Камол Матёқубов. Қўшиқ соғинчи

1982 йилнинг эрта баҳорида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, атоқли ёзувчи Асқад Мухтор таклифи билан Қорақалпоғистон давлат филармониясининг “Аму тўлқини” ансамбли ва ансамбл раҳбари, таниқли санъаткор Отажон Худойшукуров ҳақида мақола ҳамда интервюлар тайёрлаш режалаштирилди. Режани амалга ошириш учун Нукус шаҳрига икки бор хизмат сафари уюштирилди. Икки гал ҳам ансамбл аъзолари ва хонанда билан учрашиш имкони бўлмади. Улар Татаристон ва Туркманистонда ижодий сафарда экан. Ўша пайтларда довруғи юртимизга ва қўшни республикаларга таралган бу ансамбл ҳамда унинг етакчиси бўлган ҳофизнинг концертларини турли йиғин, анжуманлар, тўйларда томоша қилгандим. Лекин санъаткорнинг ўзи билан юзма-юз учрашиш, суҳбатлашиш насиб этмаганди.

У билан бир йилдан кейин учрашдик. Учрашувимиз одатдагидан бошқачароқ тарзда кечди. Тошкентдан Симферополга учаётган самолётимиз об-ҳаво ноқулайлиги туфайли Бокуга қўнди. Бу ерда об-ҳаво ноқулайлиги натижасида қўним топган самолётлар кўп эди. Боку аэропорти қанчалик катта бўлмасин, йўловчилар арининг уясидек гувилларди, ўтиришга эмас, тик тургани ҳам жой етишмасди. Эрта тонгдан хуфтонгача шу аҳвол давом этди. Самолётлар учишининг кечиктирилиши ҳақидаги кун бўйи берилган маълумотлар йўловчиларнинг асабига тегди. Ҳар хил норозиликлар пайдо бўла бошлади. Ана шунда маълумотномалар бюросидан ғалати хабар янгради. Маълумот берувчи қиз озайбойжонча ғурур ва ифтихор билан Боку аэропортига улуғ шоирлар Расул Ҳамзатов ва Наби Ҳазрий келганини, шеър эшитишни истаган йўловчилар марказий залга боришларини эълон қилди. Кун бўйи бекорчиликдан зериккан йўловчилардан марказий зал яна ҳам тирбанд бўлди. Шеърхонликни мезбон Наби Хазрий бошлаб берди. Кейин уни Расул Ҳамзатов давом эттирди. Бу кутилмаган мушоирага қаердандир меҳмон кутгани чиққан Бахтиёр Ваҳобзода ҳам қўшилди. Йўловчилардан икки-учтаси ҳам шеър ўқишди. Навбатдаги шеърини ўқиб тугатган Расул Ҳамзатов аэропортда ўзбекистонлик санъаткор Отажон Худойшукуров ҳам борлигини айтиб, ундан қўшиқ куйлаб беришни илтимос қилди. Аэропортдаги бу анжуман кимларнингдир саъй-ҳаракати билан ташкил этилдими ёки кутилмаган ҳолда амалга оширилдими, буниси номаълум, лекин у йўловчиларга хуш кайфият бағишлади. Отажон Худойшукуровнинг даврада чиқиши “Алиқамбар” куйи ижросидан бошланди. Кўнгилда гоҳ жўшқинлик, гоҳ сокинлик, гоҳғулув, гоҳ насимлик ҳисларини уйғотувчи, дилни ўзига ром қилувчи бу куйни кўп давраларда эшитганман. Лекин унинг бундай гўзал, бетакрор ижросига биринчи бор дуч келгандим. Санъаткор ҳам, унинг атрофидаги чолғучилар ҳам гўё куйнинг бағрига сингиб кетгандек эдилар. Ана шунда ҳофиз нафақат хонанда, етук созанда эканлиги, тор унинг қалбига айланганлиги, ижодий фаолияти давомида 300 дан ошиққўшиқларга бежиз куй басталамаганлиги сирлари аён бўлгандай бўлди. Санъаткор куйни қўшиққа улади. “Мужгонларинг”. Бу қўшиқнинг мазмуни кимларга аён бўлди, номаълум. Бироқ санъаткорнинг овози йиғилганларнинг барчаси қалбига муҳрланди. Олқишлар давом этиши натижасида санъаткорнинг яна қўлига тор олишдан бошқа иложи қолмади. Ўзбекча, қорақалпоқча қўшиқларга озарбойжон, туркман, татар, қозоқ, қирғиз, турк ва бошқа халқларнинг ашулалари уланиб кетди. Кутишдан толиққан йўловчилар кўнгилларини ёзиб рақсга тушдилар. Ҳорғин дилларда қувонч уйғонди.

