Қўшиғингизнинг маъносини биласизми?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий эстрада санъатини ривожлантириш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан бу соҳага катта эътибор қаратилиб, ёшларимиз ўртасида эстрада санъатига қизиқиш кучайиб бормоқда, янги-янги ижодий гуруҳлар ва умидли хонандалар пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга санъатга эндигина қадам қўяётган ёшлар орасида ҳамон қўшиқнинг моҳиятини тушунмайдиган, шеъриятдан бехабар хонандалар учраб турибди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашувчи вакиллари гуруҳи аъзоси сифатида лизенция олиш учун мурожаат этган хонандаларнинг навбатдаги аризаларини кўриб чиқишда иштирок этдим. Муҳокама жараёнида Кенгашга қўшиқларини тақдим этган ёш хонанда Шаҳриёр Мамажонов репертуарида:

Чақ-чақа қиз таманноланиб,
Чиқди чаманга ороланиб… —

деб бошланувчи қўшиқ борлигини, энг қизиғи, ғалати иборалар ишлатилган шеър муаллифи Сирожиддин Саййид деб ёзиб қўйилганини кўриб ҳайрон бўлдим. Наҳотки С.Саййид шундай шеър ёзган бўлса, “Чақ-чақа қиз” дегани қанақа қиз экан, деб ўйлаб қолдим.

Йиғилишдан сўнг масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сирожиддин Саййидга қўнғироқ қилиб суриштирсак, бу сатрларнинг шоир ижодига ҳеч қандай дахли йўқ экан. Хонанда буни билиб туриб қилганми ё бастакордан тайёр қўшиқ ­олганми — бизга қоронғу. Лекин ҳар икки ҳолатда ҳам бу ўта масъулиятсизликдан ­бошқа нарса эмас.

Санъат институтда таҳсил олган Темур Исҳоқов исмли ёш ижрочининг муҳаббат мавзуидаги қўшиғида:

Тила висолингни саволларим,
Силаса сочларингни хаёлларим..

каби маънисиз, тумтароқ жумлалар учрайди. Бу ерда маъно қофиянинг қурбонига айланган ва мисралар тушунарсиз бўлиб қолган. Албатта, кенгашда бу каби салбий ҳолатларга жиддий эътибор берилади, ­зарур бўлса, хонандалар билан алоҳида ­суҳбат ўтказилади, камчиликлари айтилади. Лекин хонандаларнинг ўзларида ҳам савод, дид, савия бўлиши керак-ку, ахир.

Яхшигина қўшиқлари билан элимизга танилган, эстрада хонандаси Шаҳзодахоннинг қўшиқларидаги айрим “нолишлар” миллий одоб-ахлоқимизга мос келмайди. Унинг ­“Кечалари ёқимли, ёқимли” деган қўшиғи ­анчадан буён янграмай қолганига хурсанд бўлгандик. Аммо репертуарида бу хилдаги қўшиқлар ҳали анчагина экани дилни хижил қилади. Шаҳзоданинг “Эркала” деб номланувчи қўшиғида такрорланувчи:

“Эркала сочларимни, майин эркала,
Мен парвоз этайин, эркала кечалар тинмай…”

каби сўзлари янграганда, телевизор қаршисида ота-оналари билан ўтирган одобли, андишали опа-сингилларимиз ноқулай аҳволга тушишлари табиий.

Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир вилоятнинг шу ерда яшовчи халқ қон-қонига сингиб кетган ўз қўшиқлари, лапарлари, алёрларию ёр-ёрлари бор. Аммо водийдан ёки Сурхондарёдан чиққан хонанданинг хоразм­ча услубда ёки аксинча, Хоразмдан ёки Бухородан чиққан хонанданинг водий услубида куйлаши, қайсидир даражада муваффақиятли чиққандек туюлса-да, шева, оҳанг ва ижро маҳорати юзасидан “бировнинг телпагини бировга кийдиргандек” бегоналиги сезилиб туради. Бу эса хонанданинг нуфузини пасайтиради.

Айрим хонандаларимиз эса қўшиқ куйлаётганда рақсга тушиб, миллий урф-одатларимизга хос бўлмаган, оврупоча бачкана қилиқлар қилиб, мухлислар кўнглини қолдираётганларини сезмаяптилар.

Аксарият ёш қизларимиз куйлаётган қўшиқларнинг номи ҳар хил бўлса-да, уларнинг кўпчилиги ”Мен гўзалларнинг гўзалиман, мендақасини ҳеч қаердан тополмайсан, ҳуснда тенгсиз маликаман, оқ от миниб ­келар бир кун шаҳзодам, сўнгра бирга бўлиб роҳат қилиб яшаймиз, мен сени ҳеч кимга бермайман, фақат меники бўласан”, қабилидаги ўзига бино қўйиш мазмунидаги сўзлар тизмасидан иборат бўлиб қолган. Аслида куйланаётган қўшиқларда халқимизга хос одоб, ҳаё, камтарлик, оқкўнгиллик, меҳр-оқибат, эзгулик ва гўзаллик туйғулари нозик, пардали, оҳорли поэтик ташбеҳлар орқали ифодаланиши керак. Шунда қуруқ сўзларга ҳожат қолмайди. Ошиқ йигит қўғирчоқ эмаски, уни ёш боладек талашиб, “ҳеч кимга бермайман” деб ўзингизники қилиб олсангиз.

Бу борада йигитларимиз ҳам улардан ­орқада қолишаётгани йўқ. Яқинда бир ёш хонанда телевизорда:

— Менга барибир энди
Билсанг- билмасанг,
Севсанг-севмасанг, —

дея куйлади. Унинг қўшиғини тинглаб, бечора ошиқ бевафо ёрнинг жабрларидан қийналиб кетиб, энди ундан мағрурлик билан воз кечяпти экан-да, деб ўйлаб турсам, қўшиқнинг кейинги мисраларидаги маъно бунга зид эканини кўриб ҳайрон қолдим:

— Қўлларимдан тут мани,
Гуноҳимдан ўт мани!

Ҳа майли, ҳалиги гапларни аччиқ устида айтиб, кейин хатосини англаб етибди-да, деб турсангиз, яна дастлабки жумлани такрорлаб ҳафсалани пир қилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади: хўп, яхши-ёмон шеърнинг фарқига бормайдиган, эҳтимол, шеъриятнинг асл моҳиятидан бехабар баъзи хонандалар юқоридаги каби тумтароқ жумлалардан иборат битикларни (уларни шеър ҳам деб бўлмайди) куйлаб юришган экан, ана шу саёз, ғализ матнларнинг муаллифлари ким ўзи? Улар асли қайси соҳа вакиллари, адабиётга, шеъриятга қандай алоқалари бор, умуман, шеър ёзишга маънавий ҳақлари борми, деган саволлар одамга тинчлик бермайди. Наҳотки, бундай шеър ҳаваскорлари ўзларининг тумтароқ сўзлардан иборат ижод намуналари халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавиятига зарар келтираётганини сезмаётган бўлсалар!

Очиғи, биз уларнинг номларини бирма-бир санамоқчи эдик, лекин радио-телевидение орқали берилаётган аксарият қўшиқларнинг муаллифи айтилмайди, ҳатто хонандаларнинг дискларида ҳам шеър муаллифларининг номини учратмадик. Назаримда, ҳамма жойда шеър муаллифининг номи аниқ битилган бўлиши керак. Чунки қўшиқ савияси учун у ҳам хонанда билан бирдек масъулиятли.

Аксарият ёш ижрочилар шоирдан шеър олиб, бастакорга мусиқа ёздириш ўрнига, шеърни ҳам, мусиқани ҳам ўзлари ёзиб, қўшиқни ҳам ўзлари ижро этадилар. Агар бир одам шу уч ижодни бирлаштириш истеъдодига эга бўлса, Ёзувчилар, Бастакорлар уюшмасининг аъзоси ва албатта бирор санъат даргоҳини тугатган бўлиши керак. Гапнинг лўндаси, бундай юкни кўтариш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Хонандаларимизга ҳукуматимиз томонидан кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бинобарин, бугун улар олдида турган вазифа бадиий мукаммал эстрада қўшиқларининг кўпайишига, ёшларнинг эстетик дидини, маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Зеро, санъат деб аталувчи муқаддас даргоҳга мазмунан теран, юксак бадиий савиядаги умрбоқий қўшиқлар билан кириб келган санъаткоргина кўзлаган мақсадига етади ва элда ҳурмат топади.

Зикрилла Неъмат,

шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 15-сонидан олинди.