Ҳабибулла Олимжонов. Доҳийлар ва иблислар

ёки “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” компаниясини ким бошлиб, ким тугатгани, бу сўнгги қатағон миллат бошига қандай кулфатлар солгани тўғрисида эслов

… Қизил салтанат ўзининг сўнгги нафасларида ўзбек халқига қилган ҳамласи миллат бошига ўттизинчи йиллар қатағонидан кам бўлмаган жабр-ситамлар келтирди. Улуғ ёзувчимиз айтганидек, мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир: бугуннинг бахти кечанинг фожиа­лари билан таққослаганда ёрқинроқ намоён бўлади. Бор-йўғи йигирма йилнинг нарисида бўлиб ўтган бу воқеалар бугунги БАХТИЁР замонда туғилиб-ўсганлар учун эртакдек туюлса, ажабмас.

Пахта иши

… Саксонинчи йилнинг ўрталари. Халқ орасида, қаерда очиқ-ойдин, қаерда шивир-шивир “Ўзбекистонга Гдлян деганнинг бошчилигида Москвадан терговчилар келибди, пахтани қўшиб ёзишни текшираётганмиш, кўплар қамалармиш” деган миш-миш тарқалди. Тез орада, фалончи колхоз раиси қамалибди, фалончи райком секретари сўроқ бераётганмиш деган фактлар орқали миш-миш ҳақиқатга айланди. Сўнг, “лавозим” кўтарила борди: обком секретари, Марказком секретари… Тергов КПСС Марказий Комитети секретарига етиб борганида… тўхтади! Унгача эса, қанча ўзбекнинг шўри қуриди: колхознинг (жамоа хўжалигининг) оддий табелчиси ва бригадиридан тортиб то вилоят, республика раҳбарларигача бўлган минглаб инсонларнинг тақдири синди, уларнинг оила аъзолари бўлмиш ўнлаб минг ота-она, бола-чақа — фарзандларнинг ошига оғу тушди, кўз ёшлари дарё бўлди. Наинки кўз ёш, қонлар тўкилди… Нега, нега шундай бўлди, урушсиз, табиий офатларсиз, тинч-осуда замонда нега биргина миллатга бунчалик жабр-ситам етказилди? Унинг олдини олса бўлмасмиди?
Бу саволлар… жуда жўн ва айни пайтда ниҳоятда мураккаб саволлар!..
Энг қуйидан бошлайлик. 1996 йили шу мавзуда тайёрланган кўрсатувга интервю берган Янгийўл туманидаги жамоа хўжалиги пахта топширувчиси Жуманазар ака дейди:
— Припискада (пахта ҳосилини қўшиб ёзиш) қатнашгансан деб терговга чақиришди. Қатнашмаганман, приписка нималигини билмайман, бунинг учун бировдан бир сўм олмаганман, дедим. Йўқ, гапим ўтмади. Суд қилишди, 3 йилга қамашди. Келсам, уй шип-шийдам: уйланганимда келин томон олиб келган оддий шифонер-сервант билан иккита гиламни олиб кетиб, қўшиб ёзишдан етказган “зарар”ни қоплашга мусодара қилишибди. Уйда эски кигиздан бош­қа нарса қолмабди. Оқланганимдан кейин ўша уй жиҳозларини қайтариб олдим…
Шу тумандаги собиқ Калинин номли жамоа хўжалигининг раиси Роза Отабоевага микрофонни тутганча, пешонасидаги қатағон чизиқларига қараб оғир ўйга толаман. Опа эса гапиряпти:
— Терговчилар уйимдан қўлимга кишан солиб олиб кетишди. Худди мен одам ўлдирганми, давлатга қарши қўпорувчилик қилганми жиноятчидек. Шу бўйи судгача олти ой ҳибсда ётдим. Терговда айланиб келиб битта саволни такрорлайверишади: “Обкомни биринчи секретарига қанча пора бергансан?” Ҳай барака топкур, мен порани қаердан оламан, нега бераман, ахир у одамни катта мажлисларда гапирганда кўриб қолмасак, у одам билан гаплашишни ўзи бўлмайди, қабулига умуман кирмаганман, дейман. Тушунишмайди мени гапимни. Ёки тушунишни хоҳлашмайди. Суд етти йил берди, 23 ой ўтириб чиқдим…
Қўшиб ёзиш Марказдан республика учун белгиланган нореал режа — 6 миллион тонна пахта топширишдан келиб чиққан. Ўша миқдор туманларга, хўжаликларга тақсимланиб, биргина бизнинг хўжалик 36 минг тонна ҳосил топшириши керак эди. Ҳозир эса у 14 минг тонна пахта беради — реал режа шу. Оқибатда, одамлар декабрда ҳам пахтазордан чиқмай, ғўзапўчоққача пахта ўрнида топширилган…
Ўша даврда Янгийўл туманига бир неча йиллар Лола Алиқулова бошчилик қилган — туман партия комитетининг биринчи секретари бўлган. Қорачадан келган, тикқомат, юз-кўзидан ақл ва меҳр ёғилиб турадиган, техника фанлари номзоди бу аёл республикадаги таниқли қишлоқ хўжалиги раҳбарларидан бири эди. Опани интервю учун излаб топганимда, Тошкентдаги қайсидир техникавий илмий-тадқиқот институтида оддий ходим бўлиб ишлаётган эканлар. Тарихни эслаб, ярани янгилашга “мажбур” қилганим учун узр сўраб, “Пахта иши” хотираларини гапириб беришни илтимос қиламан.
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам, қатағон бўлган эди, — дея сўз бошлайди Лола Шириновна маъюс тортиб. Сўнг бирдан маҳзунлик ўрнини алам аралаш ювош важоҳат эгаллайди, овозига ҳаяжон қўшилади: — қатағондан ҳам баттар бўлган. Қаранг, бешинчи-олтинчи синф болалари тергов қилинганини қаерда эшитгансиз!
— Йўғ-е, шунчалик ҳам бўлганми?
— Худди шунақа бўлган. Кун пешинга яқинлашиб қолган эди. Котибам эллигинчи мактаб директори телефон қилаётганини айтди. Трубкани кўтардим. Раҳбар аёл йиғлаяпти: «Лола Шириновна, терговчилар болаларни битта синфга қамаб, эрталабдан бери тергов қилишяпти. Кун пешин бўлди, қорни оч болаларни битта-иккитаси ёмон бўлиб, ўзини ташаворди, келмасангиз бўлмайди!»
Титраб кетдим. Ҳамма ишни йиғиштириб, мактабга етиб бордим беш минутда. Терговчилар қирқ-елликта болани битта синфга қамаб, эшикдан чиқармай, сўроқ қилишаяпти. Олдиларида пахта теримидаги болаларга терим ҳақи берилган ведомостлар. Ҳар бир болани биттадан чақириб, “Мана бу сенинг имзоингми?” деб ведомостни кўрсатиб сўраяпти. Бола “ҳа” деса, оқ қоғозга қўл қўйдириб, сўнг “Бу сенинг имзоингга ўхшамайди-ку?” дейди. Ахир ўйланг, ўн икки-ўн уч яшар бола бугун дадасининг имзосига ўхшатиб қўл қўйса, эртага ойисининг имзосига тақлид қилади! Терговдан мақсад — гўёки болаларнинг ведомостдаги имзолари қалбаки, қалбаки ведомост тузиб қўшиб ёзилган пахтага терим ҳақи олинганини аниқлаш. Майдалик, аҳмоқлик шу даражада бўладими!
Ахир улар юрист-ку, вояга етмаган болани ота-онаси иштирокисиз сўроқ қилиб бўлмаслигини бошқалардан кўра яхшироқ билишади-ку! Мен бу гапни уларга айтсам, нима де­йишди денг: “Керак бўлса сени ҳам қамаб қўямиз, порахўрларни бошида турган сенсан!” Оёқ-қўлим титраб кетди. Бу гапингга ҳали жавоб берасанлар, сенлар учун Ўзбекистонда тўғри одам қолмабди-да, деб жаҳл билан чиқиб кетдим. Ўзимни босолмайман. Тўғри Тошкентга жўнадим. Марказкомнинг аъзоси эдимми, қийинчиликсиз кириб бордим. Биринчи секретарнинг ёрдамчисига айтдим ҳамма гапни, шунақа бедодлик қилишяпти, ёрдам бермасанглар бўлмайди, эртага бу болаларнинг ота-оналари тўпалон кўтарворса нима бўлади, дедим. Биласизми, эртасига келишди — Марказкомнинг, обкомнинг раҳбарлари. Раислар билан учраштирдим. Қирқ йил раислик қилаётган Ўсар Жўраев деган ҳурматли одам, терговчилар чойга бир нима қўшиб бериб сўроқ қилаётганини, ҳушини йўқотиб қўяётганини республика раҳбарига айтди. Бошқалар ҳам гапиришди. Раҳбар Бош прокурор Бутурлинга буни айтган экан, у ўринбосари Читаковни юборди.
Опа ҳаяжонини босган бўлиб бир зум тин олди, лекин ўпкаси тўла бошлагани сезилиб турарди, чалғитиш учунми, қизиқибми, савол бердим:
— Кейин нима бўлди, нима чора кўришди?
