Совуқ ҳудуддаги қайноқ ҳаракатлар

Барча даврларда у ёки бу давлатнинг ташқи сиёсати ўзига хос хусусиятга эга бўлган. Аммо дунёни эгаллаш ёки янги-янги ерларни ўз давлатларига қўшиб олиш каби мақсадлар турли даврларда ўз аҳамиятини йўқотмаганини бугунги кунда ҳам кўриб турибмиз. Буюк географик кашфиётлар пайтида Колумбнинг билиб-билмай янги қитъани очгани ўша даврнинг кучли мамлакатлари учун қўл келди.

Улар тез орада ерларни бўлиб олишга киришгани тарихдан маълум. Аммо сайёрамизнинг минг йиллар давомида деярли ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган Арктика каби ҳудудлари борки, улар бир вақтлар «хўжайини йўқ» ерлар сирасига киритилиб, «олижаноблик» нуқтаи назаридан ҳеч иккиланмай «бу ерлар инсониятнинг бўлинмас бойлигидир» дея эътироф этилган. Бугун эса шижоат билан айтилган ўша сўзларнинг муаллифлари бўлмиш давлатларнинг ўзи ўз ғояларини инкор қилмоқдалар. «Доимий» деб аталиб келинган музликлар макони халқимизда кенг тарқалган «ҳамма нарса ўткинчи» иборасини ёдга олишга мажбур этади. Ҳа, глобал исишнинг оқибатида бу музликлар эрий бошлади.
Тўғри, тадқиқот қилиш мақсадида сайёҳлар Арктикада кўплаб экспедициялар олиб борган. Аммо улар бугунги экспедициялардан тубдан фарқ қилар эди. Асосий фарқ техника ва асбоб-ускуналар ўртасида эмас, балки саёҳатлар мақсадининг ўзгаришидадир. Илгари Пири, Амундсен, Седов каби қутбшунослар саргузаштлар иштиёқида инсон қадами етмаган ерларни топиш истагида йўлга отланган бўлса, бугунги куннинг «ашаддий» саёҳатчилари ўз давлати иқтисодиётини ривожлантириш илинжида Шимолий қутбда қизғин текширувлар ўтказмоқда. Ахир қалин музликлар остида чексиз бойлик — табиий ресурслар яширинган-да.

“ҚАЙНОҚ” МУЗЛИКЛАР САЛТАНАТИ

“Арктика” грек тилида “арcтос” – айиқ (Катта айиқ юлдузлар туркуми назарда тутилмоқда) ёки “арктикос” – шимолий деган маънони англатади. Унинг таркибига Шимолий муз океанининг деярли барча ороллари (Норвегия қирғоғи бўйидаги ороллардан ташқари), Евроосиё ва Шимолий Америка материклари ҳамда Атлантика ва Тинч океанининг қутбга яқин қисмлари киради. Майдони 27 млн. кв. км бўлган ушбу ҳудудда ҳарорат ер юзининг бошқа жойларига қараганда икки баравар тез кўтарилади. Узоқ йиллар давомида Арктикага инсон яшай олмайдиган “ўлик ер” сифатида қаралган. Аммо глобал исиш ўз таъсирини кўрсатмоқда. Канадалик бир гуруҳ олимларнинг 2004 йилда эълон қилган маълумотига кўра, Шимолий қутбга қарашли Канада шарқидаги музликлар 1969 — 2004 йиллар давомида 15 фоизга камайган бўлса, охирги 30 йил мобайнида Арктика музлари деярли ярим баравар қисқарган. 2040 йилга бориб, шимолий денгизлар ёзда муз билан қопланмайдиган бўлади. 70-йилларда эса Ер шари умуман шимолий муз қисмидан айрилиши мумкин. Вазият шундай давом этадиган бўлса, музликлар остига яширинган бой табиий ресурслар, жумладан, кўпчиликнинг диққат эътиборида бўлган нефт кўп ўтмай ўз “қора”сини кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Турли мамлакатлар олимларининг олиб борган тадқиқотларидан келиб чиқиб шу нарса маълум бўлдики, Арктикада қалай, олтин, никел, платина, қўрғошин ва марганетс конлари бўлиши билан бирга сув тубида 113 млрд. тонна углеводород ёнилғиси — нефт ва табиий газ мавжуд. Солиштириш учун ресурсларга бой давлатлардан бири Саудия Арабистонида 43 млрд. тонна, Россияда 51 млрд. (асосан газ ҳисобига), Эронда 33 млрд. тонна шундай бойлик жамланганини келтириб ўтишимиз мумкин. Буюк Британиянинг “Бритиш Петролиум” номли нефт компанияси ҳисоботида келтирилишича, дунё «қора олтин» заҳираси яна 40 йилга етади, холос. Ушбу рақамлар музликлар маконининг аҳамиятини янада кўтариши бежиз эмас. Шу сабабли бир қанча давлатлар, хусусан, Россия, Канада, АҚШ, Дания ва Норвегия Арктикада ўз улушига эга бўлиш учун курашмоқдалар. БМТ университети қошидаги Америка кенгашининг тахминларига кўра, Арктика ХХИ асрнинг энг “қайноқ” нуқтасига айланиши мумкин.

“УНУМДОР” ЕРГА ЭГА ТОПИЛАДИ

Таъкидлаб ўтганимиздек, Арктика учун кураш асосан бешта давлат ўртасида кечмоқда. Россиядан фарқли ўлароқ, Дания, Канада, АҚШ ва Норвегия НАТО аъзоси ҳисобланади.
ХХ асрнинг 50-йилларида Канада биринчи бўлиб Шимолий қутбга даъвогарлигини эълон қилганди. Халқаро суд 100 йил ичида у ёки бу давлат Шимолий муз океани унга тегишлилигини исботламаган тақдирдагина ушбу майдон Канадага ўтишини айтган.
Бироқ 2004 йилда Дания қутб учун ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлади. Бунга Гренландиянинг Ломоносов сувости тоғ тизмаси орқали Арктикага боғлиқлиги сабаб қилиб кўрсатилди. Маълумки, Гренландия 1933 йилдан буён Даниянинг мухтор ўлкаси ҳисобланади.
Аммо Россиянинг ҳаракатлари қолган давлатларни фаолроқ бўлишга ундаётгани аниқ. Гап шундаки, рус олимлари тарихда биринчи бўлиб Шимолий муз океани тубида тадқиқот ўтказишди. “Арктика — 2007” деб номланган ушбу экспедицияни Артур Чилингаров бошқарди. Чуқур сув остида тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган “Мир” аппарати 4200 метр сув остига туширилиб, у ерда мамлакат байроғи ўрнатилди. Экспедициядан мақсад эса Ломоносов сувости тоғ тизмаси Сибир платформасининг давоми эканини исботлашдир. Тадқиқотчилардан бири Виктор Поселовнинг айтишича, текширувлардан сўнг сув остидан олинган тупроқ ҳақиқатан ҳам Сибир ерларига мансуб экани аниқланиши мумкин. Аммо охирги натижалар БМТда текширилгандан сўнггина эълон қилинади.
Ушбу тадқиқотлардан кейин бир қанча давлатлар оммавий ахборот воситаларида даъвогар мамлакатларнинг турли фикрлари билдирилди. Жумладан, АҚШ давлат департаменти вакили Томас Кейси шундай дейди: “Улар океан остида нима қолдирганини билмайман – хоҳ метал байроқ бўлсин, хоҳ резинали байроқ ёки умуман чойшаб бўлсин. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ҳаракат уларнинг бу ҳудудга эгалигини билдирмайди”. Канада ташқи ишлар вазири Питер Маккей Россия экспедициясининг океан тубига байроқ ўрнатишини “оддий шоу” деб атаган бўлса, бунга жавобан унинг россиялик ҳамкасби ўзидан кейин байроқ қолдириш аллақачон анъанага айланганини, ҳатто, Ойнинг забт этилишида ҳам шундай қилинганини таъкидлаб ўтди. «Гардиан» газетасида Норвегия қутб институти бошлиғи Ким Холменнинг Россиянинг Сибир платформасига тегишли ерларни (Ломоносов сув ости тизмаси) ўзлаштираётганини инкор этган сўзларини келтириб ўтади: “Бир пайтлар АҚШ ва Европа ҳам яхлит бўлган. Шотландия тоғлари ва Аппалачи бир хил геологик таркибга эга. Бироқ Шотландия АҚШнинг бир қисми унга тегишли эканига даъво қила олмайди, албатта”.

ҲАТТО БМТ ҲАМ ЎЙИНДАН ЧИҚИШИ МУМКИН

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар бу “жанг”га кириши учун денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ Конвентсиясига аъзо бўлиши керак. Эслатиб ўтамиз, Арктика шелфи ва чегаралари БМТнинг 1982 йилда қабул қилинган денгиз ҳуқуқлари Конвентсиясида белгилаб қўйилган. Мазкур ҳужжатга кўра, қирғоққа яқин давлатларнинг иқтисодий ҳудуди материк ва ороллардан 200 денгиз мили, яъни 370 км. га тенг этиб белгиланган. Бугунги кунда Конвентсияни 155 мамлакат ратификация қилган. Америка ташқи сиёсат идорасининг вакили конгресс ёзги таътилдан келиши биланоқ Конвентсиянинг ратификация қилинишини таъкидламоқда. Шу тақдирдагина Вашингтон Аляска қирғоқларидан бошлаб Шимолий муз океанидаги 600 миллик (1000 км. атрофида) ҳудудга даъвогарлик қилиши мумкин.
Кўриб турганингиздек, бу борадаги кураш қизғин тусга кириб бормоқда. Эҳтимол, БМТ Конвентсияси бу ерда ҳеч нарсани ҳал қила олмас. Чунки Ироққа ҳам Ташкилотнинг қаршилигига қарамай уруш эълон қилинганди. Агар давлатлар ўзбошимчалик билан чегараларни бўлиб оладиган бўлса, совуқ ҳудудда яна бир “қайноқ нуқта” пайдо бўлиши мумкин. Аммо буларнинг барчаси эҳтимол. Музлар эришига эса ҳали анча бор. Технология ривожланишнинг чўққисига етган бўлса-да, Она табиатнинг қандай йўл тутишини олдиндан билиш имконсиз уринишдир. Одамлар эса ўзларининг музликлар эришидан манфаатдорми ёки эримаслигиданми — шуни аниқ билиб олишлари лозим.

Мадина Тоғаева,
“Марифат” газетасидан