Анастасия Гриб. Жаҳон маданияти ўчоқлари

МЎМИН-МУСУЛМОНЛАР МАКТАБИ

Исломда дин ва таълим азал-азалдан бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Лоақал Китобнинг шунчаки маъносидан унча-мунча бохабар бўлмоқ учун ҳам араб тилини мукаммал билиш талаб этилади – зеро анъанага кўра Қуръони Каримни фақат аслиятда ўқиш шарт, акс ҳолда унинг мазмунига путур етади. Шу боис барча мусулмон дорилфунунлари азал-азалдан масжидлар қошида юзага келгани таажжубланарли ҳол эмас. Шулардан «асосий»си – истисно эмас. Ал-Азҳар дорилфунуни Қоҳиранинг шу номдаги масжидида очилган эди. Афсоналарга кўра, унинг номи Муҳаммад (c.а.в.)нинг тўнғич қизлари соҳибжамол Фотиманинг сифатларидан бири аз-заҳро, «чарақлаган» деган сўзга бориб тақалади. Бугунги кунда мусулмон оламида Ал-Азҳар улкан маъмурий-маърифий мажмуасининг аҳамияти беқиёс. Бу на фақат ислом маданиятининг энг муҳим маркази, балки жаҳонда фаолият кўрсатиб турган энг қадимий олий ўқув юртидир. Сўз аввалидаёқ ушбу дорилфунуннинг тузилишини журналхонларга маълум қилиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлса керак. У икки қисмга: эркаклар ва аёллар куллиётларига бўлинган. Эркаклар куллиётлари қуйидагидан иборат: 1. Геология. 2. Араб тили. 3. Ислом таълими. 4. Кимё. 5. Тиш муолажаси. 6. Шариат. 7. Ислом ва араб тадқиқотлари. 8. Тижорат. 9. Тил ва таржима. 10. Тиббиёт. 11. Муҳандислик. 12. Қишлоқ хўжалиги. Хотин-қизлар куллиётлари: 1. Ислом ва араб тадқиқотлари. 2. Гуманитар фанлар. 3. Тижорат. 4. Тиббиёт. 5.Аниқ фанлар.

Қоҳирадан ташқари яна қуйидаги шаҳарларда Ал-Азҳар дорилфунунининг филиал (бўлим)лари мавжуд: Александрия, Дамомхур, Соҳаг, Асйут, Танта, Ал-Мансура, Ал-Мануфия, Аз-Заказик, Шибин ал-Қавм. Шулардан Александрия, Соҳаг ва Асйутдагилар хотин-қизлар филиалларидир.

Ал-Азҳар масжиди 972 йилда Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизлари номидан келиб чиққан Фотимийлар сулоласи (909–1171) вақтида очилган эди. Бир неча йил ўтгандан кейин эса унинг саройида биринчи «семинар» бўлиб ўтди: Абулҳасан Али ибн ан-Нуъмон ал-Қайравоний ҳозир бўлганлар ҳузурида «Ал-Ихтисор» (фиқҳ бўйича нутқлар тўплами)дан парча ўқиб берди.

Кўп ўтмай бутун мусулмон оламида Ал-Азҳар мактабининг таъсири бениҳоя катта бўлди. Бир жиҳатдан – бу Африкадан Маккага йўл олган зиёратчилар йўли устидаги муҳим қўналға бўлмиш Қоҳиранинг жуғрофий ҳолатига боғлиқ бўлса, яна бир жиҳатдан – унинг сиёсий мақоми сабаб бўлган эди (Х асрда аббосийлар давлати қулагандан кейин шаҳар Фотимийлар халифалигининг пойтахтига айланганди). Аввалига талабалар тўғридан-тўғри катта масжид ҳовлисида ўқитиларди, хорижликлар учун эса равоқ деб аталмиш махсус турар-жой ажратиларди. Ал-Азҳар дастлабки кунларданоқ турли мамлакатларнинг кўплаб олим ва серзавқ ёшларини ўзига тортар эди – унда нимаси биландир ҳозирги «таклиф этилган касб-ҳунар» ва стипендиялар тизимини эслатувчи тизим анча олдин жорий этилган эди. Бунинг устига Андалусия ва Ўрта Осиёда араб таъсирининг сусайиши билан бу ўқув юрти узоқ вақтгача ўзларининг олдинги истиқомат жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган олим ва мутафаккирлар учун бошпана бўлган. Бошда Ал-Азҳар руҳонийлари орасида ҳур фикрлиликка кенг йўл очиб берилган: XIII асрда бу ерга энг йирик шиа мазҳаби вакиллари – исмоилийлар, кеч Ўрта асрда эса – суфийлар тўпландилар… XVIII асрга келгандагина дорилфунун чинакам суннийлар марказига айланди ва ҳозир ҳам шундай бўлиб турибди.

Дарвоқе, бугунги кун ҳақида: ҳозирги вақтда Ал-Азҳарнинг таълим тизими дорилфунуннинг ўзи билан бирга яна мадрасани ва уч босқичли тайёрлов ўқув юртини ўз ичига олади. Ярим аср муқаддам илоҳиёт куллиётларига дунёвийлари ҳам қўшилган эди: энди бу ерда тиббиётни, турли аниқ ва гуманитар фанларни ўрганиш мумкин. Тўғри, ҳатто Ал-Азҳардаги дунёвий мутахассисликни ҳам талаба фақат асосий мусулмон мактабининг барча босқичларидан ўтгандан кейингина эга бўла олади.

Аёллар мавжуд фикрга қарши ўлароқ яна олий таълим олиш ҳуқуқига ҳам эга. Улар эркак жинсидаги талабалар қандай мутахассисликка ўқисалар, Аёллар коллежида худди шундай мутахассисликка ўқишади. Албатта, ҳеч қандай ахлоқ эркинлиги тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас, қизлар йигитлардан алоҳида ўқишади ва истиқомат қилишади.

