Амриддин Бердимуродов. Асрларни бўйлаган бунёдкорлик

Соҳибқирон Амир Темур яшаб ўтгандан буён сал кам етти асрга яқин вақт ўтган бўлса-да, бу улуғ зотнинг ҳаёти ва фаолиятига бўлган қизиқиш кундан-кунга кучайиб бормоқда. Амир Темурнинг дунёқараши, ҳаёти ва фаолиятини, амалга оширган бунёдкорликларини бор бўй-басти билан англаш учун Турон тарихининг XIII асрдаги манзарасига қайта-қайта назар солишга тўғри келади.

XIII асрнинг биринчи ярми. Мўғул ҳукмдори Темучин — Чингизхон ўз қўшинлари билан обод Мовароуннаҳрга бостириб кирди, гуллаб-яшнаган шаҳар ва қишлоқларнинг кулини кўкка совурди. Суғориш тармоқлари, экинзорлар, боғлар вайрон қилинди. Бу юртнинг не-не ботирлари ёв билан бўлган жангларда шаҳид бўлдилар. Зиёлилар, ҳунармандлар, билагида куч-қуввати борларни ёв қул қилиб Мўғулистонга олиб кетди. Мовароуннаҳрдаги давлатчилик, тартиб-қоидалар йўқ қилинди. Масжид, мадрасалар ёндирилиб, муқаддас китоб­лар мўғул отларининг туёқлари остига ташланди…

Ислом динининг етук намояндалари хўрландилар, таҳқирландилар. Иймон-эътиқодга путур етди… XIV асрнинг биринчи ярмида қирғинбарот жангларнинг яралари бироз битган бўлса-да, маънавият, эътиқод ва иқтисоддаги инқирозлар янада чуқурлашиб кетганди. Мўғул хонлари ўртасидаги тожу тахт учун бошланган низолар, сиёсий тарқоқлик, оғир солиқлар халқнинг тинка-мадорини батамом қуритганди. Давлатчилик анъаналари батамом пароканда бўлган, энг оғири қуллик, муътелик халқнинг юрагига чуқур ўрнашиб олганди.

Шундай машаққатли оғир даврда Амир Темур бобомизга жафокаш Мовароуннаҳрни қайта тиклаш, бу ерда қудратли давлат барпо қилиш бахти насиб этди. Тақдир Соҳибқиронга бу улуғ юмуш учун бор йўғи 36 йил ажратган эди. Бу йиллар инсоният тарихидаги энг ёрқин мангу олтин 36 саҳифа сифатида абадий муҳрланиб қолди. Темурбек ҳазратлари ўттиз олти йиллик ҳукмдорлик даврида нафақат Мовароуннаҳр халқининг юрагидан қуллик асоратларини юлиб ташлади, балки унинг қаддини, ғурурини кўтариб, дунё­нинг энг илғор, қудратли халқига айлантирди. Бу инсоният тарихида жуда кам содир бўладиган чинакам мўъжиза эди. Хўш, бу мўжизанинг сири нимада? Бу мўъжизанинг содир бўлиш жараёни қайси омиллар билан боғлиқ?

Бу саволларга жавоб топмоқ учун қарийб етти аср беридан туриб, Соҳибқирон яшаган даврнинг тарихий манзарасига назар солайлик. 1370 йилнинг 9 апрелида Балх шаҳрида бўлиб ўтган қурултойда Амир Темурга “Подшоҳликка ва давлат бошқаришга лойиқ” зот сифатида юксак эҳтиром ва ишонч билдирилди. Бироқ бундай юксак ишончга сазовор бўлмоқ учун бобомиз ёвқурлигу баҳодирликда, юрт шаънини қандай ҳимоя қилиш борасида кўрсатган қаҳрамонликлар, изчиллик билан олиб борилган курашларнинг ўзи жуда катта синов бўлди. Амир Темур Балхдан, она шаҳри Кешга қайтиб, бу ерда икки ой туриб, узоқ фикр-мулоҳазалардан сўнг Самарқандни салтанат пойтахтига айлантиришга қарор қилди. Соҳибқирон Самарқанд­га келганида, шаҳарнинг на мудофаа деворлари ва на бирор бир ҳашаматли саройи бор эди. Мўғуллар Самар­қанднинг қадимги ўрни — Афросиёбни шу даражада вайрон қилгандиларки, уни тиклашнинг ва бу жойда яшашнинг асло имкони қолмаган эди. Яхшиси бу ҳақда Чингизхон бос­қинидан сўнг анча вақт ўтгач Самарқандга келган араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ёзганларига эътибор берайлик. Сайёҳ ўз кундаликларига: “Шаҳар аҳолиси сайр қилиб кўнгил очиш учун хуфтон намозидан сўнг йиғилиб дарё бўйига келадилар. Бу ерда улар учун тахтасупалар ва дўконлар ҳозирланган бўлиб, мева-чева ва бошқа таомлар билан савдо қилинади. Дарё қирғоғида шундай улкан саройлар ва бинолар қад кўтариб турарди, улар Самарқанд аҳолисининг юксак маҳорат соҳиби эканлигидан далолат беради. Аммо мазкур бинолар, эндиликда шаҳарнинг аксарият қисмлари каби харобага айланган. Уларнинг деворлари ҳам, дарвозалари ҳам йўқ” — деб ёзган эди. Амир Темур ­Самарқандга келганида мана шундай аянчли манзарага дуч келганди.

Соҳибқирон ўз олдига қўйган оламшумул режалар ва бунёдкорликларни амалга ошириш учун кучли давлат бошқаруви ҳамда мукаммал қонун-қоидалар, солиқ тизимларини жорий қилиш зарурлигини яхши идрок этарди. Шу сабабли бобомиз ўзидан олдин яшаб ўтган ҳукмдорлар жорий қилган давлатни бошқарув усуллари, қонун-қоидалар, иқтисодий тажрибаларни қунт билан ўрганди. Бошқача айтадиган бўлсак, Амир ­Темур ўзигача бўлган ўзбек давлатчилигининг икки минг йиллик тажрибасини ўрганиб чиқиб уни такомиллаштирди, янги тартиб-қоидалар билан бойитди, эскирган жиҳатларини бекор қилди.

Айниқса, Амир Темурнинг иқтисодий соҳаларда қилган ўзгаришлари диққатга сазовордир.

Соҳибқирон ўз давлатида илк марта даромад солиғини жорий этди. Бу солиқ тури бугунги кунда жаҳоннинг барча давлатларида қўлланилмоқда. Инсоният ҳозиргача ҳам бундан бош­қа мукаммал солиқ турини ихтиро қила олган эмас. Амир Темур ўз салтанати учун давлатчилик қонун-қоидаларини яратар экан, албатта, X асрда яшаб ўтган улуғ мутафаккир Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” ва XI асрда яшаб ўтган тадбиркор вазир Низомулмулкнинг “Сиёсатнома ёки Сияр ул-мулук” асарлари билан яқиндан танишиб чиққан.Соҳибқирон ўз “Тузуклари”да Низомулмулкни бир неча марта тилга олиб ўтганлиги ҳам фикрларимизни исботлаб турибди.

1370 йилнинг кузида Амир Темур Самарқандда катта қурултой чақиради ва унга барча амирлар, беклар, лашкарбошилар, олиму уламолар ва ислом динининг пешволарини чорлайди. Қурултойда мўғуллар томонидан таназзулга учратилган давлатчиликни тиклаш, пойтахт ва мамлакатни обод қилиш, мамлакатдаги тар­қоқликка барҳам бериш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб халқнинг аҳволини яхшилаш, мамлакатнинг мудофаа қудратини ошириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.

Амир Темур бобомиз томонидан амалга оширилган дастлабки тадбирлардан яна бири бу — халқнинг маънавиятини тиклаш, унинг топталган ғурурини кўтариш эди. Чунки бобомиз маънавияти паст, ғурури топталган халқ улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишга қодир эмаслигини яхши англарди. Шу сабабли дастлаб Мовароуннаҳрда яшаб ўтган олиму уламоларнинг хотираларини тиклади, уларнинг қабр­лари устига мақбаралар барпо қилди, улардан қолган асарларни кўп нусхада қайта кўчиртирди.

Мамлакатнинг катта-кичик шаҳарларида мактаб ва мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, кутубхоналар бун­ёд қилди. Оқсарой, Кўксарой ва Бўстонсарой каби маҳобатли саройлар қурдирди. Натижада, Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарларида, улкан бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Амир Темурдан ибрат олган шаҳзодалар, маликалар, амирлар ва ҳокимлар ҳам ўз маблағлари ҳисобидан турли иншоотлар, кўприклар, боғ ва саройлар барпо қилишга киришдилар.

Айрим олимлар Амир Темур дунёнинг турли томонларидан меъморлар ва усталарни пойтахти Самарқандга олиб келган, уларнинг меҳнати туфайли Самарқанд ва Мовароун­наҳрда улкан иншоотлар барпо қилинган, деб ёзишни яхши кўрадилар. Тўғри Соҳибқирон истило қилинган мамлакатлардан Самарқандга меъморлар ва усталарни олиб келгани бу тарихий факт. Биз буни инкор қилмаймиз. Бироқ четдан келган меъмор ва усталарнинг ўз юртимиздан етишиб чиққан меъморлар ва усталар раҳбарлигида, уларнинг қўл остида меҳнат қилганликлари ҳам тарихий ҳақиқатдир. Қолаверса, XIV асрда дунёнинг бирон бир мамлакатида Самарқанддагидан маҳобатли иншоотлар ҳали барпо қилинган эмасди. Эрону Хуросон ёки Ҳиндис­тонда Самарқанддаги улуғвор иншоотларга андоза бўладиган иншоотлар ҳали йўқ эди. Улуғвор иншоотларни мовий гумбазлар ва мовий кошинлар билан безатиш усули, энг аввало, XIV асрда айнан пойтахт ­Самарқандда кашф қилинганлиги ҳам аён ҳақиқатдир.

Хўш, Амир Темур давридаги улкан бунёдкорликнинг илдизлари қаерда? Соҳибқирон бобомиз нималардан андоза олиб, нималарга таяниб бундай оламшумул ишларни амалга оширди?

Маълумки, Соҳибқирон то умрининг охиригача “Куч — адолатдадир”, деган ақидага амал қилиб яшади. Бу ҳақиқатни ўзига дастуруламал қилиб олди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилди. Шарқда қадим-қадимдан “Адолат” тушунчасига алоҳида эътибор берилган ва ҳукмдорларга бериладиган баҳода бу мезон етакчилик қилган. Хитой тарихий йилномаларида ёзилишича, VII — VIII асрда Самар­қандда “Адолат уйи” номли улкан ибодатхона мавжуд бўлган. Унда туркий тилда ёзилган қонунлар тўплами сақланган. Амир Темур ҳамиша амал қилган “Куч — адолатдадир” деган мезон ҳам узоқ ўтмишнинг буюк қадрияти сифатида унинг юрагига ўрнашмаганмикан?

Амир Темур ва Темурийлар даврида Мовароуннаҳр, Хуросон ҳамда Ҳиндистонда улуғвор, осмонўпар иншоотлар бунёд қилинганининг тарихий илдизлари ҳам олис мозийга бориб туташади.

Юнон тарихчилари ёзишича, Искандар Мақдуний эрамиздан олдинги 329 йили Самарқандга келганида бу шаҳарнинг ободлиги ва кўркамлигидан ҳайратга тушган. Ҳашаматли саройларда базмлар уюштирган. Археологларимиз Самарқанднинг қадимги ўрни — Афросиёбда қазишма ишларини олиб борганларида VII — VIII, X — XII асрларга оид ҳашаматли саройларнинг қолдиқларини топганлари ҳам бежиз эмас.

Бундай улуғвор саройлар ва қасрлар Қадимги Хоразм, Жанубий Бақтрия, Сўғд ва Шош каби тарихий ўлкалардан ҳам жуда кўплаб топилиб ўрганилган. Амир Темур даврида барпо қилинган маҳобатли саройлар, қасрлар, масжидлар юқорида тилга олинган иншоотларнинг XIV асрда янада бойитилган ва ривожлантирилган янги қиёфаларидир, десак хато бўлмайди.

Маълумки, Амир Темур бобомиз давлатнинг тараққий этишида ички ва ташқи савдонинг аҳамияти жуда катта эканлигини теран англаган. Шу сабабли Шарқ ва Ғарб мамлакатларини ўзаро боғлайдиган савдо — карвон йўли — Буюк Ипак йўлининг ривожига катта эътибор берган. Авваламбор, Буюк Ипак йўли ёқасида ин қурган қароқчиларни бутунлай йўқ қилиб, бу йўлнинг хавфсизлигини таъминлаган. Савдо йўли устига карвонсаройлар, ёмхоналар барпо қилдирган, карвон йўлининг чўл ва дашт­лардан ўтадиган қисмларида етарли даражада сув бўлиши учун махсус сардобалар қурдирган.

Амир Темур нафақат Шарқ мамлакатлари, балки Ғарб мамлакатлари билан ҳам савдо алоқаларини йўлга қўйишга ҳаракат қилган. Франция қироли Карл VI ва Англия қироли Генрих IV билан олиб борган дипломатик ёзишмаларида бу мамлакатлар билан савдо алоқаларини ўрнатиш таклифини билдирган. Амир Темурнинг саъй-ҳаракатлари билан Мовароуннаҳрлик савдогарлар Эрон, Хуросон, Хитой, Араб мамлакатлари билан яқин савдо-сотиқ муносабатларини ўрнатганлар.

Антик даврдаёқ сўғд савдогарлари Буюк Ипак йўлииниг асосий ҳаракатлантирувчиларидан бири бўлганлар. Самарқандда кушонлар, эфталитлар, Турк хоқонлари, Қорахонийлар даврида ички ва ташқи савдо яхши ривожланган эди. Самарқанд савдогарлари ўз ватанларидан узоқларда, яъни Еттисув, Шарқий Туркистон, Хитой ва Узоқ Шарқда ўз савдо тармоқларини барпо қилиб, бу шаҳарларда савдо-сотиқни ривожлантирган эдилар. Амир Темурнинг бу борадаги улкан хизмати шундаки, бобомиз мўғуллар истибдоди туфайли тўхтаб қолган Буюк Ипак йўлини қайта жонлантириб, уни янгича ва улкан кўламда ривожлантирди. Соҳибқирон Амир Темур ўзи барпо қилган қудратли ва марказлашган давлат дунёдаги бошқа ривожланган давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларсиз яшай олмаслигини яхши идрок этарди. Шу сабабли у дунёнинг кўпгина ҳукмдорлари билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйди. Амир Темур билан Миср султони Барқуқ ўртасидаги расмий алоқалар 1385 йили йўлга қўйилган эди. Ўша йилнинг ноябр ойида Амир Темурнинг элчиси Қоҳирада Султон Барқуқ томонидан катта иззат-икром билан кутиб олинган. Амир Темур ва Темурийлар Мўғулистон, Тибет, Хитой, Ҳиндистон, Араб мамлакатлари, Кичик Осиё, Кавказ, Волгабўйи, Франция, Англия ва Испания давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатгани маълум.

Бу борада ҳам ҳазрат Амир Темур Қадимги Турон давлатчилиги тажрибаларини тамомила янги босқичга кўчиришга муваффақ бўлди.

Амир Темур ва Темурийлар даврида деворий монументал рангтасвир ҳамда миниатюра санъати ўзининг юксак чўққиларига кўтарилганди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур даврида Самарқандда барпо қилинган 12 та боғнинг ўртасида барпо қилинган саройларнинг деворларига мусаввирлар Соҳибқироннинг талаби билан ранг-баранг суратлар ишлаганлар. Бу суратларнинг мавзулари турли-туман бўлиб уларда ов, табиат, тўй маросимлари тасвири ва жанг маназаралари етакчилик қилган.

XIV — XV асрларда Самарқандда ва Темурийлар бошқарган бошқа шаҳарларда ўз даврининг моҳир мусаввирлари томонидан яратилган миниатюра санъати намуналари бугунги кунда ҳам ўз жилосини йўқотмай барчани лол қолдириб келмоқда.

Соҳибқирон бобомиз Темурийлар даврида энг ривожланган соҳа — бу илм-фандир. Темурийлар даврида юксак чўққига чиққан илм-фанимиз ютуқларидан инсоният то бугунги кунгача баҳраманд бўлиб келмоқда. XIV — XVI асрларда Марказий Осиё, Эрон, Хуросон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда илм-фаннинг гуркираб ривожланиши ҳам, шубҳасиз, Амир Темур фаолияти билан боғлиқ. Соҳибқирон Мовароуннаҳрда илм-фан кишилари учун қулай шарт-шароитлар ҳамда илмий муҳит яратганлиги туфайли илм-фан гуркираб ривожланди. Шу сабабли дунёнинг турли томонларидан илм-фан излаганлар пойтахт Самарқандга кела бошлаганлар. Бу даврда, айниқса, тарихшунослик, астрономия, математика, геодезия, кимё, география, мантиқ, илоҳиёт, тиббиёт, диншунослик, ҳадисшунослик каби илмлар ниҳоятда ривожланди.

Маълумки, аждодларимиз бундан уч минг йиллар илгари ҳозирги замонавий илм-фаннинг пойдеворини қўйишган. Археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, илм-фан дастлаб ибодатхоналарда ва ҳукмдорларнинг саройларида шаклланган. Ибодатхоналарнинг хизматчилари ва коҳинлар диний маросимларни мукаммал, ўз вақтида ўтказиш учун астрономия, илоҳиёт, фалсафа ва мусиқани яхши билганлар. Оташпарастларнинг муқаддас китоби “Авесто” бундан 2700 йиллар илгари аждодларимиз томонидан яратилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. “Авесто” диний-фалсафий асаргина бўлмай, унда астрономия, тиббиёт, биология, экологияга оид муҳим маълумотлар ҳам жамланган. Мовароуннаҳрда VIII асрда юз берган араблар истилоси туфайли илм-фан бирмунча сусайган бўлса-да аждодларимиз қисқа вақтда ўзларини ўнглаб олдилар ва IX асрлардан бошлаб ислом дини диний таълимот сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшди.

Амир Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлган даврда илм-фан аҳллари учун барча имкониятларни яратиб, Мовароуннаҳрнинг бир неча асрлик илм-фанини қайта тиклашга ва яна бир неча аср унинг гуркираб ривожланиши учун раҳномалик қилди.

150 йил давомида мўғуллар истибдодидан эзилган Турон халқлари қонида яшаб келаётган, босқинчилар истибдоди оқибатида ухлаб, мудраб қолган яратувчилик, бунёдкорлик ирсиятини уйғотди. Нафақат уйғотди, унга янгича нафас ва жон бағишлаб, юксак чўққиларга олиб чиқди.

Бунинг натижасида, дунёдаги энг нодир ҳодиса — Темурийлар Ренессанси содир бўлди. Албатта, бу Ренессансга Амир Темур салтанати пойтахти Самарқанд бешик бўлди. Бу даврда Самарқанд улкан ижодий ва илмий лабораторияга ўхшарди. Ил­ғор ғоялар, фикрлар, кашфиётлар бу шаҳарда пайдо бўлар, сўнгра амалиётга айланиб, пишиб етилиб, худди қуёшнинг заррин нурлари каби оламнинг турли томонларига тарқалиб кетарди.

Ўтган 2014 йили Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги хал­қаро илмий конференцияда бу ҳақиқат яна бир бор жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак даражада эътироф этилди. Халқимизнинг фахри ва ғурури бўлган қадимий шаҳарларимиз тарихи чуқур, холисона ва ҳар томонлама ўрганилаётгани, шу асосда Самарқанд шаҳрининг 2750, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700, Хива, Бухоро ва Термиз шаҳарларларининг 2500, Тошкент шаҳрининг 2200, Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейлари ЮНЕСКО ҳамкорлигида, халқаро миқёсида ўтказилгани Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарларининг барчаси айнан Ўзбекистон заминида эканлиги ҳам Соҳибқирон Амир ­Темур ва Темурийлар даври Ренессанси истиқлол йилларида бутун дунё кўз ўнгида ўзининг ҳақиқий баҳосини олаётганидан далолатдир.

Амриддин Бердимуродов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти директори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 14-сон