Азамат Суюнов. Эзгу ном, ёрқин хотиралар

http://n.ziyouz.com/images/sadi-sirojiddin.jpgДунё тамаддунига буюк кашфиётлари билан улкан ҳисса қўшган улуғ ватандошларимиз довруғи ҳавас қилса арзигуликдир. Илк Уйғониш давридаёқ Туронзаминдан қомусий билим соҳиблари етишиб чиққанига жонли тарихимиз шоҳид. Чор Россияси мамлакатимизни босиб олгандан кейин ҳам тошда ўсган гул каби ноёб истеъдодлар илмий салоҳиятини намойиш этиб келди. Ана шундай қомусий билимларни ўзида мужассам этган ноёб истеъдод соҳиби Саъди Сирожиддинов эди.

Мамлакатимизнинг етакчи илм даргоҳи — Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ректори лавозимида фаолият кўрсатган йиллари дорилфунунда таҳсил олган талабалар қатори камина ҳам у кишининг ғамхўрликларини туйганман. Бўлиб ўтадиган катта-кичик тадбирларда у инсон билан мулоқотда бўлиш менга ҳам насиб этган. Домланинг нутқлари равон, ўзбек ва рус тилларида бирдай эркин сўзлар, гап оҳангидаги камтарлик эркин суҳбат ва ижодий мулоқот муҳитини таъминларди. У профессор-ўқитувчиларга қандай муносабатда бўлса, талабалар билан ҳам худди шундай муомалада бўлар, шу боис биз ҳар қандай муам­мо, таклиф ва мулоҳазаларимизни бемалол айта олардик. Саволимиз жавобсиз қолмас, муаммолар ўз вақтида ижобий ечимини топарди.

— Биз барчамиз Саъди Ҳасановични ҳурмат қилиб, кишининг одамшавандалиги, билимдон, зукколиги-ю, оқ кўнгиллиги учун сидқидилдан яхши кўрардик, — дея хотирлайди академик Ёлқин Тўрақулов. — Саъди Сирожиддинов ажойиб суҳбатдош, қадим Турон, араб дунёси, Ҳиндистон, Кичик Осиё тарихи ва маданиятининг билимдони эди. Улуғ бобокалонларимиз Беруний, Ибн Сино, Форобий, Улуғбек ва бошқаларнинг нодир асарларини замондошларимизга танитишда ҳам хизматлари беқиёс. Шунингдек, Алишер Навоий, Фирдавсий, Умар Ҳайём каби мумтоз шеърият даҳоларининг лирик-фалсафий шеър-у, достонлари, бетакрор асарларини чуқур ўрганибгина қолмай, балки кўпгина ғазал, рубоийлар, тўртликларни ёд билар ва тез-тез давраларда ўқиб берарди. Саъди Ҳасанович жаҳон ва рус адабиёти намояндаларидан Гомер, Данте, Шекспир, Пушкин, Лермонтов, Гёте, Байрон, Толстой ва бошқа қатор қалам соҳибларининг ижодини жуда яхши биларди.

“Озгина шоирлиги бўлмаган одам ҳақиқий математик бўла олмайди”, деган экан буюклардан бири. Ҳақиқатан ҳам муҳтарам домламиз табиатига шоирлик фазилати бегона эмас эди. Талабалик кезларимизда бунга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг эллик йиллиги арафасида Ўзбекистон миллий университетининг маданият саройи шеърият мухлислари билан тўлган ҳаяжонли дақиқаларни кўп эслайман. Бу тадбирга ректорнинг ўзи бош-қош бўлганди.

— Домла Саъди Сирожиддинов адабиётни, хусусан, миллий адабиётимизни жуда қадрлардилар, — деб эслайди шоир Муҳаммад Раҳмон. — 1967 йили Тошкент давлат университетининг эски биноси (ҳозирги Амир Темур хиёбони) да Ўзбекистон халқ Ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллиги нишонланганди. Тантанага домланинг шахсан ўзи етакчилик қилгани ёдимда. Ҳолбуки, ўшанда замон қалтис, “тили аччиқ” Ёзувчига муносабат ҳам ўзгача эди.

Домланинг ташаббуси билан илм даргоҳида нафақат республикамиз, балки халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам тез-тез бўлиб турар эди.

— 1983 йил 8-13 сентабр кунлари юртимизда ЮНEСКО қарори билан Ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтганди, — дея хотирлайди академик Восил Қобулов. — Бу бир умр эсда қоладиган воқеа эди. Саъди Ҳасанович бундай нуфузли тадбирнинг асосий ташкилотчиларидан бўлиб, симпозиумнинг Тошкент ва Хоразмда ўтказилган мажлисларида иштирок этганди.

С.Сирожиддинов тиниб-тинчимас, чарчаш нималигини билмасди. Талабалар ётоқхоналарини ўз кўзи билан кўриш учун бирма-бир айланиб чиқар, ҳатто пахта терими пайтида ҳам аҳволимиздан хабар олиб турар, талабаларни йиғиб самимий мулоқотда бўларди. Домланинг бундай ажойиб фазилатлари, инсонийлиги ҳақида ибратомуз воқеаларни кўп эшитганмиз.

