Азиз Имомов. Беҳзод кашф этган да Винчи сири

Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи… Жаҳон санъати тарихида қад ростлаган бу икки улкан ­чўққига назар соларкансиз, инсон истеъдоди аслида коинот каби сарҳадсиз, ақл бовар қилмас жумбоқларга бой эканини ҳис этасиз. Беш аср муқаддам шундай етук ижодкорларнинг ҳаёт кечиргани, уларнинг замондош бўлганидан ҳайратланмай илож йўқ.

Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи… Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз даврининг буюк мусаввирлари эди. Бири Шарқ миниатюрасининг афсонавий ижодкори, бири Ғарб Уйғониш даврининг етук мутафаккири сифатида шуҳрат қозонди. Беҳзод йигирма уч ёшида Ҳирот миниатюра мактаби етакчисига айланди. Ўсмир ­Леонардонинг беназир маҳоратини кўрган ­устози Андреа Верроккьо шогирди ўзидан-да юксак ­маҳоратга эришганини тан олди.

Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи… Замона зиддиятлари, турмушнинг оғир синовлари уларни Ватандан йироқ, жаҳонгашталикда ҳаёт кечиришга мажбур этди. Ҳар иккиси ҳам турли ҳукмдорлар саройида хизмат қилди, ­мусаввир эришиши мумкин бўлган энг юксак мартабаларга сазовор бўлишди. Тақдир уларни учраштирмаган бўлса-да, ижод оламидаги ­изланишлар икки буюк мусаввирни бир ­манзилга етаклади.

Камолиддин Беҳзод анъаналари Густав Климт, Анри Матисс, Пабло Пикассо каби машҳур Ғарб рассомлари ижодига таъсир кўрсатгани ҳақида кўп ва хўб гапирилган. Эҳтимол, бу каби қиёслашлару тахминлар замирида муболаға бордек туюлар. Буюк мусаввирларнинг барчасида ҳам муштарак жиҳатларнинг бўлиши табиий ҳодиса эмасми!? Аммо бу уйғунлик фақатгина гўзалликка, инсонийликка бўлган умумий интилишда акс этади, деб ўйласак адашамиз. Камолиддин Беҳзодга “Шарқ Рафаэли” сифатида таъриф берилишининг замирида чуқур ҳақиқат мавжуд. ХV асрда нафақат Европа, балки Марказий Осиё санъати ҳам ўзига хос Ренессансни бошдан кечиради. Шубҳасиз, темурийлар ҳукмронлиги давридаги бу юксалиш жаҳон маданиятидан бўлак ҳодиса эмасди. Марказий Осиё Ренессанси ўз навбатида Европа Уйғониш даври санъатини руҳлантиргани, улар ўртасида ўзига хос мулоқот юз бергани айни ҳақиқат. Шу сабабли ҳам бу мавзуни тадқиқ этган академик Акбар Ҳакимов Европа классик рангтасвири Темурийлар даври санъати билан ягона эстетик манбага эга эканини қайд этади.

Хўш, Ғарб ва Шарқ анъаналари уйғунлашуви Камолиддин Беҳзод ижодида қандай акс этади? Беҳзод ва Да Винчи ижодида чиндан ҳам муштарак жиҳатлар мавжудми? Замонавий санъатшунослар учун бу саволларга аниқ жавоб топиш мушкул вазифа. Ҳар икки мусаввир ҳам бир даврда яшаган бўлишига қарамай, улар ҳеч қачон учрашмаган. Мисол учун ўз ижодий изланишлари ҳақида қоғоз қоралашни сира канда қилмаган Леонардонинг кундаликларида Шарқ мусаввирлари ҳақида бирорта қайд учрамайди. Хусусан, Ҳиротда ҳам Европа рангтасвиридан сабоқ берувчи ижодий устахона фаолият юритмагани аниқ. Шунга қарамай, Да Винчининг Шарқ миниатюрасидан хабардор бўлгани, Беҳзоднинг Европа портрет санъати асосларини мукаммал билганини қандай изоҳлаш мумкин?

Шу ўринда қизиқ бир тарихий воқеа эътиборимизни тортади. ХV аср охирида Ҳирот ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро саройига усмонли турклар давлатининг элчилари ташриф буюришади. Элчилар тақдим этган совға-саломлар орасида венециялик машҳур рассом, Жентиле Беллини қаламига мансуб картиналар ҳам бор эди. Италия Уйғониш даврининг йирик ижодкорларидан бири бўлган рассом асарлари темурийлар ҳукмдорига тасодифан тақдим этилмаганди, албатта.

Анқара жангидаги мағлубиятдан сўнг ярим аср ўтиб, усмонлилар ниҳоят, Византия пойтахти Константинополни эгаллашга муваффақ бўлишади. Ўз мамлакатининг маданий нуфузини юксалтиришни мақсад қилган султон Мехмед II саройига европалик ижодкорларни ҳам таклиф этади. 1479 йили Венеция элчилари таркибида Константинополга йўл олган Жентиле Беллини бир қанча вақт давомида турк султони саройида ижод қилади. Ҳозир Лондон миллий галереясида сақланаётган машҳур “Мехмед II” (1480) портрети ҳам шу даврда чизилган. Ижодий сафар чоғида Беллини Италия Ренессанси ва Шарқ миниатюраси анъаналари уйғунлигида кўпгина асарлар яратишга эришади. Табиийки, бу ижод намуналари усмонлилар саройида юксак эътирофга сазовор бўлади.

ХV аср охирларида Ҳирот миниатюра мактабининг юксалиши турк султонларини ҳам бефарқ қолдирмайди. Ўз мамлакатининг маданий салоҳиятини намойиш этишни мақсад қилган Боязид II Ҳиротга венециялик рассом яратган сара картиналар тўпламини жўнатади. Турк султони аслида бу орқали Ҳирот ҳукмдори билан ўзига хос мусобақа уюштиришни мақсад қилган эди. Бу чорловни қабул қилган Ҳусайн Бойқаро янги миниатюра асарлари яратишни Камолиддин Беҳзодга топширади. Европа рангтасвир анъаналари Беҳзодда катта қизиқиш уйғотади. У қисқа вақт ичида Беллини асарлари асосида Уйғониш даври рангтасвири анъаналарини ўрганишга эришади. Бу изланишлар натижасида тасвирий санъат тарихида ҳали учрамаган, мутлақо янги услубдаги портретлар туркуми дунёга келади. Ҳиротлик мусаввир уларда Шарқ миниатюраси ва Ренессанс рангтасвири анъаналарини уйғунлаштиришга эришади. Академик Акбар Ҳакимов ушбу ҳодисага баҳо берар экан, Европа классик санъати тамойиллари Беҳзод томонидан ҳайратланарли даражада муваффақият билан ўзлаштирилганини алоҳида таъкидлайди.

Ушбу туркумдан ўрин олган асарлар орасида, айниқса, “Бағдодлик дарвеш” портрети мутахассисларда қизиқиш уйғотиши бежиз эмас. Беҳзодга хос юксак нафисликда ишланган асарнинг образли ечими Шарқ миниатюрасида мавжуд анъанавий портрет концепциясидан бутунлай фарқ қилади. Асарда дарвеш сиймоси ўзига хос бўшлиқда акс эттирилади. Орқа фондаги манзарадан воз кечиш орқали мусаввир томошабинлар эътиборини дарвеш образида жамлашга ҳаракат қилади. Сўфиёна қатралар, тилла тусли нақш ҳам томошабинни чалғитмайди.

Дарвеш сиймоси реалистик санъатга хос табиийлиги билан ажралиб туради. Унинг либоси ҳаққоний аниқликда тасвирланиб, ҳар бир бурамаю чокка алоҳида эътибор берилган. Қаҳрамоннинг чуқур мазмунли нигоҳида томошабинни ўзига ром этувчи сирли бир куч бор. Мусаввир аслида дарвешнинг ботиний оламини ифодалашни мақсад қилганини ҳис этасиз. Ҳаёт лаззатларию кундалик ташвишлардан озод бу инсон нима ҳақида ўй сураётганини билиш истаги туғилади одамда. Дарвешнинг сирли нигоҳи айнан томошабинга қаратилган. У гўё бизга нимадир айтмоқчи, қақраган лабларида қандайдир калима яширин. Дарвеш сиймосида гўё сўфиёна донишмандлик, акс этиб тургандек.

Буни қарангки, “Бағдодлик дарвеш” портрети билан деярли бир даврда Леонардо да Винчининг машҳур “Мона Лиза” (1503-1505) асари ҳам дунёга келади. Хўш уларнинг яратилиши ўртасида қандай боғлиқлик мавжуд? Бу савол кўпгина мутахассисларни ўйлантириб келаётган жумбоқлардан бири. Зеро, “Бағдодлик дарвеш” ва “Мона Лиза” асарларига назар ташласангиз уларда нафақат шаклий, балки ғоявий уйғунлик ҳам мавжудлиги яққол сезилади.

Аввало, дарвешнинг ҳокисор қўллари эътиборимизни жалб этади. Шу дамдаёқ “Мона Лиза”да акс этган аслзода аёлнинг нафис қўллари ҳолатини ёдга оламиз. Арзимас жиҳат бўлиб туюлган бу ўхшашлик замирида Беҳзод изланишлари нақадар кенг кўламни қамраб олиши маълум бўлади. Қанчалик мушкул бўлмасин, мусаввир Европа портретидаги шахс концепциясини Шарқ миниатюрасида қўллашга ҳаракат қилади. Да Винчи сингари Беҳзод ҳам қаҳрамонининг мураккаб руҳий оламини очиб беришни истайди. Дарвеш сиймоси қаршисида замон, макон тушунчалари ўз аҳамиятини йўқотади. Мусаввир чексиз бўшлиқ қаъридаги инсон руҳий оламининг нақадар сирли эканини, уни англаш учун тафаккур салоҳияти билан бир қаторда муҳаббатга, инсонийликкка тўла қалб нигоҳи зарурлигини таъкидлайди.

Юқоридаги файласуфона ёндашув “Мона Лиза” портретида ҳам идрок этилади. Тақдирнинг оғир синовларига дуч келган аёл қиёфаси Ренессанс даврида кенг тарқалган антик давр маъбудалар сиймосида акс эттирилмайди. Да Винчи ижодига хос юксак гуманизм “Мона Лиза” чеҳрасида қуёш мисол барқ уради. Ҳа, бу портретни яратиш учун шунчаки сурат чиза билишнинг ўзи етарли эмас. Чинакам руҳшуносгина бундай нозик ҳиссиётларни англай олади, буюк мусаввиргина уларни оқ матода акс эттиришга қодир. “Мона Лиза” сиймосига яна назар соламиз… “Бағдодлик дарвеш” сингари унинг нигоҳи ҳам сир-синоатга тўла. Аёлнинг маъноли нигоҳи томошабинга қараган. Юзидаги бу ифода ним табассумми ёки изтироб? ­Томошабин учун бу мавҳум бўлиб қолаверади. Назаримизда, картинанинг таъсир кучи ҳам аслида шунда.

“Бағдодлик дарвеш” ва “Мона Лиза”… Бу икки портретни яратишга ундаган илҳом куйлари бир создан таралган эмасми!? Агар шундай бўлса, бу сознинг соҳиби ким эди? Да Винчими ёки Камолиддин Беҳзод? Бу жумбоқнинг ечимини топишнинг иложи бўлмаса-да, ҳар икки портретга назар солганимиз сари янги саволлар туғилаверади. Дарвоқе, “Бағдодлик дарвеш” “Мона Лиза”дан бир неча йил аввал яратилганини ҳам унутмаслик лозим. Беҳзод италиялик мутафаккирнинг беш асрдан буён санъат ихлосмандларини ҳайратга солиб келаётган ўша машҳур сирини ҳам биринчи бўлиб кашф этган бўлса ажаб эмас. Ҳар икки асарда қўлланган нур ва соя техникаси, ранглар залвори нақадар ўхшаш. Мазкур уйғунликни асарларнинг умумий композициясида кўриш мумкин. Шакл ва мазмун уйғунлиги… Тасвирий санъат ижодкори эришишга қодир бўлган энг юксак чўққи шу эмасми аслида!

“Бағдодлик дарвеш” ва “Мона Лиза”… Бу портретлар икки буюк мусаввир ижодидаги муштаракликка бир мисол холос. Беҳзод яратган портретларни ўрганишда давом этарканмиз, Шарқ миниатюраси Ғарб рассомлари ижодига ҳам кучли таъсир кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Беҳзод Ғарб классикларига шунчаки тақлид қилгани йўқ. У миниатюра ва Ренессанс анъаналарини янги шакл ва мазмунда англашга интилди. Бунинг ёрқин исботини “Рассом портрети”да (1487) ҳам кўриш мумкин. Ушбу портрет Жентиле Беллинининг “Хаттот” (1479-1480) асарига шу қадар ўхшашки, бу уйғунлик шунчаки тасодиф эмаслиги сезасиз. Беллини ҳам икки мактаб анъаналарини бирлаштириш йўлларини излайди. “Хаттот” Шарқ ­миниатюрасига хос нафис услубда ишланган бўлиб, унда Ренессанс портретига хос анъаналар ҳам ёрқин акс этади. Ҳар икки портретни бир-бири билан солиштирар эканмиз, Камолиддин Беҳзод нақадар юксак маҳорат эгаси бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Европа рангтасвир анъаналарини чуқур англаган мусаввир қаҳрамон образини Беллини сингари аниқликда тасвирлайди ва шу билан ­бирга, асарда миниатюрага хос поэтикани сақлаб қолишга эришади.

Ғарб ва Шарқ мусаввирлари ижодида мавжуд бундай ижодий уйғунликлар ҳар қандай санъат ихлосмандини ҳайратга солиши шубҳасиз. Зеро, узоқ йиллар давомида фанда Европа Ренессанси антик давр маданияти таъсирида ривожланган, деган қараш ­ҳукмрон эди. Аммо сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу жараёнда Шарқ санъатининг ҳам салмоқли ўрни бор. Демак, Европа Ренессанси ҳам Шарқ санъатига ўзига хос таъсир кўрсатганини инкор этмаслик ­лозим. Мазкур жараён ижодий анъаналарнинг шунчаки ўзлаштирилиши эмас, балки кенг маънодаги ижодий мулоқот кўринишида кечди.

Таажжубки, Ғарб ва Шарқ санъати ҳақида сўз борганда ҳанузгача бири-биридан йироқ ва қарама-қарши ижодий жараёнларни тушуниш давом этмоқда. Ваҳоланки, бу узоқ йиллар давомида қолипга айланиб улгурган юзаки ёндашув холос. Камолиддин Беҳзод ва Леонардо да Винчи ижодига назар солар эканмиз, Шарқ ва Ғарб санъатининг мулоқоти афсона эмас, балки реал ҳодиса эканига гувоҳ бўламиз. Ҳа, бу мусаввирларнинг ҳар иккиси улкан бир олам. Улар босиб ўтган ижод йўли эса аслида санъат деб ­аталувчи сарҳадсиз уммонда ­бирлашувчи икки дарёдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 24-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!