Ажал савдогари

Дунёда оламшумул кашфиёт қилиб, сўнг бу ишидан минг афсус чеккан инсон ҳақида биласизми? У — ҳам кимёгар, ҳам муҳандис, ҳам новатор, шоир ва драматург, қурол ишлаб чиқарувчи тадбиркор ҳамда портловчи модда — динамитнинг ихтирочиси, Бофорс оролларининг эгаси. Унинг сўнгги тилаги бойлигининг барча қисмини Нобел мукофоти совриндорларига қолдириш бўлди. Дарвоқе, нобелиум номли сунъий элемент ҳам бор. Бу шахс — ўша машҳур Алфред Нобелдир.

Динамит ғавғолари

Алфред Бернард Нобел 1833 йилнинг 21 октябр куни Шветсия пойтахти Стокголм шаҳрида Иммануэл Нобел (1801-1872) ва Андритте Алзел Нобел (1805-1889) оиласида дунёга келади. У 9 ёшида оиласи билан отаси (замонавий фанер ихтирочиси) «торпедо» ишларини бошлаб юборган Санкт-Петербургга кўчиб келади. У ерда Алфред машҳур профессор Николай Зининдан кимё сирларини ўрганади. 18 ёшга киргач, Америкага бориб, ўша ерда ҳам тўрт йиллик курс­да кимёдан билимларини мустаҳкамлайди ва қисқа вақт Жон Эрикс­сон қўли остида ҳам ишлайди.

1859 йилга келиб, Иммануэл ўз фабрикасини иккинчи ўғли Людвиг Нобелга қолдиради. Оилавий бизнеси инқирозга юз тутгандан сўнг Алфред отаси билан Швецияга қайтади ва қолган умрини порт­ловчи моддаларни ўрганишга сарф­лайди. Айниқса, ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш ва нитроглитсериндан (глицерин ва нитрат кислотаси бирикмасидан иборат мойсимон модда бўлиб, 1847 йили Алфреднинг талаба дўстларидан бири Асканио Собреро (Турин университети) томонидан кашф қилинган) кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада 1864 йилнинг 3 центябрида Стокголмнинг Ҳеленборг деган жойидаги фабрикада кучли портлаш содир бўлиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлади. Уларнинг ичида Алфреднинг укаси Эмил ҳам бор эди.

Нитроглитсериндан ушлашга қулай бўлган динамит портловчи моддаси 1867 йилда кашф этилади. Алфред биринчи синов тажрибасини шу йили Суррейдаги
(Англия) Редхилл тош конида амалга оширади.

Кейинчалик Нобел, ўз «иш»идан илҳомланибми, нитроглицеринга бошқа портловчи моддани бирлаштириб, янада кучлироқ, ҳалокатлироқ бўлган гелигнит моддасини ҳам кашф қилади. Бу ҳодиса 1876 йили рўй беради.

Унинг вафоти муносабати билан француз матбуоти таъзиянома чоп этган ва унда қуйидаги сўзлар битилган эди: «Ажал савдогари ўлди. Бу кунгача одамларни йўқ қилишнинг турли йўлларини топиб келган доктор Алфред Нобел кечагина ўзи ҳам вафот этди».

Нобел нега уйланмаган?

Нобел умрини фақатгина порт­ловчи моддаларни ўрганиш билан ўтказмаган. У олтита тилни мукаммал билган: швед, француз, рус, инглиз, немис ва италян тиллари. Шу билан бирга, инглиз тилида шеърлар ҳам ёзган. Унинг «Немесис» номли трагедияси Перси Бисше Шеллининг «Ченси» асаридан мутаассир ҳолда ёзилган бўлиб, Беатриче Ченси ҳақидаги тўрт пардали саҳна асаридир. Бироқ бу асарнинг уч нусхаси Нобел вафот этиши биланоқ йўқ қилиб юборилган. Чунки ўша давр адабиётшунослари бу трагедияни динни таҳ­қирловчи ва шарманда қилувчи деб ҳисоблашган. Яширин сақлаб қолинган бир нусхаси (швед-эсперанто тилларидагиси) эса эсперанто тилидан таржима қилиниб, 2003 йилда Шветсияда нашр этилади.

Гарчи Нобел уйланмаган бўлса-да, биографлар унинг камида 3 муҳаббати бўлганини қайд этишган. Биринчи севги Россияда Александ­ра исмли қизга нисбатан уйғонади, лекин қиз унинг дил изҳорини рад этади. 1876 йили эса ўзининг котибаси Берта Кинскига кўнгил қўяди. Аммо Берта ҳам илк муҳаббати — барон Артур Гандаккар фон Саттнерга турмушга чиқиб кетади. Бироқ қиз Нобел билан алоқасини узмайди. Мукофотга «тинчлик йўлидаги хизматлари учун» йўналишининг қўшилишига ҳам айнан Берта сабабчи бўлган. Берта фон Саттнер «тинчлик йўлидаги самимий хизматлари» учун 1905 йили Нобел мукофоти билан тақдирланади.

Алфреднинг энг узоқ давом этган муҳаббати (18 йил) веналик исми «гул қиз» маъносини англатувчи Софи Ҳесс бўлади. Олим унга ёзган хатларида Софига «Мадам Софи Нобел» деб мурожаат қилади. Қаҳрамонимиз вафотидан сўнг, биографларнинг таъкидлашича, уларнинг ўтли мактублари Стокголмдаги Нобел институтида энг махфий сир сифатида сақлаб келинган. Фақат 1955 йилга келиб бу хатларни қайта ўрганишга рухсат берилади.

Математиклар ўқиши шарт эмас!

1895 йилнинг 27 ноябр куни Париждаги швед-норвег клубида Алфред ўзининг охирги тилаги — Нобел мукофотини таъсис этиш ҳақидаги қоғозга имзо чекади. У қолдириб кетган 31 миллион крона ҳозирда бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Дастлаб уч йўналишда — физика, кимё ва тиббиёт бўйича машҳур инсонларга, кейинроқ адабиёт соҳасида энг яхши ёзувчига ҳамда тинч­лик йўлида беминнат хизмат кўрсатган инсон ёки жамиятга берилиши васият қилинади. Математикларга бу мукофот берилмаслигини кўпчилик билса керак. Сабабини ҳам у ёқ-бу ёқдан эшитган бўлишлари аниқ. Тахминимизча, ана шу нафақат Нобелга, балки бўлажак математикларга ҳам ўзи билмаган ҳолда вафо қилмаган қиз Берта Кински бўлса керак.

2001 йилдан мукофот йўналиши яна биттага кўпайди. Нобелнинг бир неча авлодлик жияни Питер Шветсия банкидан «Алфред Нобел хотираси учун» иқтисодчиларга ҳам мукофот таъсис этишни сўрайди.

1896 йил 10 декабрда 63 ёшида Италиянинг Санремо шаҳрида вафот этган олимнинг қабри — Стокголмнинг Норра қабристонида.

Бобур Наби
“Маърифат” газетасидан олинди.