Ҳамидулла Дадабоев. Соҳибқиронга ато қилинган хислатлар

Амир Темур тарихини ёритишга бағишланган манбаларни ўрганиш, қайта-қайта мутолаа қилиш уларда Соҳибқиронга хос кўпдан-кўп хислатлар ўз ифодасини топганлиги борасида мулоҳаза юритиш имкониятини туғдиради.
Буюк аждодимизнинг суврати ва сийрати ҳақида гап кетганда, биз, авваламбор, унинг марказлашган давлатни барпо этиш йўлидаги стратегияси, жаҳон ҳарб санъатининг ривожига қўшган улкан ҳиссаси, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий, диний нуқтаи назардан жаҳон тараққиётида тутган ўрни, эл-улус равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги сингари устувор йўналишлардаги фаолиятига кўпроқ диққат қаратамиз. Бундай ёндашишга эътироз бўлиши мумкин эмас. Зеро, Соҳибқиронга бутун жаҳон кўламида шуҳрат келтирган, номини Машриқдан Мағрибга қадар достон қилган сифатлар ичида қайд этилган жиҳатлар, яъни умум манфаатига хизмат қилиш асосий ўринни эгаллайди, десак асло хато қилмаган бўламиз.
Тарихий ёдгорликларда Амир Темурга хос тўғрилик, сахийлик, ростгўйлик, бағрикенглик, марҳаматлилик, меҳрибонлик, мурувватпешалик, содиқлик каби хусусиятлар ҳаётий лавҳаларда реал гавдалантирилган. Таъкидланган жиҳатларни чуқур таҳлил этиш Соҳибқирон ҳаёти, серқирра фаолиятини тўлароқ билиб олишга хизмат қилади.
1365 йили Тошкент ва Чиноз оралиғида Жета ҳукмдори Илёсхўжа лашкари билан бўлган жангдан сўнг Амир Ҳусайн Соли Саройга (Амударё бўйидаги шаҳар; кейинчалик Сарой деб номланган), Амир Темур эса, ўзининг юрти Кешга келиб тушади. Беҳисоб жангу жадаллар, ҳаёт ташвишлари ва машаққатларидан чарчаган саркарда бироз вақтини осойишталикда ўтказиш, муборак хотирини шод этиш истагида бўлади. Бироқ бу бахтиёрлик узоққа чўзилмайди. Амир Ҳусайннинг такаббурлиги, ноқонуний хатти-ҳаракати кўпчилик дилида унга нисбатан нафрат ва ғазабнинг уйғонишига сабаб бўлади. Аммо, токи Амир Темур амир Ҳусайн билан иттифоқдош экан, бирор кимса унга душманлигини очиқдан-очиқ намойиш қила олмаслигини ҳамма яхши тушунарди. Шу сабабли икки иттифоқчи ўртасига низо солиш, уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ғаразида амир Мусо, Боязид Жалойирнинг ўғли Али Дарвеш ва Фарҳод исмли шахс Тармаршинхоннинг хотинларидан бўлмиш Ўрду хотун билан тил бириктириб, фитна уюштирадилар. Улар: “Амир Темур амир Ҳусайнга қарши душманлик йўлига кириб, бу ишни амалга ошириш режаси билан машғул. Бизлар буни хайриҳоҳлик билан маълум қилмоқдамиз”, деган мазмунда ёлғон ва бўҳтонга тўла сохта бир мактуб тузиб, амир Ҳусайнга жўнатишади. Амир Ҳусайн ҳақиқатдан йироқ бу мактубдан хабар топгач ваҳимага тушади ва у ҳақда хонга маълумот етказади. Хон бир кишини ёрлиқ билан Соҳибқирон томон йўллайди. Ёрлиғида Амир Темур ҳамда мактуб эгаларининг Самарқандга, Ўрду хотун ҳузурига зудликда йиғилиши, у ерда текшириш ўтказилиб, даъвонинг тўғри-нотўғрилигини аниқлаш масаласи қўйилади. Бу сўз Соҳибқиронга етгач, ўзининг ҳақлигини исботлаш, ноҳақ айбланганлигини ва туҳматга қолганлигини ошкор этиш учун дарҳол Самарқанд томон от суради. Амир Темурнинг келишидан хабар топган фитначилар тафтиш ўтказилса шарманда бўлиб қолиш ва ясоққа тортилиш хавфидан қўрқиб, Хўжанд томон равона бўладилар.
Сарбадорларни ҳийла-найранг билан маҳв этиб, Самарқандни эгаллаган амир Ҳусайн фаолиятида омадсизлик ва бахтсизлик белгилари кўрина бошлайди. Ҳукмдорлар обрў-эътибори, шаънига муносиб бўлмаган хасислик, очкўзлик, ваҳшийлик каби иллатлар унинг вужудида яққол зоҳир бўлади, мол-дунё тўплашга муккаси билан шўнғиб кетади…
Амир Ҳусайнга қарши юришлардан бирида Соҳибқирон бекларидан Дуваррака ва Шайх Али баҳодир Қарши яқинида суриштирмасдан у ерда тўхтаб турган савдо карвони аҳлини душман хаёл қилиб, улар билан жангга киради. Ғолиб келган беклар савдогарлардан катта миқдордаги ипак матони ўлжа сифатида олиб, Амир Темур ҳузурига келтирадилар. Масаланинг асл моҳиятини тезликда аниқлаган Соҳибқирон амирларини койиб, изза қилади ва матони кам-кўстсиз эгаларига қайтаради.
Амир Темур ташаббусига мувофиқ амир Ҳусайн ва Соҳибқирон ўртасида узилган дўстлик, ҳамкорлик робиталарини қайта тиклашга ҳар икки томондан мойиллик пайдо бўлади. Ҳусайн амир Мусо ва Ўлжайтуни ўн минг кишилик қўшин билан жўнатиб, уларга Соҳибқиронни рози қилиш, у билан албатта сулҳ тузиш борасида топшириқ беради. Соҳибқирон ва амир Ҳусайн юборган элчилар Кўҳак сувига яқин Алиобод мавзеида учрашадилар. Элчи томоннинг юз киши билан келганлигини кўрган баъзи мулозимлар Соҳибқиронга: “Амир Ҳусайннинг номдор саркардалари шулардир, агар уларни қўлга олсак, унда бизга қарши туришга куч-қуввати етадиган ўзга кишиси қолмайди. Қулай фурсатдан фойдаланиб қолиш керак”, деган мулоҳазани билдиришади. Амир Темур айтилган сўзларга қулоқ солмайди. Аксинча, ”аҳдни бузмоқ мардликдан эмас” принципига содиқ қолиб, элчиларнинг ҳурматини жойига қўяди. Оқибатда, икки томон дўстлик ва ҳамжиҳатлик аҳдини янгилаб, кудурат ва душманликни ўртадан кўтарадилар.
Бадахшонда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар пайтида Соҳибқироннинг Жаҳон Малик сардорлигидаги илғор қисми кўп ўлжа билан ортга қайтаётганида душманлар уларнинг йўлини тўсиб, олдирган ўлжаларининг ҳаммасини қайтариб оладилар, баъзи аскарларни ҳалок қиладилар. Олти юз ўттиз кишини отдан қулатиб, тутқун этадилар. Мазкур нохуш хабар Амир Темурга етгач, у бадахшонликларнинг бир неча ўн баравар лашкарига қарши жанг қилади, хавф-хатар остида қолган кишиларни тутқунликдан озод этади. Тарихий манбалар Соҳибқироннинг кейинчалик ”Мен кўпдан-кўп жангу жадаллар қилдим. Кўп қийинчиликларни бошимдан кечирдим. Аммо ушбу жангдан қаттиғини кўрмадим”, деган сўзларини келтиргани маълум.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон мамлакат равнақи йўлида жонбозлик кўрсатган, ҳаёти хавф остида қолишига қарамай ҳар қандай шахсни эъзозлаган, қадрлаган ва муносиб тақдирлаган. 1370 йили Балхдан Самарқандга қайтган Амир Темур яқин сафдошлари, хослари, мулозимлари ва хайрихоҳларини турли сийловлар ва марҳаматларга сазовор қилади. Ҳар бир кишининг салтанатда тутган ўрни ва мавқеига қараб олий мансаблар ҳамда мартабалар билан сарафроз қилади. Алалхусус, амир Довудга Самарқанд доруғалиги, Чоку, Сайфуддин, Аббос, Искандар, Оламшайх, Ардашер қавчинларга лашкар амирлиги ва тавочиликни топширади. Сари Буға, Ҳусайн барлос, Оқ буға, Элчи Баҳодир каби амиру бекларни девон амири этиб тайинлайди. Хуллас, ҳар бир киши имкониятига кўра бирор-бир иш ёки хизматга эга бўлади.
1371 — 1372 йилларда Соҳибқироннинг лутфу марҳаматига муяссар бўлиб юрган бир гуруҳ беклар, хусусан, амир Мусо, Зиндачашм, Абу Исҳоқ Ясавурий Амир Темурга суиқасд уюштиришга аҳдлашадилар. Бу гуруҳга Хонзода Абул Маолий Термизий ҳамда шайх Абул Лайс Самарқандий ҳам аралашиб қолган эди. Уларнинг режасига биноан, Амир Темур Ўтрор яқинидаги Қаросмон мавзеида ов билан машғул бўлган чоғда қўлга олиниши керак эди. Мазкур суиқасддан хабар топган Соҳибқирон уларни ҳибсга олиб, сўроқ қилишга фармон беради. Суриштириш ва юзлаштириш натижасида фитначи гуруҳнинг исён ҳамда хиёнат қилмоқчи эканлиги исботланади. Шунга қарамай, Амир Темур қадимий дўстлиги ҳаққи, Сароймулкхонимнинг бўласи бўлганлиги ҳамда ўзаро қуда-андалик мавжудлигини ҳисобга олиб амир Мусонинг гуноҳидан ўтади. Насаби Расул алайҳис-саломнинг силсиласига уланган Хонзодага вилоятдан чиқиб кетиш, шайх Абул Лайсга эса, ҳаж сафарига жўнаш буюрилади. Зиндачашм кишанланиб, Самарқандга олиб кетилади. Абу Исҳоқ Ясавурий амир Сайфуддиннинг илтимосига кўра Соҳибқирон томонидан бутунлай афв этилади.
Ибн Арабшоҳ тан олганидек, Амир Темур қўрқмас, шижоатли, жасоратли кишиларни ёқтирар, довюрак ва мардларни ҳурмат қилар эди. Соҳибқирон муайян кишининг мавжуд айбини ошкора этмаслик, унинг иззатини тўкмасликка қаттиқ риоя қилган. Тўхтамишга қарши сафарлардан бирида кўп саркардалар мардоналик ва ботирлик кўрсатиб турган бир чоғда Бурхон ўғлон ихтиёрини қўлдан бериб, жанг майдонини ташлаб қочган эди. Соҳибқирон унинг бу нолойиқ ҳаракатидан воқиф бўлса-да, чингизийзода йигитнинг айбини ёпади, шаънини сақлаб қолади. 1398 йили Кобулнинг шимоли-шарқидаги тоғли вилоят томон Рустам мирзо қатори Бурхон ўғлон ҳам катта қўшинга бош қилиб юборилади. Соҳибқирон Бурҳон ўғлон ёрдамида бирор иш амалга оширилар, унинг мардоналиги билан бирор муҳим ғалаба қўлга киритилар деган фикрда эди. Аммо, таассуфлар бўлсинки, Бурхон ўғлоннинг юраксизлиги бу гал ҳам унга панд беради, душманнинг қорасини кўрмай туриб, совутини ташлаб қочишга мойиллик кўрсатади. Соҳибқирон қўрқоқ ва юраксиз лашкарбоши ўрнига кейинчалик шахсий тарбияси туфайли етук саркарда бўлиб етишган Муҳаммад Озодни тайинлашда янглишмаган эди.
Қаҳрамонлик, жавонмардлик ва, айниқса, шахсий матонат йигитлик пайтида маълум сабабга кўра жисмонан шикаст топган Амир Темур учун ҳам бегона хислат эмас. Савашларда жаҳонгир кўрсатган ботирлик ва жасурлик, сабот ва матонат халқимизнинг қалб тўридан ўрин олган, тилларда достон бўлган, турли афсона ва ривоятларнинг туғилишига сабаб бўлган эди.
1379 йили Урганчни муҳосара қилиш чоғида Хоразм ҳукмдори Юсуф Сўфи Амир Темурни яккама-якка олишувга чақиради. Соҳибқирон рақиб даъватини иккиланмасдан қабул қилади. Олишув учун зарур бўлган қурол-яроғ билан ораста бўлган Амир Темур ўйноқи тулпорида ҳандақ ёқасига келади ва қалъа бурж ҳамда борулари паноҳида бўлган Юсуф Сўфини кураш майдонига чорлайди. Бироқ Амир Темурнинг шиддат билан жанггоҳда рахш суришини кўриб, ўз сўзидан қайтган Юсуф Сўфи Соҳибқирон билан юзма-юз жанг қилишдан қўрғонда қолишни маъқул кўради.
Ушбу воқеадан оз фурсат ўтмай, Термиздан келтирилган, эндигина дум бериб етилган, тилни ёрувчи қовунларни Амир Темур дастурхонига тортишади. Соҳибқирон тарвузларни ўз ғаними билан баҳам кўрмоққа қарор қилади ва уларнинг бир қисмини олтин лаганларда Юсуф Сўфига юборади. Амир Темурнинг зоҳир тантилигини ўзи учун ҳақорат ёки камситиш деб тушунган Урганч ҳокими қовунларни сувга ирғитади, лаганларни эса дарвозабонга инъом қилади…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 14-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!