Нарзулла Жўраев. Ўзликни англаш фалсафаси

Турли мутахассислар “Ҳокимият” атамасини турлича талқин этишади. Масалан, табиатшунослар инсоннинг табиат устидан ҳукмронлигини, иқтисодчилар хўжалик ҳокимиятини, унинг бошқарувини, файласуфлар жамият объектив қонуниятларини, ҳуқуқшунослар давлат ҳокимиятини, педагоглар ота-онанинг фарзанд устидан ҳукмронлигини, сиёсатшунослар сиёсий ҳокимиятни, руҳшунослар эса инсоннинг ўзи устидан ўзи ҳукмронлигини ҳокимият деб тушунишади[1]. Албатта, ушбу фикрлар ўз йўналишидаги фан доирасида илмий асосланган. Бироқ, назаримизда, руҳшуносларнинг фикрида катта мантиқ, маънавий асос бор. Инсон ўзига ўзи ҳоким бўлмоғи керак. У ўзини ўзи ривожлантириши, такомиллаштириши, ўзини ўзи бошқариб, йўналтириб турмоғи лозим. Айни пайтда амалга оширган яхши ишларидан, эзгуликларидан ўзини ўзи рағбатлантириб, хатолари, адашиш ва нуқсонлари учун ўзини ўзи койий билмоғи лозим. Бунинг учун унга катта қалб, кучли ирода ва қудратли руҳ керак бўлади.

Нитше фалсафасида ҳокимият тушунчаси ўзига хос тарзда устуворлик қилади. Ундаги Аъло одам образи – кучли шахс тимсоли, у таъсир ўтказувчи, бўйсундирувчи ва сафарбар этувчи куч. Нитше ҳаёт тушунчасини шарҳлар экан, дарахт ва ўсимликларни мисол келтиради ва “Ўрмоннинг дастлабки дарахтлари нима учун бир-бирлари билан курашадилар… Ҳокимият учун!” дейди. Унда “ирода ва куч уйғунлигидаги ҳаёт моҳияти”ни кўради[2].

Нитше инсонда ҳукмронлик иродаси, яъни, энг аввало, ўзини ўзи бошқара оладиган қудрат зарурлигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам у “Дунёни бошқаришдан олдин, ўз-ўзини бошқариш лозим”, дейди[3].

“Мен ўлимга тик боқиб, умр кечиришдан ўзгача яшашни билмайдиганларни севаман. Зотан, улар кўприкдан ўтиб боради.

Мен шундайларни севаманки, улар ҳалок бўлиш ва маҳкумлик учун юлдузлар ортидан асос изламайди, аксинча, замин қачонлардир Аъло одам заминига айланмоғи учун ўзларини ерга қурбон қилади.

Мен шундай одамни севаманки, у билиш учун яшайди ва қачондир ер юзида Аъло одам яшамоғи учун билишни истайди. Зотан, у шу тарзда ўз ҳалокатини истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у Аъло одамга макон қурмоқ учун заҳмат чекади, ихтиролар қилади ва унинг келмоғи учун ер, махлуқот ва набототни ҳозирлаб қўяди. Зотан, шу тарзда ўз ҳалокатини истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у ўз яхшилигини севади. Зотан, яхшилик – ҳалокатнинг иродаси ва ўзга соҳиллар истагининг ўқидир.

Мен шундай одамни севаманки, у ўзи учун бир қатра руҳ асрамайди, лекин ўзи бутунлай яхшиликнинг руҳи бўлмоққа интилади. Зотан, у худди мана шу руҳ сингари кўприкдан ўтиб боради.

Мен шундай одамни севаманки, у яхшилигидан интилиш ва толеини ясайди. Зотан, у худди мана шундай – ўз яхшилиги учун яшашни истайди ва бошқача умр кечиришни билмайди”[4].

Дарҳақиқат, ўлимга тик қараб яшайдиган одам юксак ирода соҳиби, улкан маънавият ва соғлом руҳ эгаси. Бундай одамлар заминни обод қилиш, одамнинг ирода ва руҳ озодлиги истаги билан яшайдиганлар. Ана шундайлар туфайли инсоният Аъло одамга айланади. Жамият етук шахслар жамоаси мақомига эга бўлади. Эзгулик йўлини танлаганлар, яратувчилик туйғуси билан яшайдиганлар Заминни обод қилишади, Аъло одамлар учун ҳаёт мазмунини бойитадилар. Улар инсоннинг бахтли турмуши учун, “Замин қачонлардир Аъло одам заминига айланмоғи учун ўзларини ерга қурбон қиладилар”. Худди Тўмарис, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Қурбонжон Додхоҳ сингари.

Зардушт: “Яхшилик – ҳалокатнинг иродаси ва ўзга соҳиллар истагининг ўқидир”, – дейди. Ўзга соҳиллар, бу – бегона руҳият, бегона қарашлар, манфур мақсадлар, олчоқ ва сотқинлар соҳили. Зардушт улардан нафратланади, Нитше изтироб чекади. Аксинча, уларнинг ҳар иккови ҳам яхшиликка интилиб, эзгулик билан яшайдиган, ўз толеини ва истиқболини ярата биладиган ғайратли, шижоатли, жасоратли одамларни севади, уларни алқайди ва шарафлайди.

Ҳокимиятга интилиш туйғуси, бу – ирода тимсоли. Ҳар бир киши ўз ҳаётини ўзи йўлга қўймоғи керак, ўз тақдирини ўзи яратмоғи лозим. Ҳар бир киши, жумладан, Зардуштнинг ўзи ҳам ўз устидан ўзи ҳукмронлик қилиш истаги билан яшайди. Натижада бу туйғу борган сайин кучайиб, шаклланиб, мустаҳкамланаверади. Ўз-ўзидан ирода ва руҳ такомилга етиб, инсоннинг ўзини камолотга етказади. Бошқача қилиб айтганда, ирода ва руҳнинг озод ва эркинлиги илоҳийликнинг инсон қиёфасида тажалли қилишининг ўзгинасидир.

Нитше қарашларида ҳам, Зардушт ғояларида ҳам метин ирода ва жўшқин руҳ соҳиби “Кўприкдан ўтиб борувчи”лардир. Кўприк нима? Кўприк бу инсон билан Аллоҳ, замин билан коинот, инсоният билан илоҳиёт ўртасидаги масофа! Фақат руҳан соғлом, маънавий етук, иродаси бақувват инсонгина ана шу маҳобатли, залворли масофани босиб ўтиши мумкин.

Онг – инсоннинг ўзини англаш воситаси. Унинг ҳаётдаги ўрни, жамиятдаги мавқеи, бугуни ва истиқболи ҳақидаги тасаввурларининг шаклланишига хизмат қиладиган манба. Онги заиф одамда айни юқоридаги имкониятлар бўлмайди. Чунки у ўзининг олий мавжудот сифатидаги даражасини англамайди. Инсон буюк неъмат, олий қадрият эканлигини тушунмайди. Инсон қиёфасидаги жонзотга айланади, холос.

Нитше қадим-қадим замонларда юз берган ҳинд, япон, араб мамлакатларидаги буюк силжишлар, шунингдек, браҳманлар, япон самурайлари, араб мамлакатларидаги саидлар сингари юксак такомилга эга бўлган кишилик жамиятлари ҳақида фикр юритар экан, ўз даврининг тубанликларидан зорланади: “…инсон руҳияти майдалашиб кетди, инсоният тараққиёти ҳозирги даврда юқорига қараб эмас, балки пастга қараб кетмоқда. Моддий манфаатлар, ҳайвоний инстинктлар, айниқса, тақлид қилиш инстинкти бизнинг жамиятимиз инсонларига хос хусусиятга айланиб бормоқда. Тақлид қилиш маймунларда жуда яхши намоён бўлади. Маймундаги айнан шу хислатнинг ўзи инсонлар маймунларга ўхшаб кетаётганини исботлайди”[5].

Инсоннинг майдалашиб бориши унинг учун фожианинг фожиаси. Айни ана шундай ҳолатда киши эзма, майдакаш, ҳар қандай хатти-ҳаракатдан кир қидирадиган одамга айланади. Ундайларда буюк мақсад, келажакка дадил қараш, улуғ орзуларга интилиш туйғуси бўлмайди. Агар бундай кайфият ялпи одамлар руҳиятини эгалласа, жамиятнинг инқирози юзага келади.

Зардушт – оламни, одамни асрагувчи образ. У – адолат, ҳақиқат, меҳр-шафқат, мурувват тимсоли. Нитше ўз даврида худбинлик, манфаатпарастлик, хиёнат, сотқинлик ва мунофиқлик иллатлари урчиб бораётганидан изтироб чекади, Зардуштдан нажот истайди. Зотан, Зардушт инсоннинг ғоят покиза ва жозибадор қалби, қудратли иродаси ва безавол руҳидир. “Улар Зардушт тирикми, йўқми – билишни истайди. Чиндан ҳам, мен ҳали тирикманми ўзи? Ваҳшийлардан кўра одамлар орасида бўлиш хатарлироқ экан. Зардушт хатарли йўллардан юради. Майлига! Мени менинг махлуқларим йўллаб борсинлар!” Зардушт шундай деб ўрмонда учраган пирнинг сўзларини эслади, хўрсинди ва дилига бундай деди: “Кошкийди, мен донороқ бўлсам! Мен худди ўзимнинг морим каби сал донороқ бўлганимда эди!.. Лекин мен ақл бовар қилмас ишга қўл уришни истамайман. Ғурурим мудом донолигим билан мени тарк этса борми (оҳ, у учиб кетишни севади), ана унда майлига, менинг ғурурим, менинг телбалигим билан бирга учиб кетсин!”.

“Ваҳшийлардан кўра одамлар орасида бўлиш хатарли…” Нақадар кескин ҳукм! Демак, инсон табиатига кўра даррандадан кўра даррандароқ. Чунки у ваҳшийликни бошқа жонзотларга ўхшаб инстинкт билан эмас, ақл билан, айнан ақл билан қилади. Барча ёвузликлар, сотқинлик, мунофиқлик, ғийбат ва фисқу фужур унинг ақл-закоси билан юзага келади…

Ҳаётда эзгулик ҳукмрон бўлиши лозим. Бу инсониятнинг бир неча минг йиллик орзуси ва армони. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Чунки инсон ҳеч қачон мукаммал бўлолмайди. Идеал инсон ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Демак, якка-якка нуқсонли одамлардан таркиб топган жамият ҳам идеал бўлолмайди. Бироқ унга интилиш ҳаммавақт, ҳамманинг, ҳаммамизнинг бурчимиз. Ана шундай соф инсоний қоидадан келиб чиқиб Зардушт: “Зотан, биродарларим, энг яхши нарсалар ҳоким бўлмоғи керак, энг яхши нарсалар ҳоким бўлишни ҳам истайди! Қаердаки, таълим шундан ўзгача бўлса, демак, у ерда – энг яхши нарса йўқ”[6], – дейди.

Озод ва эркин руҳ юксакликка, осмону фалакка кўтарилади. Ҳаёт, тириклик, эзгулик ва ёвузлик муштарак бўлган, яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат уйғунлашган, баъзан у томон, баъзан бу томон ғолиб бўлган дунё. Одам жисман ўлгач, бу ғаддор дунёнинг барча ғаддорлигидан озод бўлган руҳ, Нитше ибораси билан айтганда, “Эзгулик ва ёвузликнинг нариги томони”га – мутлақ Адолат оламига ўтади.

Нитше ўз замони бадкирдорлиги, ахлоқсизлик ва маънавий таназзулнинг замондошлари қалби ва руҳияти орқали тобора чуқурлашиб бораётганини, “одамларнинг ифлос нафасидан” сиқилиб кетаётганини айтади. Замондошларининг энг катта ва асосий хатоси бу – иродасизлик, қатъиятсизлик. Маънавий таназзулнинг сабаби уларда ойдин ўй-хаёл, нурафшон тахайюл, ёрқин фикрат ва кенг тафаккурнинг йўқлигида деб билади. Унинг назарида одамларнинг онги тобора пасайиб, тасаввурлари хиралашиб, маърифатдан узоқлашмоқда. Жаҳолат, хурофот уларни ўраб-чирмаб олмоқда. “Сизлар борган сари пасайиб кетяпсизлар, демак, сизлар пасткаш одамсизлар! Сизлар парчаланиб кетмоқдасизлар, эҳ, қулайликни яхши кўрган одамлар!” дейди Зардушт номидан Нитше.

Дарҳақиқат, қулайлик нима? Яшаш учун энг мақбул шароит нимадан иборат? Инсон феномени нуқтаи назаридан бу саволларга жавоб излаш унчалик қийин эмас. Энг катта қулайлик, бу – фикрламай яшаш, бефарқ ва танбал бўлиш! Куни ўтаётганига хурсанд бўлиб, ақлни ишлатиб яшашдан кўра, уни ишлатмасдан, меҳнат қилишдан кўра жон койитмасдан нималаргадир эришишни баъзи одамлар энг қулай шароит деб билишади.

Буюк файласуф “Зардушт таваллоси”дан сўнг “Эзгулик ва ёвузликнинг нариги томонида” китобини ёзади. Унда мазкур фикрларини янада чуқурлаштириб, одамларнинг нақадар пасткашлашиб, инқироз ҳолатига келиб қолганини изтироб билан тасвирлайди. Унинг фикрича, одамлар механик яшашга кўникиб қолишган. Улар нима учун яшаётганини, келажаги қандай бўлишини англашмайди, тушунишмайди ва ҳатто тушунишни хаёлига ҳам келтиришмайди. Ана шундайларни кўриб, уларга қарата: “Мен сизларга чиндан айтаман, мен одамлар орасида синган жиҳозлар орасида юргандек бўламан. Улар менга худди жанг майдонида парчаланиб-титилиб кетган буюмлардек туюлади”[7], дейди. Бу одамлар Тангрини йўқотган, эътиқодидан айрилган, қалби ҳувиллаган, руҳияти паришон одамлар. Уларнинг энг катта фожиаси шундаки, ушбу йўқотган неъматлари ҳақида ўйлашмайди, ҳатто йўқотганини билишмайди ҳам. Юксак мақсадларидан, ойдин орзуларидан, ҳаёт ишқидан, турмуш завқидан айрилган. Нитше назарида улар айни Олий одам сари интилишга эҳтиёж сезмоғи керак. Инсонга айланиб олий хилқат томон йўл тутишларини, уйғонишларини, ҳаракатга келишларини истайди.

