Амударё Каспийга оққанми?

Дарҳақиқат, Амударё Осиёнинг, нафақат Осиёнинг, балки бутун курраи заминнинг энг баланд тоғликлари — Ҳимолайдан бошланади. Аму дастлаб сув оладиган Ваҳжир дараси гарчанд Афғонистон ҳудудига кирса-да, бу тор йўлак жанубда — Ҳиндистон, шарқда — Хитой билан туташиб туради. Ваҳон водийсининг юқори қисми ёзин-қишин тўнглаб ётувчи музлик билан қопланган. Музликнинг қуйи қисмида эса Зар номи билан аталувчи бир гўзал, аммо мўъжазгина кўл мавжуд.

Амударёнинг ибтидоси худди ана шу кўлдир. Ўша ерга етиб бора олсангиз, денгиз юзасидан 4080 м. баландликка кўтарилган бўласиз.

Ваҳжирдан қуйироқ энгандан сўнг у Ваҳондарё деб атала бошлайди. Ваҳон водийси қадимда обод бўлгани боисми — минг йил муқаддам битилган, муаллифи номаълум «Ҳудуд ал-олам» асарига водий шу ном билан кирган. Ушбу китобда Амударё Жайҳун дея аталиб, Ваҳон ҳудудидан оқиб чиқади, дейилади. Қизиғи, шу ҳудуддаги тоғлар минг йил бурун қандоқ аталган бўлса, бизнинг давримизда ҳам шундай тилга олинмоқда. Ваҳоланки, шунча давр ичида кўпгина жуғрофий атамалар бир неча бор ўзгарган. Хуллас, Ваҳондарё Помир дарёси билан қўшилиб, Панж номини олади. Панжга эса ўнг томондан Гунт, Бартанг, Язғулом, Ванч ва Қизилсув ирмоқлари бирлашиб, янада қудратли оқимга айланади. Кейин унга серсув Вахш дарёси келиб қўшилади ва худди шу ердан бу бебошвоқ оқим Амударё деб номланади.

Юқорида санаб ўтилган ҳар бир ирмоқнинг йирик дарёларга тенг кела оладиган чоғи бор. Чунки улар сайёрамиздаги энг баланд тоғли ўлкалардан бошланишини айтиб ўтдик. Дунё томи деб бекорга айтишмаган — Помир бу ерларда ниҳоятда кўкка ҳаволаниб кетади. Ҳозир олимлар Фанлар академияси деб аташаётган тизма атрофида гўё улкан тугундек бир неча йирик — Дарвоз, Ванч, Язғулом, Танимас тоғларининг боши бириккан. Бу ерларда саратонда ҳам қор ёғади. Ва уларнинг эришга улгура олмай қолган қисми йил сайин музликларга айлана боради. Натижада, энг йирик тоғ музлиги ҳосил бўлган. Унинг қалин жойи 1000 м., узунлиги 77,8 км., кенглиги 1500-3100 м., майдони 907 кв.км. Бу- ҳалиям кичрайиб, анча юпқалашиб қолган ҳолати. Дарвоқе, Ўрта Осиё тоғларида музликлар қисқармоқда. Баъзилари кейинги юз йил давомида бир неча баробар кичрайиб қолган. Бу ҳолат Федченко музлигини ҳам четлаб ўтмаган. 1976 йилги экспедициия даврида Ванч воҳасида Хирсдара номи билан машҳур бўлган, бот-бот ҳаракатланувчи музликнинг қадимги изларидан то тил қисмига етгунимизча, бир кун пиёда юрганимиз эсимда… Ана кўрсаткич. Демак, қадимда бу улкан музлик ҳозиргидан ҳам катта бўлган. Ундан сув олаётган Амударёнинг Ванч, Язғулом, Абдуқаҳҳор ва ҳоказо ирмоқлари илгари янада тўлиб оққанини кўз ўнгимизга келтиришимиз билан тасаввуримиз янада кенгайиши тайин.

Тоғ музликларини ўз кўзи билан кўрмаган кишига уни ҳарчанд келиштириб таърифламанг, ишонтиришингиз қийин. Шундай бир жумбоқли табиат синоати — бу музликлар. Уларнинг юқори қисми қаттиқ қор кўринишида бўлади. Секин ­пастлаша борсангиз, на қор, на муз шаклида бўлган қисм бошланади. Музликларнинг қуйи қисми тил, музликлар тили деб аталади. Худди бузоқ тилидек водий этагига осилиб тушиб туради. Ҳамма ғаройиботлар музликнинг худди ана шу тил қисмида жойлашган. Энг кўзга ташланадигани — бу катта-кичик ёриқлардир. Дарҳақиқат, музлик ҳаракатланаётганда ёки совуқлик ошиб қисқариб, кейин эса кенгайганида, тарс-тарс ёрилиб кетади. Ёриқлар узунасига бир неча км. ларга чўзилиб, кенглиги ва чуқурлиги бир неча м. ни ташкил этади.

Музликларнинг чекка қисмларини ёнбағирлардан юмалаб тушган тоғ жинслари қоплаб олган. Каттароқ харсангларнинг тагига қуёш тафти бормайди — соя жойда муз эримасдан тураверади. Атрофи қуёшга рўбарў қисмлардаги қорлар эрийди, натижада харсанг улкан паҳлавоннинг телпаги каби музлик юзасидан кўтарилиб туради. Аслида муз столлари ана шулардир. Кун сал илиган пайтда майда-чуйда шағал тошлар чуқур ўйиб кириб кета бошлайди. Бу музлик стаканлари номи билан машҳур шакллардир. Мана шу яхлит музлик баданига шағал-тош, харсанг, тупроқ массалари аралаш-қуралаш бўлиб кетаётганлигини билмай қоласиз. Зеро, музликнинг таркиби яхлит тоза муздан иборат эмас. Гарчанд муз ва тоғ жинслари аралашмаси унинг маркази томон камайиб бораверса-да, музликнинг қуйи томон жипслиги натижасида аралашиш жараёни кучаяди. Шунинг учун музликларнинг энг қуйи қисми, яъни шу ирмоқларнинг суви шиддат билан турли тоғ жинсларини аралаш-қуралаш ҳолда оқизиб тушади. Амударё сувининг лойқалиги ана шундан. Бунинг устига, дарё ўзанининг нишаблиги ҳам ниҳоятда катта. Нил ёки Волга дарёларининг нишаблигидан икки, икки ярим баробар юқори. Шунинг эвазига суви жуда шитоб билан оқади ва ҳам ёнлама, ҳам ўзан эрозиясини — ювилишини кучайтирганлигидан сув таркибида лойқа миқдори кўп, ҳар метр куб сувда 3,5 кг. лойқа бор.

Табиатдаги мувозанатни кўриб, баъзан ҳайрон қолади киши. ХХ ­асрнинг 60-йилларидаги ҳисоб-китобларга кўра, Помир тоғидаги музликларда тўпланган сув миқдори Орол денгизининг суви билан тенг келиб қолар экан. Амударё бошланишидан то қуйилишига қадар бўлган масофа табиат мувозанатини ушлаб турувчи риштага ўхшайди. Шу ўлка табиати Амусиз, Аму эса шу табиатсиз яшай олмагани каби, Амунинг қирғоғида яшовчи барча халқларнинг тақдирлари ҳам бир-бирлари билан чамбарчас боғланган. Аму уларнинг ҳар бири учун баб-баравар ҳаёт манбаи бўлиб келяпти. Дарёнинг шарофатидан неча ўлкалар бўстон бўлди, қайсарлигидан эса обод шаҳарлар, боғлар вайронага айланди.

Дарҳақиқат, қайсарлик — Амуга хос. У ҳамиша ўзи тусаган, боши оққан томонга оққан. Юнонларнинг отахон географи Птоломей Окс (Аму) Гиркан (Каспий) денгизига қуйилади, деб ёзганига 2000 йил бўлай деб қолди. Биз бу қизиқ маълумотни қадимги олимлар ёзиб қолдирган тарихдан илғаб, сувнинг изидан унинг бир вақтлар қаёққа, қандай оққанлигини тахмин қила оламиз. Даставвал археологлар, кейинроқ эса геоморфологлар, Аму бир вақтлар Каспий томонга оққанми, агар оққан бўлса, қачон ва нима учун Оролга эмас, Каспийга оққан ҳамда охирги пайтлар қай бир сабаб туфайли Оролга қуйила бошлади, деган саволларга жавоб излаб бош қотиришди. Улар тўплаган далиллар — Қорақум, Ўзбой ўзани, Жанадарё бўйлаб ўтказилган тадқиқотлар, дарҳақиқат, Амударё 4500-5000 йиллар муқаддам Каспийга қараб оққан, дея хулоса чиқарилишига асос бўлади. Ўша пайт­лари Аму шунчалар улкан оқим бўлганки, Копетдоғнинг шимоли-ғарбий ёнбағирларидан оқиб тушувчи Мурғоб, Тажанг каби йирик дарёлар ҳам Амунинг ирмоқлари қаторида экан. Демак, Птоломейнинг гапида жон бор, унинг харитаси гарчанд анча ноаниқ бўлса-да, мантиқан тўғри, деган фикрдан ­бошқа тўхтамга кела олмаймиз.

