Зилзиланинг кучини камайтириш мумкинми?

Яқинда Индонезияда рўй берган кучли зилзилалар сейсмик фожиаларни олдиндан аниқ айтишнинг мураккаблигига яна бир бор жаҳон олимлари эътиборини қаратди. Кейинги етмиш йил давомида МДҲ ҳудудида бўлиб ўтган зилзилалар икки юз мингга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган. ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили зилзилалар туфайли кўрилаётган зарар миқдори миллиардлаб долларни ташкил этмоқда. Токио, Мехико, Нью-Йорк, Шанхай, Калкутта, Жакарта каби йирик мегаполислар эса ернинг тектоник ёриқлари устида жойлашган. Уларда 161 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Зилзилаларни олдиндан айтишнинг ягона усули эса, ҳанузга қадар яратилмаган. Россия Фанлар академиясининг бир гуруҳ тадқиқотчилари вайронгарчиликка сабаб бўлувчи зилзила кучини камайтириш юзасидан ўз таклифларини илгари сурмоқдалар. Техника фанлари номзоди В. Новиков геофизикада импулсли энергетика лабораториясига етакчилик қилади. Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йиллари ракета техникасида қўлланилган муваққат шароитларда электр токи ҳосил қилиш қурилмаси шу мақсадга хизмат қилиши мумкин. Ушбу ракетамонанд двигател ичида босимни 40 атмосфера, ҳароратни эса тўрт минг даражага етказса бўлади. Унда плазма оқими секундига икки минг метрга қадар тезликка етказилиши мумкин. Унинг магнит қутблари билан ўзаро таъсири натижасида магнит тизимида электр токи ҳосил бўлади. Шундай ускуналардан бирининг қувватини бутун бир Днепр ГЭС қуввати билан тенглаштириш мумкин.

Академик Е. Велихов ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бу қурилмадан ер ости қатламларини зондлашни таклиф этган. Яъни мазкур қурилма орқали ернинг энг чуқур қатламларига электр токи юбориш йўли билан уларнинг тузилиши ҳақида муайян маълумот олиш мумкин экан. Шу йўл билан нефт ва газ бойликларини ҳам топса бўларкан. Бироқ ҳозирча бундай қурилмалар саноқли, тадқиқотлар эса давом эттирилмасдан қолиб кетган. Ўз даврида мавжуд қурилмалардан Шарқий Сибир ва Каспийбўйи пасттекислиги конларини қидириб топишда фойдаланилган.

Ўшанда мазкур қурилмалардан зилзилаларни келтириб чиқарувчи кучларни аниқлаш ҳам таклиф этилганди. Бунинг сабаби шундаки, ер остида электр кучланишлари ҳаддан зиёд ошганда ер қаърининг электрга қаршилиги кескин тушиб кетади. Шўролар даврида бу борадаги эксперементал тадқиқотлар зилзила кўп юз берадиган Помир ва Шимолий Тиёншон тоғларида амалга ошириб кўрилган. Яъни импулсли генераторга уланган иккита электрод бир-биридан 4 километрли масофада ер қаърига 10 сония давомида бир неча минг амперли электр импулсларини юборади. Бу импулслар зилзила ўчоғи, деб тахмин қилинган жойларда ер тубига 15-20 километр чуқурликка қадар етиб боради. Қабул қилувчи станциялар ана шу импулсларга келган жавоб сигналларига қараб юз бериши мумкин бўлган зилзилалар ҳақида маълумот олиши кўзда тутилган эди. Тажрибалар якунлангач, қизиқ бир ҳолат қайд этилгани маълум бўлди. Яъни эксперементлар давом этаётган пайтда генератор жойлашган ҳудудлар атрофида нисбатан кучли деб ҳисобланган зилзилалар сони камайиб, уларнинг ўрнига кучсиз зилзилалар бўлиб ўтган.

“Илмий тил билан айтганда шундай тахмин қилиш мумкинки, —дейди В. Новиков, — импулсли генератор ер тубига юборадиган электр зарядлари ёрдамида ер қаърида сунъий деформация жараёни ҳосил қилинади. Бу энергиянинг қайта тақсимланишига олиб келади. Ер қаъридаги деформация жараёнларини сунъий усулда бошқариш кучли зилзилаларнинг олдини олиши мумкинлиги кейинги эксперементларимизда ҳам ўз тасдиғини топди”.

Албатта, шу усулда ишловчи реал технологияларни яратиш учун вақт ва катта куч керак бўлади. Бироқ шуни эсда тутиш зарурки, зилзила хавфи катта бўлган ҳудудларда ернинг ўша ёриқ жойларида ўрнашган аҳолини вақтинча кўчириб, мазкур импулсли генератор ёрдамида “енгил зилзила” ҳосил қилиш юз йилга қадар зилзила хавфидан халос бўлиш имконини бериши тайин.

“АиФ”нинг 2010 йил, 45-сонидан олинди.