Абдуқаюм Йўлдошев. “Ҳаммаси ёзиб қўйилган…”

Саҳна асоси — драматургия. Асар матнига ҳурмат билан қараш, уни ўқиш билан бирга уқиш, яъни чуқур англаш орқалигина яхши натижага эришиш мумкин. Бу оддий ҳақиқат, албатта. Бироқ кейинги пайтларда мана шу жўнгина талабга риоя қилмаслик, “замонавийлик, модернизм, муаллифлик ёндашуви” каби турфа шиорлар остида ҳатто мумтоз асарларни ўз билганича талқин этиш анъанаси пайдо бўлаяпти. Дунёда ­кечаётган бу жараённинг кўланкаси ўзимизда ҳам бўй кўрсатиб қолмоқда.

Бундан ўн-ўн беш йил бурун Германия саҳнасида жинси шим кийган Гамлет пайдо бўлганини эшитганимизда “ҳа, буям замонавийликнинг бир кўриниши, Шекспир абадийлигининг тимсоли бўлса керак-да”, деб қўяқолган эдик. Аммо бу жараён ақлни лол қолдирар даражада тезлашиб кетиши мумкинлиги хаёлга ҳам келмаганди. Афтидан, бу талотўпда айнан Шекспир кўпроқ ҳужумга учраши табиий ҳолга ­айланиб қолди, шекилли.

Ўзингиз тасаввур этиб кўринг, россиялик таниқли ёзувчи, телебошловчи ва театр режиссёри Андрей Максимов матбуотда Гамлетни ўз онасини ўлдирган, севгилисининг ақлдан озишига сабаб бўлган ярамас деб атайди. Бундан илҳомланиб кетган бўлса керак, Сиктивкардаги В.Савин номли театрда саҳналаштирилган “Гамлет” спектаклида бош қаҳрамон севгиси Офелияни рояль устида зўрламоқчи бўлади. Бу қадар фаросатсизликдан ғазабга келган Коми республикаси жамоатчилик палатаси аъзоси А.Шиголев театрни судга берди. Бироқ 2012 йилнинг январ ойида бўлиб ўтган суд театр ижодкорлари фойдасига ҳал бўлди. Ёмон ибрат юқумли бўлади. Тез ­орада Калуга саҳнасига мини-юбкада велосипед ҳайдаётган, тинмай чупа-чупс сўраётган Жульетта чиқди.

АҚШда намойиш этилган “Ревизор” спектаклида Хлестаков тўсатдан Машенькага ёпишиб кетади ва… Томошабинлар бечора муаллиф Гоголь бу асари билан нима демоқчи эканини тушунмасдан тарқалишган.

Жанжалли (шов-шувли эмас) спектакллари билан ном қозонган фаранг режиссёри Я.Фабр 2005 йили “Бағрикенглик базми” спектаклини намойиш этганида европалик томошабинлар актёрларга тухум отишдан ўзларини тийиб туролмайдилар. Ниҳоят мамлакат маданият вазирининг аралашувигина катта жанжалнинг олдини олади. Фабр эса саҳнада ғайри инсоний тажрибаларини ҳамон давом эттирмоқда: у режиссёрлик қилган спектакллардан бирида актёрлар уч ой мобайнида ўта заҳарли ўргимчак билан бирга рол ижро этишга мажбур бўлдилар, бошқа спектаклда эса саҳнага тўппа-тўғри музлаткичдан олиб келинган 11 та илон қўйиб ­юборилган. Режиссёр музда тўнғиб ётган илон камҳаракат бўлади, шу сабабли томошабинлар қаторига судралиб етиб бора олмайди, деб ҳисобларкан.

2008 йили греклар “Медея” спектакли ижодкорларини саҳнадан қувиб солишган. Зеро, бутун спектакл давомида яланғоч юрадиган Медеянинг кимга қизиғи бор? Фожиали муҳаббати йўлида ўз фарзандларининг қотилига айланган Медеяни шу ҳолида саҳнага олиб чиқиш учун режиссёр қанчалар калтафаҳм ва довдир бўлиши керак?!

2010 йили Горькийнинг машҳур “Дачники” пиесасини Калининград саҳнасида томоша қилиш учун келганлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди: актёр ва актрисалар саҳнага онадан қандай туғилишган бўлса, шундай ҳолда чиқиб келишган.

2011 йили Санкт-петербурглик режиссёр К. Богомолов “Турандот” пиесаси воқеаларини исловатхонага кўчириб саҳналаштирган. Худди шу режиссёр яқинда “Қирол Лир”ни саҳнага олиб чиқди. Спектаклда эркаклар ролини аёллар ижро этишади, ҳомиладор хотинларнинг қорни орқага қараб ўсади, Лир хоним эса баданига Россия харитаси туширилган улкан резина қўғирчоқни кўтариб юради. Режиссёрнинг фикрича, айнан резина қўғирчоқ бугунги ­Россия тимсоли эмиш…

Ўз-ўзидан аён, бу тарздаги “модернизм”ларни кўр-кўрона кўкларга кўтариш, бундай ишга журъат этган режиссёрларни даҳолик шоҳсупасига чиқариб қўйиш саҳнада “яланғоч қирол”ларнинг урчиб кетишига олиб келади, холос. Ялтираган ҳар нарса олтин бўлмагани янглиғ, тушунилмаган ҳар қандай ­воқелик буюкликдан нишона бўлолмайди.

Яқинда ўзимизнинг театрлардан бирида бўлдик. Бундан етмиш-саксон йил бурун яратилган, ҳаммамизга таниш умрбоқий асар асосида спектакл намойиш этилди. Бешта йигит-қиз саҳнага чиқиб олиб гапираверади-гапираверади, денг. Ора-сира уёқдан-буёққа чопиб, рақс ҳам тушиб қўйишади. Сал зеҳн солиб эшитиб кўрдикки, қаҳрамонларимиз долларни ҳам тинч қўйишмаяпти, еврони ҳам. Қолган гап-сўзлар ҳам шунга яраша.

Ижод эркинлигини тўла қувватлаган ҳолда, асарнинг ўзини ўқиган, ундан завқ олган томошабин сифатида айтмоқчимизки, балки спектакл муаллифларини “Тошкентга саёҳат” муваффақияти илҳомлантиргандир, балки ўзга сабаб-омиллар бордир, бироқ классик меросимизни бу қадар эмин-эркин талқин этиш, “янгича нигоҳ” баҳонасида уни яланғоч масхарабозликка айлантириб қўйишдан муддао не?

Шак-шубҳасиз, саҳна — турли-туман тажрибалар ва ҳаттоки таваккаллар майдони. Аммо ҳар қандай эксперимент замирида, аввало, саҳналаштирилаётган асар матнига ҳурмат ётмайдими? Адабий асоссиз, муаллақ жойда чиройли саҳна “бино”сини қуриб бўладими? Бу борада Баҳодир Йўлдошев раҳбарлик қилаётган “Дийдор” театр-студиясидан ҳар қанча ўрганса арзийди. Туроб Тўла асари бўйича саҳналаштирилган “Нодирабегим” спектаклини бир бориб кўринг, ижро маҳорати ва матн мутаносиблигидан ҳайратга тушасиз. Спектаклнинг энг юксак чўққиларидан бири – амир Насрулло ва Нодирабегим баҳси саҳнасидан ларзага тушасиз. Бўлар экан-ку!

Албатта, ушбу шахсий мулоҳазалар орқали ижодкор режиссёрларга иддао қилиш фикридан буткул йироқмиз. Ақл ўргатишдан-ку, инчунин, худо сақласин. Ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул. Ёзувчининг қисмати асар битмоқ, режиссёрнинг ҳунари уни саҳнага олиб чиқмоқ.

Аммо куни-кеча бир режиссёр билан озгина гурунглашиб қолдик. Меҳнаткаш акамиз беш йилдан бери Шукур аканинг машҳур “Бодом қишда гуллади” ҳикоясини саҳнага олиб чиқиш тадоригида экан. Бу ниятни эшитиб, рости, ҳаяжонланиб кетдим. Сўнг бу қадар узоқ муддатнинг ижодий изланиш билан боғлиқлигини тусмолладим. Адашмаган эканман. Гурунг чоғи аён бўлдики, режиссёр акамизни ҳикоя қаҳрамони Носиржоннинг… отаси қизиқтираркан. Ҳайрон бўлдим. Ҳикоя бошроғида Носиржон “Отамиз ҳаёт…” деб айтарди шекилли. Режиссёр гапни илиб кетди: “Худди шунақа! Лекин ҳикоя охирида “Отам йўқ…” дейди. Хўш, нимага?” Тўғриси, бу саволга жавоб бера олмадим. Режиссёр янада жўшди: “Мен шу саволга жавоб топсам, бас, ҳикояни икки кунда саҳналаштириб ташлайман”. Билмадим, балки адашаётгандирман, ҳар қалай, “ҳикояни икки кунда саҳналаштириб ташлаш” соҳасидан анча йироқман, аммо назаримда “Бодом қишда гуллади”да режиссёр акамизни беш йилдан бери ўйлантириб келаётган саволнинг жавоби бор. Яъни қаҳрамон “синиқ жилмайди”: “Отам йўқ… Алдаган эдим сизларни. Бўлади-ку!”. Дарҳақиқат, бу дунёда нималар бўлмайди, дейсиз. ­Бешинчи синфдалигида бошига узун темир тегиб кетган Носиржон отасиз ўсган бўлса ўсгандир. Гап бунда эмас-ку, тўғрими? Гап улуғ муҳаббат тўғрисида, илло севгининг қудрати, изтироб-азоби, шифобахш оғуси боис Носиржондек йигит яна ҳаётга қайтди, ҳарф таний бошлади… Ахир, асарда ҳаммаси ёзиб қўйилган… ҳаммаси…

Зеро, бугун Шукур аканинг бемисл ҳикоясидан қаҳрамон отасининг тақдирини излаб юрган режиссёр эрта-бир кун уни ўзича топар, тополмаса ўйлаб чиқарар. Натижада яна бир чалакам-чатти, ­ёзувчининг сўзига, матнга эътиборсиз асар пайдо бўлмайдими саҳнамизда?

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 3-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!