Мусо Мамадазимов. Улуғбек мероси жаҳон олимлари нигоҳида

http://n.ziyouz.com/images/mirzo_ulugbek.jpg

Бундан беш ярим аср муқаддам азим шаҳар – Самарқанд этагида Улуғбек ва унинг мактаби томонидан ишга туширилган расадхонадан Коинот қаърига ташланган назар фақат Шарқдагина эмас, балки жаҳон фани, маданиятининг “очилмаган қўриғи”ни очиш – Коинотни ўрганишга қўйилган буюк бир қадам бўлди. Шу илк қадам сабаб бўлиб, Европада бирин- кетин йирик, яхши жиҳозланган расадхоналар ишга туша бошлади. Польшада Олам тузилишининг гелиоцентрик назарияси (Н.Коперник томонидан), Миланда (Италия) Коинотнинг чексизлиги ва унда қуёш тизими – оддий бир юлдузнинг йўлдошлари билан ташкил этган тизими эканлиги ғояси (Жордано Бруно томонидан), Германияда осмон жисмларининг ҳаракат қонунларини ифодаловчи – осмон механикаси (И.Кеплер томонидан), Англияда осмон жисмларининг массаларини ҳисоблаш усули (И.Ньютон томонидан) каби муҳим кашфиётлар “дарёси”нинг вужудга келишида Самар-қанд астрономлари “кўзини очган булоқ” дастлабки ирмоқ бўлди. Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатларини ўрганиш бўйича Улуғбек мактаби қўйган пойдевор – назарий астрономия дейилувчи махсус фаннинг шаклланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Шу боис ҳам Улуғбек астрономик мактаби тарихи, буюк олимимиз мероси неча асрлардан буён дунё илм аҳлини қизиқтириб келмоқда.

Гарчи тарихий манбаларда Самарқанд расадхонасига тегишли маълумотлар жуда кам акс этган бўлса-да, бироқ Улуғбек ва унинг мактаби олимларининг астрономия ва математика соҳаси бўйича қилган ишлари тавсиф қилинган тарихий манбалар етарли. Бунда айниқса, Али Қушчининг хизмати катта бўлган деб тахмин қилинади. У умрининг сўнгги йилларини Истанбулда ўтказиб, у ерда дастлаб мударрислик, сўнгра муқаддас “Ая София” масжидига қарашли мадрасанинг бошлиғи бўлиб ишлаган. Али Қушчи ўз хизматидан бўш вақтларида Самар-қанддан келтирган қўлёзмаларнинг рўйхатини тузишга кўп вақт ажратганлиги тарихий манбалардан маълум. Турли тилларда ёзилган бу рўйхат Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Европада кенг тарқалган. Бундай рўйхат кейинчалик Ғарбий Европанинг машҳур Оксфорд университетининг кутубхонасидан ҳам топилганлиги фикримизга далил бўла олади.

Европада биринчи бўлиб, “Улуғбек зижи”ни тадқиқ этган олим Оксфорд университетининг профессори Жон Гривс (1602-1652) бўлди. Шарқ халқлари тилларини яхши ўрганган бу олим Коперник, Региомонтан, Тихо Браге, Кеплер асарларини ўрганиш билан бирга юнон, форс ва араб астрономларининг анчагина асарларини ҳам тадқиқ қилган.

Жон Гривс Оксфорд университетига ишга киргунга қадар юнон, араб ва форс халқлари илм-фани ва маданияти билан қизиқиб, кўпгина Шарқ мамлакатларида, жумладан, Истанбулда бўлиб, талай қўлёзмаларни тўплаган. Булар ичида “Улуғбек зижи”нинг хам нусхаси бўлган деб тахмин қилинади.

Жон Гривс “Улуғбек зижи”да келтирилган 98 юлдуз ҳақидаги маълумотларни ва Самарқанд расадхонасида қилинган ишларнинг бир қисмини ўз ичига олган мақолани тайёрлади. Олимнинг бу иши 1648 йилда Байн-бридж томонидан нашр қилинди. Орадан икки йил ўтгач, тўрт қисмдан иборат “Улуғбек зижи” муқаддимасининг биринчи қисми хронология, географик жадваллар билан иккинчи марта нашр этилди. Хронология турли Шарқ халқлари томонидан қўлланиладиган тақвимлар ҳақида маълумот берадиган бўлим эди.

Шундан 15 йил ўтгач, яъни 1665 йили Оксфорддаги Бодлеян кутубхонасининг ходими, шарқшунос ва таржимон олим Томас Хайд (1636 – 1703) 1018 юлдуз ҳақидаги маълумотлар жамланган “Улуғбек зижи”нинг тўла жадвалини лотин ва форс тилларида босмага тайёрлаб, “Улуғбек кузатишлари бўйича қўзғалмас юлдузларнинг (астрономик) кенглик ва узунлик жадваллари” деган ном билан нашр қилдирди. Юлдузларнинг бу жадвалининг иккинчи нашри Григори Шарп томонидан тайёрланган Т.Хайд асарлари тўпламининг иккинчи жилдида 1767 йили чоп этилди. Т.Хайд мазкур китобнинг сўзбошисида, “Улуғбек зижи”даги “Қўзғалмас юлдузларнинг тўла жалвали” бўлимининг Англияда учратган учта форсча қўлёзмасини ўзаро таққослаганини маълум қилади. Улардан бири Шарқ қўлёзма ва китобларини йиғувчи инглиз шарқшунос олими Э.Поконнинг (1604–1691) шахсий коллекциясига, иккинчиси Авлиё Жон коллежининг кутубхонасига ва учинчиси Савилианинг коллежига тегишли бўлиб, Оксфорд университетининг математика кафедрасида сақланаётганини айтади. 1843 йилда Лондонда Ф.Бейли Улуғбек жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Галилей ва Ян Гевелийларнинг жадваллари билан қўшиб, босмадан чиқарди.

“Улуғбек зижи”да келтирилган жадвалларнинг Ж.Гривс ва Т.Хайдлар томонидан ХVII – ХVIII асрларда нашр қилиниши, Европа астрономлари учун катта воқеа бўлди. Чунки бу даврда юқори аниқликдаги юлдузлар жадвалига астрономларнинг эҳтиёжи жуда катта эди. Жадвалларни ўрганиш, улар Самарқанд расадхонасида бевосита кузатишлар асосида тузилганлигини исботлади. Жадваллар муаллифининг кўрсатишича, расадхонанинг географик кенгламаси 39о 37′ 23″ га, узунламаси эса 98о 16′ га тенг эди. Бинобарин, бу Улуғбек расадхонасининг географик ўрни эканлигидан дарак берарди.

“Улуғбек зижи” сўзбошисининг лотин тилига таржимаси, Пётр I замонида, 1732 йилда Россия ташқи ишлар Коллегиясига ишга таклиф этилган ёш немис олими Г.Я.Кер томонидан амалга оширилди. Керни “Зижи Кўрагоний”нинг сўзбошисини таржима қилишга, Пётр I нинг таклифига кўра, Петербург Фанлар академиясига 1725 йилда Париж обсерваториясидан ишга келган астроном Жозеф Никола Делиль ундаган эди. 1717 йили Пётр I Парижда бўлиб, қирол астрономи Гийом Делиль билан суҳбати чоғида, Россияда навигация ишлари учун зарур бўлган астрономия, география ва геодезия билан боғлиқ амалий ишларни йўлга қўйишга ёрдам сўраб, унинг укаси Жозеф Делилни таклиф этган эди. Ж.Делиль бу таклифга кўниб, келишдан олдин Россияда астрономияни ривожлантириш бўйича махсус дастур тайёрлаган эди. У ўз дастурида: Россияда астрономик расадхона қуриш, йирик шаҳарларнинг географик координаталарини аниқлаш, шунингдек, дунё астрономиясининг тарихини ёзиш каби ишларни режалаштиради. Бундай катта ишнинг асосий қисми Шарқ астрономиясига тегишли бўлишини яхши англаган Делиль бундай ишда унга ҳамкорлик қилиш учун форс ва араб тилларини яхши ўрганган талантли шарқшунос Г.Я.Кер ва кўпдан буён Петербургга келиб яшаётган грузин шоҳи Вахтанг VI (1675–1737) ни таклиф этди. Г.Я.Кер Россияга ишга таклиф этилгунга қадар Германияда араб хуфия хатларининг “мағзини чақиш“ бўйича катта ютуқларга эришиб, кўпчиликка танилган эди.

Вахтанг VI ва унинг ўғиллари Бакар ва Вахушта форс тилини яхши билиб, Петербургга келгунга қадар ўз котиби М.Кавкасидзе билан бирга “Улуғбекнинг астрономик жадваллари”ни форсчадан грузин тилига таржимасини бошлашган эди. Кейинчалик бу таржима Ж.Делиль раҳбарлигида Петербург Фанлар академиясида ниҳоясига етказилди.

Россияга ишга келган Г.Я.Керни Делиль дастлаб география департаментининг ишларига жалб этди, сўнгра уни “Зижи Кўрагоний” сўзбошисининг таржимаси билан шуғулланишга ундади. Кернинг “Улуғбек зижи” сўзбошисини форсчадан лотинчага таржима қилганлиги, Петербург Фанлар академияси архивидан топилган ва 1739 йил 25 июнда ўтган мажлис протоколидан маълум бўлди.

