Наим Каримов. Кино санъатимиз кашшофи

ХХ аср бошларида ўзбек халқининг маънавий-маданий ва ижтимоий ҳаётида рўй берган қутлуғ воқеалар тўғрисида сўз борганда, янги усулдаги мактаб, замонавий бадиий адабиёт, матбуот ва театр санъатининг пайдо бўлгани тўғрисида ифтихор туйғулари билан сўз юритамизу, аммо фото ва кино санъатларини нима учундир қарийб тилга олмай келамиз. Ҳолбуки, худди шу санъатлар билан бирга ХХ асрнинг улуғ мўъжизаси – техник тараққиёт ўзбек заминига кириб келган. Бу йил туғилган кунига 125 йил тўлган биринчи ўзбек кинооператори Худойберган Девонов ана шу маданий ва техник тараққиёт даврининг дастлабки қалдирғочидир.
Худойберган Девонов 1878 йили, бир қараганда, Миллий Уйғониш ҳаракатининг марказларидан хийла четда – Хивада туғилган. Унинг отаси Хоразм хонининг яқин кишиларидан бири — Қадам ясовулбошида мирза бўлиб хизмат қилган. Мирзанинг Хива шаҳри яқинидаги Бадирхон қишлоғида 6 гектар ери, 4 ҳўкизи ва 2 оти бўлган. У ўзига қарашли ерларни деҳқонларга ижарага бериб, улардан келган фойда эвазига тўкин-сочин турмуш кечирган.
Худойберган дастлаб кийим-кечак дўконини очиб, савдо ишлари билан шуғуллана бошлайди. Лекин ёшлик кезлариданоқ техникага қизиққани боис, кўп ўтмай савдо дўконини ташлаб, соатсозлик билан машғул бўлади. 1918 йили Худойберган отамерос ерни деҳқонларга тақсимлаб бериб, улардан келган фойда ҳисобига яшашга уринади.
1927 йили ҳали ўн ёшга тўлиб улгурмаган совет давлати ўзига тўқ кишиларнинг ризқ-насибасига чанг солиб, улар қўлидаги «ортиқча» ер-сувни тортиб ола бошлайди. Худди шу йиллари Худойберган ҳам кўзига «ортиқча» бўлиб кўринган мол-мулкини ўз эрки билан совет давлатига инъом этади.
Х.Девонов кейинчалик ушбу хатти-ҳаракатининг сабабини тушунтириб, бундай деган: «Агар мен 1926—27 йилларда 15 ярим таноб келадиган ер-сувимни давлатга топширмаганимда, мени ўша вақтдаёқ, албатта, қулоқ қилган ва бутун хўжалигимни тортиб олган бўлардилар. Мен шу ҳолни эътиборга олган ҳолда шундай қилишга мажбур бўлдим».
Шубҳасиз, Худойберган Хоразм хонлигида бирор мавқега эга бўлмаган, ерсиз-сувсиз бир оилада дунёга келганида на техникага қизиққан, на кино-фото санъатининг Ўзбекистондаги биринчи намояндаси ўлароқ улғайган бўларди. У хон саройига яқин кишининг фарзанди бўлгани учун ҳам ёшлигида ХХ аср техникасининг дастлабки самараларини кўриб ўсди. Отаси туфайли Москва ва Петербург сафарида бўлиб, у ерда «синематограф жинниси»га айланди-қолди. Петербургдан қайтишида эса Ўзбекистонга биринчилардан бўлиб граммофон, фотоаппарат ва «Пате» русумли киноаппаратни – фото ва фонотехниканинг бу уч мўъжизасини олиб келди.
Диний фанатизм ва бидъат авж олган Хоразмда янги санъатга пойдевор қўйиш осон кечмади. Уни кофирликда, шайтоннинг измига ўтганликда айбловчи кимсалар оз бўлмади. Аммо Худойберган ҳар қандай қийинчилик ва дўқ-пўписаларга қарамай, ўзи танлаган йўлдан оғмади. У Хивадаги меъморий ёдгорликлар, бозор манзаралари, болалар ҳаёти лавҳаларини ленталарга муҳрлаб, уларни кўча ва майдонлардаги ўзи ташкил этган «очиқ кинотеатр»ларда намойиш этди. Техник тараққиётнинг ғаройиб самараси бўлган кино санъати қарийб ўрта асрлар шароитида яшаётган Хоразм аҳлини ларзага келтирди. Бу ҳам маърифатни тарғиб қилиш, халқда маърифатга нисбатан самимий меҳр-муҳаббат уйғотиш намунаси эди.
Таниқли киношунос Ҳамидулла Акбаровнинг тахминича, Х.Девонов бундай киносеансларни фақат Хоразм воҳасида эмас, балки аср тонгида ҳатто Самарқандда ҳам ўтказган. Агар олим тахмин этганидек, 1901 йил 18 март куни кеч соат саккизда Шердор мадрасаси ҳовлисида бошланган ва ҳатто Н.П.Остроумовни ҳам ҳайратга солган киносеанси Х.Девонов номи билан боғлиқ бўлса, демак, у мамлакатимизнинг бошқа шаҳар-қишлоқларида ҳам халқни янги ва истиқболли санъат билан ошно этиб борган.
Хоразм халқ республикаси ташкил топганидан кейин Х.Девонов молия нозири, тафтиш комиссияси раиси ва бошқа масъул лавозимларда халққа хизмат қилиб, ёш республикадаги маданий қурилишда фаол қатнашди. Унинг саъй-ҳаракати билан кинотеатрлар очилади, мактаб, интернат ва билим юртларида кино-фото тўгараклари ташкил этилади. У кинооператор ва фотограф сифатида ХХ асрнинг 20-йилларидаги Ўзбекистон ҳаётининг кинойилномасини яратади. Хоразмда ер-сув ислоҳотининг ўтказилиши борми, далаларга биринчи тракторнинг кириб келиши борми, хотин-қизларнинг паранжини ташлашлари борми, булар ҳаммаси — Х.Девоновнинг назар-эътиборидан четда қолмайди.
Х.Девоновнинг 100 йиллиги нишонланган кунларда «Хорезмская правда» газетаси бундай ёзган эди: «Унинг қанча метр киноплёнкага сурат олгани, қанча кишиларнинг фотосуратларини яратганини аниқлаш амри маҳол. Афсуски, биз унинг ҳужжатли кинода олиб борган иши ва изланишлари тўғрисида фақат баъзи бир парчалар асосидагина фикр юритишимиз мумкин. Унинг замонавий ҳаёт манзаралари муҳрланган фотосуратлари тақдири эса бирмунча яхшироқ.
Ўзбекистон кинематографчилари ўлкамиз тарихига, ўтган ва ҳозирги аср бошларидаги хоразмликларнинг миллий турмуш тарзига мурожаат этганларида, унинг кинокадрлари, фото ишларидан самарали фойдаланиб келдилар».
Х.Девонов ўтган асрнинг 30-йилларида «Узбекистанская правда» газетасининг мухбири сифатида Фарғона водийсини айланиб чиқди. Унинг шу даврда олган фотосуратлари республика газета ва журналларида мунтазам равишда босилиб турди. Ҳ.Акбаров берган маълумотга қараганда, Х.Девонов Тошкент киностудиясига таклиф этилиб, ундан студиянинг маҳаллий киномухбири бўлиш сўралди. Киностудия Х.Девоновга киноаппаратура ва плёнка юбориб, ҳужжатли филмлар учун мавзулар берди. Х.Девонов Москвадаги Қишлоқ хўжалик кўргазмаси учун «Ўрта Осиёнинг меъморий ёдгорликлари», «Хива ва хиваликлар» каби бир неча қисқаметражли филмларни суратга олди. Кейинчалик у «Совкино»нинг мухбири сифатида Москвага «Шўр кўл», «Ишчи аёллар» сингари сюжет ва лавҳаларни юбориб турди.
«Бутунроссия «Совкино» фотокинематография жамияти, — деб ёзади Ҳамидулла Акбаров, — Девоновга хроникали-ҳужжатли филмларни суратга олишда қатнашишни таклиф этган. Девоновнинг Москвага юборган ҳар бир сюжети тажрибали кинематографчиларнинг малакали баҳосини олган. Рус санъатдош биродарлар Девонов профессионал маҳоратининг ошишида унга ёрдам берганлар».
1935 йили Худойберган Девонов ижодий фаолиятининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Унинг Ўзбекистонда кино ва фото санъатлари ривожига қўшган ҳиссаси юксак баҳоланади. Х.Девонов ўша йилнинг 18 августида «Инқилоб қуёши» газетасида чоп этилган «Фотомухбирларни етказишга зўр аҳамият берайлик» деган мақоласида Хоразмда фотографияни ривожлантиришга қаратилган бир-биридан муҳим фикр ва таклифларни ўртага ташлайди.
Х.Девонов совет давлати билан муросаи мадора қилиб яшашга, унинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшишга қанчалик ҳаракат қилмасин, 1937 йилнинг қонли воқеалари бошлангач, хоразмлик бошқа давлат ва жамоат арбоблари қаторида у ҳам қамоққа олинди. Ўша йилнинг 30 август куни НКВД ходимлари биринчи ўзбек кинооператорини «собиқ хон нозирининг ўғли, Асфандиёр ва Мадраим хонларнинг шахсий фотографи, инқилобдан кейин эса ХХРнинг молия нозири» сифатида ҳибсга олиб, унинг ҳам Янги Урганч шаҳридаги, ҳам Хивадаги уйларида тинтув ўтказдилар. Тинтув пайтида қўшотар милтиқ билан бирга 300га яқин фотосурат, 120 варақдан иборат ёзишма, 17та турли-туман ҳужжат олиб кетилди ва кўп ўтмай, куйдириб ташланди.
Шу вақтда унинг оиласи 56 ёшли хотини Бекажон Отажонова, Хазорасп туман халқ таълими бўлимида фотограф бўлиб хизмат қилаётган 40 яшар ўғли Машариф Худойберганов ҳамда Онажон ва Ўғил исмли сингилларидан иборат эди.
Маҳбуслик анкетасида ёзилишича, Х.Девонов мадрасада таҳсил олган ва ўрта маълумотга эга бўлган.
Х.Девонов 8 сентябр куни бўлиб ўтган сўроқ пайтида терговчи саволларига жавоб бериш асносида тарихимизнинг, Абдулла Қодирий ифодаси билан айтсак, «кирли» даврлари бўйича муайян илмий қимматга молик қуйидаги маълумотларни баён этган:
Маҳбуснинг шаҳодат беришича, Хоразм халқ республикаси эндигина эълон қилинган бўлишига қарамай, унинг совет республикаларидан бирига айлантирилаётганини кўрган ва бу ҳолнинг фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини сезган маориф нозири Мулла Бекжон Раҳмонов 1921 — 1922 йиллари Жунаидхонга хат ёзади. Нозирлар кенгаши раиси Аминов, Марказий ижроия комитет раиси Ота Махсум Охунов, ҳарбий нозир Миркомил Миршаропов ва бошқа бир қанча ҳукумат аъзолари номидан битилган бу хатда Жунаидхондан Хоразмдаги совет ҳокимиятини ағдаришда ёрдам бериш сўралган эди. Аммо бу хат ГПУ айғоқчилари томонидан қўлга туширилиб, унинг барча ташаббускорлари қамоққа олинади ёки хизмат лавозимидан четлаштирилади. Бу янги маълумот ХХР раҳбарлари, шу жумладан, ҳарбий нозир Миркомил Миршароповнинг 1921 — 1922 йиллардаёқ совет давлати моҳиятини англаб етгани ва ўзбек халқининг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тегишли чоралар кўра бошлаганидан далолат беради.