Домла Москва давлат университетида ишлаб юрган кезларида таътилга чиқиб, юртига жўнабди. “Москва — Тошкент” поездининг купеларидан бирига жойлашибди. Уч-тўрт кунлик йўлда купедагилар навбатма-навбат чой, озиқ-овқат ташиб, гурунглашиб келишаркан. Ўз навбатида домла ҳам купедаги ҳамроҳлари хизматида бўлибди. Поезд манзилга яқинлашганида бир йигит: “Оғайнилар, Тошкентга яқинлашиб қолибмиз-ку, шунча йўл юриб, бир-биримиз билан тузукроқ танишиб ҳам олмабмиз? Мен фалон олий ўқув юртининг аспиранти Фалончи Пистончиев бўламан, билиб қўйсанглар зарар қилмайди”, дея биринчи бўлиб ўзини таништирибди. Қолган икки ҳамроҳ охирги курс талабалари бўлиб, димоғдорлик билан ўқишни битиришаётганини айтишибди. Таништириш навбати ўттиз ёшлар атрофидаги ўрта бўй, қуюқ қошли йигитга келгач, у босиқлик билан мен МДУ профессори Саъди Сирожиддинов бўламан, дейиши билан ўтирганлар бараварига ўринларидан туриб кетишибди: “Узр домла, сиз ҳақингизда кўп эшитиб, доимо фахрланиб юрамиз. Билмай иш буюриб қўйибмиз-ку сизга”, — дея қайта-қайта узр сўрашибди. Шунда домла: “Ҳеч­қиси йўқ, кемага тушганнинг жони бир”, деб қўйибди камтарона жилмайиб.

Академик Иброҳим Ҳамробоев (марҳум) ўз хотираларида шундай ёзганди: “Саъди Ҳасанович ЎзФАнинг витсе-президенти бўлиб турган вақтларида Геология ва геофизика институтига ҳам раҳбарлик қиларди. Биз у киши билан геологияга оид масалалар тўғрисида суҳбатлашардик. Бу соҳада Саъди Ҳасанович Мурунтов конида бурғулаш қудуқларини қай тартибда жойлаштириш тўғрисида Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятига ўз тавсияларини айтган”.

— Саъди Ҳасанович жуда камтар, самимий инсон эди, — дея хотирлайди домланинг рафиқаси Муносибхон ая. — Бизга шаҳар марказидан кўп қаватли уйлардан бирининг учинчи қаватидан бошпана бериладиган бўлди. Домла янги турар жой билан танишиш учун борганида Ёзувчи Комил Яшинни йўлакда учратиб қолади. “E, домла, қўшни бўлар эканмиз-да, менга охирги қават насиб этган экан”, — дейди Ёзувчи юқорига ишора қилиб. Шунда домла камтарлик билан: “Сиздай ажойиб инсон билан қўшни бўлганимдан хурсандман. Ижодкорларга ҳурматим жуда баланд, сиздан кўра ёшроқмиз, тўртинчи қаватга биз чиқиб яшай қолайлик”, деб ҳали кўчиб кирмасдан хонадонни алмаштирган эканлар.

…Домланинг шахсан каминага қилган бир яхшилигини умрбод унутмайман. Олийгоҳнинг кундузги бўлимида ўқиб юрганимда фарзандли бўл­дим. Рўзғорнинг залворли юки елкамда. Таҳсилни кечки ёки сиртқига ўтказишга роса ҳаракат қилдим, елиб-югурдим. Аммо факультет раҳбарияти “Аризанг йўқолиб қолди, келаси йил яна ариза билан мурожаат этасан, ўйлаб кўрамиз”, дея баҳона қилди.

Шу воқеа сабаб бўлиб ректоримиз Саъди Сирожиддинов қабулига ариза кўтариб кирдим. Домла сўзимни эътибор билан тинглаб, аризамнинг бир четига: “Прорек­торга! Кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилинг!” дея ёзиб имзо қўйдилар. Ҳаяжон ила домлага миннатдорчилигимни изҳор қилиб кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректори, профессор Полвон Бобоевич Азизов (раҳматли у киши ҳам яхши инсон эди) қабулига кирдим. У киши “Журналистика фа­куль­тети декан муовинига бориб учрашгин”, дедилар. Аризамни олиб факультетга югурдим. Декан муовини “ўн-ўн беш кун ичида ҳал қилиб бераман, ҳовлиқма”, деб қовоғини уйиб аризамни олиб қолди. Орадан бир ой ўтди ҳамки, буйруқдан дарак йўқ. Афсуски, бу аризам ҳам турли сабабларга кўра “йўқолиб” қолибди.

Ноилож яна ректорнинг қабулига киришга мажбур бўлдим. Домла мени таниб: “Ҳа, ишинг ҳал бўлмадими, ўғлим? Ҳозир ижобий ҳал қиламиз, сенга ҳам осон эмас, олахўр­жин бўйнингга тушгандан кейин иш ўқишингга қаршилик қилмаслиги керак, албатта”, деди. Ўпкам тўлиб турган эди, йиғлаб юбордим. Саъди Сирожиддинов беш-олти дақиқа ичида проректорларни тўплади. Домла ҳаммага қарата: “Бу йигитнинг аризасига шахсан ўзим “виза” қўйиб бергандим, олдинги аризасини йўқотишган экан, буни ҳам йўқотиб қўйишибди. Бу қандай масъулиятсизлик!” деди.

Шундан сўнг домла аризамга яна бошқатдан имзо қўйиб, уни менга бермай, тўғридан-тўғри кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректорга: “Гувоҳлар иштирокида бераяпман, энди йўқолиб қолмас”, дея узатди. Ҳамма кулиб юборди. Шу воқеадан сўнг кечки бўлимга ўтишим тўғрисидаги буйруқ тезда тайёр бўлди.

Яхши инсондан эзгу ном, ёрқин хотиралар қоларкан. Бундай кишиларни ширин энтикиш билан ёдга олиш ҳам ажиб саодатдир.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).