Сув назаримиздек кўп эмас

Маълумки, инсон ва табиат ўртасида азалий уйғунлик бор. Уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Инсон табиатнинг бир бўлаги сифатида атроф-муҳитни асраш, табиий муҳитни ҳимоя қилиш ва унинг кенг имкониятларидан фойдаланишга интилиб яшайди. Афсуски, дунё миқёсидаги бундай “интилиш” табиатнинг кескин ўзгаришига, инсоният ҳаётига жиддий хавф солишига сабаб бўлмоқда. Кутилмаган офатлар юз бермоқда.

Бундай глобал табиий ўзгаришлар бугун инсониятни бефарқ яшашга қўймаяпти. Жумладан, Ер юзидаги ўрмонлар саҳни ҳар йили ўн бир миллион гектарга қисқариб бормоқда. Ер юзасининг ўттиз бир миллион гектаргача бўлган қисми «кислотали ёмғирлар»дан зарарланган. ХХИ асрнинг иккинчи ярмида «катта қурғоқчилик»ларнинг тез-тез содир бўлиб туриши оқибатида чўллар майдони йилига олти миллион гектарга кенгаймоқда. Саноати ривожланган Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида минглаб кўллар биологик жиҳатдан ўлик аҳволга тушаяпти. Кишиларнинг атроф-муҳитга тазйиқ ўтказиши, уни худбинларча ўз манфаатига хизмат қилдириши, саноат чиқиндиларининг салбий таъсири кучайиб бораётгани сабаб, ҳайвонот ва ўсимлик олами учун жиддий хавф юзага келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Ер юзидаги экологик ўзгаришлар оқибатида 2050 йилга бориб атмосферадаги ўртача ҳарорат 1,5 – 4,5 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Агар шундай ҳолат юз берса, асрий музликларнинг эриши, иссиқ ўлкаларнинг совуши ва совуқ ўлкаларнинг илиқлашиши каби жиддий табиий ўзгаришлар эҳтимоли ошади. Табиатда инсон соғ­лиғи учун хавфли бўлган металлар ва улар бирикмаларининг йиғилиб қолиши туфайли ҳозирданоқ замондошларимиз танасида ибтидоий одамларникига қараганда кадмий (юрак касаллиги) 70 марта, қўрғошин (атерисклероз ва буйрак) 10, симоб (асаб ва генетик ўзгаришлар касаллиги) 10 марта кўп учрамоқда.

Умуман олганда, табиатнинг жиддий равишда ўзгариш жараёнларининг тезлашаётгани инсон организми табиий-биологик баркамол ривожланишига салбий таъсир ўтказаётганидан ташқари, онги ва тафаккури билан боғлиқ бўлган руҳий камолотига ҳам путур етказаяпти. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсон турмуш тарзида турли ўзгаришларнинг юзага келишига сабаб бўлаётир. Бу бевосита асабийлашиш ҳолатлари, руҳиятнинг озурдаланиб бориши, ўзаро муносабатларда энг кичик масаладан тортиб, йирик муаммоларгача бўлган ҳолатларда бир-бирини тушунмаслик, жазавага тушишлик каби салбий кўринишларнинг илдиз отиб боришига имкон яратади.

Маълумки, сув озиқ-овқат ишлаб чиқаришда, соғлиқни сақлашда, инсон нормал ривожланиши ва тўлақонли яшаши учун муҳим манба ҳисобланади. Сув ҳаётнинг энг бой табиий ресурси бўлиб, у Ер шарининг 70 фоиздан ортиқроқ майдонини эгаллайди. Маълумотларга қараганда, Ер шарида мавжуд бўлган сувнинг 97 фоизи океан ва денгизларда тўпланган шўр сув ҳисобланади. 2 фоиз қисми эса муз ҳолатида ва атиги 1 фоиз қисмидан ичимлик мақсадида фойдаланиш мумкин. Ҳозирги кунда сув бутун жаҳон миқёсида энг муҳим ва долзарб масалага айланди. Қадимда одамзод сувнинг фойда келтиришини билган ҳолда уни асраш ва мақсадли фойдаланишга кўп ҳам эътибор бермаган. Кейинги йилларга келиб, инсоният сувга эътиборсизлик билан қаралса, у катта фалокатларга олиб келишини тушуниб етди. Илмий тадқиқотлар ва статистик маълумотлар шу даражада кенг миқёсда олиб борилаяптики, улар муаммо ечимини топишдан кўра, инсониятнинг сув ва табиатга бўлган муносабатида таҳликали ҳолатлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, маълумотларга қараганда, ер юзидаги чучук сувлар заҳирасининг 70 – 90 фоизи ривожланаётган мамлакатлар деҳ­қончи­лигига сарфланмоқда. Бир кишининг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун 50 литр сув керак бўлаяпти. 1 килограмм шоли етиштириш учун 3 минг литр сув ишлатилмоқда. Агар бир киши бир йилда ўртача 58 килограмм гуруч истеъмол қилаётганини ҳисобга олсак, нақадар ҳайратли даражадаги сув сарфланаётганини англаш қийин эмас. Битта нонга етадиган унни етиштириш ва қайта ишлаш учун эса 550 литр сув керак бўлар экан…

Ушбу рақамлардан аён бўладики, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқат етиштириш ва маиший хизматда сув сарфини камайтиришнинг замонавий технологияларини яратиш фан олдида турган муҳим масалалардан биридир.

Оролни қутқариш халқаро жамғармасидан олинган маълумотларга кўра, 1961 йилгача Орол денгизининг умумий майдони 66 минг километр квадрат майдонни ташкил этган бўлиб, ундан йилига 25-27 минг тонна қимматбаҳо балиқлар тутилган.

1984 йилга келиб эса, денгиз ўзининг саноат аҳамиятини бутунлай йўқотди.

Ўша даврда Орол бўйидаги қуриган ерларда сунъий ўрмонзорлар ташкил этиш ишлари бошланди. Бунинг учун дарахт кўчатлари ва буталар етиштириб берадиган 4 та ботаник хўжалик ташкил этилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракати туфайли денгизнинг қуриган майдонларида Германия билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган «Орол денгизининг қуриган майдонларидан фойдаланиш ва ўрмончиликни ташкил этиш» ҳамда Оролни сақлаш халқаро жамғармасининг «Орол денгизининг қуриган қисмларини ўзлаштириш, қум кўчишларининг олдини оладиган (саксовул, черкез ва бошқалар) кўчатларини экиш» лойиҳалари доирасида кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қатор илмий тадқиқотлар, тажриба алмашиш ва янги технологияларни ўзлаштириш борасида тадбирлар амалга оширилаяпти. Натижада, сўнгги пайтларда 250 минг гектарга яқин майдонда янги ўрмонзорлар ташкил этилди.

Айни пайтда ушбу ҳудудда ишбилармонлар ва тадбиркорлар фаолияти кенг ривожланмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни йўлга қўйиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилаяпти. Хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бир қатор хорижий банк тизимлари ва халқаро кредит ташкилотлари орқали аҳолига микрокредитлар беришни йўлга қўйди. Ана шу кредитлар ёрдамида магистрал зовурлар тизими қайта тикланаяпти, оролбўйи аҳолиси учун тоза ичимлик суви етказиб берадиган тизимлар яратилмоқда.

2006 йили Қўнғирот сода заводи ишга туширилди. Устюрт ва Орол денгизи ҳудудида халқаро компаниялар билан ҳамкорликда газ ва нефт конларини аниқлаш ҳамда қазиб олиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Бир неча лойиҳаларга мувофиқ шамол эррозиясини камайтириш, қум кўчкиларининг олдини олиш чоралари кўрилаяпти. Бу билан суғориладиган майдонлар заҳарланишининг олди олинмоқда. Экологик вазиятни яхшилаш орқали маҳаллий аҳоли ўртасидаги турли касалликларни камайтириш, денгиз атрофидаги майдонларни қишлоқ хўжалиги учун фойдаланишга тайёрлаш туфайли чорвачиликни ривожлантириш ва шўр тупроққа чидамли экинларни экиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Қораўзак тумани ўрмон хўжалиги бошқармаси 2006 йилнинг ўзида ана шу лойиҳа доирасида 93 миллион сўмдан ортиқ ҳажмдаги ишни бажариб, 557 минг­та саксовул кўчати экди.

Оролбўйи экологик вазиятини яхшилаш борасида ГEФ агентлиги халқаро ташкилотлар ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

2006 йили агентлик вакиллари Ўзбекистон Республикаси делегатсияси таркибида Италия парламенти депутатлар палатасининг Орол бўйи муаммосига бағишланган давра суҳбатида иштирок этди. Учрашув натижасида парламент ҳузурида Орол муаммоси бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилди. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам бир қатор қўшма лойиҳалар доирасида фаолият кўрсатаяпти.

Айтиш мумкинки, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик вазиятни яхшилаш ишлари тизимли ва кўп қиррали тарзда олиб борилмоқда. У туфайли юзага келган танглик ечимини топиш учун Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатларда аниқ мақсадли лойиҳалар амалга оширилаяпти.

Шаҳина Жўраева,
“Маърифат” газетасидан олинди