Михли Сафаров. Қомусий даҳо (Леонардо да Винчи)

http://n.ziyouz.com/images/leonardo.jpg

Оврупада XIV-XVI асрлар ора­лиғида шижоатли бир суръатда рўй берган Уйғониш даврида (Ренессанс) илмий ва бадиий тафаккурнинг бир гуруҳ алп намояндалари етишиб чиқди. Италиянинг буюк фарзанди, забардаст аллома, тенгсиз муҳандис ва мусаввир Леонардо да Винчи ана шундай нодир сиймолардан биридир.

Леонардо да Винчи 1452 йилнинг 15 апрелида Флоренция шаҳар-давлатига қарашли Винчи шаҳарчаси­да 26 ёшли нотариус Пьеро да Винчи оиласида туғилди. Леонардо болалигидан кўркам, қадди-басти келишган, ғоятда хушсурат йигит бўлиб ўсади. Ўша даврининг таниқли рассоми ва ҳайкалтароши, Леонардонинг илк мураббийси Андреа Вероккио афсонавий қаҳрамон Довуднинг ҳайкалини ишлаш жараёнида 17-18 ёшли Леонардонинг ташқи кўринишини асос қилиб олган.

Леонардо ўз кундаликларида ўзини “китоб кўрмаган одам” деб айтади. Унинг кичик замондоши, таниқли рассом ва тарихчи олим Жоржио Вазари ўз даврининг машҳур рассомлари, ҳайкалтарошлари ва меъморлари ҳаётига бағишланган китобида (1550 й.) Леонардони “ўрмонда тарбия кўрган болакай” деб, бироз кулги билан қаламга олади. Дарҳақиқат, Леонардо болалигида бирон бир мактабда ўқимаган, илк хат-саводини, санашни ва ёзишни оиласида яъни, отаси Пьеродан ўрганади. У мустақил равишда шу қадар савод чиқара олдики, отаси унинг ҳуснихатига маҳлиё бўлиб, ўзининг барча нотариуслик ҳужжатларини унга ёздирар эди. Бунинг устига, болакай Леонардо ўз-ўзидан ҳайратомуз ва ажабтовур суратлар чиза бошлайди. Унинг балиқчалар, чиғаноқлар, дарахтлар акс этган суратлари ниҳоятда жонли ва ҳаётий эдики, отаси ундан “Буларни ўзинг чизганмисан?” деб сўрайди. Леонардо аста елкасини учиради. Ота ўғлининг чизган барча суратларини жамлаб, у билан бирга тўппа-тўғри Флоренцияга – Андреа Вероккионинг ижодий устахонасига боради. Бу ерда Леонардо олти йил давомида ижод билан шуғулланади ва Флоренцияда таниқли рассом, ҳайкалтарош ва муҳандис-ихтирочи бўлиб етишади. У бу даргоҳда Андреа Вероккио, Тосканелли, Лука Пачоли каби Италияга машҳур метаматик, табиатшунос, анатомиячи олимлардан кўп нарса ўрганади. Хуллас, “ўрмонда ўсган болакай” ўз даврининг етук билим ва малакага эга бўлган алп йигитларидан бирига айланади.

Унинг қобилияти ва иқтидорига тан берган устози Андреа Вероккио кунларнинг бирида “Чўқинтириш” деган рангтасвир асарини яратиш пайтида шогирдини ҳамкорликка жалб этади. Леонардо бу асарда битта фаришта ва бир неча майсанинг суратларини чизади, холос. Аммо бу чизгилар шу қадар жонли ва табиий чиқадики, улар бутун асарга нафислик ва мафтункорлик бағишлайди. Андреа шогирдининг истеъдодига яна бир бор тан беради ва шундан кейин у мусаввирликдан бутунлай воз кечиб, ҳайкалтарош, заргар уста ва муҳандис бўлиб қолади.

