Али Шомил Ҳусайн ўғли. Қатағон қурбони

Ўтган асрнинг 30-йилларида юзага келган қатағон тўлқини халқимизнинг не-не асл фарзандларидан жудо қилмади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Усмон Носир… Санайверса, адоғи кўринмайди. Истиқлол туфайли миллий қадриятларимиз, қатағон йилларида шаҳид кетган юртдошларимизнинг қутлуғ номлари қайта тикланди. Ёш авлод улар яратиб қолдирган асарлардан баҳраманд бўлди.

Аммо ҳали яна қанчадан-қанча маърифатпарвар зиёлиларимизнинг номлари, бебаҳо асарлари, ҳаёт йўли ва ижоди биз учун қоронғи бўлиб келаётир. Асли тошкентлик бўлган маърифатпарвар зиёли, истеъдодли олим ва таржимон, чин миллат фидойиси Холид Саид Хўжаевнинг ҳам номи узоқ йиллар тилга олинмай келди. Холид Саид нафақат ўзбек, озар, балки бутун туркий халқларнинг тарихи, адабиётини пухта ўрганган етук аллома эди. Ушбу мақолада шу ҳақда сўз юритилади.

Мақола муаллифи Али Шомил Ҳусайн ўғли Озарбайжондаги таниқли ижодкорлардан бири. У озар-ўзбек адабий алоқалари борасида ҳам кенг қамровли изланишлар олиб борган. Маърифатпарвар юртдошимиз Холид Саидга бағишлаб ёзган ушбу мақоласида унинг ўзбек халқи ва зиёлиларига бўлган эҳтироми сезилиб туради.

* * *

Менинг талабалик йилларим (1968-1973 йиллар) Шўролар иттифоқининг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатидаги туб бурилишлар даврига тўғри келади.

Ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталарида жамиятдаги барча камчилик ва нуқсонларни бир шахс — Сталиннинг номи билан боғлаш одат тусини олган эди. 1929-1953 йилларда дунёқараши, илмий ва сиёсий маслаги боис қамалган, сургун этилган, отилган юз минглаб одамлар оқлана бошлаганди. Бироқ… оз сонли тадқиқотчиларгина ёпиқ архивларда ишлашга ижозат оларди. Архивлардаги ҳужжатларнинг юзага чиқиши, махфий маълумотларнинг матбуотда чоп этилиши натижасида фақат Сталин эмас, бутун бошли совет ҳукуматининг кирдикорлари очилиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам 60-йилларда архивлар ва матбуот устидаги назорат янада кучайтирилган. 20-50-йиллар ҳақидаги ҳаққоний фактларга таянган китоб ва мақолаларнинг нашр этилиши қийинлашган эди.

Лекин вақт ўз оқимида давом этарди. Етишиб келаётган авлод ўтмишга имкон қадар теран ва холис кўз билан боқишга уринарди. Уларнинг дунёқараши шаклланишига ҳибсдан озод этилганларнинг аччиқ хотиралари ҳам кучли таъсир кўрсатарди. Шундай хотираларни тинглашга, 20-30-йиллар ҳодисаларини ўрганишга ўч ёшлардан бири мен эдим.

Миллий уйғониш даврида жуда кўп маърифатпарвар зиёлиларнинг камолотида 25 йил давомида орада танаффуслар билан Тифлис, Табриз ва Бокуда нашр этилган «Мулла Насриддин» журналининг хизмати катта бўлган. Таҳсил асносида мен ҳам «Мулла Насриддин» журнали ҳақида янада кенгроқ маълумот йиғарканман, асли ўзбек миллатига мансуб бўлган Холид Саид Хўжаевнинг 1929 йилда Бокуда нашр этилган «Янги алифбо йўлларида эски туйғуларим» китоби қўлимга тушиб қолди. Муаллиф менга янги бир дунёни очди. Бу асар руҳимга алланечук қадрдон ҳисларни уйғотгандек бўлдики, кутубхонада ягона нусха ҳисобланган бу асарни қайта-қайта ўқидим. Дўстларимга ўқишни маслаҳат бердим.

Бу китоб бир зиёлининг Қрим, Татаристон ва Туркистон бўйлаб саёҳатномаси эди. Китоб орқали илк марта бутун борлиғини Озарбайжонга бахшида этган Холид Саид Хўжаевнинг ўзбеклардан эканини англадим. 148 саҳифали бу китобга Боку университети Шарқ факультети профессори, Қозон татарларидан бўлган Азиз Убайдуллин ихчам ва ўта қизиқарли сўзбоши ёзган.

Аслида бу китоб Озарбайжон зиёлиларининг кўп йиллик курашлари мавзусига бағишланган, десак хато бўлмас. Оврўпонинг тезкор ривожи шарқликларни ҳам ҳаракатга келтирмай қўймасди. Шарқ халқлари тараққиётини кимдир давлат қурилишида, кимдир иқтисодий муносабатларда, кимдир эса, диний маърифатда кўрарди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Мирзо Фатҳали Охунд (1812-1878) араб алифбосини ислоҳ қилиш мақсадида лойиҳалар тайёрлади. Орзусини амалга ошириш учун Эрон ва Туркияга борди. Бироқ бирор натижага эришолмади. Муҳаммад оға Шоҳтахтли ва бошқалар ҳам Охунд бошлаган ишни давом эттирдилар. Ҳатто Озарбайжон Халқ Жумҳуриятининг парламенти ҳам алифбони ислоҳ қилиш — араб алифбосини лотинчага ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Большевиклар бу ишга монелик қилса-да, жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши натижасида бу ғоя ўтган асрнинг 20-йилларида амалга ошди. 1922 йилда Бокуда туркий халқлар зиёлилари конференцияси ўтказилди. Унда янги алифбо қўмитаси ташкил этилди. Унинг мақсади собиқ иттифоқ ҳудудидаги туркий халқларнинг ягона лотин алифбосига ўтишини таъминлашдан иборат эди. Ана шу мақсад билан қўмита аъзолари поездда йўлга чиқишди. Улар орасида Холид Саид ҳам бор эди.

Холид Саид ўз саёҳатномасида йўлда кўрган-кечирганларини шундай баён қилади: «Столнинг бош тарафида С.Ағамали ўғли, ўнг томонда «Мулла Насриддин» журналининг 25 йиллик мудири Мирза Жалил ўтирарди.

Суҳбат пайти ҳамма савол берар, янги алифбонинг қаерда қабул қилиниши билан қизиқарди. С. Ағамали ўғли «қайси республикада ақлли одам кўп бўлса, ўша ерда қабул қилинади», деди.

Савол: Қайси республикада ақлли одам кўп экан?

С.Ағамали ўғли: Буни янги алифбо борасида чиқарилажак қарор кўрсатади. Кейин мендан «сен ўзбекларинг ҳақида қандай фикрдасан?» деб сўрашди. Мен «бизнинг ўзбеклар янги алифбони шубҳасиз қабул қилишади» дедим. Ҳамроҳларим кулишди: — Демак, сизларда ақлли одам кўп экан!

Мен буни некбинлик учун айтаётганим йўқ. Шу ўринда 1921 йилдаги бир воқеани тилга олишни лозим топдим. Тошкентда Олий дорилфунун (Олий педогогика институти бўлса керак — тарж.) мудири эдим. Ўша пайтларда ҳам имло масаласи ўртага чиққан эди. Маориф комиссарлиги конференция чақирди. Уч хил фикр ўртага ташланди: 1. Алифбони асл ҳолича қолдириш. 2. Ислоҳ қилиш. 3. Янги алифбо яратиш».

Ислоҳотчилар озгина тафовут билан ғолиб чиқишди. Уч йил ўтса-да, бу бирор фойда бергани йўқ. Холид Саид Боғчасаройда профессор Бакир Чўпонзода, Маориф комиссарлигининг ижтимоий тарбия мудири Одабаши, Маориф комиссари Ҳасан Сабрий, Усмон ва бошқаларнинг суҳбатларини, шунингдек, йўл-йўлакай Татаристон, Оренбург ва бошқа шаҳарларда олиб борилган ишларни кенг тасвирлаган.

Қўмита аъзолари Тошкентга етиб келишади. Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ўша пайтда зарур ишлар билан Москвага кетишгани учун учраша олишмайди. Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Дастурхончи мадрасасига боришади. Шаҳарда илк усули жадид мактабини очган Мунавварқори (Абдурашидхонов — тарж.) билан танишадилар. Оқшом Мунавварқори уларнинг вагонига келади. Суҳбатлашадилар. Зиёлилар ва муаллифлар билан учрашишга келишиб оладилар. Кейин Шаҳобиддин афандининг уйида меҳмон бўлишади.

Хуллас, бу китоб Холид Саид шахсияти ва ижодига қизиқишимни орттирди. Лекин қўшимча маълумот ололмадим. Холид Саид ҳақида деярли бирор маълумот топишнинг имкони бўлмади. Эски газета ва журналларни, 20-30-йилларда чоп этилган китобларни варақлай бошладим. Ниҳоят, Холид Саиднинг икки китобини — «Усмонли, ўзбек, қозоқ лаҳжаларининг қиёсий грамматикаси» (Боку — 1926) ва 1933 йилда А.Тағизода билан бирга ёзилган «Мухтасар услубият» асарларини топиб ўқидим. Яна бирор жўяли маълумот топиш умидида Холид Саиднинг оила аъзоларини қидиришга киришдим, аммо тополмадим. Озарбайжоннинг адреслар бюросида Хўжаев фамилияли одамлар жуда оз эди. Уларнинг орасидан ҳам мен қидирган одамлар топилмади.

Университетни битирганимдан кейин мени Нахичевондаги «Шарг гаписи» газетасига ишга юборишди. Марказдан узоққа кетганим боис, бой китоб фондига эга кутубхоналарда ишлаш имкони йўқ эди. Ўшанда ҳам имкон топдим дегунча Бокуга қайтиб, Амин Обид (озар маърифатпарвар зиёлиларидан бири— тарж.) ҳаёти ва ижодига бағишланган диссертациямни тугатишга ошиқардим.

Бу орада ҳам бир қанча қийинчиликларга дуч келдим. Яхши одамлар кўмагида Озарбайжон Фанлар Академиясида ишлаган кўпгина ходимларнинг шахсий «Дело»лари сақланадиган архивни қидириб топдим. Керакли «Иш»ни қўлга киритганимдан кейин, ўзимни кўпдан бери қизиқтириб келаётган масалага ўтдим. Архивчи Холид Саиднинг «Иш»ини бераётиб менга айтдики, «бу ерда чорак асрдан бери ишлаётган бўлсам, шу вақт мобайнида Холид Саид билан қизиққан иккинчи одам сиз бўлдингиз».

Ҳар қалай «биринчи одам» тилшуносларимиздан ёки озар-ўзбек адабий алоқаларини ўрганаётган олимлардан бири бўлганини тушундим. Яқин орада мақоласини ўқиб қолсам, ўша одамнинг кимлигини биламан, деб қўйдим. Асосий эътиборни Холид Саиднинг шахсий ишига қадалган ҳужжатларга қаратдим. Бу ерда Холид Саиднинг ҳаёт йўлини ўрганишга етарли материал бор эди. Лекин бу маълумотларни қалб оғриғисиз ўқишнинг имкони йўқ эди. Шахсий ишнинг биринчи саҳифаси Холид Саиднинг Қабарда-Болқор вилояти қўмитаси — Кумиковга 1937 йил 1 июлда ёзилган мактуб билан бошланади.

«Сизнинг 4.III.37. санада ёзган мактубингизни олдим. Катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Саволларингизга кечроқ жавоб қайтараётганим учун узр. 1.Маҳмуд Кошғарий асарининг ягона нусхаси Истанбулдадир ва ўша ерда кўпайтирилган. 2. Мен бу асарнинг таржимасини 1935 йил 1 сентябрдан бошлаб, шу йилнинг апрел ойида тугалладим. Асарни нашрга тайёрлаяпман. Яқин орада таҳрир қилиш учун И.Крачковский ва С.Маловнинг ёнига Ленинградга олиб бораман».

Мактуб тепасига кичкина бир қайд-гриф битилган эди: «Хўжаев ҳибсга олингани учун мактуб юборилмасин ва шахсий ишга илова қилинсин». Гриф 1937 йилнинг 9 июнида қўйилган. Демак, Х.Саиднинг ана шу икки сана оралиғида ҳибсга олинганини тахмин қилиш мумкин эди. Кейинчалик, ДҲК (КГБ) архивларида тадқиқотчиларга ишлаш учун ижозат берилгач, Зиё Бунёдов унинг иши билан танишиб чиқди ва Холид Саиднинг 3 июнда ҳибсга олинганини аниқлади.

«Дело»нинг 2-7-саҳифалари меҳнат дафтарчаси нусхаси, доимий ишга ўтиш ҳақида 1934 йилнинг 26 апрелида ёзилган аризани ва анкета сўровномаларини ўз ичига олади. 10-15-бетларда эса Холид Саид ёзган, чоп этилган ва этилмаган асарлар рўйхати ва уларнинг умумий мазмуни ҳақидаги қисқача маълумотлар. Бундан Холид Саид асарларининг умумий ҳажми 125 босма тобоқ бўлгани, унинг таржимасида нашрга тайёрланган Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асари 70-80 босма тобоққа тенг бўлганини англаш мумкин.

Шахсий ишнинг 16-саҳифасида профессор Чўпонзоданинг билдиргиси ҳам киритилган. Унда айтилишича, Х.Саиднинг 12 та илмий асари бўлган. Улар орасидан туркий тилларининг синтаксисига доир охирги асари алоҳида қимматга сазовор. Унда муаллиф шарқ ва рус тилшунослигининг синтаксис назарияси соҳасидаги барча фикрлардан фойдаланиб, туркий тилларининг синтактик қурилиши ҳақида қимматли маълумотлар тўплаган. Шу боис, профессор Чўпонзода илмий ишни ҳимоя қилмасдан туриб, унга фан номзоди унвони беришни таклиф қилган.Ана шу йилларда Х.Саиднинг «Янги алфавит яратиш бўйича хотиралар», «Қисқача стилистика», «Туркий мактаблар учун рус тили», «Қиёсий грамматика» каби асарлари ҳам босилиб чиқади. Олим таниқли туркшунос сифатида кенг эътироф этилади.

Холид Саид нафақат илмий изланишлар, балки таржимонлик билан ҳам шуғулланган. У рус тилидан ташқари, эски туркий тилдан, ҳозирги замон ўзбек тилидан кўпгина асарларни озар тилига таржима қилган. Ўзбекнинг буюк адиби Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини аслиятдан ўгириб, 1928-1929 йилларда Бокуда чоп эттирган. «Гянчлик» нашриёти бу асарни 1979 йилда Исо Иброҳимовнинг русчадан таржимаси асосида нашр қилди. Холид Саид таржимаси эса, афсуски, тамомила унутилди.

Туркшуносликнинг бугунги нуқтаи назаридан қараганда, Холид Саиднинг хизматлари унчалик, кўзга кўринмаслиги мумкин. Аммо 20-йиллар шароитида унинг ишлари қанчалик салмоқли ва улкан бўлганини тан олиш лозим. Ўлка ҳукуматининг асосий мафкураси пролетаризм ва байналмилалчилик бўлган ва туркчилик билан машғул бўлганларга пантуркист тамғаси босилиб, таъқиб остига олинган бир пайтда Холид Саид «Турк тиллари тарихий грамматикаси», «Туркистон тарихининг қисқача ижмоли», «Турк адабиёти назарияси», «Чиғатой адабиётидан мулоҳазалар», «Қиёсий грамматика» ва бошқа асарларни яратди. Ўрхун-Энасой битикларини тилимизга ўгириб, унга шарҳлар битди.

Холид Саиднинг шахсий ишида, 9-10-саҳифаларда унинг рус тилидаги таржимаи ҳоли ўрин олган. Қуйида айнан ўша таржимаи ҳолдан иқтибос келтирамиз.

«Мен 1888 йилда Тошкент шаҳридан 25 км. узоқликдаги Кашкурчай (аслида Қўшқўрғон бўлиши керак, муаллиф негадир бу топонимни шу тарзда келтирган — тарж.) қишлоғида туғилганман. Қишлоқ мактабини битирганимдан кейин мени Тошкентдаги мадрасага юборишди. Чунки у пайтлар рус мактабини «кофирнинг мактаби» деб ҳисоблашарди. Мадрасада беш-олти йил ўқидим. 1905 йилда инқилоб юз берди. Шу инқилобдан кейин туғилган ва бутун Шарқни қамраб олган ҳаракат менга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ҳаётимни янгитдан қуришга бел боғладим. Аммо ҳали консерватив муҳит ҳукмронлиги боис, рус ўқув муассасаларида ўқишни давом эттиришнинг имкони йўқ эди. Мен бошқа бир чорасини қидирардим. Ён-веримдаги мулла ва ҳожилардан Истанбул ҳақида шундайин ширин ва афсонавий суҳбатларни кўп эшитганим боис, шу шаҳарни кўриш иштиёқига тушдим. Лекин орзуимга етиш учун моддий имкониятим етарли эмасди. Отам менга жуда кам ёрдамлашар, менга нисбатан бироз зиқнароқ эди.

Нажот йўли кутилмаганда топилди. Яқин орадаги қишлоқларнинг бирида белгиланган солиқларнинг умумий ҳисобига уйғун равишда бўлиниши лозим бўлган ерларни ўлчаш керак эди. Мадрасада ўқиб юрганимда арабча китоблардан ер ўлчаш техникасини етарлича ўрганган эдим. Шу тариқа ўз хизматим эвазига беш-олти ойга етарли пул ишлаб олдим.

Пул топганимдан кейин яна бир тўсиққа дуч келдим. У пайтлар Генерал-губернатор томонидан туркистонликларга хорижий паспорт бериш тақиқланган эди. Шунда бир танишимнинг маслаҳати билан уч-тўрт сўм эвазига янги, на Хитой паспортини сотиб олдим. Ҳар қалай, шу паспорт билан мен Истанбулга келдим. Бу ердан кейин Миср ва Сурияга ҳам саёҳат қилиш ниятим бор эди. Лекин тасодифан газетадан Истанбул университети қошида икки йиллик тайёрлов курслари очилгани ҳақида эълон ўқидим. Шунда қарорим ўзгариб, шу курсда таҳсил олиш фикрига тушдим.

Имтиҳонга киритилган 1750 нафар кишининг ичида мен ҳам бор эдим. Шу тариқа олти-етти йил Истанбулда қолиб, таҳсилни тугатдим.

1918 йилда Туркистонга қайтиш ниятида Озарбайжонга келдим. Аммо алоқа йўллари ёпилгани боис, шу ерда қолишга мажбур бўлдим ва Ганжа гимназиясида муаллимлик қила бошладим. 1922 йилда Туркистонга қайтишга муваффақ бўлдим, аммо номутаносиб иқлим шароити мени 1922 йилда яна Озарбайжонга қайтишга мажбур қилди. Ўшандан бери ўрта ва олий мактабларда муаллимлик қилиб келяпман.

Боку, 1934 йил, 26 апрель».

Муаллифнинг 1918 йилдан кейинги таржимаи ҳоли биз учун шубҳали туюлди. Чунки хотираларда 1918-1920 йилларда юзлаб кишилар Озарбайжондан Ўзбекистонга, у ердан эса, бу ёққа қайтишганини билардик. Унда нега Холид Саид Тошкентга кетолмади экан?

Қўлимизда ҳужжатлар бўлмаса-да, ўша даврнинг тарихий ҳодисалари бизни бошқача фикрлашга мажбур этади. Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлган Россия ўз мустамлакаларини осонликча қўлдан чиқаришни истамасди. У ўзини ўнглаб олгунча, истило остидаги юртларнинг бир-бири билан урушиб туришини истарди.

Шу ниятда XIX асрда Туркиядан ва Эрондан келтирилиб, Қорабоғ ва Эриван хонлиги ҳудудида жойлаштирилган арманларни қуроллантириб урушга жалб этганди. Фронтдан қайтган рус қўшинлари билан бирлашган бу жангарилар. Кавказда мусулмонларни оммавий қатлиом қилишга киришиб кетган эди.

Янги ташкил этилган Озарбайжон Халқ Республикасининг мунтазам армияси ва полиция тузилмалари бўлмагани учун тинч аҳолини ҳимоялай олмасди. Таҳликага тушиб қолган халқ ягона умид билан Усмонли давлатига мурожаат қилди. Усмонийлар ҳукумати Иккинчи жаҳон урушида катта талафотлар кўрган эса-да, қисқа муддатда Нури Пошо раҳбарлиги остида Кавказ ислом армиясини тузди ва Озарбайжонга юборди. Усмонли аскар ва зобитлар ҳамда кўнгиллилардан иборат Кавказ ислом армияси Ганжада жойлаштирилди. Армия фақат ҳарбийлардангина иборат эмасди. Унинг раҳбарлари орасида Аҳмад Бей Оғаўғли сингари маърифатпарварлар ҳам бор эди. Кавказ ислом армияси ўз олдидаги вазифаларни катта шараф билан адо этди. Кучли бир ҳамла билан босқинчиларни тор-мор келтириб, 1918 йилнинг 15 октябрида Бокуни жангарилардан озод этди. Озарбайжон ҳукумати Ганжадан Бокуга кўчди.

Лекин Мудрос сулҳи Олмониянинг иттифоқчиси бўлган Туркияни Кавказдан узоқлаштириш талаби билан Усмонли давлатини қийин вазиятга солиб қўйди. Кавказ ислом армияси ортга қайтишга мажбур бўлди.

КГБ архивида 1937 йилларда ҳибсга олинганлар ва отилганларнинг тергов материаллари билан танишиш асносида Холид Саиднинг қуйидаги иқрорини ўқиш мумкин: «1918 йилда мен Истанбул университетининг бир гуруҳ талабалари билан бирга Нури Пошонинг Турк армиясида (Кавказ ислом армияси демоқчи — А.Ш.) Озарбайжонга юборилдим. Биз армиянинг махсус бўлимига олинган эдик».

Холид Саид 1918-1920 йилларда Ганжадаги муаллимлар семинариясида ва ўғил болалар гимназиясида дарс берганини ёзади. Қўлимизда материаллар бўлмагани учун қатъий бир фикр айтмасак-да, Холид Саид каби миллатсевар бир кишининг икки йил фақат муаллимлик билан кифояланиши ишонарли эмасдир. Унинг Ганжадан Тошкентга қайтиши Озарбайжоннинг ишғол этилишидан кейинроқ Ганжада юз берган қўзғолон (28 май) билан бир вақтга тўғри келади.

Ганжа қўзғолони туфайли ҳибсга олинганларнинг тўлиқ рўйхати қўлимизда йўқ. Бу исёнга алоқаси бўлмаган таниқли олим ва педагог Фирудин бей Кўчарлини шафқатсизларча отиб ташлаган болшевиклар у билан яқин таниш бўлган ва миллатпарварлиги билан танилган Холид Саидни омон қўйишармиди? 1937 йилдаги тергов пайтида КГБ терговчисининг «Озарбайжондан, Турк армияси чиқариб юборилгач, сизнинг турк разведкаси билан боғланиб турганингиз ҳақида бизда етарлича маълумотлар бор дегани фикримизни яна бир карра исботлайди. Таниқли олимга «турк жосуси» ёрлиғини ёпиштириш учун хавфсизлик хизмати ходимлари катта хизмат қилгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Бу ҳозирча тўла тадқиқ этилмаган мавзу бўлиб қолаётир. 1920 йилнинг сентябридан Тошкентдаги Олий педагогика мактабида муаллим, кейин мудир бўлиб ишлаган Холид Саид 1922 йилнинг октябрида Бокунинг Балахани туман бўлимида ишчи факультетига ишга киради. Холид Саид ҳужжатларда Бокуга қайтишининг сабабини «Тошкент ҳавосининг ёқмагани»да деб кўрсатади. Биз Холид Саиднинг совет идораларига ёзган ҳужжатлари билан танишмиз. Унинг айнан шундай ёзганини ҳам тушуниш мумкин.

