Маъмур Умаров. Саҳнавий характер яратиш машаққатлари

Яқинда Муқимий номидаги мусиқали драма театридаги жамоатчилик кўригидан сўнг муҳокама қилинган спектаклда характерлар тўғрисида баҳс-мунозара бўлиб ўтди. Ушбу баҳсдан сўнг режиссёр ва актёрлар учун характер яратиш борасида назарий ва амалий тавсиялар зарур эканлиги ҳақида мулоҳаза туғилди. Чунки актёрлик санъатида саҳнавий характер яратиш масаласи режиссёрликда бадиий яхлит спектакль пайдо қилишдек мураккаб жараён. Спектаклнинг бадиий яхлитлигини ташкил қиладиган унсурлар уйғунлигига эришиш режиссёрдан қанчалик катта қувват, ғайрат, билим, маҳорат ва ирода талаб қилса, актёр учун ҳам саҳнавий характер яратиш ўзига хос мураккабликка эга.

Адабиётшунослар драматург яратган ёрқин асарларни таҳлил қилишда жуда катта ва бой тажрибага эга. Лев Толстой ибораси билан айтганда, характер яратишда бетакрор ҳисобланган “Шекспир тўғрисида терандан-теран рисолалар бор. Унинг ижоди ҳақида 11000 жилд ёзилган ва шекспиршунослик деган бутун бошли бир илм соҳаси майдонга келган”[1]. Бу 111 йил аввал айтилган фикр эди. Бугун характер масаласи билан қизиқадиган илм соҳалари кўпайиб кетди. Адабиёт, театр, педагогика, психологиядан сўнг физиология, тиббиёт, космонавтика, социология, сиёсатшунослик каби соҳалар ҳам бу масалага ўз нуқтаи назаридан аниқлик киритишга интилмоқда.

Театр санъатига бағишланган илмий рисолаларда характер яратишга бағишланган махсус тадқиқотлар саноқли. Улар орасида Аристотель “Поэ­тика” асарида айтиб ўтган нуқтаи назар қисқа ва лўндалиги билан ҳамон аҳамиятга эга. Бу борада Станиславскийнинг “Характер ва характерлилик” номли тадқиқоти ҳам муҳим ўрин тутади. Беш жилдли “Театр санъати энциклопедияси”да “саҳнавий характер” мавзуси қисқача ёритилган. М.Чехов саҳнавий характер яратишдаги ўз изланишлари ҳақида актёр техникасига бағишланган мавзуларга ойдинлик киритган. В.Блок “Станиславс­кий системаси ва драматургия муаммолари” номли тадқиқотида бу мавзуга қисқача тўхталган. Ҳ.Муҳаммаднинг “Сценарийнавислик маҳорати” номли дарслигида ҳам характер яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Лекин бу борада биронта магистрлик ёки докторлик диссертациясини мисол қилиб келтириш қийин. Сабаби, бундай долзарб муаммони кўтариш учун драматург, режиссёр ва актёрнинг ижодий ҳамкорлигида кечадиган жараённи ҳамда саҳна қонун-қоидаларини яхши билиш керак. Бу уч бирлик бир-бирини тўлдиради, бойитади, ижодий ҳамкорликда бадиий шакл топади, уни актёр ижросида шакллантириб, ролни образ даражасига олиб чиқади.

Бугун саҳнавий характер яратиш ва спектаклнинг бадиий яхлитлиги масаласи ўз тадқиқотчисини кутмоқда. Чунки актёр яратган ролнинг характери образ даражасига кўтарилмас экан, спектаклнинг бадиий яхлитлиги тўғрисида тугал фикр билдириш мумкин эмас. Актёр драматург томонидан асар ғоясини очиш учун персонажга берган характерни бадиий образ даражасига олиб чиқолмаса, ёрдамчи воситалар бўлмиш – декорация ва жиҳозлар кераксиздай; мусиқа актёр айбини ёпувчи воситадай ёки узуқ-юлуқ жойларни ямаб турган ямоқдай туйилади. Бундай “томоша”дан кейин спектаклни “таҳлил” қилиб, оммавий кўрик учун тавсия қилган мутахассисга, айниқса, театршуносга таҳсинлар айтишдан бошқа илож қолмайди.

Характер яратиш мавзуси атоқли мунаққид ва таржимон Озод Шарафиддиновни ҳам безовта қилгани “Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида” таржималар тўпламига киритилган олимларнинг тадқиқотларида кўринади. Театр аҳлини, айниқса, ёш тадқиқотчилар эътиборини шу мавзуга қаратиш мақсадида, улардан айрим фикрларни олиб, бир тизимга келтирдик.

Атоқли норвег адиби Даг Сулстад саҳнавий характер яратиш масаласида шундай дейди: “Саҳна санъати моҳиятини ўзаро мустаҳкам боғланган учта унсур ташкил қилади. Булар – воқеалар муҳити, характерлар ва уларнинг ҳаракати… Агар бирор унсур эътиборсиз қолдирилса, бадиий яхлитлик пайдо бўлмайди. Агар воқеа муҳити пайдо бўлмаса, характерлар маънавий моҳиятини йўқотади, натижада актёрлар ҳаракати мантиқсиздай кўриниб, таъсир кучи сусаяди. Демак, театр санъати билан шуғулланадиганлар саҳна қонун-қоидаларини, унинг имкониятларини бошқалардан кўра кўпроқ ва яхшироқ билмоғи заруратга айланади. Саҳна усталарининг заковати ва таълим даражаси юқори бўлмоғи зарур. Чунки характер доим персонажлар тақдири билан боғлиқ ҳодиса. Актёр заковати саҳнада содир бўлаётган воқеага аниқлик киритувчи ва персонажлар ҳаракати орқали характерларни зиёлантирувчи омил сифатида намоён бўлади ва ижрода ҳам уч унсур уйғунлиги томошабинни воқеа иштирокчисига айланишига имкон яратади”[2].

Характернинг ҳаётийлиги ҳар қандай асарнинг умрбоқийлигини таъминловчи асосий омилдир, дейди атоқли инглиз адабиётшуноси Жон Голсуорси. Унинг фикрича, характер яратишга қодир иқтидор эгаси, ўз ҳаётий тажрибаси жамланган “омбори” – онг остидаги тарқоқ парчаларни ташқарига олиб чиқиб, уларни алоҳида қобилият билан гуруҳлаштириб, бир бутун қилиб, яхлит феъл-атворга айлантира олади. Онгимиз бу омборда ётган хазинадан жуда чегараланган тарзда ва қатъий танлов асосида фойдаланади. Демак, характер яратиш иқтидори онг остидаги хазинадан тўғри ва унумли фойдаланиш қобилиятидир. Бундай иқтидор эгаси – “ҳаёт уммонидан зўр ғайрат билан, жуда катта қимматга эга бўлган майда-чуйда марваридларни териб олади. Улар орасидан энг зарурларини танлаб олиб, бир персонажга жамлаш орқали характер яратишга муяссар бўлади. Бу характерда ижодкорнинг ўз шахсиятига тегишли ранглар бўлиши мумкин. Ўз ҳаёти билан яшаётган ва тақдири учун курашаётган характерга ижодкор шахсиятига тегишли ранглар қанча кам аралашса, персонажнинг табиийлиги ва ҳаётийлиги шунча ёрқин бўлади”[3].

Характер яратиш жараёнида драматург эркинлигини қандай тўсиқлар чегаралаб туради? Агар драматург бутун диққатини характер яратишга жамласа, лекин воқеалар тартибини ўз ғоясига мутаносиб равишда қурмаса, бу жиҳат режиссёрлар талабига жавоб бермайди. Характер жанр қоидаларига мос келмаса, демак, саҳна талаблари бажарилмаган бўлади. Драматургни чегаралаб турадиган яна бир жиҳат – замон ва макон доирасидаги персонажларнинг ҳаракатидир. Бу ҳаракат – воқеа, жанр, характер ва асар ғояси мантиғига хос бўлиши керак. Энг хавфлиси – “бу характерни ким жонлантира олади”, деган хавотир билан персонаж тақдирини чегаралаб қўйиш ҳисобланади. Яъни, тажрибаси ошган драматург у ёки бу актёрга мўлжаллаб характер яратади. Актёр имкониятини ҳисобга олиб характер яратиш асарнинг бадиий имкониятини чеклаб қўяди. Характер ўз ҳаёти билан яшаб эркин ривожланмайди ва мўлжалланган актёр даражасидаги қолипга тушиб қолади. Ўша актёрдан кўчирилган нусхага айланади. Энг ёмони, уни ижро қилаётган актёр ижод қилишдан тўхтаб, ақл, куч-қувват сарф қилмай, аввалги характерларига тақлидан иш кўради. Бундан драматург учун бирон наф бордир, лекин актёр учун фойда-зарари тўғрисида театршунослар лом-мим демайди.

Саҳнавий характер яратиш масаласи актёрнинг янги имкониятларини очадиган, ижодий фаолиятида “портлаш” содир қиладиган, изланишларида кескин бурилиш ясайдиган театр санъатидаги энг ёрқин воқеликдир. Зеро, ижодкорлар яратган характерлар инсонни фаол ва гўзал ҳаёт тарзига эришмоқ учун курашиш, эртанги кунга ишончини рағбатлантириш, унга ато этилган умрни тўлақонли идрок этишга кўмаклашиш ва вужудга келиши мумкин бўлган тўсиқларни матонат ва заковат билан енгишга ўргатиш каби бир қанча вазифаларни бажаради.

Драматург ана шундай юксак мақсадлар билан ижод қилса, ўзи яратган характерларда қалбининг энг теран жойларида ардоқлаб юрган бойлиги – фикри, ғояси, туйғуларини ишонч билан актёрлар ижросига ҳавола қилсагина, асарнинг бадиий қуввати юксалиб боради. Саҳнадаги персонажлар ҳаёти актёрларнинг қалбида, гавдасида, хатти-ҳаракатларида жонлансин ва томошабинлар туйғуларида яшасин.

Характер яратиш масаласига польяк адабиётининг ёрқин намояндаси Ян Парандовский қандай ёндашганлигига эътибор қилайлик. У 1951 йилда ёзган “Сўз кимёси” асарида қуйидаги фикрларни айтади: “Драматург ёки сценарист деган иборалар кунда қўлланиладиган энг оддий сўзлар қаторидан ўрин олди. Бу сўзлар ёзувчининг энг юқори ижодий чўққига эришган – муаллиф, деган фахрли унвон даражасига кўтарилганлиги белгиси эканини унутдик, шекилли. Муаллиф деган унвонга – ўз асарлари билан халқнинг маънавий хазинаси бойишига хизмат қилган, янги руҳий ҳудудларни очишга эришган ёзувчиларгина муносиб бўлишган. Кейинги авлод унинг маъносини торайтириб, инглиз тилидан олинган “тўқима яратувчи” даражасига тушириб қўйди.

Ижоднинг бирон турида драматургиядагидек инсон типлари – характер ва касб-ҳунарларнинг хилма-хиллиги кўринмайди. Уларда – маъбудларнинг ердаги вакиллари, авлиёлар, қироллар, тубан одамлар, жамиятдаги барча табақа вакиллари ўз характерига эга ҳолда бирон воқеада иштирок этиши мумкин. Улар драматург яратган персонажлар бўлиб, ижодкор режасига кўра шаклланган хаёлот дунёсининг маҳсулидир. Драматург ўзининг қувончи, кўнгил ёлқинлари, ғазаби, ташвишлари, орзу-умидлари ва улуғвор фикрларини асардаги персонажлар характерига мос равишда тақсимлайди. Уни жалб қилган ғоя персонажлари характери ва ҳаракатида намоён бўлади ҳамда жамият манфаатларига хизмат қилишга даъват қилиб туради. Драматургнинг пухта ўйлаган режаси персонажларни ўз жанрига хос шаклдаги бадиий ечим сари етаклайди. Асар ғояси томошабинга айтмаса бўлмайдиган заруратга айланади. Бу зарурат эвазига характерлар кучли таъсир қудратига эга бўлади.

Унинг бундай мулоҳазага келишига Лев Толстойнинг “Шекспир ва драма тўғрисида” номли танқидий мақоласидаги қуйидаги фикрлари туртки бўлгандир: “…Ҳозир ҳамма театрларни тўлдириб ташлаган, кўнглига драматик асар ёзиш хоҳиши келиб қолган ҳар қандай одам томонидан қаторасига ёзиб ташланаётган асарлар машҳур бўлмоқда… Драманинг аҳамиятини юзаки тушуниш оқибатида майдонга келаётган асарларда тасвирланган хатти-ҳаракатлар, вазиятлар, характерлар ички мазмундан маҳрум. Санъатнинг муҳим соҳаси бўлмиш драма бизнинг давримизга келиб, бачкана ва маънавиятсиз авомнинг эрмаги бўлиб қолди. Бундай тубан кетишда энг сўнгги нуқтага етиб борган драма санъатига, унга мос бўлмаган юксак қиммат ҳамон ёпиштирилмоқда. Драматурглар, актёрлар, режиссёрлар ва театрлар ҳақида жуда жиддий қиёфада ҳисоботлар босаётган матбуот – буларнинг ҳаммаси алланечук муҳим ва ҳурматга сазовор иш қилаётганига тугал ишончлари комил”[4]. Буюк ёзувчини театрлар диний мавзулардан воз кечиб, ижтимоий масалаларга берилиб кетгани ташвишга солади. У таъкидлайдики, инсоннинг маънавий қиёфаси ва маданий онгини мукаммаллаштиришда турли фаолият қирралари қамраб олинади. “Бу фаолият қирраларидан бири санъатдир. Санъат қисмларидан бири драма бўлиб, у юксак баҳога муносиб бўлмоғи учун улуғ ғоялари билан инсоннинг руҳий ва маънавий камолига хизмат қилиши керак. Кўнглида одамларга айтадиган гапи бор кимсагина – инсоннинг Худога, дунёга, жамики мангу ва ҳудудсиз абадий нарсаларга муносабати тўғрисида фикр билдира олгандагина драма ёзмоғи мумкин. Бундай инсоннинг зийрак назар билан тўқиб чиқарган воқеалар тизимидаги ва ундаги иштирокчилар характеридаги ҳаққонийлик руҳиятимизга ҳукмронлик қилсин.

Афлотун йўқликдан борлиқ яратадиган, янгилик туғиладиган жараённи – ижод деб атаган. Демак ижодкор, борлиқни яратганнинг яратгани каби шаклу шамойили нусхасига ўхшаган уйғунликни – иккинчи табиатни пайдо қилади. Шундай экан, ҳар бир санъат асари дунёнинг яхлитлигини тасдиқловчи манифестдир, дейди “Қалб фотографияси” мақоласи билан машҳур бўлган Александр Генис. Унинг фикрича, “ёзаман” деб ният қилинган китоб шарга ўхшаган бир нарса бўлади, ёзилгани эса чизғичдай яхлитдир. У қабариқ бир ниятнинг, бағоят ноёб қалбнинг икки ўлчамли заруриятидир. Адабиётнинг ривожланиш манбаида театр ётади. Чунки театр илк бор инсон шахсиятини ҳар хил роллар, ниқоблар, қўғирчоқлар ва характерларга ажратиб ифодалашга имкон берди. Биз бу муқаддас даргоҳни фикрлар ва туйғуларни тўқиб чиқарадиганларга, уни томошага айлантирадиганларга ишониб топшириб қўйганмиз. Улар яхши ғояларни ва сара туйғуларни ифодалайди. Натижада поэзия – юнончада “ясамоқ”, “яратмоқ” маъносини англатадиган фаолият билан драматурглар шуғуллана бошлади. Улар ўз даврининг донишмандлари эди. “Донишманднинг вазифаси, – деб уқтиради Конфуций, – ташқи нарсалар орқали ички моҳиятни билишдир. Ташқи ва ички нарсанинг уйғунлиги эса драматург яратган характерларда ёрқин намоён бўлади”.

Ёрқин характерга эга персонажлар узоқ умр кўриб, авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда. Улар – Эдип, Медея, Отелло, Гамлет, Лир, Хлестаков, Катерина, Васса Железнева, Навоий, Улуғбек, Бобур, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, Отабек ва Кумуш, Тошболта, Ўткурий, Қўчқор, Аломат, Мўмин, Фармон биби, Сулаймон ота каби ўнлаб саҳна асарлари қаҳрамонларидир. Узоқ умр кўриб келаётган персонажлар: индивидуал характерли, кўп қиррали, ҳаракатлари аниқ, фикрлари салмоқли, қарашлари ёрқин бўлиши кераклигини қобилиятли драматурглар англаб етдилар.

