Амир Темур ва Йилдирим Боязид орасидаги мактублашув

Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга ёзган илк мактуби:

Эй Рум эли диёрининг подшоҳи, Йилдирим Боязид!
Аввало,  шуни уқиб олки, биз ўз куч-қудрати ва иқтидори ила инсониятнинг катта бир қисмини ўзимизга тобеъ қилган ҳукмдорлармиз. Бундай мисли кўрилмаган ишни ўз жидду-жаҳдимиз билан қилдик, сен каби иқтидорни (ҳокимиятни) ота-боболаримиздан мерос қилиб олмадик. Яхшиликча, Қора Юсуф билан Аҳмад Жалойирни юртингдан сургун қилиб, чиқариб юбор. Бизга ва буйруқларимизга бўйсунмаган ҳукмдорларнинг оқибатлари ҳақида эшитган бўлсанг керак. Сенга ҳам уларнинг бошига келган мусибатлар келишидан эҳтиёт бўл!

Йилдирим Боязиднинг Амир Темурга илк жавоби:

Эй қари кўппак! Сен золим кофирларнинг энг ашаддийсисан. Мактубингда бизни қўрқитиб, ҳийла билан чув туширмоқчи бўлибсан. Усмонли султонларини ажамларнинг подшоҳларига ўхшата кўрма. Усмонли аскарлари Қипчоқ ўлкасидаги татарлар каби нимжон, ҳиндлар каби бўшанг, аҳмоқ ва ялқов эмасдирлар. Усмонли аскарлари Ироқ ва Хуросон аскарларига ўхшаган ҳамиятсиз ва паришон эмас, балки ниҳоятда ғурурли аскардирлар. Шунингдек, сен Усмонли аскарларини Шом ва Ҳалаб (Мамлук) аскарларига ҳам ўхшатма…
Бу мактуб қўлингга етиб борганидан кейин, кимда ким жанг майдонига келмай ортга чекинса, унинг хотини уч талоқ бўлғай!    

Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга ёзган иккинчи мактуби:

Сен ўзингни Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, бизларни эса ноҳақдан қон тўкувчи кофир ҳамда мени мункиллаб қолган бир жангчи деб ўйлайсан, чоғи?! Билки, мен ўтган умримнинг қирқ йилини Худо учун жиҳод қилишга сарфлаган одамман. Фаолиятим давомида қанчадан-қанча қалъалар ва ўлкаларни фатҳ қилиб, ер юзини чиркинлик ва ифлосликлардан тозалаш билан машғулман. Аммо шу онда ўтган кунларимдан кўра янада қатъиятли, янада жиддийроқман. Олиб борилган курашлар асносида қанчадан қанчасини итоат қилдирганмиз, кўпчилик бу йўлда биз учун жонларини фидо қилдилар. Шундай экан, нега сизлар бизга итоат қилишдан, бўйсунишдан бош тортмоқдасиз? Устига-устак менинг ёшим сеникидан кўра улуғроқ.
Бугунга қадар қаерга юриш қилмайин, жуда ҳам қисқа муддатда ўша ерни қўлга олганман. Сивасни ҳам қисқа муддатда босиб олдим. Сен эса Малатияни қуршаб олдинг, тўрт ойлаб қамал қилдинг ва лекин барибир босиб ололмасдан чекинишга мажбур бўлдинг. Айни дамда ҳам Синоп қалъасига ҳужум қилиб, ҳамон босиб ололмаяпсан.
Илк мактубингдаги каби таҳдид ва ғурурга берилма, ақл олмас сўзларни ишлатишга жасорат қила кўрма. Ваҳоланки, Сивасда асир олган одамларинг орқали ҳозирги аҳволингдан хабардорман. Қолаверса, мусулмон мусулмонни ранжитиши, хон ва молларини хароб қилиши жоиз бўлмаган ишдир. Шундай экан, тўғри жавоб ёзишни фазилат билиб, ўзингни ва халқингни хароб бўлишдан қутқариб қол.
Биз билан сулҳ тузиб, маъзурингни ифода қилган жавоб мактуби ёзсанг, сен билан орамизда дўсту биродарлик ришталари боғланади. Натижада кофир Франкка қулай фурсат бермаган бўласан, биз ҳам Сивасни тарк этиб, орқага қайтамиз. Бизнинг ниятимиз сизларни кучсиз ҳолга солиб, ўзингиз билан ўзингизни овора қилиб, кофирнинг  динига ёрдам бериш эмас! Бизни ҳам, аскарларимизни ҳам кофир, динсиз, бузуқ эътиқодли мазҳаб эгалари ва хунук одатли инсонлар деб хомтама бўлма! Аскарларимизнинг ота-боболари мусулмон бўлишган, улар мусулмонларнинг фарзандларидир. Қандай қилиб улар ҳидоятда бўлмасликлари мумкин? Қолаверса, Усмонли аскарларининг аксари кофирлардан ташкил топгани ҳеч кимга сир эмас.
Олий мақсадимиз: Жаҳонни фатҳ қилишдир. Салтанатимиз номига хутбалар ўқилиб, тангалар босилаётир. Мусулмонларнинг энг буюклари – Улул-Амр эканлигимизга заррача шак-шубҳа йўқдир! Бизнинг насл-насабимиз Эл Хони Оли шаънга (эл хонларининг шонли оиласи) бориб тақалади. Агар самимий саломингиз ва гўзал ифодалар акс этган мактуб юборсангиз ҳар икки томонда ҳам бироз илиқлик ва ҳурмат пайдо бўлади. Акс ҳолда, қаламлар ўз ишини қиличга топширади. Вассалом!

Йилдирим Боязиднинг Амир Темурнинг иккинчи мактубига жавоби:

Замонасининг жаҳон султони – Темур Кўрагоний!
Сивасга келиб ерлашишингни, бизнинг Табризга қараб йўналганимизга солиштириб,  беўхшов қиёслаш қилибсан. Ваҳоланки, биз Кефедан Ширвонга бориб, у ўлкани босиб олсак, ким бизга қаршилик кўрсата оларди? Қипчоқ халқи сиздан безигани учун биз билан истиқомат қилишни маъқул кўришмоқда.
Малатия ва Синоп борасидаги иддаоларингиз ҳам нотўғри. Уруш баъзи сабаблар юзасидан тўхтатилди, бизнинг аскарларимиз озлиги, сизнинг аскарларингиз кўплиги сабабли енгилганимиз йўқ.  Кастамон ва Караман ҳокимларининг хиёнатлари ва ўша вақтда фурсатдан фойдаланиб, баъзи вилоятларимизга ҳужум уюштиришлари, бизнинг Малатия ва Синопдаги қамалимизни кечиктириб қўйди.
Шуни яхши билки, отам Эртуғрул Хон уч юзга яқин аскари билан Ҳулагу Татарларининг ўн мингини ер тишлатган ва Олоуддин Кайқубоднинг устидан ғолиб бўлган. Шундан кейин давлатни бошқариш шарафига ноил бўлган, қироллик ҳирқасини кийган. Аллоҳнинг лутфи ила Салжуқийлар оиласи ўрнига идорани ўзига олиши ҳеч қандай исён ёки тўнтаришлар билан юзага келмаган.
Усмон Бей тахтга ўтириши биланоқ, ер юзининг тўрт бурчагидаги кофирларга қарши кеча-кундуз икки юз мингдан ортиқ аскари билан жанг қилган.
Бугун салтанатимизнинг юлдузининг тўртинчи ҳалқаси юртни бошқарилмоқда. Шу кунгача биз фатҳ қилган қалъа ва шаҳарларнинг адади биздан олдин ўтган султонларнинг хаёлларига ҳам кирмаган. Бизнинг назаримизда, дунё ва ундаги неъматлар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш олдида сомон чўпичалик қадрсиздир. Усмонлилар аскарига Абдуллоҳ ўғли (яъни, мусулмонзода) деб хитоб қилишдан ғурурланамиз. Чунки бутун саҳобайи киромнинг оталари кофир бўлсалар-да ўзлари мусулмон бўлдилар. Бундай мусулмонлар инсофсиз мусулмонзодалардан минг чандон устундирлар.
Сизга Сивасга ҳароб қилиб, аҳли Исломнинг иззат-обрўсини поймол этганингиздан сўнг нима ҳам дейиш мумкин? Сиз ўз айбларингизни ёпишга уринмоқдасиз. Араб ва форс тилларида келган мактубларингизда аччиқ пўписа, қўполлик, кибр ва ғурурдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Усмонлилар оиласи ҳийла билан ўлкаларни ўзлариники қилиб олмаганлар.
Мактубларимиз олий ақлли давлат арконларимиз билан маслаҳатлашилган ҳолда битилди.

Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга ёзган учинчи мактуби:

Хабарларни Сунгур Човуш ва Ҳожи Боязид орқали йўллаганимиз рост.
Сизларнинг кофирлар билан жанг олиб бораётганингиздан хабардормиз. Биз ҳам бу томонда Гуржи кофирлари билан жанг қилмоқдамиз. Албатта бу ҳолатдан сиз ҳам, биз ҳам бахтиёрмиз. Бу икки тараф учун ҳам жуда манфаатлидир. Ёзганларимизда зарра қадар шак-шубҳа йўқ.
Агар сулҳ тузишга эришилса, Миср билан орамизни тузатишга оид шартингиз рад қилинади. Чунки эски Миср волийси элчиларимиздан Ироқ ва Ажамлар наздида жуда ҳам ҳурматли саналган Баҳоуддин Совжини ноҳақдан ўлдирди. Шунингдек, узоқ вақтдан буён зиндонда ушлаб турилган Кўнгилтошнинг озодлигини сўраганимда буйруғимга итоат этмасдан, шўри қурғур бегуноҳни ҳам ноҳақдан қатл этди. Биз Шом ва Ҳалабга келганимизда Мисрда “Ҳожи” номли элчилари келиб зиндондаги Ўтламишни Ҳалабга жўнатайлик, дедилар. Энди сенинг “Миср волийси бўлган кимса бизнинг ўғлимиздир” дейишингни ҳам муносиб кўрмадик. Уни “Султонул-Ҳарамайн” (икки муқаддас ер султони) лақаби билан номлашинг ҳам тўғри эмас! У “Мужавирул-Ҳарамайн” (икки муқаддас ернинг қўшниси) дейишингга ҳам лойиқ эмас, аслида.
Душманларимизни ўзингизга яқин ва дўстларингиз қаторида санамангиз! Салтанат ишлари жиддийликни, қатъиятликни талаб қилади. Жуда ҳам аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатлари бисёр. Аҳмад Жалойир ҳозир Бағдод яқинида экан, биз ҳам у ерга аскарларимизни жўнатдик. Агар у яна сиз томонга қочиб келса, уни ҳимоя қилиб ёнини олмангиз, билъакс, тутиб бизга таслим қилишингизни талаб қиламиз. Айни дамда Эрзинжонга бориб, ерини  кўкка совуриш учун сарҳадда туриб, элчиларингизнинг келишини кутмоқдамиз…

Йилдирим Боязиднинг Амир Темурнинг учинчи мактубига жавоби:

Миср ҳокими билан орангизда бўлиб ўтган воқеалар ҳақидаги фикрларимизни тўғри тушунмабсизлар. Биз истасак, Мисрни хоҳлаган пайтимиз фатҳ этишга қодирмиз. Аҳмад Жалойир яна Усмонлиларнинг тупроқларига қайтса, Қора Юсуф билан бирга иккисини сизларга таслим қилишимизни сўрабсиз. Маълумингизким, Ҳулагу “Дорус салом”ни олиб, Эроннинг катта ҳудудини босиб олган вақтда халифанинг амакиси болаларидан бир-иккиси Мисрга, Қоҳира волийси Байбарсдан ёрдам сўраб бориб, унинг ҳимоясига кирдилар. Ҳулагунинг Боғдод волийси Қорабоға Нўён Байбарс билан жанг қилди. Халифанинг амакисини Миср аскари деб ўйлаб, уни ўша ерда қатл қилишди. Қочиб қутулиб қолганлар эса ҳозиргача Қоҳирада жон сақлашяпти, Ҳулагу Хон эса уларни қайтариб олмади, ортидан ҳам таъқиб қилмади. Энди эса бу дўстингизни (яъни мени) таъзирини еган бир-икки кишини ҳимоямга олганим учун айблашингиз тўғри бўлмайди. Зеро, Ҳулагу бу каби жузъий майда ишлардан воз кечган эди.
Сиздан истагимиз: Сивас ва унинг ҳудудларини тарк этишингиздир. Агар шундай қилсангиз, сизларнинг бизга нисбатан ҳеч қандай хусуматингиз йўқлигини намоён қилган бўласиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда Аллоҳнинг тақдиридан қочиб бўлмайди, нима бўлганда ҳам бизнинг ҳеч кимдан қўрқадиган жойимиз йўқ!

Амир Темурнинг Йилдирим Боязидга ёзган тўртинчи мактуби:

Шу онгача сулҳ қилишга уриндим ва ниҳоят, Сивасга келишга мажбур бўлдим. Кофирларнинг тегирмонига сув қуймаслик, Ислом диёрларини хароб қилишдан андиша қилиб, Шом тарафга кетаётиб, Миср азизидан интиқомимизни олиб қайтдик.
Сизнинг хаста эканлигингиз хусусидаги гап-сўзларни эшитсак-да, буни ўзимизга қулай фурсат деб билиб, фойдаланиб қолмадик ва бунга парво ҳам қилмадик. Аммо сизлар фурсатдан фойдаланиб, бизга тегишли бўлган Эрзинжонга келиб, волийимизни ранжитдингиз. Бизнинг волийимиз бўлган Таҳартан (Муттаҳартан) орамизда сулҳ тузилишидан умид қилиб, сизларнинг бундай қилганингиз учун пушаймон бўлганингизни бизга хат орқали баён қилди. Биз ҳам унга ишондик ва сулҳ учун келишувга рози бўлишингизни ўйлаб, бир неча марта мактуб ёзиб жўнатдик. Аммо борган сари сиз ўз фикр доирангизда собит қолмоқдасиз.
Сизларнинг бизга ва аскарларимизга нисбатан кофир ва кофирдан ҳам ашаддий кофирлар деган гапингиз ҳар ерда овоза бўлди. Элчиларингиз Сунгур ва Аҳмад узоқ вақтдан бери бизнинг ёнимиздадирлар. Мусулмонлигимизни ва эътиқодимизни биладилар. Мақсадимиз Кефе ва Қримга йўналиш экан, Ширвонга қайтиб келиб яна Эрзинжондан у томонга боришга мажбур бўлдик. Самарқандда қолган ўғлим Муъниддин Муҳаммад ва Султон Баҳодир ҳам лашкарлари билан бизга қўшиладилар. Истагимиз Эрзинжонга бормасимиздан ва аскарларимиз шаҳрингизга кирмасларидан олдин Сивас, Малатия, Элбистон, Эрзинжон ва Кемаҳнинг бизга таслим этилганлиги борасида ишончли бир аҳднома юборишингиздир.
Мен сулҳга қарши эмасман, балки сулҳ бўлишини кўпроқ мен истайман. Бу келишувнинг бир нусхаси Маккаи мукаррамадаги Бобул Ҳаромда ёпиқ бир жойда сақлансинки, кейин кимнинг бу келишувга қарши ёки қарши эмаслиги маълум бўлади. Ушбу мактуб Сунгур, Аҳмад ва Ҳожи Боязид орқали юборилди.

Йилдирим Боязиднинг Амир Темурнинг тўртинчи мактубига жавоб мактуби:

Темур Кўрагоний ҳазратлари! Аҳднома ҳақида юборган мактубингиз мен Сивасга етиб келгандан кейин қўлимга келиб тушди. Мен шу пайтда келишув ҳозирлигини кўраётган эдим ҳамки, ногаҳон келишувга қарши бир мактуб Қорамон қўзғолончилари қўлидан қирол қўшини қўлига етиб борди ва келишувнинг кечикишига сабаб бўлди. Давлатимиз арбобларининг келишувлари асосида шу қарорга келинди.
Иккинчи мактуб эса тартибсиз вазиятда ёзилиб, элчи орқали жўнатилди. Қорамон жамоати эскидан бизнинг сулоламизга нисбатан душмандир, улар элчимизни ўлдириб, фитна яхшигина кучайгунига қадар биздан хатни беркитишди. Вазиятлар яна изига тушиб кетиши эҳтимоли борлигини сезиб, бу сафар баъзи разил кимсаларни жўнатиб, бизни шубҳага тушириб қўйишди. Мазкур кимсаларнинг қўлига тушиб қолиб, кечикиб борган хатимизнинг сабабини билдингиз.
Бу ҳолатни тилёғламалик деб ўйласангиз – йўқ! Бизнинг асло душманимиздан юз ўгирадиган одатимиз йўқдир. Сулҳ ва жангнинг жазоси ҳам, мукофоти ҳам бунга сабаб бўлган томонга оиддир. Агар ким бир фитнага сабаб бўлса, Аллоҳ таоло унинг жазосини берсин!

Абдуллоҳ Раҳимбоев тайёрлади