Леонардо айнан шу устахонада ихтирочи сифатида танилади. У бевосита одамлар меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат самарасини оширадиган техникавий қурилмалар яратишга астойдил бел боғлайди. Флоренцияда ўша пайтда чит ва сатин матоларини тўқиш оммалашган, аммо бу дастгоҳлар қўл меҳнатини талаб қилар эди. Леонардо соҳадаги меҳнат ускуналарини ўрганиб, йигириш, жун ва пахта титиш, тўқиш ишларини бажарувчи техникавий дастгоҳлар яратади. Аммо бу дастгоҳлар намуна, андоза сифатида қолиб кетади. Ўша пайтдаги давр Леонардо ихтироларини кенг ишлаб чиқариш ва амалиётга жорий этиш даражасида эмасди. Кейинги йилларда у нималарни ихтиро қилмади, дейсиз? Ер ҳайдаш, ер бурғулаш, металлургия печлари, велосипед занжирлари, шишасозлик, кўзойнак, ўзига хос танк, пулемёт, сув ости кемаси… 1972 йилда Парижда чиқадиган “Экспресс” газетаси Леонардо ўз даврида буғланиш ва электротехника қўлланилмасдан ишлатиладиган деярли барча механик қурилмаларни яратишга улгурганлиги тўғрисида ёзган эди.

Боз устига, Леонардо ўз даврининг буюк табиатшунос, математик олими ҳам эди. 1882 йилда Оврупада нашр этилган физика фани тарихига доир бир йирик қомусий китобда: “У физика фани соҳасида ниҳоятда кенг ва ўткир ақл-идрокни намойиш эта олди. Леонардонинг қарашлари ўз асридан бир неча юз йилларга илгарилаб кетган эди”, дейилади. “Ҳайратланарли жиҳати шундаки, – деб ёзади бизга замондош фан тарихчиси Ирина Радунская, – тиббиёт соҳаси мутахассислари эмас, балки айнан ана шу рассом (яъни Леонардо!) инсон думғазасидаги умуртқа суякларининг миқдорини аниқлаб берган эди”. “Юзта буюк кашфиёт” номли илмий-оммабоп китобда эса: “Унинг (Леонардо да Винчининг) илмий қарашларида ҳозирги геология фанига пойдевор бўлиб хизмат қиладиган тадқиқот ундалари (принциплари) мавжуд” деган хулосани учратамиз.

У, айниқса, математика фанини жуда қадрларди. Ҳатто у учадиган қушларни ўзининг қайдномаларида “математик қонуниятлар асосида ҳаракатланадиган мавжудот” деб таърифлаган эди.

Дарвоқе, қушларнинг тана ва қанот тузилишлари, уларнинг митти аъзолари ўртасидаги ўзаро мутаносибликни чуқур ўрганган Леонардо тарихда биринчи бўлиб учиш назариясини ва учиш қурилмаларини яратишга муваффақ бўлди. Ҳозирги самолётсоз конструкторлар унинг учиш назариясининг мукаммаллигини якдиллик билан эътироф этмоқдалар.

Леонардонинг кундаликларида “геометрия – нуқта ва чизиқлардан бошланади”, деган оддий қоидадан тортиб, арифметика, геометрия, тригонометрияга оид мураккаб қои­даларнинг ўзига хос, “Леонардочасига” баён этилган намуналари кўплаб учрайди. Айниқса, унинг “Олтин кесишув” назарияси меъморчилик ва мусаввирлик санъати ривожига самарали хизмат қилиб келмоқда ва у “математиканинг олтин­ қоидаларидан бири” деб тан олинган. Леонардонинг тасвирий санъатдаги “перспектива” (истиқбол), “про­порция”­ (мутаносиб­лик) масалаларига оид назарий қа­рашлари ҳам катта қимматга эга.

Леонардо да Винчининг бошқа кўпгина илм-фан соҳаларига (масалан, ботаника, физиология, оптика, астрономия, маъданшуносликка) оид илмий-назарий қарашлари ҳам бугун бениҳоя қадрланиб келинмоқда. Унинг муҳандислик, меъморчилик, механикага оид кундалик дафтарларидаги ғоялар, лойиҳа тарзида қолган чизмалари XIX–XX асрда кўпгина ихтироларга асос, туртки бўлди. Леонардо – қомусий даҳо эди. Тарихчи ва маданиятшунос олимлар гоҳида ҳазил оҳангида: “Леонардонинг ҳа­ётда шуғулланган соҳаларидан кўра шуғулланмаган соҳаларини санаб кўрсатиш осонроқ” дейишади. Модомики, “даҳо” деган таърифни Леонардога тадбиқан ишлатаётган эканмиз, шуни айтиш керакки, даҳолик унинг табиатида, ҳаётга оддий қарашларида акс этиб турарди. Масалан, 1492 йилда сайёҳ Колумб ўзи билиб-билмай Америка қитъасини кашф этди. Аммо бунинг учун ўзи бошлиқ денгизчилар билан Атлантика океани орқали учта кемада 70 кун йўл босди. Леонардо бу хабарни Италияда туриб эшитганида қирқ ёшда эди. Табиийки, бу улуғ сафарни ўз даврида ҳар ким ҳар хил қабул қилди. Бировлар Колумб жасоратига қойил қолди, янги қитъа тўғрисидаги бу хабар эса бошқаларни қаттиқ ҳаяжонга солди. Колумб ўша қитъадан олиб келган олтинлар бировларнинг оромини ҳам ўғирлади. Леонардо бу воқеани хотиржамгина эшитди. Ўша олис қитъага 70 кун мобайнида уммонлар оша сузиб боришдан кўра, бир неча соатда учиб бориш мумкинмасмикин, деган фикр уйғонади унда. Ва бу фикрни рўёбга чиқариш учун у умрининг қолган чорак асрини сарфлади. Бундай фикр фақат ўта журъатли ва фавқулодда тарзда фикр юритадиган антиқа, ажабтовур одамларда – даҳоларда уйғониши мумкин. Леонардо тарихдаги ана шундай, тараққиётга куч ва қанот бағишлайдиган кучли ва ғаройиб шахслардан бири эди.

Леонардо диний-илоҳий тафаккурдан дунёвий тафаккурга ўтиш даври бўлган Уйғониш асрларининг даҳосидир. У Оврупа Уйғонишига катта жўшқинлик бағишлади. Табиатшунослик фанларини ривожлантирди. Ўрта асрларга хос китобий билим ва ақидалардан – схоластикадан юз ўгириб, бевосита атрофдаги оламни, табиатни ва инсонни чуқур таҳлил ва тадқиқ этишга киришди. Тажриба, амалиётни “мураббийларнинг мураббийси” деб билди. Леонардо илмда ва ижодда нимаики ютуқларга эришган бўлса, буларнинг барчасини ҳаётдан ва одамларни ўрганишдан топди. Леонардо ҳаётий тафаккурларнинг чўққиларига кўтарилди ва реализмнинг буюк неъматларига эришди.

Айниқса, Леонардо да Винчининг мусаввирлиги реализмнинг нималарга қодирлигини катта куч-қудрат ила намойиш этди. Бир қарашда унинг кўпгина асарлари диний-илоҳий мавзулар ва диний-илоҳий сиймоларга бағишлагандай бўлиб туюлади. Унинг Милан монастридаги “Махфий оқшом” (1495-1497) деворманзараси чизгиларини ўз замондошлари ва ҳозирги кунлардаги ихлосмандлари кўзларига суртиб тавоф қилишларини айтишади. Унинг мадонналарга ба­ғиш­ланган “Мадонна Бенуа” (1478 й­),­ “Мадонна Литта” (1470-1490 йиллар), “Қоядаги Мадонна” рангтасвирлари ҳам исовия динининг табаррук китобларидаги ривоятлар ва сиймоларга таянади. Эътиборлиси шундаки, бу диний-илоҳий сюжетлар ва қаҳрамонларни Леонардо мутлақо ҳаётий, инсоний руҳ ва мазмун-маъноларда талқин этади.

Масалан, диний китоб (“И­н­жил”­)да баён этилган ривоятларга кўра, кечки овқат маҳалида Исо Христос стол атрофида ўтирган ҳаворийларига ниҳоятда совуқ хабарни – ўзини улардан бири айғоқчиларга сотиб қўйганлигини маълум қилади. Бу хабар даврада ўтирганларни ларзага келтиради. Ҳаворийлар ноқулай аҳволларга тушиб қоладилар. Ёш Иоаннинг боши бу афсусланарли воқеадан эгилади. Қони қайноқ, қовоғи солиқ Пётрнинг қўли белидаги ханжарга ёпишган, у бундай хоинни чавақлаб ташлашга тайёр. Фома машъум хабарга ишониб-ишонмай, олазарак ўтирибди. Яков: “Бу ёғи қандай бўлди?” дегандай қўлларини икки томонга ёйган – Исо Христос ўртада хотиржам, сўлғин, ўйчан, мадорсиз қўлларини столга босиб ўтирибди. Сотқин Иуда эса… безовта руҳда. Улар диний-илоҳий сиймолар. Лекин тасвирда ҳар бири ўзига хос инсоний қиёфада гавдалантирилган. Унда муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, олийжаноблик ва тубанликнинг ўзаро курашидан иборат абадий мавзулар инсоний фазилатлар ва қарашларда ўзига хос тарзда намоён бўлган.

