Бой берилган имконият ёхуд клиплар бизга нимани ўргатяпти?

Мусиқали видеоклип — бу жуда қисқа ҳажмли, яъни давомийлиги ўртача тўрт дақиқалик ўзига хос асар. У томошабинга ҳам видеотасвир, ҳам мусиқа, ҳам қўшиқ матни орқали таъсир ўтказади. Шу туфайли мусиқали клип, аниқроғи, ундаги ахборот инсон онги ва онг остига осонроқ сингади. Хўш, бу қандай ахборот?

Ҳар қандай мусиқали видеоклип қўшиқ матни ва мусиқасига юклатилган мазмундан ташқари, визуал ахборотга ҳам эга. Бундай ахборот, биринчи нав­батда, хонанда ва аудитория ўртасида доимий алоқа ўрнатиш учун хизмат қилиши керак. Аслида, қўшиққа клип ишлашдан асосий мақсад ҳам шу. Телеэкранда клипларнинг мунтазам намойиш этилиши натижасида томошабин онгида хонанда образи муҳрланади. Клипда кўраётганларимиз — хонанданинг кийими, соч турмаги, тақинчоқлари, пардоз-андози, хатти-ҳаракатлари, рақс, декорация бу визуал ахборотдир. Ёшлар кўпинча ўзи ёқтирган хонандага ўхшагиси келади, баъзи ҳолларда эса унга тақлид ҳам қилади. Аммо телеэкрандаги ўша “юлдуз” аслида бир гуруҳ мутахассислар томонидан яратилувчи сунъий қиёфа, яъни образ эканини улар кўпинча ўйлаб ҳам кўришмайди.

Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда ўсмир ёшидаги болалар ҳафтасига 25 соат вақтини телевизор қаршисида ўтказаркан. Шундай экан, қандай кўрсатувлар ёшларни “жоду”лаётганини таҳлил этиш мақсадга мувофиқдир. Бу жиҳатдан мусиқали клиплар мавзуси алоҳида муҳокамани талаб қилади.

“Етакчи” ёшлар маркази томонидан ўтказилган сўровномаларда аниқланишича, ёшларнинг 25 фоизи замонавий қўшиқларда мазмун йўқолиб бораётгани, 20 фоизи миллий мусиқа анъаналари бузилаётганини таъкидлашган. Аксарият иштирокчилар клипларда хориждан “ўғирлаш” ҳолатлари кўплаб учраётгани, бу эса кўчирмачиликдан бошқа нарса эмаслигига эътибор қаратган.

Маълумки, кўнгилочар маҳсулотлар бозорида мусиқали клипларга талаб, айниқса, катта. Аммо ҳозир мусиқали клиплар оммавий маданиятнинг замонавий кўриниши сифатида ҳам қабул қилинмоқда. Негаки, бугун аксарият клиплар оммавий истеъмол учун мўлжалланган бўлиб, ижтимоий аудитория — омманинг эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда. Улар қайси давлат ёки қайси миллатга мансуб хонанданинг қўшиғига суратга олинишидан қатъи назар, халқаро телеканаллар томонидан дунёнинг етти қитъасида миллионлаб томошабинлар, турфа миллат вакиллари эътиборига ҳавола этилмоқда.

Мусиқали клип оммавий маданиятга дахлдор ҳодиса экани мутахассислар томонидан эътироф этилган. Хусусан, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов клипни “оммавий маданият феномени”, яъни оммавий маданият таркибида вужудга келган янги ҳодиса деб атайди. Унинг фикрича, клип маданияти нисбатан янги ҳодиса бўлишига қарамай, Ўзбекистон ёшларининг кенг қатламини қамраб олган. Уларнинг эстетик тафаккури, маънавияти шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, клип ­миллий шоу-бизнеснинг ­муҳим таркибий қисми ҳам ҳисобланади.

Дунёда, шу жумладан, юртимизда ҳам мусиқали телеканалларнинг фаолият кўрсатиши клип маданиятининг ёшлар маданияти таъсир кўрсатишига олиб келди. Чунки телевидение ихлосмандларининг асосий қисми ёшлардир. Бироқ мусиқали клипларнинг ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланмаган, ҳиссиётларга ўта берилувчан, тақлид қилишга мойил ўсмир-ёшлар орасида кундан-кунга шуҳрат топаётгани бехавотир ҳол эмас.

Бинобарин, ҳозирги ахборот маконида замонавий клиплар “оммавий маданият феномени”га айланган бир пайтда, телевизор орқали сон-саноқсиз хорижий ёки ўзимизники-ю, аммо хориждан “ўғирланган” мусиқали видеомаҳсулотларнинг намойиш этилиши юртимизга “оммавий маданият” унсурлари тўғридан-тўғри “экспорт қилинаётгани”дан далолат беради. Ўзингизга савол бериб кўринг-чи, минг-минглаб ўзбек йигит-қизлари “замонавий” кийиниш, соч турмаклаш услубларию маъно-матрасиз рақсларни қаердан кўриб, ўрганаётган экан? Ахир, биз доимо танқид қиладиган, миллийлигимизга тўғри келмайди дейдиган очиқ-сочиқ кийимлар, тор кўйлаклар, елкалари очиқ келинлик либослари, йиртиқ-ямоқ шимлар, қолаверса, бошдан-оёқ ғарбона маданият, масалан, европача тўй маросимлари ёхуд йигит ва қиз ўртасидаги менталитетимизга чиндан ҳам мутлақо тўғри келмайдиган ишқий муносабатлар кўрсатилувчи саҳналарга бой клиплар тўлиб-тошиб ётибди-ку.

Ўтган йили эстрада хонандаси Иззатилла Ибрагимовнинг “Бир жуфт юрак” номли қўшиғига ишланган мусиқали клип эфирга чиққан эди. Мазкур клип барча мусиқали ҳамда нодавлат телеканалларда такрор ва такрор намойиш этилгани боис томошабинлар орасида тезда танилди. Қўшиқ барчамиз учун яқин ва қадрли мавзу — икки ёшнинг “бахт уйи”, яъни оила қўрғонининг барпо этилишига бағишланган. Клипда бу жараён ёшларни расмий никоҳдан ўтказиш маросими сифатида тасвирланади. Тан олиш керак, клип режиссураси юқори даражада. Бироқ унда кўрсатилган никоҳ маросими кўпроқ Голливуд киноларини эслатади. Ўзбекликдан, миллий қадриятларимиздан асар ҳам йўқ. Келин-куёв йўлакнинг икки чеккасида саф тортиб уларни қарши олаётган меҳмонлар орасидан юриб келишади. Бу одат кўпроқ ғарбдаги таомилга хос эканини томошабин, албатта, хаёлига ҳам келтирмайди. Ахир, клип чиройли ишланган-да. Бир сўз билан айтганда, жуда томошабоп. Унда қайси миллатнинг урф-одати тарғиб қилинаётгани эса иккинчи даражали масалага айланган.

Шуҳрат Қаюмовнинг “Бахтим мени” қўшиғига ишланган мусиқали клип ҳам оила мавзусида. Лекин бу клипда айнан миллий руҳ устунлик қилади. Тасвирларда келин-куёвлик, оила қуриш ва фарзандли бўлиш бахти воқеа-ҳодисалар эмас, тимсоллар ёрдамида кўрсатилган. Масалан, бир-бирининг устига қўйилган эркак ва аёл пойафзали, бешик, болалар ўйинчоқларига ўхшаш деталлар орқали қўшиқнинг мазмунини ҳатто, сўзсиз тушуниб оласан, киши. Клип ижодкорлари оилавий бахт мазмунини мана шундай оддий, бироқ дилга осон етиб борадиган шаклда очиб беришгани эътиборга молик.

Тўғри, ўзбек ёшлари замонавий ўзбек мусиқасини яхши кўришади. Буни “Замонавий клипларга ёшларнинг муносабати” мавзуида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Умуман олганда, бугунги ёшлар сифатли клипни сифатсизидан ажрата оладилар, деб бемалол айтишимиз мумкин.

—    Ёшларнинг клипларга қизиқишини мусиқага бўлган қизиқиш келтириб чиқаради, — дейди психолог Луқмон Қозоқов. — Мусиқий дид эса инсонда йиллар ўтган сари ўзгариб бораверади. Ёшингиз ўтган сари сизга мумтоз мусиқа, фольклор куй-қўшиқлари кўпроқ ёқа бошлайди. Ўсмир-ёшларнинг асосан поп, рок, жўшқин эстрада мусиқасини эшитиши шу ёшда уларнинг организмида кечадиган табиий биологик жараёнлар билан боғлиқ. Эътибор берсангиз, ўсмирлар қизиққон, жиззаки, баъзан ҳатто, тажовузкор бўлишади. Бола ўзидаги ана шу ички қувватни чиқариб юбориши керак. Шу боис у шовқин-суронли, инсонни жумбушга келтирувчи мусиқани танлайди.

Глобаллашув, маданиятлар тўқнашуви шароитида яшаётган инсон учун телевизорни ёқиб, мана бу клип миллийлигимизга мос, шуни кўраман, мана буниси эса, шарм-ҳаёдан мосуво, тарбиямни бузади, шу туфайли уни кўрмай қўяқолганим маъқул, деб уларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиши жуда қийин. Ахир, телеэкран биздан қайси медиамаҳсулотни истеъмол қиласан, деб сўраб ўтирмайди, дидимизга мос келадими-йўқми, тайёрини тақдим этаверади — орасидан танлаш имконияти ҳам йўқ. Ақлини таниган, муайян маънавий иммунитетга эга катталарнинг онгини-ку беҳаё клиплар билан заҳарлаш қийиндир. Аммо болалар, ўсмирларнинг-чи? Айниқса, телевизор қаршисида соатлаб ўтирган бола телемания касаллиги тугул, ахлоқсизлик ва маънавиятсизлик дардига мубтало бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. ­Фақат бой берилган вақтни ортга қайтариб бўлмаганидек, тарбия учун бой берилган имкониятни ҳам қайтариб бўлмайди.

Наргиза Умарова

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 33-сонидан олинди.