография Сақичмон маҳалласига ўтгандан сўнг А.Саидбоев 1913 йилнинг охиригача муқовалаш бўлимида муқоваловчи, 1914 йилдан босмахона миллийлаштирилгунга қадар хатни тош қолипга кўчирувчи вазифасида ишлади.

У иш вақтида ўз вазифасини ҳийла-найрангсиз адо этди, топширилган ҳар бир ишни яхши ва ўз вақтида бажариб келди.

Имзо: Литографиянинг ўткинчи шахсий мулкчиси Орифжон ўғли Ҳасан.

1918 йил, 17 май”.

Ушбу ҳужжат ниҳоят Ғулом Ҳасан Орифжоновнинг кўп йиллик орзуси ушалганлиги, яъни ноширликка – литография очишга рухсат олганлигини кўрсатади.

Ғ.Ҳ.Орифжонов ноширлик касбини расман 1907 йил 28 июлида бошлаган дейиш мумкин.

Китобатчилик ва ноширчилик ҳамда тошбосма асарлар тарихи билан яқиндан шуғулланган Раъно Маҳмудова, М.И.Рустамовлар ўз тад-қиқотларида Ғ.Ҳ.Орифжоновнинг тошбосмахонасидан биринчи қалдирғоч китоблар 1900 йилнинг бошларида нашрдан чиққанлиги маълум қилиниб, ана шундай китоблар сирасига “Шоҳномаи Фирдавсий”, Алишер Навоийнинг “Девон”и, Муқимийнинг танланган шеърлар тўплами, Фузулийнинг “Ғазалиёт”и каби нашрлар кўрсатиб ўтилади. Ғулом Ҳасан Орифжонов шунчаки китоб ношири эмас эди. У инсоният ақл маҳсули бўлган китобларни ўз халқига тез ва соз етказувчи фидойи, Ўрта Осиё мутафаккирлари яратган асарлар билан миллат эҳтиёжини қондиришга бел боғлаган, керак бўлса, бу ишда юксак мажбурият олдида турганлигини яхши ҳис қилган ўзбек зиёлиси ҳам эди. Бу у тузган нашр режалари мавзу жиҳатидан ранг-баранглигида яққол кўзга ташланиб турибди.

Бу китобларни кўриб, Ғулом Ҳасан Орифжонов ўз нашр режасини сўзсиз ўша давр жадидчилик ҳаракати намояндаларининг мақсадларига, харакатларига ҳамоҳанг тузганлигига, шунингдек, уларнинг дастурлари ёш ноширга туртки бўлганлигига ишонч ҳосил қиламиз. У ўлканинг йирик китобфурушлари билан яқин алоқада бўлиб, айнан уларнинг буюртмалари, харажатлари ва ёрдамлари орқали нашр режаларини амалга оширганлиги китобларнинг унвон саҳифаларидаги ёзувларда яққол кўзга ташланиб турибди.

1910 йилга келиб қайта нашрларга рухсатни Санкт-Петербургдаги Бош назорат қўмитаси эмас, Туркистон генерал-губернаторининг жойлардаги назорат маҳкамалари берадиган бўлади. Бундан унумли фойдаланган ношир Ғулом Ҳасан шеърият султони Алишер Навоийнинг сара асарларини минглаб нусхада беш йил давомида қайта-қайта нашрдан чиқарганлигини Абурайҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган китоблар орқали кўришимиз мумкин. Бу ХХ аср бошларида илмга чанқоқ Туркистон халқида Алишер Навоий асарларига бўлган эҳтиёж ва талаб ниҳоятда юқори бўлганлигидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, ношир Ғулом Ҳасан Орифжонов Ўрта Осиё халқларининг маданий меросини бойитибгина қолмай, у маҳаллий халқ маърифатини кўтариш, мумтоз адибларимиз асарларини Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва бошқа давлатларга ҳам тарқатишга интилганлигининг шоҳиди бўламиз. Ғулом Ҳасан тошбосмасида 1908–1912 йилларда ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари: “Насриддин Афанди” (1908–1910 йй.), “Юсуфбек Аҳмадбек ва Бўз ўғлон” (1909 й.), “Маликаи Дилором” (1912 й.), “Гўрўғли Султон”, “Гулфараҳ” каби йигирмага яқин номда китобларни нашрдан чиқаради.

“Ғ.Ҳ.Орифжоновнинг тошбосмахонаси бу даврга келиб, бутун Ўрта Осиёда ўзбек тилида нашр этувчи ягона йирик матбаага айланди,– дейди Эшонқул ота Қодиров.– 1908 йили тошбосмахонада ўн-ўн икки маҳаллий миллат вакиллари ишларди. Орадан кўп вақт ўтмай, тошбосмага биринчи рус мутахассислари Данилин билан Васильевлар келишди. Улар босма машиналарга 25, кейинчалик 40 киловаттли нефтда ишловчи моторлар ўрнатишди. Шундан сўнг тошбосма машиналар электр-буғ ёрдамида ишлайдиган бўлди. Ўшандан кейин тошбосма мутахассисларининг сони йигирмага етиб қолди. Литография довруғи, унинг дастгоҳидан чиққан сифатли тошбосма маҳсулотлари бутун ўлкага ёйилди. Ўша маҳалда босмахонада ишлаган шогирд болаларга Ғулом ака йилига 40–60, етук мутахассисларга ойига 60 рублгача маош тўларди. Беш ти-йинга бир қадоқ гўшт, 35 тийинга бир пуд ун ёки гуруч олса бўларди. Ойлик маошини ҳар ҳафтага бўлиб чиққан хўжайин Ғулом ака ҳафталик иш ҳақини пайшанба куни берарди, жума куни дам олинарди” деб эслаганди биз билан бўлган суҳбатда.

1909 йили Ғулом Ҳасаннинг литографияси дастгоҳидан чиққан Машраби Сонийнинг “Мабдаи нур” асарининг унвон саҳифасида: “Ушбу китоб Ғ.Ҳ. Орифжоновнинг электр-буғ ёрдамида ишлайдиган тошбосмасида 1327 (ҳижрий) йили чоп этилди”, деган ёзув бор. Демак, матбаанинг фақат босма бўлими шу йилдан бошлаб қўл меҳнатидан озод қилинган.

Ўлкада кечаётган оғир сиёсий ва иқтисодий даврда ношир Ғулом Ҳасан Орифжонов ўз тошбосмаси ишчиларини чоризм жандармаси чангалидан сақлаб қолиб, аҳволини енгиллаштиришга, етим-есирларга ёрдам қўлини чўзишга баҳоли қудрат ўз ёрдамини аямайди. Бу даврда у Туркистон генерал-губернатори маҳкамалари назоратидан четроқда бўлиш ниятида бўлса керак, нашр режаларида халқ оғзаки ижоди намуналаридан “Тоҳир ва Зуҳра” (1914 й.), “Насриддин афанди” (1916 й.), “Гўрўғли султон” (1916 й.) каби асарларни ва ўқув қўлланмаларини қайта-қайта нашрдан чиқарган.

Ғулом Ҳасан рус тилидан ўзбек тилига ағдарилган асарларни ҳам нашрдан чиқарганлиги маълум. Бу ҳақда М.И.Рустамов ва Р.Маҳмудовалар ўз тадқиқотларида маълумот берадилар. Жумладан, “1911 йилда “Ғуломия” босмахонасида “Робинзон ҳикояси” номли китоб босилиб чиқди. Бу ҳикояни рус тилидан ўзбек тилига Муҳаммад Фозилбек таржима қилган”, дейилган. Яна бир тадқиқотда бу хабар анча тўла келтирилган: “Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо” романи Муҳаммад Фозилбек Отабек ўғли томонидан қисқартирилган тарзда таржима қилиниб, Мулла Муҳаммад Қосим Қори Маҳмуд билан Мулла Султон Махдумлар Орифжонов тошбосмахонасида “Рўмон” номи билан 1911 йили нашр эттирган”. Шунингдек, Ғулом Ҳасан Орифжонов тошбосма имкониятларини вақтли матбуот намуналарида ҳам синаб кўрганлиги “Ал-изоҳ”, “Чаён” ва “Чўл чаён” журналлари орқали маълум бўлади.

1917 йил октябр тўнтаришига қадар Туркистондаги вақтли матбуотларнинг жами сони 68 га, матбаалар сони 90 га, унда ишловчиларнинг сони бир ярим мингдан зиёдга етди. Шулардан фақат ўттиздан зиёди турли йилларда ўзбек тилида ташкил топган газета ва ойномалар бўлиб, уларнинг иккитаси Тошкентда (“Туркистон вилояти газети”, “Деҳқончилик рисоласи” – XIX асарнинг иккинчи ярмида), қолганлари ХХ аср бошларидан Октябр инқилобигача дунёга келган эди.

Бу газета ва ойномаларнинг кўпчилигида миллатимизнинг фидойи фарзандлари ишлаганлар. Кейинчалик уларнинг катта бир қисми “жадидлар”, бир қисми “миллатчилар”, баъзилари “халқ душманлари” деб айбланган. Миллат маърифати, маънавияти, маданий меросини бойитишга жонини аямаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Элбек, Ибрат, Исмоил Обидий (Тараққий), Абдулла Авлоний, Саидносир Миржалилов, Маҳмуд Ҳодиев (Боту), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Ашурали Зоҳирий, Абдулла Қодирий, Ҳожи Муин, Абдураҳмон Содиқ ўғли ва бошқаларнинг номини келтириш мумкин. Шунингдек, булар сафига ўзбек матбаа ноширчилигининг илк намояндалари: наманганлик Исҳоқхон Жунайдуллаев (тахаллуси Ибрат), хоразмлик Отажонбосма Абдалов, тошкентлик Ғулом Ҳасан Орифжонов, марғилонлик Обиджон Маҳмудов, Азим Хўжаларнинг фаолиятлари жиддий эътиборга лойиқдир. Чунки улар миллий уйғониш даврини ўз нашрлари билан таъминлаган куч бўлдилар, миллат маданий меросини бойитдилар.

Ўзбек зиёлилари мустамлакачилик сиёсати туфайли Туркистон забун, яъни танг аҳволга тушиб қолганини, халқ жаҳолат ва нодонлик қўйнида, эрксизлик жаҳолати, икки томонлама зулм исканжаси остида қаттиқ эзилиб қолганлигини чуқур англадилар ва бундай ҳаётни ўзгартириш, янгилаш лозимлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурдилар. Улар халқни маърифатли қилишни, маънавий савиясини юксалтириб, яхшини ёмондан ажрата олишни маърифатнинг бирламчи шарти деб билдилар ва шу олижаноб мақсадни амалга ошириш учун фидойилик билан оғир, аммо шарафли меҳнатга бел боғлаган миллат фидойилари бўлдилар. Улар турли хил таъқиб ва таҳдидларга қарамай, моддий қи-йинчиликларни енгиб, янги илм масканлари, мактаблар очдилар, адабиёт ва санъат тараққиётига улкан ҳисса қўшдилар, ўқув қўлланмалари яратдилар ва нашр эттирдилар.

Меҳнат қаҳрамони Абдураҳмон Саидбоев, жумҳуриятнинг меҳнат фахрийлари Акбар Махсум Саидов, Эшонқул Қодировлар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, Ғулом Ҳасан Орифжоновнинг тошбосмахонаси 1918 йили март ойида янги ҳукумат томонидан мусодара қилинганда литографияда тўрт тошбосма машина, учта нусха кўчирувчи қурилма, зарҳалловчи, қирқув машиналари бўлиб, уларда (хаттотлардан таш-қари) йигирма мутахассис матбаачи ишлаган. “Ғуломия” литографияси Сақичмондан Эски шаҳарга, Биринчи Тошкент шаҳар босмахонасининг ротация бўлими ўрнига кўчириб келтирилган. Шу кундан бошлаб шахсий тошбосмахона ишчилар қўлига ўтган.

Аммо “Ғуломия” литографияси давлат ҳисобига ўтказилганда ҳам Ғ.Ҳ. Орифжонов тошбосманинг янги бошқарувчиларидан бири бўлиб вақтинчалик ишда қолганлиги маълум.

Октябр тўнтаришини Ғулом Ҳасан Орифжонов мамнуният билан кутиб олди. У Шўро ҳукумати китоб нашр ишига янада яхши шароитни яратади ва кенг халқ оммасига етиб боришини таъминлайди деган умидда яшади. Уни бир нарса – ўз ҳунарини янги жамиятда қўллай олармиканман деган ўй безовта қиларди.