Шарқнинг буюк алломаларидан бўлмиш Хоразмий ҳам Птоломей фикрларига танқидий ёндашиб, анча мукаммал харита ясади. Бу илмий ҳужжатда Балх дарёси, яъни Амударё суви Хоразм кўли, яъни Орол денгизига қуйилаётгани тасвирланган. Демак, бундан 1300-1400 йил муқаддам Аму йўналишини кескин ўзгартирган ва ғарбга эмас, шимоли-ғарб томон оқа бошлаган. Нима учун? Баъзи олимларнинг фикрича, ўша пайтлари Аму шунчалар кўп лойқа олиб кела бошлабдики, у тобора йиғилиб, делта ҳосил бўлиш жараёнида ўзан ҳам лойқа билан тўлиб, дарё ўзанини ўзгартирган. Яна бошқа бир олимларнинг фикрича, Ер шари гоҳ секин, гоҳ тезроқ айланиб турар экан. Айланиш сал тезлашса, оқим марказдан итарувчи куч таъсирида шимолга, сал сусайса, ғарбга томон оқар экан. Уларнинг айтишича, Амунинг гоҳ Оролга, гоҳ Каспий томон оқиши бир неча бор қайтарилган эмиш.

Бу синоат қадимдан қизиқ-қизиқ ривоятларга мавзу бўлиб келган. Россия императори Пётр И ни бу жуда ўйлантириб қўйган. У княз Черкасскийнинг ёнига неча юз навкар қўшиб, Осиёга юборади. Бу ҳарбий экспедиция Аму ҳақиқатдан ҳам Каспийга оқиши мумкинми, мумкин бўлса, шу ишни қандай амалга ошириш имкониятлари мавжуд, деган муаммога жавоб топиб келиши керак эди. Пётр И Амунинг Каспийга оқувчи кўҳна ўзанига тўғон солинган, ўша тўғон бузиб юборилса, дарё яна Каспий томон равона бўлаверади, деб ўйлаган экан. Унинг тасаввурича, Аму Каспийга оқа бошласа, ҳарбий флот Волга билан Каспийга етиб, кейин эса Аму билан оппа-осон Хоразмга кириб боравериши мумкин бўлар эди. Аммо бу иш амалга ошмай, Пётр I нинг орзуси абадий армонга айланиб қолди.

Аму Орол томон оқиш жараёнида турли-туман қилиқлар кўрсатиб туради. У ўзини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ташлаб, Жайҳун телба, деб довруғ қозонган. Кот каби муаззам шаҳарни — нафақат Хоразмнинг, балки бутун Осиёнинг йирик маданий марказларидан бирини — Жайҳуннинг телба тўлқинлари ювиб келган. Бу машъум воқеа, Берунийнинг гувоҳлик беришича, ХИ асрнинг бошларида содир бўлган. Ҳар йилда ўзан ўнлаб км. ўнгга, ёки чапга сурилаверганидан не-не обод қишлоқлар, боғлар оқим гирдобига тушиб ёки сувсизликдан қақраб, хароб бўлар эди. Амунинг бу қилиғини хоразмликлар дегиш (дагиш) деб аташади.

Ҳақиқатан ҳам, Амунинг инжиқликлари сон-саноқсиз. Шулардан бири — сувнинг музлаш жараёни билан боғлиқ хусусиятлари, яъни човиш келиши билан боғлиқдир. Қиш тугаб, эрта баҳорда човиш (дарёда муз палахсаларининг бетўхтов оқиши, хоразмликлар санг юрди, дейди) келганда, дарёнинг тор жо­йида муз тиқилиши туфайли сув сатҳи 2-2,5 м. гача кўтарилиб кетиши кузатилади. Ана шунда теварак-атрофни сув босади. Амударёнинг юқори оқими камдан-кам ҳоллардагина ёппасига музлайди. Дарё жанубдан шимол томонга оққанлиги учун ҳам қиш пайтлари қуйи оқим томон ҳаво совий боради. Термиз яқинида дарё суви 3-4 кун музласа, Нукус атрофида 64 кун музлаб ётиши мумкин. Демак, сувнинг тўсатдан кўтарилиб кетиш хавфи дарёнинг қуйи оқимида юз беради. У атрофга озмунча ташвиш келтиради, дейсизми?! 1969 йили қиш ниҳоятда совуқ келганлиги кўпчиликка маълум. Ўша йили Чоржўйда, Хоразм вилояти, Қорақал­поғистон Республикасининг айрим туманларида муз тиқилиши рўй беради. Сув иккала қирғоқ бўйлаб кўтарила бошлади. Кўпгина аҳоли турар-жойлари, қишлоқ, овул, дала-боғлар сув остида қолди.

Амударё суви йилдан йилга камайиб бормоқда. Биринчидан, дарё сувидан кўплаб каналлар сув олмоқда, бу, албатта, ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Иккинчидан, Амударёнинг талай ирмоқлари дарёга қуйила олмасдан тугаб қолмоқда. Археологик маълумотларга кўра, Зарафшон беш минг йил муқаддам сувини Амуга қуйган. ХВ асрнинг йирик олимларидан Ҳофизи Абрў Зарафшон-Кўҳак ёғингарчилик йиллари то Амударёгача оқиб боришини айтган эди.

Аму суви канал-ариқлар орқали суғориладиган дала, боғларга оқизилгани янгилик эмас, бу ишни ота-боболаримиз 3-4 минг йиллар муқаддам ҳам уддалашгани ҳақида академик Яҳё Ғуломов ёзган. Аммо ХХ асрда бу иш ҳаддан ошириб юборилгани сабабли, 1980 йилларга келиб, Амударёнинг қуйи оқимида сув камайиб қолди ва Орол денгизига етиб-этмай қолаверди. 1990 йилларга келиб, Амударё сал бўлса-да жонланиб, Орол денгизига секундига 10 м3 атрофида сув қуя бошлади.

Аммо кейинги йиллар давомида деҳқонларимиз ерларини суғоришда қийналиб қолишди. Тақдирини унинг суви билан боғлаган турли жондорлар, ўсимликлар оламининг биохилма-хиллиги тўғрисида ҳам бирон-бир ижобий фикр айтиш қийин. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, 60-70 йил бурун Аму бўйидаги тўқайзору чўлларда йўлбарсдан тортиб катта-кичик паррандаю-даррандаларнинг 141 тури яшаган; Амударёнинг фақат делта қисмидагина 62400 гектар майдонда қамишзорлар мавжуд бўлиб, бутун ҳавза бўйича 1,5 мингдан ортиқ ўт-ўланлар турини санаш мумкин бўлган экан.

Мана шундай изтиробли ўй-фикр­лар исканжасида юрар эканман, ўнгимда ҳам, тушимда ҳам Амударё бўлиб қолган бир дамлар, 2008 йилнинг 24 ноябри эди. Тасодифан тилло топган телбадек севиниб кетдим. Шу куни Низомий номидаги ТДПУда анжуман бўлаётган эди. Бўлганда ҳам республикамизнинг барча бурчакларидан йиғилиб келган географларнинг «География фанининг долзарб назарий ва амалий масалалари» мавзусида илмий-амалий конферентсияси иш бошлаб юборганди. Навбатдаги сўз профессор П.Баратовга берилди-ю, уни бутун вужудим билан эшита бошладим. Устознинг ўша кунги маърузаси худди дилимга тинимсиз оғриқ бўлиб турган Амударё хусусида бўлиб чиқди. Айнан келтираман.

— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизи, демакки, Амударё, Сирдарё каби ҳаёт ­наҳрлари муҳофазаси йўлида амалга оширилган муҳим ишлар ва биз, ҳар биримиз уларнинг ижобий самарасидан умидвормиз, — деди у. Амударё ҳавзасида гидрологик ресурслар чекланган бўлиб, уни қатъий тарзда назорат қилиш зарур бўлади.

Профессор П.Баратовнинг маълумотига кўра, ғўзани суғориш талаби тупроқ турига қараб гектар бошига 2000 м. кубдан 8000 м. кубгача атрофида бўлиши лозим. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 16-17 минг м. кубни ташкил этмоқда. Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистонда ҳатто 20 минг м. куб атрофидадир. Туркманистоннинг Қорақум канали зонасида эса энг кўп — 24 минг м. куб сув сарфланмоқда. Демак, сув ниҳоятда исроф бўлмоқда. Ирригатсия шахобчаларининг фойдали иш коэффитсиэнти пастдир. Канал, ариқларда Амударёдан олинаётган сувнинг 40-41 фоизи экин далаларига етмасданоқ ерга шимилиб кетмоқда. Айниқса, Амударёдан сув олаётган Қорақум каналида бу кўрсаткич 43 фоизни ташкил этади. Агар канал, ариқлар бетонлаштирилиб ёки ўзанга полиэтилен плёнкалар ётқизилса, йилига 10-11 км. куб сувни иқтисод қилиб қолиш мумкин экан.

Юртбошимиз ташаббуси билан 2009 йил — «Қишлоқ фаровонлиги ва тараққиёти йили» деб эълон қилинди. Демак, бу йилнинг масъулияти ниҳоятда улкан. Шу маънода олимларимиз мазкур йилда сув муаммосига бағишланган халқаро конферентсияга йиғилишса, айнан шу йўналишда иштирокчилар маърузалари тингланиб, конферентсия тавсиялари қабул қилинса, нур устига нур бўлар эди. Чунки неча минг йиллардан буён ичгали сув, еярга озиқ берган, вақти келганда, турли бало-қазолардан ҳимоя қилган Амударё бизнинг ризқу насибамиз, фахримиз, қолаверса, дарду ҳасратимиздир.

Асрор Низомов,
эология-минералогия фанлари номзоди
“Маърифат” газетасидан олинди.

 


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!