«Жаконда»нинг сирли табассуми

Уйғониш даврининг ёрқин вакилларидан бири, машҳур италян рассоми Леонардо да Винчининг жаҳон санъати дурдонасига айланган ушбу асарига жуда кўп тадқиқотлар, романлар ва шеърлар бағишланган бўлса-да, ҳамон мазкур расм қандайдир сир оғушида ҳамон миллионлаб кишиларни жалб этмоқда. Асарда тасвирланган хоним — Жаконданинг сирли табассуми барчани маҳлиё этмоқда, ҳамон портрети яратилган аёл исми яширинлигича қолмоқда.

Леонардо да Винчининг «Жаконда» асарига рангтасвир санъатининг рамзи, Уйғониш даври маданиятининг руҳи акс этган жонли тимсол, деб бежиз таъриф бермаганлар. Шунинг учун ҳам бу расм ҳамон улкан аудиториядан иборат умумеътиборини тортиб келаётганига ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ.

Диққатингизга ҳавола қилинаётган ушбу эссе таниқли франтсуз санъатшуноси қаламига мансуб бўлиб, асл рангтасвир мухлислари, санъат шинавандалари бўлган бизнинг ўқувчиларимиз учун ҳам қизиқарли бўлишига шубҳа йўқ.

(Кристиан Коломбани, «Монд» журналидан қисқартириб олинди, Париж.)

«Жаконда» шон-шуҳратнинг қалин пардаси ичида кўмилиб қолди. Расмни кўриш умидида ошиққан мухлислар оқими уни кўрмасдан, шундоқ ёнгинасидан ўтиб кетадилар (биргина 1990 йилнинг ўзида 14 миллион киши) ўқ ўтмас ойналар ва унда акс этган охири кўринмас кишилар оқими кўҳна диний маросимлар ҳамда қадимий саждагоҳлар сари интилганларни кўз ўнгингизда гавдалантиради. Камолотга етган мукаммал асар тақдирига мисол бўла олади ушбу саҳна.

Эҳтимол Луврнинг мазкур расм сақланаётган (Париждаги оламшумул санъат музейи) Квадрат зали, ҳайрат садолари тўлиқ ана шу қаср, тасвирий санъат дурдоналари макон топмиш ушбу маскан шундай жиловланмаган ҳис-эҳтиросларни ўз ичига сиғдира олармикин? Қаранг, албатта «Жаконда»га бир қаранг! Сиз шунда Целсий бўйича 25 даража ҳароратда сақланаётган, йилда бир марта эскорт кузатувида тиббиёт кўригига олиб борилувчи суратни кўрасиз. Энди у — сиғиниладиган буюм, рангтасвирнинггина эмас, фақат унинг рамзи бўлган, жилмаяётган тимсолга айланган. Албатта, бунда уни яратган синор, номи ғурур-ифтихорга тўлиқ Леонардо да Винчи ҳам эътироф этилади.
Ренессанс: инсоннинг мислсиз имкониятлари ва рақобати

Ренессанс — бу, уйғониш демакдир. Инсон тенгсиз рақобатга киришди, гўёки ижод қилиш, яратишдай буюк истак воқеликни фавқулодда ажойиб ва гўзал оламга айлантириш каби катта хаёлпарастликка айланди.

Леонардо да Винчи одам анатомиясини муфассал тадқиқ қилди. У дарёлар ўзанини ўзгартиришни, ботқоқликни қуритиш илмини эгаллади, қушлардан парвоз қилиш санъатини «ўғирлади» ва бу билан у табиат устидан устун бўлишни хаёл қилди. Рангтасвир ижодкорнинг тажриба қилиш жойи эди, у бу ерда мунтазам равишда янгидан-янги ифода воситаларини излай бошлади. Унинг ишлаш услубидаги юксак тезкорлик, маҳорат замирида ҳақиқий воқелик яширинган жонли шаклга кира олиш имконини берди. Унинг қисматига ҳаётнинг бутун ўзгарувчанлиги ва мураккаблиги билан акс эттира олишдай асрларга татигулик вазифани бажариш битилган эди.

Буюк санъаткор фақат рассом бўлибгина қолмайди. У ўз ўй-хаёлларини амалга ошириши учун нималарни кашф қилмайди! «Сен фақат инсон қалбини тасвир эт», — дея такрорлайди у ўз-ўзига.