Аммо ҳушёр тадқиқотчилар Тошкентдан Бокуга қайтиши сабабларини пухта ўрганишлари зарур. Фақат шуни тахмин этишимиз мумкинки, Холид Саид таъқибдан қутулиш учун ёхуд янги бир туркиёт марказини шакллантириш учун Бокуга қайтган бўлса керак. Холид Саиднинг Бокудан чекка ва тоғли Гусар туманида ташкил қилинган педагогик курсда ишлашга кетиши ва мусовотчиларнинг оммавий қамоққа олиниши бир вақтга тўғри келади. 1924 йилда Холид Саид Бокуга қайтади. Унга Самарқанддан келиб таҳсил олаётган талабаларга раҳбарлик қилиш топширилади. Бироқ, кўп ўтмай, талабалар орасида аксилинқилобий ва миллатчилик ғояларини тарғиб қилгани учун ишдан четлатилади.

Бу тазйиқ ва таъқибларга қарамасдан, Холид Саид Ўзбекистон ССР Маориф министрлигининг Озарбайжонда ўқиётган талабалар бўйича вакили бўлган пайтлари ҳам, Озарбайжон Олий педагогика институтида, Тупроқшунослик техникумида, Озарбайжон Давлат университетида, Гидромелиорация техникумида ишлаган пайтларида ҳам талабаларнинг миллий онгини шакллантиришга жиддий эътибор қаратган.

Озарбайжон Давлат Сиёсий идораси (КГБ нинг илгариги номи) раиси Наврўз Ризаевнинг Озарбайжон Компартияси Марказий Комитетига 1929 йил 15 майда ёзган махфий мактубида мактабларни миллатчи муаллимлардан тозалаш учун комиссия тузишни ва комиссияга яширин равишда уларнинг ҳам ходимларини киритишни тавсия этади. Мактубда ёзилишича, асосан турк адабиёти, жўғрофия, ижтимоий фанлар муаллимларига қарши йўналтирилган бу тозалаш амалиёти оммавий норозилик келтириб чиқармаслиги учун турли вақтларда, бошқа-бошқа мактабларда олиб борилиши лозим эди. Холид Саид ҳам бу амалиётдан ташқарида қолиши мумкин эмасди. Унинг тез-тез иш жойини алмаштирилишида КГБнинг қўли борлиги тайин эди. Илмий-педагогик фаолиятдан ташқари ижтимоий ишларда ҳам фаол иштирок этган Холид Саид 1926 йилда Бокуда ўтказилган Биринчи Туркология қурултойига махсус таклиф қилинган. У қурултойнинг кун тартибидаги масалалар музокарасига қатнашган, қурултойнинг юксак савияда ўтиши учун қўлидан келган меҳнатини аямаган. Албатта, унинг иши совет махсус хизматларининг эътиборидан четда қолмаган. 1937 йилда қамоққа олинган пайтида терговчи ва унинг орасидаги суҳбат ҳужжатларда қуйидагича қайд этилган:

«Терговчи: — Аксилинқилобий пантуркист ташкилотга қачон аъзо бўлгансиз?

Жавоб: — 1925 йилда машҳур пантуркист А.С.Губайдуллин Бокуга келганидан кейин.

Терговчи: — Пантуркистик ташкилотида сизнинг амалий аксилинқилобий фаолиятингиз нимадан иборат эди?

Жавоб: — Мен талаба ёшлар орасида пантуркист тарғибот олиб боришим, Совет Иттифоқига қарши пантуркист кадрлар тайёрлашим керак эди».

… Холид Саиднинг шахсий «дело»си билан танишарканман, архив ходимининг «25 йиллик фаолиятим давомида Холид Саид билан қизиққан иккинчи одам сиз бўлдингиз» деган гаплари хаёлимни тез-тез бўлиб турарди. Диққат билан матбуот саҳифаларини кузатиб бордим. Холид Саид ҳақидаги бирор-бир мақолага кўзим тушмади. Ўзимча ўйлардим: «Холид Саиднинг ҳаёти ва ижоди билан таниш одамнинг жим туриши мумкин эмас. Унда мендан аввалроқ бу ҳужжатлар билан танишиб чиққан одам ким экан?» Кейинги гал ишлаш учун архивга келганимда ўша одамнинг кимлиги билан астойдил қизиқдим. Архив ходими иши тугаганидан кейин саволимга жавоб беришини айтди ва ваъдасига амал қилди. У менга берган кичкина варақчада шу битикни ўқидим: «Мамедова Байжа Холид Саидовна, чет тиллар кафедраси ўқитувчиси, адреси: Боку, Хусрав Рузбеҳ кўчаси, 44-46, блок 2, 31-хонадон».

Ўқишим билан ўша одамнинг тадқиқотчи эмас, Холиднинг қизи бўлганини англадим. Ё раб, ахир мен бу аёлни қачондан бери қидираман! Холид Саиднинг шахсий «дело»сида кўрсатилган Қосим Исмоилов кўчаси 12-уйга неча марталаб бордим. У ердан жиддий ҳужжат тополмаслигимни яхши билардим. Қатағон қурбонларининг кўпгина оила аъзолари каби улар ҳам мени кўз ёш ва ғам-андуҳ билан қарши олишларини билардим. Холид Саиднинг оила аъзоларидан ёки таниш-билишларидан бирини топишни қанчалик орзу қилгандим. Афсуски, қўшнилар ҳам ўзгариб кетган, бир хабар бергувчи йўқ эди. Ва ниҳоят унинг қизи яшайдиган манзилни топдим!

Бир даста гул олишни, уст-бошимни эпақа келтиришни ҳам унутиб таксига ўтирдим. Ўн дақиқадан кейин кўрсатилган уй эшигининг қўнғироғини босиб турардим. Ҳаммаси ўйлаганимдек бўлиб чиқди. Кўз ёшлари Байжа хонимни гапиргани қўймасди. Отаси қамалганидан бери орадан қирқ йил ўтган бўлса-да, ҳодисани худди кечагина юз бергандек, аниқлик ва ишонч билан гапириб йиғларди. Орадаги танаффуслардан фойдаланиб, суҳбатни ўзим истаган тарафга буриш, ҳужжатларда дуч келганим — фактларни аниқлаштириш учун саволлар бера бошладим. У эса, менинг саволларимга бирданига жавоб бермас, эслаб-эслаб гапирарди:

Кичкина эмасдим, йўқ-йўқ. 12 ёшли қизча эдим. У даҳшатли кечани унутиб бўлармиди? Ҳозир ҳам тушимга кирса, сапчиб уйғонаман. 1937 йилнинг 3 июнида олиб кетишди. Ўзи билан бирга уч чамадон қўлёзмаларини йиғдилар. Фақат отам уларнинг кўзини шамғалат қилиб биттасини онамга бериб: «Буни асраб қўйсангиз, қора кунингизга ярайди, сизларни боқади» деди.

– У қайси асар эди, Кошғарийнинг «Девони» эмасмиди?

– Йўқ, йўқ, «Девон»ни яхши эслайман. Китобга ўхшамасди у. Қалин папкаларга солинган эди. Отам берган қўлёзма эса, китобга ўхшатиб жилдланган эди.

– Балки «Турк тилларининг тарихий грамматикаси»дир?

– Йўқ.

– «Услубият назарияси» бўлиши мумкинми?

– Йўқ.

Шу тариқа менга маълум бўлган барча асарларни номма-ном санаб чиқсам-да, «йўқ» жавобини олдим.

Онамга берган китобни эндигина ёзиб битирган эди. Онам қамоққа олиниши билан уни ҳам йўқотиб қўйдик. Отамнинг ишхонасидаги асарларнинг тақдиридан ҳам бехабар қолдик. Онамни ҳибсга олиш учун келишганда, қулоғимга пичирлади: «Қоч холангникига!» Ўша йиллари ота-онаси қамалганларни зўрлаб интернатга олиб кетишарди. Болаларни совет ватанпарварлиги руҳида тарбиялашни исташарди. Қариндошларининг ҳимоясида қолган болалар антисовет руҳи билан улғайишидан қўрқишарди.

— Бейжа хоним, онангизни нимага қамадилар?

— Онам Озарбайжондаги машҳур заргарлар авлодидан эди. 1924 йилда отам билан турмуш қурган. Отам билан шунчаки салом-алик қилиб юрганларни қамаганларидан кейин, у билан бир том остида яшаган жуфти ҳалолининг қамалишига ажабланмаса ҳам бўлади. У пайтларда «Мени нимага ушлаб кетяпсиз?», «Фалончининг гуноҳи нима?» деб сўраб бўлармиди? Онам Сора Ризо қизи саводсиз бўлса-да, закий аёл эди. Қамоқда Сталинга ёзган шикоят мактубидан кейин 1941 йилда уни озод қилишди. Қайтганидан кейин кўп яшамади. Маънавий жиҳатдан толиқиб бўлганди.

— Бейжахоним, отангиз университетни кеч тугатган экан.

— Ҳа, буни биламан. Отамнинг тиббиётдан ҳам хабари бор эди. Оиламизнинг табиби эди у. Аввал Истанбул университетининг тиббиёт факультетига кирган, кейин фикрини ўзартириб, тарих-филология факультетига ўтган экан.

— Тошкентга бориб, отангиз туғилиб ўсган жойларни, аммангиз, амакингиз, қариндош-уруғларингизни кўрганмисиз?