XXI асрда ал-азҳарликларнинг асосий вазифаси расман фақат кенг маънодаги давлатдан иборат бўлиб қолмоқда. Яъни на фақат динни ёйиш (дорилфунунда ҳатто махсус «мубашширлик» куллиёти ҳам мавжуд), балки ундан-да кенгроқ маънодаги иш – ислом маданиятини тарғиб этиш авж олдирилган. Масалан, тусмолларга қараганда, Ал-Азҳарда олий даражада мумтоз араб тили ўргатилар экан – дунё бўйича бу лисоншунослик мактаби бошқа ҳеч қаерда йўқ. Миср билан қўшиб ҳисоблаганда кўплаб мусулмон мамлакатларидаги ялпи ишсизлик ҳолатида обрўли дорилфунун битирувчилари офтобшувоқ жой қидириб, вақтларини исроф қилишга мажбур бўлмайдилар. Уларнинг кўпчилиги адабиёт ўқитувчилари ва дин билимдонлари сифатида уларни қучоқ очиб кутиб оладиган хорижга йўл оладилар. Аммо, ўз-ўзидан маълумки, мусулмон бўлмаганларнинг ва хусусан ғайридин одамнинг бу билим даргоҳида қиладиган иши йўқ. Ҳаттоки араб маданияти масалаларида тобланган мухбирларга ҳам кези келганда осон тутиб бўлмайди…

ОЛЛОҲ БЕРГАН ҒУРРА

Биз Ал-Азҳарга октябрнинг ўрталарида кирдик. Ҳамма жойда машғулотлар давом этар (ўқув йили биринчи октябрдан бошланади), шунингдек Рамазоннинг сўнгги ҳафтаси яқинлашиб келарди, бу эса расмий учрашувлар учун ғоят ноқулай вақт эди. Намоз билан расмий учрашувни дорилфунунда қўшиб юбориш мумкин эмасди.

Дарвоқе Ал-Азҳар деган ушбу ҳарамда (сўзма-сўз таржимаси – «тақиқланган муқаддас жой») барча ташкилий масалалар «қўнғироқ орқали» ҳал этилади. Ёки башартики устида «асосий одам» имзоси бўлса, хат орқали ечилади. Бизга ҳамроҳлик қилувчи матбуот хизмати ходими бундай хатларни орқасига ортмоқлаб олган – Рамазон туфайли уйқуси чалалигидан бирон жойда эсдан чиқариб, қолдириб кетмаслик учун ва шу билан бирга «махфийлик учун».

Ҳар бир бошлиқ устидан ҳар доим янгиси «ўсиб чиқади». Амалда эса – ҳатто ундан юқориси Ал-Азҳар низоми томонидан ўйлаб топилмаган «бошлиқлар бошлиғи» устидан муҳофаза муассасалари туради. Силсила тугайди. Мана, қўлингдаги қоғозни кўрсатасан ва бармоғинг билан мўътабар имзони нуқийсан, аллақандай «фаррош» эса барибир ҳам «ноқонуний фотосессия»нинг олдини олишда ўзини масъул деб ҳисоблайди. Ахир кейин у ёт одамни Муқаддас Даргоҳ – Ҳарамга қўйиб юбормагани учун бир умр ғурурланиб юради-да!

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, нима бўлганда ҳам ўша энг Муқаддас Даргоҳ – бош масжидга кутилмаган ҳолда осон кирдик. Дорилфунун мажмуасидан фарқли ўлароқ у ерга ҳаммани: фотосуратчилар, сайёҳлар ва ҳатто аёл сайёҳларни қўяверадилар. Ал-Азҳар Жоме масжиди Қоҳиранинг жанубида, эски сарой маҳалласида жойлашган. Шуни таъкидлаш жоизки, намозлар оралиғидаги вақтларда у ерда муҳит анча мўътадил бўлади. Кўплаб талабалар ерда ётиб олиб, дуолар замзама қилишади. Ҳатто пинакка ҳам кетадилар. Кимдир бир курс олдинга ўтиб олиш иштиёқида қунт билан имтиҳонларга тайёрланади. Кимдир эса совуқ тошга тақводорона телбалик ила «манглайини уради». Дарвоқе, манглайдаги ғурра – қунт ва эътиқод билан тоат қилишнинг «расмий» аломати ҳисобланади ва Ал-Азҳардаги деярли ҳар бир йигит манглайида бундай ғуррани кўриш мумкин. Ҳа, айнан йигитлар манглайида: қиз талабалар ғурра орттиришлари шарт эмас – улар учун Қуръони Каримни боcим мутолаа қилиш билан юзларига рангпарлик ва маҳзун кўриниш ила зеб беришса, кифоя. Уларни одатда масжиднинг ўнг томонида жойлашган аёллар бўлмасида шундай машғулот билан банд бўлиб турганларини кўриш мумкин. Тўғри, ҳовлида ҳам Аёллар коллежи талабалари учраб қолади: улар бу ерга қораламалар, бўз матолар ва буклама курсичалар билан келишади – безак нақшларидан нусха кўчиришади… Бундоқ олиб қараганда, бу ерда ал-азҳарликлар кутилганидек унчалик кўп эмас: бу намозгоҳ улар учун асосий уй бўлса-да, лекин ягона эмас. Масжидлар, табиийки, ҳар бир ўқув биносида ва ҳатто ётоқхонада ҳам мавжуд.

Сайёҳларни марказий эшикни қўриқловчи калитдорлар ва фаррошлар жон-жон деб томоша қилдиришади. Кўзлари ўткир шундай бир чолни мен биринчи марта кўраётганим йўқ. У ўзини Шаъбон номидаги мадраса имомиман1 деб таништиради. Менга чуқур таъзим қилади ва масжидга кираверишда ечиб қўйишимиз керак бўлган оёқ кийимимни олади. Сўнг жиддий қиёфада, паст овозда ҳуштак чалиб хиргойи қилганча, мени эшиклари очиқ ҳовлидан бошлаб кетади. Ганч сувоқли ердан унинг дағал ва тақир товонларининг шипиллаган овози қулоққа чалинарди. Шаъбон менга барча махфий эшикларни бир-бир очиб боради, ичкаридаги муҳташам ёғоч минбарларни кўрсатади, жумъа намози кунлари у ердан туриб, имом-хатиб жамоага ваъз ўқийди. Мени имом-хатиб ўтирган ўриндиққа ўтириб кўришимни таклиф қилади. У ҳатто азонни маромига келтириб қандай чақиришни ҳам амалда намойиш этади.

Лекин булар барчаси учун бахшиш тўлаш керак бўлади. Калитдорларда бу нарса қонун тусига кириб бўлган. Улар сайёҳларнинг оёқ кийимларини атайлаб ўзлари олиб қўядилар ва сайр сўнгида қилган хизматини рўкач қилиб, сиздан албатта ҳақини ундириб оладилар. Сайёҳ билан кийим эгаси ўртасидаги «савдо» гоҳо соатлаб чўзилиб кетади… Нима бўлганда ҳам менинг омадим чопган экан. Намози аср вақти бўлиб, кун ботишига яқин қолган, намозхонлар тўда-тўда бўлиб, масжидга шошиларди. Аёллар ўнг томондаги танобийга ўтишлари талаб этилади. Шаъбон бошини хам қилганча пойабзалимни менга тутқазади – «раҳмдил ва мурувватли Оллоҳ Таоло ўзи қўлласин».

Ҳар бир дорилфунунда шариат куллиёти энг нуфузлиси ҳисобланади. «Шариатни англаган одам юз илмни билган бўлади», дейишлари бежиз эмас.

НАБИЙ (С.А.В.)НИНГ ДАРРАЛАРИ

Ал-Азҳарнинг бир текисда уриб турувчи юраги бўлмиш бош масжиддан салгина нарида дорилфунуннинг уч асосий куллиёти – илоҳиёт, араб тили ва шариат куллиётларини ўз ичига олган мажмуа жойлашган. 11–12 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун ўзига хос «махсус мактаб» ҳисобланмиш мадраса ҳам шу ерда жойлашган. Бугун мана шу ҳудудда фақат ўғил болалару қизалоқлар таҳсил олади.

Мадрасада кўпроқ интизомга эътибор берилади, дорилфунунда эса талабаларга муносабат нисбатан мўътадил: масалан, маърузаларда иштирок этишни ҳеч ким назорат қилмайди. Бироқ у ёқда ҳам, бу ёқда ҳам имтиҳонлар қаттиқ олинади. Ўқувчининг неча ёшдалигидан қатъи назар, кўчириб ёзиш гуноҳи азим саналади: кўчириб ёзиш ўғрилик билан бир қаторга қўйилади. Қолган нарсаларда дунёвий олий ўқув юртлардагидан деярли фарқ йўқ. Ҳар бир бино эшиги тагида посбон туради, у кираётганларнинг юзига тикилиб қарайди ва фақат ал-азҳарликларгагина ижозат беради. Фақат болалар махсус либос киядилар – уларнинг эгнида кўк кўйлак ва қора шимни кўриш мумкин. Катта ёшдагилар ўзлари хоҳлагандай кийинадилар. Қоҳира ёшлари ичида уларни соқоллари ёки юзларидаги жиддий қиёфадан пайқаш мумкин. Мусулмонларнинг анъанавий «эркаклар кўйлаги» деган кийимни фақат Қора Африка мамлакатларидан келган талабалар кийишади. Эркак ўқитувчиларнинг кўпига кўзингиз тушмайди, аммо илоҳиёт олимларини уларнинг саллаларидан дарров пайқаш мумкин… Ал-Азҳарнинг бу қисмида хотин-қизлар деярли кўзга ташланмайди – уларга фақат Аёллар коллежидаги қизлар ва ёш болаларга дарс беришга рухсат этилади.

Мадрасанинг ўқитувчилар таркибида олти аёл муаллима бор. Улар болаларга энг аввало савод ва тўғри гапиришни ўргатишади. Табиийки, ҳар қандай мусулмон таълими Қуръони Каримдан бошланади. Шундан хаттотлик билан ҳам шуғулланадилар – Қуръони Каримнинг қўлёзмаси мумтоз хатларга намуналар беради. Аёл муаллима раҳбарлигида мажбурий тарзда шулардан учтаси – руққа, насх ва сулсни ўзлаштирадилар. Умуман, ҳуснихатга бу қадар жиддий эътибор бериладиган бу бутун Ал-Азҳардаги ягона жой ҳисобланади – ундан юқориги босқичларда ҳуснихат мажбурий фан саналмайди. Истовчилар уни қўшимча дарс сифатида танлашлари ёки Қоҳира масжидлари қошида хаттотлардан хусусий сабоқ олишлари мумкин.

Таълим амалиётининг «аълочи қизлари» билан таништириш мақсадида бизни мактаб биносига бошлашади. Жимжитлик, дарс кетмоқда. Директор бўм-бўш йўлакда олдинда виқор билан оҳиста одимлаб бормоқда. Унинг ўз муассасасидан фахрланаётгани ва уни чет элликларга кўз-кўз қилиши зўр ҳузур бағишлаётгани кўриниб турибди. Мана бу ерда – бу бор, ана у ерда – у бор. Очиқ эшиклардан бири олдида тўхтаб, у қиёмда қотиб турган бир қанча эркак кишиларни кўрсатади. Барчалари кафтларини лаблари олдига жуфтлаб олган, кўзлари юмуқ. Дуо эшитилади.

Бу ички, уй масжиди. Машғулоти йўқ муаллимлар намоз ўқишаяпти.

Мана бу эса кўплаб оддий дарсхоналардан биттаси. Директор унга биринчи бўлиб киради ва эшик ортида кутиб туришимизни илтимос қилади, бироқ тирқишдан мўраласак, биров бир нарса дермиди?.. У камаридан даррани олади-да, ўқитувчининг столига қарсиллатиб уради. Унинг таҳдидли овози янграйди: «Партада қандай ўтиришни ўргатишмаганмиди? Бу қанақа бемазагарчилик? Гавдангизни ҳам мусулмонга ўхшаб тутинг-да! Ҳар бирингиз Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дан ибрат олишингиз керак. Борди-ю, Пайғамбаримиз сизларнинг бунақа шалпайиб, уйқусираб ўтирганингизни кўрганларида борми, Ул зотнинг қаҳрига қолар эдингиз. Ул зот сизларни чавақлаб ташлар эдилар!» Яна ҳавода дарра ҳуштак чалади.

