22 болали ўзбек оиласини биласизми?

Самадовлар оиласи – инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила. 2-жаҳон уруши даврида турли миллатнинг қаровсиз қолган болаларини фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган.

Оила бошлиғи Ҳамид Самадов (1910 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган, 2002 йили вафот этган) 2-жаҳон урушида армия сафида алоқачи, пулемётчи бўлиб хизмат қилган. Сталинград, Днепр бўйларидаги жангларда иштирок этган. 1944 февралда жанглардан бирида яраланиб, ногирон бўлиб уйга қайтган. Урушдаги жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланган.

Ҳамид Самадов уруш туфайли бошпанасиз қолган етим болаларга ҳомийлик қилган. Ҳали уйланмаган бўлишига қарамай, у 13 болани фарзандликка олган. Булар турли миллат болаларидир: Қўчқор — туркман, Нурмуҳаммад — тожик, Донат, Иван, Лиза — рус, Женя — белорус, Керим — татар, Арслон, Рашид, Нурали, Карим, Мурод — ўзбек, Суннат — миллати номаълум.

Болаларни тарбиялашда Ҳамидга унинг ота-онаси — уста Самад бува ва Манғит момо кўмаклашган. У уйлангач (1945), турмуш ўртоғи Санобар етим болаларни ўз болаларидек парвариш қилган. 1946 йили Самадовлар оиласи қариндошларидан бирида етим қолган 3 болани ҳам ўз бағрига олган. Санобар ҳам 6 фарзанд кўрган. Оилада 22 бола камол топиб, мустақил ҳаётга йўл олган.

Самадовлар оиласи тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи каби инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган байналмилал оила сифатида қадрланади.