Александр Печёнкин. Миср: санъат ва маданият

ЖАСАДНИ МЎМИЁЛАШ

Эрамизгача тахминан 3400 йилдан бошлаб мўмиёлашнинг юксак санъати ёрдамида марҳумнинг жасадини нариги дунё сафарига ва уни абадий сақлаб қўйишга тайёрлаганлар. 70 кун жасадлар содага тўйинтирилган эритмада сақланган, кейин бальзамлаш давом этган ва жуда кўплаб технологик босқичларни ўз ичига олган. Аввало бальзамчилар жасадни ёрганлар ва ириш жараёнини секинлаштириш учун ундан ичак-чавоқларни олиб ташлашган. Мияни илмоқлар билан бурун орқали чиқариб олишган. Тозаланган ва яхшилаб ўралган ичак-чавоқлар кейинчалик сақлаш учун мўмиё каби ўша даҳманинг ўзида тўртта идишга солиб қўйилган. Баданда фақат юрак қолган. Ўралгандан кейин мўмиёга сода кукуни сепиб чиқилган. Арзон усулда бадан ичкарисига ичаклар орқали ўткир эритма юборилган, кейин эса ириган ичак-чавоқлар чайқаб чиқариб ташланган. Сода билан ишлов бериш баданни бадбуруш қилиб юборган, юзлар осилиб қолган, мушаклар ғойиб бўлган. Баданга унинг дастлабки ҳолатини қайтариш санъати узлуксиз ривожланиб борган. Озғин тўқималарни ўз ҳолига қайтариш учун қиринди ва ёғ аралашмасидан фойдаланганлар, унинг шишидан тери неча минг йиллар ўтиши билан чатнай бошлаган. Ниҳоят хушбўй тутатқилар билан дудланган баданни мой ва мум шимдирилган бўз латта билан ўраб чиққанлар. Мўмиёларнинг тимқора тусда бўлиши шундан. Ўрам қатларига марҳумни ҳимоя қилиш учун туморлар қўйганлар. Туморларда қуйидагига ўхшаш афсунгарлик сўзлари ёзилган бўлади: “Ажал фиръавн ҳаловатини бузган одамни қаноти билан маҳв этсин”. Шу тариқа фиръавнларнинг мўмиёлари неча минг йиллардан бери сақланиб келаяпти. Бироқ даҳма ўғрилари, шунингдек, айрим қадимшунослар уларга зарар етказдилар.

 

ҚАДИМГИ МИСРДА ЖАСАДНИ МЎМИЁЛАШ

Қадимги Мисрда марҳумлар жасадини мўмиёлаш ҳунари кенг тарқалган эди. Узоқ вақтгача юқори даражада мўмиёлашнинг айрим жараёнларини аниқ тиклашнинг иложи бўлмай келди. Мўмиёлашнинг ХХ аср биринчи ўттиз йили охирларида ўтказилган чуқур тадқиқот асосида шу нарса аниқланган эдики, жасад аввало Мисрда учрайдиган қуруқ табиий сода – “натрон” ёки “нитрон”га бир неча ҳафта кўмиб қўйилган (бундай содалар табиий содали кўлларнинг қуриб қолишидан юзага келарди). Бунда жазирама офтоб шароитида жасад деярли бутунлай қақраган. Сўнгра (ёки олдин) жасаддан ичак-чавоқлар ва мия чиқариб ташланган, (гоҳо) бош мия косаси мум билан тўлдирилган, қорин бўшлиғига эса хушбўй ўсимликларнинг шохлари тиқилган. Айрим ҳолларда ичак-чавоқлар олиб ташланмаган. Шундан кейин жасадни докага ўхшаган мато билан ўраганлар, унинг узунлиги гоҳо юз метрдан ошган, хушбўй тутатқилар ишлатилган. Марҳумнинг юзи қўрғошин, пиролюзит, мис кукуни, рангли гил ва эҳтимолки, айрим ўсимлик бўёқлари билан пардозланган. Қадимда олтингугурт сурмаси бу мақсадларда қўлланилмаган. Шоҳ мўмиёлари юзига тилла япроқдан ниқоб қоплаганлар. Ниҳоят жасад тобутга жойлаштирилган. Жасадларни бальзамлаштириш санъати Қадимги салтанатдаёқ юзага келган эди.

Африкадаги энг йирик Қоҳира шаҳри турли даврлардаги бир неча шаҳарни ўз домига тортган, булар — қадимги Гелиополис ва Миср Бобили, ўрта аср Фостатидир. Бу йирик шаҳар “минг минора шаҳри”, “Шарқ дарвозаси” деган номлар билан шуҳрат қозонган. У эндиликда буюк Ғазо эҳромларига жуда яқин келиб қолган. Унда миср тамаддунининг барча олти минг йиллик ютуқлари мужассам. Қоҳиранинг ўзи ва Александриядан кейин аҳолисининг сони бўйича учинчи ўринда турадиган Ғазо шаҳри (960 минг нафар) Қоҳирага қўшилиб кетган. Машҳур эҳромлар ва Катта Сфинкс айнан шу шаҳарда жойлашган. Катта Сфинкс қиёфасида фиръавнларнинг қудрати ва ҳокимияти, беқарор ва муваққат нарсаларга бемуросалиги, абадият ғояси мужассам.

