Маҳкам Маҳмудов. Форобий ва Арасту “Поэтика”си

http://n.ziyouz.com/images/forobiy.jpgУстози аввал Арастудан сўнг Устози Соний деб танилган Абу Наср Муҳаммад Форобийнинг адабий-эстетик қарашлари унинг “Ихсо-ул-улум” (“Илмларнинг хосиятлари”), “Хитоба” (“Риторика”), “Мусиқада оҳангдошлик”, “Шеър санъати”, “Шоирлар санъати қонунлари ҳақида”, “Фозил одамлар шаҳри аҳолисининг фикрлари”, “Афлотун фалсафаси”, “Арасту фалсафаси” каби асарларида баён этилган.

Форобий “Ихсо-ул-улум” асарида (бу асарни “Илмларнинг келиб чиқиши” — “Ҳудусу-л-улум”га адаштирмайлик) шеърият ҳақидаги қисқа мулоҳазаларини китобнинг тилшунослик ва мантиқ қисмларида келтиради. Аллома бу рисолада шеърий тафаккур қоидаларини тилшунослик нуқтаи назаридан тушунтиради. Форобий фикрича, шоир она тилининг лексик-семантик бойлигини, Алишер Навоий ибораси билан айтсак, маънолар хазинасини яхши билиши зарур.

Форобий фикрича, инсон фикр-мулоҳазалари беш турлидир. 1. Далил, бурҳонли (муғолата – ғалат, хато қилувчи, янглиштирувчи). 2. Жадалий (диалектик). 3. Суфастоий (Софистик).4. Хитобий (риторик). 5. Шеърий (поэтик) фикр-мулоҳазалар фарқланади.

“Инсонларнинг маъқулоти (ақлий тушунчалари), илмлари ва санъатлари (касб-ҳунарлари) шу қувват ила қўлга киритилур. Ашёнинг (нарсанинг) жиддий (диққат ила) тадқиқи шу қувват билан, гўзал ва чиркин ишлар шу қувват ила фарқланур.(” Муҳаммад Форобий. Илмларнинг сойими. Milliy egetim basimevi. Istanbul). 1986, Б.75.

Шундан сўнг Форобий далил-бурхонли фикр, жадалий (диалектик) фикр, суфастоий (муғолата, ғалат, хато қилувчи, янглиштирувчи) фикр, хитобий (риторик) фикрлар ва шеърий тушунчалар ҳақида алоҳида таърифлар, изоҳлар тушунча беради.

“Шеърий сўзларга келсак, — дейди мутафаккир, — улар суҳбат вақтида тилга олинган нарсани ва ё ҳолатни, афзаллик ёки камликни янада аниқроқ, равшанроқ тасвирлаш, кучайтириш учун қўлланилади. Бу ҳам (шеърий тафаккур ҳам) гўзаллик ва чиркинлик, юксаклик ва тубанлик (олчоқлик)ни ёки шу каби (ҳаёт ҳодисаларини) тасвирлашдир”.

Форобийнинг “Шеър китоби”даги мана бу сўзлар ҳам “мимесис” — тақлид ҳақида айтилган:

“Байтлардаги сўзлардан тушуниладиган маънолар ўша сўз бораётган (ҳинд поэтикаси “Дханвялока”да ифодаланиши керак маъно ва ифодаланган маъно дейилган) нарса ва ҳодисаларга ўхшайдиган — тақлидий бўлмоғи керак”. (Форобий. “Шеър санъати”,) Т. 1979, 13-бет).

Муҳаммад Форобий бу ерда Арасту “Поэтика”сини шарҳламаётган бўлса-да (мазкур фикрлар “Поэтика” шарҳида янада чуқурлашади), “Илмларнинг хосиятлари”да шеъриятнинг асосий қонунияти, тамойили — “мимесис” (ҳаётга ўхшатиш-тақлид санъати) эканлигини тасдиқламоқда.

“Шеърий сўзларни ҳис этган вақтимизда, — дейди Муҳаммад Форобий “Илмларнинг хосиятлари” асарида, — руҳимизда ҳосил бўлган хаёл (тасаввур) нинг ўхшаши тасвирланган бўлса, гўё ўша (шеърдаги) ўхшаш нарсанинг ўзини кўргандай ҳис қиламиз ўзимизни”.

Форобий бу фикрини янада чуқурлаштириб, бундай дейди: “Агар биз шеър-да хушланмайдиган (ёқимсиз) нарсанинг тасвирини ўқиб, кўз олдимизга келтирсак, бу хунук нарса фақат сурат (хаёлий) эканлигини билсак ҳам, руҳимизда унга нисбатан нафрат, жирканч ҳислар уйғонади ва ундан узоқлашгимиз келади.” Шу ўринда Форобий шеърда тасвирланган (севинчли ёки қайғули) манзара, ҳолат ҳаётда худди шу ҳолда бўлмаслигини билсак ҳам, шеърий сўз таъсирида, ўша воқеа, ҳолат шоир (рассом) тасвирлаганидек бўлган, деб ишонамиз, дейдики, бу адабий-назарий фикр ҳам шеър санъати табиатини тушуниш учун жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Мутафаккир бунинг сабабини қуйидагича тушунтиради:

“Одамлар кўпинча ўз мулоҳаза-ўйлари ва илмий билимларига қараб эмас, балки ўз тасаввурлари бўйича иш қиладилар, гарчи қилаётган иши ўй-мулоҳаза ва илмий билимларига зид келса ҳам. Одатда суҳбатли томошаларда нарсаларни ёки иш-ҳаракатга ўхшаш ҳолатларни тасаввур қилганида шу ҳолатларга тушади.”

Бу ерда Форобий “суҳбатли томошалар” деб, юнон трагедияларини назарда тутади. Актёрлар мужассамлантирган, қаҳрамонларнинг характерларини очувчи нутқи, диалогларини у “суҳбатли томошалар” деб атаган. Форобийнинг одамлар кўпинча “ўй-мулоҳаза ва илмий билимлари билан эмас, тасаввурлари билан ҳаракат қиладилар”, деган фикрини янада аниқ равшан тушунтириш учун, айтиш керакки, одамлар ақлий фаолиятда, илм-фанларда ва санъат, касб-ҳунарда ўй-мулоҳаза, ақлий билимларни ишга соладилар, лекин махсус ҳис қилинадиган, эстетик идрок этиладиган олам, ҳаётий воқеа, ҳодисаларини тушунишда тасаввурларга асосланадилар. Бу фикр илм-фанга эмас, балки нафис санъатга, поэзияга тааллуқлидир.

Муҳаммад Форобийнинг юқоридаги мулоҳазалари Арасту “Поэтика” асарида шеърият ҳақида айтган фикрларига ҳамоҳангдир: “Поэтик санъатнинг келиб чиқишига очиқ-ойдин иккита сабаб бўлиб, иккаласи ҳам табиийдир. Биринчидан, тақлид, ўхшатиш инсонга болаликдан хос бўлган хусусият. Инсон бошқа мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эгалиги билан ҳам фарқланади. Ҳатто дастлабки билимларни у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди”. (Арасту. Поэтика. Ахлоқи кабир. Т. Янги аср авлоди. 2004. С.23,24).

Демак, Арасту фикрича, поэзия санъатининг келиб чиқишига биринчи сабаб — одамлар болалик чоғларидан тақлид, ўхшатишга, воқеа, иш, ҳаракатларни қайтадан жонлантиришга, тасвирлашга мойиллигидадир. Бу фикрни янада аниқлаш учун айтиш керакки, бундай қобилият бировда заиф, бировда (рассомлар, шоирларда) кучли бўлади ва у туғма истеъдод деб аталади. Иккинчи сабаб, Арасту фикрича, одамларнинг тасаввур қувватидир. У ҳам истеъдод бўлиб, турли одамларда турличадир.

Муҳаммад Форобий шеъриятнинг келиб чиқишига доир учинчи сабаб ва манбани ҳам кўрсатади: “Баъзи халқларда олдин нағма — куй яратилиб, кейин унга ҳамоҳанг қилиб, шеър боғлайдилар. Бунда шеърнинг бўлаклари куйга боғлангани учун худди баъзи бир ҳарфлар-товушларга ўхшаб қолади”. Бу ерда Форобий шеърнинг бўлаклари-туроқлари, радифи, қофияси товушларга ўхшаб қолади деб, куйга, мусиқага ўхшашлигини айтмоқда. Алишер Навоий ғазалларининг кўпчилиги “Шашмақом” куйларига мувофиқ келиши Форобий фикрининг ҳақиқатлигини исботлайди.

Кўзунгга тани нотавоним фидо,
Равонбахш лаълингга жоним фидо.
Жунуним ва ақлим ғаминг садқаси,
Ки оллингда яхши-ямоним фидо…

Бу ерда сўз маънолари куйга, мусиқага, мусиқа эса сўзга, маънога айланганини кўрамиз.

Форобийнинг мана шу сўзларида ҳам шеърда мусиқийлик, оҳангдорликни кучайтиришнинг элементар, шаклга доир қоидалари баён қилинган:

“Шеър байтларининг ҳар бўлагидаги вазн тартиби билан бошқа қисмдаги тартиб ҳамоҳанг бўлмоғи керак. Натижада шеърнинг ҳар бир бўлаклари бир-бирига баробар вақтда ўқилади”. Форобийнинг бу сўзлари шеър ритмикаси ва уйғунлигини таъминлашда миқдорларнинг аҳамияти ҳақида пифагорчиларнинг таълимоти тўғри эканлигини кўрсатади. Шеърда агар байтлар, вазн, ритм миқдорда бир хил, ўхшаш бўлмаса, шеър оҳанги бузилади.

Муҳаммад Форобий мимесис — тақлид фақат шеъриятдагина эмас, риторикада – нотиқлик санъатида ҳам мавжудлигини айтар экан, шеърда ва драмада тақлид-ўхшатиш зарурий шарт бўлса, нотиқлик санъатида тақлид – актёрдай образга кириб, нутқни жонлантириши каби асосий эмас, ёрдамчи восита эканлигини тушунтиради. Қадимги Юнонистонда кўпчилик шоирлар моҳир нотиқ, баъзи нотиқлар эса шоир бўлганлар.

Муҳаммад Форобийнинг қуйидаги фикрлари ҳам Арасту “Поэтика”сига ҳамоҳанг: “Нарсаларга тақлид этиш: ҳам феъл билан, ҳам мулоҳаза билдириш (сўз санъати) йўли билан амалга оширилади. Феъл билан юзага келадиган тақлид-ўхшатма икки турли:

1. Инсон ўз қўли билан бирор нарсага ўхшаган шаклни ясайди, чунончи инсон бировнинг тимсолини ишлаб (тасвирлаб), уни муайян бир кишига ёки бошқа бирор нарсага (дарахт, тоғ, ўрмон, оҳу, арслон, от ва ҳоказоларга) ўхшатмоқчи бўлади”.

Форобий бу ерда рассомлик ва ҳайкалтарошлик санъатини назарда тутади. Чиндан ҳам рассом, мусаввирлар рангтасвирда ҳаёт манзараларини, одамларнинг турли ҳолатларини, қиёфаларини, характерларини кўрсата оладилар. Ҳайкалтарошнинг иши (тош йўниш қийинроқ бўлгани учун уларнинг тасвирлаш майдони) чекланганроқ. Лекин, давлат сиёсатида ҳайкалнинг мартабаси баландроқ, чунки фақат ватан учун қаҳрамонлик кўрсатган, буюк ишлар қилган шахсларга бронза, мис ёки мармардан ҳайкал қўйилади ва бу асарлар неча минг йиллар ўтса ҳам йўқолмайди.

2. “Ёки бўлмаса, инсон бирор бошқа одамнинг хатти-ҳаракатига ўхшаган ҳаракатлар қилади.” Форобийнинг бу фикри комедия ва трагедия актёрлиги, қисман рақс ҳамда муқаллидлик санъати ҳақида айтилган. Чиндан ҳам актёр саҳнада асар қаҳрамони руҳиятига кириб, ўша тасвирланаётган инсондай шодланади, қайғуради, севади, нафратланади, тасвирланаётган қаҳрамоннинг яхши ёки ёмон феъл-атворини ўхшатиб кўрсатади. Актёр саҳнада ҳаётдаги қаҳрамонга ўзини нақадар ишонарли ўхшатолса, яъни аниқ-равшан тақлид қилолса, у шунчалар истеъдодли ҳисобланади.

Аниқроқ айтганимизда, мусаввирлар, шоирлар, адиблар ва актёрларнинг ўз қаҳрамонларига тақлиди бошқа ҳодиса, бир шоир ё мусаввирнинг бошқа шоир ё мусаввирнинг услубига тақлид қилиши бошқа ҳодисадир. Биринчи тақлид – санъаткорликни, иккинчиси — салбий маънони, истеъдод камлигини билдиради.

Шеърий нутқда ҳам нотиқлар ижтимоий, фалсафий, илмий фикр-мулоҳазаларни билдириши мумкинлиги ҳақида Форобий бундай дейди: “Кўпчилик шоирлар (ҳамда нотиқлар) ўз (илмий) фикр-мулоҳазаларини бошқаларда қаноат ҳосил бўладиган даражада ифодалашга туғма қобилиятли бўладилар. Улар ўша қониқарли мулоҳазаларини шеърий йўл билан ифода этганлар. Бунинг оқибатида булар кўпчилик наздида шеър билан битилгани учун уни шеърий асар сифатида қабул қилганлар. Аслида у хитобий бир мулоҳаза бўлиб ўша шоирларнинг шеърий йўлдан чекиниб, хитобий (риторик) йўлга майл этганлари эди, холос.”

Арасту эса бу ҳодисани бошқача тушунтирган. Унинг фикрича, Ҳеродотнинг “Тарих” китоби агар шеърий йўлда ёзиб чиқилса ҳам, у шеърий асар бўлмай, тарихлигича қолади. Бу ҳодисага Абу Али Синонинг тиббиётга доир бир нечта уржузалари (ражаз баҳрида ёзилган тиббий достонлар) яхши мисол бўлади. Мазкур уржузалар шеърий йўл билан ёзилса ҳам, улар поэзия эмас, балки тиббиётга доир асарлардир.

Лекин, биз биламизки, қадимги Юнонистон ва Рим адабиётида Арастунинг (ва Форобийнинг ҳам) фикрига янгилик киритувчи адабий ҳодисалар вужудга келган. Бу — Феокрит буколикалари ва идиллиялари, Вергилий георгикалари, Лукреций Каррнинг “Нарсалар табиати” поэмасидир. Император Октавиан Август таклифи ва буюртмаси билан даҳо шоир Вергилий мамлакатда қонли уруш вайронгарчилигини тугатиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида бунёдкор деҳқонларнинг меҳнатини улуғловчи шеърлар ёзди. Бу шеърларни ёзишдан аввал Вергилий тажрибали, миришкор деҳқонлар ва боғбонлардан далада мўл ҳосил олиш учун қандай ишлар қилиш кераклигини яхшилаб ўрганди ва уларнинг тажрибаларини шеърий йўлда ифода қилди. Лукреций Карр поэмасида, эллинизм даври Искандария шоирларининг эпиллиялари (кичик поэмалари)да санъат ва илм биргаликда ёрқин ифодасини топди.

Муҳаммад Форобийнинг мана бу фикри эса бадиий насрга тааллуқлидир:

“Борди-ю, сўзлар бирор нарсага тақлиддан ташкил топган бўлса-ю, лекин улар бирор оҳанг билан вазнга туширилган бўлмаса, ундай тизма сўзлар шеър саналмайди, балки бундайлар шеърий мулоҳаза деб юритилади”. (Форобий. Шеър санъати. Т. 1979, с.14).

(Бу ерда поэтик сўз, проза маъносида)

Арасту эса “Поэтика”да бошқачароқ фикр юритган: “Бироқ вазнли сўз ёрдамида (яъни, тақлидсиз, фақат сўз ёрдамида) ёхуд яланғоч (вазнсиз ва ўхшатишларсиз) сўз ёрдамида тасвирлаш санъати ҳозиргача таърифланмай қолаётир… Шундай экан, биз Софрон ва Ксенарх мимларига ҳам, Суқротона суҳбатларга ҳам умумий ном беролмаймиз” (Арасту. Поэтика. Т. Янги аср авлоди. 2004. с.21.)

Бу ерда Суқротона суҳбатлар деб, Арасту диалоглардан, суҳбатлардан ташкил топган Афлотун насрини кўзда тутмоқда. I аср муаллифи Лонгин “Юксаклик ҳақида” асарида Афлотун диалогларини бадиий асар ва сўз санъатининг юксак намунаси деб ҳисоблайди.

“Юксаклик ҳақида” асарида шеъриятдаги муболағалар, бадиий насрда, хусусан хитобий нутқда ярашмаслиги айтилади: “Ҳаётийлик ва ҳаққонийлик насрий асарларда — жуда гўзал фазилатдир. (Бадиий) наср орасида келадиган (лирик) чекинишлар, шеърият шаклига ўтишлар хунук ва нотабиийдир, улар тасвирни ҳаётийликдан узоқлаштиради, баъзан эса ақл бовар қилмайдиган воқеаларга ботиб қолади”. Аслида бадиий насрда ҳам меъёр сақланган ҳолда поэтик, лирик чекинишлар бўлса, зарар қилмайди. Бундай чекинишларда муаллиф асарда тасвирланаётган воқеа-ҳодисалар ёки муаммолар ҳақида шахсий фикрларини, қайғуси, шодлиги ёки нафратини билдириб туради. Бу эса тасвирнинг ҳаққонийлиги, ҳаётийлигини оширади. Бу борада, масалан, А.С.Пушкин ва Байрон поэмаларида, А.П.Чехов, М. Булгаков, А.Қодирий асарларида, ўзбек шоирлари Ойбек, Ҳамид Олимжон достонларида ҳам воқеа, руҳият тасвирлари (тақлид-тасвир)лар орасида муаллифларнинг лирик чекинишларини кўрамиз.

Н.В.Гоголь “Диканка қишлоғи оқшомлари” туркумига кирувчи “Рож-дество (Мавлуд байрами) арафасидаги кеча”, “Миргород” туркумига кирувчи “Эски замон помешчиклари” қиссаларида, “Ўлик жонлар” романида ана шундай лирик чекинишлар қилади.

Форобий даврида (IX – X асрларда) бадиий насрнинг роман тури тараққий этмагани учун ва қадимги юнон романлари достон шаклида, шеърда ёзилгани учун (Алишер Навоий “Хамса”сидаги “Ҳайратул-аброр”дан бошқа тўрт достонларни ҳам шеърий роман дейиш мумкин), мутафаккир юқоридаги фикрининг давомида ўша тақлид-ташбеҳ, лирик чекинишларни илмий мулоҳазалар орасидаги поэтик, шеърий мулоҳаза деб билади.

“Демак, — деб ёзади Форобий, — исботда — илмий далил, тортишувда — умум фикри (тубиқа-топика), хитоба (риторика)да — ишонтириш қанчалик аҳамиятли бўлса, шеъриятда хаёл ва тасаввур (образ, манзара) шунчалик зарур бўлади”.

Муҳаммад Форобий шу асарида шоир, адиб асаридаги хаёл ва тасаввур қилинган сурат, манзара, образ, характер тавсифи билан китобхон, ўқувчининг ҳаётий қарашлари, билими, ахлоқий, маънавий савияси ўзаро мувофиқ келиши ҳам, мувофиқ келмаслиги ҳам мумкин, дейди.

Масалан, соф виждонли, иймонли одам тасаввурида, жабр-зулм ё ўғрилик оғир гуноҳ, тубанликдир. Виждонсиз, нопок, золим, ўғри бўлса, ўз гуноҳларини, золимлиги, ўғрилигини ишбилармонлик, уддабуролик, ақллилик деб тасаввур қилади.

Бундан хулоса чиқадики, одамларнинг феъл-атворини тузатиш, ёвузликдан, жабр-зулмдан қайтариш учун уларнинг хаёли, тасаввурларидаги хатоларни тузатиш зарур. Яъни, уларни ёшлигидан (ҳали ёвуз ва золим бўлмасидан аввал) гўзаллик, адолат, бағрикенглик, ватанни севиш, камтаринлик, меҳнатсеварлик, мардлик, меҳр-шафқат, олижанобликни буюк неъматлар, фазилатлар сифатида севишга, ўша фазилатлари ўзида бўлса ҳам бошқаларда (дўстларида, ота-оналарида, юртдошларида бўлса ҳам, қадрлашга ўргатиш зарур. Адабиёт ва санъат инсонларга фақат ҳузур-ҳаловат, эстетик завқ бериб қолмай, маърифат ва маънавиятни эгаллашга ҳам ёрдам бериши зарур.

Муҳаммад Форобий бадиий асарда қаҳрамонларнинг характерлари қандай очилиши ҳақида ҳам фикр юритиб, бундай дейди: “Бадиий асарда тасвирланган инсоннинг феъл-атвори кўпроқ ўзининг хаёлларига (яъни, ҳаёт ҳақидаги тасаввурларига) боғлиқ бўлади. Булар кўпинча (адиб, шоирнинг) билими ё андишасига боғланади”. Бу фикрни турлича тушуниш мумкин. Бизнингча, Форобий бу ерда шуни айтмоқчики, адиб, шоир, рассом (тақлидчи, тасвирловчи)нинг хаёллари (ҳаёт, одамлар ҳақида тасаввурлари), билими, фикр-ўйлари бадиий асар қаҳрамонининг феъл-атворига, характерига таъсир кўрсатади. Маънавий баркамол, етук-даҳо ижодкорларнинг асарларида қаҳрамонлар ҳам (агар у идеал ёки ижобий қаҳрамон бўлса) жасур, адолат ва ҳақиқат, озодлик учун курашувчи бўлади.

Мабодо мана шу етук адиблар, шоирлар, рассомларнинг қаҳрамонлари адолатсиз, тубан феъл-атворли бўлса ҳам — ҳаётий чиқади. Форобийнинг қуйидаги фикри шу ҳақда деб ўйлаймиз: “Аммо шуниси ҳам борки, кўпинча унинг (ижодкорнинг билими ва андишаси хаёлидаги нарсаларига (яъни, тасвирланаётган нарсаларга, эҳтимол, тубан феъл-атворли қаҳрамонларнинг қилмишларига) тескари келиб ҳам қолади. Бундай пайтларда у (ижодкор) ўз феъл-атвори, ўз билими ва андишасига кўра эмас, балки (ўша тасвирланаётган одамлар, қаҳрамонларнинг) хаёлига кўра иш тутади”. Бизнингча, бу ерда ҳозирги адабиётшунослик тараққиёти давридан минг йил аввал Форобий бадиий асарда характерларнинг ўз феъл-атвори, тасаввурларига, ҳаётий қарашларига кўра, мустақил ҳаракат қилишини тушуниб етган.

Форобий “Шеър санъати” асарида яна поэтик ғоя, ижодкор мақсади ва бадиий адабиётнинг ҳаётга кўрсатадиган таъсири ҳақида, Н.Г.Чернишевский таъбирича, санъатнинг воқеликка эстетик муносабатлари ҳақида фикр юритади: “Бас, шундай экан, хаёлга келган сўзлардан фойдаланиб ёзилган асардан кузатилган мақсад ҳам эшитувчини (бу ерда бахши, рапсоддан достон эшитувчини назарда тутади, биз китоб ўқувчи десак ҳам бўлади) асардаги хаёлий нарса (образ, характер) таъсирида унинг хаёлига келган нарсани (қаҳрамонлик ишларини, достон бўлса) қилишга ундашдан иборат бўлади. (Тингловчи, ўқувчида) унинг қаҳрамон хаёлига келган нарсага (масалан, чин муҳаббатга ё истаган нарсалардан бирига (масалан, достон қаҳрамони камон ўқини узоқдаги нишонга — узук кўзига бехато уришига) интилиш, ё бўлмаса (агар ёмон, тубан қилмишлар тасвирланган бўлса) ундан қочишдан, (агар яхши, эзгу ишлар тасвирланган бўлса) унга берилиш, ва ё бўлмаса уни (тубан, салбий қаҳрамонни) ёмон кўриш, ё (характери номаълум, сирли қаҳрамон бўлса) ундан ёмонлик ё яхшилик кутиш каби ишлардан иборат ҳислар пайдо бўлади”. (Форобий. Шеър санъати. 19-20-бет). Форобийнинг мана бу фикрлари драматик актёрнинг ҳаётдаги яхши ёки ёмон одамларни тақлид қилиб кўрсатиши томошабинларда қандай таассурот қолдириши ҳақида: “Агар киши бирор нарсага назар солса (саҳнада золим, ёвуз одамни кўрса), у нарса унинг хуш кўрмайдиган нарсасига ўхшаган бўлса, у ҳолда унинг (томошабин) тасаввурида ўша заҳотиёқ бу нарсага нисбатан хуш кўрмаслик ҳисси пайдо бўлади. Шу билан ҳалиги киши у нарсадан (золим ва ёвуз одамлардан) ўзини авайлаб, асраб, четлашиб юришга уринади”. (Ўша асар, 18-бет). Бу билан Форобий санъат асарида тасвирланган образлар салбий ёки ижобийлигидан қатъи назар, халқ учун ибратли, тарбияловчи хусусиятга эга бўлишини билдиради.

* * *

Муҳаммад Форобий ўзининг – “Шоирлар санъати қонунлари ҳақида” рисоласи Арасту “Поэтика”сига шарҳ эканлигини айтади. Форобийнинг илк мулоҳазаларидан кўринадики, у Арасту “Поэтика”сининг фақат бир қисмини, бошқа ўринларда эса унинг “Софистларга раддия ва “Синоат ал-муғолатайн” (“Софистларнинг сирлари”) асарларидаги шеъриятга доир айрим ўринларни шарҳлайди.

Бизнингча, Форобийнинг қўлида Арасту “Поэтика”сининг чалароқ нусхаси бўлган. Бунинг учун Форобий рисоланинг бошланишида ўқувчисидан узр сўрагандай: “Ҳаким Арасту ўзининг шундай фазилати ва даҳоси билан тугатиб қўйишга жазм қилмаган бир ишни биз ниҳоясига етказишга интилишимиздан кўра, бу санъатда фойда берадиган ва ҳозирги замонда (Форобий давридаги шеъриятга доир асарларда) учрайдиган қонун-қоидалар, мисол ва мулоҳазалар билан чеклансак яхшироқ бўлур эди”, дейди.

Арастучи ва мантиқчи олим сифатида Форобий шеър санъатини ҳам мантиқ илми нуқтаи назаридан тадқиқ этади. У барча фикр-мулоҳазаларни турларга ажратиб, таснифлар экан, таснифларнинг ҳам турли хилларини келтиради. “Биз деймизки, лафз – сўзлар ё бирор маънони билдиради ё билдирмаслиги ҳам мумкин”. Форобий маъно билдирмайдиган ёки маъносиз сўзлар қайси сўзлар эканлигини айтмайди. Эҳтимол, у маъно билдирмайдиган сўзлар деб, нарсаларнинг фақат исмларини, морфологик (сўз туркумлари) бўлимига доир булут, сув, нон, буғдой сўзларини ёки “билан”, “ва”, “лекин”, “бироқ” каби боғловчи ёки ёрдамчи сўзларни айтмоқчими? Лекин, Форобийни ҳам, бизни ҳам маъно билдирувчи сўзлар қизиқтиради. Форобий ёзади: “Маънони билдирувчи сўзлар содда ва мураккаб бўлади”. Бу тушунарли. Мураккаб сўзлар бирор мулоҳазани англатади ё англатмайди. Яна савол туғилади: Мулоҳазани – фикр-ни англатмайдиган мураккаб сўзлар қайси сўзлар экан? Эҳтимол, бу сўзлар фикрни эмас, нарсанинг бор-йўқлигини ёки қандайдир сифатини ёки нималигини англатар?