— Биласизми… ҳеч нима! Қайтага, кейин, “Янгийўлда шунақа герой бор экан” деб мазах қилиб, менинг устимдан жиноят иши қўзғатишди. Йўқ, охирига етказишолмади…
Опа бошидаги ўзига ярашиб турган шарфнамо шойи рўмолини тўғрилаб қўйиб, бироз тин олади, ўйга чўмгандек бўлиб, давом этади:
— Биласизми, биз тарихимизни билмаган эканмиз, комсомолмиз, коммунистмиз деб, жонимизни жабборга бериб ишлаб юраверарканмиз-у, тарихимиз билан, ота-боболаримиз кимлиги билан қизиқмаган эканмиз. Бунга вақтимиз ҳам, эҳтиёж ҳам, шароит ҳам бўлмаган. Улар бизни кучли бўлмаслигимиз, тўтиқуш бўлишимиз учун тарихимиздан узиб қўйишган экан. Буни энди-енди тушуняпман.
Йўқ, опанинг асаби шу ерга келганда чидаш бермади: овозидаги ҳаяжон ҳиқиллашга айланиб гапиришдан бир зум тўхтади, беихтиёр рўмолининг дам у, дам бу учини кўзига суртди… Менинг эса бошқа бир нарса ёдимга келди: оммавий байрамнинг стсенарийсини ёзиш учун “тепа”га чақирилган тошкентлик шоир
Д. Полунин, Ойбекнинг Москвада нишонланган юбилей кечасида иштирок этиб келган раҳбар опанинг унга айт­ган гапларини ҳайрат билан шивирлаб деган эди: она сказала, “Оказывается, Айбек великий писател!” Ҳа, бутун бошли халқнинг мафкураси тепасида турган ўзбек раҳбар Ойбекнинг улуғ ёзувчи эканлигини Москвадаги юбилейидагина англаб етганидан кейин, бошқалардан нимани кутиш мумкин эди… Ўзини танимаган халқни эса ҳар кўйга солиш жуда осон… Ҳатто бекорга ўлдириб юбориш ҳам.. Худди, Пскент раён партия комитетининг биринчи секретари Учқун Баҳодиров каби.
Ҳозирги Қуйи Чирчиқ туманида туғилиб ўсган, шу туманда колхоз раислигидан Пскент туманига биринчи раҳбар лавозимига тайинланган, ёши элликка бормаган, хипча, баланд бўй, жиддий қиёфали бу одам вилоятда, халқ орасида “тўғрилиги” билан танилган эди. Минг афсуски, у эсини таниб умр бўйи садоқат билан хизмат қилган — бор куч-ғайратини, билими ва вужудини бахшида этган коммунистик партия охир-оқибат унга хиёнат қилди: бу инсоннинг Гдлян-Иванов тергов гуруҳининг қатағон машинаси қийноғига дош беролмай, улар талаб қилган туҳмат кўргазмани ёзиб бериб, сўнг виждон азоби пўртанасида ўз жонига қасд қилишига томошабин бўлиб қараб турди. Қарабгина турмай, ана шу қатағонга бош-қош бўлди. Содиқ коммунист Учқун Яҳёевич Баҳодировнинг 1987 йил 20 октябрда КПСС Марказий Комитети Бош секретари Михаил Горбачевга, СССР Бош прокурори Рекунковга ўзининг софлигини исботлаб нажот истаб ёзган хатлари сувга тушган тошдек изсиз йўқолди. Учқун Баҳодировнинг укаси, туман электр тармоқлари идорасининг механиги Хамидулла Баҳодиров ҳикояси:
— Акам ҳар куни Тошкентга терговга бориб-келарди. КГБнинг подвалида Гдлян терговчилари сўроқ қиляпти, дерди. Эзилиб, бир ҳолатда қайтиб келарди. Ака, бу кунлар ўтиб кетади, ўзингизни қўлга олинг дердим. Ука, сен билмайсан, ёмон қийнашяпти, электр стулга ўтқизиш­япти, сен Мусахоновга (Тошкент вилоят партия комитетининг биринчи секретари) пора берганман деб ёзиб бермагунингча қутулмайсан, де­йишяпти. Мен бу ишни қилмаган бўлсам, қандай туҳмат қиламан!? Хотиним оғир касал, бир-икки кун рухсат беринглар, тепасида қараб турай десам, ўлса-ўлаверсин, битта ўлгани билан ўзбек хотинлари кама­йиб қолмайди, дейди…
Ҳамидулла ака билан унинг уйида, Учқун Баҳодиров яшаган уйда суҳбатлашяпмиз. Қулоғим унда-ю, кўзим билан кўримсиз ҳовлини, пахсадевор пастқам уй ва ошхоналарни кузатаман. Оддий колхозчининг уйидан хароб бўлса харобки, ортиқ эмас. Мана шу уйда яшаган одам, терговчиларнинг наздида, пахтани қўшиб ёзишдан келган юз минглаб сўм порани раислардан, пахта заводи директорларидан олган ва ўзидан юқори раҳбарларга бир қисмини бериб турган! Бу, уларнинг миясида ўрнашиб олган ва ўрнашиб қолган қатъий ишонч. Ва буни ҳақиқат ҳисоблашади, ҳақиқат деб билишади. Начора, русларда мос мақол бор: ҳар ким ўзининг бузуқлик даражасида фикрлайди. Беихтиёр савол бераман:
— Учқун ака ўша терговчиларни бирор марта мана шу уйни кўрсатишга таклиф қилмабдиларми?
— Таклиф қилганлар, сўраганман буни, келишмаган, фақат ўша подвалда сўроқ қилган.
… Ниҳоят, бир куни раён раҳбари одатдагидан-да хароб аҳволда уйга кириб келди. Улар, икки оила бир ҳовлидаги мана шу пастқам уйларда яшашарди. Бир оғиз сўз айтолмай пешвоз чиқиб мўлтираб турган Ҳамидулланинг кўзларига бир қаради-ю, ҳўнграб, ўксиб-ўксиб йиғланганча ўтирди. Ука қўрқиб кетди. “Тинчликми ака, туринг ўрнингиздан”, дея қўлтиғидан олди. Учқун Яҳёевич алам билан айтди: ука, чидаёлмадим, оғриққа чидаёлмадим, товонимга темир билан урди, айтганини ёзиб бердим. Энди нима қиламан, нима деган одам бўлдим мен?!
У икки қўли билан бошини чангаллаб, сарак-сарак қилганича тупроқли ҳовли ўртасида ўтирарди…
Шу куни кеч киргач, неча ой тўшакда ётган хотини оғирлашиб қолди.
Ҳамма унинг тепасида парвона. Аёл жон таслим қиляпти. Бирдан уввос йиғи-сиғи кўтарилди: унинг жони узилган эди. Ўғил-қизлар, опа-си­нгил, эгачилар — ким додлаб, ким алам билан додини ичига ютиб, ўксиб-ўксиб кўз ёш оқизади… Бир маҳал, йиғи тингач, Ҳамидулла қараса, акаси йўқ, кўринмайди. Қизиқ, у қачондан бери йўқ? Боя, хотини сўнгги нафасини олаётганда тепасида гўдакдай мўлтираб турганди-ку! Ўшанда бир кўргани, кейин кўринмади. Ука, хаёлига келган совуқ фикрдан бирдан бадани жунжикиб кетди-ю, ҳовлига чиқиб “ака-ака”лаб чақира бошлади. Жавоб йўқ. Овозини баландроқ кўтарди. Садо йўқ. Ҳовлиқиб уйдаги хоналарни қараб чиқди. Йўқ. Югуриб бориб ҳожатхонанинг эшигини очди. Йўқ. Қаралмаган битта оғилхона қолди. Ҳамидулла, ҳарчанд у ерга киргиси келмаса-да, кириб хаёлидаги совуқ фикрни амалда кўришдан ҳарчанд қўрқса-да, “Зора у ерда ҳам йўқ бўлса!” деган илинжда… оғилхона эшигини очди. Йўқ, илинж ўзини оқламади. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида акаси шифтдаги тўсинга боғланган йўғон арқонга осиғлиқ турарди!!! Унинг орқага силлиқ таралган қуюқ қора соч­ли, қалин қора қошли чиройли юзи билан узун гавдасини бўйнидаги сиртмоқ ажратиб турибди. Бу — туман партия комитетининг биринчи секретари, Коммунистик партиянинг оташин хизматкори, Қизил империя қатағонининг янги қурбони Учқун Яҳёевич Баҳодиров эди…
Эртасига Пскент кўчаларини лопиллатиб, Пскент халқининг қалбларини ларзага солиб, иккита тобут баравар юзлаб елкаларда мозорга элтилди…

«Ўзбеклар иши»

… Ўз жонига қасд қилган қатағон қурбони, афсуски, ягона эмасди. Балки, бармоқ билан санарли даражада кам ҳам эмасдир. Лавозими туман раҳбарлиги даражасидан каттароқ яна бир шахс, вилоят партия комитетининг биринчи секретари ҳам ўз жонига қасд қилди. Бошқачароқ шаклда: айтишларича, у вазифасидан бўшатилиб уйда хонанишин бўлиб ўтирган кунларнинг бирида гдлянчилар дарвозага “ташриф буюришган”. Чиқса, ўшалар. “Юринг биз билан”. “Хўп, ҳозир мен кийиниб чиқай”, деган ота ва уйга кириб… қайтиб чиқмаган. Киришса, ўзини пичоқ билан чавақлаб ташлабди…
Бу, ўзига хос исён эди! Адолатсизликка, ҳақсизликка, ҳуқуқсизликка, қонунбузарликка қарши, Қизил империянинг бадбўй сиёсатига қарши исён эди! Қолаверса, ўша пайт­да республиканинг тепасида турганларнинг бедодликларга томошабингина бўлиб қолмай, Марказдан кадр сўраб қатағонга ташаббускорлик кўрсатиш, сўнг уни чапак чалиб кузатиб ўтириш кайфиятига қарши қалб ғалаёни эди!..
