Амир Олимхон хазинаси қаерда?

Қадимда Бухоро амирлигида зарб этилган олтин тангалар ва турли буюмлар Италия, Венгрия ва Туркия бозорларида алмашинув қимматини ўтаб келган. Бухоро амирлари олтин конларида қазиш ишларини олиб бориш учун асосан чет эллардан — Эрон, Туркия ва Афғонистон бозорларидан қуллар сотиб олиб келтирган. Негаки, олтин бор жойлар сири ўта махфий сақланган ва олтин конларида барча ишлар тугагач, бу ерда ишлаган қуллар ўлдирилган.

Умуман олганда, Бухоро амирлари сулоласига қарашли олтин хазинаси анчагина бўлиб, асримиз бошларида унинг катта қисми амир Саййид Олимхонга қарашли ғазнада тўпланган эди.

«Ойна» журналининг 1914 йил 12 апрелида (25-сони) берилган «Бухоро амирининг хазиналари» сарлавҳали мақолада қуйидагича ёзилади: «…Ҳозир Бухоро амирининг тасарруфи остида бўлган хазинанинг ақчаси (олтин ва кумуш) шу даражада мўлки, ҳеч бир давлат хазинасида бул даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул ва ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амирининг саночларида (чармдан тикилган, махсус халталар) сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин (1 олчин тахминан 70 см га тенг) эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин бўлган бир тоғдан иборатдир. Бу хазинадан ташқари, уч олчин катталикда яна бир ертўла хазинаси бўлиб, у хазина рус, Бухоро ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўладир».

Мазкур мақолада яна қуйидаги фактлар ҳам қайд қилинганки, улар ҳам амир хазинасининг ниҳоятда бой бўлганини тасдиқлайди. Амир хонадонига тегишли хазина ҳақида гувоҳлик берувчи бир ярим олчин (1 метр) қалинликдаги дафтар бўлиб, бу дафтарда амирнинг бобосидан буён хазинага тўпланган олтин ва кумуш пуллари ҳақида маълумотлар тўпланган эди. 1914 йилга қадар мазкур дафтардаги хазина рўйхати тўла тафтиш қилинмаган. Бу хазинадан на миллат тараққиёти, на маданий эҳтиёжлар, на мамлакат ободончилиги ва саодати йўлида бирон ҳисса сарф қилинмаган. Улар тўпланган, йиғилган Бухоро хазинаси эди. Улар миқдори аниқ кўрсатилган эмас.

Бухоро амирлари ўз хазиналарини йилдан йилга бойитиб боришга катта эътибор беришган. Бу мақсадда кўплаб солиқлар ва йиғимлар тўпланган. Солиқлар ва йиғимларнинг озгина қисмидангина айрим харажатлар амалга оширилган. Масалан, Эски Бухородаги рус-тузем касалхонаси учун ҳар йили 30 минг сўм (қоғоз ақча ҳисобида), рус полицияси ва Бухоро аскарларини сақлаш учун йилига 1 миллион сўм маблағ харж қилинган. Шунингдек, Бухоро амири ўзи ва сарой аъёнларининг дам олиши, маишати учун йилига 15 миллион сўм маблағ сарфланган. Бу ва бошқа сарф-харажатлар асосан халқдан йиғиб олинган йиғимлар ҳисобидан қопланган.

Бундан ташқари, Бухоро амирининг ўз бекликларида ҳам махсус хазиналари бўлган. Масалан, Чоржўй беклигида амирнинг шахсий хазинаси бўлган. Унда 10 пуд олтин (160 кг) ва минг пуддан ортиқроқ кумуш тангалар сақланган. Шу бекликда сақланаётган амир хазинасидаги бошқа қимматбаҳо моллар ҳам 1 миллиард сўмликдан кўпроқ бўлган («Иштирокиюн» рўзномаси, 193-сон, 1920 й., 19. IX.). Инқилобнинг дастлабки кунларидан бошлаб Чоржўй беклигидаги амир хазинаси «Бухоро жумҳурияти бойлигини муҳофаза қилиш комиссияси» ихтиёрига ўтказилган. Аммо бу комиссия қўлида тўпланган олтин, кумуш, бошқа қимматбаҳо металл ва тошлар бир неча вагонда Россияга жўнатилган.

Қалъа ичидаги мачитлардан бири ва унга туташ ўрданинг вайрон этилиши манзаралари Бухоро давлатига қарши уюштирилган босқинчиликнинг қай даражада эканлигини кўрсатиб турибди.

Бухоро амири чет давлатлар билан олиб бориладиган савдо-сотиқдан келадиган даромадларнинг катта қисмини ҳам олтин ва кумуш тангаларга айлантириб, ўз хазинасига тўплаган. Масалан, амирликда ҳар йили ўртача 1800 минг — 2 миллион дона қоракўл тери чет элларга сотилган. Амир хазинасига қоракўл тери сотишдан келадиган даромаднинг ҳам 50—60 фоизини олтин ва кумуш тангалар ташкил этган. («Бухоройи шариф» рўзномаси, 32 ва 33-сон, 1912 йил.).

Бундан ташқари, асримиз бошида ҳам Бухоро амирлиги ҳудудида олий сифатли олтин қазиб олинадиган махсус конлар ҳам бўлиб, улар ўта махфий сақланган. Бу конлардан олий сифатли олтин ёмбилар қазиб олинган ва хазинадаги махсус саночларда сақланган.

Хўш, бу хазиналарнинг тақдири нима бўлди? Улар қайда қолди?

Уларнинг кичик бир қисми Бухоро амири Саййид Олимхон томонидан чет элларга юбориб турилди. «Қутулиш» рўзномасининг 1920 йил 2 июль сонида «Фуқаронинг молини қочурманглар» сарлавҳаси остида берилган мақолада шундай дейилади: «Савр ойинда Бухородан жаноби олий (амир) Ҳиндистон орқали Лондонга 200 туя қоракўл териси юборган. Ушбу терилар билан маълум миқдорда олтинлар, қимматбаҳо нарсалар юборади. Бу қимматбаҳо моллар ва олтинларни Тўрақул даллол, Қори Мизроб Мирохўр, Қори Муҳиддин Қоровулбегилар Лондонга олиб кетадилар. Фуқаро молига бўлган бу нарсаларни амир юртдан қочирмоқда». Бухоро амири ўз хазинасидаги қимматбаҳо нарсалардан Машҳадга ҳам юбориб турган. 1920 йил июль ойи бошларида Саййид Олимхон 3 туя олтин, 16 туя кумуш, 25 туя қимматбаҳо нарсаларни Машҳадга юборади.

Инқилоб арафасида илғор маҳаллий зиёлилар Бухоро хазинасининг чет элга юборилишига қарши чиққан эдилар. Шундай кишилардан бири Абдулвоҳид Мунзим «Қутулиш» рўзномасида (1920 йил 18 июнь сони) босилган мақоласида қуйидагиларни айтади: «Бухоронинг олтин, кўмуш, бриллиантлари, қоракўл териси ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсаларини кўп миқдорда… Англияга, инглиз банкларига юбормоқдалар. Бухоронинг бойлиги, фақиру фуқаронинг ҳақи бўлган хазина ақчалари қўлларингиздан чиқиб кетишига йўл бермангиз».

Хўш, бу бойликлар-ку Бухоронинг фақиру фуқаросиники экан, Бухоро амири Саййид Олимхон Шўро ҳукумати томонидан бўлаётган хавф-хатар остида хазинанинг атиги бир қисминигина ўз ҳомийларига юбориб, инсофсизлик қилган бўлса, инқилобдан сўнг амир омборларида сақланаётган олтин, кумуш, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо металлар,  қимматбаҳо моллар — Бухоро хазинаси қаерда қолди?

Архив ҳужжатларининг далолат беришича, Саййид Олимхон қочар экан, ўзи билан бирга 100 аравада олтин ва бошқа қимматбаҳо нарсалар олиб, ўз қўшинидаги афғон бригадасининг командири Абдулло Шукурхон ва Тошкентдаги собиқ афғон вакили Муҳаммад Арслон Миришкорлар ҳамда 1000 дан ортиқ аскар кузатуви остида йўлга тушади. Ғиждувон туманидаги Эшон кўприк ёнида Э. Ф. Кужело отряди билан тўқнашади, жанг бошланиб кетади. Кучлар тенг бўлинган жангда амирнинг 1000 кишилик сарбозлари Кужело отрядининг зарбаларига дош беролмай, Зарафшон томонга чекинади. 3 сентябрда амир 25 кишилик гуруҳи билан Кужело отрядлари зарбасидан қутулиб қочади. Аммо бу жангда Саййид Олимхон томонидан олиб кетилаётган 100 аравадаги олтин ва бошқа қимматбаҳо буюмлардан 25 араваси Э. Ф. Кужело отряди қўлига ўтади. Бу улкан хазинанинг тақдири нима бўлганлиги ҳозиргача маълум эмас. Қолаверса, Қизил Армия «юриши» даврида Нурота, Хатирчи бекликларига бир минг пуддан ортиқ олтин ва кумуш тангалар, гавҳар ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар, Қармана беклигидан 12 пуд қимматбаҳо металлар ва бошқа бекликлардан ҳам кўплаб миқдорда олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар мусодара қилинган. Мана шуларнинг аксарият қисми марказга юборилган ва бир қисми эса темир йўл бекатларида талон-торож қилинган. Ташиб кетилган мана шу бойликларимиз тақдири ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаймиз.

11 жойидан шикастланган Минораи Калон; «ғолиблар» амир фили устида.

Бухоро амири қочиб кетгандан сўнг Бухоро арки ертўлаларидан бирида фақат 20000 пуд олтин ва кумуш тангалар саночларда қолиб кетган эди. («Набат революции», № 147, 18, IX. 1920 йил.) Булардан ташқари, бошқа ертўлаларда ҳам кўп миқдорда олтин ёмбилар ва қимматбаҳо тошлар сақланган эди. Бухоро босиб олинган куннинг эрта тонгида 13 та юк вагонли состав Когон темир йўли бекатидан Петербургга қараб йўл олди. Бу вагонларда Бухоро аркидаги амир хазинасидан ўғирлаб олинган олтин ва олтин буюмлар, тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо ашёлар олиб кетилади. (Душан Файзиев, «Бормисан, эркинлик?!» Гулистон, 1991, 4-сон.).

Маълумотларнинг гувоҳлик беришича, инқилобдан сўнг фақат М. В. Фрунзе ташаббуси билан Бухородан Москвага амир хазинаси ва бошқа шахсларга тегишли бўлган олтин, кумуш, қимматбаҳо металлар ҳамда буюмлардан бир неча эшелони юборилган.

Марказга юборилган ана шундай катта миқдордаги Бухоро хазинасидан ташқари, бир қисм бойликлар Қизил Армиянинг 2526 ва 43-авиаотрядлари тайёралари томонидан қилинган аёвсиз бомбардимонлар остида қолиб кетди. 21 августдан 1 сентябргача шаҳарга тайёралардан 200 га яқин бомба ташланиши ва тўплардан отилган снарядлар таъсирида тарихий-меъморчилик ёдгорликларига зарар етиши билан бирга кўплаб қимматбаҳо буюмлар ёниб кетди ва тупроқ уюмлари остида қолди. Булар миллиард сўмликдан ортиқ қимматга эга эди. Улар-ку беаёв бомбардимон қилиш ва ёнғин натижасида нобуд бўлган хазиналардир, яна шундай хазиналар бор эдики, мазкур хазиналар онгли равишда Бухородан ташиб кетилди.

Бухоро инқилобий ҳукумати амир қўшинини тор-мор қилишда берган ёрдами учун 1920 йил 5 сентябрда М. В. Фрунзени амир Саййид Олимхоннинг олтин қиличи ва ханжари билан мукофотлади. Олтин қилич М. В. Фрунзе томонидан Иваново тўқимачиларига совға қилинганлиги маълум.

Бухоро хазинасига ана шундай нописандлик билан қараш маъмурий-буйруқбозликдан иборат яроқсиз бошқарув усули ҳукм сурган 20-йилларнинг охири ва 30-йилларда ҳам давом этди. 1930-йилларнинг бошларида Бухоро ва унинг туманларидаги қишлоқ ва шаҳарларда бошланган «тилла олиш» («тилла гирин») кампанияси даврида ГПУ (Бош сиёсий бошқарма) ходимлари минглаб кишиларнинг олтинлари, ҳатто аёлларнинг узук, зирак, билакузуклар, тиллақош ва бошқа тақинчоқларини мажбурий тарзда тортиб олди. Ўзларидаги бор олтинларини топширганларидан сўнг ҳам улар кўплаб кишиларга яна топиб берасан, деб дўқ-пўписа қилишган, қийноқ азобларига солганлар. Масалан, Бухоро шаҳрининг Косагарон гузарида яшаган Бобо Қори деган 72 ёшдаги қариянинг хонадонига қарашли барча олтин, олтин буюмларини тортиб олишлари етмаганидек, яна қолганларини ҳам топиб берасан, деб оғзига милтиқ тираб азоблаганлар. Сўнгра улар милтиқнинг затворини олиб қўйиб, милтиқнинг мили орқали бир челак сувни Бобо Қорининг ичига юборганлар. Қийналиб кетган чол бундай азоблар жабридан қамоқхонада ҳалок бўлади. Яна ўша гузарда яшаган 61 ёшли Аҳмаджон жомафурушни ҳам ГПУ ходимлари 1930 йилнинг бошларида шу мақсадда қийнаб ўлдиришган.

Булар-ку, 20-30-йилларда марказий ҳукумат томонидан миллий жумҳурият тасарруфидаги бойликларга нисбатан муносабатда йўл қўйилган «хато» десак, бундай муносабат ҳозир ҳам давом этмаяптими?! Душан Файзиев ёзганидек, «Бу қанақа «халоскорлик»? Октябрь инқилобининг озодлик нурлари деганимиз шумиди?!.. Мана 70 йил бўлибдики, ўша паровоз ва ўша вагонлар (муболаға дерсиз!) ҳамон Бухоро олтини ва олтинга тенг бўлган бойликларни шимолга ташимоқда. Олтин дейсизми, қоракўл териси ёки ипак дейсизми, пахта ёки уран дейсизми, газ ёки маъдан, ўғит дейсизми… Балки, ўша паровоз олдига «қизил чироқ» ёқиш, тўсиқ қўйиш пайти келгандир!» (Душан Файзиев. «Бормисан, эркинлик?!» «Гулистон» ойномаси, 1991, 4-сон.) Ҳақиқатда ҳам, ўзимиз ишлаб чиқараётган кўпгина нарсаларга ўзимиз, яъни Ўзбекистонда яшаётган халқлар эгалик қилолмаяптилар. Кўпчилиги ҳозиргача марказий ҳукумат қўлида.

Ҳозирги ошкоралик замонида, халқлар ўзлигини англаб етаётган вақтда ҳар бир жумҳурият тасарруфидаги бойликлардан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлаш, жумҳурият халқларининг фаровонлиги йўлида сарф этиш вақти етмадимикин?!

Нарзулла Йўлдошев, тарих фанлари номзоди, доцент;

Йўлдош Ҳайдаров, Бухоро давлат дорилмуаллимининг ўқитувчиси.

“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 10-сон