Мана шу шиддатли мўътаддилликдан сўнг бизни синфга киритадилар. Болалар қилт этмай ўтиришарди. Кўпларининг лаблари титрайди, кўзларининг пахтаси чиққан, гавдалари – шамдай тик. Муаллима саида («хоним») Мўна доскага – Қуръони Каримдан узун бир оятни ёзади, бир бола эса (афтидан ,энг журъатлиси бўлса керак), ихтиёрий равишда муаллиманинг айтганларини такрорлайди. Кейин Саида унинг сарф ва наҳв бўйича йўл қўйган хатоларини ва у ёки бу ҳарфларнинг тўғри чиқмаганини кўрсатади. Директор бизга бир неча бор суратга олишимизга рухсат беради ва дарсига халақит бераётгани учун муаллимадан кечирим сўрайди:

– Келинг, ортиқ болаларни безовта қилмайлик, бўптими? Яхшиси, нариги қанотга ўтамиз. У ерда хоҳласангиз муаллимага бир-иккита савол билан мурожаат қилсангиз ҳам бўлади. Ҳозир муаллиманинг бўш пайти.

Китобларга тўла қутилар териб қўйилган хонага кирамиз. Саида Асма Ҳасан Закий галадан ажралиб ёлғиз қолган қушга ўхшарди. Унинг кўриниши синф хонимидек важоҳатли эмасди, аксинча, тақволи, дарвешона тусда эди, шундай бўлса-да, жудаям очиқкўнгил эди. Бироқ ажнабий жуналистлар олдида у қимтинади ва қизаради. Дафтару дарсликларни шоша-пиша титкилаганча ўқув режаси қандай тузилишини ҳикоя қилади.

– Мен адабиётдан дарс бераман. Араб адабиётидан, албатта, исломий адабиётдан.

– Саида болаларга адабиётдан, сарфу наҳвдан эмас, айнан адабиётдан дарс беради,– изоҳлайди директор, афтидан, бизларни бу нарсалардан мутлақо бехабар деб тушунган ҳолда. – Саида, марҳамат, давом этинг. Нима демоқчи эдингиз?

– Болалар адабий тилни фақат ўрта аср мумтоз адабиёти асосидагина англаб етишади, – тортинчоқ муаллима яна “сўзга тушади”. – Уларнинг фикр юритиш тарзи у ерда ифода этилган олий мақсадларга монанд бўлиши керак. Биринчи галда биз улар билан, албатта, келсак…– шу ерда у чайналади. Сўнг кутилмаганда қўшимча қилади – Мен болаларни жуда севаман. Жуда. Лекин ўзим турмушга чиқмаганман. Бутун умримни Ал-Азҳарга бағишланганман.

– Йўқ, йўқ, Асма Ҳасан Закий хоним ҳали турмуш қурмаган,– директор буни лавозими обрўси билан тасдиқлашни ўзининг бурчи деб билади.

Начора, яна талай саволлар беришни, дорулфунунда аёлнинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида батафсил суриштириб олишни хоҳлардим, бироқ суҳбатдошларим имо-ишоралар билан уларнинг хизмат мажбуриятларига қайтиш вақтлари етганини билдиришди.

КИТОБЛАР ВА ЖОЙНАМОЗ

Ал-Азҳар дорулфунунига Миср фуқароларини имтиҳонсиз қабул қилишади, фақат аттестатларидаги баҳолар яхши бўлса, шунинг ўзи етарли. Лекин бу мактабда ўқиганлар ва чет элликлар учун дорилфунун эшиклари ёпиқ экан-да, деган гап эмас. Бундаги ўқувчилар учун махсус тайёрлов муассасалари ишлаб турибди. Биринчи босқич – бу Дираса Хаса (сўзма-сўз таржимаси “махсус дарслар”) бўлиб, бунда уч йил ичида асосий диний таълимни олиш, маҳаллий маданий муҳитда кўникиш ҳосил қилиш мумкин. Чет элдан келгач, кўпгина талабалар ҳатто тилни ҳам чала-чулпа биладилар. Бундайлар учун иккинчи йилга олиб қолишга рухсат берадиган юмшоқ тизим кўзда тутилган ва бу унчалик уят иш ҳисобланмайди. Баъзан бир йил илгарига “сакраб” ўтишга ҳам имкон беради. Дираса Хасада кириш имтиҳонлари ҳам унчалик оғир эмас, кўпроқ расмиятчилик учун олинади.

Дираса Хаса чекка жойдаги Аббосия туманида жойлашган, у ерга таксида боришимизга тўғри келди. Жиддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ал-Азҳар қошида ягона “дорилфунун шаҳарчаси”нинг ўзи йўқ. Гарчи ўқув бинолари миқдори бармоқ билан санарли бўлса-да, улар Қоҳиранинг турли жойларига сочиб юборилган, ҳар бир дорилфунун маҳалласи бошқаларидан алоҳида яшайди. У ёки бу куллиётнинг қаердалигини суриштиргудек бўлсангиз, ҳатто ал-азҳарликларнинг ўзлари ҳам янглишиб қолишади.

Янги бир таниш – хушчақчақ ва сергап Собит бизнинг адашиб қолмаслигимизга ёрдам берди, унинг дўстлари билан биргаликда биз Ал-Азҳар куллиётлари бўйлаб саёҳатга йўл олдик. 28 яшар бу дорилфунун битирувчиси асли Тошкентдан. Унинг учун ўқиш муддати тугалланган. Яна бир ойдан кейин она диёри Ўзбекистонга учиб кетиши учун дипломни пойлаб ўтирибди. Собит бу ерларнинг ҳар бир ўйдим-чуқуригача билади, узоқ йиллар давомида араб тилини мукаммал эгаллаб олган бўлса-да, барибир ҳамон миср лаҳжасида маълум қийинчиликларга дуч келади.

– Дираса Хасада асосан қуръони Карим ва ҳадислардан иложи борича хотирани мустаҳкамланади. Кейинги тайёрлов босқичлари – Маъҳад ал-ададий ва Маъҳад ас-санавияда аста-секин тафсирга ўтилади. Дорилфунундан фарқли ўлароқ ўқув дарсларида куллиётлар йўқ, ҳаммада дастур бир хил ва фанлар ҳам бир хилда аталади: ҳадисшунослик, қуръоншунослик, ҳуқуқшунослик ва илоҳийшунослик (илоҳиёт).

– Бу ерда баҳолар қандай қўйилади? Назорат ишлари бўлиб турадими?

– Тайёрлов ўқувларида ва умуман бутун Ал-Азҳарда Мисрнинг барча олий ўқув юртларида бўлгани каби бир хил – 100 баллик. Бу инглизлардан олинган. ҳамма нарсада эскиликка ўч бўлган дорилфунун баҳо қўйишда ўрта аср қоидаларини сақлаб қолгани йўқ. Дипломларимиз бутун дунёда эътироф этилишини ким хоҳламайди, дейсиз. “Бу ерда, Дираса Хасада аввалига ҳамма нарсага бағрикенглик билан қарашлари бутунлай бошқа гап – ҳеч қанақа имтиҳон-пимтиҳон йўқ, семестрда бир марта олинадиган назорат ишини ҳисобга олмаганда. Сабаби, кишиларнинг теварак-атрофга кўникишига, одатланишига вақт ва имкон бериш керак, вассалом. Бироқ дорилфунуннинг ўзида сессиялар жуда шафқатсиз кечади. Деярли барча фанлардан имтиҳонлар ёзма олинади. Қуръони Карим тажвиди бундан мустасно, бунда ифода ва урғуни жой-жойига қўйиб мутолаа қилиш керак бўлади. Одатда талабаларни синфга бутун кун қамаб қўйишади – ўйла, ёз, бошқа гап йўқ…

Бу орада биз Собит билан сал наридаги бууз – чет эллик йигитлар ётоқхонасига кириб чиқамиз (оилали талабалар ижара уйларига чиқиб кетишади, қоҳираликларга эса уй берилмайди, маҳаллий ва чет эллик талабалар ўртасидаги айирмачилик шу ерда кучли сезилади).

Бу ердаги инфраструктура ҳайратомуз даражада ривожланган: ётоқхона қошида ўз қурувчилари, табиблари, сотувчилари, почтачилару боғбонлари бор. Мажмуанинг бир қисми, умуман, шарқона усулдаги ўзига хос маиший хизмат уйини эслатади: дазмолхона ёнидаги сояли айвонча тагида кениялик талаба чордона қуриб ўтирибди ва Қуръон мутолаа қилаяпти. Қўшни корхонада қоқ ерда телевизор олдида кирчи (эркак киши) узала тушиб ётибди. Токчаларда тоза кийимлар уюмлари – талабалар уларни олишга шошилишмайди. Учинчи хонада тикув машинасида ёши 80 га бориб қолган тикувчи чол чаққон ҳаракатлар билан кийим тикмоқда. Шундоқ ёнгинасида девор ортида сартарош фиқҳ илми талабасининг соч-соқолига оро бермоқда. Ундан сал нарида – алоқа бўлими. Хат-хабарлар ҳар куни келиб туради. Кўз олдимизда ёш йигит Рамазон муносабати билан уйига, Саудия Арабистонига табрикнома жўнатиш учун маркалар сотиб олмоқда…

Буузда ва ундан ташқарида талабаларнинг кун тартибини жоиз дуолар билан белгилаб чиқишади. Ҳар куни ўқувчилар бомдодни ўқиш учун 4.30 да туришади. 8.30 да уларнинг кўпчилиги машғулотларга йўл олади ва тахминан 15.00 да ниҳояга етказади, бироқ Рамазонда улар бир соатга қисқартирилган (одатда дарс 45 дақиқа давом этади, танаффуслар 5-10 дақиқалардан). Ал-Азҳарда дарсларга иштирок этиш мажбурий бўлмагани боис (бироқ амал қилиш талаба виждонига ҳавола этилган расмий қоидаларгина бор) ўқиётганлардан кимлардир бундан фойдаланиб, буузда қолишади – кучларини аяшади ва муқаддас оятларни шу ерда, хурмо ва магнолиялар остида қироат қилишади… Муқаддас Рамазон ойида талабалар ошхонаси вақтинча ёпилади. Буни кўча савдогарлари билишади ва тўғри марказий хиёбоннинг ўзида ўқувчиларнинг ифторликлари учун сотгани ўз моллари – сабзавотлар, мева-чевалар ва кўкатларни ёйиб ташлайдилар. Ўқувчилар эса танаффус пайтларида улардан харид қилади. Бошқалар шаҳарга тушиб ифторлик қилишади.

Ҳа, бошқа ёқларга чалғиб кетдик. Собит келгач, икки талабаникига меҳмонга жўнадик. Оёқ кийимларни пойгакда қолдирамиз. Эшикка унниққан, “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм” деб ёзилган қоғоз лавҳача ёпиштирилган.

– Уйга киришдан олдин, албатта, Парвардигорнинг номини тилга олиш керак,– насиҳатомуз эслатади бошқирдлардан бири.

Хона бағри ёруғ ва шинам, ортиқча ҳеч нарса кўзга ташланмайди.

– Мусулмон учун китобу жойнамоздан бошқа ҳеч нарса керак эмас.

– Сизларни зўрлаб итоатда сақлашадими?

– Бундоқ олиб қараганда, ҳар сония ҳар дақиқада мудом Оллоҳ олдида итоатда бўламиз. Қолгани – ҳар кимнинг ихтиёри. Дейлик, уйни тоза тутиш керак, албатта… Баданни ҳам соғлом тутиш – шарт.

– Нима, сизлар бу ерда спорт билан ҳам шуғулланасизларми?