Нитше инсон ҳақида фикр юритар экан, ожиз, нотавон одамларни маймунга ўхшатади. Чунки бундай одамларда ақл кучи, интеллектуал салоҳият юқори бўлмайди. Ўзини ўзи йўналтириб, ақлий салоҳиятини эзгу мақсади сари сафарбар этолмайди. Бундай одамлар маймунга ўхшаб тақлидчилик билан яшайди, ўзгалардан андоза олиб, ўзгаларнинг йўриғида юради.

Маймунда ижодкорлик руҳи йўқ. Иродаси суст, руҳияти кучсиз инсонда ҳам ижодкорлик туйғуси бўлмайди. Айни қатъий ирода ва ижодкорлик руҳи заифлашган инсон тубанлашиб боради. Шунинг учун атрофимизга назар солсак, иродаси бўш одамларнинг айримлари ичкиликка, гиёҳвандликка берилиб кетишса, айримлари сотқинлик, мунофиқлик, тобелик кайфияти билан яшаётганини кўрамиз. Нитше тасаввурида айни кучли иродагина инсонни ривожлантиради, асрайди, қадриятга айлантиради. Агар ҳар бир инсонда ана шу туйғу етарли даражада бўлса, ташқи муҳит, кишилик жамияти баркамол, инсон ҳаёти фаровон ва шукуҳли бўлади.

Нитше тасаввуридаги Аъло одам кучли, иродали, буюк мақсадлар сари интиладиган, ҳаётни юрак-юрагидан ҳис қиладиган ва севадиган, унга катта муҳаббат билан қарайдиган инсондир. Унинг назарида ҳақиқий инсон бу энг аввало катта ижодий руҳ билан яшайдиган, ўзининг ҳаётига янгилик кирита оладиган, унинг мазмунини бойитиб борадиган ва энг муҳими айни ана шу яратувчилик иқтидоридан қувона оладиган одамдир. Бошқача қилиб айтганда, у ўзини ўзи кашф этиб, ўзини ўзи такомиллаштириб, ўзидан Шахс ярата оладиган инсондир.

Нитше бир жойда “Эркак бўл ва мен каби бўлишга интилма, шахс бўлишга интил”, дейди. Бошқа бир жойда эса “Ўзинг танлаган касбингга ҳар доим интилишинг керак. Бунинг учун сен, авваламбор, ўз-ўзингга устоз ва ижодкор бўлишинг шарт”, деган ғояни илгари суради. Дарҳақиқат, Нитше ҳам ўзи яшаган жамиятнинг маҳсули. Жамиятда неки фазилату нуқсон бўлса, улардан Нитше ҳам мустасно эмас. Шунинг учун одамларнинг ўзига ўхшашига даъват қилмайди. Ўзидан ҳам юксакроқ, ўзидан ҳам буюкроқ Шахсга айланишга чақиради. Бу даъват инсоннинг ўзини ўзи кашф этиб, такомиллашгани сари жамиятнинг ҳар қандай ахлоқий, маънавий тақиқларидан қатъи назар, ўзини ўзи ҳимоя қилиб, ўзини ўзи асраб, интеллектуал салоҳиятини, ақлий имкониятларини бойитиб, зако қуввати орқали ўз ахлоқий ва маънавий хазинасини ярата олишга рағбатлантиради. Шахсга айланган инсон яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни ажрата билишнинг ўзи камлик қилади. У бу муносабатни феъл-атворга, хатти-ҳаракатга, реал воқеликка айлантирмоғи лозим. Бошқача қилиб айтганда, яхшиликни, эзгуликни бутун имконияти билан ҳимоя қилиб, ёмонлик ва ёвузликка қарши кураша оладиган маънавий қудратга, маърифий кучга, юксак ақл ва буюк иродага эга Инсон бўлмоқ керак.