Худойберган Девонов шу вақтда Хоразм халқ республикасининг молия нозири лавозимидан озод этилиб, эндигина ёш республиканинг Москвадаги мухтор вакили қилиб тайинланган эди. Лекин Москванинг ХХРдаги вакили Бек Х.Девоновнинг Москвага боришига рухсат бермайди ва у молия нозири сифатида фаолиятини давом эттиради.
1923 йили Х.Девонов ХХРнинг Москвада очилажак кўргазмасини ташкил қилиш бўйича комиссия таркибига киритилади. 1923 йил 12 августда Москвага бориб, декабрнинг сўнгги кунларида она диёрига қайтади. Х.Девонов комиссия раиси Аминатдинов билан бирга Хонқага етиб келганида Хива Жунаидхон лашкарлари томонидан қуршаб олинган, бинобарин, ХХР собиқ раҳбарларининг 1921 — 1922 йиллардаги мурожаати кечикиб бўлса-да, Жунаидхон томонидан эътиборга олинган эди. Х.Девонов вазиятдаги мазкур ўзгариш сабабли Аминатдинов билан бирга Тўрткўлга йўл олади. Аммо Жунаидхон лашкарлари мағлубиятга учрайдилар ва Х.Девонов Хивага қайтади. У ўша куннинг эртасига ЧК томонидан ҳибсланади. Тўғри, Худойберган ҳибсхонада бир кун ётгач, қўйиб юборилади. Орадан икки ёки уч ой ўтгандан сўнг у Мадраим Девонов билан бирга яна қамалади. Маълум бўлишича, М.Девонов ХХРнинг ташқи савдо нозири сифатида Москвага борган кезларида ўзининг хизмат вазифасидан фойдаланиб, Германияга пахта сотиш масаласида немисларнинг Москвадаги ваколатхоналаридан бири билан шартнома тузган экан. М.Девонов судда бу «айб»ини бўйнига олади ва Москванинг рухсатисиз немис ваколатхонаси билан шартнома тузгани учун отиб ташланади.
1928 йили Карим Болтаев Тошкентда, Ер ишлари халқ комиссарлигида ишлаётган эди. Худойберган Девонов шу йили Тошкентга фотоаппарат сотиб олиш учун келади. Аммо пули йўқлиги учун К.Болтаевнинг ҳузурига кириб, ундан моддий ёрдам сўрайди, ўзининг Фарғона водийсига саёҳат қилиш ва водийда содир бўлаётган ўзгаришларни тасвирга тушириш ниятида эканлигини айтади. Унинг илтимосига жавобан К.Болтаев бундай дейди: «Сиз халқ маорифи соҳасида самарали ишладингиз, шунинг учун ҳам биз илтимосингизни инобатга олибгина қолмай, сизни ўзимиз сафарга юборамиз».
К.Болтаев шу сўзларни айтиши биланоқ Халқ маориф комиссарлигидаги Жаргин деган кимсага қўнғироқ қилади ва унга Х.Девонов учун маблағ топиш масаласини топширади.
Шу ерда сўроқномада келтирилган маълумотлардан бироз чекиниб, «Узбекистанская правда» газетасининг 1928 йил сонларида эълон қилинган фотосуратларни бир эсга олсак. Х.Девоновнинг мазкур газетада нашр этилган Фарғона водийси ҳаётига оид туркум суратлари унинг кинооператор ва фотограф сифатида янги-янги ғоялар билан яшагани ва ўзи ҳамнафас бўлган тарихий даврнинг чин маънодаги фотойилномачиси бўлишга интилганини кўрсатади.
Х.Девонов берган маълумотга қараганда, Акмал Икромов 1935 ёки 1936 йилнинг сентябрида Урганч шаҳрига борган ва хоразмлик раҳбарлар билан бирга шоира Зулфиянинг акаси Нормат Исроиловнинг уйида меҳмон бўлган. Шу куни тошкентлик меҳмонни суратга олиш учун Х.Девонов ҳам Нормат Исроилов хонадонига таклиф этилган. Х.Девонов олий меҳмонни суратга олмоқчи бўлганида Акмал Икромов дастурхон атрофида ўтирган хоразмлик раҳбарларга мурожаат қилиб, бундай деган: «Буни қаранглар-а, Девон ота ҳам кексайиб қолипти. Унга нафақа тайинлашни сўраб округ ижроия комитети номидан хат тайёрланг ва тезроқ Тошкентга юборинг».
Х.Девонов шу воқеадан кейин тегишли хат ва ҳужжатларни олиб, Тошкентга келади. А.Икромов йўқлиги туфайли Қурбон Берегиннинг ҳузурига киради… Хуллас, орадан роппа-роса уч кун ўтгандан кейин Ф.Хўжаев имзоси билан Х.Девоновга нафақа белгилаш тўғрисида қарор тайёр бўлади ва у ойига 300 сўмдан нафақа олиб яшай бошлайди.
1881 йили Хивада туғилган Назирқул Шоликоров 1937 йил 16 августда Худойберган Девонов тўғрисида кўрсатма бериб, жумладан, қуйидаги сўзларни айтган:
«Хоразм инқилобидан кейин Худойберган Девонов молия халқ комиссари бўлиб ишлади. Девонов ўша пайтда ўз олдига мустақил миллий республикани барпо этиш, барча европаликларни Хоразм воҳасидан чиқариб юбориш вазифасини қўйиб, Хоразм халқ республикасининг бошқа раҳбарлари билан бирга совет ҳокимиятига қарши кураш олиб борди. Чунончи, Девонов ўзининг аксилинқилобий фаолиятини амалга оширар экан, 1923 йили бошқа раҳбарлар билан бирга Жунаидхон билан алоқа ўрнатди. 1924 йил бошларида Жунаидхон ҳокимият тепасида ўтирган аксилинқилобий ташкилот аъзолари билан келишиб, Хивага ҳужум қилди. Аммо ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сабаб бўлиб, Жунаидхон Хивани босиб ололмади, ҳокимият тепасида ўтирган барча раҳбарлар эса ҳибсга олиниб, отиб ташланди. Ўша пайтда Худойберган Девонов ҳам айбланди. У Жунаидхонга фотограф бўлиб хизмат қилган, Жунаидхоннинг талаби билан айрим саҳналарни суратга олган».
Терговчи Худойберган Девоновни аксилинқилобий фаолиятда айблаш учун бу сўзларни Н.Шоликоровдан қийноқ остида олган бўлиши мумкин. Аммо агар сўнгги маълумотни юқорида келтирилган фактлар билан ўзаро муқояса қилсак, унинг ҳақиқатга бироз бўлса-да яқинлиги аён бўлади.
Н.Шоликоров 1920 йили Хивани қўриқлаш гуруҳининг бошлиғи бўлиб хизмат қилган. У хизмат бурчига кўра, ХХРга хайрихоҳ бўлмаган ёки шубҳали хатти-ҳаракат билан шуғулланган кишиларни кузатиб юрган. Шундай кишилардан бири Заки Валидий эди. У Валидийнинг Хоразмга келиши ҳақида сўзлаб, бундай деган:
«Мен уч кунгача (Хоразмга) кимнинг келганини билолмай юрдим. Юсупов (сўз ўша пайтда ХХР ҳукумати бошлиғи Полвонниёз ҳожи Юсупов ҳақида бормоқда – Н.К.) бошлиқ барча халқ комиссарлари уйларига ҳам келмай, қаердадир йиғилиш ўтказаётган эдилар. Бу ҳол менда шубҳа уйғотди. Хоразм билан Бухоронинг бирлашган ҳолда кураш олиб бориши учун Хоразмга бухоролик вакиллар келишган эди. Мен музокара олиб бориш учун раис (тўғрироғи, вакил – Н.К.) этиб тайинландим. Романов мен билан бирга бўлди. Менинг ёнимда ўтирган Мулла Бекжон орадан бир неча соат ўтмай, кенгашни эртага қолдиришимни сўради ва ўзининг бу илтимосини уйида меҳмони борлиги, кетиши зарурлиги билан изоҳлади. Мен рози бўлдим ва биз иккимиз бир отга миниб у билан бирга кетдик. Худойберган Девоновнинг уйига яқин қолганимизда у отдан тушиб қолди. Мен уйимга келганимдан сўнг тоғам Оллоназар Матжоновни (у ўлган) халқ комиссарларининг уйдами-йўқми эканликларини текшириш учун юбордим. У милиция билан юриб, кечаси соат учда Юсуповни тутиб келтирди, аммо мен уни қўйиб юбордим.
Эрталаб Юсуповнинг олдига бориб, ўтган кеча қаерда бўлганини суриштирдим. У Раҳмонов Бекжоннинг, Жуманиёз хожи Полвонниёзовнинг, сўнгги кечада эса Худойберган Девоновнинг уйида бўлганини айтди. У ерда Заки Валидий билан бирга Айдаров ҳам бўлган. Юсуповнинг сўзларига қараганда, уларга кийим-бош ва пул бериб, Бухорога кузатиб қўйишган экан».
Н.Шоликоровнинг бу сўзлари Х.Девоновнинг кейинчалик гарчанд совет давлати билан муросаи мадорада яшаган ва ишлаган бўлса-да, ХХ асрнинг 20-йиллари бошларида бу давлатга қарши бўлгани, унинг Хоразм аҳолиси ва ХХРнинг миллий манфаатларига зид ҳаракат этувчи давлат, деб билганидан далолат беради.
Худойберган Девоновнинг шогирдларидан бири, 1905 йили Хивада туғилган ва фотография билан шуғулланган Мадрасул Юсупов эса, 1937 йил 15 августда ўтказилган сўроқда бундай маълумотни берган:
«Худойберган Девонов инқилобга қадар Саид Абдуллахоннинг кумуш ва қоғоз пулларни чиқариш бўйича нозири бўлган. Инқилобдан кейин Хоразм халқ республикасининг молия ишлари бўйича халқ комиссари ва тафтиш комиссияси раиси бўлган. Тахминан 1924 йилдан шу вақтга қадар Девонов сураткашлик қилади. Мен 1925 йилдан 1930 йилгача Девоновдан сураткашликни ўрганганман, бинобарин, уни ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариб ташлаш вазифасини қўйган миллатчи сифатида биламан.
Мен Девоновга шогирд бўлган 1925 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда Комилжон Девонов (ҳозир Тошкентда қаердадир хизмат қилади, ёзувчилар идорасида бўлса керак) ва яна бир қанча кишилар мунтазам равишда йиғилишиб турарди. Худойберган Девонов бу йиғилишларда аксилинқилобий миллатчилик тарғиботи билан мунтазам равишда шуғулланган. Девонов, бундай дер эди: «Биз совет ҳокимиятига ҳамма нарсамизни — ер-сувимизни ҳам, отларимизни ҳам бердик, мана энди ёлғиз ўзимиз сўппайиб қолдик…»
Ўша даврда совет давлатидан бундай шикоят сўзларини фақат Худойберган Девонов эмас, балки шу давлат туфайли хонавайрон бўлган минглаб-ўн минглаб кишилар ҳам айтишган. 1937 йили йигирма ёшга тўлиб, қадди-қоматини тиклаб олган давлат энди ана шундай кишиларни битта ҳам қолдирмай қириб ташлашга тайёр эди. У шу ёвуз мақсадини амалга ошириш йўлида маҳаллий аҳолидан, кишилардаги ҳасад, ғайирлик, худбинлик, қўрқоқлик ва сотқинлик сингари салбий хислатлардан усталик билан фойдаланди.
1938 йил 5 октябрда Худойберган Девоновнинг жиноий иши юзасидан чиқарилган ҳукмда бундай даҳшатли туҳмат сўзлари бор:
«Девонов 1920 йилдан «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлган, Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил этишда фаол қатнашган, Англия разведкаси агенти – Туркманистондаги босмачилик ҳаракати бошлиғи Жунаидхон билан алоқа ўрнатиб, у билан яқин муносабатда бўлган. Кейинчалик Ўзбекистон ССР ҳудудларида фаолият кўрсатган ва ўз олдига Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, Совет ҳокимиятини ағдариш ва буржуа давлатини барпо этиш мақсадини қўйган аксилинқилобий миллатчилик, қўзғолончилик, террорчилик ва қўпорувчилик-зараркунандачилик ташкилоти раҳбари Хўжаев билан алоқа ўрнатган. Девонов ташкилотнинг ВКП(б) ва Совет ҳукумати раҳбарларига нисбатан курашнинг террорчилик методини тўла маъқуллаган. Юқорида тилга олинган ташкилот раҳбари Хўжаев Файзулланинг топшириғига кўра, Англия разведкаси учун Ўзбекистон ССР туманлари бўйлаб жосуслик материалларини тўплаган…»
Агар тарих ҳужжатларига ишонсак, машъум суд мажлиси 1938 йил 5 октябр куни эрталаб соат 10дан 35 дақиқа ўтганда бошланган. Судда ушбу айбнома сўзлари ёзилган ҳукм маҳбусга ўқиб берилган. Аммо яна бир ҳужжатга кўра, биринчи ўзбек кинооператори ва фотографи Худойберган Девонов ўша йилнинг 4 октябр куни, яъни суддан бир кун аввал Тошкентнинг Юнусобод даҳасидаги қатлгоҳда отиб ташланган ва унга шахсан тегишли бўлган мол-мулк давлат фойдасига мусодара этилган.
Орадан роппа-роса йигирма йил ўтгач, Х.Девонов иши қайта кўрила бошланди. Шу вақтда ушбу мақолада тилга олинган фақат бир киши – Мадрасул Юсуповгина барҳаёт эди. У НКВД ходимларининг саволларига жавоб бериб, олдинги сўроқ пайтида баён этилган кўрсатмаларидан воз кечган ва уларни ўқимай туриб имзолашга мажбур бўлганини айтган ва Худойберган Девонов тўғрисида бундай сўзларни айтишни ўзининг виждоний бурчи деб билган:
«Девонов инқилобга қадар Хоразм пулини босиб чиқарувчи устахонанинг бошлиғи эди… Инқилобдан кейин Девонов Хоразм халқ республикасининг молия халқ комиссари бўлди. Тахминан 1924 ёки 1925 йиллари суратхона очиб, ўша вақтдан бошлаб ҳамма вақт сурат олиш билан машғул бўлди. Уни сураткаш сифатида қадрлашган, негаки, у турли-туман кўргазмалар уюштириб, уларда Хоразм вилоятининг маданият, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида эришган ютуқларини акс эттирган. Фойдали меҳнати учун Девоновни бир неча маротаба мукофотлаб, юбилейини ўтказишган ва ҳатто уни Москвага кўргазма иштирокчиси сифатида юборишган. Мен узоқ вақт у билан бирга ишлаганман, сирасини айтганда, сураткаш сифатида унинг шогирди бўламан».
Бу йил ўзбек кинопублицистикаси ва фото санъатининг қалдирғочи Худойберган Девоновнинг туғилганига 125 йил тўлади. Умид қиламизки, шу муборак сана муносабати билан киношуносларимиз яна Худойберган Девонов ижодий фаолиятини ўрганишга қаратилган ишларини давом эттирадилар. Қадимий ва навқирон Хоразм эса бу ажойиб фарзанди хотирасини муносиб бир шаклда эъзозлайди.

Наим Каримов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 32-33-сонидан олинди.