Драматург томонидан персонажларга юкланган вазифа – юкнинг аҳамияти тўғрисида Станиславский шундай дейди: “Бирон муаммони ҳал қилишга бел боғлаган персонажнинг руҳий юки, вужудини қамраб олган ташвиши бўлмаса, актёрлар аниқ вазифани бажариш ўрнига, бўшлиқни тўлдирадиган “ўйин” билан банд бўлади. Улар саҳнадан чиқиб кейинги кўринишда пайдо бўлгунга қадар, кулис ортида ҳам ўз “ўйин”ларини давом эттирадилар. Дарди, ташвиши бор – юкли характерларни ижро қилаётган актёрлар руҳияти кулис ортида ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо билан банд бўлади. Чунки ҳар бир характернинг ўз ҳаёт тарзи, режаси, ҳал қилиши лозим бўлган ташвиши бор”.

Асар қаҳрамонлари кескин шароитга тушиб қолсаларгина, шу муҳитдаги ҳаракат уларнинг ички моҳиятини – характерини юзага чиқаради. Кескин шароитдаги тўқнашувда персонаж қайси нуқтаи назарни ҳимоя қилади – умуминсоний ғояними ёки бузғунчи фикрними, шунга қараб томошабин уни ижобий ёки салбий характер деб қабул қилади. Бу курашда “бугун мен ғолиб бўламанми”, деган ташвиш ҳар икки характерни талқин қилаётган актёр олдига аниқ вазифаларни қўяди. Бу ташвиш персонажларни спектакль якунигача, яъни ечимга қадар тарк этмайди. Уларнинг ўй-хаёли, вужуди, туйғулари саҳнада ҳам, кулисда ҳам шу масалани ҳал қилиш билан банд бўлади. Тўқнашув диалектик равишда, курашнинг кескинлашиб бориши эвазига шиддатли тус олмаса, характерлар интилиши ривожини томошабин ҳис қилмаса, томоша тезда зерикарли бўлиб қолади. Демак, характернинг бадиий яхлитлиги, ролнинг ўз ечимига мантиқан ва изчил интилишига замин яратади.

Шундай пьесалар борки, улар ўзларидаги персонажларнинг характери билан шуҳрат топган. Бунга энг аввал Шекспир асарларини мисол тариқасида кўрсатиш зарур. Шекспирга хос фазилатлар орасида энг улуғи унинг тилдан юксак маҳорат билан фойдаланиш санъаткорлигидир. У аввало шоир – у характер ярата бошлагунга қадар ҳам шоир бўлган. Шекс­пир саҳна талабларини амалий жиҳатдан актёр, драматург ва режиссёр сифатида билмаганда, бундай ёрқин характерлар ярата олмасди.

Шекспирнинг “Гамлет”ида юқорида кўрсатилган умумий жиҳатлар мавжудлиги учун уни ижро қилган актёрлар муваффақиятсизликка учрамаган. Улар баъзан трагедия даражасига кўтарилмай, драмага айланиб қолган бўлса ҳам, ҳатто ҳаваскорлар ижроси хам томошабинларда яхши таассурот қолдирган. Сабаби, Гамлетда моҳирона яратилган индивидуал характер бор. Бу характер ҳар қандай даражадаги актёрнинг маҳоратини бир поғона ўстиради. Мутахассислар таъкидлаганидек, агар Шекспир актёр бўлмаганида, саҳна амалиётини яхши билмаганида, характер театр учун муҳим аҳамият касб этишини англаб етмаганида, ўз персонажларига бу қадар ёрқин индивидуаллик бағишлай олмасди. У ўзи ёзган асарларини ўзи саҳналаштириш жараёнида ҳар бир персонаж характерини янада такомиллаштириб, образ даражасига кўтара олмаган бўларди.

Юқоридагиларни умумлаштириб шундай хулосага келиш мумкин. Агар муаллифлар ўз маҳорат ва истеъдодларини характер яратишга сафарбар қилиб, персонажларнинг фикрлари, туйғулари, иштиёқлари, ожизлик ва фазилатларини намоён қилиш учун уларнинг “ичак-чавоғини ағдар-тўнтар қилиб кўрсатсалар-да”, уларда индивидуал характер бўлмаса, бу ҳеч қандай самара бермайди.

Характер яратиш масаласига ойдинлик киритмоқчи бўлган алломаларнинг фикрларини жамлаб, уларни илк бор бу муаммога илмий ёндашган Аристотель қарашлари билан таққосласак, мавзунинг нақадар долзарблиги ва асрлар давомида муҳим бўлиб келаётганини кўриш мумкин.

Аристотель характерни даставвал иккига ажратади. Биринчиси, шоир яъни драматургнинг инсоний характери. Ижодкор ўз характеридан келиб чиқиб трагедия, драма ёки комедия ёзиши мумкин. Иккинчиси, у яратган асардаги персонажлар ўз характерига эга бўлиши ва улар трагедияда яхши, драмада биз каби, комедияда эса персонажларни масхаралаб эмас, балки кулгули нарсага бадиий пардоз бериб, бизга нисбатан тубанроқ кишилар ифодаланиши лозим.

Характер – инсон майлида ниманингдир бўртиброқ намоён бўлиши, ниманидир афзал деб билиши ёки ёқтирмаслигидир. Асардаги қаҳрамон ниманидир маъқуллаши ёки ёқтирмаслиги аниқ ифодаланмаса, унинг нутқида характери гавдаланмайди. Характер яратишда тўртта мақсад кўзда тутилиши лозим. Қаҳрамон, аввало, олижаноб бўлиши керак. Агар у қандайдир мақсадга интилса, характерга эга бўлади. Эзгу мақсадларни кўзлаган одам олижаноб характерга эга бўлади. Қолаверса, характерларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиши керак. Сўнгра, характерлар ҳаётий ва ҳаққоний бўлиши лозим. Шунингдек, характерлар ўзига хос изчилликка эга бўлиши талаб қилинади. Улардаги изчилликни доимо заруратдан ёки эҳтимоллардан излаш лозим. Яъни кимдир, қайсидир ҳаракатни зарурат туфайли ёки эҳтимолда тутилганидек бажарса, характер ечимга эга бўлади. Характерларда мантиққа зид ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Одамларнинг ўзига хос хусусиятларини тасвирлашда энг яхши намуналардан ўрнак олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, Гомер ўз асари муқаддимасидан бошлаб қаҳрамонларининг характерини оча бошлайди. У ҳар бир персонажни ўзига хос характер билан кўрсатади ва ҳеч кимни характерсиз тасвирламайди. Ҳаракат суст, характерлар ва фикрлар ўткир бўлмаган қисмларда тилга (сўзга) алоҳида сайқал берилиши керак. Ҳаддан ташқари ялтироқ сўзлар характер ва фикрларни хиралаштиришини унутмаслик лозим.

Санъат асари ҳаётдаги нусхадан кўра аълороқ бўлиши зарур. Чунки унда мақсад ва ғояни очишга интилиш бор. Санъатда кўпинча ғайритабиий нарсаларнинг юз бериши табиий. Сабаби, у тафаккур яратган маҳсулдир. Демак, характер яратувчига эътирозлар тўрт ҳолатда билдирилади. Улар:

– муҳим бўлмаган нарсани тасвирлагани учун;

– ақлга зид нарсани тасвирлагани учун;

– ўз фикрига зид нарсани тасвирлагани учун;

– санъат қоидаларига зид ҳолда тасвирлагани учун.

Драматурглар персонажлар характерини ёрқинроқ ифодалашда бадиий воситалардан бири бўлган ташқи белгилардан ҳам фойдаланади. Масалан, ташқи кўринишдаги бирон нуқсон, чандиқ ёки хол, ҳеч кимда йўқ исм ёки бирор буюмидан бошқалар таниб қолиши кўзда тутилади. Драматург бундай ташқи белгилар ёрдами билан персонажнинг мақсадга мувофиқ ҳаракат қилишига ёрдам беради.

Станиславский саҳнавий характер яратиш борасида бир қатор амалий тавсиялар берган. У аввало, характернинг мағзини ташкил қилувчи жиҳатни бирон ҳайвон феълига қиёслашни маслаҳат беради. Масалан, тулкидай айёрлигини, буқаламундай ўзгариб туришини, қуёндай қўрқоқлигини, чўчқадай очофатлигини, маймундек серҳаракатлигини, шердай ботирлигини, итдай вафодорлигини аниқлаш актёрнинг характер устида ишлашига ойдинлик киритишини таъкидлайди. Шунингдек, персонажнинг ташқи кўриниши, гавдасини бошқариши, қадам ташлаши, кийиниши, диди ҳақида ҳам ўйлаб кўриш ижодий изланишни тезлаштиради. Характернинг яна бир жиҳати – персонажнинг касби-кори билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатларни ўзлаштириш ҳам уни англашга кўмаклашади. Персонажнинг фикрлаш тарзи ҳамда сўзлаш усули ҳақида ўйлаб кўриш лозимлигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Персонажлар характерини ўзлаштиришда, кечинма санъати талабларига жавоб берадиган ижодкорлик туйғусини тўғри тарбиялаш тажрибада синаб кўрилди. Характер таҳлили персонаж тўғрисида уч босқичли маълумот жамлашдан бошланади ва у қуйидаги тартибда бажарилади. Биринчиси, муаллифнинг персонажларга берган таърифи – жинси, ёши, касби, яшаётган муҳити ҳақидаги маълумотлар пьеса ва унинг ремаркаларидан териб олинади. Иккинчиси, персонаж ҳақида бошқалар томонидан билдирилган фикр, таъриф ва изоҳлар саралаб ёзилади. Учинчиси, персонаж ўзи-ўзи ҳақида айтган ўй-фикрлар, монологлар танлаб кўчирилади. Жамланган материал асосида персонажга характеристика ёзилади. Бу характеристикада у нимани ёқтириши, ёқтирмаслиги, мақсади, нимадан қўрқиши, нима учун курашаётганлиги, бу курашда устун ва заиф томонлари аниқланади. Энг муҳими, муаллиф ўз ғоясини очиш учун бу персонажга нима учун шундай характер бергани англаб етилади. Шундан сўнг воқеалар тартибида, яъни картинама-картина персонаж бажарадиган вазифалари – мақсадга мувофиқ воқеалар динамикаси белгиланади.

Алломаларнинг характер масаласидаги фикрларидан қуйидаги хулосага келиш мумкин. Асарнинг мазмуни қанчалик салмоқли ва муҳим бўлса, персонажлар характери шу қадар юксак бўлади. Демак, характерлар ўзига хос бадиий шаклга эга бўлиши учун воқеалар тизими, персонажлар феъл-атворига мос сўз (тил), табиий ва таъсирчан тугун, воқеалар ривожи, авж ва мантиқий ечимга эгалиги эътиборда бўлиши мақсадга мувофиқдир. Жонли ҳиссиёт орқали персонажлар туйғуларини ифодалаб, тасвирланаётган воқеа ва ғояга мос характер яратибгина муваффақиятга эришиш мумкин. Саҳнавий характер яратишдек машақатли ва мураккаб жараёнга театр аҳлини, тадқиқотчилар, ёш драматурглар, режиссёрлар, актёрлар ҳамда театршунослар диққатини қарата олсак, бу борадаги муаммоли масалаларга ечим топилади. Чунки спектаклнинг бадиий яхлитлигида ва томоша ғояси ифодаланишида актёрлар талқин қилган характерлар муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда миллий драматургия тарихини таҳлил қилиш, улар яратган характерларни театрлар қандай талқин қилинганлиги ҳақида ўйлаб кўриш заруратга айланди. Ёш ижодкорлар учун амалий қўлланма сифатида ўзбек драматургларининг сара асарлари тўпламини нашр қилиш ўзбек саҳна санъатини янги бадиий босқичга кўтаришда замин бўлади. Актёрлар саҳна одамига айланиб, характер яратиш борасидаги ўз бурчларини адо этмасалар, бу масала баҳс-мунозараларга айланиб бораверади. Чунки уларнинг характер яратишга эътиборсизлиги саҳнада, дубляж, тўйлар, сериаллар, кино ва телевидениеда, ҳатто клип ёки рекламада ҳам тобора ошкор бўлиб бормоқда.

Саҳнавий характер яратишнинг назарий ва амалий жиҳатларини етарлича ўзлаштирган, ўз ролларини образ даражасига олиб чиқа олган актёрларгина тугал спектакллар яратилишига, бундай асарлар миллатнинг маънавий ва маданий мулкига айланишига умид уйғотади.

Маъмур Умаров,

фалсафа фанлари номзоди, доцент

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 11-сон

[1] Толстой Л.Н. Шекспир ва драма тўғрисида // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. –Т.: Маънавият, 2010. Б. 187.

[2] Сулстад Д. Норвег насри – Оврўпа модернизми // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. –Т.: Маънавият, 2010. Б. 375.

[3] Голсуорси Ж. Адабиётда характер яратиш // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. –Т.: Маънавият, 2010. Б. 84.

[4] Толстой Л.Н. Шекспир ва драма тўғрисида // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. – Т.: Маънавият, 2010. Б. 191.