— Йўқ, бормаганман. Аммо яқинларимиз ҳақидаги айрим гаплар ёдимда қолган. Бобомлар Тошкентдаги машҳур хўжалар авлодидан экан. Фамилиямиз ҳам шундан олинган. Отамлар беш ака-ука бўлишган. Каттасининг оти эсимда қолмаган. Иккинчисининг исми Солихўжа, учинчиси Холхўжа, тўртинчиси Аҳмадхўжа, бешинчиси Султонхўжа бўлган. Холхўжа отамнинг исми эди. Кейинчалик Холидга айланиб кетган. Бобомларнинг қишлоғи Қўшқўрғон Чирчиқ дарёсининг бўйида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган. Менинг отим ҳужжатларда Байжа (шоир ва таржимон Усмон Қўчқорнинг айтишича, аёлнинг исми Баҳижа бўлган — тарж.). Отам ва уйдагилар Бейжа деб чақиришарди.

Байжа хоним афсус билан давом этади:

— Узоқ йиллар Академияда аспирантларга чет тилидан дарс бердим. Турмуш ўртоғим ҳам олим. Боку Олий партия мактабида дарс беради. Аммо ҳали-ҳануз отам ҳибсга олинганидан кейин бошига не кунлар тушганини билмаймиз. Оғиздан-оғизга ўтиб юрган гап-сўзларга қараганда, 1937 йилниг 12 октябрида отиб ташланган экан. Қанчалик тўғрилигини билмайман. СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъатиниг 1957 йил 16 майдаги Қарори билан отам оқланди. Бу қандай оқлов бўлди? Отам қамалганидан кейин орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтса-да, мен уйимиздан олиб кетилган қўлёзмаларидан, китобларидан хабар тополмасам. Бу қандай оқлов бўлдики, отамнинг номини абадийлаштириш ҳақида гап ҳам бўлмаса.

Бейжа хоним гапираркан, хаёлимдан «туғма хотира» деган ибора ўтади. Холасининг қарамоғида яшаган, ота юртидан минглаб километр узоқларда туғилиб ўсган аёл ўз Ватанидан кечагина айрилган одамдек гапиради.

Шогирдлари, ҳамкасблари, танишлари ва қариндош-уруғлари ҳам Холид Саидни ана шундай хотирлаб, қаламга олсалар эди, қандай соз бўларди. Холид Саиднинг ўзи оқланса-да, у илгари сурган ғоялар, миллий мустақиллик мафкураси ҳали оқланмагани боис, унинг асарлари тўпланиб, на Озарбайжонда, на Ўзбекистонда чоп этилган эди. Мамлакатларимиз мустақилликка эришганидан бери ўн беш йилдан зиёд вақт ўтди. Аммо ҳали-ҳануз истиқлол учун жонини фидо қилган буюк миллат фарзандининг ҳаёти ва ижоди муносиб қадр топганича йўқ.

Бейжа хоним билан учрашганимиздан сўнг орадан икки йил ўтгач, 1988 йилда Озарбайжонда митинг тўлқинлари бошланиб кетди. КГБ архивларидаги баъзи ҳужжатлар билан танишиш имкони юзага келди. Оғизма-оғиз юрган хабарлар тўғри чиқди. Холид Саид Хўжаев 1937 йилнинг 12 октябрида Бокуда отиб ташланган экан…

Архив қопқаларининг очилиши билан тадқиқотчилар ҳам бир қанча ойдинлик киритдилар. Филология фанлари номзоди Асқар Қулиевнинг ёзишича, «Синтаксис» ва «Услубият», «Услубият назарияси»дан ташқари ҳам Холид Саиднинг чоп этилмаган илмий асарлари кўп экан. Унинг «Турк тилларининг тарихий грамматикаси» номли ўн икки босма табоқ ҳажмидаги асари бўлган. Бу тадқиқот М.Кошғарийнинг «Девони луғотит турк» асари асосида умумтурк грамматикасига бағишланган бўлиб, СССР ФАнинг Озарбайжон филиалининг махсус топшириғи билан ёзилган. Аммо бу қимматли асар ҳам йўқолиб кетган.

А.Қулиев М.Кошғарийнинг «Девон»и ҳақидаги фикрларини қуйидагича умумлаштиради: «Баъзи маълумотларга кўра, «Девон»нинг тўлиқ таржимаси (!) 1939 йилда ниҳоясига етказилган ва шу йили С.Малов ва А.Кононов тарафидан таҳрир қилинган, нашрга берилган… Лекин 60-йилларда таржимани мукаммаллаштириш ишлари (…) олиб борилган (…)».

Ўша пайтларда ҳам бу таржима ҳар замонда нуфузли «комиссия»лар томонидан текширилиб, «мукаммаллаштириш» асносида таржимонлар рўйхатига кўплаб фамилиялар қўшиб борилган… Хайриятки, Холид Саиднинг исми ҳам сақланиб қолган. А.Қулиевнинг Холид Саидга бағишланган «Икки халқ фарзанди» мақоласи Усмон Қўчқор томонидан ўзбекчага ўгирилиб, «Гулистон» журналида чоп этилган.

Холид Саид ва унинг маслакдошлари орзуси кеч бўлса-да, амалга ошди. Аслида тарих олдида ғояларнинг ҳақиқатга айланиши учун 50-100 йил нима деган гап?

Озарбайжончадан Рустам Жабборов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон