Қудрат Дўстмуҳаммад. Вафо ва… олий топшириқ

(бир шеър таъсирида)

Эркин ака Воҳидов кейинги йилларда ёзган шеърлардан бири йиғлатди. Мана, сиз ҳам бир ўқиб кўринг (йиғлаш шарт эмас).

ВАФО

 Қабристонда кеча ёққан қор
 Милдир-милдир эриб ётибди.
 Гўр устида бир ит инграб зор,
 Лойга бағрин бериб ётибди.

 Кеча тобут кўтарилган дам
 У беором югурган-елган.
 Қувсалар ҳам, тош отсалар ҳам
 Эл ортидан мозорга келган.

 Отасидан айрилса агар
 Бунча куймас одам боласи.
 Ёлғон эди кеча йиғилар,
 Рост эди шу итнинг ноласи.

 Совуқ тунда қотиб, дийдираб,
 Қабрга у қўйиб ётди бош.
 Эриган қор каби милдираб
 Кўзларидан тинмай оқди ёш…

 Биз инсонмиз, соҳиби дунё,
 Қудратлимиз, мағрурмиз, тўқмиз.
 Садоқатда, меҳрда аммо
 Шу бечора бир итча йўқмиз.

Йиғлаган кўнгилда қандайдир жараён ва ўзгаришлар бўлиши муқаррар. Шундай жараён мени, шеър мазмунини шакллар ва ранглар ёрдамида тасвирлашга ундади.

Шеърни ўқиб бўлганимда, Аллоҳнинг баъзи каломлари мазмуни ёдимга тушди. Масалан, “Одиёт” (чопувчилар) сурасида отлар назарда тутилади.

Бу жонивор, эгаси берган бир тутам ғиёҳ ёки бир ҳовуч доннинг миннатдорчилиги учун тунми, кунми — қачон бўлмасин, ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам, тиғга ҳам ураверади. “Ҳой, инсофинг борми, бир пас дам олай” ёки “Мен ҳам сенга ўхшаган бир махлуқман, ўз ҳаётимни сақлашга ҳаққим борми, йўқми?” демайди. Ҳарсиллаб, туёқлари тагидан ўт чақнатиб, чанг-тўзонга кўмилиб, елдек учади ва эгасининг душманлари орасини ёриб киради. Буларнинг бари эгаси берган емишларни оқлаш учун.

Сурада Аллоҳ, ана шу отлар билан қасам ича туриб айтадики, инсон Роббиси берган дунё-дунё неъматларга ношукур ва, буни ўзи билиб туриб ҳам, ношукурлигини ташламайди, мол-дунёга ҳирсини жиловламайди. Қуръони Каримнинг қатор сураларида инсоннинг бошқа қусурлари ҳам кўрсатилиб, шошқалоқ, золим, кўрнамак, фосиқ каби сифатлар тилга олинган.

Аллоҳ инсонни атайлаб қусурли қилиб яратган ва қусурларини йўқотишни топшириқ сифатида берган кўринади. Бу ҳикматни Қуръони Каримнинг кўп оятларидан сезиш мумкин. Масалан, “Зориёт” сурасининг 56-оятида “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” дея марҳамат қилади Аллоҳ (шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Оятни инсоний қусурлар билан таҳлил қилсак, Аллоҳ худбинлик қилаётганга ўхшайди (астағфируллоҳ!). Йўқ, Аллоҳ бандасининг ибодатларига муҳтож эмас! Ибодат банданинг ўзи учун, берилган ҳаёти давомида қусурларини аста-секин йўқотиб покланиши ва покланган ҳолда Ўзига қайтиши учун керак. Аллоҳ инсонга берган топшириқ шундан иборат, назаримда, ва инсоннинг яшашдан мақсади, асосан, шунга қаратилиши лозим.

Эркин аканинг “Вафо” деб аталган шеърлари мени ана шундай хаёллар уммонига ташлади. Аллоҳ Эркин аканинг умрларига, ижодларига барака беришини тилаб дуо қиламан.

Картинани шеърнинг номи билан, “Вафо” деб атадим, ўлчамлари 30х46 сантиметр, матога мойбўёқ билан ишланган.

Қудрат ДЎСТМУҲАММАД

Июнь, 2015 й.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!