Корея Республикаси таълим тизими

Кореянинг замонавий таълим тизими расман Япония мустамлакасидан озод бўлган 1945 йилдан бошланган. Аммо кенгроқ қарайдиган бўлсак, корейсларда таълим тизими 1894 йилги ислоотлардан кейин юзага келган, дейиш мумкин.1881 йили Кореядаги Чосон хукумати мамлакат хавфсизлигини кучайтириш мақсадида махсус армия тузади ва ғарбликлар ҳарбий санъатдан дарс бера бошладилар.

Бу ўз навбатида чет тили ва бошқа фанлар таълимини юзага келишини таъминлади. Гарчи 1882 йили махсус қўшин учун дарслар тўхтаб қолган бўлса-да, бир қанча амалий фанлар дарси давом этаверди. Бу даврда аста-секинлик билан Гвангхевон, Бежехакдан, Ихвахакдан каби шахсий таълим муассасалари ҳам вужудга кела бошлади ва кейинчалик университетлар учун асос бўлиб хизмат қилди.

1894 йили шахсий билим масканлари бирлаштирилиб, мамлакат таълим тизимини бошқарувчи институт ташкил этилди. Шу билан бирга 1895 йилдан бошланғич мактаблар ва мактаб учун кадрлар таййпрлайдиган педагогика мактаблари тузилди. Бундан ташқари бир қанча хусусий мактаблар очилиб, 1900 йилда улар фаолиятини тартибга солиб турадиган «Хусусий мактаблар тўғрисидаги қонун» қабул қилинди. 1910 йили Корея ва Япония ўртасида тузилган шартномага мувофиқ Корея Япониянинг расман мустамлакасига айлантирилди. Натижада бу мамлакат таълим тизимига ҳам катта таъсир кўрсатди. Япон мустамлакачилари Кореянинг таълим тизимини кескин ўгартириш йўлидан борди ва хусусий мактаблар фаолияти чеклаб қўйилди. Бу даврда 1911 йил 23 авгсутда қабул қилинган «1-Чосон таълим буйруғи» амал қилди.

Унга кўра, корейс ва япон фуқароларининг фарқли таълим сиёсати олиб борилди. Яъни, махаллий халқ фақат 4 йил мобайнида бошланғич таълим олар, ўрта ва оилй таълим берилмас эди. Бу япон мустамлакачилигининг узоқ ўйланган режалари қаторига кирарди. Аммо 1919 йили бошланган норозилик ҳаракатлари оқибатида Япония хукумати бироз ён беришга мажбур бўлди ва буйруққа ўзгартириш киритиб, бошланғич таълим 4 йилдан 6 йилга узайтирилди.1922 йил 4 фервралда «2-Чосон таълим буйруғи» қабул қилинди. Бу буйруққа кўра, таълим муддатлари узайтирилди. Яъни, оддий мактабларда таълим 6 йил, аёллар мактабларида эса 5 йил этиб белгиланди. Шунингдек, аста-секинлик билан университетлар ҳам пайдо бўла бошлади. Жумладан, 1924 йили Кёнгсон Давлат Университети очилди. йили Хитой-Япония уруши бошланиши муносабати билан мустамлка Кореяда назорат янада кучайтирилди.

Оддий мактаблар ва бошланғич мактаблар,юқори ва ўрта мактаблар бирлаштирилди. Корейс тили фанлари камайтирилиб, империя халқ демократияси фани киритилди. 1943 йил 3 августда «4-Чосон таълим буйруғИ» имзоланди ва япон мустамлакачилигининг таълим сохасидаги зўравонлиги кучадйи. Жумладан, ўрта ва юқори макатбаларда таълим 4 йилгача камайтирилиб, корейс тили фани дастурдан олиб ташланди. Унинг ўрнига япон тили дарслари киритилди. Кореяни ёппасига саводсизга айлантириш сиёсати натижаси ўлароқ, 1944 йилги Корея Умумий Архив қўмитаси маълумотларига қараганда ўша пайтда Кореянинг саводхонлик даражаси бор-йўғи 13,8%ни ташкил этган. 1945 йили Иккинчи Жаҳон уруши билан бирга Кореядги Япония мустамлакачилиги ҳам тугади. Эндиликда Кореада табиийки бошқа сохалар қатори таълим тизимини ўзгартириш вазифаси турарди. Энг аввало «Таълимни ривожлантириш қўмитаси» ташкил этилди ва қўмита олдига дарсликлар яратиш мажбурияти қўйилди. Таълим тизими тадқиқ этилиши давом эттирилиб, ахлоқ, этика, техникага оид фанлар киритилди. 1963 йиллардан бошлаб эса таълим тизимида табиий ва ижтимоий фанларга эътибор кучайди. 1981 йили Президент Чон Ду Хван мамлакатда шахсий таълим бериш ва хусусий таълим масканлари фаолиятини қонунан таъқиқлаб қўйди. Лекин мактабда мустақил шуғулланиш учун имкониятлар яратиб берди. 1992 йилга келиб эса бошланғич мактаблар фаолияти янада ривожланиши учун хукумат томонидан бир қанча имтиёзлар яратилди.

Замонавий Корея таълим тизимида бошланғич мактабларнинг роли муҳим. Кореяда бошланғич таълим учун ўқув йилида 1 мартга қадар 6 ёшдан юқори бўлган болалар қабул қилинади. Лекин 5 ёшли болалар ҳам ўқишга киришга хуқуқли бўлиб, бунинг учун мактаб масъул шахсининг рухсатномасини олиши лозим бўлади. Ўқув йили эса 1 март Корея республикасида давлат байрами муносабати билан 2 мартдан бошланади. 6 йил давом этадиган бошланғич таълим мажбурий этиб белгиланган. Бошланғич таълимда 1 йил икки семестрга бўлинган ҳолда олиб борилади. Бошланғич таълимдан кейинги «зинапоя» вазифасини ўрта таълим бажаради. Ўрта таълим Корея республикасида 3 йил давом этади. Ўрта таълим ҳам мажбурий бўлиб, бир ўқув йили 1 мартдан кейинги йил март ойига қадар давом этади. Дарслар 45 дақиқадан этиб белгиланган бўлиб, бир йилда 1222 соатни ташкил этади. Ўрта таълим мактабларида давлат тили, ахлоқ, ижтимоий фан, математика, жисмоний тарбия, мусиқа, санъат, чет тили каби 10 га яқин фанлар ўқитилади. Шунингдек, ўрта мактабда ўқувчи учун танлов фанлар мавжуд. Булар қаторига ахборот, чет тили (кўпинча немис, франсуз, испан, хитой, япон, рус, араб тиллари) кабиларни киритиш мумкин. Ўрта мактаб тугатилгач юқори мактабларда таълим давом эттирилади. Юқори мактаблар бир неча турларга бўлинади: давлат юқори мактаблари (Корея Таълим ва Техника фанлари вазирлиги, Маданият,Жисмоний тарбия ва сайёҳлик вазирлиги бошқаради),Умумий юқори мактаблар (Ҳар бир вилоятдаги юқори ташкилотлар томонидан бошқарилади), хусусий юқори мактаблар. Шунингдек, юқори мактаблар ўқитиш фанларига кўра ҳам бир қанча турларга бўлинади: умумий мактаблар, ихтисослаштирилган мактаблар (қишлоқ хўжалиги,саноат,денгиз хўжалиги,ахборот),махсус мактаблар (литсей шаклидаги мактаб),техника мактаблари,чет тили мактаби,жисмоний тарбия мактаби,санъат мактаблари. Корея Республикасида Таълим вазирлиги махсус ташкил этган юқори мактаблар ҳам бор. Булар асосан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат, халқаро тилларга ихтисослашган бўлади.

Отабек Йўлдошев,
журналист


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!