Қудрат Дўстмуҳаммад. Умр лаҳзалари (академик Восил Қобуловнинг “Кундаликлар”и ҳақида)

Восил ака “Кибернетика”га раҳбарликни 1992 йили ёшлар қўлига топширганларидан кейин, бир мунча вақт ўтиб, ҳар ҳафтанинг чоршанбасида норасмий “очиқ эшиклар” куни ўтказадиган бўлдилар. Яъни кимнинг қандай гапи, қандай муаммоси бўлса, учрашиб, маслаҳатлар олиб кетарди. Мен бу вақтлар олий ўқув юртларидан бирида ишлаб юрган бўлсам ҳам (“Кибернетика”да 1965-75 йиллари аспирант, кичик — катта — етакчи илмий ходим бўлиб ишладим), 1998 йилда “очиқ эшиклар”ни кўргани бордим. Бу, менга бир байрамдек туюлган: илгари бирга ишлаган таниш-билишлар, ҳамкасабалар бир-бирини топишиб, хотирлашадиган, илмий ишлардан гаплашадиган кун экан. Ярим йилдан ортиқроқ, канда қилмай, келиб юрдим. Кибернетика музейи ташкил қилиш ишларига кўмаклашдим. Шунда, Восил ака ҳар кунги ишларини ёзиб юришларини билиб қолдим. Қулай фурсат топиб, “Кундалик дафтар тутар экансиз, ўқийлик”, — дедим. “Нима қиласан?” – дедилар. Устознинг “сан”лаб гапиришларида суҳбатдошга нисбатан меҳр балқиб турар эди. “Матбуотда чиқмай қўйдингиз, дил сўзларингиз, ўгитларингиз йиғилиб қолгандур?” – дедим.

Кейинги чоршанбада борганимда, Восил ака бир тўп қалин дафтарни стол устига ташладилар ва: “Санга ишондим. Буларни қайтарганингдан кейин, бошқаларини бераман”, — дедилар.

Айтганларидек бўлди: жами ўттизта (!) қалин-қалин дафтар – “Кундаликлар”ни ўқиб-ўрганиб чиқиш, кўчирмалар қилиш менга насиб қилди.

Кундалик ёзиш одамдан шунга яраша фаоллик талаб этади – унинг ҳаёти қизиқарли, бетакрор, кўпқиррали бўлиши, турли мавқедаги одамлар ва катта ҳудудларни қамраб олган, фавқулодда ҳолатлар ва вазиятларга бой, интилишларида салмоқли натижаларга эришган бўлиши лозим. Айтайлик, буларнинг ҳаммаси мавжуд, яна истак ҳам бор. Лекин шуларнинг ўзи билан кундалик ёзилавермайди, яна матонат ва ирода деган омиллар ҳам бўлиши керак. Қандай руҳий ёки жисмоний ҳолатда бўлмагин, воқеа ва ҳодисалар сенинг фойданггами ёки зарарингга, қилган ишинг тўғрими ёки нотўғри, ютуқми ёки камчилик, булардан қатъий назар, ўзингга нисбатан шафқатсиз бўлиб, бор ҳақиқатни ёзиб бориш, катта матонат, мустаҳкам ирода талаб этадиган иш.

Ўзбекистонда кибернетика фанини амалиётга қўллашни бошлаб берган, илмини ривожлантирган зот – академик Восил Қобулов ўттиз саккиз йил давомида, сутканинг йигирма тўрт соати камлик қилганда ҳам, таътил ва байрам кунларида ҳам, хуллас, Аллоҳ берган кун бор-ки, канда қилмай ёзиб келаётган кундаликларини ўқиган одам қойил қолмай иложи йўқ.

Табиатан камгап Восил ака “Кундаликлар”ни ҳам шундай “услубда” ёзганлар. Масалан, баъзи кунлари: “Уйдаман. Ал-Хоразмий” деб ёзганлар, холос. Демак, куни билан уйда ўтириб, Хоразмийнинг илмий меросини ўрганиш ва бу мавзуда китоб ёзиш билан банд бўлганлар.

Дастхат настаълиқ билан ёзилган араб ёзувига ўхшайди: ҳарфлар бир-бирига мингашиб кетган (фикрлар оқими қўлни шошириб қўяди, шекилли?), сўзларнинг қўшимчалари камдан-кам битилган, баъзан, гапнинг эгаси бору, кесими йўқ, лекин мантиқан топиб олса бўлади.

Дастлабки хотиралар ЭҲМларни ўрнатиш ва ишлатиш ҳақидаги муҳим фактлардан иборат бўлса, кейинчалик кенг кўламдаги мулоҳазалар айтила бошлаган. Фалсафий мушоҳадалар ҳам учрайди, лекин “фалсафа сўқиш” йўқ. Ёзиш маҳоратлари ҳам аста-секин чархлана боргани кўзга ташланади. Бу, айниқса, Матёқуб Қўшжоновнинг китобларини ўқигач, муаллифга ёзган мактубларида яққол кўринади. (Мактублар “Ёзувчи” газетасининг

1999 йил, 24 феврал сонида босилган). Оддий сўзлар жуда ўрнига қўйиб ишлатилган, айтиш мумкинки, бадиий маҳоратга дохил сатрлар ҳам талайгина.

Восил ака ўқишга жуда ўч эканларини, газета, журнал ҳамда, қайси мавзуда бўлишидан қатъий назар, қўлларига тушган китобни ўқимагунча, қўймасликларини биз — шогирдлари билар эдик. Шунинг учун чоршанба куни, ишхонага келишларидан олдин, ўзимизнинг янги чиққан мақолаларимиз ё китобларимиз борми ёки умуман, эътиборга лойиқ китоблар борми, столлари устига ташлаб қўярдик. Яккама-якка суҳбатларни бошлашларидан олдин уларга бир-бир кўз югуртириб чиқар эдилар. Саксон ёшга яқинлашиб қолган бўлсалар-да, кўзойнак тақмасдан ўқирдилар. Фақат узоқни кўриш учун ойнак тақар эдилар.

Ўқишга ўч эканликлари “Кундаликлар”да ҳам акс этган: болалар ёзувчисидан тортиб, квант механикасининг йирик намояндасигача қаламга олинади. Яхши бир асар ўқиган бўлсалар, ўзлари ҳам шунақа китоб ёзиш истагини билдириб кетадилар. Шунинг учун ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта китоб ёзиш билан банд бўлиб юрадилар. Илмий мақолалар ёзиш бу ҳисобга кирмайди.

Қобуловнинг ўттиз беш йил раҳбарлик фаолиятида ёруғ кунлар ҳам, қоронғу кунлар ҳам бўлди. Бир вақтлар уч минг ходим ишлаган “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасидаги шунча феъл-атворга, бундан бир неча марта кўп тақдирга жавобгар бўлганлар. Ходимлар орасидан устозга нисбатан нонкўрлик қилганлар ҳам, “сиёсий мухолифат” бўламан, деб асабни бузганлар ҳам чиқди. Ҳаммаси “Кундаликлар”да эҳтиросларсиз қайд этилган.

Восил Қобулов нафақат фан ва техникани ривожлантиришга ҳисса қўшаётган олим, балки, кўпроқ, оддий бир инсон, жонкуяр фуқаро сифатида ҳам кўз ўнгимизда гавдаланадилар. Масалан, руҳан изтироб чекиб турган ёки соғлиғи ёмонлашиб, жони оғриётган одам, бирдан ўзини унутиб, эл-юрт ғамига тушса, “Энди нима бўлади?” дея ташвиш торта бошласа, бу нималардандир дарак бермайдими? Аллақачон қарилик гаштини суриш имкониятларига эга бўлган одам, дунё ташвишлари билан баббаравар яшаб ўтдилар.

“Кундаликлар”да ижтимоий ҳаётдаги муҳим воқеалар ҳақида қисқа-қисқа ўй-фикрлар ёзиб кетилган. Кибернетика фани ҳақидаги армонлари тез-тез қоғозга тушган.

Маълумки, бозор муносабатларига ўтиш даврининг муаммолари туфайли, Восил Қобулов орзу қилган ёппасига моделлаштириш ва алгоритмлаштириш ғояси кун тартибидан орқага сурилди. “Кундаликлар”да бу ҳақда устознинг армонлари, ёш олимлардан “гина”лари ўрин олган. Шу ўринда модел ва алгоритм ҳақида бироз изоҳ бериш фойдадан ҳоли эмас.