Шу тариқа “Пахта иши” “Ўзбеклар иши”га “етилиб” борди. Энди пахта, пахтакор буёқда қолиб, катта-кичик раҳбар лавозимдагиларга “ҳужум” бошланди. Йўқса, қаранг, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг “пахта иши”га қанақа алоқаси бўлиши мумкин? У фақат пойтахт шаҳарда жамоат тартибини сақлашга, жиноятчиликка қарши курашга жавоб берса. Ҳа, уни, генерал унвонидаги элига, юртига, Ватанига содиқ, Коммунистик партияга садоқатли коммунистни ҳам қамадилар! Эмишки, у бу лавозимга ўтириш учун Ички ишлар вазирига пора берганмиш. Шуни бўйнига олиб кўргазма ёзиб бериши керакмиш! Кичик жуссали, ҳаракатчан, мулойим чеҳрасига самимийлик ва шижоат бағишлаб турган кўзларидаги ўткир нигоҳ уни шахс сифатида гавдалантириб турадиган бу кишини мен танирдим, хизмат юзасидан бир неча бор суҳбатлашганман. Ва, ўн йиллар чамаси пойтахт шаҳар милитсиясига бошчилик қилган даври мобайнида унинг ҳақида бирорта ножўя гап эшитилмаган. Дастлаб кўрганимда, етмишинчи йилларда, полковник погонли ҳарбий кийимда эди. У киши бунга изоҳ бергандай, “ука, мен ҳам сиз билан ҳамкасбман, армияда ҳарбий мухбир бўлиб хизмат қилганман”, деган мулойим сўзлари сира ёдимдан чиқмайди. Саксонинчи йилларнинг ўртасида шу одамни ҳам қамашди. Генерал Ислом Ғаффорович Сатторовни! Асос йўқ. Йўқлиги тайин. Аввал қамаб қўйиб, кейин асос топиш лозим эди. Яъни, “Ҳа, мен фалончига пора берганман”, деб ёзиб бериши керак. Унинг қачонлардир, кимгадир пора бергани ҳақида эса на ариза бор, на “сигнал” бор, на гувоҳ бор! У “Фалончига пора берганман”, деб ёзиб берса, ўша фалончини ҳам силлиққина қамоққа олишади!
Буёғини гапириш эса… ақлга сиғмайди. Ислом Ғаффоровичнинг турмуш ўртоғи, ТошДУ ўқитувчиси, дотсент Зоя Сатторова дейди:
— Ўғлимни ҳам чақириб, қийнаб сўроқ қилишди. Аспирантурани тугатган, яқинда уйланган, ўсиб келаётган йигит. Отаси кимга пора берганини айтиши керакмиш. Агар айтмаса, турмада отаси билан ёнма-ён камерада деворни тақиллатиб гаплашармиш. Бу ҳам майли, Ислом Ғаффоровичнинг тўшакда ётган касал онасини чақириб сўроқ қилишганига нима дейсиз? Терговни тугатиб ишни Россиянинг судларига юборишди. Бу даврга келиб у икки йил ҳибсда ётган эди. Айбланувчини судгача икки йил ҳибс­да сақлаш дунё тажрибасида учрамаган қонунбузарлик, бедодликдир! Подмосковеда суд бўлди. Судда унга қўйилган ўнлаб айбларнинг ҳаммаси чок-чокидан сўкилиб кетди. Асос йўқ-да. Факт йўқ, далил йўқ. Барибир, уни оқлаб чиқаришармиди, беш йил озодликдан маҳрум этиш жазоси берилди.