Нил қоқ иккига бўлиб оқадиган ва қум билан қуршалган Қоҳира Мисрнинг ҳам эски, ҳам янги тарихидир. Қоҳира — бу баланд уйлар ва виллалар, миноралар ва қўнғироқхоналар, хурмолар ва неон чироқлари, сершовқин бозорлар ва сайёҳларбоп совғаларга лиммо-лим дўкончалардир. Ҳаёт булоқдай жўшиб-қайнаб турадиган улкан шаҳар бир вақтнинг ўзида улуғвор Нилнинг тинчоқар суви каби шошмай оқиб боради. Шаҳарнинг бепоён манзараси жаҳондаги энг кўҳна, фотиҳлар босқинини асрлар давомида бартараф этиб келган Салоҳиддин қалъаси деворларидан бошланади. Бу ерда кўз ўнгингизда Муҳаммад Али ҳамда Султон Қалаун масжидларининг жимжимадор миноралари намоён бўлади.

Миср музейида сизни дунёдаги энг бой сулола даври миср санъатининг коллекцияси кутиб олади. Юздан ортиқ зал ва айвонларда 150 мингга яқин экспозиция қўйилган. Барча тўпламни томоша қилиб чиқиш учун бир неча кун ва ҳатто ҳафта керак бўлади. Шу боис фақат энг муҳимларигагина эътибор қиламиз. Кираверишда Аменхотеп III ва унинг хотини Тияни тасвирловчи улкан ҳайкалларни кўрасиз. Анъанага қарши ўлароқ, аёлнинг гавдаси фиръавннинг гавдаси билан баравар қилиб ишланган. Музейнинг биринчи қаватида амарн даври асарлари қўйилган. Уларгача ва улардан кейин Мисрда нимаики яратилган бўлса, ҳаммасига қараганда булар анча воқеликка яқин қилиб ишланган. Энг аввало бу фиръавн Тутанхамон даҳмасининг иккинчи қавати тўридаги қисмга қўйилган осори атиқалардир. Даҳма 1922 йилда Луксор шаҳридан унча узоқ бўлмаган Шоҳлар Водийсида топилган. Топилдиқ ХХ асрнинг қадимшунослик шов-шуви бўлди, чунки Тутанхамон даҳмаси талон-тарож этилмаган, ўзининг дастлабки кўринишида топилган шоҳ даҳмалари ичида яккаю ягонасидир. Ундаги қимматбаҳо нарсалар шу қадар кўп эдики, уларни тавсифлаб, Миср музейига элтиш учун роса беш йил кетди. Даҳма хазинаси намойиш қилинган залларга тўрт зарҳал ёғоч сандиқ ўрнатилган. Қачонлардир уларда Тутанхамоннинг ҳозир ҳам Шоҳлар водийсида турган тош тобути сақланган.

Музейда учта тобут қўйилган, улардан бирининг оғирлиги 110 килограмм бўлиб, соф олтиндан қуйилган. Ёш Тутанхамоннинг олтин ниқоби эндиликда бутун дунёга машҳур. У 18 ёшида вафот этган бу ёш фиръавннинг чеҳрасини ишончли тарзда қайта гавдалантиради. Яна бир бебаҳо буюм – Тутанхамоннинг қимматбаҳо жавоҳирот билан безатилган олтин тахти. Дасталари илон шаклида ишланган, ўриндиқнинг ҳар икки биқинида арслон бошлари ўрнатилган. Тахт суянчиғида ўзининг севимли хотини билан фиръавннинг ўзи тасвирланган.

Яқинда шоҳона мўмиёлар зали қайта очилган эди. Мўмиёлар ётган пештахталарда Шоҳлар водийси даҳмаларидай иқлим муҳити яратилган. Бу ерда Рамсес II, Тутмос II ва Сети I лар билан биргаликда 11 фиръавннинг мўмиёси қўйилган.

Папирус ва заргарлик фабрикаларига, шунингдек, анвойи ҳидлар уфуриб турган Пардозлик музейига қилган сафарингиз асло ёдингиздан чиқмайди. Сиз Нилдан Қалъагача улкан акведукни, Байт-ас-Сеннар минорасини ва энг қадимий араб университети Ал-Азхар биносини кўрасиз. Албатта, Хон ал-Халилий ҳунармандлар бозорига ташриф буюрмай қолмайсиз, у Яқин Шарқдаги энг катта бозор бўлиб, ХIV асрдан буён ҳеч ҳам ўзгармаган. У ерда шарқона манзаралар, ҳайратомуз ғала-ғовурлар ва рангорангликни кўриб, ҳайратдан оғзингиз очилиб қолади.

Қоҳирада Шарқнинг оламга машҳур барча буюмларини сотиб олишингиз мумкин: зирвалар, пардоз-андоз буюмлари, олтин, кумуш, гилам, мис ва бронза буюмлари, кўн, шиша, сопол ва ҳоказо буюмлар тўлиб-тошиб ётибди. Газмоллар, айниқса, машҳур миср пахтасидан тўқилган газламалар Вакаат ал-Балах сингари энг катта кўча бозорларида, мусиқа асбоблари Муҳаммад Али кўча бозорида қўл-қўлга тегмай сотилади. Гарчи сизга туянинг зарурати бўлмаса-да, туя бозорига қилган сафарингизни дўстларингизга узоқ вақт сўзлаб берасиз.

Шаҳар шовқини жонингизга теккандан кейин машҳур эҳромлар кўриниб турадиган “Мена хаус” меҳмонхонасининг гольф-клубида ҳордиқ чиқаришингиз мумкин. Ёки Хазира клубида от пойгасини томоша қилишингиз, ҳайвонот боғи ёки ботаника боғига тушишингиз мумкин. Табиат манзарасидан баҳра олай десангиз, фелюгеда Нил оқими бўйлаб сузишингиз ёки Ғазо эҳромидан Саккара эҳромигача отда сайр қилишингиз мумкин. Агар ташвишларни бутунлай унутай десангиз, 187 метрлик Қоҳира минорасидаги айланувчи ресторанга боришингиз, у ердан бутун шаҳарни кафтдагидек томоша қилишингиз мумкин.

Қоронғи тушиши билан катта шаҳар бундан-да гавжум бўлиб кетади. Бу дўконларни томоша қилиш ёки шарқ таомлари билан танишиш учун энг яхши вақтдир. Йўл ёқасидаги қаҳвахоналарда ҳам, “сузувчи” ресторанда ҳам кечлик таомни тановул этиб олишингиз мумкин. Меҳмонхоналарда кечқурунлари, одатдагидек, маҳаллий раққос ва раққосалар рақс тушадилар ва мижозлар кўнглини баравар овлайдилар. Опера театри мажмуи ичида бир қанча тасвирий санъат хоналари, замонавий санъат музейи, ресторанлар ва концерт заллари бор. Ойдиндаги арабча мусиқа, ҳеч шубҳасиз, узоқ вақтгача хотирангизда қолади. Ўз-ўзидан маълумки, энг завқли кечки тадбир – эҳромлар тагидаги рангоранг нурли мусиқалар томошасини унутмасангиз бўлгани – у ерда якшанба кунлари томошалар рус тилида олиб борилади.

ХЕОПСНИНГ СИРЛИ АҲДИ

Қадимги замоннинг энг улуғвор ва сирли иншоотлари миср эҳромлари ҳисобланади. Неча минг йиллар келиб кетса ҳамки улар ўз сирларини ҳамон очмай келмоқдалар. Қадимда бўлгани каби ҳозирда ҳам эҳромлар томоша қилган одамнинг ақлини ҳайратдан лол қилиб қўяди.

Қоҳира марказидан атиги 12 км нарида Ғазодаги машҳур эҳромлар пурвиқор бир хомушлик ила савлат тўкиб туришибди. Уларни шаҳар чеккасидан айланиб ўтганда ҳам кўриш мумкин. Бироқ Мисрга келган ҳар бир одам абадиятни қўли билан ушлаб кўрмоқ учун уларга яқин бормай қўймайди.

Мактабдалик чоғимизданоқ машҳур миср эҳромлари фиръавнларнинг қабрлари эканлигини, уларни эгалари тириклигида бунёд этишганини, жисмларини талончилардан ва жонларини ўлимдан сақлаб қолиш учун қурганликларини биламиз.

Фиръавнлар, агар тана бутун ва безарар сақлангудек бўлса, абадий яшаб қолишларига ишонганлар. Нариги дунёда ҳам шоҳона умргузаронлик қилишлари учун даҳмаларнинг ичи турли буюмлар ва тилла тақинчоқлар билан тўлдирилган. Дарсликларда ана шундай дейилади. Аммо аслида шундаймикан?

Жаҳонга эҳромлар ҳақида ҳикоя қилган биринчи одам “тарихлар отаси” Геродот эди. У Мисрда эҳромларнинг тахминий қурилишидан 2 000 йил кейин, милоддан аввалги V асрда бўлган эди. Унга замонавий гидлардан кўп фарқ қилмайдиган гид ҳамроҳлик қилади ва шунинг учун “кўзи билан кўрган одамдек алдаган”. Ўз гидининг сўзларидан Геродот барча олдин ўтган золимларни ортда қолдиришга жазм қилган фиръавн Хеопс тарихини жаҳонга ҳикоя қилиб беради.

Геродот тарихчи олим бўлгани боисидан, ўз ҳикоясига қуйидаги ажойиб тафсилотни киритади. Шахсий мақбара қурилиши халқни хонавайрон қилиб, хазинани қуритади. Пул тамом бўлса-да, мақбарани қуриб тугаллаш фикридан қайтишмайди. Шунда ота фиръавн қизларини фоҳишахонага топширади-да, бир галги ишрат учун эҳромга битта тош бўлаги тайёрлаб келишни баҳо қилиб қўяди. Эҳромдаги тош бўлаклари миқдорини (26 млн. дона) ва эҳромнинг ота Хеопс ўлимигача қуриб битказилишини ҳисобга олиб, қиз шўрликлар кечаю кундуз эркакларга танларини сотишга мажбур бўлганлар. Бироқ бу ерда гап сал бошқачароқ кўринади. Биринчидан, Ғазодаги уч эҳромдан биронтасида ҳам дафн маросими ўтказилганидан бирон-бир нишона ҳам йўқ, на бир мўмиёланган жасад топилган, на хазина. Иккинчидан, эҳромларда Юқори ва Қуйи Миср буюк шоҳларининг сўнгги маскани учун қизиқ бўлиб туюладиган на бир ёзув топилган. Учинчидан, кўзга кўринган мисршунослар милодгача учинчи минг йилликда мисрликлар бундай миқёсдаги ва юксак аниқликдаги иншоот барпо этиш учун билим ва воситаларга эга эмас эдилар. Умуман, бизгача етиб келган биронта миср папируси, Ғазодаги уч эҳром – Хеопс, Хефрен ва Микеринни ким қургани ва нималардан фойдалангани ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмайди.

90-йилларнинг бошида белгиялик Қадимги Миср сирлари ишқибози Роберт Бковел ғалати кашфиётлар қилди. Бир куни Орион буржини кузатиб ўтираркан, у бирдан Орион минтақасидаги уч юлдуз ҳамда Ғазодаги уч эҳромнинг жойлашувидаги ғаройиб ўхшашликни пайқаб қолди. Бироқ яхшилаб текшириб кўрса, бу ўхшашлик унчалик тўғри эмас экан. Бювел тахминича, бу ўхшашлик эҳромлар қурилишининг тахминий даврига, яъни милоддан илгариги 2600-2500 йилларга тўғри келар экан.

Замонавий компьютер дастурлари шарофати билан юлдузларнинг ўша даврдаги ҳолатини қайта тиклашга муваффақ бўлинди. Юлдузлар Ғазодаги уч эҳром ҳолатига деярли аппа-аниқ тушди-қўйди. Шундай бўлса-да, эҳромлар ва Орион юлдузлари ҳолатининг мутлақ аниқ ўхшашлиги милодгача 10500 йилга тўғри келди. Дарвоқе, Сомон йўлининг ўша қадимги осмондаги йўли Нил дарёсининг ўзини шаклида бўлган экан.

Қадимги мисрликлар бу вақтни ўз мамлакатларининг одамлар устидан маъбудлар ҳукмронлик қилган Олтин аср –“Дастлабки замон”га мансуб деганлар. Кейинроқ тиришқоқ тадқиқотчилар тахмин қилишларича, милодгача 10500 йилда Ғазодаги эҳромлар қурилиши энди-энди бошланган бўлиб, айни IV сулола фиръавнлари ҳукмронлиги вақтида, мактабда ўқитилганидек, милодгача тахминан 2500 йилда қуриб битказилган. 8000 йил ичида нималар бўлган? Қурилишнинг бундай чўзилиб кетиши сабаби нимада? Вақтнинг бундай тубсиз чоҳидан билимни ким олиб ўтиши мумкин бўлган? Бундай оғир вазифани уддалайман деган мардлар бўлган эмас. Миср йилномачиларининг ҳикоя қилишларича, бизга маълум бўлган фиръавнларгача анча узоқ йиллар Горнинг издошлари, Мулавван, Мутабдил каби турли номлар остида машҳур донишмандлар ҳукмронлик қилганлар. Йилномаларда айтилишича, бу ҳукмдорлар илоҳий билимга эга бўлганлар ва ўзлари ҳам илоҳларга ўхшаб кетганлар. “Афсунгарлик илму амаллари” ёрдамида улар мангуликка эришганлар ва самога парвоз қилиб, юлдузларга айланганлар.

Шундай фаразия мавжудки, бир-бирининг ўрнига келган авлодлар минг йиллар давомида ўзларигагина тегишли бўлган бир аломатга умид боғлаб, осмонга тикилганлар. Аломат нозил бўлгач, мисрликлар 8000 йил муқаддамги режани рўёбга чиқариш учун енг шимариб ишга киришиб кетганлар. Миср тамаддуни атиги бир неча ўн йиллик муддатда шу тариқа бунёдга келган. У йўқ жойдан гўё лоп этиб пайдо бўлса-да, аломатларининг барчаси юксак маданий намуналар ҳисобланади.

Қадимги мисрликлар динининг негизи астрономия ва астрология (фалакиёт ва илми нужум) бўлган: юлдузлар ва уларнинг ҳаракатига сиғинганлар. Шу нарса исбот этилганки, Мисрда кўп минг йиллар давомида юлдузларни кузатиб келишган ва таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, мисрликлар суперастрологлар бўлишган. Улар ердаги оламни самовий оламнинг сояси, самога ўхшашлик қанча кўп бўлса, Ердаги ҳаёт шунча яхши бўлади, деб билганлар.

Эҳромлардаги сўнгги тадқиқотларга кўра, улар инициация ўтказганлар, яъни сирли олам ишқибозларини диққат билан умумлаштириб чиққанлар. Уларга шундай бир сир ўргатилганки, бунинг ёрдамида одам миср маъбудларига ўхшаб қолган. Катта эҳром худди шундай маъбуд ясайдиган жой бўлган. Айрим назарияларга кўра, Мексикадаги Теотиуканда ҳам худди шундай иш билан шуғулланишган. Эҳромлар сири ўрта аср тадқиқотчиларига ҳам тинчлик бермаган.

820 йилда Бағдод халифаси Ал-Маъмун қўшини Мисрни босиб олгач, эҳром сирлари қаърига кириб бориш учун биринчи марта муваффақиятли уриниш қилди. Ал-Маъмун олим бўлиб, қадимги китоблардан билар эдики, Хеопс эҳроми – бу қайсидир қудратли ва қадимий тамаддун хазинаси. Китоблар, хариталар ва юлдуз ҳақидаги китоблар билан бир қаторда у ерда яна “эгиладиган, аммо синмайдиган шиша” ва “зангламайдиган ва ўтмасланмайдиган сирли қурол” сақланиши айтилган. Одамларини узоқ муддатли оғир ишларга руҳлантириш учун у қадимги шоҳ томонидан эҳром ичига яшириб қўйилган битмас-туганмас бойликлар ҳақидаги миш-мишларни тарқатган.

Жойини танлаб, араблар эҳромнинг шимолий биқинини кавлашга тушганлар. Ўша вақтларда унинг сирти қуёш нурида турли хилда товланувчи ўта қаттиқ тош тахталар билан қоплаб чиқилган бўлган. Тош тахталар қаттиқлиги шунчаликки, девортешар асбоблар ва пўлат ускуналар зарбасига бемалол дош берган. Шунда араблар тошни қиздириш ва уларга сирка ва сув сепиб кўчириш учун улкан гулханлар ёқишган. Ғайриинсоний уринишлар натижасида Ал-Маъмун жангчилари тошда 30 метрли лаҳм кавлашган ва ниҳоят Шоҳ ва Малика лаҳадига етиб борганлар. Бироқ Малика лаҳади бўм-бўш бўлган, шоҳ лаҳадида эса бор-йўғи қопқоқсиз тўртбурчак гранит сандиқ турган. Хоналарни синчиклаб бирин-кетин ўрганиб чиқиш ҳам ҳеч нарса бермаган. Шунда айёр Абдулла қўзғолондан қўрқиб, эҳром йўлларидан бирининг ичига Бағдоддан яширинча келтирилган олтинни ташлаб қўйган. Алданган лаҳмчилар топган ёмби шу бўлган.

Мисрга Наполеон қўшини билан қарийб 1000 йил кейин келган олимлар тобе мамлакат ва унинг тарихини хатга тушираётиб, эҳромларга ҳам қизиқиб қолганлар. Улар ҳаддан ташқари аниқ ўлчовлар ўтказиб ва ҳайратомуз ишлар қилишган. Эҳром ва унинг ички хоналари ўлчамларига Ер ва Коинотнинг вақт, масофа, вазн ва ҳажмга тааллуқли деярли барча жаҳоний константа (ўзгармас сон)ларни қўйиб чиққанлар. Катта эҳром дунёни яралиши ҳақидаги маълумотнома экан. Бўлажак шаҳаншоҳ Наполеоннинг ўзи эҳром юрагида бир тунни ўтказиш нияти борлигини билдиради – Шоҳ хонасида ёлғиз ўзи бўлишни истаган (миш-мишларга қараганда бир вақтлар Александр Македонский ҳам шундай қилган экан). Унинг адъютантининг ҳикоя қилишича, эрталаб Наполеон эҳром ичидан ранги буздай оқариб, бироз ҳаяжонланган ҳолда чиқиб келган. Тунни қандай ўтказдингиз, деган саволга Бонапарт айтганим билан ишонмайсизлар ва тушунмайсизлар ҳам, деб жавоб берган. Авлиё Елена оролида тутқун бўлиб турганида, “ўшанда эҳром ичида нима бўлган эди ўзи?” деб сўрашганида, “Энди фойдаси йўқ, бўлар иш бўлди,” — деб жавоб берган.

Бугунги кунда Катта эҳром “ечинтирилган” ва боз устига ўз чўққисидан ҳам маҳрум бўлган. Кошинлар Қоҳира масжидлари безагига ишлатилиб келган ва уни қайтадан кошинлашни ҳеч ким ўйлаётгани ҳам йўқ. Янги олтин чўққини эса учинчи минг йилликда кўриш насиб этса керак.

 

“НИЛ МУҲАББАТГА ТЎЛИБ-ТОШАДИ…”

Фиръавн ва коҳинларни мана шундай катта қурилишларга илҳомлантирган одам алоҳида нуфуз ва заковатга эга бўлиши ва унинг эҳромлар яратиш ғояси фиръавнларнинг ҳам манфаатларига мос келган бўлиши керак. Ана шундай шахслардан бири меъмор Имхотеп эди. Ривоятларда айтилишича, Қадимги салтанат замонларида (милодгача 2800-2600йиллар)Жосер ҳукмронлиги даврида Мисрда етти йиллик қурғоқчилик ҳукм суради. Фиръавн ёрдам сўраб коҳинларга мурожаат қилади, улар эса ўз навбатида Гермаполдаги Тота эҳромидаги қадимги битикларга мурожаат қиладилар, уларда шундай гаплар ёзилганди: “Нил аёлни ҳомиладор қилувчи йигитдек муҳаббатга тўлиб-тошган. У ёшармоқда, юраги жўшиб урмоқда”. Қурғоқчиликни енгиш учун Имхотеп ерни янги ҳосилга “ҳомиладор” қилдириш ниятида Нилни уйғотишга аҳд қилади. Бунинг учун баҳорги тенгкунликдан ёзнинг чилласигача коҳин ёш йигит ва қизларни Нил ўзани бўйлаб сайр қилишни ва дарё бўйларида ишқу муҳаббатга берилишларини амр этади. Шунда жўшқин муҳаббатдан жунбишга келган Нил қирғоқлардан тошиб чиқади. Шу тариқа мамлакат очлик балосидан омон қолади. Бу мўъжизадан кейин фиръавн Жосер Имхотепга ишонади-да, уни чексиз имтиёзлар билан сарафроз этади.

 

ИМХОТЕП

Йиллар давомида Имхотепни ҳунармандлар ҳомийси маъбуд Птах ва маъбуда Секхметнинг фарзанди сифатида ардоқлаб келдилар ва Птолемейлар давригача унга сиғиндилар. Илоҳийлаштирилган Имхотеп шарафига Карнак ва Саккарда эҳромлар бунёд этилди. Саккардаги эҳром Асклепейон, касалхона деб аталар эди, бу ерда Имхотеп беморларни даволарди. Айнан Имхотеп шарафига кейинчалик юнонларда табиблик маъбуди Асклепий, рим мифологиясида эса маъбуд Эскулап пайдо бўлди. Юз йилдан ортиқ умр кўриб, Имхотеп ёруғ оламни тарк этади. Унинг шогирдлари ўз устозларини тангри тириклай осмонга олиб чиқиб кетганига ишонар эдилар, зеро у мўъжизавий тарзда ғойиб бўлган ва унинг жасади қаерда эканини ҳеч ким билмас эди. Бу ривоят ҳали-ҳамон яшаб келмоқда. Мусо ўзининг “Тора” китобида руҳоний Енох ҳақида шундай дейди: “Енох Худо ҳузурига борди… Енохнинг ёши уч юз олтмиш бешда эди. Енох Худо ҳузурига борди; у ғойиб бўлди, чунки Худо уни ўзига чорлаб олди”(Борлиқ, 5, 22-24). Енох ҳаётининг бир йили миср тақвими бўйича 365 кунга тенг. Бу билан Мусо келажак авлодларга миср тақвимини Енох яратган демоқчи бўлаяпти. Енох – Имхотеп ёки Трисмегист бўлиб, башарият тарихида у Тот Гермес Трисмегист номи билан қолган.