– Бўлмаса-чи. Дорилфунунда бутун жиҳозу ускуналари билан спорт уйи бор. Ўйингоҳ ҳам. Ҳатто футбол мусобақалари бўлиб туради, тағин миллатлараро мусобақалар бўлади. Ҳар бир хорижлик талабалар гуруҳи ўз жамоасини тузади. Ҳамма жон-жон деб қатнашади… Тағин нима қиласизлар дейсизми? Китоб ўқиймиз, албатта… Фақат илоҳиёт китоблари эмас, дунёвий китоблар ҳам ўқиймиз. Баъзилар Платонни ўрганади, антик адабиётни ўрганади – ислом аввалидаги кўплаб олимлар сингари. Маҳфузнинг “Нил узра талваса”ини ҳам ўқишлари мумкин…

– Узоқ вақтгача Ал-Азҳарда фақат ўғил болалар ўқиб келганди, 1962 йилдагина қизлар куллиёти очилиб, аста-секин ҳозирги коллеж даражасигача ўсган. Ундаги барча ўқитувчилар – аёллардир. “Профессор опа”лардаги энг машҳури тиббиёт куллиётининг гинекология кафедрасида дарс беради. Тайсир Мандурнинг ноёблиги шундаки, ўзи мисрлик бўлгани ва узоқ йиллар Лондонда яшаб, у ерда фан доктори унвони олгани ҳолда у барибир она юртига қайтиб келишдан чўчимаган, шу ерда, куллиётда тақводор Ал-Азҳар учун ғайриоддий ҳисобланган фандан дарс бера бошлаган – ахир моддиюнлик қарашдаги ходимларни ҳам кимдир ўқитиши керак-ку, замон билан ҳамнафас бўлмаса бўларканми? Айтишларича, ҳозирча унинг ишлари ёмон кетмаяпти экан.

Афсуски, Ал-Азҳарнинг хотин-қиз профессор ва толибалари ҳузурига журналистларни осонликча қўйишмас экан, бунга баъзи махсус қоидаларни рўкач қилишади: Рамазоннинг охирги кунларида уларнинг ёт одамлар билан гаплашишлари тўғри бўлмас экан. Аёллар коллежидан бир “партизан” қиз ўзи биз билан учрашгани анов-манов жойга эмас, нақ ётоқхонанинг эркаклар бўлимига кутилмаганида кириб келганини кўриб, оғзимиз ланг очилиб қолди. Россиялик журналистлар ташрифидан дарак топган киевлик қиз Катя биз билан танишмоқчи бўлибди. Унинг айтишича, аслида Рамазонда хотин-қизлар учун ҳеч қандай алоҳида тақиқ йўқ. Андрей Семашко билан иккимизга эса коллеж толибалари билан учрашишга рухсат беришмади, бунга биргина сабаб шуки, эркак фотосуратчининг қизлар ҳудудига кириши ман этилган.

Катя тайёрлов курсларида ўқийди. Қоҳирага келгунига довур унинг олий маълумоти бор эди (филологиядан). Уни бу ерга етаклаб келган нарса, унинг сўзларига қараганда, “Трансцендентлик (илоҳийлик)ни қўмсов” бўлган. У болалигида чўқинтирилган ва православ черковига қатнаб юрган, бироқ унга тағин нимадир етишмаётгандек бўлаверган. Тўсатдан акаси буддавийликка ҳавас қўйиб қолгану Англияга жўнаворган. Катя эса исломга ўтишга аҳд қилган. У буни ўз ихтиёри билан танлаган, чунки шу ерда у “ниҳоят насронийликда топишга беҳуда уриниб юрган нарса – Худо билан бирикиб кетишга муваффақ бўлган”.

– Эллик йил муқаддам дорилфунунда хотин-қизлар коллежи пайдо бўлганида, ундаги барча куллиётлар дунёвий бўлган эди. Яқиндагина аёллар учун Қуръон фанларининг биринчи Институти очилди. Мен шу Институтга кирмоқчиман. У дорилфунун куллиёти ҳисобланмайди: шундай бўлса ҳам бутун ўқиш муддати саккиз йилга мўлжалланган, унинг дипломи кўпроқ семинария ёки махсус билим юрти дипломи билан баравар юради. Бироқ танлов катта: мусулмон қизлари орасида бу ўқув юрти жуда оммалашиб кетган.

– Хўш, ундан кейин-чи? Институтни тугатгач, битирувчи қиз “қуръоншунос” деган ихтисосга эга бўладими? Улар қаерда ишлашади?

– Ал-Азҳар битирувчиларини ишга жойлаш ғамини сўнгги курсларданоқ ейдилар. Олийгоҳни тугатгач, Қуръон мактабларида болаларга дарс беришлари мумкин. Хайриятки, барча мусулмон мамлакатларида бундай ўқитувчи доим қўлма-қўл.

МЕГАПОЛИСДАГИ “МЕГАПОЛИС”

Эркаклар ва аёллар учун дорилфунуннинг ўзи ва тайёрлов ўқув юртлари билан бир қаторда Ал-Азҳар мажмуига яна бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ муассасалар ҳам киради. Мия – бу Олий кенгаш ёки Олим шайхлар кенгаши. Ундан сал қуйироқда Ислом тадқиқотлари академияси туради, унда янада мўътабарроқ уламолар мажлис қиладилар. Талабалар билан айирбошлаш, шунингдек Миср ва хориждаги ислом маданият марказлари қошидаги ваколатхоналарнинг ҳудудларида бўлим (филиал)ларга бош-қош бўлиб туриш масъулияти Ислом маданияти бошқармаси зиммасига юклатилган.

Бутун мажмуага олий имом (у дорилфунун ректори ҳам) раҳбарлик қилади. Уни Миср президенти шу лавозимга тайинлайди. Бутун мусулмон матбуоти ҳозирги олий имом, шайх Муҳаммад Саид Тантавий сўзлари ва суратлари билан тўлиб тошган. Беихтиёр у билан бууз стендларида, куллиётларда, маъмурий бинода, хуллас – ҳамма жойда танишсиз. Ёарбда Тантавий энг аввало тинчлик учун курашчи сифатида тез-тез нутқлар ирод қилиши, фатволар чиқариши, террорчи – камикадзеларнинг хатти-ҳаракатларини очиқ-ошкора қоралаши, аъмоллари тинч аҳолига қарши қаратилганларни жабрдийдалар деб эътироф этишдан бош тортиши билан танилган. Францияда ўқувчи қизларнинг давлат мактабларига ёпиқ бош билан кириши тақиқланганда, Тантавий мусулмон фаранг қизларини бу қарорга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.

Қоҳирага келган кунларимиздан бирида бизни олий имомнинг бош муовинларидан бири шайх Умар ад-Дуиб билан учрашгани шайхларнинг йиғилиш жойи Мажаҳит Ал-Азҳарга таклиф қилишди.

– Сизларни кўрганимдан хурсандман! Армияда хизмат қилганимда, мен рус аскарлари билан еб-ичар эдим.

Самимий кириш сўзидан кейин Ал-Азҳар тарихи ва унинг ислом маданияти шаклланишидаги аҳамияти тўғрисидаги ҳикоя бошланди. Асрлар давомида дорилфунун тез-тез тарихий воқеалар марказида бўлиб қолар эди. Масалан, Қоҳира заминига тахтни бошқариш учун Махсус кенгаш тузган: унга тўққиз шайх кирган, Кенгашга эса ўша пайтдаги олий имом раҳбарлик қилган. «Биласиз, Авл. Елена оролида қувғинда бўлиб, ўзининг кундалик ёзмаларида Наполеон бизнинг дорилфунунни Сорбонна университети билан қиёслаган». Ҳар қанча ғалати туюлмасин, Наполеон юришлари вақтида Ал-Азҳар тескари йўналишда ҳам муҳим роль ўйнаган: айнан ўша ерда французлар истилосига қарши ҳаракат маркази жойлашган эди.

– XV асрнинг машҳур физиги Ибн ал-Хайсан шу ерда таҳсил олган ва сабоқ берган, XIII асрда Ал-Азҳарни табиб Абдуллатиф ал-Бағдодий битирган. XIV–XV аср муаррихи Ибн Халдуннинг фаолияти ҳам мусулмон тафаккурининг шу маркази билан боғлиқ. Ватани Тунисдаги руҳонийларнинг адоватли муносабатлари туфайли у Қоҳирага қочиб кетишга мажбур бўлган. Бугунги кунда эса даргоҳимиздан вазирлар ва бош вазирлар етишиб чиқмоқда!

Ал-Азҳарнинг мутахассислар етиштирадиган илм маскани эканини англаш учун ҳисоб-китобларга бирров назар ташлаш кифоя: руҳонийлар, табиблар, муллалар, қозилар ва уламолар билан бир қаторда бу илм масканидан олий рутбали амалдорлар (улар орасида – Шри Ланка, Бирлашган Араб Амирликлари, Сенегал, Индонезия) ва ҳатто давлат раҳбарлари чиққан. Масалан, Малдив республикасининг ҳозирги президенти Мўъмин Абдул Қайюм ўз вақтида шариат куллиётида ўқиган. Умар ад-Дуибнинг сўзига қараганда, Ал-Азҳарнинг асосий вазифаси – «барча мамлакатлар мусулмонлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ва уларда исломга бўлган хайрихоҳликни кучайтириш»дир. Шу билан бир вақтда дорилфунун анъанавий тарзда айнан мўътадил исломнинг таянчи ҳисобланади – у ғарб оламининг мусулмонлар олами билан мулоқот олиб борадиган жой ҳисобланади. «Тамаддунлар тўқнашуви, маданиятлар уруши – булар ҳаммаси европаликлар тўқиб чиқарган уйдирмалар. Ислом – тинч-тотув яшаш тарафдори». Террорчи қандай қилиб мўъмин мусулмон бўла олади? Қуръони Карим унга кунда беш вақт намоз ўқишни буюради, унинг кераксиз хаёлларга боргани на вақти бўлади, на имкони!» – бизнинг саёҳатимиз давомида ал-азҳарликларнинг оғзидан бундай гапни бот-бот эшитишимизга тўғри келди. Тўғри, иймон ҳақи шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу тинчликпарвар даргоҳ ичидан, барибир, озмунча мутаассиблар чиқмаган – XI асрда ассасинийлар мазҳаби асосчиси Ҳасан I дан бошлаб, Хамас етакчиларидан бири, яқинда ҳалок бўлган шайх Аҳмад Ясингача бўлган шахсларни тилга олиш мумкин.

Ислом жаҳон маданиятидаги аҳамияти билан Ал-Азҳар кўҳна кутубхонадан илгари ҳам, ҳозир ҳам ҳар қанча фахрланса арзийди. Кутубхонанинг қўлёзма жамғармаси (42 000 манускриптдан иборат) ноёб ўрта аср нусхаларининг миқдори ва сифати бўйича ҳозирги Александрия хазинаси билан бемалол бўйлаша олади. Кутубхона биноси маъмурий бинога бақамти жойлашган ва унга шайх Муҳаммад Шуфийнинг деярли беш авлоди бу фахрли «унвон»ни ўзларида шараф билан сақлаб келмоқда. Кутубхона директорлари на фақат касб туфайли, балки кўпсонли «оилавий» алоқалар орқали ҳам бир-бирларига аймоқлашиб кетган, уларнинг наслида бир неча авлод олимлари Ал-Азҳарда ишлаганлар, шайхнинг беш жигари бир вақтлар бу мактабдан ўтишган, ҳозирги вақтда эса бу қутлуғ масканда унинг болалари ва невара-чеваралари илоҳиёт илмидан таҳсил олмоқдалар.

Кутубхоналарга бизни қўйишмайди, бироқ шайх мажмуанинг, унингча, энг қизиқарли нусхаларини кўрсатишга бажонидил рози бўлди. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлари билан боғлиқ улкан қўлёзма тахлами ва шажаралари бизда алоҳида таассурот қолдирди. «Насаб инсон ҳаётини туғилган пайтидан белгилаб берса, тақдир уни сўнгги дақиқасигача бошқариб туради», – доноларча тушунтиради шайх. Кутубхонанинг 1897 йилда таъсис этилган энг бой жамғармаси билан бирга директор «Ал-Азҳар online қўлёзмалар кутубхонаси» номи остидаги янги лойиҳа билан ҳам беҳад фахрланади. Бу лойиҳа амирликнинг ворис шаҳзодаси Дубай ва БАА Мудофаа вазирлиги ҳомийлигида (лойиҳанинг умумий қиймати – 5 млн. доллар) яқинда ишга туширилди. Энди Қуръон хаттотлигининг кўплаб намуналари, шунингдек тиббиёт, фалакиёт ва илоҳиёт бўйича ноёб ўрта аср рисолалари билан сайёрамизнинг Интернет билан фойдаланувчи ҳар қандай аҳли таниша олади.