Леонардо да Винчининг мадонналари ҳам ҳаёт таянчи бўлмиш оналарга хос соҳир ҳис-туйғуларни ўзида мужассам этган.

Мусаввирнинг машҳур асарларидан бири “Жоконда” (1503 й) портрет асаридир. Уни “Мона Лиза” деб ҳам аташади. Аммо бу атама санъат тарихида доимо баҳсли бўлиб келяпти. Шунга қарамай, ушбу портрет реалис­тик тасвирий санъатнинг энг нодир асарларидан бири саналади. Париждаги Лувр музейи деворида илиниб турган “Жоконда” портретидаги аёл бамисоли тирикдек, гўё сизга тикилиб тургандай…

Бундай жонли тасвирни ишлаш тарихда камдан-кам мусаввир­ларга насиб этган. Унинг ру­ҳи­ятидаги мураккаблик кишини му­лоҳазага, мушоҳадага, фикрлашга ундайди. Асарда ҳаётнинг барча чи­­ғириқларини, пасту баландини матонатли ва оқилона енгиб ўтган ва идрок этган аёл билинар-билинмас жилмайиб турибди. Бу нимтабассум ҳарорати бутун асарга ёйилиб, унга нур бағишлаётгандай. Тасвирдаги мана шу билинар-билинмас, тутқич бермайдиган руҳий бир ифода италь­ян тилида “сфумато” дейилар экан. Мана шу сфумато Леонардонинг деярли барча асарларида у ёки бу ҳолатда кўзга ташланиб, уларга сеҳр бағишлаб туради. Сфумато – санъатда Леонардонинг кашфиётидир.

Тарихда Леонардонинг атиги 8 ёки 9 та асари сақланиб қолган, холос. Аммо шу саноқли асарларидир Уйғониш даврининг ўлмас, абадийликка юз тутган дурдона асарлардир.

Биз юқорида Леонардони моҳир мусаввир сифатида эътироф этдик. Зотан унинг кўпчилик билмайдиган яна бир қанча қирралари ҳам бор. У созанда, хонанда, ёзувчи, шоир ва меъмор ҳам эди. Унинг сонетлари, теран маъноли масаллари бугунги кунда ҳам севимлидир. У яратган най сози ҳозирда Италия музейларидан бирида сақланади. Яна бир мусиқий асбоби эса кейинчалик виолончель созини яратишга замин бўлди.

Леонардодан ўз қўли билан ёзган биронта китоб бизга мерос бўлиб қолмаган. Ундан бор йўғи 7 минг саҳифадан сал кўпроқ ҳажмдаги кундалик қўлёзмалар қолган, холос. Улар ҳам антиқа тарзда ёзилган бўлиб, чапдан ўнгга қараб ўқилади. Унинг ёзувларини кўзгуга тутилса, ҳарфлари ўнгланади. Шу боисдан, бу қўлёзмаларни ўқиш ва айниқса, китоб ҳолида нашр этиш мутахассислар учун “игна билан қудуқ қазишдек гап” бўлиб келди. Лекин, барибир, улар китобларга айланди ва Леонардонинг кўп жилдли китоблари дунё тилларида бир неча бор нашр этилди. Унинг кундаликлари тўғрисида XVIII аср охирида матншунос бир олим илмий маъруза қилади. Кейин Леонардо меросига қизиқиш кучайди. Уларни нашр этишга эса XX асрнинг иккинчи ярмидан киришилди. Бугун ана шу қўлёзмалар “Леонардо” деган буюк қомусий илмий ва ижодий оламни дунёга танитди ва ундаги бойликлар ҳайратга солди. Кундалик дафтарларнинг саҳифаларида табиат ва қушларга оид кузатишлар, турли фанларга оид илмий фаразлар ва хулосалар, тасвирий санъатга оид назарий ўйлар, турли муҳандислик чизмалари, лойиҳалар, расмлар, сонетлар, теран маъноли масаллар… Бу етти минг саҳифали қўлёзмалардаги қаламчизги суратларнинг ўзи – алоҳида бой бир дунё. Улар биологияга, геологияга, анатомияга, жўғрофияга ва бошқа фанларга оид. Шунингдек, бетак­рор табиий лавҳалар, қиёфалар, қиёфаларнинг айрим қисмлари, келажакда яратилиши ният қилинган йирик асарларнинг митти эскиз ҳолатдаги дастлабки қораламалари… Бу қўл­ёз­малар ҳали кўп ўрганилади ва кўп маънавий озуқ беради. Леонардонинг янги ва янги қирралари очилаверади…

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон