Наим Каримов. Ўзбекнинг биринчи тоғ-кон муҳандиси

http://n.ziyouz.com/images/obidjon_mahmudov.jpgШўро давлати қарийб етмиш йил мобайнида хусусий мулк эгаларини қирғин-қатағон қилиб, халқни уларга нисбатан нафрат руҳида тарбиялаб келди. Натижада биз яқин-яқингача ўзбек халқидан етишиб чиққан саховатли бойлар номини тилга олмай, уларнинг маърифатпарварлик ва тараққийпарварлик фаолиятлари тўғрисида сўз юритмай келдик. Ҳолбуки, аввалги асрларда бўлганидек, ХХ аср бошларида ҳам халқ фаровонлигининг ошиши, мамлакатда ободончилик ишларининг амалга оширилиши, маориф ва маданият соҳасида эришилган ютуқларда бундай инсонларнинг хизматлари кам бўлмаган. Ушбу мақоламиз қаҳрамони Обиджон Маҳмудов халқимизнинг ана шундай саховатли кишиларидан, ҳозирги давр номи билан айтсак, маърифатпарвар тадбиркорларидан бири эди.

Бухоро амирлигида тўпчибоши деган лавозим бўлган. Амирлик қўшинида тўпчибоши бўлиб хизмат қилган кишилардан бири Абдухолиқ Абдуқодирбек ўғли эди. У фалакнинг гардиши билан фарғоналик дўстининг таклифига биноан Марғилонга меҳмонга борганида, иттифоқо отдан йиқилиб, оёғи синган ва шифо топгунига қадар унинг уйида яшашга мажбур бўлган. У хасталик кезларида дўсти Мирзаюнуснинг Робия деган яқин қариндошига кўнгил қўйиб, унга уйланган. Юқорида номи зикр қилинган Обиджон Маҳмудов Марғилонда ана шу ота-онадан дунёга келган.

Обиджон Маҳмудовнинг туғилган санаси турли манбаларда турлича қайд этиб келинади. Бундан бир неча йил илгари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси томонидан нашр этилган “Унутилмас сиймолар” албом-буклетида, шунингдек, Фарғона водийси газеталарида эълон қилинган мақолаларда Обиджон Маҳмудовнинг туғилган санаси 1858 йил деб қайд этилиб келди. Аммо Обиджон Маҳмудовнинг 1926 йил 7 апрел куни ҳибсга олиниши муносабати билан тўлдирилган анкетада унинг туғилган санаси 1871 йил деб кўрсатилган. “Ўзбекистон Миллий энтсиклопедияси”нинг О.Маҳмудовга бағишланган мақоласида ҳам худди шу сана асос қилиб олинган.

1928 йили ички ва болалар касалликлари бўйича доктор Г.Х.Шахарович имзолаган справка (маълумотнома)да ҳам “Дана сия гр-ну Махмудову Абиджану, 71 года, в том…” сўзлари ёзилганки, бу унинг 1871 йили дунёга келганини тасдиқловчи яна бир ҳужжатдир. Биби Робиянинг тўнғич ўғли Миродил Қўқоннинг Шайхон маҳалласидан уй-жой сотиб олгач, Обиджон ҳам онаси ва акаси билан бирга Қўқонга кўчиб келади ва шу ерда яшаб, эски мактабда ўқийди. У дарсдан бўш пайтларида мўмчилик билан шуғулланган акасига ёрдам бериб, ундан мўмчилик ҳунарини, поччаси Мирзакарим заргардан эса савдо-сотиқнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганади.

Обиджон 1894-1895 йилларда бўлса керак, арзимас бир масалада акаси билан айтишиб қолиб, Қўқондан бош олиб чиқиб кетади. У Каспий денгизи бўйларида жойлашган Челекан ярим оролига бориб, тўрт-беш йил мобайнида турли ишлар билан машғул бўлади. Омадни қарангки, шерикчиликда сотиб олган еридан нефт дар­ёси вулқондек отилиб чиқади. Челеканга сариқ чақасиз келган йигит 1901 йили она юртига Қўқоннинг йирик сармоядор бойларидан бири бўлиб қайтади. Бор-йўғи бошланғич маълумотни олган йигитнинг ишлари юришиб кетиб, у Фарғона водийсининг бир неча жойларидаги нефт, олтингугурт ва мўм конларини сотиб олади.

Шу ўринда бир воқеани айтиш жоизки, сотиб олган еридан нефт кони топилган Обиджон Маҳмудов Абдулҳамид Чўлпоннинг 1914 йили нашр этилган “Дўхтур Муҳаммадёр” ҳикояси юзага келишида прототип бўлиб хизмат қилган.

Фаолиятининг бошланиши

Нақл қилишларича, Обиджон Маҳмудовга қарашли конларда хизмат қилган немис инженерининг димоғи кўтарилиб, ҳатто уни — бу конларнинг эгасини ҳам назар-писанд қилмай қўяди. Шундан кейин Обиджон Маҳмудов Нева бўйларига бориб, Петербург университети тоғ-кон факултетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирган ва қисқа муддатда барча имтиҳонларни муваффақият билан топшириб, ўқишни аъло натижа билан тугатган. У ўрта Осиёдан етишиб чиққан ва Россияда ҳам катта обрў-еътибор қозонган биринчи ўзбек тоғ-кон муҳандиси эди.

Ўтган ХХ аср бошларида Туркистондан етишиб чиққан бойлар орасида саховатли кишилар ҳам кам бўлмаган. Ватандошларининг оғир иқтисодий ҳаётини ўз кўзи билан кўрган ва шу йилларда Қўқонда ҳам туғила бошлаган жадид маърифатпарварларининг илғор ғояларига ишонган Обиджон Маҳмудов 1911 йилда Ҳайдарбек маҳалласида янги усулдаги мактабни очади. Қўшниси адабиётшунос олим Азиз Қаюмовнинг отаси Пўлатжон домла Қаюмовни шу мактабга мудир этиб тайинлайди. Мактаб янги давр талабларига мос бўлиши учун барча замонавий ўқув анжомларини сотиб олиб беради. Айни пайтда у Қўқондаги бошқа жадид мактабларидан ҳам меҳр-мурувватини дариғ тутмайди.

Тадбиркорлик ишлари кундан-кунга гуркираб бораётган Обиджон Маҳмудов Россиядан тегишли асбоб-ускуналарни сотиб олиб, Қўқонда босмахона ташкил қилади ҳамда 1914 йил 3 апрелдан эътиборан Фарғона водийсидаги биринчи миллий нашр — “Садои Фарғона” газетасини чиқара бошлайди. Бу улуғ тарихий воқеа эди. Обиджон Маҳмудов газетани сотиб, яна ҳам бойиш учун эмас, балки водий аҳлини мудроқ ижтимоий ва маданий ҳолатдан уйғотиш, унга бу ёруғ дун­ёда Илм-Маърифат, Эрк ва Ҳуррият, Бахт ва Саодат деган буюк қадриятлар ҳам борлигини англатиш, элни шу қутлуғ қадриятлар билан таништириш мақсадида газета нашр этиб, уни бепул тарқатади. Айниқса, унинг “Дардимиз бир, касалимиз ҳам бир, даво ва дармонимиз ҳам бирдур. Бас, ондоқ бўлса, эй ҳимматли биродарлар, чиқинглар майдонга…” сўзлари ёзилган “Маслак ва мақсад” мақоласи водий ёшларига таъсир кўрсатмай қолмайди. Биринчи сони шоҳи матога босилган газета ёшлар ва кекса зиёлилар томонидан катта қувонч билан қарши олинади. Наманганлик кекса шоир Ишоқхон Ибрат эса:

Энди табриклар эрур лозим,
На учунким, бу шуғои мардона.
Халқимиз ўз-ўзига овора,
Хоҳ ўз даври ва ё бегона.
Ҳусни иқбол ноил этсун ҳақ,
Чиқса шояд давоми майдона…
Исми ноширки Обид Маҳмуд,
Чиқса шояд муваффақиятона…

сингари сатрлардан иборат шеър билан янги газетанинг нашр этилишини муборакбод этади. Мазкур газетада мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган Ашурали Зоҳирий ке­йинчалик машҳур журналист, тилшунос ва адабиётшунос олим бўлиб етишади.

Уруш бошланганидан кейин­ чор тсензураси газетада кўплаб мақолаларнинг эълон қилинишига қаршилик кўрсатди. Баъзан шундай бўладики, газетанинг айрим сонлари бўм-бўш бўлиб чиқади. Шундай бўлса-да, ҳуррият ва миллий тараққиёт орзуси билан яшаётган зиёлилар овози газетадан баралла эшитилиб турди. Обиджон Маҳмудов газетада босилган мақолалари ва уларда кўтарган муҳим масалалар билан Фарғона жадидларининг олдинги сафидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Мухторият нозири

1917 йил Феврал инқилобининг ғалаба қозониши билан жадидлар озодлик ва ҳуррият тароналарини очиқдан-очиқ куйлашга киришдилар.

Обиджон Маҳмудов чор ҳокимияти томонидан тақиқланган “Садои Фарғона” газетаси ўрнига 1917 йил 2 апрелда “Тирик сўз” газетасини нашр этиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Заки Валидий, Вадим Чайкин сингари маслакдошлари билан бирга юртимиз озод ва мустақил бўлсин деган орзу-ўй, улуғ мақсад ила яшади. Шу ғояни рўёбга чиқариш мақсадида у “Турк адам марказият” партиясининг маромномаси ва низомини тузишда яқиндан иштирок этди.

У 1918 йил бошларида мухторият нозири сифатида Кавказга бориб, у ердан буғдой олиб келмоқчи бўлади. Аммо 1918 йилнинг 19-20 феврал кунларида Мухторият ҳукуматининг зўравонлик билан ағдарилиши унинг режаларини чиппакка чиқаради. Болшевиклар таъқибидан қочган Носирхон тўра Наманганда, Гертсфелд Самарқандда, Обиджон Маҳмудов эса Бухорода қўлга олинади.

Мухторият тугатилгач…

Эл-юрт ўртасида Обид Чатоқ лақаби билан машҳур бўлган О.Маҳмудов турли-туман қалтис ва мураккаб вазиятлардан чиқиб кетишдек қобилиятга эга эди. У болшевиклар чангалидан ҳам қутулиб чиқади.

Шу йилларда совет давлати учун мамлакатнинг иқтисодий базасини тиклаб олиш бирламчи аҳамиятга молик масала эди. Ўзбекистон чор Россияси даврида ҳам асосий пахта базаси бўлгани учун болшевиклар 1918 йилданоқ пахта тайёрлаш масаласига катта эътибор бериб, Москвада Пахта бўлимини ташкил этадилар. О.Маҳмудов ўтган аср бошларида Нижний Новгороддаги савдо ярмаркаларига Туркистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қаторида пахтани ҳам олиб борган эди, шу туфайли уни совет ходими сифатида Москвага, пахта бўлимига ишга юборадилар. У ушбу бўлимда бир йил ишлаганидан кейин Туркистон Марказий Ижроия қўмитасининг Москвадаги доимий ваколатхонасида матбуот бўлимини бошқаради. 1920 йил апрелида эса Туркистонга Ташқи алоқалар бўлимининг Фарғона водийсидаги информатор агенти этиб юборилади. У ушбу лавозимда хизмат қилар экан, сув муа­ммоси ва бошқа турли масалалар бўйича юзага келган масалаларни бартараф этишда бош-қош бўлди.

Шу йили Бокуда Шарқ ­хал­қлари қурултойи бўлиб ўтади. Обиджон Маҳмудов Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон каби эрксевар ватандошлари билан бирга қурултой ишида фаол иштирок этади. Болшевиклар “тиз­гин”ни ўз қўлларига олганларига қарамай, қурултой Шарқ озодлик иттифоқини тузиш лозим, деган қарорга келади. О.Маҳмудов Бокудан қайт­гач, Шарқ озодлик иттифоқининг Тошкент ҳамда Қўқон шаҳар бўлимларини ташкил этади.

О.Маҳмудов тадбиркорлик ва тижоратчилик фаолиятининг дастлабки даврида Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақилликка эришмай туриб, мустақил давлат бўла олмаслигини яхши билган ва бутун кучини маслакдош дўстлари билан бирга иқтисодий мустақиллик учун курашга бағишлаган эди. Туркистон Мухторият ҳукумати ўрнатилган кезларда эса озиқ-овқат нозири бўлишига қарамай, тергов материалларида айтилишича, мухторият аскарларини қурол-яроғ билан таъминлаш масаласига ҳам катта аҳамият берган.

Сўнгги кунлари

О.Маҳмудов 1922 йил май ойида Москвадан махсус топшириқ билан келган Оржоникидзе ва Элиава шарафига Қибрайда ёзилган дастурхон пайтида ҳам ўзи ва дўстларининг шўро давлати мухолифлари сафида бўлганини яширмаган. Ана шундай кишининг ҳокимият билан муросаи мадорада яшаши маҳол эди. Шунинг учун ҳам у бир неча маротаба хорижга чиқиб кетиш йўлларини ахтаради. Аммо бунинг иложини топа олмайди.

Шўро давлати Обиджон Маҳмудовга Фарғона водийсидаги нефт, озокерит, олтингугурт ва мўм конларини миллийлаштириб, унга бу конлардан ижарачи сифатидагина фойдаланиш имконини берди. У 1926 йили учинчи марта қамоққа олиниб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилади. Суд жазо муддатини Соловетс оролларида ўташ ҳақида ҳукм чиқарди. Аммо бу “ўтда куймас, сувга ботмас” инсон 8 ой деганда озодликка эришади. Обиджон Маҳмудов нафақат ўзининг ҳақ-ҳуқуқини, балки эл-юрт манфаатини ҳам ҳимоя қила олувчи истеъдодли кишилардан эди.

О.Маҳмудовнинг ижтимоий фаолиятига алоқадор ва бизга маълум бўлган энг сўнгги маълумот шуки, у 1933 йили Москвада бўлиб ўтган Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалик кўргазмасида Фарғона вилоятидан топилган тоғ қазилмалари намуналари билан иштирок этган. Демак, у ҳаётининг сўнгги йилларида яна тоғ инженери сифатида изланишлар олиб бормоқчи ва Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақилликка эришиши учун етарли салоҳиятга эга эканини авлодларга айтмоқчи бўлган.

* * *

Болшевиклар билан курашда саломатлигини йўқотган Обиджон Маҳмудов 1937 йилги қатағондан бир йил аввал, 1936 йил 21 ноябрда бандаликни бажо келтиради.

У сира қўрқув нималигини билмай, билса-да уни писанд этмай озодлик ва ҳурлик байроғини баланд кўтарган, бутун ҳаётини маърифат ва миллий тараққиёт ишига бағишлаган, халқимизнинг юртпарвар, элпарвар кишиси сифатида яшаб ўтган эди.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!