 

ТОШ ИНЖИЛ

Эҳромлар қурилишининг бошланишини аниқлашдаги тадқиқотчилар тусмоли етти минг йилни ташкил этади. Кўплаб мутахассислар Миср тарихининг бу бошланғич санасини эрамизгача 2500 йил деб, бошқа тадқиқотчилар эса милод гача 11-12 минг йиллик деб ҳисоблайдилар (Атлантида замонлари). Эҳромларнинг юлдузли само билан ўзаро боғлиқлигига асосланиб, А.Печёнкин бу санани милод гача 2800 йил деб чегалайди. Ўзида яширинган ҳаддан ташқари кўп маълумотлар учун Ғазо эҳромларини “Тош Инжил” деб аташади. Мажмуа қурилишини ягона лойиҳа бўйича бош меъмор, коҳин, табиб Имхотепнинг ўзи олиб борган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу шахс илоҳийлаштирилиб, донолик маъбуди, фан ва иероглиф яратувчиси деб аталган. Эҳромларнинг барпо этилишига биринчи сабаб — марҳум фиръавнларнинг жонини юлдузларга, асли келган жойларига қайтариш бўлган. Афсоналарга кўра, маъбуда Исида эри маъбуд Осириснинг жаллодини топиш ва уни тирилтириш мақсадида бутун Миср бўйлаб етмиш кун қидирган экан. Шу боис ўлган фиръавннинг жасади шунча вақт дафн этилмаслиги шарт бўлган, токи у коҳинларнинг гапларини эшитиб олсин: у дунёда қилкўприкдан қандай ўтиладию жаннатга қандай тушилади – шуни билиб олиши керак бўлган. Жасад иримаслиги учун унга хушбўй ёғлар сурилган (мўмиёлаштирилган), ёғ шимдирилган жасад эса Ра қуёши меҳробида осон ва тез ёнган. Фиръавнларнинг III-IV дан тортиб ХII сулоласигача бўлган дафиналарнинг топилмагани сабаби шунда.

Асрлар ўтаверди, сирли билимлар йўқолиб кетди. Хусусан, Мисрнинг кўчманчи гиксос қабилалари томонидан босиб олинишидан кейин юз йил давомида (милодгача 1640-1550 йиллар, баъзи манбаларда милодгача ХIХ-ХVIII асарлар) бу салбий жараён кучлироқ кузатилган. Чунки истилодан кейин коҳинларнинг бир қисми Ғарбга (океан ортига) кетиб қолган, барча иншоотларнинг деворларидаги рамз – иероглифларни ўқиш кейинчалик мушкул бўлиб қолган. Шу боис сирли билимларни авлоддан-авлодга етказишда узилиш содир бўлиб, фиръавнларнинг мўмиёланган жасадларини қабрларга дафн эта бошлаганлар (Шоҳлар водийси).

Эҳромларда адо этиладиган диний расм-русум ва маросимлар қаттиқ сир тутил­ган, чунки бу илму амалларда жинсий алоқа қувватларидан ҳам фойдала­нил­ган.

Коҳин ва фиръавнлар, сўнгра коҳинларнинг ўзлари ўртасидаги низолар кучая боргандан сўнг эҳромларнинг ҳақиқий вазифаси ҳақидаги маълумотлар узил-кесил йўқотиб юборилган ва маърузалар оддий эҳромларда ўқила бошланган. Шундай қилиб, маърифий билим берадиган маскан сифатида эҳром минг йил давомида йўқлик қаърига маҳв бўлди, у ҳақдаги маълумотлар эса фақат оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда, холос.

01.01.2000.

Манба: “Вояж”.

Миср эҳромлари сири. Эҳромлар нима учун қурилган? Миср эҳромлари қурилган замонлардан буён одамлар тинмай савол берадилар: қандай мақсадда ва ким томонидан қурилган? Наҳотки фиръавнлар ва уларнинг номини абадийлаштириш учун қабрлар тиклаш зарур бўлган? Бироқ мисршуносларнинг гапига қараганда Қоҳира яқинидаги Ғазо воҳасида жойлашган энг катта эҳромлар ичида бўм-бўш тобутлар бўлган ва фиръавнларнинг мўмиёланган жасадлари учрамаган. Сўнгги вақтларда эҳромларнинг дон сақлаш, чет эл кемалари учун мўлжал олиш ва улар учун қувват ишлаб чиқариш каби вазифаларга мўлжаллаб қурилган деган турли фаразиялар изҳор этилган.

Биз миср эҳромлари тадқиқотчиси Александр Печёнкин нуқтаи назари билан танишишни тавсия этамиз. Унинг тадқиқоти тарихий, қадимшунослик ва фалакиёт борасидаги далилларга суянади, улар олимнинг мушоҳадаларини аниқ асослаш ва исбот этиш имконини беради. А.Печёнкин эҳромлар ҳақида бешта китоб ёзган. Муаллиф башарият неча минг йиллардан буён ечишга уринаётган турли сирларни очиб беради. Бу асарларда кўплаб саволларга жавоб топиш мумкин, зеро, у бу саволларга яхлит жавоб беришга, бунинг учун тамаддунимиз тўплаган билимлардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Муаллиф инсоният тўплаган катта миқдордаги тадқиқий ашёни таҳлил қилади ва қатор муҳим масалалар бўйича ўз нуқтаи назарини олға суради. Кўп миқдордаги далилий маълумотлар, шахсий тадқиқотлар ва муаллиф исботлари бир-бирига зид келмайдигина эмас, балки бир-бири билан ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдириб келади.

Шундай қилиб, муаллиф шу кунгача Ғазодаги эҳромлар ҳақида тўпланган маълумотларни умумлаштиради ва ўз тасаввурларини баён этади. У эҳромларнинг бунёд этилишини исботлар экан, уларнинг юлдузли осмон билан ўзаро боғлиқлигини айтади ва тарихий ва самовий маънодаги кашфиётлари билан таништиради. Китоб саҳифаларида муаллиф Бювел, Хенкок, Жак, Брантон сингари таниқли мисршунослар ва тадқиқотчилар билан баҳс юритади. Непомняший, Элфорд, Ситчик, Уваров, Фарлонг, Бабанин, Черняевларнинг эҳромлар ҳақидаги китобхонларимизга таниш бўлиб кетган китоблари борасидаги маълумотларни таҳлил қилади, газета ва журнал хабарларини санаб ўтади ва эҳромлар қурилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб беради.

Муаллиф фикрича, эҳромлар мажмуи Ердаги ҳаётга ижобий таъсир қилувчи самовий қувватнинг пастга инишига ёрдам берган ва Мисрнинг серҳосил ерларига саҳро қумлари бостириб келишининг олдини олган.

А.Печёнкин шундай хулосага келадики, Ғазонинг машҳур эҳромлари, Сфинкс ва улар билан бирга жойлашган эҳромлар ягона мажмуани — қурбонлиқлар шаҳарчасини ташкил этган, унда шогирдларга сабоқлар берилган.

Китобларда бу мажмуа “Тош инжил”нинг ўзи дейилган, ундан инсониятнинг бутун ҳикматини, бутун ўтмишини ва келажагини ўқиш мумкин, булар эҳромларнинг режасидаги рақам ва рамзларда чекиб қўйилган, шунингдек, Самовий Йил (26 минг йил) давомида тамаддунлар алмашиниши белгилаб қўйилган. Бу қурбонлиқлар шаҳарчаси фан маркази бўлган. Мажмуада унинг меъмори Имхотеп томонидан Оламнинг яратилиши ҳақидаги маълумот ёзилган, қуёш тизими, башарият тарихи ва пайғамбарларнинг келиши – барча маълумотлар берилган. Шундай қилиб, Мажмуада риёзиёт, фалакиёт, геодезия ва бошқа фанларни тушунтириш орқали Қадимги Мисрнинг диний тафаккури ўз инъикосини топган.

Ғазо эҳромларида марҳум фиръавнларнинг жонлари у дунёнинг чалкаш йўлларидан олиб ўтилган, жон маъбудлар оламига бориши учун шундай қилинган, шундан кейин уни яшириқча куйдиришган, буюк эҳромларда битта ҳам мўмиёланган жасад йўқлиги шундан.

А.Печёнкин Қадимги Мисрда фойдаланилган ўлчовлар — қулоч, дюйм, қарич, қадам, чақирим асосида барча нарсалар ўлчови, Макрокосмосдаги микрокосмос – одам ётиши ихтиро этилган ва исботланган. Буюк эҳромлар меъмори Имхотеп ана шундай одам бўлган. Муаллиф ҳисоб йўли билан исботлайдики, миср узунлик ўлчови узунликни, вазнни, ҳажмни, замон ва маконни ўз ичига олади.

Эҳромларнинг ҳаракатланиш усуллари ва коҳинлар эҳромлардан шамсий-қамарий тақвим сифатида фойдаланиб, қуёш ва ой тутилишларини қандай айтиб беришгани ҳақидаги фикрлар ҳам қизиқарли, албатта.

Мазкур китобларда муаллиф санаб ўтган эҳромлар, тобутлар, ички хоналар ва Сфинкснинг барча ҳақиқий ва тахминий ўлчамлари Миср ўлчов бирликларида ҳам ўзаро бир-бири билан боғлиқлиги биринчи марта кўрсатиб ўтилган ва бу барча чизмалар Ғазодаги Эҳромлар мажму қурилишининг ягона режасига киритилади. Бу эса яна бир бор шуни тасдиқлаб турибдики, муаллиф қилган кашфиётлар (тарихий, геодезик, фалакиётга оид, эзотерик, риёзиётга оид) бир бутунликка эга ва бир-бирини тўлдириб келади.

Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!