Туркистон Полиграфия бўлимининг 1921 йилдаги бошланғич уч ойлик ҳисоботида Ғ.Ҳ. Орифжонов тошбосмаси фаолияти кўрсатилмайди. Унда молия комиссариатининг қўл остидаги 1-литография билан Эски шаҳарда янги (“Ғуломия” матбааси негизида – А.Б.) ташкил топган Мусулмонлар босмахонаси қайд этилган. Бу ҳисоботдан кўриниб турибдики, Ғулом Ҳасан Орифжонов етиштирган юқори малакали матбаачилар янги ташкил этилган Мусулмон босмахонасига асос солган, унинг тошбосмахонаси ускуналари Туркистон Молия комиссариатида энг оғир давр – фуқаролар уруши оқибатида юзага келган пул танқислигини тўлдириш борасида миллионлаб ҳажмда давлат банкноти – бонни чиқаришда хизмат қилади.

Тарихий ҳужжатларда бу ҳақда бундай дейилган: “1918 йил бошларида Туркистонда молиявий инқироз юз бериши муносабати билан ўлка халқ Комиссариати кенгаши 1918 йил 22 февралда РСФСР Совнаркомига дарҳол ўлкада майда купюра: 1, 3, 5, 10, 25 рубллик, жами 15 миллионга яқин миқдорда давлат банкотини чоп этишга мажбур бўлиб, марказдан рухсат сўралади. Шу муносабат билан зудлик билан Тошкентда банкнотларни чоп этиш учун литография ташкил этиш зарур деб топилади. Марказий Комитет ва ўлка Совнаркомининг буйруғига асосан Полиграфия бўлими катта қувватга эга бўлган полиграфия корхонасини ташкил этишга қарор қабул қилиб, Туркистондаги барча матбаа корхоналарини давлат ҳисобига ўтказиш ҳақидаги масалани илгари суради”. Шундай қилиб, 1918 йилнинг мартидан бошлаб матбаалар давлат ҳисобига ўтказишга киришилди. Биринчи навбатда Ғ.Ҳ.Орифжонов литографияси, О.А. Порцев билан Ильин типолитографиялари халқники деб эълон қилинади. Ачинарлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгунга қадар баъзи олимларнинг маданий тарихимизга оид йирик илмий тадқиқотларида, жумладан, 1955 йилда Москвада нашр этилган “Совет Ўзбекистонининг маданий тарихий очерклари” номли йирик асарда XIX аср охири ва Октябр тўнтаришигача бўлган даврда, ўзбек тилида нашр этилган босма китобаларнинг салмоғи камситилган, Туркистонда миллатимиз маданиятини бойитишда хизмат кўрсатган нашр ўчоқлари, яъни зиё масканлари сони ҳам камайтириб кўрсатилган. Жумладан, Ғ.Ҳ. Орифжонов ташаббуси билан ташкил этилган зиё маскани, яъни Тошкент шаҳар Биринчи мусулмонлар босмахонасига асос солган ноширхона ҳам ҳисобга олинмасдан, Биринчи босмахона 1923 йилда ташкил қилинди, деб қайд этилган.

Ўзбек ноширчилигининг илк қалдирғочларидан бири бўлмиш Ғулом Ҳасан Орифжонов етмиш уч ёшида (1947 йили) вафот этади. Минг афсуски, унинг 1921–1947 йиллардаги ҳаёти ҳозиргача бизга номаълум. Лекин у чоп этган тошбосма китоблар ўзбек маданияти хазинасига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Уларни ўрганиб, тўғри талқин қилиш ўзбек тадқиқотчиларининг фахрли бурчидир. Биргина “Ғуломия”, “Орифжонов” тошбосмахонасидан октябр тўнтаришигача чиққан икки юзга яқин нашрнинг ўзи китобшунос, шарқшунос, библиограф ва бошқа китоб нашри тарихи, умуман ўзбек миллати маданияти тарихини ўрганувчи олимлар учун катта хазинадир.

Азиз Бобохонов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 6-сон

* * *

Таниқли матбаачи Азиз БОБОХОНОВ кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги китобатчилик, матбаа-ноширлик тарихини, ўзбек маърифатпарвар зиёлилари фаолиятини ўрганиш борасида тадқиқот олиб бормоқда. У “Ўзбек матбуоти тарихидан” (1979), “Матбаа байроқдорлари” (1974), “Бир асрга тенг матбаа” (1976), “Устозлар ва шогирдлар” (1970), “Ўзбекистон матбуоти” (1986 йил, рус тилида) китоблари муаллифи. Болалар учун қиссалар ёзган, Италия ёзувчиси Жанни Родарининг қиссалари ва жаҳон халқлари эртакларини таржима қилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!