Хусусан, бу мажлисда Ж.Делиль “Улуғбек астрономик жадвалларининг форсча қўлёзмаси ҳақида” деган мавзуда маъруза қилган. Собиқ Иттифоқ Фанлар академияси Ленинград бўлими ходимининг гувоҳлик беришича, нашрга тайёрланган бу мақола Академия архивининг Санкт-Петербург бўлимида ҳозиргача сақланади. Эслатилган мажлисда, шунингдек, Г. Я. Кер ҳам маъруза қилган, у ҳақда мажлис баённомаси шуларни маълум қилади: “Жаноб Кер форс тилидан лотин тилига ўзи таржима қилган “Улуғбек жадваллари” нинг сўзбошиси ҳақида маълумот берди. Академияда ўз таржимаси ҳақида маъруза қилгандан кейин Г.Я. Кер ишни ўзи билан олиб кетди”. Собиқ СССР Фанлар академиясида сақланадиган Делилнинг архивидан Г.Я. Кер бажарган таржиманинг нусхасини топиб бўлмади. Париж обсерваторияси кутубхонасининг архивида 1895 йилда Г. Бигурдан томонидан тузилган қўлёзмаларнинг рўйхати топилиб, унда “В5. 17” шифри остида “Улуғбек астрономик жадваллари: форс тилида ва таржимаси (лотин тилида) билан ” деган ном билан қўлёзма учрайди. Бундан хабар топган ленинградлик шарқшунос олимлар бу Г.Я. Керга тегишли қўлёзма бўлиб, у Париж обсерваториясининг архивига Ж.Н.Делиль томонидан топширилган бўлса керак деб тахмин қилишади. Дарвоқе, шундай бўлиб чиқди. 1975 йилда ленинградлик шарқшунос олимларнинг илтимосига кўра, мазкур қўлёзманинг микрофильми Эдинбург университетининг профессори Э.Г.Форбс томонидан Ж.Делилнинг Париждаги эслатилган кутубхона архивидан олиниб, ленинградлик олимларга юборилди. Унда Кернинг кириш сўзи билан бирга “Улуғбек зижи”нинг кўчирилган форсча нусхаси ва тўла бўлмаган лотин ҳамда француз тилидаги таржимаси қайд қилинган эди. “Улуғбек зижи”нинг форсча нусхаси, Вахтанг VI га тегишли Грузия Фанлар академияси қўлёзмалар институтида 621-сон билан сақланаётган “Улуғбек зижи” нинг форсча нусхаси билан солиштирганда, Кер “Зижи”нинг айнан шу нусхасидан кўчирганлиги ва сўнгра ундан таржима қилганлиги аниқланди. “Улуғбек зижи” собиқ Иттифоқ халқларидан бирортасининг ҳам тилида ҳали чоп этилмаганини эътиборга олиб, ленинградлик шарқшунос олим Н.И.Невская 1979 йилда “Русский перевод предисловия к Зиджу Улугбека” номи билан уни рус тилида чоп эттирди (“Развитие методов Астрономических исследований”, вып. 8, М-Л., 1979, стр. 100).

Улуғбек мактабининг мероси билан шуғулланиб, уни таржима қилган бошқа бир мутахассис, француз шарқ-шунос олими Л.А.Седийодир. Седийо томонидан “Улуғбекнинг астрономик жадваллари” француз тилида 1839 йилда нашр қилинди.

Ниҳоят, Самарқанд расадхонаси юлдузларининг жадвали Э.Нобл томонидан атрофлича ўрганилди. Олимнинг маълум қилишича, мазкур жадвалда астрономик узунламаси аниқланган юлдузлар 900 га яқин бўлиб, шулардан астрономик кенгламаси аниқлангани 878 та эди, қолган юлдузларнинг координаталари Рай (Эрон) да туғилиб ўсган машҳур Абдураҳмон ибн Умар ас-Сўфийнинг (Х –ХI асрлар) юлдузлар жадвалида келтирилган юлдузларнинг узунламаларига тузатиш ёрдамида аниқланган. “Улуғбек зижи ”да юлдузларнинг координаталари, эслатилганидек, ҳижрий йил ҳисоби бўйича 841 йилнинг бошига нисбатан (юлдузларнинг ўртача координаталари аниқланган йилнинг боши мазкур юлдузлар жадвали учун тенгкунлик деб юритилади) аниқланган бўлиб, милодий йил ҳисобида 1437 йилнинг ўрталарига тўғри келади.

Улуғбек ва унинг “Зиж”ига алоқадор бошқа бир тарихий манба машҳур поляк астрономи Ян Гевелийнинг (1611–1687) “Юлдузлар осмонининг атласи”дир. Мазкур атлас олимнинг вафотидан уч йил кейин у билан бирга астрономик тадқиқотларни олиб борган унинг хотини Эльжбета (1647–1693) томонидан Польшанинг Гданьск шаҳрида босмадан чиқарилди. Бу асарнинг собиқ Иттифоқда учта нусхаси бўлиб, улардан бири Тошкент обсерваториясининг кутубхонасидан жой олган.

Бу атласда юлдуз туркумларининг хариталаридан ташқари икки варақда берилган аллегорик расмларда ўрта аср-нинг машҳур астрономлари қаторида Улуғбекнинг ҳам тасвири келтирилган. Улардан бирида Улуғбек осмон худоси Урания раислик қилаётган мажлисда давра столи атрофида Ураниянинг “ўнг қўли”бўлиб ўтирибди. Шунингдек, бу даврадан тарихда юлдузлар жадвалини тузиш билан шуғулланган ва астрономиянинг бошқа соҳаларидаги хизматлари билан тарихда чуқур из қолдирган олимлар – маш-ҳур александриялик астроном Птолемей (II-аср), Италиялик Жан Батист Риччиоли (XVII аср), даниялик астроном Тихо Браге (XVI аср), поляк астрономи Ян Гевелий (XVII аср), Вильгельм IV (XVI аср)лар жой олган эди. Иккинчи Гравюрада Ураниянинг атрофини ўраб турган 10 та машҳур астрономлар ҳузурига Ян Гевелий ўзининг юлдузлар жадвалини тақдим этиш учун ташриф буюрган ҳолати тасвирланган. Булар: Тимохарис (эрамиздан олдин III аср), Александрия мактабининг машҳур астрономи, Гиппарх (эрамиздан олдин II аср), биринчи бўлиб юлдузлар жадвалини тузган юнон астрономи Птолемий (II аср), машҳур араб астрономи Ал-Баттоний (IX–Xаср), Нюренбергда расадхона қуриб, Нюренберг астрономия мактабига асос солган таниқли астроном Вальтер (XV аср), Вена университетининг профессори, шогирди Вальтер билан Нюренбергда обсерватория қуриб, уни замонавий астрономик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, махсус юлдузлар жадвалини тузган Региомонтан (XV аср), буюк поляк астрономи, гелиоцентрик системанинг асосчиси Коперник (XV–XVI аср), машҳур даниялик астроном Тихо Браге (XVI аср), Улуғбек (XV аср), Европада биринчи юлдузлар каталогини тузганлардан Вильгелм IV (XVI аср)лар эди.

Ян Гевелийдан сўнг Улуғбек жадвали Европа ва Америкада бир неча марта бостирилди. Жумладан, машҳур Гринвич (Англия) расадхонасининг қирол астрономи Д.Флемстид (1646-1719) ҳам ўзининг “Осмон тарихи” асарига қўшиб мазкур Улуғбек жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгельм IV ва Гевелий каталоглари билан бирга 1725 йилда нашр эттирди. Бу асар собиқ Иттифоқ Фанлар академиясининг кутубхонасида ҳозиргача авайлаб сақлаб келинмоқда.

Илми нужум борасидаги дунё олимларининг сардори, ватанимизнинг фахру ифтихори бўлган буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг меросини ўрганиш, асарларини тадқиқ этиш ҳали-ҳамон давом этмоқда.

Зеро, оламни ўрганиш, унинг сир-асрорларидан воқиф бўлиш, инсоннинг Ер юзига келишдан мақсадини аниқлаб беришдек муҳим бу илм одамзод мавжуд экан абадул-абад давом этаверади. У инсонни чексиз Коинотнинг бир зарраси ва миллиардлаб йиллар давом этган унинг эволюциясининг маҳсули эканлигини, шунингдек, у яшаган умр Коинотнинг ёши олдида атиги бир дақиқа эканлигини, ҳар бир инсоннинг “бир зумлик” ҳаётга келиши мўъжизавий бир ҳоллигини англатиб туради ва бу “бир зумлик” умрни бағишлаб, буюк мақсадларга бағишлаб яшашга даъват этиб туради.

Бу эса, ўз навбатида, инсонни ўз ҳаётини, бошқалар тақдири ва шахсини қадрлашга, табиатнинг нодир инъоми – ҳаётга енгил-елпи қарамасликка, буюк эзгу мақсадларни кўзлаб иш тутишга, ўз ижобий фаолияти билан унинг мазмунини бойитишга, сермазмун қилишга ундайди.

Кишиларда ана шундай умуминсоний қадриятларни яратадиган дунёқарашни шакллантиришда ўзининг улкан ҳиссасини қўшаётган илму-нужум бизга ота-боболаримиздан мерос фан ҳисобланади. Бу эса, ёшлар олдига бундай дурдона меросни авайлаб-асраш ва уни кўпайтиришдек улуғ ишларга бел боғлаб киришиш вазифасини қўяди.

Мусо Мамадазимов, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 9-сон.