Абдужаббор Яҳёев. Қўқон ўрдаси

Фарғона водийсидаги қадимий шаҳарлардан бўлган Қўқонда водийдаги бошқа шаҳарларга нисбатан меъморий ёдгорликлар кўп сақланиб қолган. Даҳмаи шоҳон, Жоме масжиди, Комолқози (Хўжа додхоҳ), Норбўтабий, Миён ҳазрат, Дастурхончи мадрасалари, Мадарихон даҳмаси, Худоёрхон саройи ва бошқа кўплаб ёдгорликлар шаҳарнинг тарихий қиёфасини белгилаб, унинг ҳуснига ҳусн бағишлаб турибди.

Кўҳна шаҳар марказидаги тепаликда ўрнашган улкан сарой, Қўқон ўрдаси XIX аср меъморчилик ёдгорликлари ичида ташқи кўриниши ва меъморий тарҳи жиҳатидан энг кўркам ва улуғворидир.

1822 йили Қўқон хони Умархон вафот этгач, унинг ўн тўрт ёшли ўғли Алихон (Маъдалихон) тахтга ўтиради. Хон ёш бўлганлиги сабабли, давлат ишлари унинг онаси-таниқли ўзбек шоираси Нодира (Моҳлар ойим) зиммасига тушади. Нодира маданият ва санъатни ривожлантиради, бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, хонақоҳ ва мақбаралар, ҳаммом ва карвонсаройлар қурилишига катта эътибор беради. Чунончи, Чалпак, Моҳларойим мадрасалари, Даҳмаи шоҳон ҳазирасини ва Мадарихон мақбарасини бунёд эттирди. Ўша икки мадраса шу кунга қадар сақланиб қолмаган. Хон аёлларининг дахмаси бўлмиш Мадарихон мақбараси ва Дахмаи шоҳон ҳазираси эса Ўрта Осиёнинг энг кўркам меъморчилик обидаларидан ҳисобланади.

Бухоро амири Насрулло 1842 йили шаҳарни забт этиб, уни талон-тарож қилди. Нодирани, ўғли Маъдалихонни қатл этди. Қурилиши тугалланмаган хон саройи ва бошқа кўплаб маҳобатли биноларни буздириб ташлади.

Сарой қурилиши Қўқоннинг охирги хони Худоёрхон томонидан 1863 йилдан босқичма-босқич бир неча йил давом этди ва у Худоёрхон саройи деган ном олди.

Сарой қурилишида Фарғона усталари билаи бирга Бухоро, Самарқанд ва Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарларнинг қурувчи-усталари фаол қатнашдилар. Қурилиш ишларини тезлаштириш мақсадида хон қора халқни ҳашарга жалб этади. Жами қурилиш ишларида 16 минг аҳоли, 80 нафар уста ишлади, мингдан ортиқ арава ва замбилғалтакдан фойдаланилди.

Сарой қурилиши эамонасининг кўзга кўринган меъмори Мир Убайдулло муҳандис лойиҳаси асосида амалга оширилади. У бош меъмор сифатида сарой қурилишига раҳбарлик қилди. Бинодаги безак, кошин ишларини риштонлик кулол Уста Абдулло бажарган. Бино олд тарафининг жанубий қисмидаги «Нақшлар билан безаганнинг санъати гўё Беҳзод санъатидек» деб битилган лавҳача эҳтимол унинг меҳнатига ишорадир. Уста Абдулланинг отаси Риштонда кулол сифатида довруғ таратган эди. Унинг фарзанди Абдулла эса ота йўлидан борди, бу касбни пухта эгаллади. Сўнгра бутун Фарғона водийсида шуҳрат қозонди. Кулол ясаган ажойиб сопол буюмларни айрим фарғоналиклар шу кунларга қадар авайлаб асраб келишмоқда. Эл эътиборига тушган машҳур уста Абдулла сарой сиртини рангли кошинлар билан безаб янада довруғ таратди. Кошинкорлик ишларида яна риштондан усто Жамол ва усто Жамиллар ҳам қатнашдилар. Пскентлик уста Зокир эса аркнинг асосий пештоқини кошинлашдек масъулиятли вазифани бажаришга мушарраф бўлган.

Қўқонлик усталардан мулла Суярқул, уста Солихўжа ва бухоролик уста Фозилхўжалар сарой қурилишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди. Хона ичини турли нақш ҳамда ганч ўймакорлиги билан безашда уста Ҳакимбой, уста Сўфи Йўлдош, уста Марасуллар ўз маҳоратларини намойиш этганлар. Булардан ташқари, дарвозахона тепасига битилган «Муҳаммад Олам сирчи усто Муҳаммад Камол ўғли. 1287 сана ҳижрий» ёзуви нақш ишларини бажарган уста ҳақида маълумот беради.

Саройнинг ўймакор эшигини ишлаган уста Мақсумхўжа, Ғозиён мадрасасидаги катта эшик ва Тошкентдаги Шайхонтоҳур эшигини ҳам қўлдан чиқарган. Ўрданинг безак ишларида халқ меьморчилик санъатининг бадиий кулолчилик, наққошлик, ёғоч, ганч ўймакорлиги ва бошқа кўп турларидан фойдаланилгаи. Моҳирлик билан терилган турли ранг ва ҳар хил шаклдаги кошинлар уйғунлиги ҳамда нафислиги Фарғона кулоллик санъати XIX асрда юксак даражага етганлигидан далолат беради.

Ўрданинг умумий сатҳи саккиз гектардан ошиқ текис майдон бўлиб, унинг теварак-атрофи мустаҳкам қалъа девори билан ўралган, шарқий томонига пештоқли дарвозахона ишланган. Девор ичкарисида боғ, узумзор, ҳовуз, сарбозлар машқ ўтказадиган майдон, аслаҳахона, аскархона ва бошқа бинолар бўлган. Девор ташқарисида чуқур хандақ қазилиб, у сув билан тўлдирилган.

Юздан ортиқ хонадон, бир неча ҳовлидан ташкил топган сарой хизмат вазифасига кўра асосан уч қисмга — Маҳкама, Шоҳнишин ва ҳарамга бўлинади. Маҳкама ва Шоҳнишин қисмлари бир қаватли, ҳарам икки қаватли қилиб қурилган.

Худоёрхон саройи тўғри бурчак шаклидаги тарҳ бўйича (68х143 метр) қурилган бўлиб, уни баландлиги (4,3х5,6 метр) тагқават кўтариб туради. Саройнинг бош биноси шарққа қаратиб, бир қаватли қилиб туширилган. Унинг тагқавати ганч қоришма билан пишиқ ғиштдан терилган. Унинг кошин ва нақшлари сақланиб қолмаган.

Ердан пештоқ томон узунлиги 40, эни 6 метрли қия ғишткўприк кўтарилган. Бош бинонинг ўрта қисмида ҳашаматли қилиб, сарой девори сатҳидан бир оз бўрттириб пештоқ солинган. Унинг китобасига араб имлосида «Арки олий Саид Муҳаммад Худоёрхон, сана 1387 ҳижрий» деб битилган. Бош бинонинг икки бурчагида иккитадан тўртта минора — гулдаста ишланган, уларнинг тепа қисми гумбазли мезаналар билан якунланган.

Гулдасталардан бири, жануб қисмидагиси олти қиррали қилиб, қолган учтаси эса ғўласимон шаклда. Пештоқнинг икки чеккасидагиси ва бош бинонинг шимолий томонидагисини бухоролик уста Исо Маҳзум, жанубий бурчагидагисини эса Азамат домла қурган. Гулдасталар деб аталган бурчак миноралари кўк, сариқ оқзангори рангларга бой, шакли ва ранги турлича бўлган кошинлар билан безатилган. Улар хилма-хил геометрик нақшлар ҳосил қилиб турибди.

Пештоқ орқали кираверишдан кенг тўғрибурчак шаклидаги дарвозахона ва унинг ёнларида ҳовли билан боғланган шифти нақшли хоналар бор. Дарвозахона томи — гумбазли ўзаро кесишган равоқлар устида ўрнашган бўлиб, сиртига гумбазли ҳаштак ишланган. Дарвозахона ичига ҳаштак панжаралари орқали ёруғ тушиб туради. Илгари қия ғишткўприк остида зиндон ва ер ости йўли бўпган. Ҳозир улар кўмилиб кетган.

Бош бинонинг ёйсимон равоқлари, тимпанлари, китобалари ҳамда деворлари, ўсимликсимон шаклдаги кошинлар, нақшлар, гириҳлар ҳамда диний ва фалсафий мазмундаги ёзувлари хилма-хил шаклдаги, ҳар хил рангдаги сиркор парчинлар асосида, хаттотлик қоидаларига кўра безатилган. Бу ёзувлар ажойиб хаттот Мирзо Мирмаҳмуд Хўқандийнинг хатлари асосида бажарилган. Масалан, чиқиш эшигида «Чиройли юзидан саховат сезилиб турган доно меъмор қулоғимга деди: Иштиёқ билан қилинган ижод хайрли натижа беради, 1258-ҳижрий» деган сўзлар битилган.

Бош бинонинг тепа қисмида бор-йўғи уч дона лола шаклли мадохил сақланиб қолган. Деворлар тагига қаттиқ арча ёғочлари ётқизилган бўлиб у зах кўтарилишига йўл қўймайди. Ҳозир ҳовлидаги хоналарнинг жуда оз қисми сақланиб қолган холос.

Октябрь инқилобидан кейин Ўрдага қизил армия гарнизони жойлаштирилиб, 1918—1919 йилларда шаҳарда ўз ҳокимиятини ўрнатди. 1924 йили бу ерда қишлоқ хўжалик ютуқлари кўргазмаси ўтказилди. 1925 йилдан бошлаб сарой ўлкани ўрганиш музейига айпантирилди. Музей жиҳозлари Қўқон шаҳар тарихи, Фарғона водийсининг табиати, ҳайвонот олами, ўсимликлар дунёси ва санъати билан таништиради.

Сарой биноларида таъмирлаш, тузатиш ишлари ҳам амалга оширилди. 1938 йили илк бор меъмор Обид Зайниддинов собиқ хон саройининг сақланиб қолган қисми бўйича ўлчаш ва бош бино қисмини таъмирлаш ишларини олиб борди. Бу ишда Қўқоннинг моҳир таъмирчи усталари қатнашдилар.

Пештоқ ортидаги гумбазли дарвозахонага киришдаги ўймакор эшикни ёғоч устаси Қодиржон Ҳайдаров таъмирлаб ўз номини ёзиб қўйган. Хона ҳамда айвон шифтларидаги нақш ишларини Саидмаҳмуд Норқўзиев, Саидаҳмад Маҳмудов, Шукурхон Маҳмудов ва бошқа наққош усталар таъмир қилишди.

1971 йилдан институтимиз ходимлари ёдгорликни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, таъмир-лойиҳа ишлари олиб боришмоқда. Атрофлича илмий изланишлардан кейин саройнинг тўкис лойиҳаси яратилди. Лойиҳани яратишда архив материаллари, тарихий адабиётлар ва ҳарбий чизмалар кенг ўрганилди. Айниқса, 1876 йили ҳарбий ииженер штабс-капитан Н. Воронец ишлаган Қўқон Ўрдаси ва мудофаа учун мослаштирилган иншоотлар бош тарҳи, 1878 йили топограф А. Борисовский тузган Қўқон Ўрдаси ва унга ёндош ерлар бош тарҳи, 1882 йили Коник тузган Қўқон Ўрдаси ва қаландархонанинг бош тарҳидан кенг фойдаланилди.

Шунингдек, А. Федченконинг «Туркистонга саёҳат», француз сайёҳи М. Бурдонинг «Париждан Самарқандгача», М. Алибековнинг «Худоёрхоннинг уй ҳаёти», машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулло Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» тарихий асаридан ва яна қатор тарихий адабиётлардан олинган маълумотлар бизга жуда катта ёрдам берди. Юқорида келтирилган маълумотларнинг қанчалик тўғри эканлигини аниқлаш мақсадида археологик қазишма ишлари ҳам олиб борилди.

Ҳозир янги лойиҳа асосида саройни тўла тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Бу масъулиятли вазифа Қўқондаги махсус илмий-таъмирлаш ишлаб чиқариш устахонасининг ходимлари зиммасига тушди. Таъмир ишларини наққош Шукурхон Маҳмудов ва ганчкор ғишт терувчи уста Самиғжон Мўйдиновлар ўз шогирдлари билан бирга амалга оширмоқдалар.

XIX асрнинг ноёб тарихий-меъморий ёдгорлиги бўлмиш Қўқон Ўрдасида Ўрта Осиё меъморчилигидаги саройлар қурилишига хос анъанавий услуб ва мухтасарлик ўз ифодасини топган, ундаги бино хоналарининг ички манзараси бетакрор бир бадиий асар бўлиб қолади.

Абдужаббор Яҳёев,

Ўзбекистон маданий ёдгорликларни таъмирлаш илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институтининг лойиҳа бош меъмори.

“Фан ва турмуш” журнали, 1990 йил, 10-сон