Мен Марғилонман

Мен жаннатмонанд Ўзбекистоннинг сўлим водийларидан бири бўлмиш Фарғона ўлкасининг жанубий қисмида, Олой тоғи этагида, Марғилонсой ёқасида, денгиз сатҳидан 475 метр баландликда жойлашганман. Иқлимим -мўътадил. Июл ойида ўртача ҳарорат 26 даража мусбат. Январ ойида эса, 3 ярим даража манфий. Умумий ер майдоним 4 минг 83 гектар.

2002 йили аҳолим сони 183 минг 200 киши эди. Нуфусим йил сайин ошиб бормоқда, шу йил аҳолим сони 200 минг кишига етиши кутилмоқда. 54 та маҳаллам бор.

Хитой йилномаларида қайд этилишича, милоддан аввалги ИИ-И асрларда Фарғона мамлакатида 70 та катта-кичик шаҳар бўлган. Шулардан бири мен — Марғилонман. Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё ғуломов номли Археология институтининг махсус экспедицияси 1994-1999 йилларда олиб борган тадқиқотлар бу фикрни тасдиқлайди: археологик қазув ишларининг тасдиқлашича, Марғилонсой соҳили бўйлаб юзлаб гектар ерлар ўзлаштирилиб, деҳқончилик қилинган. Машад деган маҳаллам ўрнида бундан 2000 йил аввал майдони 20-25 гектарга тенг марказим бўлган.

Маълумки, жаҳон фанида қабул қилинган тамоилга кўра бирор аҳоли зич жойлашган масканни шаҳар деб аташ учун камида беш-олтита белги бўлиши шарт. Шаҳар бўш ва бўз жойда ўз-ўзидан бирданига пайдо бўлиб қолмайди. Аввало, шаҳар ўтроқ аҳоли ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг маълум босқичида шаклланади. Бу чорвачиликдан деҳқончиликнинг ажралиб чиқиши, деҳқончиликдан ҳунармандчиликнинг, ҳунармандчиликдан савдо-сотиқнинг ажралиб чиқиши билан боғлиқ. Ҳтроқ турмуш тарзининг вужудга келиши шаҳар шаклланишида биринчи омил бўлса, меҳнат тақсимоти ва қайта тақсимоти иккинчи омилдир. Менинг Марғилон деган номим, дастлаб араб географларидан Муқаддасий асарида, сўнгра «Бобурнома»да «Марғинон» шаклида тилга олинган. Луғавий жиҳатдан «марғ» — ўтлоқ, кўкаламзор маъносини англатади.

Гарчи росмана шаҳар сифатида шаклланганимга 2000 йил тўлган бўлса-да, ҳудудимда суғорма деҳқончилик милоддан аввалги ИХ асрдан бошланган. Милодий ИХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бағримдаги зарбхонада тангалар зарб қилинган. Бу менинг бутун Фарғона мамлакати ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутганимдан далолатдир.

Қорахонийлар сулоласи ҳокимият тепасида бўлганида улкан шаҳарлардан бирига айландим. Соҳибқирон Темур ва темурийлар даврида ҳам Фарғона водийсидаги йирик шаҳарлардан бири эдим. «Бобурнома»да менинг 12 та дарвозам (Ёрмозор, Ёйилма, Янгиқўрғон, Тошлоқ, Нодирмат, Шаҳрихон, Ёзёвон, Шомирза, Болтакўл, Қўқон, Машад, Сурхтепа) борлиги кўрсатиб ўтилган. Шу жиҳатдан биродарим Шошга ўхшаб кетаман.

Вужудга келишим, шаҳар бўлиб шаклланишим ва бугунги кунда гуллаб-яшнаб туришим менинг номим билан аталувчи Марғилонсой билан чамбарчас боғлиқдир. Сойнинг узунлиги 45 километр. Ҳртача йиллик сув сарфи — бир сонияда 5 куб метр сув оқиб ўтади. Фарғона водийсининг Фарғона ва Охунбобоэв туманларининг экин майдони ва шу туманлардаги қишлоқларни сув билан таъминлайди.

* * *

Тарихий ҳақиқатга асосланиб айтаманки, мен ўзининг уламолари, олиму шоирлари, қадимий осори атиқалари билан машҳур бўлган шаҳарларданман. ҳозирга қадар қадимий ёдгорликларим ҳақида ёзма манбалар ва турли ривояту афсоналар сақланиб келмоқда. Масалан, менинг ҳам баланд минорам бўлган. Рус зобити Филипп Ефремов 1782 йили Фарғона водийси орқали Кошғарга ўтиб кета туриб, менда ҳам қўноқ бўлади. Марказий бозорим ёнида баландлиги 40 сажен — 85 метр 30 сантиметрли минорам борлигини ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган. 1808 йили савдо ишлари билан келган сибирлик татар савдогари Муртозо Файзуддин ҳам бу минорани эслайди. Бу минора ҳақида 1812-1813 йиллари Қўқон хонлигида бўлган ҳиндистонлик сайёҳ Мир Иззатулло ва рус зобити Филипп Назаровнинг кундаликларида ҳам қайд этиб ўтилган. Филипп Назаров минорамнинг 50 чақирим узоқликдан ҳам кўриниб туришини алоҳида таъкидлайди.

Бундан тўрт асрча аввал мени тўрт тарафдан қуршаб олган, баландлиги 12 метр, эни 3 метрдан иборат мудофаа деворим бўлган. У ХХ аср бошларигача сақланиб келган.

Ҳозирги кунгача етиб келган ёдгорликларим ХВИИИ асрдан ХХ аср бошларигача қурилгандир. 1889 йилга оид статистик маълумотга кўра, менда 57 та мадраса, 21 та қорихона, 433 та мактаб мавжуд бўлиб, уларда жами 8 минг 136 нафар толиби илм диний ва дунёвий билим олган. Шунингдек, 243 та масжид бўлган. Мадраса, қорихона, мактаб ва мадрасаларимнинг бинолари ўз даври меъморчилиги намуналаридир.

Менинг ҳудудимда 2003-2005 йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида 30 дан ортиқ муқаддас зиёратгоҳлар мавжудлиги аниқланди. Хўжа Маъоз, Пир Сиддиқ, Кўкмозор, Бобо, Сафилтўда, Савдо кушойиш зиёратгоҳлари шулар жумласидандир.

Буларда менинг олис ва яқин ўтмишим ўз ифодасини топган. Масалан, Пир Сиддиқ зиёратгоҳи ёнидаги қабристонда халқ орасида шаҳид мозор номи билан машҳур бўлган иккита зиёратгоҳ бор. Бу ерга амир ғутайба ибн Муслим билан ВИИИ асрнинг бошларида ислом динини ёйишга келган фотиҳлар дафн этилган.

Ёйилма деган маҳалламда Хўжа Маъоз зиёратгоҳи жойлашган. Маълумки, Хўжа Маъоз ҳазрат Муҳаммад пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг Фарғона ўлкасига ислом динини олиб келган саҳобаларидан биридир. Агар буюк адиб Абдулла ғодирийнинг «Ҳткан кунлар» деган романини ўқиган бўлсангиз, унда бош қаҳрамон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли бир кеча Хўжа Маъоз қабристонида Аллоҳ таолога нола қилиб, тунни уйқусиз ўтказгани тасвирланади.

Шу зиёратгоҳ яқинида яна бир муқаддас мозор бор, ундаги ёдгорликда Муҳаммад (с.а.в)нинг соч толаларидан сақланади, шунинг учун у Мўйи муборак деб аталади.

Таниқли олим ва уламо Алихонтўра Соғунийнинг ёзишича, пайғамбаримиз (с.а.в) умрлари мобайнида тўрт маротаба соч олдирганлар. Сочларини саҳобалар табаррук қилиб ўзаро бўлишиб олишган. Муқаддас мўй исломнинг дастлабки асрларидан бошлаб бутун мусулмон мамлакатларига олиб келинган ва уни сақлаш учун махсус бинолар қурилган. Кейинчалик бу бинолар аҳоли томонидан зиёратгоҳга айланган. Мўйи муборак муқаддас ашё сифатида Покистон, Туркия, Эрон, Ҳиндистоннинг масжид, мадраса ва музейларида сақланмоқда. ХВИИИ асрнинг охири ХИХ аср бошларида яшаб ўтган, Қўқон адабий муҳитининг кўзга кўринган вакилларидан бири шоир Маъдан келтирган маълумотга кўра, Муҳаммад (с.а.в)нинг соч толалари ХВИИ асрнинг етмишинчи йилларида менинг бағримга олиб келтирилган. Хуллас, мен буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний каби олиму фузалоларга олтин бешик бўлиб келаяпман.

Кўкмозор зиёратгоҳим аҳоли орасида Сўгал мозор ва Тақали мозор ҳам дейилади. Кўкмозорни Амир Темур уста авлиё мулла Охунд мирзога атаб қурдирган. Бу уста соҳибқирон лашкари отларини узоқ сафар олдидан тақалаган. ҳарбий юришдан зафар билан қайтган Амир Темур моҳир тақачи билан учрашмоқчи бўлади. Аммо уста бу вақтда оламдан ўтганди. Соҳибқирон унинг хотирасига бағишлаб мақбара қурдиради. Кейинчалик бу қадамжо Кўкмозор номи билан халқ орасида машҳур бўлиб кетади. Бу зиёратгоҳнинг Кўкмозор деб аталишига сабаб, унинг кошинлари кўм-кўклигидир.

Зиёратгоҳларимдан яна бири — Савдо кушойиш мозори. Бу ерга улуғ фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди Халфа Зар Эшон дафн этилган. Бу мозор савдо ва ҳунар аҳлининг зиёратгоҳидир.

2000 йиллик тўйим нишонланаётган экан, мени оламга танитган улуғ сиймо Бурҳониддин Марғиноний ва унинг хотирасига қурилган ёдгорлик мажмуи ҳақида тўхталмасам бўлмайди. Бу буюк зотнинг тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Абубакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ал-Риштоний ал-Марғинонийдир. Дастлабки илмни Риштонда ва менда олган. Кейин Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда таҳсилни давом эттирган. У кўп асарлар яратган. Уни бутун ислом оламида машҳур қилган асари «Китоб ал-ҳидоя» (қисқача «ҳидоя») дир. Зеро, бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил ва мукаммал асар.

Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотмаган ва йўқотмайди ҳам. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида, жумладан, Тошкент Ислом университетида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилмоқда. Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги, таваллудининг 910 йиллиги (ҳижрий сана бўйича) (2000) кенг нишонланди. Шу муносабат билан менинг марказимда Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди. Бу ер менинг гавжум зиёратгоҳларимдан бири бўлиб қолди. 2000 йиллик тўйим кунлари бу жой зиёратчилар билан янада гавжум бўлади, албатта.

* * *

Мамнуният ва ифтихор ила айтаманки, мен азалдан адабиёт ва санъат марказларидан бири бўлиб келаётибман. Шоир ва шоираларим ҳақида гап кетганда, энг аввал Увайсий — Жаҳон отин ёдга тушади. Андижон ҳокими Раҳмонқулнинг қизи Моҳлар ойим — Нодира бу ерга келин бўлиб келади — менинг ўша вақтдаги ҳокимим Умархонга турмушга чиқади, машҳур мактабдор Жаҳон отинга шогирд тушади, кейинчалик малика ва етук шоира сифатида машҳури жаҳон бўлади.

Мен ўзбек санъатининг олтин бешикларидан бириман. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Мадали ҳофиз, Уста Олим Комилов, Муҳиддин ғориёқубов, Тамарахоним, Гавҳархоним, Лизахоним, Нурхон Йўлдошхўжаэва, Болтабой Ражабов, Маматбобо Сатторов, Мукаррама Турғунбоэва, Бобораҳим Мирзаэв, Саодат ғобилова, Берта Давидова, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов ва бошқалар шу ерда камолга етишган. Бугунги кунда уларнинг ишини истеъдодли ва умидли издошлари муваффақият билан давом эттирмоқдалар.

Мен айни пайтда маънавият, маърифат ва маданият ўчоғиман. ҳозир менда 31 та умумтаълим мактаби, футбол мактаби, 2 та спорт мактаби, «Истиқбол» гимназияси, Миллий ҳунармандчилик ва аниқ фанлар литсейи, 10 та касб-ҳунар коллежи, 36 та мактабгача таълим муассасалари ишлаб турибди. Уларда келажагимни яратувчи фидойилар тарбия топмоқдалар.

168 минг китобга эга 12 жамоат ва болалар кутубхоналари, 6 маданият уйи, мемориал музей, маданият ва санъат музейи, «Нурхон» халқ театри, маданият ва истироҳат боғи бор. Телевидениэ ва радиоэшиттиришлар қўмитаси ишлаб турибди. «Марғилон ҳақиқати» ва «Турон шойиси» газеталари чиқарилмоқда.

1000 дан ортиқ ўринга эга касалхоналар, 2 тиббиёт санитария қисми, саломатлик маркази, тез тиббий ёрдам маркази ва бошқа тиббий муассасаларда 420дан ортиқ врач, 1 минг 560 га яқин ўрта тиббий ходим хизмат қилмоқда. «Атласчи» ва «Турон» стадионлари, 33 спорт зали, кўплаб волейбол, баскетбол ва футбол майдонлари, 3 болалар ва ёшлар спорт мактаби бор. 56 та жисмоний тарбия жамоасида 43 минг нафардан зиёд ёшлар шуғулланмоқда.

Мени қўли гул ҳунармандлар шаҳри, дейдилар. Дарҳақиқат, мен асрлар давомида «Ипак йўли» шаҳри эканлигимни сақлаб келаяпман, аҳолим доимо ота-боболари удумига содиқ бўлиб келдилар. Менда оғир шўролар замонида ҳам биронта ҳунар тури йўқолиб кетгани йўқ. Оилавий ҳунармандчилигимни ҳавас қилса арзийди. Уста ҳам, шогирд ҳам, ҳунарманд ҳам бақамти ишлайди. Менда айниқса дўппидўзлик, тандирчилик, мисгарлик ривожланган. Лекин менинг атласим, шойи газламаларимга тараф йўқ.

«Маърифат» газетасидан олинди.