Кибернетика, деганда одамлар электрон ҳисоблаш машиналари, яъни компьютерларни тушунишади. Бу, қисман тўғри, лекин кибернетиканинг қамрови анча кенг ва чуқур. У бошқариш ҳақидаги фан бўлиб, ҳисоблаш машиналари унга хизмат қиладиган восита, холос.

Кибернетиканинг, фан сифатидаги энг муҳим хусусияти шуки, у моддий дунё билан илоҳиётнинг умумий нуқтаси бўлган ахборотга ва улар устида бўладиган амалларга таянади.

“Кибернетика” қадимги юнон тилида “дарға”, “бошқарувчи” деган маъноларни англатади. “Губернатор” ҳам шу сўз асосида юзага келган. Юнон ва славян тилларидаги “ангел” (фаришта) сўзи қадимда “ахборот” маъносини берган. Беихтиёр, “Кибернетика – илоҳий фанмикан?” деган хаёлга борасан, киши.

Чиндан ҳам, кибернетика фанини чуқур мушоҳада қилсак, шу нарса аён бўладики, ҳар қандай жисм биз билган-билмаган ахборот мажмуасидан иборат экан. Шу ахборотни мукаммал билсак ва ҳисоблаш машинаси ичига жойласак, жисмнинг ўзига мурожаат қилиш зарурати қолмас экан! Жисмнинг у ёки бу вазиятлардаги ҳолати, хатти-ҳаракатини ахборот орасида бўлаётган ўзгаришлардан билиб олаверамиз. Бошқача айтганда, жисмни компьютер ичида моделлаштирган бўламиз.

Бу гаплар бироз бўрттириш ва хаёлларга мойил бўлса-да, илмий мантиққа хилоф эмас. Шунинг учун ҳам кибернетика фани -моддийликдан илоҳиётга элтадиган кўприк десак, хато бўлмайди.

Чекинишлардан холи қараганда, кибернетикани кенг маънодаги бошқариш, деб тушуниш лозим. Бошқарув ҳаммаёқда бор жараён: тирик организм ўзини ўзи бошқаради, оператор машина ва дастгоҳларни, директор – корхонани, раҳбар – катта-кичик ташкилотларни, ҳудудни, мамлакатни бошқаради. Ҳамма бошқарув бир тартибда кечади: ахборот йиғилади, сақланади, қайта ишланади, узатилади, қарор қабул қилинади ва буйруқ берилади. Бошқариш жараёнида бундай амалларни минглаб-миллионлаб марта такрорлашга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун хотира ҳажми жуда катта ва тез ишлайдиган компьютерлар керак. Бундан ташқари, бошқариладиган объектнинг математик моделини ишлаб чиқиш ва бошқарув жараёнини алгоритмлаш – компьютер бажара оладиган ҳолатга келтириш зарур. Восил Қобулов амалиётга татбиқ қилиш учун интилган ғояларнинг энг содда баёни шу!

Юзаки қараганда, бу ғоялар амалга ошмасдан йўқликка шўнғигандек туюлади. Ундай эмас. Ҳозирги вақтда каттаю кичик корхонаю ташкилотларнинг ҳаммасида компьютерлар бор, малакали мутахассислар бор. Бундай даражага етишишда “Кибернетика” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг ҳам ҳиссаси бор. Ахир, 60-йилларда ишлаб чиқаришга оид масаларини ЭҲМда ҳисоблаш олишни истаган корхоналарнинг мутахассислари “Кибернетика”га келишар эди. Ёки, ўзига ЭҲМ сотиб олмоқчи бўлган корхона, ташкилотлар маслаҳат ва ёрдам олиш учун яккаю ягона манзил – “Кибернетика”га мурожаат этар эдилар. Восил Қобуловнинг шогирдлари бориб, ЭҲМларни ўрнатиб, ишга туширишда ёрдам берар, ўзлари ҳам ўша ёқларда қолиб кетишар эди. Шу тарзда “Кибернетика”да етишиб чиқаётган олимлар, мутахассислар ҳар тарафга “учирма” бўлиб кетардилар. Ҳозирги кунларда ҳам қайси корхона ё ташкилотга борманг, “Кибернетика”нинг “тегирмони”дан чиққан олимларни, мутахассисларни учратиш мумкин.

Восил ака билан учрашувга бориб юриб, устоз ҳақида учта мақола ёздим. Биттаси “Ёзувчи” газетасида, яна бири – ўқувчиларнинг “Гулхан ” журналида босилди (2001 й., 11-12 сон), учинчиси (аслида — биринчиси!), 1999 йилнинг апрелида тайёрланган мақолага устоз розилик бермадилар: шахсиятлари ҳақида кўп гапирилишини ҳушламас эдилар. “Фалон журналнинг бош муҳаррири билан келишиб қўйган эдим”, — десам, “Ман ўтгандан кейин чиқарарсан”, — деб юпатдилар.

Мана, ўша вақт келди, шекилли. Устозни Аллоҳ раҳмат қилсин! Сиз юқорида ўқиганларингиз ўша, ортга сурилган мақоланинг бош қисми бўлиб, ҳозирги кунга мослаштирилди, холос. Қуйида устознинг кундалик дафтарларидан кўчириб, ўша мақолага илова қилинган сўзларидан баъзиларини ўқийсиз.

* * *

“Чизиқли программалаш устида ишламоқдаман. Бу йўналишда юзлаб тенгламалар исбот қилинган, лекин аниқ рақамларга келганда, уларнинг икки пуллик фойдаси йўқ.

“Математика” деб юрган эканмиз, амалдаги ҳисоб-китобларга ўтганда, бошқа фан ижод қилишга тўғри келади”.

(1992 й., 21 март)

* * *

“Шогирдлар хонамга кириб келишди. Янги раҳбар олдида бўлишганини, у киши олифта гаплар қилганини айтишди. Мен уларга Ҳ.Абдуллаев билан Шароф Рашидовдан эшитганимни айтдим: “Информатика соҳаси ерликлар қўлига ўтиши керак эмас. Ким шунга ҳаракат қилса, умри қамоқларда ўтиб кетиши мумкин”. Бунинг аломатларини мен 1969- ва 1985-86 йилларда ўз ҳаётимда кўрдим. Янги раҳбарни йўлга солса бўлар…”

(1993 й., 9 январ)

* * *

“Давлат назорати бошлиғи М.Мирқосимов хонасига кирдим. Шахсий компьютер қўйган, ахборотларни киритган, ишлашни ўрганган. Қилаётган ишларини менга бир ярим соат гапириб берди. Ўз олдига икки хил: “Ахборотлар обороти” ва “Оптималлаштириш”

масалаларини қўйган.

Ўттиз йиллик ишимда ЭҲМга бундай муносабатда бўлган раҳбарни биринчи марта кўришим”.

(1993 й., 18 январ)

* * *

“Мен одамлар билан қучоқлашиб кўришар эмишман. Бу менинг обрўйимга тўғги келмас эмиш.

Жавоби: мен эмас, мен билан шундай кўришадилар”.

(1993 й., 3 июн)

* * *

“Эрталаб соат ўнда тўқимачилик институтига олиб боришди. Семинар. Алишер деган йигит докторлик диссертациясини доклад қилди. Ҳайратда қолдим: Бизниг пахта тозалаш саноатимиз дунё стандартларидан шунчалик орқада қолиб кетган эканки, оқибатда миллиардлаб пул йўқотаётган эканмиз!

Револяюция қилиш керак! Шу диссертация назарий асос бўлиши мумкин”.

(1994 й., 24 май)

* * *

“Мусаевнинг сўзларидан: “1956 йили Фан ва техника давлат комитети раислигига М.Набиев мўлжалланган. Номзод эртага эълон қилинади, деб турганимизда Набиев, мен раислик қилолмайман, деб, М.Ўрозбоевни тавсия этдилар. Ўрозбоевнинг уйида телефон йўқ, топтириб келдик. У киши, фойдам тегса, ишлайвераман, дедилар.

Икки йилдан кейин М.Ўрозбоев Ўзбекистонда туб аҳолидан инженерлар кам, деб, уларни кўпайтириш чораларини таклиф этдилар. Марказқўм махсус қарор қабул қилиб, техника олий ўқув юртларида туб аҳолидан талабалар сони 75 фоизга етказиладиган бўлди, вилоятлардан олинадиган талабалар миқдори белгиланди.

Булар, Ўрозбоевнинг мустақиллик орзуси, шу йўлда маҳаллий кадрлар тайёрлаш режаси эди. Афсуски, шу ишлардан кейин М.Т.Ўрозбоев миллатчи деган ном олди…

Ўрозбоев социализмнинг ҳам, капитализмнинг ҳам яхши томонлари бор, улардан фойдаланиш керак, дер эдилар. У кишининг ректорлик даврида политехника институтидаги талабалар сони 45 мингга, туб аҳоли фарзандлари 90 фоизга етди, туб аҳоли қизларини ҳам инженерликка ўқишга жалб қилинди”.

(1996 й., 22 май)

 Япон олим Атсуко Йошизава академик Восил Қобулов хонадонида

* * *

“Навоий тоғ-металлургия комбинати АҚШ, Англия, Япония билан бирга ишламоқда. Украинадан “Патон институти” ходимлари келиб кетган, Белорусия олимлари ўз патентлари билан иш кўрмоқдалар. “Москва” шу ерда, доллар етади! Ўзбекистон Фанлар академияси қаерда экан? Биз, кибернетиклар кетиб бўлганмиз, ядро физикаси институтининг лабораторияси беркилган.

Ўзбекистонда олимлар йўқмиди?”

(1997 й., 9 январ)

* * *

“Ҳали ҳам бошга ташвишлар орттириб юрганимга ҳайрон бўлиб қоламан: Навоий тоғ-металлургия комбинати, Тошкент вилояти табиатни мухофаза қилиш қўмитаси, “Улуғбек”даги мактабга компьютер олиб бериш, лаборатория муаммолари, касалхонага ётиш…”

(1997 й., 22 май)

* * *

“Дам олиш уйи. “Ал-Хоразмий” охирига етиб қолди. Институт бош муҳандиси Эркин Ҳошимов бир ихтирочи билан келиб қолди. Маманазаров экан. 10-15 йилдан бери электр занжиридан иборат “Перпутииуум мобиле” билан банд экан. Ҳозир ҳеч қаерда ишламайди. Ўзбек халқи учун жонини фидо қилмоқчи, уйини сотиб бўлса ҳам шу ишга керак “Ускоритель частоты тока” деган нарсани Москвадан олиб келишга тайёр. Кўп жойларга борган: ГКНТ, Вазирлар маҳкамаси, Жаҳон фонди ва ҳ.к. Улар ихтирони кўрсатишни талаб қилганлар. Бу одам: “Ихтирони қўлимдан олиб, ўзимни бирёқлик қилиб юборишлари мумкин”, – деб ишни ҳеч кимга кўрсатмаган. Назарий ҳисоблар қилиб, модел тузиш, ЭҲМга киритиш ҳақида ўйлаб кўрмаган. Схемани чизиб кўрсатди.

Маслаҳат бундай бўлди:

1) ишга кириб, оддий ҳаётни бошлаш керак;

2) ихтирони ақл билан олдинга суриш керак, баландпарвоз гапларга ҳожат йўқ;

3) назарий ишларни бошлаб юбориш керак.

“Абадий двигател” амалга ошмайдиган нарса, лекин фойдали иши юқори бўлган механизмни ихтиро қилиш мумкин”.

(1997 й., 2 август)

* * *

“Кечки пайт дам олиш зонамизга ўрмон ҳўжалиги участка бошлиғи Жуманазар келдилар. Қучоқлашиб кўришдик. Икки соатча гаплашиб ўтирдик. Мояна олмаймиз, дейдилар. Бир қоп ун фалон пул! Бозорда деҳқонга йўл йўқ. Корхона очаман, деган одамнинг йўлида солиқчилар пойлаб ётишибди. Чорва ҳам оғир. Яйловга бир бош мол учун 150 сўм тўлаш керак, қишда ем йўқ. Тоғлардаги арчаларни ўтинга кесиб кетишаяпти. Мактаб чатоқ! Домлалар қолмади, бори ҳам пиёниста, обрўси йўқ… Хуллас, ҳасратларнинг адоғи йўқ”.

(1998 й., 13 июл)

Қудрат Дўстмуҳаммад тайёрлади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!