Нурли шарбат ёғдуси

Риго ўз тажрибасини бутун нозиклигигача ошкор қилишни истамади, аммо унинг айтишича, бу нурлар фақат қоронғуликдагина кўзга ташланмайди. Тасаввур қилинг, дўконларда нур шишалаб, бочкалаб сотилса ёки олиб борган пулингизга яраша идишингизга қуйиб беришса. Бир хаёлга берилинг, узоқ сафарга чиқишдан олдин автомобилингиз бакини ёқилғи билан тўлдиришдан ташқари, ёриткичларига етарли даражада суюқ нур солсангиз, худди сув каби қувурларда нур оқса…

Булар асло тасаввур олами билан чекланиб қолмаслиги учун дизайнер Кристина Феррас Риго ажойиб кашфиётга қўл урди. Айни пайтда Буюк Британияда ўқиб, Испанияда ишловчи ижодкор бу каби ғайриоддий ҳақиқатга эришиш учун дастлабки қадамини ҳам қўйди.

Физикларнинг айтишича, ёруғлик бу электромагнитли тўлқинлардир. Лекин ихтиёрий болакайдан ёғду нималигини сўраб кўринг-чи, у дарров “Ойим қандилни ёққан пайтда пайдо бўлади” ёки шунга ўхшаш бирор жавобни беради.

Маиший ҳаётда ёруғликни турли манбалар орқали ҳосил қилиш мумкин – чироқ, каминдаги гулхан ёки замонавий светодиод. Биз ёруғликнинг келиб чиқиш моҳиятини тўлиқ англаб етмаганмиз. Масалан, стаканга мисқоллаб ёруғлик қуйиш қандайдир мантиқсизликдай туюлиши мумкин. Аммо аслида ундай эмас.

Бу ёруғликни ичиб бўлмайди, лекин стол устига тўкиб, латта билан артиб ташлаш мумкин.

Кристина кундалик ҳаётдаги одатий нарсаларнинг ноодатий тарафларини топиш, маиший буюмлар билан одамлар ўртасида янгича боғланишларни яратишга қизиқади. Унинг нурни сувга айлантириш борасидаги ҳаракатларида электр соҳасининг таъсири унчалик сезилмайди. Чунки Риго аввалига ёруғликнинг кўпчиликка нотаниш манбалари – хемилюминестсентсия ва флуорестсентсия ёрдамида тажриба ўтказди.

Биринчи ҳолатда ёруғлик реактсия содир бўлгандан кейингина юзага чиқди. Иккинчи ҳолатда дизайнерлик имкониятини чекловчи ултрабинафша нурларидан доимий фойдаланишга тўғри келди.

Тажриба расмида суюқ нур олишнинг икки хил усули – хемилюминестсентсия ва флуорестсентсия ёрдамида ҳосил қилинган ҳолати кўрсатилган. Шу орқали ёруғликнинг характери ҳажмга боғлиқлиги аниқланди. Тасвирда кўриниб турган шаффоф стакан (ундаги суюқликнинг устки қатлами нур таратяпти), хира деворли жинчироқ (бутунлигича ёруғликка чўмган) ва оддий идишдаги нурланиш бир-биридан фарқланади.

Ниҳоят, фосфорестсентсия (DE)light лойиҳаси учун энг қулай восита деб топилди. Рассом сув билан яхши “чиқишадиган” бўёқни танлаб ишга киришди. Материалга бир нечта экспозитсиялар билан ишлов берилгандан сўнг у 10 соат тўхтовсиз шуъла сочди. Ерости камёб металлари ҳам бундай хусусиятга эга эканлиги сир эмас. Уларни майда кукун ҳолига келтириб, сувга аралаштириш мумкин. Лекин Риго ажойиб янгилиги учун айнан нималардан фойдаланганини ҳозирча ошкор этмаяпти. Нима бўлганда ҳам Кристина мақсад сари элтувчи мукаммал контсертатсияли пигмент (бўёқ)ни яратгани рост.

Шундай қилиб ёнувчи сув дунёга келди.

Шишада ёруғликнинг “ичиб бўлинмаган” қолдиқларини кўриш мумкин. Қизиқ, бу шишани дўкон растасига чиқаришдан олдин унинг этикеткасига нима деб ёзиларди? “Чўғланма лампа” номини эшитган бўлишимиз мумкин. Бокал ўз номи билан. Чап тарафдаги қадаҳ шароб учун эмас, у стол лампаси вазифасини бажаради.

«Бу ёриткичлар дизайни эмас, балки ёруғлик дизайнидир», – деди Кристина.

Унинг фикрича, буни бошқача қилиб «ёруғликни ноодатийлаштириш» деб аташ мумкин. Шу кундан бошлаб фонус, қандил, шамдонлар ичида суюқ ёруғликни кўрсангиз ажабланманг. Риго истеъдоди сабабли амалиётга татбиқ этилаётагн (DE)light лойиҳаси доирасидаги биринчи маҳсулотлар – чироқ шаклидаги бокал, абажурли стол ёриткичи яқин кунларда сотувга чиқарилади.

– Келажакда одамлар одатий ёриткичлардан воз кечишади. Уларнинг ўрнини ихтиёрий шаклдаги буюмлар ичида нур таратаётган ёнар сув эгаллайди. Автомобил чироқларида ҳам суюқ ёруғлик ёғду таратади. Истеъмолчи эса шуълани дўконлардан грамлаб олиб келади, – дея орзулайди кашфиётчи.

Кристина “суюқ ёруғлик” ёрдамида шакл ва таркиб устида нозик ўйин олиб борган. Буни ўзига хос парадоксга қиёслаш мумкин.

Фосфорестсентсиянинг ижобий томони шундаки, уни узоқ вақт ишлатиш имкони бор. Кристина ясаган идиш ичидаги ноодатий ёруғлик эртакларни эслатади. Балки яқин келажакда ён қўшнингиздан қарзга суюқ нур сўраб чиқарсиз.

Кўриниши самоварни эслатувчи мазкур идишда иккита детал бор – электр токига уланмаган шнур ва ёруғлик томадиган жўмрак. Ушбу чойнакни ёруғлик билан тўлдирсангиз, нур таратади. Уни ўчирмоқчи бўлсангиз, жўмрагини очиб юборсангиз кифоя. Бу ёқгични босишдан фарқ қилади. Кристинанинг кашфиёти одатдагисидан афзалроқ ва романтика ҳамда эртаклар оламига яқинроқ.

Суюлтирилган ёруғликка интилиш, хиёбондаги фонусдан таралаётган шуъла тушиб турган скамейкада ўтириб олиб хаёл суриш, стол устидаги стакандаги суюқ чироқ ёғдусида ширин чой ичиш – бу каби уйғунликларни кўплаб келтирса бўлади.

(DE)light лойиҳаси устидаги ишлар ҳали давом этмоқда. Риго янгича ёриткичнинг устки қопламини одатдагидан фарқли ўлароқ тирналмайдиган пўлатдан ясаган бўлса, унинг ичи яна бир парадоксдан иборат – нурли шарбатга тўла. Лекин пўлатдан ясалган ёриткичнинг махсус суюқликсиз оддий ўйинчоқдан фарқи қолмайди.

Бундай кўринишдаги нур манбаидан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша қоидаси, гашти бор. Керакли натижага эришиш учун колбага етарли миқдорда фосфорестсентсияли эритмани солиш керак. Лекин полга тўкиб юбормаслик лозим. Ҳа, майли, бир-икки марта ерга томса, ҳеч нарса қилмайди, қайтага ажойиб манзара ҳосил бўлади. Пол устидаги ёруғлик томчилари шабнамдан ҳам ёрқинроқ кўринади. Сабаби эса маълум.

Кристина янги кимёвий бирикма ёки қатъий кўринишдаги технология яратмаганини сезиш қийин эмас. Муаллифнинг ўзи бу ҳақида шундай деди: “Аммо бу (DE)lightнинг қимматига салбий таъсир кўрсатмайди. Мазкур лойиҳани шоирона изланишга қиёслаш мумкин ва у одамларни янги-янги ғоялар сари ундаши, одатий нарсалар ҳамда ҳолатларда ҳам ноодатийлик яширин эканлигини англатишга ундайди”.

Саиджон Махсумов тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди.