Оркестр мусиқаси қироли (Поль Мориа)

1925 йилнинг 4 март санасида дунё саҳналарини ўзининг мафтун­кор ва дилбар куй-қўшиқлари-ла беза­ган буюк бастакор, атоқли дирижёр Поль Мориа дунёга келди. Мусиқачи­лар оиласида таваллуд топган Пол­га отаси тўрт яшарлигидаёқ пианино чалишни ўргатди.

Ўн ёшидан Поль Мориа Мар­сель консерваториясининг фор­тепиано бўлимида таҳсил олди. У мусиқачи бўлишни орзу қиларди. Консерватория­да ўқиб юрган кезлари бир дўсти уни жаз мусиқаси билан таништиради. Жаз мусиқаcи уни шу қадар ўзига ром этадики, кўп ўтмай у шу йўналишда куйлар яратишга киришади. Бир гал жаз мусиқаси клубида бўлиб ўтган талабалар учрашувида қатнашаркан, ёш бастакорда келажакда мусиқий оркестр яратиш нияти туғилади.

Поль Мориада мусиқа яратиш ва танлаш қобилияти бениҳоя кучли эди. У оҳангларни эркин танлар, куйни маромига етказиб басталарди. Нафақат бастакор бўлиш иста­­ги, балки мусиқага меҳри уни доимо ўз устида ишлашга, тиним­сиз изланиш­га ундарди. 1939 йил­да Марсель консерваториясини имтиёз­ли тамомласа-да, мумтоз мусиқа йўналишидаги билимларни тўлиқ эгалламагани, етук жаз мусиқачиcи сифатида кўникма ва тажрибаларидан кўнгли тўлмай, таҳсил олишни да­вом эттиради.

Мориа ўзининг би­рин­­­чи оркестри­­ни ташкил этгани­­­­­да ­17 ёшда эди! Аввалига бу их­­­­чам гуруҳ Франция бўйлаб концерт­лар уюштиради. Вақт ўтиши билан Мориа оркестри бутун Европада танила бошлайди. Бастакор оркестр учун ўзи мусиқа ёзар ва аранжировка қиларди. Нафақат жаз, балки поп йўналишида ҳам ижод қилган бастакор танлаган касбидан ҳамиша завқланган. У ортиқча шон-шуҳрат, бойлигу моддий манфаат важидан эмас, балки кўнгил розларини тезроқ ва кўпроқ оҳанглар қатига кўчиришга шошиларди. Шу тариқа Поль Морианинг мухлислари кўпая бошлади. Бунга унинг бетакрор қобилияти, меҳнаткашлиги, ўзига хос ижро услуби сабаб бўлди. Бастакор ўз устида тинимсиз ишларди. Ижодкор, ҳаттоки, иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам мусиқа басталашдан тўхтамади. 1957 йилда унга росмана омад кулиб боқади. 1962 йилда Дель Рома тахаллуси остида “Ғилдираклар” қўшиғига басталаган мусиқаси унга катта муваффақият келтирди. Халқаро “Евровидение” танловида Гран-при сов­ринига ҳам мушарраф бўлди. Мазкур қўшиқни у таниқли бастакор Франк Пурсель билан ҳамкорликда яратганди. Шу йили у ўзининг “Поль Мориа куйлари” деб номланган илк альбомини мухлислар эътиборига ҳавола этди.

1959 – 1964 йилларда “Бэль-Эр” студиясида “Поль Мориа ва унинг оркестри” номли иккинчи альбом дунё юзини кўрди. Унинг Ричард Аудрей, Нико Папандопулос, Эдуардо Руо ва Вилли Твист сингари тахаллуслари ҳам бор эди.

1960 йилларга келиб, у бу­тун Францияга танилиб улгурган санъаткор эди. 1962 йилда у ўзининг «Chariot» номли қўшиғини яратди. Бу асар оламшумул шуҳрат қозонди. Кейинчалик бу қўшиқ АҚШда ҳам шов-шувга сабаб бўлади ва инглизчада “Мен унинг изидан бораман” номи билан кенг тарқалади. 1990 йилга келиб ушбу қўшиқ “Опа, ҳаракат қилинг” фильмида саундтрек сифатида янграйди, беш ҳафта мобайнида Америка мусиқий хит-парадида биринчи ўринни эгаллаб туради.

Поль Морианинг Шарль Азнавур билан ҳамкорликда 120 дан зиёд қўшиқ яратиши унинг янада машҳур бўлишга олиб келди. Кейинча­лик бошқа санъаткорлар билан ҳамкор­лик қилишга ҳам йўл очилди. Далида, Морис Шевалье, Лео Ферре, Лени Эскудеро ва бошқа эстрада юлдузлари бастакорнинг эшигида турнақатор бўлиб, янги асар кутишарди. 1966 йилда Поль Мориа Мирей Матьё концертларида мусиқий раҳбар бўлиб ишлай бошлайди ва у билан ҳамкорликда 50 дан зиёд қўшиқ яратади. Таниқли шоир Андре Паскаль билан ижодий ҳамкорлик ҳам шу йилларда бошланган эди.

Поль Мориа альбомлари Буюк Британия, АҚШ, Япония, Бразилия бўйлаб айниқса кенг тарқалади, жаҳон бўйлаб қарийб 40 млн. нусхада сотилади. Бинобарин Мориа басталаган куй-қўшиқлари учун кўплаб халқаро мукофотлардан ҳам бенасиб қолмади. 1997 йилда у Франция маданият вазирлиги томонидан таъсис этилган “Маданият ва адабиёт сардори” мукофоти совриндори бўлди. Кейинчалик унинг оркестри АҚШ, Мексика, Лотин Америкаси, Япония, Россия ва собиқ шўролар мамлакатининг бошқа респуб­ликаларида ҳам ижодий сафарларда бўлиб, халқаро миқёс­да обрў қозонади. Бас­такорнинг нозик­таъб мухлисларга атаган куйлари кўплаб теледастур­лар­да (хусусан, Россиянинг “Ҳайво­нот оламида”, “Кинопано­ра­­ма” кўрсатувларида, об-ҳаво дастурлари­да), радиодастурларда, ҳужжатли ва бадиий фильмларда янграб, қалбга кириб боради.

Бастакор ўзининг оркестри би­лан ҳамкорликда жами 1200 дан зиёд мусиқа намуналарини ёзган, улар 100 дан ортиқ альбомга жамланган. “Ноктюрн”, “Севги мовий рангдадир”, “Токката”, “Эл-Бимбо”, “Минуэтто”, “Пенелопа” каби куйлар бутун дунёда тан олинган.

Поль Мориа ХХ асрда жаҳон мусиқаси каталогини яратган ягона санъаткор бўлиб қолди. У коинотдан таралувчи товушларни акс этти­риш­га уринар, мусиқа маданияти ва технологиясига нимаики боғлиқ бўлса, ҳаммасини уйғунлаштириш­га интиларди. Натижада, у ноодатий ҳамда мусиқада илгари ҳеч учрамаган товушларни ижрога солиб, барча­га бирдай тушунарли, умуминсо­ний мусиқа оламида боқий мерос қолдирди. Мусиқачи Дуэйн Оллмен эътироф этганидек, “Унинг куйлари барчага бирдек, мамлакатидан қатъи назар, хуш келади, одамларни эз­гу ҳиссиётларга ундайди”. Хи­той мусиқашуносларидан бири Поль Мориани “Мусиқий кайфият улашувчи”, дея таърифлаган бўлса, кўпчилик мусиқасеварлар уни “Жаҳон мусиқаси қироли” деб атайди.

У сўнгги концертини 1998 йили Япониянинг Осака шаҳрида берди. Ноёб мусиқалари билан дунёни ларзага солган бастакорнинг умри 2006 йилнинг 3 ноябрида Франциянинг Перпиньян шаҳарчасидаги уйида якун топ­ди. Аммо санъаткор вафотидан ке­йин ҳам у бошлаган иш давом этди, баста­кор ташкил этган оркестр фаолияти­ни тўхтатмади.

Унинг мусиқаси ихлос­манд­лар­ туйғулари билан ҳамоҳанг дунё бўйлаб саёҳат қилар, ҳамиша ташналик билан қабул қилинарди. Бастакор бутун умри давомида ёрқин ва эҳтиросли ҳис-туйғуларини, ҳаяжонини куйларида намоён қилишга интилган. У инсон қалби кечинмаларини оҳанглар тилига кўчирарди.

Мориа бу оламга эҳтиромини ўзининг умуминсоний ва замонавий йўсиндаги мусиқалари орқали билдирган. Ҳар сафар унинг куйларини тинглаганимизда у қалбимизга янада яқинроқ бўлади.

Шубҳасиз, бундай ноёб куйлар муаллифининг шахсий ҳаёти барчани қизиқтирарди. Аммо бастакор ҳақидаги маълумотларни, сақланган манбаларни топиш ниҳоятда мушкул. Буни мусиқачининг шахсий ҳаётини оммага ошкор қилишни исмагани билан изоҳлаш мумкин. Бироқ санъаткорнинг беваси унинг вафотидан сўнг бастакор хотирасига бағишлаб бир нечта мамлакатда концертлар уюштиргани маълум.

2000 йили Поль Мориа оркестрига машҳур пианиночи Жиль Гамбюс, орадан бироз вақт ўтгач, бошқа бир таниқли мусиқачи Жан Жак Жустафре раҳбарлик қила бошлайди. Бу вақтга келиб, оркестрнинг ижро услуби, репертуари анча бойиган эди. 2010 йили мазкур оркестр Россия, Украина ва Белоруссия мамлакатларига сафар қилади. Оркестрнинг мусиқий дастури “Поль Мориа хотирасига” деб номланганди.

Зилола Фозилова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон