Микеланжело: ‘‘Мени тушунмайдилар…’’

Санъатдаги даҳолардан ҳисобланмиш Микеланжело Буонаротти ўз дастхатини нафақат Уйғониш даврида, балки бутун инсоният тарихида қолдирган, десак, муболаға бўлмайди. Италиянинг икки йирик шаҳри – Рим ва Флоренцияда ҳали-ҳамон унинг нафаси барҳаёт…

Микеланжело 1475 йил 6 мартда Тосканодаги Капрезе шаҳарчасида флоренциялик дворян Лодовико Буонаротти оиласида таваллуд топди. Баъзи биографларнинг ёзишича, унинг бобокалонлари итальян графлари авлодидан бўлган. Лекин отаси Лодовиконинг топиш-тутиши ночорлашгани сабаб, Микеланжелони бошқа бир оила ўз боқувига олади. Ҳунарманд эр-хотинлар қўлида тарбия топган бола ўқиш ва ёзишдан ҳам олдин лой қориш ва майда ўйинчоқлар ясашни ўрганади. Ке­йинчалик дўсти бўлмиш санъатшунос Жоржо Вазарига: “Менинг бахтим – тоза, юмшоқ, соз тупроқли ерда туғилганим. Санъатга бўлган муҳаббат менга асраб олган онамнинг меҳри орқали ўтган”, деб кўп бор таъкидлаган. Ўғлининг интилишларига аввалига қаршилик кўрсатган, сўнг кўнишга мажбур бўлган Лодовико болакайни машҳур рассом Доменико Гирландайо устахонасига шогирдликка беради.

Бир йил давомида Микеланжело устахонада санъат сир-асрорларини ўрганди. Сўнг Флоренция ҳокими Лоренцо Медичи ташаббуси билан ташкил этилган ҳайкалтарош Бертольдо ди Жованни устахонасида таълим­ни давом эттиради. Ҳоким Микеланжелонинг қобилиятига тан бериб, уни оталиғига олади. Икки йил давомида Буонаротти Медичининг саройида рассом лавозимида фа­олият юритади. Шу йилларда “Зина қошидаги Мадонна” ва “Кентаврлар жанги” асарларини яратади.

Микеланжело 1494-1495 йилларда Болоньяда яшаб ижод қилди ва ўша йиллари Авлиё Доминик аркаси учун ҳайкалтарошлик композицияларини, Флоренцияга қайтгандан сўнг “Авлиё Йоҳаннес” ва “Уйқудаги Купидон” асарларини яратди. 1496 йили кардинал Рафаэль Рирарио унинг мармардан ясалган “Купидон”ини харид қилиб, ўзини Римга таклиф қилди.

1501 йилда санъаткор Флоренцияга қайтиб келиб, ижодини давом эттиради. Ўша йилларда унинг “Давид”, “Ўн икки ҳаворий”, “Авлиё Матто”, “Мадонна”, “Кашинедаги жанг” каби машҳур асарлари дунёга келади.

Унинг маҳорати ва иқтидори рангтасвир асарларида ҳам, пластикага бой ҳаракатларда ҳам, ўта мураккаб ҳолатларда ҳам яққол намоён бўлади. Микеланжело Флоренцияда “Давид” ҳайкалини (Уйғониш даври санъатининг нодир дурдонаси) яратган. Бу асар асрлар давомида инсон идеал қиёфасининг мезони сифатида эътироф қилиниб келмоқда. Бироқ ижодкор ўзининг кучли ҳис-туйғу ва ички кечинмаларини айнан рангтасвирда, шакл ва ранг уйғунлигида намоён эта олган. У Рим папаси Юлий II нинг буюрт­масига биноан Секстин капелласи шифтини муқаддас Инжил китобидан ҳикоя қилувчи рангтасвир композицияси ила безаган. Ушбу асарда 300 дан ортиқ персонаж маҳорат билан тасвирланган. Муаллифнинг хаёлот дунёси, ғоялари шу қадар мураккаб ва хилма-хилки, кўп бора ўз ички кечинмаларига қарши чиқиб, асарларининг бахридан ўтган пайтлари ҳам бўлган. Ўлимидан олдин-ку жуда кўплаб қоралама расмларини ёндириб йўқ қилган. Сабаби, бой фантазияси ва ғояларини оддий одамлар тушуниб етишга қийналади, деб ўйлаган.

2007 йили Ватикан архивларидан бирида Микеланжелонинг охирги ишларидан намуналар – Авлиё Пётр ибодатхонаси гумбазини безаш учун тайёрланган қоралама суратлар топилди. Унинг асарлари бошқа бир неча музей ва архивлардан ҳам топилган. Улар ва Микеланжелога тегишли бошқа ижод намуналари унинг ҳозирги кунгача ғоят гўзал ва такрорланмас ҳайкалтарошлик ҳамда рангтасвир асарлари муаллифи сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди. Унинг кўпчиликка номаълум қирраларидан яна бири – Микеланжело ажойиб шоир ҳам эди. Шоирлик қобилияти Микеланжело умрининг сўнгги йилларида намоён бўлди. Унинг 300 дан ортиқ шеърлари, сонетлари ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Истеъдодли немис ёзувчиси Вильгельм Ланг Микеланжелонинг адабий ижоди бўйича изланишлар олиб бориб, тадқиқот ҳам яратган.

1536 йилда Римга келган 47 ёшли Маркиза Виттория Колонна 61 ёшли Микеланжелонинг чинакам муҳаббатига сазовор бўлади. Рассом аксарият вақтини севимли аёли билан ўтказар, унга атаб оташин шеърлар ёзар ва унинг гўзал сиймосини мўйқаламда тасвирлар эди. Бироқ Виттория кўп ўтмай буюк санъаткорни ёруғ оламда ёлғиз қолдириб, ҳаётдан кўз юмади. Севимли аёлининг ўлимидан Микел­анжело қаттиқ тушкунликка тушади.

Микеланжело ва Витториянинг бир-бирига ёзган дардчил номаларида битилган изҳорлар нафақат биографик далил-исбот, балки чексиз ўй-хаёл, ўткир ақл, оташин муҳаббатнинг жонли намуналари ҳамдир.

1564 йил 18 февраль куни ҳаётдан кўз юмган Микеланжело Флоренцияда дафн этилади. “Бу дунёни айнан ҳозир – касбимни энди-энди ҳижжалаб ўргана бошлаганимда тарк этаётганимдан афсусдаман”, деган экан буюк мусаввир ўлими олдидан…

Шаҳноза Қосимова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон