Абу Али ибн Сино (980-1037)

Абу Али ибн Сино портрети. Рассом: А.Бакиров

Ибн Сино, Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али (980.8, Афшона қишлоғи — 1037.18.6, Ҳамадон шаҳри, Эрон) — жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўрта осиёлик буюк қомусий олим. Ғарбда Авиценна номи билан машҳур.

Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ Балх шаҳридан бўлиб, Сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур (967—997) даврида Бухоро томонига кўчиб, Ҳурмайсан қишлоғига молия амалдори этиб тайинланади. У Афшона қишлоғида Ситора исмли қизга уйланиб икки ўғил фарзанд кўради. Ўғилларининг каттаси Ҳусайн (Ибн Сино), кенжаси Маҳмуд эди. Ҳусайн 5 ёшга киргач, Ибн Синолар оиласи пойтахт — Бухорога кўчиб келади ва уни ўқишга берадилар. 10 ёшга етар-етмас Ибн Сино Қуръон ва адаб дарсларини тўла ўзлаштиради. Айни вақтда у ҳисоб ва алжабр билан ҳам шуғулланади, араб тили ва адабиётини мукаммал эгаллайди.

Ибн Синонинг илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллоҳ Нотилий эди. У эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида машҳур бўлгани учун отаси Ибн Синони унга шогирдликка берди. Нотилийнинг қўлида олим мантиқ, ҳандаса ва фалакиётни ўрганди ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетди. Ибн Синонинг ақл-заковатини кўрган устози отасига уни илмдан бошқа нарса билан шуғуллантирмасликни тайинлайди. Шундан сўнг ота ўғилга илм ўрганиш ва билимларини чуқурлаштириш учун барча шароитларни яратиб берди. Абу Али тинмай мутолаа қилиб, турли илм соҳаларини ўзлаштиришга киришди. У мусиқа, оптика, кимё, фиқҳ каби фанларни ўқиди, хусусан, табобатни севиб ўрганди ва бу илмда тез камол топа бошлади.

Абу Али ибн Сино иш устида. Рассом: Р.Арибжанов

Ибн Синонинг тиб илмида юксак маҳоратга эришишида бухоролик бошқа бир табиб Абу Мансур ал-Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийнинг хизмати катта бўлди. Ибн Сино ундан табобат дарсини олиб, бу илмнинг кўп сирларини ўрганган. Қумрий бу даврда анча кексайиб қолган бўлиб, 999 йилда вафот этди.

Ибн Сино 17 ёшдаёқ Бухоро халқи орасида моҳир табиб сифатида танилди. Ўша кезларда ҳукмдор Нуҳ ибн Мансур бетоб бўлиб, сарой табиблари уни даволашдан ожиз эдилар. Довруғи бутун шаҳарга ёйилган ёш табибни амирни даволаш учун саройга таклиф қиладилар. Унинг муолажасидан бемор тезда соғайиб, оёққа туради. Эвазига Ибн Сино сарой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Сомонийларнинг кутубхонаси ўша даврда бутун Ўрта ва Яқин Шарқдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналарди. Ибн Сино бир неча йил давомида шу кутубхонада кечаю кундуз мутолаа билан машғул бўлиб, ўз даврининг энг ўқимишли, билим доираси кенг кишиларидан бирига айланди ва шу пайтдан бошлаб ўрта аср фалсафасини мустақил ўрганишга киришди. У юнон муаллифларининг, хусусан, Аристотелнинг «Метафизика» асарини берилиб мутолаа қилди. Лекин бу китобда баён қилинганларнинг аксарияти Ибн Синога тушунарсиз эди. Тасодифан ёш олимнинг қўлига Абу Наср Форобийнинг «Метафизика»нинг мақсадлари ҳақида»ги китоби тушиб қолади ва уни ўқиб чиқибгина Ибн Сино метафизикани ўзлаштиришга муваффақ бўлади.

Шундай қилиб, Ибн Сино зарурий билимларнинг барчасини Бухорода олди. Олимнинг илмий ижоди 18 ёшидан бошланди. У Нуҳ ибн Мансурга атаб нафсоний қувватлар ҳақида рисола, «Уржуза» тиббий шеърий асари, ўз қўшниси ва дўсти Абул-Ҳусайн ал-Арузийнинг илтимосига биноан, кўп фанларни ўз ичига олган «Ал-ҳикмат ал-Арузий» («Арузий ҳикмати») асарини таълиф этди. Ундан ташқари, бошқа бир дўсти фақиҳ Абу Бакр ал-Барқий (ёки Барақий)нинг илтимосига кўра, 20 жилдли «Ал-ҳосил ва-л-маҳсул» («Якун ва натижа») қомусий асари ҳамда 2 жилдли «Китоб ал-бир ва-л-исм» («Саҳоват ва жиноят китоби»)ни ёзди.

Абу Али ибн Сино бемор ҳузурида. Рассом: Р.Арибжанов

Қорахонийлар 999 йил Бухорони забт этиб, сомонийлар давлатини ағдарганидан кейин Ибн Сино ҳаётида ташвишли, нотинч ва оғир дамлар бошланди. 1002 йил унинг отаси вафот қилди. Икки сулола вакилларининг тахт учун кураши 1005 йилгача давом этиб, охири қорахонийларнинг буткул ғалабаси билан тугади. Бундай вазиятда Бухорода ортиқ қолиб бўлмас эди. Шу боис Ибн Сино ўз юртини тарк этиб, Хоразмга бош олиб кетди. 11-аср бошларида Хоразм қорахонийлар ҳужумидан бирмунча тинч бўлиб, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланган ўлка эди. Хоразмшоҳлар Али ибн Маъмун (997—1009) ва Маъмун ибн Маъмун (1009—1017) илм-фанга эътиборли ҳукмдорлар бўлиб, олимларга илмий ижод учун қулай шароит яратиб берган эдилар. Шу боис бу даврда Хоразмнинг пойтахти Гурганж (Урганч) да замонасининг кўпгина таниқли олимлари тўпланди. Йирик математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ (1034 йили вафот этган), атоқли табиб ва файласуфлар Абу Саҳл Масиҳий (1010 йили вафот этган), Абу-л-Хайр Хаммор (942—1030) ва буюк олим Абу Райҳон Беруний шулар жумласидан. Ана шу илмий даврага 1005 йили Ибн Сино ҳам келиб қўшилди. Хоразмда Ибн Сино асосан, математика ва астрономия билан шуғулланди. Бу соҳалардаги билимларининг чуқурлашиб, илмий дунёқарашининг шаклланишида Ибн Ироқ ва Беруний билан бўлган илмий мулоқотлар катта аҳамият касб этди.

Ибн Синонинг Аристотель таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир. Ибн Сино Абу Сахл Масиҳийнинг тиббий тажрибаси ва билимларидан ҳам катта сабоқ олди. Хоразмшоҳ вазири Абу-лҳусайн ас-Саҳлий илмларни севувчи киши бўлганидан, Ибн Сино у билан дўстлашади ва унга атаб алкимёга оид «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») номли асар ёзди. Бироқ Хоразмдаги осойишта ҳаёт узоққа чўзилмайди. Шарқда қудрати ортиб бораётган Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавий бу ўлкага кўз тикади. У, аввал, Маъмунга саройдаги бир гуруҳ олимларини Ғазнага жўнатиб юборишни сўраб хат ёзади. Бу хатга жавобан Беруний ва Абу-л-Хаммор Ғазнага кетадилар. Ибн Сино эса бу таклифни рад этиб, Масиҳий билан биргаликда 1010—1011 йилларда яширинча Хоразмни тарк этади. Шу вақтдан олимнинг саргардонлик йиллари бошланиб, умрининг охиригача ватандан узокда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.

Абу Али ибн Сино шогирдлари билан. XVII аср миниатураси

Масиҳий билан Ибн Сино Журжонга — Масиҳийнинг ватанига йўл олдилар. Лекин йўлдаги қийинчиликлар ва сувсизлик туфайли Масиҳий бетоб бўлиб, вафот этади. Натижада, Ибн Сино азоб-уқубатлар чекиб, аввал, Нисо, сўнг Обивард, Тус, Шиққон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида қисқа муддат турганидан кейин, ниҳоят, Каспий денгизининг жануби-шарқида жойлашган Журжон амирлигига етиб келади. Ибн Сино Журжонда 1012—1014 йилларда яшайди, лекин шу қисқа вақт ичида унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Абу Убайд Жузжоний билан учрашув ва бир умрга дўстлашув содир бўлади. У Ибн Синога нафақат шогирд, балки содиқ дўст ҳам эди. У Ибн Сино билан олимнинг сўнгги дамигача, 25 йил давомида бирга бўлади. Ибн Сино таржимаи ҳолининг ёзилиб қолиши, кўпгина асарларининг таълифи ва тартибга тушиши ҳамда уларнинг кейинги авлодларга келишида Жузжонийнинг хизмати катта.

Журжондалик вақтида Ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланди, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатди. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзди ва энг муҳими «Тиб қонунлари»нинг дастлабки қисмларини яратди. 1014 йил олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчди. Ибн Сино Райга келган вақтида бу ерда бувайҳийлардан бўлмиш Маждуддавла Абу Толиб Рустам (997—1029) ва унинг онаси Саййида Хотун ҳукмронлик қилар эдилар. Бу ерда Ибн Сино савдойи дардига чалиниб қолган Маждуддавлани даволади ва шу сабабли салтанат тепасида турган Саййиданинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Лекин олим Райда ҳам узоқ туролмади, чунки Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Райга ҳам ҳужум қилиш хавфи бор эди. Шу боис Ибн Сино Райни тарк этиб, нисбатан кучлироқ бўлган Ҳамадонга, Маждуддавланинг акаси Шамсуддавла (997—1021) ҳузурига кетади. Ҳукмдорни санчиқ касалидан даволаганидан кейин олимни саройга таклиф қиладилар. У аввал сарой табиби булиб ишлайди, сунг вазирлик мансабига кўтарилади. Давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай илмий ишларини ҳам давом эттиради ва қатор асарлар яратади. «Тиб қонунлари»нинг 1-китобини тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — «Китоб аш-шифо» ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. «Тиб қонунлари» нинг қолган қисмини ҳам Ҳамадонда ёзиб битиради.

Абу Али ибн Сино мақбараси. Ҳамадон, Эрон

Ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказди. Бу ерда хам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратди. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. «Китоб аш-шифо»нинг қисмлари, форс тилидаги «Донишнома» ва 20 жилдли «Инсоф-адолат китоби» шулар жумласидан.

Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино гарчи, жисмоний жуда бақувват бўлса-да, бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этди. У қуланж (колит) касаллигига чалинди. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида Ибн Сино қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йулда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори курийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади. Олим Ҳамадонда дафн этилади. Унинг қабри устига 1952 йили мақбара ишланган (меъмори X. Сайхун). Мақбара Ибн Синога бағишланган музей хоналарини ҳам ўз ичига олади.

Шайхур-раис Абу Али ибн Сино. Миниатура

Замондошлари Ибн Синони «Шайх ар-раис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат ал-ҳаққ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Ибн Синонинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид китоблари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти.

Абу Али ибн Сино

Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда 4 қисмга, яъни фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бўлиш мумкин, олим шуларнинг ҳар бирида чуқур из қолдирган. Лекин Ибн Сино асарларининг миқдорий нисбатига назар солсак, олимнинг қизиқиш ва эътибори кўпроқ фалсафа ва тибга қаратилганини кўрамиз. Гарчи, уни «Авиценна» сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, «Тиб қонунлари» бўлсада, «Шайх-ар-раис» номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир.

Олимнинг фалсафага оид энг йирик ва муҳим асари «Китоб аш-шифо»дир. У 4 қисмдан иборат: 1) мантиқ — 9 бўлакка бўлинган: ал-мадҳал — мантиққа кириш; ал-мақулот — категориялар; ал-иборат — интерпретация; ал-қиёс — силлогизм; ал-бурҳон — исбот, далил; ал-жадал — тортишув, диалектика; ас-сафсата — софистика; ал-хитоба — риторика; аш-шеър — поэтика (шеър санъати); 2) табииёт (бу ерда минераллар, ўсимликлар, ҳайвонот олами ва инсонлар ҳақида алоҳида-алоҳида бўлимларда гапирилади; 3) риёзиёт — 4 фанга бўлинган; ҳисоб (арифметика), ҳандаса (геометрия), астрономия ва мусиқа; 4) метафизика ёки илоҳиёт. Бу асарнинг айрим қисмлари лотин, сурёний, иброний, немис, инглиз, француз, рус, форс ва ўзбек тилларида нашр этилган.

Ибн Синонинг яна бир фалсафий асари «Китоб ан-нажот» «Китоб аш-шифо»нинг қисқартирилган шакли бўлиб, у ҳам қисман жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган. Олимнинг фалсафий қарашлари яна «Ал-ишорат ва-ттанбиҳот» («Ишоралар ва танбиҳлар»), «Ҳикмат ал-машриқийн» («Шарқчилар фалсафаси»), «Китоб ал-ишорат фи-лмантиқ ва лҳикмат» («Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари»), форс тилида ёзилган «Донишнома» («Билим китоби») ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларда ҳамда «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф ҳақида қисса» каби фалсафий мазмунли бадиий қиссаларда ўз аксини топган.

Абу Али ибн Сино

Ибн Синонинг дунёқараши Аристотель таълимоти ва Форобий асарлари таъсирида шаклланди. Унинг фикрича, фалсафанинг вазифаси мавжудотни, яъни барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, бир-бирига ўтишини зарурият, имконият, воқелик, сабабият омиллари асосида ҳар томонлама ўрганишдан иборат. Оламда мавжуд барча нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд энг иродали, қудратли, доно Тангридир. Қолган нарсалар имконият тарзида мавжуд бўлиб, Тангридан келиб чиқади. Зарурий вужуд билан имконий вужуд муносабати сабаб ва оқибат муносабатидир. Бу жараёнда оламдаги ҳамма нарсалар эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклида мавжуд бўлган ақл, жон, жисм, улар билан боғлиқ осмон сфералари келиб чикади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар) бўлиб, яна борлиқда акциденция — нарсаларнинг белгилари, ранги, ҳажми, хиллари мавжуд. Жисм шакл ва моддадан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа тайин жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг моддий асоси ҳеч қачон йўқолмайди. Материянинг энг содда бўлинмас шакли 4 унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар шаклан ўзгариши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган 4 унсур йўқолмайди, абадий сақланади.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Бухоро

Ибн Сино фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тараққиётнинг якуни сифатида бошқа жонзотлардан ақли, тафаккур қилиш қобилияти ва тили билан фарқ қилувчи инсон вужудга келган. Ҳодисаларни чуқур билиш, фан билан шуғулланиш инсонгагина хосдир. Инсон билимлари нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билиш ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. Сезгида нарса-ҳодисаларнинг айрим, ташқи белгилари, тайин томонлари билинса, ақл уларнинг моҳиятини, ички томонларини абстракциялаштириш ва умумлаштириш ёрдамида била олади. Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Ибн Сино тушунчасида билимларни чуқур ўрганиш орқали худони билиш мумкин деган фикр ётади. У мавжуд билимларни эгаллаган инсонгина ҳақиқий мусулмон бўла олади, деб тушунади. Ибн Сино мантиқни илмий билишнинг, мавжудотни ўрганишнинг илмий усули деб билади. «Мантиқ, — деб ёзади Ибн Сино — инсонга шундай бир крида берадики, бу крида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади». У мантиқий усуллар, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини чуқур ўрганди, мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди.

Ибн Сино ўз давридаги табиий фанларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган олимдир. Унинг табиий-илмий қарашлари «Китоб аш-шифо»нинг табиий фанларга оид қисмида баён қилинган. Олимнинг баъзи геологик жараёнларга оид мулоҳазалари ҳозирги илмий назарияларга жуда яқиндир. Унингча, вулқонлар аслида тоғ пайдо бўлиши ва зилзилалар билан боғлиқ. Тоғ пайдо бўлишининг ўзи эса 2 йўл билан бўлади: 1) кучли ер қимирлаши вақтида ер қобиғининг кўтарилиши; 2) сув орқали ва ҳавонинг аста-секин таъсири натижасида чуқур жарликлар пайдо бўлиб, натижада уларнинг ёнида баландлик ҳосил бўлиб қолиши. Зилзиланинг пайдо бўлишига ҳам бир неча сабаблар бор. Уларнинг бири газсимон ё оловсимон буғ бўлади. Мана шу буғ ҳаракатга келиб, ерни қимирлатади. Сувларнинг ер остига сизиб кириши, текис ер четининг ўпирилиши, баъзида тоғ чўққиларининг куч билан қулаши хам зилзилага сабаб бўлади. Олим фикрича, ер юзасининг маълум қисми бир маҳаллар денгиз туби бўлган, замон ўтиши билан геологик жараён оқибатида сув ҳавзалари ўрни ўзгарган. Бир вақтлар денгиз бўлиб, ҳозир қурукликка айланган ерларда денгиз ҳайвонларининг тошқотган қолдиқлари сақланиб қолган. У бундай ерларга Куфа, Миср ва Хоразм ерларини киритади.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Рига. 2006 йили очилган. Муаллиф: Равшан Миртожиев

Ибн Сино минералогия (маъданшунослик) соҳасида ҳам салмоқли ишлар қилган. У минералларнинг оригинал таснифини таклиф этди. Унга кўра, барча маъданлар 4 гуруҳга: тошлар, эрийдиган жисмлар (металлар), олтин-гугуртли ёнувчи бирикмалар ва тузларга бўлинади. Бу тасниф то 19-асргача деярли ўзгаришсиз сақланиб келди. Ибн Синонинг геология ва минералогияга оид фикрлари унинг «ал-Афъол ва-л-инфиолот» («Таъсир ва таъсирланиш») асарида ҳам учрайди.

Ибн Сино бошқа табиий фанлар қатори кимё билан ҳам шуғулланган ва унга оид асарлар ҳам ёзган. Бу асарларини у турли даврда ёзган бўлгани учун уларда Ибн Синонинг кимёга бўлган муносабатининг эволюцион ўзгариб бориши яққол акс этган. Унинг кимё соҳасида айтган фикрлари ўша даврдаги алкимё учун ниҳоятда илғор эди. Ибн Сино 21 ёшида, яъни илмий фаолиятининг бўсағасида металлар трансмутациясига, яъни оддий металларни олтин ва кумушга кимёвий йўл билан айлантириш мумкинлигига ишонган ва мутақаддим кимёгарларнинг китоблари таъсири остида «Рисола ас-санъа ила-лбарақий» («Барақийга атаб санъат (ал-кимё)га доир рисола») номли кичик асар ёзган. Лекин 30 ёшларга бориб, илмий тажрибаси ортган ёш олим бу соҳадаги уринишларнинг зое кетишига амалда ишонч ҳосил қилади ва «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») асарида кимёвий йўл билан соф олтин ва кумуш олиш мумкинлигига шубҳа билдиради. 40 ёшларда ёзишга киришган «Китоб аш-шифо»да эса кимёгарларнинг трансмутация соҳасидаги барча ҳаракатлари беҳуда эканлигини назарий жиҳатдан исботлашга уринди. Унинг фикрича, ўша вақтда маълум бўлган ҳар бир металл ўзича алоҳида бир модда бўлиб, кимёгарлар ўйлагандек бир ягона металлнинг тури эмас. У олтиннинг алоҳида бир элементлигини билмасада, уни нарсалардан ясаб бўлмаслигини ҳам англаган эди. Олимнинг бу назарий мулоҳазалари ўрта аср кимёсининг илмий кимёга ўсиб ўтишида муҳим роль ўйнади.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Кортрейк, Белгия

Ибн Сино ботаника масалалари билан ҳам жуда кўп шуғулланди, чунки табобатда ишлатиладиган доривор моддаларнинг аксарияти ўсимликлардан олинади. У «Китоб аш-шифо» нинг «ан-набот» («Ўсимликлар») қисмида ўсимликларнинг турлари, пайдо бўлиши, озиқланиши, ўсимлик аъзолари ва уларнинг вазифалари, кўпайиши ҳамда ўсиш шароитлари ҳақида ёзади, илмий терминология яратиш соҳасида ҳам иш олиб боради.

Ибн Сино ёшлигидан астрономияга қизиққан ва бу қизиқиш умрининг охиригача сакланган. У 8 та мустақил рисола ҳамда «Китоб аш-шифо» ва «Донишнома»нинг риёзиёт қисмларида астрономияга алоҳида бобларни бағишлаган. Птолемейнинг «Алмагест»ини қайта ишлаб, шунинг асосида амалий астрономия бўйича қўлланма яратган. Ибн Сино Журжон шаҳрининг географик узунлигини ўз даври учун бутунлай янги бўлган усул — Ойнинг энг баланд нуқтасини кузатиш opқали аниқлаб берган. Беруний «Геодезия» асарида бу усулнинг тўғрилиги ҳақида гапириб, уни фақат Ибн Сино номи билан боғлайди. Бу усул Европада 500 йил дан кейин (1514 йил) астроном Вернер томонидан янгидан кашф қилинди.

Математика соҳасида Ибн Сино Евклиднинг «Негизлар» китобини қайта ишлаб, унга шарҳ ва тўлдиришлар киритди, геометрик ўлчамларга арифметик терминология қўллади, «сон» тушунчаси доирасини «натурал сон»дан анча кенгайтирди.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Тошкент

Шеърият соҳасида ҳам Ибн Сино сезиларли из қолдирди. У ўзининг айрим тиббий асарлари («Уржуза»)ни ражаз вазнли шеърда ёзган. Бундан ташқари, унинг бир нечта фалсафий қиссалари ҳам борки, улар кейинчалик форс-тожик адабиётига чуқур таъсир кўрсатди. Олимнинг форс тилида ёзган бир неча ғазал ва қитъалари, 40 дан ортиқ рубоийлари мавжуд. Унинг шеърий мероси қисман рус ва ўзбек тилларида нашр этилган.