Ўша куни бирор саҳнада эмас, аэропортнинг йўловчилар кутиш залида икки соат давомида тик оёқда, микрофонсиз, жонли овозда ижро этилган қўшиқлар хонанда санъатининг янги қирраларини намоён қилди. Бу қирралар унинг жарангдор, баланд, барча пардаларда равон ва эҳтиросли, инсонни ўзига мафтун этадиган табиий овозида, кўп халқларнинг қўшиқларини аслидагидек мукаммал билиши ҳамда ижро қилишида эди. Бошқача айтганда, ўша куни Отажон Худойшукуровда саҳнада ҳамма вақт ҳам кўриш насиб қилавермайдиган ҳақиқий хонандалик қудрати бўй кўрсатди. Йўловчилар — бошқа халқ, миллат вакиллари қалбида унинг хонандалиги тимсолида ўзбек қўшиқчилик санъатининг юксаклигига ишонч туйғуси қарор топди. У билан биринчи учрашув ва суҳбатимиз ана шу ерда бўлиб ўтди. Хонанда устозлари, ансамбли, қўшиқчилик санъати муаммолари, келгуси режалари ҳақида гапириб берди. Расул Ҳамзатов билан қандай танишлиги хусусидаги саволимга: “Биз бу улуғ шоирнинг таклифи билан Доғистонга концерт гастроллари билан бориб турамиз”, дея жавоб берди. Расул Ҳамзатовнинг хонандага эҳтиромининг сабаби шу жавобда аён эди.

Отажон Худойшукуров билан иккинчи юзма-юз суҳбатимиз 1985 йилнинг қишида Тошкентда бўлиб ўтди. Санъаткор “Аму тўлқини” ансамбли билан пойтахтга гастрол сафарига келди. Бир кун концерт берилди-ю иккинчи куни собиқ шўро раҳбарларидан бирининг вафоти муносабати билан томошалар тўхтатилди. Ўн кундан кейин ансамблга гастрол концертларини пойтахтнинг чеккароқ нуқтаси — Авиасозлар маданият саройида давом эттиришга рухсат берилди. Икки соатга мўлжалланган концерт тўрт соат давом этди. Томошабинлар талабига мувофиқ Отажон Худойшукуровнинг ўзи икки ярим соат қўшиқ ижро этди. Ўниб-куйиб, қалбини, бутун борлиғини қўшиққа бағишлаб, қўшиққа айланиб куйлади. Ўндан ортиқ янги қўшиқларини тингловчилар эътиборига биринчи бор ҳавола этди. У қўшиқдан қўшиққа авжланиб, юқорилаб борди. Ниҳоятда юксак ижроси билан томошабинлар ҳайрати ва олқишига сазовор бўлди.

Концертдан кейин суҳбатимиз ҳам бирдан қовушди. Санъаткорга рағбат бериш учун “Концертингиз яхши ўтди, қўшиқларингизни ҳув ўша, Боку аэропортида бўлгани каби энг юқори, авж нуқтасида куйладингиз. Хонандага ҳамиша ҳам ана шундай куйлаш насиб этаверадими?”, дея савол бердим. У бироз тин олди. Сўнг жиддий тортди. “Йўқ, хонандага бундай қалбдан куйлаш билан боғлиқ бахтли онлар ҳамиша ҳам насиб қилавермайди. Мана, сиз Бокудаги аэропортда айтган қўшиқларимни эслатдингиз. Ўшанда ҳақиқатан ҳам, қўшиққа бутун борлиғимни бағишладим. Бунинг сабаби — Ватан соғинчи, юрт, уй соғинчи эди. Ўша пайтда бир ой Доғистонда гастролда бўлиб юртга қайтаётгандик. Ватанни соғингандик. Ана шу соғинч қўшиқларга айланиб қалбимдан чиққанди. Ҳар бир одамнинг, жумладан, санъаткорнинг ҳам дарди ўзига аён. Бу дард қалбидан қачон ва қандай чиқаётганини, бошқа қалбларни ҳам забт этаётганлигини яхши билади. Ана шундай ҳолатларда санъаткорнинг қўшиқлари ниҳоятда табиий, жозибали ва завқли чиқади. Ўша, аэропортда кўпчиликни ҳайратга солган нарса ҳам она юрт соғинчининг бир ифодаси эди. Бугунги қўшиқларим авжига келсак, бунинг сабаби сал бошқача — буни қўшиқ соғинчи дейиш мумкин. Тасаввур қилинг, неча кундан бери аза туфайли қўшиқ айтмаймиз. Агар бу ҳол яна бир неча кун давом этса, билмадим, қандай аҳволга тушардик. Саҳна эса бизга бутун қалбдаги борини тўкиб солиш воситаси. Санъатда яна бир нарса бор. Айтайлик, ижодкорларнинг бир асарни ёзиши учун илоҳий қудрат — илҳом париси керак. Ҳунарманднинг бир нарсани ясаши учун илоҳий неъмат — ижодий қувват лозим. Санъаткорда ҳам ижодий жараён ана шундай кечади. У сўз ва мусиқа бирлигини уйғунлаштириб, тингловчи, томошабинга мукаммал даражада етказиши учун илоҳий қувват — илҳом париси шарт. Санъаткорнинг қалбида илҳом париси, илоҳий қудрат бўлмаса, ижросидаги қўшиқлари бошқалар қалбини забт эта олмайди, узоқ яшолмайди. Улар шунчаки мусиқага ўралган сўзлар, қичқириқ ва қийқириқларга айланиб қолади. Илоҳий қувват билан яралган қўшиқлар эса санъаткор, хонанда номини абадиятга муҳрлайди”.

Отажон Худойшукуров билан учрашувларимиз, суҳбатимиз кейинчалик яна давом этди. Адабиёт, санъат, созандалик, хонандалик, санъат турлари ва ҳаётнинг бошқа жабҳалари ҳақидаги мулоқотларимиз муҳтарам муҳарриримиз ният қилганидек матбуот саҳифаларида эълон қилинди. Атоқли хонанда билан охирги учрашув ва суҳбатимиз 1994 йил қишнинг бошларида бўлиб ўтди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Қорақалпоғистон Республикасининг адабиёт ва санъат кунлари Тошкент шаҳрида, Тошкентнинг адабиёт ва санъат кунлари эса Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилди. Ўшанда Тўрткўл шаҳрига борган бир гуруҳ ижодкорлар, санъаткорлар билан бирга хаста ётган хонандадан кўнгил сўрагани уйига кирдик. Хасталик унинг қиёфасига, қадди-қоматига соя ташлаган, санъаткорда аввалги ўктамлик, шижоат йўқ эди. У дўстларини, санъаткор сафдошларини кўриб ўзини дадилроқ тутишга ҳаракат қилди. Докторлар касаллик зўраймасин деган мақсадда унга қўшиқ айтиш, тор чалиш, мусиқа билан шуғулланишни тақиқлаб қўйган экан. Дўстларига ижодий режалари, янги яратган куйлари, қўшиқлари ҳақида сўзлаб берди. Кейин беихтиёр ёнида турган торини қўлга олди. Аста “Хоразм сегоҳи”ни бошлади. Бир оздан кейин унинг мусиқасидаги, овозидаги хасталик ўрнини дадиллик эгаллай бошлади. Атрофдагилар уни тор чалиш, қўшиқ айтишдан қайтармоқчи, хасталигини эслатмоқчи бўлишди. У парво қилмади. Қўшиқ тобора авжига чиқаверди. Бунинг сабаби аён эди. У қалбидаги дард — қўшиқ соғинчини енгмоқда эди. Аммо таниқли ҳофиз вужудидагидардни енга олмади. У орадан кўп ўтмай, узун қиш кечаларидан бирида вафот этди… Дўстлар даврасида куйлаган қўшиғи унинг торига, хонандалик қисматига, санъатга айтган сўнгги видоси бўлди. Бизнинг қўшиқ соғинчи ҳақидаги суҳбатларимиз ҳам узилди.

Одамзод феъли қизиқ: у қаерда, қандай шароитда, қай аҳволда бўлмасин қалбида қўшиқ соғинчи билан яшайди. Ажойиб сўз ва ғаройиб соз сеҳридан — илоҳий қувватдан қалби қувончга тўлади. Уни қайта-қайта эшитгиси, шу билан кўнглидаги соғинч ҳоврини босгиси келади. Атоқли санъаткор Отажон Худойшукуров яратиб кетган, ижро этган қўшиқлар ҳам қалбларга малҳам бўлувчи, руҳиятни юксалтирувчи асарлар бўлиб қолди. Бу қўшиқларнинг халқимиз маданияти хазинасидан абадий жой олганлиги боиси ҳам шунда, деб ўйлайман.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 40-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!