У одам озодликка чиққанидан ке­йин жуда кўп журналистлар деярли ҳар куни — таҳририятлар корпусидаги ошхонага тушлик қилгани чиққанда уни кўришарди: Ислом Сатторов ҳаётининг охирги йиллари яна журналистикага содиқ қолди, “Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз” газетасида ишлади…
Улар, иблислар ўзбек табиатини яхши ўрганишган эди: фарзандига озор етказиб отасидан керакли кўргазмани олиш усулини қўллашарди. Тошкент вилоят партия комитетининг биринчи секретари, етмиш беш ёшли “соф коммунист” Мирзарахмон Мирзамахмудович Мусахоновнинг қизи, ТошДУ дотсенти, химия фанлари номзоди Сожида Мусахонованинг сўзларига қулоқ тутинг:
— Отамни, уйда, бизнинг кўзимиз олдида қўлларига кишан солиб олиб чиқиб кетишди. Етмиш ёшли чолга кишан солиш шартми денг, у барзангилар қўлидан қочиб кетармиди. Силташганда кўзойнаклари ерга тушиб кетди, ҳеч нарсани кўролмайдилар, мен кўзойнакни кўтариб ортларидан югураман… Сўнг, физика-математика фанлари доктори бўлган акамни ҳам ҳибсга олишди, ўғлингни қўшиб қамаймиз деб отамни қўрқитишди. Отамдан бир нарсани — “Марказком секретарига пора берганман”, деб ёзиб беришни талаб қилишарди…
— Олий милитсия мактабида аудиторияда лектсия ўқиб турганимда қўлимга кишан солиб олиб кетишди, — дейди кўрсатувга интервю олинган тўқсон олтинчи йилда шу Академиянинг бошлиғи бўлмиш генерал Убайдулла Тожихонов. — Ҳибсга олгач, титкиламаган жойлари қолмади. Уйимдаги паркет полларни кўчириб ҳам излашди. Билмадим, улар нима излашган. Шу кўйи, беш йилга озодликдан маҳрум этилдим, суд Россияда бўлди.
— Убайдулла ака, сиз оқ-қорани аллақачон ажратиб бўлган ҳуқуқшунос одамсиз, айтинг-чи, халқнинг бошида ўйнаган бу беҳад жабру зулмга аслида нима сабаб?
— Ўша пайтдаги республика раҳбарларининг қатъиятсизлиги, қўрқоқлиги сабаб: бири гўё Ўзбекистонда тартиб ўрнатиш учун Россиядан кадр сўради, иккинчиси баланд минбарда туриб Ўзбекистонни боқимандага чиқарди. Ўзингиз ўйланг, аждодлари дунёнинг учдан иккисини ақли-шижоати билан забт этган Амир Темур, алгебрани кашф этган Хоразмий, тиббиётга асос солган Ибн Сино, ҳадис илмининг отаси ҳисобланган Имом Ал-Бухорий бўлган ўзбек халқи йигирманчи асрга келиб мамлакатида тартиб ўрнатолмайдиган, ташқаридан кадр чақиришга мухтож миллат бўлиб қолибдими?.. Бугунги кунларнинг садағаси кетсанг, бугунги раҳбарнинг бошидан сув ўгириб ичсанг арзийди… Мен, олий маълумотли ҳуқуқшунос одам, ўзимнинг ҳақлигимни исботлаш — ўзимни оқлаш учун уч йил вақт керак бўлди. Сиз бўлса, оддий колхозчию бригадирни гапирасиз. У шўрликлар нима қилсин…
Дарҳақиқат, оғир гап. Лекин, минг афсуски, бор гап. Қизиғи, четдан сўралган ва республикага “ташриф буюрган” бир неча юзлаб кадрлар қишлоқ хўжалигига эмас, саноат ишлаб чиқаришига эмас, балки фақат ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбар лавозимларига жойлаштирилди. Тошкентда икки хонали квартирада яшаётган ўн-ўн беш жондан иборат оилалар каттароқ квартира олиш учун ўн йилдан ортиқ навбатда турган бир шароитда, уларга келган заҳоти шаҳар марказидан шинам квартиралар ажратилди. Улар эса кимлар? Ё сўққабош бир ўзи, ёки хотини ё ўйнаши билан келган. Борида битта бола бордир. Ана шуларга бир йўла уч-тўрт хонали квартиралар берилди. Ижарага эмас, вақтинча эмас, хусусий қилиб. Ва орадан беш-олти йил ўтиб, республиканинг янги Йўлбошчиси ташаббуси билан уларнинг паттаси қўлига берилгач, келган битта чемоданли “тартиб ўрнатувчилар” топган-тутганини контейнерларга жойлаб, “закуска”сига “хусусий” квартираларни пуллаб жўнадилар. Улар, ўша беш-олти йиллик катағон даврида республика раҳбариятидан тортиб Бош прокуратура, Олий суд, вилоят, шаҳар, туман раҳбарлиги ва ҳуқуқ-тартибот идораларига жойлашиб олган эдилар. Албатта, тайинли одам ўз ватанидаги иссиқ ўрнини ташлаб келмайди. Ўша даврда СССР Адлия вазирлигининг фоесида “Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашни хоҳловчилар фалон хонага кириб рўйхатга ёзилсин” деган эълон осиб қўйилгани фактининг ўзи ҳам келганлар кимлар эканидан далолат беради…