Ибн Сино мусиқа бобида Форобийнинг илмий йўналишини давом эттирган йирик назариётчидир. Мусиқа ҳақидаги «Жавомеъ илм ул-мусиқий» («Мусиқа илмига оид туплам») асари «Китоб аш-шифо» нинг бир қисми бўлиб, ҳар бири бир неча бобли 6 бўлимдан иборат. «Ан-нажот», «Донишнома»ларда мусиқа ҳақида кичик бўлимлар мавжуд, «Тиб қонунлари», «Рисолаи ишқ» ва бошқаларда мусиқанинг айрим масалалари ҳақида фикр юритган. Ўз даври мусиқасининг барча муаммоларини баён этган: нағма, бўъд (интервал), лад тизимлари, ийқо, куй яратиш, мусиқа асбоблари ва ҳ. к. Европада кейинчалик «соф тизма (товушқатор)» аталган мусиқавий тузилмани биринчи бўлиб асослаган. Ибн Сино мусиқий гўзаллик ҳақида мукаммал таълимотни илгари суриб, мусиқани ҳамоҳангликнинг энг камолга етган тури деб билади. Ритм масалаларига Шарқнинг бошқа мусиқа назариётчилари сингари аруз бадиий тизим билан боғлиқ ҳолда қарайди. Табиб сифатида у мусиқани муҳим тиббий воситалар жумласига киритган. Инсон нутқий оҳанглари ривожланиши натижасида мусиқа пайдо бўлганлиги ҳақидаги назарияси ҳозирги замонавий мусиқа назарияларига мос келади. Ўзининг баркамол шахсни тарбиялаш ғоясида мусиқани асосий воситалар сирасига киритган.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Душанбе

Ибн Синонинг табобатда қилган ишлари унинг номини бир неча асрларга шу фан соҳаси билан чамбарчас боғлади. Олимнинг табобат тараққиётидаги буюк хизмати шундаки, у ўзигача ўтган турли халқ намояндалари томонидан асрлар давомида тиб илми соҳасида тўпланган маълумотларни саралаб, муайян бир тартибга солди ва уларни ўз тажрибалари билан бойитган ҳолда маълум назария ва қонун-қоида асосида умумлаштирди. Бунга унинг «Тиб қонунлари» ва бу асарнинг жаҳон тиб илми тарихида тутган мавқеи ва қозонган шуҳрати ёрқин далилдир.

Ибн Синонинг табобат соҳасида қилган ишлари ўша давр табобатини бир неча асрларга илгарилатди ва айрим соҳаларда ҳатто ҳозирги замон тиббиётига яқинлаштирди ҳам. Олим яшаган даврда бу соҳада антик олимларнинг, хусусан Гиппократ, Гален, Диоскорид ва бошқанинг таълимоти устувор эди. Ибн Сино ҳам ўз тиббий фаолиятида уларнинг назарий қарашлари ва амалий кўрсатмаларига таянди, лекин уларни Ҳиндистон, Хитой, Ўрта Осиё, Шарқ олимларининг ҳамда ўз тажрибалари ва билимлари асосида ривожлантирди ва бойитди. Ибн Синонинг даҳо табиб сифатида шуҳрат қозонишининг асосий омилларидан бири — унинг тиб назариясини, хусусан, анатомия — инсон гавдаси тузилишини мукаммал билишлигидир. Бош суягининг тузилиши, тишларнинг тузилиши тўғрисида у Галенга эргашган ҳолда тўғри фикрлаган. Унинг кўзнинг анатомияси, кўриш жараёнининг қандай содир бўлиши ва унда кўз қорачиғининг роли, кўз мускулларининг жойлашиши хусусида ёзганлари замонавий офтальмологияга яқиндир. Асаблар, қон томирлар, мушакларнинг тузилиши ва функциялари тўғрисида ёзганлари анатомиянинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатади. Бу эса амалий анатомиянинг асосчиси деб тан олинган рус олими Н. И. Пироговни Ибн Синонинг издоши дейишга асос беради.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Партенит, Қрим

Ибн Сино ўткир диагност эди. Унинг баъзи ташҳис усуллари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Перкуссия (аъзога уриш орқали диагноз қўйиш)ни, хусусан, асцит ва метеоризмни фарқлашда, истисқони аниқлашда (қоринга секин уриш орқали) қўллаган. Бу усул 600 йилдан кейин веналик табиб Леопольд Ауэнбруггер (1722—1809) томонидан қайта кашф қилиниб, яна 50 йилдан сўнг амалиётга кирган. Олим қон туфлаш ҳолатлари ва нафас олиш турларини чуқур ўрганиб, улардан ташҳисда фойдаланган. Ибн Сино турли касалликларнинг дифференциал диагностикасида ва гавданинг умумий ҳолатини аниқлашда томир уриши, сийдик ва нажасга қараб олинадиган белгиларга катта эътибор беради. Масалан, диабет (қанд) касаллигини у сийдикнинг ҳолати, шу жумладан, ундаги ширинлик моддасига қараб ташҳис қилади. Диабет касаллигида сийдикда қанд моддаси бўлишини 1775 йилда инглиз олими Добсон аниқлаган. Табобат тарихида биринчи бўлиб Ибн Сино вабо билан ўлатни фарқлаган, юқумли касалликлар билан оғриган беморларни бошқалардан ажратган ҳолда сақлаш кераклигини таъкидлаган, менингит, ошқозон яраси, сариқ касаллиги, плеврит мохов, захм, қизамиқ, сувчечак, куйдирги каби касалликларнинг белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаб берган. Қутуриш касаллигининг кўринишлари, унинг юқумли характери, беморнинг бу касалликдаги ҳолатларини жуда тўғри аниқлаган. 1804 йилда европалик олим Цинке қутурган ҳайвонларнинг сўлаги юқумлилигини тасдиқлаган.

Абу Али ибн Сино ҳайкали. Ҳамадон, Эрон

Психик ва асаб касалликларини тавсифлаш ва даволашга ҳам олим кўп янгиликларни киритган. Бу касалликларни даволашда у атроф муҳитнинг, иқлимнинг, парҳез ва жисмоний машқларнинг таъсирига ҳамда бемор кайфиятини яхшилашга қаратилган тадбирларга катта аҳамият беради.

Беморларни даволашда олим 3 нарсага — тартиб (парҳез), дорилар билан даволаш ва турли тиббий тадбирларни қўллаш (қон олиш, банка қўйиш, зулук солиш, ҳуқна ва ҳ. к.)га аҳамият бериш кераклигини айтади. Касалликни даволашда овқатланиш, яъни парҳезни муҳим омиллардан деб ҳисоблайди ва ҳар бир касаллик учун ўз овқатланиш тартибини беради. Чунончи, жигар касалликларида кўпроқ майиз, анжир, анор суви истеъмол қилишни буюради. Бу эса бундай касалликларни ҳозирги глюкоза ва инсулин билан даволаш усулларининг қадимий кўринишидир.

Ибн Синонинг жарроҳлик соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари ҳам улкандир. У ўз тиббий асарларида замонавий жарроҳликда қўлланиб келаётган айрим усулларни баён қилади. Йирингли шишларни куйдириш ёки пичоқ билан ёриш, бавосир шишларини тикиш, тампон, ўткир модда ёки тикиш билан қон тўхтатиш, томоқни кесиб, най қўйиш (трахеотомия) шулар жумласидандир. Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача «Авиценна усули» деб аталади. Умуртқанинг қийшайишини Ибн Сино ўзи ихтиро қилган ёғоч мослама ёрдамида тузатган. Бу усулни 15-асрда француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш усули ҳам Ибн Сино томонидан кенг қўлланган, лекин у ҳам кейинчалик унутилиб, европалик табиблар томонидан 1852 йилда амалиётга янги ихтиро сифатида қайтарилган.

Ҳозир кўз жарроҳлигида қўлланаётган усулларнинг қарийб барчаси Ибн Синога маълум бўлган. Ёмон сифатли саратон (рак) шишлари, қовуқ тошларини олиш, истисқо, бавосирнинг операциялари, бош суягининг операцияси ва бошқалар Ибн Сино қўллаган муолажа усулларидандир. Жарроҳликда анестезия (оғриқни сездирмаслик) масаласига ҳам Ибн Сино катта эътибор берган. Бунинг учун у афюн, мингдевона, наша ва ҳ. к. наркотик таъсирга эга бўлган дорилардан фойдаланган. Касалликни даволашда Ибн Сино шахсий гигиена, уйқу ва жисмоний машқларнинг аҳамияти катталигини уқтирган. Унинг бир касалликни бошқа бир касалликни чақириш йўли билан даволаш усули диққатга сазовордир. Масалан, у тутқаноқни даволашда тўрт кунлик иситма билан оғришни фойдали деб билади. Австриялик психиатр Ю. Вагнер-Яурег (1857—1940) шундай усулни қўллаб, захм касаллигини безгакни юқтириш орқали даволагани учун 1927 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Абу Али ибн Сино

Ибн Сино доришунослик соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб борган. У антик олимларнинг фармацияси асосида мусулмон Шарқида пайдо бўлган янги фармациянинг шаклланишига якун ясади. Табобатда сано, кофур (камфара), ровоч, тамр-ҳиндий (ҳинд ҳурмоси) каби дориларнинг ишлатилиши, асал ўрнида кўп дориларнинг қанд (шакар) асосида тайёрланиши ҳам Ибн Синонинг хизматидир. Унинг доривор ўсимликларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш усуллари ҳозирги доришуносликдаги усулларга жуда яқиндир. Табиий дорилар билан бир каторда Ибн Сино биринчилардан бўлиб кимёвий усулда тайёрланган дориларни ҳам ишлатган. Касалликнинг турига қараб аввал содда, сўнг мураккаб таркибли дори билан даволаган. Энг муҳими, у озиқ-овқатларнинг шифо-бахш таъсирига катта аҳамият бериб, даволашни шундай маҳсулотлардан (мева, сабзавот, сут, гўшт ва ҳ. к.) бошлаган. Дори тайинлашда беморнинг мижози (иссиқ, совуқ, ҳўл, қуруқ), ёши, иқлим шароитини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлайди. Ибн Сино фармацияси жуда пухта ўйланган фармакологик тадқиқот усулига асосланганлиги боис ўрта аср Европа фармациясидан анча ўзиб кетди ва замонавий доришуносликка яқинлашди. Олим ишлатган дориларнинг бир қанчаси ҳозирги фармакопеялардан мустаҳкам ўрин олган.

Ибн Синонинг тибга оид ёзган асарларининг 30 дан ортиғи бизгача етиб келган, уларнинг орасида «Қонун» каби тиббий энциклопедия билан бир қаторда тибнинг айрим назарий ва амалий масалаларига бағишланган турли ҳажмдаги «Уржуза фи-ттибб» («Тиббий уржуза»), «ал-Адвият ал-қалбия» («Юрак дорилари»), «Дафъ алмадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония» («Инсон баданига етишган барча зарарларни йўқотиш»), «Китоб ал-қуланж» («Қуланж ҳақидаги китоб»), «Мақола фи-ннабз» («Томир уриши ҳақида мақола»), «Рисола фи-л-боҳ» («Шаҳвоний қувват ҳақида рисола»), «Рисола фи тадбири ал-мусофирин» («Сафардагиларнинг тадбири ҳақида рисола»), «Рисола фи хифз ас-сиҳҳа» («Соғлиқни сақлаш ҳақида рисола»), «Рисола фи-с-сиканжубин» («Сиканжубин ҳақида рисола»), «Рисола фи-лфасд» («Қон олиш ҳақида рисола»), «Рисола фи-лҳиндабо» («Сачратқи ҳақида рисола») каби рисолалар ҳам бор.

