Қудрат Дўстмуҳаммад. Юқумли кулгу

(“Аския” картинаси ҳақида)

Кулгу ҳам одамдан одамга юқар экан. Бировнинг самимий, ўзини унутиб, баралла кулганини эшитсангиз ёки кўрсангиз, кулгининг сабабини билмасангиз ҳам, беихтиёр кулиб юборасиз. Бунда сиз кулаётган одамнинг ҳолатидан завқланган бўласиз.“Аския” деб номланган картинамизда ана шунақа кулгу муҳрланган.

Дала-ҳовлисига йиғилган бир гуруҳ шаҳарликлар гурунг қилишаяпти. Ҳар куни оҳори тўкилмаган кўйлагу костюм-шим кийиб, бўйнига галстук танғиб юришга мажбур, ҳамма ҳаракатларини шу-ларга мос келтириш зарурлигидан безор бўлган бир зиёли далага келиб, ўзини ерга таппа ташлаб, чордона қуриб олган. Ярим тупроқ, ярим майса бўлса ҳам, “Она ердан ўргилиб кетай!” деган ички бир ҳис бор унда. Айни шу зиёли – картина марказида, чунки у жуда кулгили гап айтди ва қаҳқаҳа портлаб кетди. Шундай бир кулгили гап бўлдики, суҳбатдошлар қандай кулаётганларини ҳам билмай қолдилар.

Ким қандай кулаётганининг ўзидаёқ олам-олам маъно бор.

Аскиячи кулгини шундай соғиниб қолганки, оғзини тўлдириб кулаяпти, жағларини энг чекка нуқталаригача очиб, кўкрак қафасининг бурчак-бурчакларида йиғилиб қолган ғуборларни-да, тоғнинг мусаффо ҳавосига чиқариб ташлаяпти (бу ғуборларни нима қилишни табиатнинг ўзи билади). Кўзлари жудаям юмилиб кетган эмас, “Гапим одамларга қандай таъсир этдийкин?” деган беихтиёр бир қизиқиш билан рўпарасидаги одамни кузатаяпти.

Рўпарада ўтирганча худди шундай, берилиб кулаётган персонаж тиззасига қандайдир матони ташлаб олган, жойнамозга ўхшайди. Икки қўлини олдинга чўзганча ғалати ҳаракат қилаяпти, Чап қўли билан ўнг қўлини силамоқчими ёки кўйлагининг енги кулишга ҳалал бераяпти-ю, ҳимариб қўймочими, аниқ айтиш қийин. Ҳар ҳолда, бу – унга одат бўлиб қолган ҳаракатга ўхшайди. У ҳам оғзини борича очиб, жисми-жонининг буту-ун кулги имкониятларини ишга солиб, мароқ билан қийқириб қаҳқаҳа отаяпти.

Кулги “салоҳияти” борича юзага чиққанлардан яна бири – чуст дўппилик киши. Каттакон бурни диққатни тортади. Кулгининг зўридан пешонасида пайдо бўлган ажинлар, чеккасидаги излар, осилган бақбақа, аскиячига интилиб, бўйнини чўзиб туриши, ҳаммаси ўзига ярашиб тушган. Кулгу ҳосил қилган қувват қўл томирларини ўйнатиб юборган.

Айтилган уч персонаж картинада кўзга кўринмас учбурчак ҳосил қилади ва бошқаларни яхлит композицияга бирлаштириб туради.

Кулгили гап – картина “мазмуни”ни ҳамма бирдек қабул қилган бўлса ҳам, уни ифодалайдиган “шакл” – кулиш ҳар кимда ҳар хил. Шундай бўлиши табиий, чунки феъл-атвор деган нарса бор.

Чуст дўппиликнинг ўнг тарафидаги икки персонажнинг феъли босиқроқ, кулгуси “портловчи” бўлмаса-да, мириқиб кулишаяпти. Бирининг ўнг қўли чала кўринади, иккинчиси эса ўнг томондаги қўшнисига ўхшаб, чап қўли билан ўнг қўлини силаяпти. Бу ҳам одатий ҳаракат.

Энди, эътиборни хода устида ўтирганлардан охирги персонажга қаратайлик. Унинг кулгисида озгина уялиш бор.

Ўзбекнинг аскияси шу-да, озгина уят маъно аралашмаса, ўрнига тушмайди. Шу сабабдан бу персонажнинг кулгуси кўпроқ жилмайишга ўхшайди. Бироқ, аския шунчалик зўр бўлдики, унинг юзи жуда ёйилиб, жилмайиш чегараларидан ўтиб кетди. Персонажнинг қўллари итоаткорлик ва, аскиячига бўлса керак, тобеликдан дарак бераяпти.

Аскиячининг чап томонида чўнқайиб ўтирган икки персонаж фақат жилмайган. Қизиқ, нега кулишмаяпти экан-а? Бунинг сабабини дўппиларидан топиш мумкин.

Бу дўппилар ўзбекка азалдан одатий бўлган бош кийим эмас, уни диндорлар намозга шайланиб кийишади. Бу йигитчалар даврадагилар орасида энг ёшлари, яъни кейинги авлод.

Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, эътиқод эркинлиги кучга кирди. Диний китоблар чоп этиш, оммавий намоз ўқиш, масжиду мадрасалар қуриш одатий тус олди ва бу жараён давом этаяпти. Энди, болаларни ислом руҳида тарбиялаш шўролар давридаги сингари жиноят ҳисобланмайди. Бу икки йигитча ҳам тили чиққандан бошлаб, ислом руҳида тарбияланган, эҳтимол, диний мактабда ўқишар, қисқаси, шариат қоидаларига оғишмай амал қилишади. Шариат эса, уят гапни эшитмасликка ундайди, бундай жойдан туриб кетишни тавсия этади. Бироқ, йигитчалар туриб кетишолмайди, атрофдаги катталарнинг ҳурмати бор, қолаверса, шом намозини ўқиш учун йиғилишган. Қуёш тоғ ортига ўтган бўлса ҳам, намозга яна бир неча дақиқа бор. Аския бу икки йигитча учун кўп ҳам кулгили эмас, улар учун муҳими – шариат! Жилмайишлари эса, кўпроқ, бошқаларни кузатганларидан, “Ғалати-а, бу катталар!” дейишаётгандек.

Ҳақиқатда ҳам катталар – ғалати. Намоз ўқишадию уят гапларни айтишади, бу ҳам етмагандек, ҳоҳолаб кулишади.

Нафсиламрини айтганда, катталарни бундай одобсизликда айблаш жуда ҳам тўғри эмас. Улар шўролар даврида туғилиб ўсган, тарбия олган. У вақтларда уят гапларни айтиш бир ёқда турсин, қойиллатиб сўкиш, афтини буриштирмасдан ароқни лўқиллатиб отиш, зино кабилар “ҳақиқий эркакча иш” деб баҳоланар эди. Мана энди, замон ўзгариб, улар ҳам шариат йўлига киришган, лекин илгариги мафкура баъзи-баъзида ўзини кўрсатиб қолади.

Аскиячининг ўнг томонида, картинанинг олдинга планида ўтирган одам нима қилаяпти экан-а? Аския унга таъсир қилдимикин? Одамлар кулгидан ўзини тутиб туролмаяптию, у бўлса, лунжини кавлаб ўтирибди. Чеккаларидаги ажинларга қараганда жилмайяпти. Ким билсин, балки кулаётганлар устидан кулаётгандур? Нима бўлганда ҳам, у шундан ортиғига қодир эмас. Рассом уни ҳарсангтошга суянтириб қўйганида ҳиссиз одамларга ишора қилган кўринади.

Тоғ манзараси, дала ҳовлилар, кечки шафақ одамларнинг кайфияти билан ҳамоҳанг. Эҳтимол, табиат гўзаллиги одамларнинг кўтаринки кайфиятига сабаб бўлгандур?

Картинани кузатган томошабин ҳам манзарадан завқ олади, ўзини унутиб кулаётганларга қараб, беихтиёр уларга қўшилиб кулиб юборади.

Қудрат Дўстмуҳаммад

Картина матога мойбўёқ билан ишланган, ўлчамлари 100х170 сантиметр; 2008 йили Икуо Хирояма номидаги халқаро маданият Карвон Саройида ўтказилган шахсий кўргазмада намойиш этилган.