У терак оғочини қўлига олади, ганч билан шувайди, юзасини худди ойнадай ялтиратиб, кўпиктош билан сайқал беради. Боқийга кетадиган бўёқ олиш умидида ранг-баранг моддаларни бир-бирига аралаштираверади, аралаштираверади. Унинг мўйқалами шундай енгил, шундай шаффофки, ҳатто рентгеноскопик таҳлил қилинганда ҳам мўйқаламда изини билиб бўлмайди. У расмни бир-икки марта суртиб, қуриши учун нарига қўяди. Унинг кўзлари энг майда нарсаларни ҳам кўра олади: қуёш нурлари ва бир нарсанинг бошқасига тушган сояси, тошйўлдаги соя ҳамда ғам-қайғу сояси ёки юздаги табассумни осонгина фарқ қила олади. Расм чизишнинг умумий қонунлари, перспектива, кўриниб турган манзарани тўғри, бутун борича тасвирлаш санъати унга фақатгина йўл кўрсатади, холос. Изланишлари унга ёруғлик-нур чизиқларни қийшайтириш ва тўғрилаш имкониятини беради: «Ёруғлик-ҳаво шароитига жисмларни қўйиш — моҳиятан уларни беҳадлик, ниҳоясизликка маҳкум этиш демакдир». Энди сўнгги ишга зўр бериш — ўн минг соатлаб ишлаш ва чексиз-ниҳоясиз ишланмалар қилиш қолган, холос. Ўн йиллик умр, бироқ бу вақт ҳам унинг ана шу сермашаққат ишни тугаллашга етмайди.

Портрет — буюк рассомнинг ҳақиқий манифести. Унинг замирида даҳо ижодкорнинг заҳматли меҳнати ётибди. Расмни шунчаки кўрсатиш учунгина намойиш этмайдилар. Бу асар бошиданоқ, яратилиши, ғалати, анахроник тарзда вақтидан илгари туғилишиданоқ Леонардо да Винчига эмас, балки Уйғониш даври руҳиятига мансуб бўлган.

Энг ғайриоддий усуллар, иложсиз йўсинлар ёрдамида у бу образга ҳаёт бахш этди. Рассом бу образни сўзлашга, томошабинни ҳис этишга мажбур этдики, ўтирган аёл ҳаракатсизлиги — бир онлик, холос, ҳаётда шунақаси ҳам бўлади, ахир инсон ўз ўй-хаёлларига ғарқ бўлганча, беихтиёр жилмаяди. «Жаконда» — илоҳий тимсол, образ эмас, у оддийгина аёл. Ана шу оддийгина аёл эса илоҳийдир.

«Жаконда»нинг ўтмиши ҳақида деярли ҳеч нима маълум эмас. Расмий маълумотларга кўра, қирол Франтсиск И бу расмни Леонардодан 4000 тилла экюга сотиб олади. Аслида рассом бу асаридан ўлгунича айрилишни истамаган. Бугун бу талқиндаги гаплар Леонардо да Винчи ижоди бўйича тадқиқот олиб борган бир америкалик олим томонидан изоҳлаб берилмоқда. Олимнинг маълум қилишича, рассом ўлимидан олти йил ўтгач, бу расм Миланда бўлган. Жоржо Вазари, ХВИ асрда яшаб, ижод этган рассом ва ёзувчининг айтишича, аранг илғаб олиш мумкин бўлган, сирли, маъноли табассумни тасвирлашга ҳаракат қилган Леонардо уйига чолғучиларни таклиф этган ва ишдан ҳориб, чарчаганида улардан дилтортар куйларни чалиб беришини илтимос қилган.
Асрлар ўтиб, сирни ошкор қилиш умидида…

Бу аёлнинг исми шарифи Мона Лиза Герардини дел Жокондо, балки Изабелла Гуаландо, Изабелла дЪEсте, савойялик Филиберта, Константсия дЪАвалос бўлгандир… Яна ким билади дейсиз?

Расмдаги аёлнинг келиб чиқиши номаълумлиги унинг машҳур бўлиб кетишига қўл келади. Бу расм асрлар оша ғаройиб сир оғушида яшаб ўтди. Ана шу «элкасига шаффоф ёпинғич ташлаб олган сарой хоними»нинг портрети узоқ йиллар қироллик коллектсиясининг безаги бўлиб келди. «Жаконда» расмини гоҳ мадам де Ментенон ётоғида, гоҳ Тюилридаги Наполеон саройида кўрадилар. Людовик ХИИИ ўйинқароқ гўдаклик чоғидаёқ Катта Галереяда осиғлиқ ушбу расмдан айрилишни истамаган, уни Букингем гертсогига бергиси келмаган: «Оламда энг зўр деб ҳисобланмиш бу расмдан ажралиш асло мумкин эмас». Ҳаммаёқда — қасрларда ҳам, шаҳардаги хонадонларда ҳам — кибор оилалар қизларини Жаконданинг машҳур табассумини ўзлаштириб олиш санъатини ўргатишга ҳаракат қилишарди. Малакали рассомлар санъати ҳамиша юқори баҳоланган («Жаконда»нинг икки юздан ортиқ кўчирма нусхаси мавжуд). Бу асар бутун бир санъат мактабининг дунёга келишига замин бўлди, Рафаэл, Энгр, Давид, Коро каби истеъдодли мусаввирларни илҳомлантира олди. Бу образ ҳамиша кишини тўлқинлантириб, уни ҳаяжонга солиб келди. Тарихчи Мишле шундай деб ёзган эди: «У мени худди қуён қармоққа тушгани каби ўзига тортгандан-тортарди». ХИХ аср охиридан бошлаб «Жаконда»га муҳаббат изҳори, дил рози баён этилган мактублар йўллана бошлади. Бу ҳол эса асар тарихда жуда муҳим воқеа юз беришига, яъни унинг йўқолиб, қайта топилишига сабаб бўлади.

1911 йилнинг 21 август куни барча газеталар кишини ташвишга соладиган катта сарлавҳа остида чоп этилади: «Жаконда» ўғирланди!» Афтидан, хитоб белгиси оламшумул ташвиш, хатар остида эгилиб-букилиб қолгандай бўлади. Асар зўр бериб қидира бошланади. Унинг учун қайғурадилар, куядилар.
Умумхалқ таъзими

Франтсия, бутун оламдаги санъат мухлислари ташвишга тушганларидай, афсус-надомат чека бошлади. Кўча чолғучилари, хонандалари «Жаконда»ни айтиб-айтиб, йиғлаб, куйлай бошладилар. Ҳис-туйғуларини жиловлай олмаган аҳли жамоат эс-ҳушини йўқотаёзади: 0,77х0,53 м. ҳажмдаги асл бойлик ўғирланганлигини кўтара олмай қолади. «Инсоният ўз Мадоннасидан маҳрум бўлди», деб ёзган эди Пеладан.

«Жаконда» 1913 йилнинг январида ўғрининг уйидан топилди. Ўғри Луврга сохта полициячилар кузатувида келган санъат мухлиси, ушбу асарнинг телбаларча фидойи мухлиси эди. «Жаконда» мухлислари бир-бирига ғаним икки лагерга бўлинган эди: бири илоҳга сажда қилувчилар бўлсалар, иккинчи идол мухлислари эди. Улардан бири учун бу фақат асар бўлса, иккинчилари учун у — улар сиғинадиган салкам илоҳ эди. 1920 йилда рассом Марсел Дюшан «Дада» журналида ҳазил тариқасида «сирли табассумлардан бири»ни йўғон мўйловли қилиб чизади ва бу ҳажвни сўзларнинг бош ҳарфларини ёзиш билан изоҳлайди. У айнан шу йўсинда илоҳга сажда қилувчилардан ўчини олади.

«Жаконда» ҳар томонлама томоша қилина ва турли йўллар билан тадқиқ этила бошланади. Асар тижорат буюмига айланади. Ана шу аёл тасвири туширилган машҳур суратлар худди нон каби сотилади. «Жаконда» тимсоли, рамзи кўпгина ширкатлар товар белгиси сифатида намоён бўлади. Бу белгилар атирлар ва корсетлар, италян маъданли суви ва немис сигаралари, Марокаш аперитиви ва белбоғлар, қон тозаловчи ҳамда туғруққа қарши воситаларда кўз-кўз қилинади. Леонардо да Винчига худди тирик одам сингари мурожаат қилина бошланади. Энди уни турлича талқин қила бошлайдилар. Кимдир расмдаги аёл ҳомиладор деса, бошқа бирови у рассомга, Леонардога жилмаяяпти, деб изоҳлайди. Ҳаттоки шунчаликка бориб етадиларки, расмда тасвирланган аёл эркак деган хулосага ҳам келадилар. Ҳатто қирол Франтсиск И асар — рассомнинг автопортрети, деб шарҳлайди. Яна Фрейднинг фикри ҳам машҳур бўлиб кетади: «Жаконданинг табассуми — бу рассом онасининг табассуми». Бу борада де Саднинг таърифи ҳам ўзига хосдир: «У — аёл малоҳати тимсоли».
Тенги йўқ даҳо

Асар атрофида тўпланган мухлисларни ҳам тинчлантириш осон кечмади. Асарнинг Квадрат залида бўлиши мухлисларга маъқул тушмаётган эди.

«Жаконда» Уйғониш даври руҳиятини ортиқ ифодаламай қўйди. Унинг эндиликда Луврда муқим туришига кўпроқ асос бор. Яқинда (1991 йил) Луврнинг рангтасвир бўлими «Жаконда» музейига янгитдан жойлаштириш тўғрисида танлов эълон қилинди. Танловда етмиш нафар архитектор иштирок этди. Улар орасидан йигирмата лойиҳа танлаб олинди. Аммо улар ҳам муваффақиятли чиққан деб тан олинмади. Асарни жуда бўлмаганда, таъмирга бериб туриш, расмда пайдо бўлган қорамтир доғлар ва сарғайиб кетган лок қатламини олиб ташлаш керакдир. Лекин ким бунга жазм эта олади? Таъмирчи рассомлар портретга асл бўёқларни бериб, асл жилвасини қайтарсалар, ибодат шамларидан қорайган доғларни йўқотсалар, яна «Жаконда»дай оламшумул гўзал асарнинг бадиий қувватини, шон-шуҳратини қайта тиклаган бўлардилар. Бундай масъулиятли ишни амалга оширишга ким журъат қила оларкин? Ҳозирча ана шундай кун келишини орзу қилишга тўғри келади.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади.
«Маърифат» гаэзтасидан олинди.