Ҳақиқий инсон, Нитше тасаввурича, кучли севги, катта муҳаббат билан яшайдиган, ҳаётдан фақат яхшилик излайдиган, барча воқеа ва ҳодисаларнинг, турли-туман муносабатларнинг яхши томонини кўрадиган инсон. Ана шундай фазилатли одам атрофидагиларга қуёш каби ҳаётбахш нур сочади, уларнинг чексиз тахайюлига, орзу-умидларига ойдинлик бахш этади. Нитшенинг тўлақонли шахси энг аввало ўзини ҳурмат қиладиган, кучли, мард ва энг муҳими, ростгўй инсон. Унинг фикрича, “Қанча ҳақиқат юкини руҳан кўтара олса, ҳақиқатни бутун кўлами билан билишга қурби етса, у шунчалик улуғланади”. Бунинг учун инсон ўзига ўзи қаттиққўл ва юксак иродали бўлмоғи керак.

Нитшенинг ишончи комилки, инсоннинг ривожланиши чегараланган. Унинг биологик, физиологик ва интеллектуал имкониятлари чекланган. Демак, ҳар бир киши ўз табиий-жисмоний ва маънавий-руҳий имконияти доирасида камолотга эришади. Ана шу чекланган чегарадан чиқа олмаслик инсонга хос ҳодиса. Инсоннинг секин ҳаракати, чарчоқлик ҳисси, қийинчилик дуч келганда тўсиқларни енга олмай ортга қайтиши, маълум бир қобиқ доирасида айланиб қолиши бўйсуниш инстинктининг мавжудлигидан.

Нитше Европада инсоннинг шунчаки тўда шаклига келиб қолганлигидан ва ўзини инсониятнинг ягона, улуғвор, бебаҳо турига дахлдорлигини унутаёзганидан изтироб чекади. Бироқ унинг ушбу тўданинг буюк келажакка интилиш ҳиссини уйғотаётгани шикаста қалбига тасалли беради. Айни ана шу турга фойдаси тегадиган афзалликларни санаб ўтади. Буларга жамият руҳи, ижтимоий кайфият, беғаразлик ва бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамдардлик каби қатор омилларни киритади. Улардан энг баланд ва юқори турадигани – мустақил фикр, озод ва эркин тафаккур, ишонч ва ирода. Айни пайтда фикрларнинг мавҳумлиги, тафаккурнинг туманлашиши, ўртачалик, ҳамма нарсага мослашиш кайфиятининг ҳали-ҳамон мавжудлиги уни безовта қилади.

Улуғ аллома қалб ва туйғу орқали ҳаёт фалсафасини яратади. Умуман олганда, Нитше жаҳон фалсафий тафаккурига ҳаёт фалсафаси тушунчасини олиб кирган ва унинг илмий-назарий асосларини яратган. Нитше ҳаёт фалсафасини тушунишда санъатнинг роли ва мавқеи баланд, дейди. Шунинг учун у эстетик тафаккур, оламни бадиий-эстетик ўрганиш, инсоннинг интуитив имкониятлари ҳаётни англаш таянчи эканини алоҳида таъкидлайди.

Нитше инсонни “ўз қобиғига кириб ўтирган шиллиққурт”га ўхшатади. Уларнинг қалблари ҳам, танлари ҳам, ҳатто яшайдиган уйлари ҳам майдалашиб кетган. Улар ўз қобиқларидан бошларини чиқаришга қўрқади, янги эсган шабададан нафас олгиси келмайди. Бу эсган шабада янгилик шабадасидир. Умидлар шабадасидир. Ўзгартиришлар шабадасидир”[8], – дейди.

Нитше ана шу тарзда инсон ўзини ўзи такомиллаштириб боришга, ривожлантиришга, комил инсонга айланишга қодирми, – деган ғоятда оғир саволни ўртага ташлайди. Чунки бундай сифат ўзгариши учун ҳар қандай инсон ўзини ўзи ривожлантириш, камолотга эришиш қувватига эга бўлмоғи керак. Бундай қудрат эса ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Инсондан ўзини поклаши, ирода ва руҳ соғломлигига эришиши, кучли ички иштиёқ билан камолот сари интилиши тақозо этилади. Ана шу улкан маънавий-руҳий қудрат орқали инсон жонзотлар орасида ўзини ноёб гавҳарга, олий қадриятга айлантирмоғи мумкин бўлади.

Нитше инсоннинг ўзини ўзи уйғотиши, ўзини ўзи англаши ва ўз хатти-ҳаракатларини доимий равишда назорат қилиб, уни эзгуликлар томон буриш учун катта қалб кераклигини таъкидлайди ва қалб “энг олий ҳакамдир, Худо овозидир”, дейди. Бу билан Нитше инсон ахлоқий-маънавий меъёрларининг бош ўлчови, асосий манбаи қалб эканлигини таъкидлайди.

Нитше Зардушт тимсолида эркин ва озод инсонни кўради. Зардуштнинг устунлиги шундаки, у борлиқ устидан ҳукмронлик қилиш билан бирга ўзининг устидан ҳам ҳукмдорлик қилади, ўзини ўзи бошқаради, назорат қилади, баҳолайди, нуқсонларидан афсус-надомат чекади. Ана шу жиҳатлари билан Зардуштнинг ўзи том маънодаги юксак ахлоқ тимсолига айланади.

Инсон табиати шундай: у барча эзгуликларни ҳам, ёмонликларни ҳам ўзига ўзи яратади. Бу бевосита унинг ҳиссиёти, интеллектуал салоҳияти ва руҳий даражаси билан боғлиқ. Лекин энг баркамол инсон ҳам ўзи яратган муаммолар гирдобида яшайди. Бу ҳар бир кишининг ички олами маънавий ва руҳий темпераменти билан боғлиқ. Ташқи таъсир эса бошқа масала. У атроф-муҳит, жамият ва жамоа, алоҳида одамлар муносабатидан келиб чиқадиган муаммо ҳисобланади.

Инсонни буюк мақсад буюклик сари етаклайди. Қанчалик катта мақсад билан яшасанг, шунчалик улуғвор ишларни амалга оширишга интиласан. Мақсад қалбдаги ҳокимият туйғусини жонлантиради, ривожлантиради. Инсон ўзини ўзи бошқариш, йўналтириш имкониятига эга бўлади. Иллатларни камайтириб, фазилатларни кучайтиришда ички “буйруқ”, қатъий ирода қувватини намоён этади.

Мақсадсиз одамнинг ҳаёти мазмунсиз, зерикарли. Орзусиз, умидсиз одам ўз истиқболини кўролмайди. У мўрт, йиқилса туролмайдиган бедаво жонзот. “Олий одам” ана шундай бедаволикдан, мазмунсиз ва зерикарли ҳаётдан юқорида турадиган, инсон ҳиссиёти, таҳайюли ва тасаввуридан баланд (“сверхчувства”) хилқат. Унинг ҳиссиёти ва хаёлоти ўта пок, нур янглиғ бе­завол, бу дунёнинг барча неъматларидан мутлақо воз кечган, нурга йўғрилган маъво.

Умуман олганда инсон деган жонзотнинг қайси жиҳатларини, нимасини қадрлаш мумкин? Унинг бошқа жонзотлардан юқори турувчи томони нимада? Албатта, онг, ҳиссиёт, туйғу, ақл-заковат эгаси сифатида ўз ҳаётининг ўткинчилигини ва ўлим муқаррарлигини англашида. Инсон билан боғлиқ бўлган барча ўлчовлар, мезонлар, қадриятлар, ютуқлар ва таназзуллар умр деб аталган муддат оралиғида белгиланади ва баҳоланади. Катта қалб ва кучли руҳий қудратга эга бўлган маънавий юксак одам учун ўлим фожиа эмас, балки саодатдир. Чунки бундай одам ўз ҳаётининг ибтидосидан интиҳосигача қандайдир эзгуликлар қилган, яратган, бунёд этган, ўзидан нималарнидир мерос қилиб қолдираётган одамдир.

Ҳаётга интилиш, яшаш учун кураш инстинкти нафақат одамда, балки барча жонзотларда бор. Энг майда ҳашаротларда ҳам, паррандаю даррандаларда ҳам ўлим ваҳми, қўрқинч ва ҳадик, ўлимдан ўзини олиб қочиш, ундан ҳимоя қилиш сезгиси мавжуд. Улар ўзининг бамайлихотир юришига заррача халақитни, энг кичкина таҳдидни ўлимдан хабар сифатида қабул қилишади. Инсонда эса бу ҳолат бирмунча бошқача. Бунда ақл-зако, тафаккур ўз кучини кўрсатади. Бироқ ақл қанчалик кучли бўлса-да, энг ақлли инсон ҳам ўлим олдидан бирмунча талвасага тушади.

Кўпдан-кўп алломалар, жумладан, Афлотун, Ибн Сино, Азизиддин Насафий, Алишер Навоий ва бошқалар ўз қарашлари доирасида ўлим тушунчасининг анча чуқур ва кенг қамровли таърифларини яратдилар. Шунингдек, дунёвий динлар, жумладан, ислом ҳам ҳаётни танада вақтинча ўрнашган руҳ деб қарайди. Албатта, бундай ёндашувда ўлимдан сўнг жон танадан чиққач, руҳ сифатида мангуликка дахлдор бўладиган айланма ҳаракатини давом эттиради. Навбатдаги доиравий ҳаётни бошлайди. Жисм эса йўқолади. Аниқроғи, бошқа нарсага айланади.

Эпикур ўлим олдидаги қўрқувнинг маъносизлигини аниқ хулосаларда баён этади: “Ўлим биз учун ҳеч нарса эмас, зеро, ҳозирча тирик эканмиз, ўлим йўқ, у мавжуд бўлган вақтда эса биз йўқмиз”[9]. Бу реал воқелик ва юксак оптимистик руҳ билан суғорилган ғоя. Инсон ана шундай фикр билан яшасагина, буюк кашфиётлар қилишга қодир бўлади. Зотан, ўлимдан устун турувчи ирода, унинг таҳдидидан ғолиб бўлган ақл инсонни улуғлайди, шарафлайди.

Ҳайдеггернинг экзистенционализмида инсоннинг мавжудлиги, унинг ҳаётининг охири муқаррар ўлим билан якунланиши ғояси устуворлик қилади. Дарҳақиқат, ўлим инсоннинг ўз тириклигини англаш омили ва, албатта, ҳар қандай инсонда ўлим олдида қўрқув ҳисси, сесканиш туйғуси мавжуд. У ўзини вақти-вақтида намоён этиб туради. Фақат бу қўрқув, ҳадик ва сесканиш ҳисси ҳар кимда ҳар хил. Руҳан заиф одам уни кучли драматизм, фожиавий ҳодиса, интеллектуал кучли, маънавий етук одам эса табиий ҳолат сифатида қабул қилади. Чунки унинг руҳиятида катта ақлга таянган юксак оптимизм ҳукмрон бўлади.

Аслини олганда инсоннинг мавжудлиги олдида ўлим ҳақидаги қўрқув ҳеч нарса эмас. Чунки инсон кучли маънавий қудратга, катта руҳ ва мустаҳкам иродага эга бўлгач, бундай ҳадик туйғуларини енгади, қўрқув тўсиғидан осонгина сакраб ўтади. Бошқача қилиб айтганда, инсоннинг мавжудлиги, унинг дунёга келишининг, бу ёруғ оламдаги илк нафасининг ўзиёқ ўлимнинг муқаддимаси ҳисобланади. У ҳаёти давомида аста-секинлик билан унга яқинлашиб бораверади. Охир-оқибатда якуний нуқтага етади.

Рильке фикрига кўра, инсон аввал бошдан ҳаётлигининг ўзи билан ўзини ўзи ўлим қўрқувидан озод қилишга, ундан баланд туришга қодир бўлмоғи лозим. Ана шунда у муқаррар фанони ҳам қадрият деб тушунади ва ўзини ўзи шахсга айлантиради. Бу, Нитше ибораси билан айтганда, Олий одам тимсоли эди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фақат ўлим туйғуси туфайли инсон ўзининг мавжудлигини, тириклигини, ҳаётини тўкис ва бир бутун ҳис этади, англайди. Бу олий ҳақиқатни қадрият даражасига кўтара олади. Буюк файласуф Сартр ушбу нуқтаи назарни “романтик-идеалистик” қараш сифатида рад этади. “Биз ўз вазифамизни адо этишдан кўра эртароқ ўлиб кетамиз, аксинча ўлимдан ва ўз-ўзимиздан ортиқ яшай олмаймиз. Ўлим менинг имкониятим ҳисобланмайди, менинг дунёда бундан кейин ҳам мавжудлигимга чек қўядиган, ҳар қандай вақтда йўқ бўлиб кетиш имкониятим, бошқа имкониятларимнинг ҳеч нимага арзимас бўлиб қолиши… ва ҳоказо”[10], – дейди. Албатта, бу табиий ҳол. Инсоннинг ҳаётий орзулари катта, умидлари чексиз, у ҳаётдан ҳеч қачон қониқмайди ва тўймайди. Ўлим эса ҳақ. Романтик-идеалистик кайфият инсонга хос ҳодиса. Зотан, бу тирик жон тизгинсиз тахайюл, тасаввур ва тафаккур оқимида яшайди.

Ана шу тарзда инсон ҳаётининг аввали ва охири, ибтидоси ва интиҳоси оралиғидаги масофа, вақт умр деб аталади. Умрнинг қандай ўтиши эса ҳар кимнинг ўз қўлида, ўз ихтиёрида. Уни ҳар ким ўз ақли, маънавий-ахлоқий даражаси доирасида қуради, йўлга қўяди. Ўлим билан якунланадиган умрнинг мазмуни ҳам, моҳияти ҳам, жамиятдаги қадру қиммати ҳам бевосита ақлнинг даражаси билан баҳоланади.

Маърифатли, катта қалб, баланд руҳ билан яшайдиган одам учун ўлим даҳшат, қўрқув ёки ҳадик эмас, аксинча улуғ саодат. Чунки моддий олам билан видолашади, фано дунёсидан бақо салтанатига ўтади. У балки Аллоҳ муруввати билан жаннатнинг ғоят сафоли имкониятидан баҳраманд бўлар. Балки дўзахнинг туб-тубига тушиб абадий азобга, мангу шафқатсиз қийноққа дучор бўлар. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам – барча роҳату фароғат ҳам, азоб ва қийноқ ҳам Аллоҳ амри билан берилганлиги учун буюк саодатдир! Чунки маънавий юксак, мутлақ баркамол инсоннинг жойи, албатта, жаннат. Бироқ қайсидир гуноҳи учун дўзахга тушганини одам Олий Ҳақиқат ҳукми бўлганлиги учун ҳам муносиб ва саодат деб тушунадиган маънавий қудратга эга бўлмоғи лозим.

Байтнинг иккинчи сатрида эса конкрет ҳаёт, реал воқелик назарда тутилмоқда. Кимнингдир ўлими ким учундир шодлик, қувонч, бахтиёрлик имконияти. Бу энди маънавий ночор, руҳияти кемтик, қалби сўқир одам тимсоли.

Фақат яшаш учун, хусусан, яхши яшаш учун яшайдиганлар ҳам бор. Бундайларга қай йўсинда, қандай йўллар билан бекаму кўст яшаётганининг аҳамияти йўқ. Бугуни тинч, осуда, ташвишсиз, энг муҳими, бехавотир ўтса бўлди. Вақтини хушчақчақлик билан ўтказиш у учун байрам. Ваҳоланки, ҳаётида бундан бошқа мазмун йўқ. Ундайлар яхши яшайди, бироқ қадриятга айланолмайди. Инсон сифатида майда, ожизлигича қолаверади. Жамият томонидан эътироф этилмайди. Унинг умри ўзининг қобиғида мазмунсиз ва рангсиз ҳолатда ўтиб кетаверади.

Нитше: “Бизнинг қадриятимиз бизнинг мавжудлигимизда эмас, бизнинг ким бўла олганимизда”[11], – дейди. Дарҳақиқат, бутун борлиқ мавжудлик тимсоли. Жумладан, одам бу моддий борлиқнинг биттасигина, холос. У туғилди, демак, мавжуд, демак, яшаяпти. Энди ҳамма гап қандай яшашда! Ҳаётнинг мазмуни инсоннинг ўз мазмунини, моҳиятини қай даражада англаётганида. Ваҳоланки, фақат англашнинг ўзи камлик қилади. Инсон ўзини қай даражада англаса, яшаш мақсади ва моҳиятини қанчалик тушунса, уни рўёбга чиқариш учун ҳам шунчалик катта иштиёқ ва ирода билан курашиши керак бўлади. Ана шу ички иштиёқ ва эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган амалдаги фаолият – ўзига ўзи ҳокимлик ҳисси “Олий одам” сари олиб борадиган имконият ҳисобланади. “Олий одам”га айланиш эса “Инсонга хос, фақат инсонгагина хос”[12] кўпдан-кўп жиҳатлардан – манфаатлардан ва нафс хуружидан батамом халос бўлишни, моддийликдан руҳий сарҳадларга ўтишни тақозо этади. Бу эса хаёлга, ҳатто, тасаввурга ҳам сиғмайдиган, “Эзгулик ва ёвузликнинг нариги томонида”[13] юз берадиган ҳодиса. Унга фақат интилиш мумкин, холос.

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 6-сон

[1] Қаранг: Мальцев В.А. Основы политологии. – М.: ИТРК. РСПП, 1997. стр.-224.

[2] Қаранг: Спиркин А.Г. Философия. – М.: Гардарики, 2007. стр.-165.

[3] Румянцева Т.Г. Фридрих Ницше. Мыслители ХХ столетия. – Минск: Книжний дом, 2008. стр.-137.

[4] Қаранг: Янги ва энг янги давр Ғарбий Европа фалсафаси. – Т.: Шарқ, 2002. 198-бет.

[5] Спиркин А.Г. Философия. Гардарики. – М.: 2007. стр.-166.

[6] Нитше Ф. Зардушт таваллоси. – Т.: Янги аср авлоди, 2007. 208-бет.

[7] Нитше Ф. Зардушт таваллоси. – Т.: Янги аср авлоди, 2007.189-бет.

[8] Ғарб фалсафаси. – Т.: Шарқ, 2004. 550-бет.

[9] Қаранг. Философский энциклопедический словарь. – М.: Инфра-М, 1997.

[10] Ўша манба.

[11] Спирбекк Г., Гилье Н. Фалсафа тарихи. – Т.: Шарқ, 2002. 543-бет. Нитшенинг шу номли асарларига ишора.

[12] Нитшенинг шу номли асарига ишора.

[13] Нитшенинг шу номли асарига ишора.