Форобий фикрини давом эттиради: “Мулоҳаза (фикр) англатадиган сўзларнинг қатъий – жазмлилиги (арабча-жозим) ва жазмсизи бўлади (рус тилида – категоричные и некатегоричные). Масалан; Эртага қор ёғади (Жазмли – қатъий фикр). Эртага қор ёғиши мумкин (Жазмсиз, эҳтимолли фикр). Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади”. (Бу ерда Форобий ёлғон фикр деб, образли, ташбеҳли, муносабатли фикрни айтмоқчи).

“Ёлғонларидан баъзилари, – дейди Форобий, – эшитувчилар зеҳнига (достон эшитувчилар ёки театр томошабинлари, Шарқда ҳам қадимги замонларда дорбозлар ўйини билан бирга халқ театрлари бўлган) уни англатадиган маъно билан бирга ўрнашиб қолади. Бошқалари эса (яъни, ёлғон бўлмаган бадиий тасвирлар) уларнинг онгида нарсаларнинг ўхшаши – акси (тасвири) билан ўрнашиб қолади. Мана шу нарсалар тақлидлар – шеърий мулоҳазалар саналади”.

Бу жумлада муҳим аҳамиятга эга бўлган “нарсаларнинг ўхшаш-акси” сўзларига атоқли форобийшунос олим Абдусодиқ Ирисов бундай изоҳ беради:

(Арабча) матнда ўхшатиш, акс этиш муҳокия сўзи билан ифодаланган. Бу истилоҳий маънода (яъни атама сифатида) тақлид қилишга (мимесисга – М.М.) тўғри келади. Қадимги ҳар бир бадиий асар, шеър (сюжетли) ё ҳикоя, ё драматик асар одатда тўқима бўлмаган, ҳаммаси ҳаёт воқеалари асосида битилган. Шунинг учун ҳаётда одамларга ўрнак бўладиган ҳар бир воқеа – ҳодисага намуна сифатида қаралиб, буни адабиётда акс этгани, яъни шеър ё ҳикоя тақлидий адабиёт дейилган. Лекин тақлид адабиётда воқеликни чинакам акс эттириш орқали ҳақиқат юзага чиқарилган. Бизда жанр сифатида қараладиган “ҳикоя” сўзи арабчада акс, тақлид, ўхшатма деган маънога бориб тақалади.

Таржимон Абдусодиқ Ирисов шарҳи Арасту ва Форобий айтган тақлид – мимесис, аввал айтганимиздай, ҳаётни акс эттириш, тасвирлаш маъносини билдиради. Қадимда ҳаракатга тақлид санъат ҳисобланган.

Арасту “Поэтика”сида айтилган, поэзия санъатининг асосий тамойили – ҳаётга ўхшатиш маъносидаги тақлид-мимесис ҳодисасини Форобий шундай тушунтиради. У, поэзия санъатини ҳаётни акс эттириш деб биладики, бу ҳозирги поэтика назариясига ҳамоҳангдир. Лекин, шеърият – поэзияда ҳаётни акс эттиришнинг турлича даражалари борлигини Форобий бундай тушунтиради: “Мана шу акс-ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли бўлади”.

Шеъриятда, умуман санъатда ҳаётни акс эттиришдаги мукаммал ва нуқсонли даражаларни ким аниқлайди, деган савол туғилади. Форобий шундай ёзади: “Уларнинг мукаммаллиги ё нуқсонли эканини аниқлаш шоирлар ва турли-туман, тил ва луғатлардаги (фикрларни ва) шеъриятни ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради”. Форобий даврида ҳали махсус адабиётшунос олимлар ажралиб чиқмаган, у вақтларда адаб олимлари ўн икки соҳани яхши билишлари керак эди.

Муҳаммад Ғиёсиддин асари – “Ғиёс-ул-луғат”да адаб илмларининг турлари айтилган:

1. Сарф илми – сўз ясалиши қоидалари (морфология).

2. Иштиқоқ илми – жумла тузиш қоидалари (синтаксис).

3.Луғат илми – турли тилларга доир луғатлардан фойдаланиш қоидалари.

4. Баён илми – фикрларни чиройли баён қилиш. Бунда ташбеҳ, истиора, муболаға, мажоз, киноя санъатлари, яъни илми баденинг бир қисми ўрганилади.

5. Маоний илми – фасоҳатли, чуқур маъноли сўзларни топиб, ишлатиш.

6. Бадеъ илми – бу соҳа баён ва маоний илмлари таркибида ўрганилади.

7. Наҳв илми – бунда асосан араб тили грамматикаси ўрганилган.

8. Аруз илми – шеърият вазнлари ва баҳрлари ҳақида.

9. Қофия илми – аруз илмининг бир қисми.

10. Илми нақди шеър ёки илми тақриз – мумтоз шеърият тарихи ва шеърият танқидчилиги.

11. Иншо илми – назмда ва насрда ижод қилиш қоидалари.

12. Хат ёки китобат илми – бунда хат ёзиш қоидалари ва усуллари ўрганилган.

Шарқ мутафаккирлари ёшлик чоғларидан бошлаб адаб илмларини ўрганиб бўлгач, кейин ўз истеъдоди, қобилияти, қизиқишига мувофиқ махсус илм соҳаларини ўрганишга ўтганлар.

“Кашф-уз-зунун” муаллифи Котиб Чалабий (Ҳожи Халифа) адаб илмларининг ўн беш турини кўрсатган: нафс адаби, хат, луғат, тасриф (сарф), иштиқоқ, наҳв, маоний, баён, бадеъ, аруз, қавофий (қофиялар), тақриз, масал, давовин ва иншо. (Давовин – девон тузиш илми бўлса керак.) Кейинроқ, тарих, география, фалсафа – ҳикмат, тарих (бирор асар ёки иншонинг битилган вақтини санъаткорона айтиш) илмларини ҳам адаб соҳасига киритганлар. Шулардан сўнг ёки бир вақтнинг ўзида калом, тафсир, ҳадис илмлари ўрганилган. Устоз Алибек Рустамий адиб илмларининг 12 тасини кўрсатади.

Муҳаммад Форобий фикрича, шеъриятда ҳаётнинг тасвири, акс – ўхшашликларда ҳам муболаға, ташбеҳ, фавқулодда ўхшатиш (лофлар) бўлса ҳам (“боши осмонга етди”, “тўқсон қўйнинг терисидан ковуши”, “фуқарога шоҳ эрур аждаҳо” – Фирдавсийда ва Навоийда) уларни муғолата – софистика дейилмайди: “Лекин, бундан ҳеч ким муғолата-софистика билан акс-тақлид икковини бир сўз деб ўйламасин. Булар иккови баъзи сабабларга кўра бир-биридан бутунлай фарқ қилади”.

“Суфастоий (софист) эшитувчини (суҳбатдошини) ғалатга ундаб (янглиштириб), ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нуқсонли нарсаларни кўз олдига келтириб қўяди. У ҳатто мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни эса, мавжуд деб тасаввур қилдиради.

Аммо (шоир, адиб) тақлидчи (акс эттирувчи) бўлса, нарса сувратининг тескарисини эмас, балки унинг ўхшашини тасаввур қилдиради.

Форобийнинг инъикос назариясига доир бу фикри жуда муҳим бўлиб, у Арасту поэтикасининг мағзи, асоси – мимесис (тасвир, акс эттириш маъносидаги) тақлид, ҳаётга ўхшатиш билан, ҳатто санъат, адабиётнинг асосий йўли – ҳаётни (ҳаётдаги ўхшаш қиёфаларни, образларни, характерларни) ҳаққоний акс эттириш – реализм билан боғлиқдир.

Лекин, ҳаётнинг ўхшашини тасвирлаш, Форобий фикрича, ҳаётдан оддий нусха кўчириш эмас, балки ижодкорнинг ҳаётни қандай идрок этиши, ҳиссиётлари, туйғулари билан боғлиқдир. Шу ўринда Форобий ҳаётни образли акс эттиришга доир бир мисол келтиради: “Бунга ўхшаш нарсалар ҳисда ҳам учрайди. Бу шундайки, ўз жойида жим турган киши (атрофида ёки осмонда ҳаракат қилаётган жисмларга қараса, ўзи ҳам) гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади”. Ёки бунинг акси. “Кемага тушган киши (кема сузиб бораётганида) қир-ғоқда қолганларга қараса, ёки ёз чоғида осмондаги ой ва юлдузларга тез юраётган булутлар ортидан қараса, шундай бўлади. Бундай ҳол одамларнинг ҳисларини чалғитади”. Лекин, Форобий айтмоқчики, бу санъаткорнинг чалғитиши эмас, балки шоир, рассом, ижодкор тасвиридаги манзара ҳам одамларда тек турган қирғоқ ҳаракат қилаётганидай таассурот уйғотади.

“Аммо кўзгуга ёки ялтироқ, силлиқ (олдига келган нарсаларни акс эттирувчи) жисмга қараган кишининг ҳоли ҳам худди шундай бўлади. (Киши) унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсаларни кўраётган туюлади, лекин кўзгуда кўринган нарсалар ўша нарсаларнинг ўзи эмас, балки аксидир. Бу акслар (тасвир, манзара) тиниқлиги ё хиралиги, қийшиқ ёки тўғрилиги ўша кўзгу ёки бошқа ялтироқ жисмнинг қандайлиги, табиатига, сифатига боғлиқдир. Бу – ижодкор истеъдодини белгиловчи доҳиёна фикр!

Шеърий фикрлашнинг бошқа турдаги фикр-мулоҳазалардан фарқини Форобий яна бундай тушунтиради: “Мулоҳаза ё қатъий, ё қатъий эмас, қиёсий бўлиши мумкин. Борди-ю, у (фикр) қиёсий бўлса, у ҳолда бил-қувва, унинг табиатидан, ё бўлмаса, бил-феъл-ҳаракатидан (қиёсий) бўлади. Бордию, (қиёс, ўхшашлик) унинг табиатидан бўлса, у ҳолда у ё истиқроъ (индуктив) бўлади, ё бўлмаса, мулоҳаза тамсил (аналогия, ўхшашлик) билан бўлади. Тамсил (ўхшатиш) эса кўпинча шеър санъатида ишлатилади. Бундан аён бўлишича, шеърий мулоҳаза тамсил (аналогия)га киради”.

Фикр-мулоҳазалар қайси соҳаларда, қайси илм-фанларда ва қандай мақсадларда айтилишига (ёзилишига) қараб, яна бир қанча турларга бўлинади. Шу нуқтаи назардан Форобий фикр-мулоҳазаларни яна қуйидагича тасниф қилади:

1. Бутунлай рост мулоҳазалар.

2. Бутунлай ёлғон мулоҳазалар.

3. Ростлик ва ёлғонликда тенг меъёрдаги мулоҳазалар (ярми чин, ярми ёлғон). Бу риторик мулоҳазалардир.

4. Буткул рост мулоҳаза. Бу, ҳеч сўзсиз, бурҳоний, исботли деб аталади.

5. Бутунлай рост томони кўпроқ мулоҳазалар. У ҳолда у жадалий (диалектик) бўлади.

6. Ростлиги бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий (софистик) мулоҳазалардир.

7. Мулоҳаза бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни ҳеч шубҳасиз, шеърий деб аталади.

“Ушбу қисмларга бўлинишдан кўринишича, – дейди Форобий, – шеърий мулоҳаза на исботли, на диалектик, на ҳитобий-риторик ва на софистик эмасдирлар”. Бу ерда Форобий «ёлғон» деб санъат ҳақиқатини айтади.

Энг қадимий шеърий асарлардан бири бўлган “Гилгамиш” достонида фалсафий жиҳатдан тўғри ва диалектик мулоҳазаларнинг ташбеҳли, образли, муболағали ёрқин ифодаларини ўқиймиз. “Гилгамиш” (“Билгамиш”) достонида бош қаҳрамон ва арслон қиёфали садоқатли дўсти Энкиду билан бирга тоғ чўққиларидаги ўрмонларда яшаб, лазерга ўхшаш нурли қуроли билан шаҳар аҳолисини куйдириб ҳалок қилаётган Хун-бобога қарши олишади, севги маъбудаси-малика Инанна (Иштар) Ерости мамлакатига ҳам подшоҳ бўлишни истаб, у ёққа бораётганида Ерости маликаси Эрашкигал буйруғи билан етти дарвоза олдида унинг етти бойлигини олиб қўядилар: 1-дарвоза олдида Севги илоҳаси-малика Иштарнинг бошидан ишқ подшоҳлиги тожини, 2-дарвоза олдида қўлидан ҳокимият нишонини, 3-дарвоза олдида – бўйнидаги дурлари (кибру ҳавосини), 4-дарвоза олдида кўкрагидаги икки қават гавҳар шодасини (жозибасини), 5-дарвоза олдида – билагузуклари (куч-қувватини), 6-дарвоза олдида – “Кел, эркак, бери кел!” деб ёзилган кўкрак тўрини (фаҳш қуролини), 7-дарвоза олдида – белидан тожу-тахт камарини ечиб олиб қўядилар. Аслида, эпосдаги бу тасвирлар – поэтик, шеърий мулоҳазалардир. Бу мулоҳазалар илмий мантиққа кўра ёлғон кўринади. Бадиий, поэтик мантиқда эса ёлғон эмас, тамсилли, образли, диалектик фикрлардир.

Ёки, қадимги юнон даҳо шоири Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея” достонларида Зевс, Афродита, Афина, Гера, Арес каби маъбудларнинг одамларга ўхшаб низолашуви, гоҳо севги деб ахлоқсизлик қилишларини милоддан аввалги VI-IV асрлардаёқ Демокрит, Ксенофан, Суқрот, Афлотун ёлғон мулоҳазалар деб танқид қилган эдилар. Бу файласуфлар ўша вақтда поэзиянинг спецификасини, у илмий, тарихий мантиқ жиҳатидан ёлғон кўринишини, аслида шоир Ҳомер маъбудлар тимсолида воқеликни, ҳаётий воқеа-ҳодисаларни ва инсонларнинг характерлари тасвирланаётганини эътиборга олмаганлар.

Муҳаммад Форобий эса шеърий мулоҳазани тамсил, аналогия, қиёсга асосланади, деб тўғри тушунган. “Шу билан бирга у (шеърий, поэтик фикр) сулужисмус (силлогизм-асословчи) ёки унга қарам бўлган навларнинг бирига бориб тақалади, яъни истиқроъ- (индукция-якка нарсалардан умумий хулосага келиш), мисол (аналогия), фаросат (интуиция) ва шунга ўхшаш нарсалар бўлиб, буларнинг мантиқий қувватида ўша қиёс – силлогизмнинг куч-қуввати бўлади”. Бу фикрлар ҳам Форобий даврида муҳим кашфиёт эди.

Шеърий фикр – мулоҳазанинг ёлғон дейилишига сабаблардан яна бири – жоҳилия давридаги араб шоирлари Башар ибн Бурд, Одий ибн Зайд, Муҳаммад аш-Шанфара, Таббата Шарран ва бошқалар турли қабилаларни мақтаб қасидалар ёзиб, улардан юзлаб мол, қўй, туялар олиб, совға бермаган қабилаларни масхара қилиб, агар ўз қабиласи шоирни тан олмай, ҳайдаса, йўлларда қароқчилик қилиб, ўз қабиласи одамларидан ўч олиш учун уларнинг қонини тўкиб, ўзларининг мақтанчоқлигини, такаббурлигини мардлик, фазилат деб, хато фикрлар эдилар. Бундай шоирларнинг жамиятга фойдасидан кўра зарари кўп тегар эди. Агар қимматбаҳо совғалар берсалар, ёвуз одамларни ҳам мақтаб қасидалар ёзгани учун бундай шоирларни ёлғончи дейиш адолатли баҳо эди.

Исломият даврига келиб, шоирлар вафо, садоқат, меҳр-мурувват, саховат, адолат ва ҳақиқат каби олий қадриятларни мақтаб, тубан, гуноҳ ишларни ёмонлаб, ҳақиқатни ёза бошладилар. Лекин, шу вақтларда ҳам табиат, ҳаёт, руҳий олам гўзалликларини куйлашда шоирлар қўллайдиган ташбеҳ, истиора, муболаға, ийҳом, ҳусни таълил, ташхис (шахслантириш) каби санъатлар мантиқчилар назарида “ёлғон” мулоҳаза бўлиб кўринар эди.

Алишер Навоий бир ғазалида севимли ёрнинг гулдай юзини мақтамоқчи бўлиб, бундай чиройли “ёлғон” ишлатади:

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, ул сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.
Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзи қошиндадур.

Шеърий, поэтик мулоҳазалар, Арасту фикрича, тасвирланмиш ҳаётнинг хилма-хиллиги билан, яъни, ҳаётнинг қайси жиҳатларини, қандай характерларни тасвирлаши билан ҳам фарқланадилар: “Санъаткорлар муайян шахсларни тасвирлайдилар, улар эса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. (Негаки, ҳамма одамлар ўз характеридаги иллатлари ва фазилатлари билан фарқланадилар). Улар биздан яхшироқ, биздан ёмонроқ ёки ҳатто биздек бўладилар. ” (Худди рассомлардагидек. Полигнот масалан, энг яхши одамларни, Павсон – ёмонларни, Дионисий эса бизга ўхшаш кишиларни тасвирлайди. Ҳомер энг яхшиларни, Клеофонт оддий одамларни кўрсатади. Пародияларнинг биринчи ижодчиси Фасосли Гегемон ёки “Делиада”нинг автори Никохар ёмон одамларни гавдалантирган”. (Арасту. Поэтика. Ахлоқи кабир. Т. Янги аср авлоди 2004. 22-бет). Арасту фикрича, шоирларнинг қайси жанрда ижод қилиши ҳам улар ҳаётнинг қайси томонларини, қандай характерларни тасвирлаши билан боғлиқдир. Яъни шоир шеърий мулоҳазаларида поэтик тафаккурнинг қайси турига мурожаат қилиши унинг ижодий нияти, поэтик ғояси билан боғлиқдир. Шу сабабли, комедия ҳозирги вақтда (Арасту вақтида) яшаганлардан ёмонларини, трагедия эса, яхшироқ кишиларни ифода этишга интилади. Муҳаммад Форобий шу фикрларга қўшимча қилиб, яна айтадики, “Улар (шеър тадқиқотчилари) шеърларни (маъноларига қараб) турли навларга, чунончи ҳажвия (сатира), мадҳия, муфохара (ёки фахрия), луғз-топишмоқли шеърлар, кулгили (комик), ғазалиёт, васфий шеър ҳамда китобларда топилиши қийин бўлмаган бошқа навларга бўладилар. У ерда, (Арасту “Поэтикаси”)да булар битилганлиги бизни бу ҳақда муфассал эслашимиз ва гапни чўзиб ўтиришимиздан қутқаради.” Муҳаммад Форобий шеър турларини вазнларига қараб фарқлаш асосан юнон шоирларига хос эканлигини кўрсатар экан, араб шоирлари (аниқроғи, турли миллатларнинг араб тилида ижод қилувчи шоирлари) бундай йўл тутмаганини айтади. “Асарлари бизгача етиб келган ўтмиш ва ҳозирги замон (Форобий замони) шоирларининг кўпчилиги шеърларнинг аҳволига қараб (маъноларига қараб) вазнларини аралаштириб юборганлар. Улар шеъриятда мавжуд бўлган навларнинг ҳар бирига, уларнинг мазмунига қараб махсус вазн белгилаб чиқмаган. Бу ҳолатдан фақатгина юнонларгина холи, холос. Улар шеър навларнинг ҳар бирига махсус вазн турларини белгилаб чиққанлар. Чунончи, (юнон шеъриятида) мадҳиялар вазни ҳажвиялар вазнидан тамомила бошқача, ҳажвиялар вазни эса кулгили комедиялар вазнидан бутунлай фарқ қилади. Бошқа вазнларнинг аҳволи ҳам ҳудди шундай.”

Юнон шеъриятининг навлари ҳақида Форобий бундай дейди: “Аммо, сатирага келганда шуни айтиш керакки, бу ҳам шеъриятнинг бир нави бўлиб, унинг ўзига хос вазни бор. Бу навдаги шеърларни мусиқачи олимлар ижод қилганлар. Улар ўз куйлари билан тўрт оёқли ҳайвон, ҳатто жамики ҳайвон зотларини ҳаракатга келтирадилар. Шунда бу ҳайвонлар ўзларининг табиий ҳаракатларидан бир оз четга чиққан бўлиб (яъни, ярим эчки, ярим одам – сатирлар ўйинидан сатирик шеър келиб чиққан), одамларни, (томошабинларни) таажжубга соладилар. Демак, Форобий фикрича, бадиий асар (қадимги замонларда барча санъат асарлари – поэзия дейилган) ҳаётдаги жуда қизиқарли, иложи борича, ажойиб-ғаройиб воқеаларни ва ҳаракатларни тасвирлаши, тингловчиларда, томошабинларда таажжуб, ҳайрат уйғотиши зарур.

Поэтик мулоҳазаларнинг ҳажвий тури бадиий насрга ҳам тааллуқлидир. Бадиий насрда ҳам ҳажвчи шоир жамият ҳаётидаги турли ижтимоий иллатларни бирор воқеа ва унда қатнашувчи характерларга тақлид қилиш, уларга ўхшатиш билан кўрсатади, акс эттиради. Рим императори Неронга замондош (янги эранинг 50-60-йиллари) ўткир ҳажвчи бўлган адиб Гай Петроний Арбитр машҳур “Сатирикон” романида собиқ қуллардан чиққан, катта мансабдорларнинг хизматини қилиб, бадавлат мулкдор бўлиб кетган Тримальхион ўз уйида йиғилган меҳмонлар учун ҳафталаб шоҳона зиёфат беришини тасвирлар экан, мимесис-тақлид тамойилига кўра, қаҳрамонларнинг гап-сўзлари орқали: 1. Унинг характерини, чексиз бойликлари билан мақтанишини. 2. Ўзи тентак, илмсиз, саводсиз бўлса ҳам, гўё олий табақага хосман, деб, маърифатли одам бўлиб кўринишини. 3. Рим империяси боёнлари чексиз ноз-неъматларни, бойликларни сира меҳнат қилмай, текинхўрлик билан истеъмол қилишини. 4. Бундай мулкдорлар давлатга, жамиятга заррача фойда келтирмаса ҳам иззат-ҳурматда, зебу зийнатда яшаётганлигини. 5. Рим империяси маънавий таназзулга учраганлигини кўрсатади. “Яқинда бир парча еримга Сицилияни ҳам қўшиб олмоқчиман, – дейди у. – Ана шунда Африкагача ўз денгизларимда сузиб бораман”. Аслида у жуғрофиядан хабарсиз, қаерда ва қайси давлатлар борлигини ҳам яхши билмайди. Ҳомер достони воқеаларини биламан, деб мақтанади, лекин қаҳрамонларни билмай, янглишади. Асар тили нозик қочиримларга бойлиги билан завқлантиради. Афсуски, бу дурдона асар тўлиқ етиб келмаган.

Қадимги Юнонистонда барча драматик асарлар янада қадимийроқ халқ миллий анъанавий байрами – май ва узумчилик маъбуди Дионис (римча-Вакх) шарафига ўтказиладиган байрамда, мифологик мавжудотлар – эчкиоёқли сатирлар ҳамда маст-аласт Дионис қизлари (Вакх қизлари)нинг рақс ва қўшиқларидан келиб чиққани учун, хусусан, комедияда мусиқа ва қўшиқ кенг ўрин олган. Минг йиллардан кейин ҳам мусиқали комедия ривожланганлиги сабаби – бу томошалар: ҳам байрамларда кўнгил очиш, ҳам ёмонлар устидан ва жамият ҳаётидаги камчиликлардан кулиш, ҳам халқни шу йўл билан тарбиялаш мақсадларида ижод қилинар эди. Форобий ҳам шу фикрлардан келиб чиқиб, “кўпинча унинг (комедиянинг) бўлакларига оҳанг-нағмалар қўшилиб, буларда ҳам қораланадиган хулқ-атвор (характерлар)да инсон, ҳайвон ва икковига алоқадор бўлган хунук шакл-тимсоллар, (яъни ўшандай ёмон ҳулқ-атворлар, характерларни ифодаловчи ниқоблар кийган актёрлар) иштирок этадилар” . Масалан, Аристофаннинг “Суворийлар” комедиясида актёрлар ёғоч от миниб, “Қушлар” сатирик комедиясида актёрлар ўзларига тумшуқ ва қанотлар боғлаб, “Қурбақалар” комедиясида қурбақага ўхшаб кийиниб чиқадилар.

Поэтик ижоднинг ҳаётийлиги ҳақида Форобий бундай дейди: “Аммо комедияга келсак, бу шеъриятнинг маълум бир тури бўлиб, унинг ҳам маълум вазни бўлади, унда ёмон феъл-атворлар зикр қилинади. Одамлар, уларнинг ахлоқларида қораланадиган, хуш кўрилмаган табиатлар (характерлар) ҳажв қилинади”. Юқорида кўриб чиққанимиз, “Сатирикон” асаридан бир парчада жамият мулкини текин еб тугатувчи, мол – дунёга, анвойи таомларга очофат, қуллари, бойликлари меҳнатсиз топилгани билан мақтанувчи Тримальхион каби мулкдорлар ва уларнинг ҳамтовоқлари ҳажв қилинган. Бу эса бадиий асарнинг ҳаётийлиги далилидир.

Комедия руҳи ҳажв, кулги драма навида ҳам, бадиий насрда ҳам мавжуддир. Баъзи ҳажвий характерларни шеъриятда ҳам, прозада ҳам равшан тасвирлаш мумкин. Мумтоз жаҳон адабиёти тарихида романлар шеър билан, достонлар насрда ёзилган ҳолларини ҳам учратамиз. Ўрта аср рицарлик романлари шеърда, поэма шаклида (“Роланд ҳақида қўшиқ”, “Саид ҳақида қўшиқ”) ва баъзи достонлар бадиий насрда (“Ромео ва Жульетта”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ҳазрат Али жангномаси”, “Або Муслим жангомаси” халқ қиссалари шаклида) ёзилган. Навоий шу халқ поэтик ижодидан яхши фойдаланган.

Муҳаммад Форобийнинг юнон шеърияти навлари ҳақидаги баъзи фикрлари тахминий, баъзилари ноаниқ эканлигини кўрамиз. “Дифирамба – шеъриятнинг бир тури бўлиб, унинг вазни трагедия вазнидан икки баробар катта бўлади. Унда яхшилик ва мақталадиган барча хулқ-атворлар, инсоний фазилатлар зикр этилади. Дифирамбада маълум бир подшоҳ ёки кишини мадҳ этиш мақсад қилиб олинмайди, балки улардаги умумий яхшиликлар зикр қилинади.

Шуниси қизиқарлики, Низомийнинг “Махзанул-асрор”, Саъдийнинг “Бўстон”, Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” асарларида адолат, меҳр-мурувват, сабр-қаноат, ҳиммат, эҳсон, камтаринлик, ишқ, шукроналик каби фазилатларнинг мақтови Форобийнинг тавсифига тўлиқ мувофиқ келади. Қадимги юнон шеъриятида ҳам бу инсоний фазилатлар доимо мақталиб куйлаб келинган. Феокрит, Вергилий, Гораций идиллияларида, буколикаларида, эклогаларида табиат гўзалликлари орасида боғбонлар, чўпонлар, деҳқонларнинг бунёдкор ва камтарона меҳнат билан яшаши улуғланганини эслайлик. Бу эса шеъриятнинг жамият тараққиётидаги муҳим мавқеиини ҳам белгилайди.

 Маҳкам Маҳмудов,

Ўзбекистон Миллий укниверситети докторанти.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 3-сон.