Кичкина бир мисол: Челябинскда туман поликлиникасининг бош врач ўринбосари бўлган Володя Русинов икки ярим миллион аҳолили Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бош­қармасининг бошлиғи этиб тайинланди. У Тошкент шаҳар партия комитетининг биринчи секретари Сатиннинг жияни экан. Унинг хурмача қилиқлари, ахлоқсизлиги, заводдан чиққанига бир йил бўлган “Москвич” хизмат машиналарини “ескирган” деб 500-600 сўмдан расмийлаштириб сотиб юборган жиноий ҳаракатлари ҳақида фактларга асосланиб эълон қилинган танқидий мақолага “Нега жавоб юбормаяпсизлар?” деб Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўнғироқ қилсам, вазирнинг биринчи ўринбосари “Сатин командировкада экан, келишини кутаяпмиз”, дегани сира эсимдан чиқмайди… Шунингдек, туман милитсия бошлиғи, туман прокурори ва бошқа лавозимларга тайинланганларнинг ҳам кўпи ўшанақа қочган-қувган қариндош-уруғлардан иборат эди.
Улар… бир неча ўн минг нафар инсонни — пахтакорни, раҳбарни қамоққа тиқишди, 100 мингдан ортиқ оила аъзоларини қон қақшатдилар!
Бутун бир миллатга нисбатан бу зўравонлик, хунрезлик, террор қачон, қандай бартараф этилди?
Ўша вақтда Тошкент авиатсия заводининг токари, СССР халқ депутати бўлган Владимир Одилов ҳикоя қилади:
— СССР халқ депутатлари съездида сўз олиш, сўзга чиқиш ниҳоятда мушкул масала эди. “Финт” ишлатдик: депутат Акбаров Йўлдош ака сўзга чиқиб, “Ўзбекистонда Гдлян-Иванов гуруҳи ўша ноқонуний ишларни амалга оширяпти, кўплаб одамларни асоссиз қамоққа тиқяпти, нега ҳеч ким индамайди, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Рой Медведев-ку Москвада яшайди, бехабардир, Ўзбекистонлик депутат Владимир Одилов нега жим ўтирибди, нега мамлакатнинг олий органи бўлган съездда бу ҳақда гапиришмайди?!” деганидан кейин, менга сўз берилди. Мен ҳаммасини айтдим. СССР халқ депутати, таниқли тарихчи олим Рой Медведев бошчилик қиладиган комиссия тузилди. Улар келишди Ўзбекистонга, кўзғатилган, суддан ўтган жиноят ишларини ўрганишди, Тоштурмага бориб кўришди. Ва хулоса ёзишдики, бундай шарт-шароитда айбланувчи ҳеч иккиланмай ҳатто онасига ҳам туҳмат кўргазма ёзиб бераверади. Бу хулосани СССР деган мамлакат раҳбариятига етказишди.
— Натижа нима бўлди?
— Биласизми… ҳеч нима!
… Ит қутурса эгасини қопади, де­йишади. Итваччалардан иборат тергов гуруҳига Ўзбекистонда назорат, назоратчи йўқ эди. Кўнглига келган номаъқулчиликларни қилишга яшил йўл очиқ эди. Ва улар, ҳар бир ҳибс­га олинган одамнинг уйини тинтув қилинганда олинган ҳад-ҳисобсиз тилла тақинчоқлару бошқа қимматбаҳо бойликларни ҳеч қанақа далолатномасиз шундоқ халтага солиб олиб кетаверардилар. Кейин ёзиладиган далолатномага эса олинган бойликларнинг неча фоизи ёзилади — фақат ўзларига аён. Марказда юз минглаб нусхада чоп этиладиган газеталарда эса бу гуруҳнинг поклигию командировка пулига учма-уч кун кўраётгани ҳақида кетма-кет ҳамду сано очерк­лар… Гдлян юқори минбарларда, интервюларда пахта иши бўйича давлатга етказилган зарарни қоплаш учун 70-80 миллиард сўм ундирилганини гапириб юборса, республика прокурори Бутурлин 3-4 миллиард сўм рақамни айтарди. Аслида, у бор-йўғи 40 миллион сўм экани аниқланди. Бу эса 800-1000 нафар терговчидан иборат гуруҳнинг олти йил давомидаги командировка харажатларининг ўзини ҳам қопламас эди…
Эълон қилинмаган бойликлар эса уларни қутуртиргандан қутуртираверди. Ва, иштаҳа овқат пайти очилгандек, Москвага… “етиб бордилар”: КПСС Марказий Комитетининг ўша пайтдаги важоҳатли-салмоқли секретари Лигачев Ўзбекистон раҳбаридан пора олган экан, энди уни қамашармиш, деган шов-шув тарқалди. Ана шундан кейингина Марказ сал қимирлади: шошма, бу итлар эгасига ташланяпти-ку, дегандек. Ва шундан кейингина йиллар мобайнида ўзбекнинг кўз ёшлари сиёҳ қилиб ёзилган шикоят хатлари архивдан кўтарилиб, варақлана бошлади. Лекин бу ҳам катта офатга қарши шунчаки ғимирлашдан бошқа нарса эмасди. Гдлян ва Ивановга нисбатан қўзғатилган жиноят иши орадан бир йил ўтиб силлиққина ёпилди. Чунки бу иш, қутурган ит эгасини қопмаслиги учун шунчаки эмлаш эди.
… Офат оловига сув Ўзбекистоннинг ўзида сепилди. 1989 йилнинг ёзида республика тепасига янги раҳбар келгач, у киши офатни йўқотиш ишини бўрилар тўдасини келган жойларига қайтиб кетишга рухсат беришдан бошлади. Республика қишлоқ хўжалиги ходимларининг йиғилишида у киши “По хлопковым делам был вулгарный подход”, деди ҳаммани лол қолдириб. Газеталар буни “сохта ёндашув” деб таржима қилишди. Аслида эса, бу сўзнинг луғавий маъноси кенгроқ — қўпол, зўравонларча, сурбетларча тушунчаларининг йиғиндиси маъносини беради. Кейинроқ, раҳбарнинг ташаббуси билан республика Олий суди пленумининг пахта иши бўйича қўшиб ёзишларни, нореал планни тўлдириш учун тепадан берилган буйруқни бажаришга қаратилган мажбурий ҳаракат деб малакалаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ва “пахта ишлари” бўйича қамалган бир неча ўн минглаб одамларнинг жиноят ишини қайтадан кўриб чиқиш, моддий манфаатдорлиги тасдиқланмайдиган инсонларни оқлаш, бошқаларга нисбатан “мажбурий чора” банди қўлланилиб қамоқдан озод этиш масаласи қўйилди. Бу вазифани амалга ошириш учун тузилган махсус комиссия аъзолари Олий суд биносида ишларни қайта кўриб чиқишни бошлади. Жами 40 мингта жиноят иши қайта кўриб чиқилиб, бир неча ўн минг киши қамоқдан чиқарилди, уч минг киши батамом оқланди…
Буни эшитган Марказ жазавага тушди. СССР Олий суди раиси Смолентсев Ўзбекистон Олий суди раисига дарҳол ушбу пленум қарорини бекор қилишни талаб қилиб-буюриб хат юборди. Жавоб бўлмади. Сўнг СССР Бош прокурори Трубин Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарига, ушбу пленум қарори ноқонуний — СССР қонунига зид бўлгани учун уни бекор қилишни, “пахта иши”ни қайта кўраётган комиссияни тезда тарқатиб юборишни, республика Олий суди ходимларини жазолашни талаб қилиб дағдағали хат жўнатди. Уни раҳбарга олиб киришди. У хатни жиддий қиёфада ўқиб чиқди-да, ўша заҳоти бурчагига “Архивга ташлансин!” деб ёзиб, имзо чекди…
Бу одам Ислом Каримов эди…
Ўша даврда ҳали Ўзбекистон мустақил деб эълон қилинмаган, Марказда Қизил империя ҳали қиличини яланғочлаб турган давр эди…
Бу қиличга қарши бориш учун Инсонда катта юрак, Миллатга чексиз муҳаббат, яна кўп фазилатлар бўлиши зарур эди…
Шу тариқа, ўн минглаб тақдирлар ноқонуний тиқилган қамоқдан озод қилинди, юз минглаб бола-чақа, ота-она, қариндош-уруғнинг кўзларидаги ёш артилди, қадди тикланди.
“Архивга ташлансин” деган виза билан Қизил империя биринчи бўлиб Ўзбекистонда архивга улоқтирилди. Соҳибқирон Амир Темур турк султони Боязидни тор-мор этганида Европа қандай эркин нафас олган бўлса, Қизил империянинг қулаши билан СССР деган қатағончи салтанатнинг исканжасида яшаётган республикалар халқлари ҳам шундай эркин нафас олдилар…

Ҳабибулла Олимжонов, журналист-ҳуқуқшунос
“Ҳуррият” газетасидан олинди.