Мансурхон Тоиров. Қирмиз баргли оғочлар

2005 йили Санкт-Петербург шаҳрида яримўтказгичлар физикаси муаммоларига бағишланган 6-Бутунроссия илмийконференциясида икки маърузам билан қатнашдим. Орадан кўп ўтмай, мазкур конференциядаги маърузаларим матни билан танишган чоғи, АҚШ олимларидан Денвер, Япония олимларидан эса Осака шаҳрида бўлиб ўтажак анжуманларга таклифнома олдим.

Денвер конференцияси сабаб АҚШ заминига қадам қўйдим. Илмий машварат тугагач, Нью Йоркка учдим. Аэропортда мени собиқ курсдошим Фарид Мақсудов кутиб олди. Икки дўст яна дийдорлашиб турганимиздан ғоят шод эдик. Фарид ака менга аввал шаҳарни томоша қилдирди, сўнг “Бир америкалик қадрдоним бор.  Исми – Рабай Клейн. Унинг Хайм деган ўттиз яшарлар ўғли бор. Хаймга математика ва физикадан дарс берганман. Кўпдан бери Рабай мени далаҳовлисига таклиф этади. Мана, ҳамроҳ ҳам топилди, ўша ерга бориб, бирга ҳордиқ чиқарамиз”, деб қолди. Тошкентга шошиб турган бўлсам-да, дўстимнинг юзидан ўта олмадим – таклифига рози бўлдим.

Хайм бизни далаҳовлига машинасида элтиб қўйди. Далаҳовли деганлари 100 гектардан мўлроқ ўрмонзор, сара дарахтлар тиғиз ўсган хушманзара бир гўша экан. Уч-тўрт кун ўтгач, бекорчиликдан зерика бошладик. Қарасам, атроф-жавонибдаги дарахтлар остини хазон қоплабди. “Келинг, ҳеч бўлмаса шуларни йиғиб, ўзимизни овутайлик”, дея таклиф киритдим. Хаскашлар ҳам топила қолди. Фарид ака ошга уннаб кетди. Мен эса хазон тўплай бошладим. Танам қизиб, кайфиятим кўтарилди. Бир оз чанқагандек бўлдим. Қани бир пиёла чой бўлса. Ошхона анча узоқ – боришга эриндим.  Теваракка хаёлчан назар солдим. Қулоғимга мақом саси урилгандек бўлди. Шу пайт қаршимдаги  уч дарахт эътиборимни тортди. Улардан бири – ғоят улкан, бошқаси – анча кичик бўлиб, кичиги улкани томон эгилиб ўсган ва ўн-ўн беш газ юқорида унга суяниб, ўсишда давом этган эди. Эрта кўклам бўлса-да, бу икки дарахт куртак тугмаган, шу боис қуриб қолганов деган хаёлга ҳам бордим. Учинчи дарахт эса икковининг ўртасидан ўсиб чиққан, танаси анча йўғон тортган, куртаклари ҳам бўртиб қолганди. Шу уч дарахтга боқиб туриб, хаёлим болалик давримга, қулупнай  эгатларига кетди…

Ўтган асрнинг 50-йиллари адоғи. Мен у кезлар 11 яшар бола эдим. Ҳовлимизда қулупнайзор бўларди. Қулупнайни парвариш қилиш, ҳосилини йиғиб олиш, баргларини ўриб ташлаш қўлимдан келар эди-ю, лекин дадам ҳарчанд ўргатса ҳам эгат олиб, келгуси йилга ҳозирлашни уддалаёлмасдим. Дадамнинг ўзи эса соғлиғи ёмонлашиб, оғир ишга ярамай қолган эди. Хуллас, дадам қулупнайга эгат олишга мардикор ёллади.

Мардикор оқ яктак кийган, белига қийиқ боғлаган, бошига дўппи қўндирган, калта мош-гуруч соқолли норғул одам бўлиб, бир қўлида кетмон тутиб, бир қўлида тўрт-беш яшар қизалоғини етаклаб кириб келди. Мардикорнинг исми Қодир бува, қизалоқнинг исми эса Зарифа экан. Қодир бува бир маромда кетмон чопар, намозини ҳам канда қилмас эди. Қизалоқ эса сингилларимга қўшилиб қўғирчоқ ўйнамас, пайкал бошига ўтириб олиб, икки тирсагини иягига тираганча, кетмондан кўзини узмасди. Улар шом тушганда ойим пиширган таомдан ейишди-да, ётоқларига йўл олишди. Дадамнинг айтишича, Қодир буванинг уй-жойи йўқ, Зарифа эса қариганда топган ёлғизи бўлиб, ота-бола совхознинг қайсидир бригадаси шийпонида бир ойдан бери ётиб юришар эмиш.

Эртасига Қодир бува пиёлага кўк чой тўлдириб, бирров нафас ростлашга ўтирганида “Сиз қамалганмисиз? Дадам айтдилар”, деб сўрадим. Қодир бува саволимни эшитмади чоғи пиёладаги чойни симириб, чойнакдан яна тўлдириб қуйди-да, бир кесак устига қўйиб, кетмон тиғини аввал теша билан ростлади, сўнг ҳафсала билан эговлашга киришди. Мен саволимни қайтариб ўтирмадим-да, қулупнай эгатларида қолган яккам-дуккам ўтларни ўроқда ўрган бўлиб юравердим. Қодир бува ишимни кузатиб турган, шекилли, кетмонини эговлаб бўлгач, менга “Қани, ўроғингни келтирчи, ўтни ўрмаяпти, юляпти-ку!” деди. Ўроғимни қўлига олгач, “Бу – ўрис ўроқ, уни “серп” дейишади. Бизники бошқача бўлади. Серпда майда тиш бўлади. Бизнинг ўроқда эса тиш йўқ. Бу ўроғингнинг тиши ейилиб адо бўпти. Эгов солмасанг, ўтни юлади, холос. Сидирилиб кетиб, қўлингни тилиши ҳам мумкин”, дедию уни ҳам эговлай бошлади. Шу орада қўққис “Қоратегинни эшитганмисан?” деб сўраб қолди. Мен “У нима, ўроқми?” деган эдим, кулиб юборди. Сўнг “Қишлоқнинг номи, мен туғилган қишлоқ… Ҳозир Тожикистонга қарайди. Тожик, ўзбек аралаш яшайди”, деб тушунтирди ортидан бир хўрсиниб қўйиб. Қоратегинни сендек эканимда ташлаб чиққанмиз, дея ҳикоясини бошлади. Оиламиз аввалига Пошота деган ерда қўним топди. Пошота – Қирғизистонда таниқли маскан. Балки эшитгандирсан, шунақа авлиё ўтган”, деб менга бир қараб қўйди-да, жавобимни ҳам кутмай давом этди, “Мен Пошота қабрини отам билан зиёрат қилганман. Мозор баланд тоғ этагида. Бир гал қаттиқ ер қимирлаганда, балки Андижон зилзиласидадир, тоғ тепасидан 20 туя катталигида ҳарсанг юмалаб, Пошота қабрига етганда тақа-тақ тўхтаган экан. Мен ўша тошни айланиб кўрганман. Устига чиқмоқчи ҳам эдим-у, лекин қўлимдан келмади – баландлик қилди.” Шу сўзларни айтиб Қодир бува пиёладаги чойни сипқорди-да, яна ўроқни эговлашга уннаб кетди.

Қодир буванинг ҳикояси мени қизиқтириб қўйган, бир маромда босиқ сўзлаши эса ўзига ром этган эди. “Қани эди ўқитувчиларимиз ҳам дарсни шунақа қизиқ ўтса. Дарсда ҳеч ким тўполон қилмас эди”, деган фикр ўтди хаёлимдан. Ўша йили ўқитувчимиз Ҳабиба опа узоқ вақт касал бўлиб ётиб қолди. Баъзан унинг дарсларини бошқа муаллим ўтар, баъзан эса биз – 16 нафар ўқувчи бўш  қолар эдик. Шунда Чавандоз деган, уни Човар деб атардик, синфдошимизни доскага чиқариб қўярдик-да, бувисидан эшитган эртакларини мириқиб тинглардик. Чавандоз шу қадар кифтини келтириб эртак сўйлардики, ҳануз ўша чўпчакларни қўмсайман. Човарнинг ота-онаси ҳаётдан барвақт кўз юмган,  бувисининг қўлида қолган эди боёқиш…

“Пошотада қимиз сероб бўлади. У ердагидек ўткир қимизни бошқа жойда ичмадим. Тезоқар катта сойи ҳам бор. Ўша сой бир келинни оқизиб кетган, уни қутқараман деб сувга сакраган қайнотаси ҳам чўкиб кетган. Қайнота келини билан набирасини сайрга олиб чиққан экан-да ўшанда”, деб Қодир бува ўроқ эговлашни тамомлади. Сўнг ўроғу эговни четга қўйиб, мудрабгина ўтирган Зарифани бағрига олди. Қизча отасининг иссиқ бағрида ухлади-қолди. Қодир бува Зарифанинг юзидан аста ўпиб, ҳикоясини давом эттирди: “Эҳ-ҳэ, биз Қоратегиндан кўчган кезлар Оқпошшо замони эди. Отам улфатлари билан чойхонада гурунглашиб ўтирса, золимлиги билан ном чиқарган мингбоши кириб қолибди. Улфатлар дарров уни давра тўрига олишибди. Мингбоши эса дабдурустдан “Пошшо-вазир ўйнаймиз, гугуртни қўлга олинглар!” – деб буюриб қолибди. Отам “Йўқ, мен ўйнамайман”, деса ҳам мажбур қилибди. Биринчи гал гугурт ташланганда, мингбошига шоҳ тушиб, отамга ўғри чиқибди. “Ўғрининг соқол-мўйлабини қиртишлаб, ўн дарра уринг”, деб фармон берибди мингбоши. Ўзи эса ёстиққа ёнбошлаб, фармон “ижро”сини мамнун томоша қилибди. Кейинги бор гугурт ташланганда эса отамга шоҳ, мингбошига ўғри тушибди. Отам ҳам “Ўғрининг соқол-мўйлабини қиртишлаб, ўн дарра уринг” деб фармон берибди. Мингбоши “Нималар деяпсан ўзи, мен мингбоши бўлсам, бу ҳолимни кўрганлар “Мингбоши бачча бўлиб қолибди” демайдими, дея зорланишга тушибди. Бироқ отамнинг қайсарлиги тутиб, сўзида қаттиқ туриб олибди. Қоратегин йигитлари эпчил бўлади – бир зумда мингбошининг иягини ялтиратиб қўйибди. Шунда отам “Мен шоҳ-у, сиз фуқаро бўлсангиз, эшитинг, бундан буён Қоратегинда бу ўйин тақиқлансин. Кимки ўйнаса, юз дарра урилиб, халқ ичида сазойи этилсин, минг тилла жарима солинсин”, деб туриб чиқиб кетибди. Ахир, отамга яна ўғри, мингбошига пошшо тушса, у отамни ўлимга буюриб юбориши ҳеч гап эмас экан-да.

Шу воқеадан кўп ўтмай Қоратегиндан кўчиб кетдик. Мингбоши ҳеч аламидан чиқолмас, қаерга кўчсак, дарагимизни топар, ўйинни давом эттиришга қистарди. Отам эса бунинг оқибатидан қўрқиб, бизни яна пинҳона бошқа жойга кўчирарди. Бу орада большевик, босмачи деган гаплар чиқди, биз эса  ҳануз аравада қишлоқма-қишлоқ кезардик. Охири саргардонлик бизни Мирзачўлга етаклаб келди…”

“Ночорлик орқасида дадам беш яшар укам Ҳабибиллони бир бойга дастёрликка бериб юборди, – дея ҳикоясини давом эттирди Қодир бува. – Эртаси куни тонгда укам бойнинг уйидан қочиб келди. Дадам билан тоғам ҳарчанд куйиб-пишмасин, укам “Бойникига  бормайман!” деб йиғлаб туриб олди. Шунда тоғам ғазабланиб “Ҳарқалай нон тилаган бир оғиз камаярди бойникида юрсанг, ҳалиям бўлса йўқол ўшаникига!” деб Ҳабибиллонинг курагига мушт туширган эди, укам қон қусиб юборди. Онам “Вой, шўрим қуриб қолди менгинани!” деб укамни маҳкам бағрига босди. Укам бойникига қайтмади-ю, бироқ уч кун деганда… бу оламни тарк этди. Бу воқеа юрагимда битмас яра бўлиб қолган…”

Бир хира пашша ҳадеб Зарифанинг юзига қўнар, Қодир бува уни ҳарчанд қувса-да, барибир, қайтиб келаверарди. Ниҳоят, Зарифа уйғониб кетдию ичишга сув сўради. Қодир бува менга имо қилган эди, дарров пиёлага чой қуйиб узатдим. Энди Зарифанинг  уйқуси батамом қочган эди. У ўрнидан туриб, капалак қувиб кетди. Қодир бува ҳам кетмонининг зеҳига кўз ташлаб олиб, “Ё пирим!” деб ўрнидан турди-да, қулупнай чопиғига уннади. Мен эса ўроқда ўт ўрган бўлиб Қодир буванинг атрофида ўралашиб юрдим. Бироқ Қодир бува шу куни ҳикоясини давом эттирмади. Мен ҳам гарчи эшитишни жуда-жуда хоҳласам-да, бояги хира пашшага ўхшагим келмади.

Эртасига яна мавридини топиб Қодир бувани гапга солдим. “Ҳозиргилар ҳам ўзини овчиман деб юрибди, – деб гап бошлади Қодир бува нафас ростлаш учун  пушта четига ўтириб, Зарифани тиззасига олгач. – Тунда машинаси чироғини ёқиб олиб, кийикни тинкаси қуригунча даштма-дашт, чўлма-чўл қувишади. Жонивор қоча-қоча охири толиқиб, машина етиб олишига кўнади. Ана энди, мерганликка ҳам ҳожат йўқ. Тепкини боссангиз бас, кийик типирчилаб ётибди-да! Ваҳоланки, кийикни жабрламай отиш керак. Қўй-мол сўйсанг, ташна кетмасин деб, сув тутиб кўрасан. Кийик машинада қувилса, оғзи қуриб, ўпкаси шишар, ахир. Овчи дегани бераҳм бўлмаслиги керак. Мерганлик ҳадисини олмагунча овчилик қилмаган маъқул. Отган ўқинг тегса-ю, жонивор ўлмаса – на у ёқли, на бу ёқли…” Ҳикоя шу ерга етганда “Қодир бува, кийикни нега тунда машинада овлашади?” деб савол ташлаб қўйдим. “Машинанинг бир чироғи бор – узоқни ёритади. Шу чироқ ёруғидан ташқариси кийикка баланд қора девор бўлиб кўринади. Шу соддалиги уни номард овчи қўлида ҳалок қилади.”

“Ёшлигимда учиб кетаётган ғознинг кўзини нишонга олиб, камонда бехато уриб туширар эдим, – деб ҳикоясида давом этди Қодир бува. – Бир куни ғаройиб туш кўрдим: бир турнани уриб тушириб, калласини челакдан осилтириб кетаётсам, тепамда бошқа турна айланиб учаётир. Уни ҳам отиб олсамми, деб турган эдим, осмондаги турна тилга кириб, челакдаги биродарига қарата бўзлаб қолди: “Эй биродарим, оламга сен олдин келдинг, мен эса кейин. Ҳар нарсада навбат олдин сенга бўлди, сўнгра менга. Ота-­онамиз емишни ҳам аввал сенинг оғзингга солар, сўнгра менга тутарди. Сен олдин учирма бўлдинг, сўнгра мен. Сен олдин оила қурдинг, сўнгра мен. Сен олдин полапонли бўлдинг, сўнгра мен. Мана, овчининг ўқи ҳам мендан олдин сени қулатди. Ҳеч қурса, шунда биринчиликни менга бермадинг-а? Шу ҳам биродарлик бўлдими, жоним акам!” У шундай деб қон йиғлар, кўзёшлари юзимга қуйилар эди. Сесканиб уйғониб кетдиму бир неча кун ўзимга келолмай юрдим. Шундан сўнг қуш овлашни тарк этдим. Тўқайда чайла тикладим-да, ёввойи ҳайвонларни овлашга киришдим. Кундан кунга кучга тўлар, мерган овчи, яна эпчил чавандозу билаги зўр полвон бўлиб қолган эдим…

Йигитлик фаслига кирганимда Ҳабибулло укам нега бойнинг уйига қайтмайман деб оёқ тираб туриб олганини тушундим. Жирканч бир аблаҳлик содир бўлганини кўз олдимдан кетказа олмай куярдим. Бир куни пайт пойлаб овлоқ ерда ўша бойни тутиб олдим-да, қон қусгунича дўппосладим. Одамлар келиб қолиб, ҳайҳайлаб ажратмаса, нақ ўлдирардим. Ўшанда мени 25 йилга қаматиб юборишди. Қамоқдан чиқиб бой ҳали ҳам тириклигини эшитдим, лекин кўзи кўр бўлиб, каловланиб қолибди. Худо жазосини берибди-ку, дея ўзимга тасалли берган бўлдим.”

Қодир буванинг ҳикоясини шу куни ишдан барвақт қайтган дадамнинг “Ассалому алайкум, ҳорманглар” деган сўзлари узиб қўйди. Қодир бува астойдил алик олиб, дадам билан қўшқўллаб кўришди. Дадам менга ишора қилиб, “Қалай бизнинг Мичурин ўғлимиз? Қулупнай чопиғини ўрганиб олдими?” деб бошимни силаб қўйди. Мен катталар ёнидан кетиб, ўроқни ишга солдим-у, кўз қирида кузата бошладим. Улар бир оз суҳбатлашиб туришгач, дадам чўнтагидан пул чиқариб, Қодир бувага узатди. У киши раҳмат айтиб пулни олди-да, белбоғига тугиб қўйди.  Дадамнинг “Мактаб директори билан гаплашдим. Қоровул қилиб ишга олишга рози. Омборхонага ёндош бир хонани ҳам кўрсатди. Менимча, ўша ерда  қишласа  бўлади. Бир темир печка қуриб берамиз деб ваъда берди” деган гаплари қулоғимга чалинди. Дадамнинг “Одамларга қўлим билан кўп беролмадим, лекин йўлим билан кўп бердим”, деган сўзи мени бутун ҳаёт йўлимда савоб сари чорлаб туради.

Шу куни ойим кечки овқатни барвақтроқ пиширди. Қодир бува ҳам қизалоғи билан  ётоғига эртароқ жўнади. Кун ботишига ҳали бир оз бор: мен ҳам ғилдирагимни симга солиб ғилдиратганча уларга эргашдим. Кўчани кесиб ўтгач, ўнг тарафга қайрилдик. Сал нарида сартарошхона бор. Қодир бува унинг эшигидан мўралаб, сартарош бандлигини кўрди-да, менга қизини тайинлаб ўзи қаергадир кетди. Зарифага ғилдирагимни мақтаб турган эдим, Қодир бува қўлида тугунча билан қайтиб, мен билан қизига музқаймоқ узатди. Биз музқаймоқни еб бўлгунча, сартарош Қодир буванинг сочини қиртишлаб, соқол-мўйлабини ҳам кузаб қўйди. Қодир бува Зарифанинг сочини устага таратиб олиб, меникига тикилиброқ қараган эди, сартарошхонадан қочиб чиқиб, нарироққа бориб турдим. Қодир бува менга “Ҳа, қочқоқ!” деб ёлғондан пўписа қилди-да, “Бу ёғига ҳам биз билан борасанми?” дегандек маъноли қаради. Сўнг соқолини бир силаб олиб, Почта бекати сари йўл олди.

Толариқдан ўтаётганимизда, “Шу сув бўйидаги шийпонда бизнинг “қароргоҳ”, бориб кўрмоқчимисан дейман?” дея менга яна бир қараб қўйди. “Бу ариқни неча марта бошдан-оёқ кетмон билан чопганман. Шундай қилиб турмаса саёз тортиб қолади-да. Ахир, водийликман-да, қоратегинликлар ҳам водийлик ҳисобланади. Водийда Бешариқ, Олтиариқ деган жойлар бор. Биргина ариқнинг ҳам фарқи бор, шекилли, олтиариқликларнинг ошиғи доим олчи, ҳосили – мўл. Бешариқликларда эса гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ. Ёки бешариқликларнинг мироби чатоқроқмикан-а? Мироб адолатли бўлса, ишини пухта билса, деҳқоннинг омади келди, деявер. Ғилдирагингни бир пас қўлингга ол, бир мироббоши ҳақида сўзлаб бераман, қулоғингга кириб қолгани – фойда. Мана, халқимизни аёлларни қадрламайди, камситади, дейишади. Ҳеч ҳам ундай эмас-да. Водийда бир мироббоши бўлган экан. Хотини унга шу қадар меҳрибон эканки, эри қайга борса ортидан қолмас, оқ ювиб-оқ тарар экан. Аёлнинг исми Холбиби экан.” Қодир бува ҳикоя шу ерга етганда мени саволга тутиб қолди: “Сен ўқийдиган тарих дарсликларида Холбиби ҳақида ёзилганми ўзи? Биласанми шундай аёл ўтганини?” Мен қандай жавоб беришни билмай гоҳ Қодир бувага, гоҳ ўткинчи машиналарга қарадим. Шу пайт қўлимдаги ғилдирак ерга тушиб, Толариққа юмалаб кетса бўладими. Қодир бува кексайиб қолган бўлса-да, эпчиллик қилиб  ғилдиракни ушлаб қолди. Сўнг “Зинҳор бўшанглик қилма. Оз қолди-я ғилдиракдан ажрашингга. Сувга тушиб кетса, олиб чиқармидинг”, деб танбеҳ берди. Ортидан “Одам ўз буюмини ҳушёр асраши керак, – деб қўшиб қўйди салмоқ билан. – Худди шунга ўхшаб ота-она, ака-ука, опа-сингил, дўст-ёрларни ҳам… Акс ҳолда улардан ҳам қўққис ажраб қолиш ҳеч гап эмас. Холбиби ҳам ўша миробни асраган-да. Бироқ қисматдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Вақт-соати етиб ўша бош мироб вафот этибди. Шунда хон барча миробларни саройга тўплаб машварат ўтказибди: хўш, ким бўлади янги мироббоши? Бева Холбиби ҳам эркакча кийиниб хон саройига кирибди. У машваратда наинки иштирок этибди, барча мироблардан билимдон ва зийраклигини ҳам намойиш қилибди. Эрининг ортидан изма-из эргашиб, кўзи обдон пишган экан-да. Шунда хон уни мироббоши қилиб тайинлашга фармони олий берибди. Унинг эркак эмас, аёллиги маълум бўлганда ҳам хон фармонини бекор қилмабди. Бизда бугун мироббоши лавозимини сув хўжалиги министри дейишади, шундайми?” Мен Қодир буванинг бу саволига жавобан елка қисиб қўяқолдим.

“Қани, Увайсийнинг “Анор” шеърини  бир айтиб бер-чи”, деб қолса бўладими Қодир бува хиёл вақт ўтиб. Бу пайтда биз Почта бекатидаги чорраҳадан чап тарафдаги кўчага бурилаётган эдик. Ўзимни Қодир буванинг саволини эшитмаганга олдим-да, орқамга ўгирилиб, кўчанинг у юзида тузланган бодринг сотиб ўтирадиган икки оёғи йўқ ўрис кампирни излай бошладим. Кампир бугун негадир кўринмасди. Шунда Қодир бува “Сенгаям ёқаркан-да, кампир тузлаган бодринг? Жуда қойиллатади-да ўзиям”, деди завқ билан. Сўнг бирдан хомуш тортиб бош чайқади: “Урушда икки оёғидан ажраб қолган экан бечора. Ҳамшира бўлиб беш йил қон кечиб, эртага уруш тугайди деган куни икки оёғидан ажраб турса-я! Кампир билан узоқ-узоқ ҳасратлашганман. Кўкси тўла орден-медал бўлса-да, шу тузланган бодринг кунига яраган. Эри, ёлғиз ўғли урушда ҳалок бўлган. Тошкентга меҳри бўлакча экан унинг. Урушдан яна шу шаҳарга қайтибди. Бир кулбада танҳо умр ўтказяпти экан. Ёзи билан уч-тўрт бочка бодринг тузлайди. Сўнг ҳар куни оз-оз пуллаб нонига яратади. Уч-тўрт кун бўлди – кўринмай қолди. Тоби қочдимикан, қайдам. Ҳай, майли. Қани ғилдирагингни менга бер-чи. Бу – уч оёқли велосипеднинг олд ғилдираги экан. Ғилдиратишга моҳир экансан-у, лекин шеър билмаслигинг чатоқ. Қани Зарифа, шеър айтиш қанақа бўлишини аканг­га бир кўрсатиб қўй-чи!” Қодир бува шундай деб, қизалоғининг бошини силаб менга юзма-юз қилди. Кейин маъюс оҳангда “Бу шеър юрагимдаги дардим ҳақида ёзилганми деб кўп ўйлаб қоламан”, дея қўшиб қўйди. Зарифа бир ўнг, бир сўл томонга қараб олгач, икки кўзини қўлчаларининг очиқ кафтига тикиб, “Увайсий шеъри. “Анор”. Бу шеърни Увайсий дадам билан менга бағишлаб ёзган”, деди-да, ўқий кетди:

Ул на гумбаздур эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур макон.
Синдуруб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон.

Мисралар Зарифанинг лабидан булбул ноласидек тўкилар эди. “Қон” сўзи лабидан чиқар-чиқмас у ўзини дадаси бағрига отди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Қодир бува уни “Бўлди қизим, бўлди йиғлама!” дея овутар, лекин ўзининг ҳам кўзидан ёш тирқираб оқарди. Бу манзарага боқиб туриб, менинг ҳам кўзимга ёш келди. Ўтган-кетганлар бизга қарарди-ю, ғайриоддий ҳолни пайқамасди. Мен ота-бола билан хайрлашмай, уйга қараб чопдим. Мени бир ҳолатда кўриб, ойимни ваҳима босди: “Нима бўлди сенга, қаерларда тентираб юрибсан, орқангдан биров қувдими, қани ғилдирагинг?” Мен ҳиқ-ҳиқ қилганча бўлган воқеани сўзлаб бердим: “Ойи, нега улар тўсатдан бир-бирини ачомлаб йиғлай бошлади? Буни кўриб чидаёлмадим. Бирдан сизни соғиниб кетдим, соғиниб кетдим, ойижон!” дер эдим энтикиб. Шу кеча алаҳсираб чиқдим. Ойим эса бошимда ўтирди. Ҳар гал уйқум қочиб, кўзимни очсам, ойимни кўрар, уни  маҳкам қучоқлаб олар, яна уйқуга кетар, яна алаҳсирар эдим. Уйқу аралаш гоҳо дадамнинг “Ухладими, ухлаб қолдими?” деган овози ҳам эшитилиб қоларди. Эртасига кун бўйи тўшакдан бош кўтармадим. Нуқул ойимни кўргим келар, соғинар эдим. Шу куни Қодир бува билан Зарифа ҳам келмади. Қорасувдаги жоме масжидига жума намозига борган экан. Зарифани эса шийпондаги ошпаз аёлга қолдириб  кетибди.

Шанба куни қуёш найза бўйи кўтарилганда уйқуга қониб уйғондим. Ўзимни тетик ҳис қилганимдан дарров ҳовлига чиқдим. Қарасам, Қодир бува қулупнай чопиғини бошлаб юборибди. Зарифа, одатдагидек, эгат бошида икки кафтини иягига тираб отасининг кетмон чопишини томоша қилиб ўтирибди.

“Ҳа йигит, бунақамас-да энди. Хайр-маъзур йўқ, ғилдиракни ҳам ташлаб қочиб кетдинг-а. Ана, ғилдирагингни иккита қилиб келтириб қўйдим. Энди Баротхўжада сенга ҳаваси келмайдиган бола қолмайди. Бунақаси ҳеч кимда йўқ”, деди Қодир бува  айвонда ётган катта баллонни кўрсатиб. Мен қувонганимдан лаб-лунжимни йиғиштира олмай қолдим. Зарифани маҳкам қучоқлаб, бир айлантирдим-да, яна ерга қўйдим. Ҳар замон Зарифа иккимиз югуриб бориб, Қодир бувани қучоқлар, яна қайтиб келиб, баллон устида ирғишлардик. Ойим узоқдан бизга завқланиб қараб қўярди. Қодир бува қулупнай эгатларини чопа берди, Зарифа икковимиз эса баллон устида сакрайвердик.

Бир пайт дарвоза олдида юк машинаси тўхтади. Ойим қўшниларникига чиқиб кетган эди. Ҳовлида Қодир бува, мен ва Зарифадан бўлак кимса йўқ. Дарвозани очиб қарасам, катта тоғам турибди. “Тахта олиб келдим, эшик-ром ясагани. Устани шу ерга соламиз.  Яхшиямки уйда экансан. Тахтани тушириб кетаман, уйга олиб кириб қўй”, деди у. Юкларни тушириб бўлгач, тоғам мени четга тортиб, “Уйга олиб киргач, дарвозани тамбалаб қўй. Тахтани томга чиқариб тахла. Қоғози йўқ, тушунгандирсан!” деди. Катта тоғам Ўртасаройда янги қурилаётган клубга директор қилиб тайинланган эди. Бу – ўша клуб қурилишига келган тахталардан, шекилли. Тоғам бизникига яқин жойдан чек олган эди.

Тахтани аввал нарвон остига ташиб олдим, сўнг деворга суядим-да, ўзим томга чиқдим. Уларни шу ердан тортиб чиқариб, тахлаб қўйдим. Ҳали суяги қотмаган ўспиринлигим, қолаверса, касалдан янги турганим учун тинка-мадорим қуриди ўзиям. Қодир бува бир-икки бор ёнимга келиб, “Кел болам, қарашиб юборай. Бир ўзинг эзилиб кетасан бунақада…” деса ҳам кўнмадим – орият талашгандек “Ўзим…” деб туриб олдим. Бу орада ойим қўшниникидан чиқиб, дастурхонга тушлик овқатни тортди. Овқатдан сўнг ҳар ким яна ўз ишига уннаб кетди. Қодир бува қулупнай эгатини чопишга, мен билан Зарифа баллон ўйнашга киришдик. Асрга яқин яна дарвоза таққиллади. Югуриб бориб очдим. Қарасам, яна катта тоғам. Мени кўриши билан “Тахта қани?” деб сўради. Мен томга ишора қилдим. У нарвондан томга чиқиб, тахталар саноғини олгач, пастга тушиб, ойим билан сўрашди-да, айвондаги кўрпачага ёнбошлаб, чой ҳўплай бошлади. Шу вақт кўзи ерда ётган баллонга тушиб қолса бўладими. “Ия опа, худди шунақасини қидириб юрган эдим-да! Том ёпганда михга кийдиргани резинка керак экан. Уста баллоннинг резинкаси ҳам бўлаверади деган эди”, дедилар-да пиёладаги чойни шартта сипқорди ва баллонни юмалатиб дарвозадан чиқди-кетди.

Қодир бува бу воқеани узоқдан кузатиб турган экан, “Ҳабба…” деб носқовоқдан кафтига бир отим нос тўкиб, тил остига ташлади-да, яна чопиқни давом эттирди. Бир оз ишлаганидан сўнг аср намозини ўқидию кетишга чоғланди. Ойим кечки овқатга қолинг, деб қистаса ҳам кўнмади. Мен ота-болани кўча бошидаги қудуққача кузатиб, уйга қайтдиму ўзимни тўшакка отиб йиғлаб юбордим. Ойим тепамга келиб, бошимни силади, лекин овутишга сўз топа олмади. Эртасига ҳам, индинига ҳам Қодир бува келмади. Мен дадам ва ойимдан сўрасам, “Билмадик”, деб қўяқолишди. Шунда анови гал уларга эргашиб, шийпонгача бормаганимга афсус қилдим, балки ўзим сўроқлаб борармидим. Қулупнай эгатларидан тўрт-бештаси чопиқсиз қолган эди. Уларни ўзим чопиб, тартибга солган бўлдим. Шу-шу, Қодир бувани ҳам, Зарифани ҳам кўрмадим. Уларни кўргим, Қодир буванинг ҳикояларини тинглагим келар эди…

Келаси йили қулупнай шиғил ҳосил берди. Ойим иккимиз қулупнайни тоғараларга солиб, автобусда Миробод бозорига элтиб сотдик. Кондуктор аёл тоғораларга ҳам пул тўланг, дея ойимга нуқул тирғалар, ойим эса у билан жанжаллашса жанжаллашардики, бироқ тоғорага пул тўламасди. Қулупнайни сотиб бўлгач, уйга хурсанд  қайтардик. Ойим ҳар гал бозордан чиқишда бўш тоғораларни менга қолдириб, шу яқиндаги заргарлик дўконига бирров кириб чиқарди. Қулупнай сота бошлаганимизнинг ўнинчи куни заргарлик дўконидан чиқаётган ойимга разм солсам, қулоқларида – ёқут  кўзли тилла зирак. Ойим уларни менга кўрсатиб, “Қара, чиройли-а, сенга ёқдими? Ҳар кун пулни чамалардим-у, етмас эди. Сотилиб кетмадимикан деб хавотирда эдим. Хайрият, ўзимга буюрган экан,  мана, сотиб олдим”, деди қувониб.

Ёшим йигирмага етганида бир кун ойимнинг қулоқларига тикилиб туриб, “Ўшанда сотиб олган ёқут кўзли тилла зирагингизни нега ҳеч тақмадингиз? Қачондан бери шуни сўрагим келади-ю, лекин ийманаман”, дедим. Ойим бир оз ўйланиб қолди-да, “Кел, ўша эсдан чиққан гапларни қайта ёдга солма”, деди маъюс тортиб. Мен бу ҳолдан ажабланиб, қистовга олдим. Шунда ойим “Қодир бува билан унинг қизи Зарифа эсингдами?” деди. Ахир, унутиб бўлармиди уларни!  Мен “Ҳа, ҳа, ойи, бари ёдимда, нега сўраяпсиз?” дедим ажабланиб. Ойим кўзини олиб қочди-да, “Ўшанда Қодир бува тонгда юрак хуружидан жон берган, қулупнай чопиғи тугалланмай қолиб кетганди. Даданг билан буни сендан сир тутганмиз. Даданг бош-қош бўлиб Қодир бувани дафн қилган, маъракасини ўтказган. Қизи Зарифани Чилонзордаги етимхонага  жойлаштирган. Мен ҳам бир гал дадангга қўшилиб Зарифани кўргани ўша ерга борганман. Шунда “Отангдан эсдалик бўлсин, қизим, бу зиракни отанг чопиқ қилган қулупнай пулига сотиб олдим – ол, қизим, отангни эслаб юр!” деб Зарифанинг қулоғига тақиб қўйдим”.

Бу ҳикояни эшитиб, бўғзимга нимадир тиқилди. Ров ўрнимдан туриб, ҳовлига чиқиб кетдим. Қодир бува чопиқ қилган қулупнай пайкалию Зарифа чўк тушиб ўтирган эгат бошини изладим. Қодир буванинг тилидан эшитганим – чигал тақдир қиссаси хаёлимда қайта жонланди. Энди билсам, у бошидан кечирганларига ривоятларни ҳам қўшиб-чатиб ҳикоя қилган экан. Ўз сўзлари мендек бир ўспирин қалбига чуқурроқ жойлашсин деб шундай қилган, албатта.

Кўз олдимдан Қодир бува совға қилган ўша баллон ҳам ўтди. Қайсидир йили катта тоғам уйи томини ёпгани ҳашар қилди. Шу ҳашар чоғи икки қаричча жойи кесиб олиниб, ўзи айиқ ўлигидек чўзилиб ётган ўша баллонга кўзим тушди. Эсиз-эсиз, икки қаричгина резинка деб шундай баллон ҳайф бўлса-я… Қодир буванинг Толариқ бўйида “Бўшашма, қўлингдаги нақдингни олдириб қўйма!” дея берган ўгитини ўшанда адо этмаганим алам қилди. Шу куни кечгача уйга кирмай, ҳовлида гоҳ у-гоҳ бу ишга уннаб, тимирскиланиб юрдим. Ойим нон ёпаётганида ҳовлидан терган бир қучоқ хас-чўпимни тандир ёнига ташладим. У нон узаётган маҳал эса бетоқатланиб, “Ойи!” дедим. Ойим нон узишдан тўхтаб, “Нима дейсан?” дегандек ўгирилди. “Ойи, мен бир етим қизга уйланаман. Ҳаётимни ўша қизни бахтли этишга бағишлайман. Мени дуо қилинг!” дедим. Ойим менга бир оз тикилиб турди-да, қўлидаги ёпқични бир четга ечиб, қўлларини дуога очди: “Ниятинг­га етгин, болам. Сендек ўғил берган Оллоҳимга шукр!”…

– Бир ош пишгулик ҳам хазон йиғмабсиз-ку, биродар! Нега бу дарахтларга тикилганча ҳайкалдек қотиб қолдингиз, – деган сўзлардан ўзимга келдим. Шундоққина ёнимда Фарид ака кулибгина қараб турарди.

– Боядан бери ёнингиздаман. Келганимни ҳам сезмадингиз. Нима гап, тинчликми ўзи? Қизиқ, бу дарахтларнинг барги қирмизи бўлади. Худди анор доналари каби. Бу рангни қаердан олади, ҳайронман. Гўё бағри қонга тўлаю у баргига ҳам кўчгандек…

– Бугун  бир-икки марҳум тушимга кирибди. Дарахтларга боқиб туриб, шу тушни эсладим. Хаёл мени ўспиринлик йилларимга етаклаб кетди.

– Нимасини айтасиз! Мен ҳам ҳар кун тушимда марҳум яқинларим, қариндошларимни кўраман. Ўзбекистон қаерда-ю, Америка деганлари қаерда! Бироқ уларнинг руҳи шу ерга ҳам бизни излаб келади-я. Ўзбекистонга борган америкаликлар ҳам юртимизда шундай тушлар кўрармикан, сўраб кўрсак бўлармиди, нима дейсиз?

– Гапингизда жон бор. Шеър ўқиб берайми?

– Шеър? Майли.

Ул на гумбаздур эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур макон.
Синдуруб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон.

– Увайсийнинг “Анор” чистони-ку бу!

– Йўқ, бу Қодир бува билан Зарифанинг шеъри!

– Ким улар?

– Улар… Улар ўспиринлик йилларим қалбим тўрига ўрнашган қадрдонларим, жуда меҳрибон инсонлар!

Фарид ака бир зум менга тикилиб турди-да, сўнг қирмиз баргли оғочларга нигоҳ ташлаб:

– Нима сир бор экан-а, шу барглар рангида, – дея хаёл суриб кетди ўзича.

Мен эса дўстимни хаёллари билан ёлғиз қолдириб, аста-аста босиб ётоқ сари жўнадим

 Мансурхон Тоиров

“Тафаккур” журнали, 2018 йил, 2 сони, 34-41 бетлар