Абу Али ибн Сино

Ибн Сино ўз давридаги илмлар таснифи масаласига ҳам жиддий эътибор билан каради ва бу соқада «Ақсом ал-улум ал-ақлия» («Ақлий илмлар таснифи») номли асар ёзди. Унда олим ақлий илмларни ҳикмат — фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа 3 га бўлинади: 1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик (тиб, кимё, астрология ва бошқа); 2) ўрта даражадаги илм — математика (геометрия, арифметика, астрономия, мусиқа); 3) олий даражадаги илм — метафизика (илоҳиёт). Амалий фалсафа ҳам уч қисм (ахлоқ, иқтисод ва сиёсат) га бўлиниб, биринчисида битта шахс, унинг феъл-атвори қандай бўлиши ҳақида; иккинчисида инсонларнинг оилада, хўжалик ишларида бир-бири билан муносабатлари қандай бўлиши ва учинчисида шаҳар ёки ўлка миқёсида кишиларнинг бир-бири билан муносабати қандай бўлиши, давлатни идора қилиш ҳақида гап боради. Бу туркумлар ҳам майда тармоқларга бўлиниб кетади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади. Ибн Сино ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришув мумкин, жамиятда инсонлар ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак деб таъкидлайди. Жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини айтади. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу конунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши лозим. Агар ҳоким подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи керак, деб ҳисоблайди. Ўзининг ахлоқ тўғрисидаги фикрларида инсонларнинг кундалик ишларидаги энг зарур ахлоқий муносабатларга, камтарлик, иззат-ҳурмат, жасурлик, тўғрилик, софдиллик каби хулқий қоидаларга алоҳида эътибор беради.

Абу Али ибн Сино

Ибн Сино ўзининг бой ва серқирра илмий мероси билан кейинги давр Шарқ ва Ғарб маданиятининг ривожига катта таъсир кўрсатди. Шарқнинг Умар Хайём, Абу Убайд Жузжоний, Насриддин Тусий, Фаридуддин Аттор, Ибн Рушд, Низомий Ганжавий, Фахриддин Розий, ат-Тафтазоний, Носир Хисрав, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Улуғбек, Бедил, Баҳманёр ибн Марзбон каби мутафаккир ва олимлари ўз асарларида Ибн Сино таълимоти ва илмий ғояларини давом эттирдилар. Европада алломанинг асарлари 12-асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилиниб, университетларда ўқитила бошланди. Европанинг машҳур файласуф ва табиатшунос олимларидан Жордано Бруно, Гундисвальво, Вильгельм Овернский, Александр Гельский, Альберт фон Больштедт, Фома Аквинский, Рожер Бэкон, Данте ва бошқалар Ибн Синонинг илғор фикрларидан ўз ижодларида фойдаландилар ва унинг номини зўр ҳурмат билан тилга олдилар.

Ибн Сино илмий меросини ўрганиш ишлари янги даврга келиб жадал тус олди ва натижада чет эл ҳамда Ўзбекистонда махсус илмий йўналиш — синошунослик вужудга келди. «Тиб қонунлари»нинг лотинча таржимаси тўлиқ ҳолда 40 марта нашр этилди. Унинг айрим қисмлари немис, инглиз ва француз тилларига таржима қилинди, олимнинг фалсафий ва бошқа соҳаларга оид асарлари ҳам жаҳоннинг бир неча тилларида нашр этилди, унинг ижодига оид қатор йирик тадқиқотлар яратилди.

Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби қўлёзмаласи саҳифаларидан бири

Жаҳоннинг турли кутубхоналарида Ибн Сино асарларининг қўлёзмалари сақланади, шу жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам аллома қаламига мансуб 50 асарнинг 60 та қўлёзмаси мавжуд. Европа олимлари Е. Бишманн, Ю. Руска Карра де Во, X. Корбин, Круз Хернандез, Л. Гарде, А. М. Гуашон, X. Лей, П. Моривидж, Ж. Салиба ҳамда араб, турк ва эрон олимлари М. У. Нажотий, А. Н. Нодир, Ж. Ш. Қанавотий, Саид Нафисий, Яҳё Махдавий, Умар Фаррух, Э. Иҳсонўғлу, Ф. Раҳмон, М. Мусо, Ҳ. Ғараба, М. Шоҳвардий ва бошқалар Ибн Сино ижодини ўрганишга маълум ҳисса қўшдилар. Россиялик олимлардан Е. Э. Бертельс, А. Я. Борисов, И. С. Брагинский, С. И. Григорян, Б. А. Петров, Б. А. Розенфельд, В. Н. Терновский, А. В. Сагадеев, М. М. Рожанская, Тожикистон олимларидан С. Айний, М. Диноршоев, Т. Мардонов, Н. Раҳматуллаев, А. Баҳовуддинов, Ю. Нуралиев бу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилдилар.

Ўзбекистонда Ибн Сино асарларини таржима ва тадқиқ этишда шарқшунос олимлар С. Мирзаев, А. Муродов, А. Расулов, У. И. Каримов, Ю. Н. Завадовский, А. А. Семёнов, М. А. Салье, П. Г. Булгаков, Ш. Шоисломов, Э. Талабов, Ҳ. Ҳикматуллаевлар улкан ишларни амалга оширдилар. Т. Н. Қори-Ниёзий, И. М. Мўминов, М. М. Хайруллаев, М. Н. Болтаев, А. Ахмедов, Г. П. Матвиевская, В. К. Жумаев, Н. Мажидов, О. Ф. Файзуллаев, М. Б. Баратовнинг монография ва мақолаларида Ибн Сино ижодининг турли қирралари тадқиқ этилган.

Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби лотинча нусхаси

Рус антропологи М. М. Герасимов, бир неча тарихий шахслар қатори, Ибн Синонинг ҳам калла суяги асосида ҳайкал-портретини яратган. Андижон тиббиёт институти ходимлари (Ю. О. Отабеков, Ш. Ҳ.Ҳамидуллин, Е. С. Соколова) Ибн Синонинг илмий асосланган тимсолини ҳайкал-бюстда тасвирладилар (1965). Ўзбекистонлик рассом С. Марфин Ибн Сино бадиий портретини ишлаган (1968). Ибн Сино ҳақида «Ўзбекфильм» студияси ижодкорлари (реж. Э. Эшмухамедов; О. Агишев, Э. Эшмуҳамедов сценарийси) «Даҳонинг ёшлиги» тарихий-биографик бадиий фильмини (1984) яратдилар.

Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган машҳур швед ботаниги Карл Линней (1707—78) доимо яшил бўлиб турувчи бир тропик дарахтни Ибн Сино шарафига Авиценниа деб атади. Ўзбекистон ерида топилган (1956) янги минерал Ибн Сино номи билан Авиценнит деб аталади. Бухоро шаҳри ва Афшона қишлоғида Ибн Синога ҳайкал ўрнатилди, Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ҳам Ибн Синога қўйилган (2000) ҳайкал бор. Афшонада Ибн Сино музейи очилди. Ўзбекистон ва Тожикистондаги тиббий олий ва ўрта билим юртларига, нашриётга, санаторий, шифохона, кутубхона, мактаб, кўча, жамоа хужаликлари, турар жой мавзеларига Ибн Сино номи берилди. Тожикистонда фан соҳасида катта ютуқларни тақдирлаш учун Ибн Сино номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган. Ўзбекистонда Ибн Сино халқаро жамғармаси тузилди (1999 йил), «Ибн Сино» ва «Сино» номли халқаро журналлар нашр қилинади.

Мақола муаллифи: Сурайё Каримова

тарих фанлари доктори, профессор

Мақолалар:

Абу Али ибн Сино. Ахлоқ, таълим-тарбия ҳақида
Абу Али ибн Сино ҳикматлари
Абу Али ибн Сино. Саломон ва Ибсол (қисса)
Абу Али ибн Сино. Қуш ҳикояти (фалсафий қисса)
Абу Али ибн Сино. Ҳайй ибн Яқзон (фалсафий қисса)
Абу Али ибн Сино рубоийларидан
Азизахон Зайнитдинова. Ибн Сино фалсафаси

Абу Али ибн Сино асарлари:

Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 1-жилд. Тошкент, 1993.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 2-жилд. Тошкент, 1992.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 3-жилд. Тошкент, 1993.
Абу Али ибн Сино. Тиббий ўгитлар. Тошкент, 1991.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари, 1—5 китоблар [2-нашри|, Т., 1979—1983.
Абу Али ибн Сино. Саломон ва Ибсол, Т., 1980.
Абу Али ибн Сино. Тиббий рисолалар, Т., 1987.
Абу Али ибн Сино. Уржуза ёки 1326 байт тиббий ўгит, Т., 1999.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 1. Ташкент, 1981.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 2. Ташкент, 1982.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 3. Том 1. Ташкент, 1979.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 3. Том 2. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 4. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 5. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Избранные философские произведения: Жизнеописание. Книга знания. Указания и наставления. Книга о душе. Москва, 1980.
Абу Али ибн Сина. Трактат о любви. Тблиси, 1975.
Абу Али ибн Сина. Избранное в 2-х томах. Том 1: Восточная философия (ал-Хикма ал-машрикийа). Душанбе-Ашгабат, 2003.
Абу Али ибн Сина. Избранное в 2-х томах. Том 2:  Руководство по философии (Китаб ал-хидая). Трактат об определениях (ар-Рисала фи-л-худуд). Трактат об этике (ар-Рисала фи-л-ахлак). Душанбе-Ашгабат, 2003.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки, в 10 томах. Т., 1996.
Абу Али ибн Сина. Донишнамэ, Книга знания, Душанбе, 1957.
Абу Али ибн Сина. Трактат по гигиене, Т., 1982.
Абу Али ибн Сино. Осори мунтахаб, 1—2 т., Душанбе, 1980.

Адабиётлар:

Абдусодиқ Ирисов. Абу Али ибн Сино ҳаёти ва ижодий мероси. Тошкент, 1980.
Азиз Қаюмов. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. Тошкент, 1987.
Ибн Сино портрети, Т., 1957.
Хайруллаев М., Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири, Т., 1971.
Ирисов А., Абу Али ибн Сино, Т., 1980.
Абу Али ибн Сино туғилган кунининг 1000 йиллигига, тўплам, Т., 1980.
Отабеков Ю. О., Ҳамидуллин Ш.Ҳ., Абу Али ибн Синонинг илмий асосланган ҳайкал образини яратиш, Т., 1980.
Мажидов Н. М., Ҳалимова X. М., Мажидова Ё. Н., Абу Али ибн Сино неврологияси, Т., 2002.
Кадыров А. А., Саипов У. Т., Великие ученые-медики средневековья. Ташкент, 1988.
Болтаев М. Н., Абу Али ибн Сина великий мыслитель, учёный-энциклопедист средневекового Востока. Москва, 2002.
Сагадеев А. В., Ибн Сина (Авиценна), Москва, 1980.
Смирнова-Ракитина В., Авиценна. Жизнь замечательных людей. Москва, 1958.
Джумаев В. К., Хирургия Абу Али ибн Сины и её исторические истоки, Т., 1965.
Терновский В. Н., Ибн Сина (Авиценна), М., 1969.
Завадовский Ю. Н., Абу Али ибн Сина, Душанбе, 1980.
Нуралиев Ю., Медицина эпохи Авиценны, Душанбе, 1981.
Абу Али ибн Сина и естественные науки. Материалы юбилейной научной сессии, посвяшенной 1000-летию со дня рождения Абу Али ибн Сины, Т., 1981.

Бадиий асарлар:

Миркарим Осим. Ибн Сино қиссаси (қисса)
Мақсуд Қориев. Ибн Сино (роман)
Оқилжон Ҳусан. Ибн Сино висоли (қисса)
Уйгун. Абу Али ибн Сина (пьеса)