АСОСИЙ ВАҲИЙ – «ЎҚИ!»

– Муқаддас китобни ўқиётганда диндор кишида пайдо бўлган барча саволларга имом жавоб беришга мажбур, бу унинг асосий мажбурияти.

Биз шариат куллиётининг 3-босқичида ўқиётган талаба билан гаплашамиз. У 23 ёшида имомликка етишган. Муҳаммад Зокир Ҳусайннинг бизга айтишича, агар ҳар қандай одам муаззинлик қила олса (унинг тўғри ўқиши ва яхши хониш қилиши кифоя), имом муайян билим хазинасига эга бўлиши шарт. Унинг «атиги» бутун Қуръони Каримни ёддан билиши, фиқҳ ва шариатни яхши таҳлил қила олиши зарур. Ал-Азҳар талабалари орасида «донишмандлар»ни талабалар жамоаси танлайди. Масжидда имомликка расман тасдиқланиши учун эса ислом таълими ҳақидаги сертификат ҳам талаб этилади.

– Бундан ташқари, ҳар қандай мусулмон каби, имом қалби, бадани ва турар-жойини пок сақлаши лозим.

Унинг ташқи кўринишига разм солиб қарайман: у жуда ҳам ораста кийинган, кўйлаги қизғиш, бошида йўрма қалпоқча, ўзини мағрур тутади. Жиддийроқ кўриниш учун ёш имом думалоқ кўзойнагини тўғрилаб қўяди. Қўлида Қуръони Карим. Ўн дақиқалик суҳбат давомида атрофимизни талабалар қуршаб олади. Улар дарахтлар остига ўтириб олишади ё руҳонийнинг қироатини диққат билан тинглайдилар, галма-галдан бир-бирларига им қоқиб, «Гап йўқ, қироати зўр, қандини урсин», – дея луқма ташлаб қўйишади. Суҳбатдошим Шри-Ланкадан келган бўлиб, 13 яшар ўсмирлигидаёқ Қуръони Мажидни ёд олган экан.

Унинг ёш, аммо доно чеҳраси менга ўзгача таъсир қилади ва мен беихтиёр ундаги бундай беғуборлик сирларини билишга қизиқаман:

– Қалб поклигининг мезонлари қанақа?

– Намоз ўқиётганда ўзинг ҳақингда эмас, фақат Худо ҳақида ўйлашдир. Қандай қилиб покликка эришади одам? Гуноҳ ишдан тийилиб. Китобни тинмай ўқиб.

– Талабалар сизга саволлар билан мурожаат қилишадими?

– Ҳар куни. Ҳамма, Худога қандай яқин бўлинади, деб сўрайди. Гуноҳлар ҳақида ҳам сўрашади.

– Худо кечирмайдиган гуноҳлар ҳам бўладими?

– Ширкдан бошқа ҳаммасини кечиради. Бу бошқа илоҳларга ишониш бўлиб, яккахудоликка зид келади. Бундай гуноҳ динсизлик билан тенг туради.

– Маиший масалалар қандай ҳал этилади? Дейлик, талаба дискотекага боргиси келиб қолди?

– Бунга ўлим жазоси берса ҳам бўлади… Ҳазиллашаяпман, албатта. Аммо, ростини айтганда, жуфт-жуфт бўлиб рақс тушиш бизда маъқул иш эмас.

Шу топ араб тили куллиёти талабаси журъатсизгина суҳбатга қўшилади: у бундай чекловлардан хурсанд эмас: «Унда қанақа рақс маъқул ҳисобланади?»

– Масалан, дейлик, эркаклар орасида рақс тушишинг мумкин.

– Мен йигитлар билан сира ҳам рақс тушмайман!

– Бўлмаса қоида шу – тақиқланган! Фақат тўйда, оила ичида қизлар билан рақс тушишга рухсат берилган. Дискотекага эса ўзини билган мусулмон қадам босмайди. Ёруғ дунёда Оллоҳ одамлар учун кўп нарса яратиб қўйибди. Фақат нима, қачон ва қаерда қилиш кераклигини билиш керак. Ҳаёт учун зарур бўлган оддий қоидалар бу.

Мен уларнинг баҳсини бўлмоқчи бўламан:

– Бу гапларни мана бундай тушунса бўладими: Ал-Азҳар шундай жойки, бу ерда ҳар ким ўзи учун нима қилиш керагу нима қилмаслик кераклигини белгилаб олади, шундайми?

– Ал-Азҳар – бу тайёр йўл. Бу ерда ҳар бир талаба кун-бакун ўз ишларини фикр элагидан ўтказади, ҳаётий қадр-қимматини ақл тарозусига солади ва ўзидаги камчиликлардан хулоса чиқаради. Қалбини тўғри йўлга солиб юрувчи бундай мураббийни бошқа қаердан топасиз? Бутун масъулиятни у тамомила ўз гарданига олган. Дорилфунунни тугатгач, талаба, худди онадан қайта туғилгандай, бутунлай бошқа одамга айланади. Бу даргоҳда бажариш лозим бўлган асосий нарса – шу.

Дорилфунуннинг профессор-ўқитувчилар нуфуси 6 000 нафардан кўпроқ. Мамлакатдаги барча олий ўқув юртларида, жумладан, Ал-Азҳарда ҳам ўқитувчилар Миср ўлчови бўйича яхшигина маош оладилар – 300 ва ундан юқори доллар. Шу сабабдан ёшлар орасида олий маълумотли бўлишга ҳаракат қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Мисрликлар учун ўқиш текин. Хорижлик фуқаролар ҳақ тўлашга мажбурлар, бироқ уларнинг харажатларини стипендия бемалол қоплайди. Стипендия олиш учун мулла талабанинг моддий аҳволи баён қилинган маълумотнома ёзиб беради. Стипендия миқдори, берилиш сабаблари яккама-якка суҳбатда аниқлаб олинади, кўп ҳолларда қадрдон жамоасининг қўллаб-қувватлаши талаба жонига ора киради. Яхши давомат учун ҳам стипендия олиш мумкин – бу 100 фунтни ташкил этади.

Русчадан Амир Файзулла таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2007 йил, 9-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!