Ўрозбой Абдураҳмонов. Орол: оппоқ девор олдида…

http://n.ziyouz.com/images/orold.jpg

Оқ қамиш, ҳов, оқ қамиш,
Қурима сув ичида.
Сендек бўлиб турибман мен,
Кўк тайғоқнинг устида…

Кунхўжа, XVIII аср

Мўйноқ шаҳрини кезган кишининг шаҳар ҳақидаги тушунчаси ўзгаради. Чунки, бу ерда шаҳар тушунчасига тааллуқли барча нарсалар бор: бозор, аэропорт, икки томонга йўл олган гузарлар, қатор кўчалар, оппоқ рангли уйлар ва маъмурий, маърифий иморатлар…

Шаҳарнинг оппоқ қумли кўчаларини кезсангиз, қорақалпоқ денгиз соҳили меъморчилиги анъаналари негизида қурилган уйларга эътибор берасиз ва ҳовлига кирсангиз, сизни оқкўнгил уй эгаси кутиб олади ва уйининг тўрига ўтказади. Яна эътибор берсангиз, шинам ва пастак хонанинг деворлари оппоқ, ҳатто кўмир билан саксовул ёқиладиган ўчоқларигача оппоқ, озода! Чунки Мўйноқда қалпоғи қора, кўнгли оппоқ, софдил одамлар яшайди.

Мен ҳар сафар шаҳар кезганимда саске (қорақалпоқча соат 11 лар чамаси) пайтлари куншувоқ оппоқ деворга суяниб ўтирган нуроний инсонларни кўраман. Улар яккаю ёлғиз, юзларини қуёшга тутиб, кўзларини юмган ҳолда, қандайдир хаёлларга ботиб, жим ўтиришади… Хаёлларидан эса нималар ўтмайди дейсиз?!

Жуғрофия. Лирика. Тарих

Минтақада Қорақум, Қизилқум ва Устюрт текислиги камлик қилгандек, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Йўқ, бу саҳро осмондан тушгани йўқ, унинг барпо бўлишига табиат инжиқлигининг ҳам алоқаси йўқ, биз саҳрони ўз қўлимиз билан яратдик. Қорақум билан Қизилқумнинг қон томирлари бўлган Амударё билан Сирдарёларнинг юқори оқимларига ҳар хил тўғонлар қуриб, «саҳрони боғу-бўстонга, оламни гулистонга айлантирамиз, биз табиатдан устунмиз, орқага чекиниш йўқ!» деган шиорлар остида, қўриқ ерларни ўзлаштирдик, ўзлаштиравердик. Натижада, табиатнинг мусаффо инъоми бўлган Орол денгизининг ўзи биздан чекинди, қочди…

Одатда денгиз кемалари узоқ сафарга жўнар экан, соҳилдаги кузатувчилар хушчақчақ кайфиятда, рўмолларини ҳилпиратиб хайрлашарди. Бу сафар эса кемалар сузаётган жойида қолиб, денгизнинг ўзи соҳил билан хайрлашмасдан «алвидо» деди. Ўрнидан жилмай қолган сейнерлар атрофини оппоқ қумлар эгаллади. Сейнерлар тепасида эса ҳеч балони тушунмай қолган омий чағалайлар анча вақт чағ-чағлаб учиб юрди ва охир-сўнги бу қумлардан балиқ чиқмаслигини ҳис этишди шекилли, улар ҳам аллақаёқларга ғойиб бўлишди. Лекин Орол соҳилларида қуйидаги куй-қўшиқлар ҳалигача янграмоқда:

Ойдинлар, ойдинлар, чалқар ойдинлар,

Биздан севар ёрга салом айтинглар…

Тўлқинлар, тўлқинлар, асов тўлқинлар,

Бизга севар ёрни олиб қайтинглар…

Ўша саксонинчи йиллари Орол денгизининг қуриган ултонида умумий майдони қарийб 3 миллион гектарни ташкил этадиган, қуш учса қанотлари куядиган саҳро пайдо бўлдики, унга Оролқум дея ном берилди ва Қорақум саҳроси Устюрт ва Оролқум орқали Қизилқум билан туташди. Бу Орол экологик инқирозининг жуғрофий томони эди, холос.

Энди, озгина тарихни эсласак, Орол денгизи ўз ўтмишида уч марта қуриган, дейишади. Аввалги икки маротаба денгизнинг қуришига ташқи босқинчилик оқибатида Амударё оқими Узбой ўзани орқали Каспий денгизига бурилиши сабаб бўлса, бизнинг давримиздаги экологик инқироз халқимизни пахта билан бўғизлаган мустамлакачилик сиёсатининг қатъий режалаштирилган мақсади эди.

Тарихий маълумот:

Из Указа Петра 1 от 1714 года

«Ехать к хану Хивинскому, а путь иметь подле той реки… (имеется в виду Узбой) ежели возможно, оную воду паки обратить в старый ток, к тому же протчие устья запереть, которые идут в Оральское море…»

«Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1920 йил 21 декабридаги қароридан:

… 9. Пахта саноати, уни қайта ишлаш ва суғориш ташкилоти ва маҳкамалари милитаризациялансин (ҳарбийлаштирилсин)…

Халқ Комиссарлари Кенгашининг раиси

В. Ульянов (Ленин)

Халқ Комиссарлари Кенгаши муовини

(имзо)

Эсингизда бўлса, аввалги топшириқни бажаришга интилган князь Александр Бекович-Черкасский ва кейинги қарорни қойилмақом қилган тузумнинг мақсадларига эьтибор беринг:

«Орол – табиат хатоси, уни қуритиб, ўрнига пахта экиш анча манфаат келтиради».

Албатта, пахта манфаат келтиради, лекин кимга? Кимга манфаат, кимга заҳмат, бу ёғи тушунарли… Балиқнинг тили йўқ, тили бўлса айтарди. Буюк Бердақ «Денгиз балиғин бермади…» деб зорланган замонларда ҳозирги Мўйноқ Орол денгизидаги оролча эди, сўнгра оролча Тигровый хвост (Йўлбарс думи) номли жўғрофий тумшуққа айланди. Ҳозирги аҳволини эса ўзларингиз биласиз…

Дарё лойқа, сув тиниқ…

Мўйноқнинг баҳори билан кузи – асал ойидаги келинчакка ўхшайди. Эрталаб мусаффо уйғонган қуёш пешиндан кейин шимолдан эсган туз қум аралаш шамол билан хиралашиб, баъзи вақтлари кўзни очтирмайди, лекин кечқурун қуёш яна тиниқ, мусаффо ҳолига қайтади…

Агарчи, шу кунга қадар Орол тўғрисида ёзилган битиклар, нутқлар ва ваъдалардан сув чиқариш мумкин бўлганида эди, денгизни аллақачонлар тўлдирган бўлардик. Лекин сув жонивор Оролга фақат икки дарёдангина келади…

Олимлар билан ёзувчи-шоирларга раҳмат, ўзларининг таклифларию, битиклари билан кўнглимизга таскин бераяпти. Ҳатто, бир шоир оғамиз, «денгизни кўзининг ёшлари билан тўлдиришини» ёзганида менинг кўзларимга беихтиёр ёш келган эди.

Бир олим денгиз соҳилида баландлиги тўрт-беш минг метрлик сунъий тоғлар тизмасини барпо этиб, унинг тепасидан мангу музликлар ҳисобидан денгизга сув беришни, яна бир хорижлик олим Шимолий муз океанидан катта айсбергларни олиб келишни, тағин бир олим булутларни Орол денгизи устига ҳайдаб келиб, ёмғир ёғдиришни таклиф қилаяпти…

Тағин бир ривоятда, Оролнинг қоқ ўртасидан Туялар йўли ўтганмиш ва денгиз келажакда Оқ тумшуқ томонида «ўлик денгиз» ҳолида сақланиб қолармиш…

Яна бир ривоятда айтилишича, Борса-келмас туз кони ўртасида Имом Маҳдининг хазинаси ётганмиш дейилади, бандаларининг бошига иш тушганда, юртбошисининг ақл-заковати ила халқининг ободлигига кафолат бўлармиш…

Бу йил, худога шукурким, дарёлар тўлиб оқди, денгиз бўйидаги кўллар тўлиб, балиқлар билан қушлар байрамига айланди. Пахта билан шоли режаларини аллақачон тўлдирган бўлсак ҳам деҳқонларимиз ортиқча ҳосилни ҳали-ҳамон йиғаяпти. Бир авлод даврида денгизга сув тушмаган эди, мана бу йил Амударё билан Сирдарё аслига қайтиб, Оролга сув берди.

Жуғрофий маълумот:

Сирдарёнинг йиллик оқими – 38 кубокилометр.

Амударёнинг йиллик оқими – 79 кубокилометр.

Жами: 117 кубокилометр.

Ўтган асрдаги трансчегаравий дарёларнинг сув тақсимоти қуйидагича белгиланган эди:

Ўзбекистон –50 кубокилометр.

Туркманистон – 17 кубокилометр.

Тожикистон – 11 кубокилометр.

Қирғизистон – 9 кубокилометр.

Орол денгизи учун эса санитар сув бериш нормаси Амударёдан 4 кубокилометр, Сирдарёдан 2 кубокилометр қилиб белгиланган экан.

Жами: 93 кубокилометр.

117– 93 =24 кубокилометр.

Хўш, қани энди ўша 24 кубокилометр сув? Улар дарёларнинг юқори ва ўрта оқимларидаги мақсадли-мақсадсиз қурилган сув омборларию, сув сақловчи тўғонларда турибди ёки Айдаркўл, Сариқамиш сингари суньий кўлларга кетаяпти.

Ўтмишдаги сув тақсимотидаги адолатсизлик, яъни Орол денгизининг табиий эҳтиёжини эътиборга олмаслик минтақада сув танқислигини келтириб чиқарди. Оролнинг йиллик сув эҳтиёжи ўртача 55 кубокилометр эди.

Трансчегаравий дарёлар бўйича халқаро қонуний ҳужжатлар асосида адолатли сув тақсимоти низомлари ишлаб чиқилиб, уларнинг бажаришини барча мустақил давлатлар учун шарт қилиб қўймагунча, Орол жабрдийда бўлиб қолаберади…

Юртбошимизнинг таклифи билан бу йил баҳор кунлари БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Оролга ташрифи ва Президентимиз Ислом Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеяси саммитининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек:

«Орол фожиаси экология муаммоларига масъулиятсиз муносабатда бўлишнинг яққол мисолидир. Бир пайтлар ноёб ва гўзал денгизлардан бири бўлган Орол бир авлод ҳаёти давомида деярли қуриб ва йўқолиб бораётган сув ҳавзасига айланди».

Орол тўғрисидаги ҳақиқат бундан ортиқ қандай айтилади?

Сайғоқлар қисмати

Орол – Марказий Осиёнинг иқлимини белгиловчи денгизгина эмас, балки минтақанинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини таъминловчи манба эди. Орол фожиаси туфайли ўсимликлар дунёсининг 220 дан ортиқ турларидан айрилдик. Бир пайтлари Ажиниёз шоир куйлаган «Кийик, қулонлари чалқиб яйраган» қорақалпоқ даласида бугунги кунда кийиклар кескин камайган бўлса, қулонлар умуман йўқолиб кетди.

Ваҳоланки, ХV11 аср хитой йилномаларида «Бухоро ва Хоразм савдогарлари йилига 300 000 жуфтдан зиёд сайғоқ шохларини сотганликлари» қайд этилган.

Айниқса, сўнгги пайтлари «Қизил китоб»га киритилган сайғоқларнинг ачинарли қисматига эътибор берайлик. Устюртда 1920 йиллар сайғоқларнинг бош сони бир миллиондан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг бош сони 40 баробар камайганлиги қайд этилмоқда. Аслида кўчманчи ҳаётга мослашган сайғоқлар Устюртга куз охирларида келиб, қишловини – ишқ мавсумини кенг далада яйраб ўтказади ва кеч баҳорда Устюртдек табиий туғруқхонада авлодларини кўпайтириб, яна олис манзиллардаги яйловларга қайтади. Қозоғистон ҳудудида улар уч гуруҳга ажралиб, бири – Ўрол тоғларига, бири – Волга бўйи ва Нўғой далаларига, яна бири Бетпақдала чўлларига йўл олади. Россия ва Қозоғистонда сайғоқларни режали отишга рухсат берилган, бизда эса улар «Қизил китоб»га киритилган. Уларнинг бош сонини кўпайтириш – давлат ҳимоясида. Лекин сайғоқларнинг энг катта душмани – эркаклик қурби пасайган (импотент) эркаклар ҳисобланади. Сабаби, Қўчқор сайғоқнинг шохларидан эркаклик қурбини кучайтирадиган дори олинаркан.

Устюртлик овчи оқсоқолдан шуни эшитган эдим:

«Сайғоқлар куз охирларида пода-пода бўлиб кўчиб келганларидан сўнг, ўзларининг «ишқ ўйинларини» ўтказади. Аввало, қўчқорлар ўзаро калла ташлашиб, “ким кучли?” мусобақасида Бош ғолиб, иккинчи, учинчи ва ҳоказо ўринда турувчи сайғоқлар маълум бўларкан. Сўнгра, урғочи сайғоқлар битта чизиқ бўйлаб, қаторга тизиларкан. Бош ғолиб қўчқор «мони ғуломга киришаркан» ва 37-38 гача урғочини «қочириб», шу орада ўзи ҳам «жон топшираркан». Навбат иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо қўчқорларга келиб, улар ҳам ишқ йўлида «қурбон» бўлгунларигача бу ўйин давом этар экан. Урғочи сайғоқларнинг дастлабки қўчқорлардан «тутмай» қолганлари эса, тизилган қаторнинг охирига бориб, яна навбатга тураркан…»

Мустақиллигимизнинг илк кунларида – 1991 йилнинг кузида Устюртда «Сайгачий», Мўйноқда «Судочье» буюртмахоналари ташкил этилиб, сайғоқларнинг бош сонини кўпайтириш ва бу ерларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тадбирлари белгилаб олинди…

Антиқа тухумлар сири…

Бундан анча йиллар илгари, сув танқислиги пайтлари эди. Қиш ҳам анча совуқ келиб, Қорақалпоғистоннинг шимолий чорва туманларида қорамоллар билан қўй-эчкилар айниқса жабрда қолди. Ёб (ариқ)лардан сув келмай, қудуқлардаги сувлар «қочиб» кетиб, молларнинг бош сони камая бошлади.

Ўша кунлари Чимбойнинг бозорида антиқа рангли тухумлар пайдо бўлди. Қандолатчиларнинг куни туғиб, уларни арзон-гаровга олаётганидан хурсанд эдилар. “Бу тоғалардан турли бало чиқади, ахир Чимбой атоқли Ўмирбек лаққининг ватани эмасми?”–деган ҳазил-хаёлга борсам, бу антиқа тухумлар ёввойи ғозларники бўлиб чиқди… Уларни овчилар Жилтирбас ва Шахаман томонлардаги ёввойи ғозларни отиб, уясидан оларкан…

– Бу ёвузликнинг чегараси борми?– деб сўрадим тоғалардан.

– Нима қиласан, жиян, тирикчилик… Қани, ўзинг тирикчиликнинг чегарасини кўрсатиб бер-чи?..

Тоғалар доимо ақлли, жиянлар сал тентак бўлади. Тентаклик қилмасам, ютқазиб қўядиган бўлдим…

–Мана бизда сўнгги пайтлари афғон майнаси кўпайиб кетди. Улар далаларингиздаги буғдой, арпа, шоли, жўхори ва тариқларингизни, боғларингиздаги узумларни еб қўймоқда. Майна ташқи кўриниши чиройли, лекин такасалтанг ва ёвуз қуш. Улар булбулдан тортиб мусичагача қушларнинг тилларида сайрай олади. Уларнинг ўзлари уя қурмайди, уйларингизнинг томларига уя қурган кабутарлар билан мусичалар курк бўлган пайтлари бечораларнинг тухумларини уядан чиқариб ташлаб, ўрнига ўзларининг тухумларини қўйиб кетади. Она кабутарлар билан мусичалар эртага полопон чиқариб, уларни боқиб-қоқиб, қанотлари чиққанида, «мен нега майна туғдим» деб ҳайронлар қолади. Сизлар эса, ҳақиқий мерган бўлсангиз, нимага ўша майналарнинг тухумини қуритмайсиз? Бечора ёввойи ғозлар билан ўрдакларнинг тухумларини олиб-сотиб юрсангиз, ўзларингизнинг ўша майналардан нима фарқингиз қолади? Менимча, майналар ҳам сизлардан сал ақллироқ шекилли, улар ҳеч бўлмаса, тухумнинг ўрнига тухум қўйиб кетади-ку!

– Ҳой, бўлди, жиян, тоғалар ҳазилни кўтаради деб, тилингга эрк бераверма… Ундан кўра, олдингдаги ошингни еб, “Қоратов”ингни ич…”Жияндан эл бўлмас”, деганлари рост чиқди-ёв… тентак…

Мен барибир, Орол бўйидаги ёввойи қушларнинг полопонларига яхши кунлар тилаб, қадаҳ кўтаришни таклиф қилдим. Тоғалар бу сафар норози бўлишмади…

Тузли тўзон

Умумий майдони ҳозир қарийб 5 миллион гектарни ташкил этадиган Оролқумдан йилига юзлаб миллион тонна чанг-тўзон кўтарилмоқда. Уларнинг аэрозол ҳолида минглаб километрларгача масофага учиб бораётгани тўғрисида маълумотлар ҳам бор. 1988 йили «Орол-88» илмий-публицистик экспедицияси таркибида Помир тоғларининг Оқбайтал довонида ҳам Оролнинг тузли тўзони изларини кўрган эдик…

Хўш, бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкин? Қўшни қардош давлатларнинг қишлоқ хўжалигида сўнгги пайтлари боғдорчилик, узумчилик, полиз-савзавот ва пахта ҳосилдорлиги анча камайиб кетганлиги, суғориб экиладиган ерларнинг кескин шўрланиб бораётгани маълум бўлмоқда. Чорва молларининг яйлов майдонлари қашшоқлашиб, уларнинг табиий озуқа манбалари бўлмиш ўсимликлар дунёси қашшоқлашиб бормоқда. Сабаби нимада дейсиз? Сабаби қуйидагилар:

1. Мевали дарахтларнинг гуллаган пайтига эътибор берсангиз, бу асосан Оролдаги тузли чанг-тўзон кучайган баҳор ойларига тўғри келади. Тузли чанг тушган қайси бир мева гулларидан тўлақонли ҳосил олиш мумкин?

2. Полиз-сабзавот ва пахта майдонларининг шўрланишига эса фақат тепадан тушаётган тузли тўзонгагина эмас, балки суғорилаётган сувнинг сифати ҳам сабаб бўлади. Эсингизга солсак, «Жаҳон адабиёти» журналининг ўтган сонларида бир япон ёзувчисининг сув ҳақидаги ажойиб асари чоп этилди. Унда оқин сувда «ҳиссиёт, эслаш қобилияти ва ўз йўлини топиш хусусиятлари» мавжуд эканлиги қайд этилади. Тиниб қолган сувда эса, бу хусусиятларнинг айримлари йўқолиб, бундай сув айниш ва шўрланишга мойил бўларкан. Демак, оқин сувни мажбурий тўхтатиб қўйиш унинг сифатини ўзгартираркан. Сифатсиз сув билан суғорилган қайси экин сифатли ва мўл ҳосил беради?

3. Оқин сув ўз таркибида ҳар хил минераллар эритмаси билан ерга озуқа ва маълум миқдорда туз ҳам олиб келади. Экстенсив усулда экилган майдонларни интенсив суғориш эса, ўша майдонларнинг тезда шўрланишига, ҳосилдорлик йилдан-йилга камайиб, экиннинг таннархи қопланмай қолишига сабаб бўлади.

Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек: «Орол тақдири – миллион-миллион инсонлар тақдири, демакдир. Шундай экан, биз ўз тақдиримиз, фарзандларимиз келажаги учун курашмоғимиз зарур». Президентимиз бу ўринда нафақат Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистон тақдири, балки Ер курраси аталмиш ғаройиб сайёрамизда яшовчи ажойиб инсонларнинг умумий тақдири ва келажаги ҳақида қайғуриб гапираяпти. Айтайлик, биз Орол тақдирига бефарқ қарасак, осмонимизни тузли чанг-тўзон қоплаб, аста-секин Она-ер ўз ҳосилини камайтириб, бутун дунё халқларининг аҳволи танг бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки Орол қадим-қадимдан икки она дарё – Амударё ва Сирдарёлар орқали оқиб келадиган сувлар билан тузларни табиий сақлаб турадиган денгиз эди. Дарёлар денгизга оқмай қолганидан сўнг, ўша йиллик оқим билан келадиган тузлар деҳқоннинг суғориладиган томорқасигача бориб, ўша ерда қолиб кетади. Осмонда эса яна Оролнинг тузли чанг-тўзони…

Ҳозир Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари ва халқаро экологик ташкилотлар ёрдамида Орол акваториясининг жанубий қисмида яшил ҳудудимизни Оролқум ҳамласидан асрайдиган «яшил қалқон»ли зона барпо этилмоқда. Бугунга келиб, ўрмон хўжаликлари томонидан 227 минг гектар майдонда саксовул, черкез, кандим ўсимликларидан иборат ўрмонзорларнинг бунёд этилгани қум кўчишларига барҳам бермоқда. Яқиндагина Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгаши ва ҳукумати «ҳар бир оила 5 тадан мевали дарахт ўтқазиши» ташаббуси билан умумхалқ ҳашарини ўтказди. Тўртта саҳро қуршовида қолган ҳудуд учун, бу чўлистон ўртасида гулистон, боғу бўстон яратишга интилган яхши ниятлар эди.

Қорақалпоқнинг неси бор?

Бизга оналаримизнинг оқ сути ва алласи билан кирган қуйидаги қўшиқ сатрлари ҳар доим эсимизда: «Уч ой – қовуним, уч ой – соғиним, уч ой – қавоғим, уч ой – чавоғим»… Бундан, албатта, қорақалпоқлар «ёзи билан қовун, кузда қовоқ, қишда чавоқ, баҳорда эса соғин сиғирнинг сутини ичиб кун кечираркан» деган маъно чиқмайди…

Бу ерда деҳқонлар экин майдонларини қишда суғориб қўяди, чунки баҳорги сув қачон келиши амримаҳол деган маъно бор. Бир пайтлар Қорақалпоғистонга келган бошқирд халқ шоири Мустай Карим деҳқонларимиз заҳматларга тасанно айтиб:

– Баъзи дангаса кишилар эрталаб туриб, юз-қўлини чайиб-ювишга эринса, бу меҳнаткаш қорақалпоқ халқи ўз экин майдонларини йилига тўрт-беш марта чайиб юваркан… – деганди.

Яна бир россиялик меҳмон эса бу йилги қовун сайилидаги 57 турли қовун навларини тотиб кўраркан:

– Бир пайтлар Қорақалпоқ қовунларининг мазаси тилингни қоқ ёради деганлари рост экан, лекин мана шу шўр тупроқдан бундай ширин қовунларнинг чиқишини тасаввур қила олмаяпман…Бизда ҳам қовун-тарвуз экилади, лекин биз уларга баъзан шакар сепиб истеъмол қиламиз,– деган эди.

Қорақалпоқлар азалдан тўғрисўз, оқкўнгил, журъатли халқ. Тарихнинг юксак чўққи-довонларидан ошиб, бугунги авлод аждодлар орзуси бўлмиш мустақилликка эришгандан кейин, зўрликка учраган табиат уларга овунч бўлган Оролидан айирса ҳам, Оллоҳ таоло халқимизнинг насибасини бошқа томондан бераяпти. Устюрт ва Мўйноқ ҳудудида очилган янги-янги нефть-газ булоқлари, Қунғирот сода заводи ва қурилиши бошланиш арафасида турган «Сургул» газ-кимё мажмуаси, Қоратоғ тизмаларидаги рангли металлар ҳамда ҳали қурилиш навбатини кутиб ётган фосфорит конлари, «Учқудуқ – Нукус» темир йўлининг барпо этилиши, Буюк Ипак йўлининг аҳамиятли бир қисми бўлган «Қўнғирот – Бейнау» автомагистралининг жадал суръатларда қурилиши, Нукус аэропортига халқаро мақом берилиши билан дунёнинг тўрт томонига очиладиган ҳаво йўллари халқимизнинг истиқболи порлоқ эканлигидан дарак бермоқда…

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 10-сон.