Даҳолик

Даҳолар орамизда яшайди, чунки айтишларича ҳатто беш ёшгача бўлган ҳар бир гўдакда ҳам даҳолик сифатлари мавжуд бўлар экан. Аммо ён-атроф талабларига, анъаналарига мослашиш гўдакдаги бетакрор сифатларни сўндиради, уни бир қолипда фикрлайдиган ва бир тарзда яшайдиган оммадан бирига айлантириб қўяди.

Тўғри, ён-атроф ҳаммани ҳам ўзига тўла муте этолмайди, айрим ўжар зотлар мавжуд тартибларга, догмаларга ва сийқа ҳаёт тарзига қарши чиқади; улар ўзлари топган аллақандай ғояларга телбанамо эргашади, савдойилик ва девоналикни ихтиёрий тарзда ўз устига олади.

Даҳолари бор давр – мўъжаз, даҳолари бор халқ – муаззам; айнан даҳо шахслар туфайли ҳаёт – боқий, келажак мунаввардир. Инсоният тарихи ноёб истеъдод эгалари амалга оширган буюк ўзгаришлар ва кашфиётлар тарихи бўлиб қолмоқда…

Айнан ушбу ҳол даҳоликда истеъдоддан, иқтидордан ва закий ақлдан бошқа нимадир бор деган ўйга олиб келади. Ва беихтиёр италиялик руҳшунос олим С.Ломброзо эсга тушади. У ўзининг машҳур «Даҳолик ва телбалик» асарида «Телбалар орасида даҳолик учқунларига эга субъектлар бўлганидек, даҳо кишилар орасида ҳам телбалар бор», деб ёзади. Шу билан бирга у уқтиради, «Бундан даҳо шахслар телба бўлиши керак, деб хулоса чиқариш катта гумроҳликдир». Демак, даҳолик билан телбалик айнан воқеликлар эмас, бироқ улар ўртасида нималардадир ўхшашлик мавжуд.

Телбалик телбаларда барқарор, даҳоларда ўткинчи ҳолатдир. Телбалар ҳам ижод қилади, аммо уларнинг яратганларида мантиқ, ижобий мақсад кам, даҳоларнинг ижоди, яратганлари дарк, ижобий мақсад амридадир. Телбалар мантиқни бузадилар ва буни салбий ҳодиса деб билмайдилар, даҳолар мантиқдан ўзадилар ва ушбу ҳаракатини онгли тарзда амалга оширадилар. Телбалар учун ҳақиқатан ҳам қонун йўқ, улар ижтимоий тартибларни бузаётганларини идрок этмайдилар, даҳолар ижтимоий тартибларни ижодий зўриқиш пайтида бузадилар, ушбу он ўтгач, улар мавжуд тартибларга бўйсунадилар. Телбалар ижоди кимларгадир, нималаргадир хизмат қилиши зарурлиги ҳақида деярли фикр юритмайдилар, даҳолар эса ҳар бир асари, фикри кимларгадир завқ ва ақлий қувват бағишлаши кераклигини унутмайдилар. Тўғри, даҳолар ижодий зўриқиш онларида ўқувчиларни, томошабинларни эсламаслиги, ҳатто уларнинг бадиий-эстетик дидига, ижтимоий тасаввурлари ва қарашларига қарши чиқиши мумкин, лекин бу уларнинг кимлар учун, нима учун ижод қилаётганини унутгани эмас. Телбалар яратган нарсаларини изчиллик билан янада такомиллаштириш мумкинлигини билмайдилар, даҳо шахслар эса асарлари устида тинмай ишлайдилар, уларни янада мукаммаллаштириш йўлларини изчил қидирадилар. Телбаларда «мен»ни ижобий, бетакрор воқелик сифатида қадрлаш тажрибаси йўқ, даҳо шахслар «мен»ини ноёб, муаззам нарса сифатида улуғлайдилар, уларда нартсизм – ўзини севиш кучли. Телбаларнинг ён-атрофга даъволарида ҳиссиётга, ҳавойи ўйларга берилиш, булҳаваслик устун туради, даҳолар ижодий зўриқиш онларида фаноликка берилса-да, ўзининг талаб ва даъволарини рационал асослай оладилар. Телбалар билан даҳолар ўртасида яқинлик, мунтабиқлик ҳам мавжуд: биринчидан, улар ўзининг изланишларига, соҳасига машрабона ошиқдирлар; иккинчидан, уларнинг иккаласини ҳам замондошлари тушунмайди, тан олмайди, гоҳо эса ўз даврасидан қувади; учинчидан, улар ижодида ғайриҳаётийлик ва эротикага берилиш бўртиб туради…

Олам ранг-баранг. Фақат оқ ва қора ранглар уйғунлигидан минг-минглаб оралиқ ранг (полутон)лар ҳосил бўлар, онг сезгир ва моҳир мусаввирлар улардан 600 тасини илғаши мумкин экан. Ижтимоий ҳаёт ва кишилараро муносабатлардаги ранг-барангликлар улардан ҳам зиёд, беҳисобдир. Шунинг учун инсон ҳаёти, саъй-ҳаракатлари икки – эзгулик ва ёвузлик каби мунофий қутбларидангина иборат эмас. Оддий киши ёки ўртамиёна иқтидор эгаси ушбу ранг-баранг, беҳисоб муносабатларни шунчаки қайд этиши ёки уларнинг уч-тўрттасини тасвирлаши мумкин. Даҳо ижодкорлар оддий ақл англаб етмаган, илғамаган, ҳатто илғаган бўлса-да, маҳорати, истеъдоди камлиги боис очиб беролмаган воқеликлар тубидаги воқеликларни, киши қалби, руҳи тубидаги мавҳум, серсир тўлқинлар ва жилғаларни тасвирлаб, одам ва олам ҳақидаги тасаввурларни янги поғонага кўтаради. Айнан ушбу хислат даҳо ижодкорларни сертуйғу, таъсирчан ва ўта нафис ҳиссиётли қилади. Гўёки улар ҳаёти ва ижодида дунёнинг бор ранг-баранглиги, зиддиятлари, кишилараро муносабатларидаги гоҳ шод, гоҳ ғамгин фикрлар уйғотувчи мунофий тарафларнинг тўқнашувлари тўла ўз ифодасини топгандек.

Мутлақ бетакрорлик ва мутлақ янгилик излаш даҳо ижодкорлар умр бўйи амал қиладиган тамойилдир. Айнан ушбу фазилати уларни ўртамиёна иқтидорлар даврасидан йироқлаштиради. Бу ўринда Қадимги Хитой мутафаккири, даосизм асосчиси Лао-тсзи мисол бўлиши мумкин.

Донишманднинг фикрлари ҳар доим ҳайрат уйғотиб келган. «Тўғри – нотўғри, – деб ёзади у, – шундай шундай эмас. Агар тўғри ҳақиқатан ҳам тўғри бўлганида нотўғридан шунчалик фарқ қилардики, баҳсга ҳеч қандай ҳожат қолмасди. Агар шундай ҳақиқат ҳам шундай бўлганида шундай эмасдан шунчалик фарқ қилардики, тортишувга ҳеч ўрин қолмасди. Вақтни унутинг, фарқ­ларни унутинг! Чексизлик бағрига шўнғинг, уни ўз кулбангизга айлантиринг!».

Ҳамма «тўғри» деб топган нарсани қандай қилиб нотўғрига чиқариш, ҳамма «шундай» деб тан олган нарсани қайси асосга таяниб «шундай эмас» дейиши мумкин? Вақтни, нарсалар ўртасидаги кўриниб турган фарқларни унутиб бўладими? Ахир ақлу идрок объектив борлиқдан, реалликдан била туриб воз кечиши мумкинми? Агар «Чексизлик бағрига шўнғинг!» даъвоси бўлмаганида юқоридаги сўзларни телба айтаяпти дейишингиз турган гап. «Тўғри – нотўғри», «Шундай-шундай эмас» деган тушунчалар дарк кашфиётларидир. Чексизлик учун бундай тушунчалар ҳам, ҳолатлар ҳам йўқ, фақат Чексизлик мавжуд, барча нарсалар ушбу Чексизликка монанд ва унинг ичидадир. Антиномиялар билан фикрлайдиган киши зиддиятлар ичида яшашга мажбур, у ҳаётни қарама-қаршиликларсиз тасаввур этолмайди. Чексизлик интиладиган Яхлитлик, Умумийлик у учун мавҳум тушунчалардир. Бундай киши ҳеч қачон ҳаётдан, борлиқдан қониқмайди, у нафақат ўзининг, шунингдек, бошқаларнинг ҳам бошига кулфатлар келтиради. Онги тоза, антиномиялардан холи киши Мавжудлик билан иноқ, уйғун ва муросада яшайди, унинг учун ҳар бир он – мутлақ янгилик, ҳар бир нарса – мутлақ бетакрор, Чексизлик бетакрорлик ва янгилик манбаидир. Дао эса Чексиз томон бориладиган мудом чексиз йўлдир.

Даосизм ҳузурни, ютуқни, унвонни тан олмайди, бурчни, ахлоқни, тартибларни зўрлаб сингдиришга қарши. Даҳо шахсларда ҳам шундай ёндашишлар кўзга ташланади, аммо улар ушбу тамойилни мутлақлаштирмайдилар, гоҳо улар ҳузур, ҳаззга, унвон ва шон топишга бериладилар.

Даосизм узоққа мўлжалланган режалар тузишни, дунёни, ён-атрофни ўзгартиришни борлиқдаги гармонияни бузиш деб билади, у борлиқни шундайлигича кўриш, шундайлигича асраш тарафдоридир. Даҳо шахслар кўпинча дунёни ўзгартириш, янги тартибларни шакллантириш тарафдорлари бўлиб чиқадилар, айнан шундай ташаббус, саъй-ҳаракатлар уларнинг фаолиятига ижтимоий моҳият бахш этади.

Истеъдодсиз, иқтидорсиз ижодкорлик ва даҳолик йўқ, аммо ҳамма истеъдод, иқтидор эгалари ҳам даҳо ижодкор бўлавермайди. Истеъдод даҳолик томон ташланган илк қадамдир, холос. Жамият аслида иқтидорли кишиларнинг кўп бўлишини истайди, унга даҳолар эмас, иқтидорли кишилар керак. Шунинг учун даҳолар жамият хоҳишига зид тарзда пайдо бўладилар, улардаги қайсарлик ҳам шундандир. Даҳолар азалдан ноёб ҳодиса ҳисобланади, бундан кейин ҳам улар кўп бўлмайди. Тарбия билан ўртамиёна иқтидор эгаларини шакллантириш мумкин, лекин даҳоларни эмас. Даҳолар ўзини ўзи шакллантирадилар. «Тарбия воситасида айиқни рақсга тушишга ўргатиш мумкин, аммо даҳо кишини етиштириш амримаҳолдир» (Гелветсий). Ҳақиқатан ҳам, даҳо шахсларда тарбияга, анъаналарга, одатий ҳаёт тарзига бўйсинмайдиган қандайдир ўжар куч мавжуд.

Юксак иқтидор ва истеъдод эгаси, даҳо шахслар мавжудликдан қониқмайди, уни рад этади ва тубдан ўзгартириш ташаббускорлари, назариётчилари бўлиб чиқадилар. Кишилар анъанавий фикрлаш ва ҳаёт тарзига мойил бўлганлари учун ушбу ташаббусларга, назарияларга қарши турадилар; бу даҳолар билан жамият ўртасида зиддиятларни келтириб чиқаради. Шунинг учун муҳтожликда, қувғинда ва аҳад яшаш даҳоларнинг қисмати бўлиб келган.

Даҳо ижодкорлар афсоналарни севадилар ва ўзлари ҳам афсоналар тўқийдилар. Афсоналарда ғайриҳаётийлик мавжуд, даҳолар ҳаётдан, реалликдан ўзиш учун (тўғрироғи, ибтидоий тасаввурларни тиклаш учун) афсоналарни севимли мавзуларига айлантирадилар. Ю.Меер «Иқтидорли кишининг фантазияси мавжуд нарсаларни ўзидек тасвирлайди, даҳо шахснинг фантазияси мутлақ янги нарса, афсона яратади» деганида ҳақ эди.

Даҳо шахсларда ўзининг билимига, кучига, бошқалардан довюраклигига, муваффақият қозонишига ишониш, жанговарлик туйғуси юқори бўлади. Ушбу хислатлар Юлий Сезар, Кир, Александр Македонский, Чингизхонда тожпарастлик, шуҳратпарастлик ва дунёга якка ҳукмронлик қилиш, Наполеон ва Сталинда некрофиллик билан чатишиб келади, шу боис улар курашишни, ёвлар билан олишиб яшашни ҳаёт тарзига айлантирганлар. Улар кимларнингдир устидан ғолиб келаётганидан завқ олганлар, ҳатто ҳамроҳларини, яқин кишиларини қурбон бериш ҳам уларни изтиробга, ғамга солмаган. Агар бундай шахслар инсонпарвар, халқпарвар бўлса, улар бор билимини ва кучини кишиларни зулмдан, адолатсизликдан халос қилишга сарфлайдилар. Масалан, Мхатма Ганди шундай шахсдир.

Қадимги Ҳиндистон мутафаккирларининг куч ишлатмаслик ғояларига таянган М.Ганди ҳинд халқини Буюк Британия мустамлакачилигига қарши кўтаради. Зўравонлик, интиқом яшаш тарзига айланган ХХ асрда куч ишлатмасдан мустамлакачилардан халос бўлиш ғояси билан чиқиш ғайриҳаётий ҳодиса эди. Бундан ташқари М.Ганди Ғарбнинг индустриал тараққиёт моделини рад этди ва Ҳиндистоннинг келажагини «қишлоқ социализми»да кўрди. Унинг фикрича, аҳолиси кўп бўлмаган қишлоқларда ўзини ўзи бошқариш институтларини шакллантириш орқали фаровон яшашни таъминлаш, қолоқликни, саводсизликни тугатиш осон. Бу Платон ва Аристотелнинг аҳолиси кўп бўл­маган жойлардагина демократия ўрнатиш мумкин деган қарашларига ҳамоҳанг ёндашув. Йирик индустриал шаҳарлар нафақат бошқариш ишларини мураккаблаштиради, шу билан бирга экологик, демографик, этник муаммоларни келтириб чиқаради, уларда турли иллатларнинг, жиноятчилик ва бузғунчи қарашларнинг пайдо бўлишига замин мавжуд.

Даҳоликни кўпинча бадиий ёки илмий ижод билан боғлашади. Айнан ушбу соҳаларда дарк-ақлу идрокни, инсон имкониятларини кенгайтиришга қаратилган буюк кашфиётлар қилинган. С.Ломброзонинг кўрсатишича, бадиий ёки илмий ижод билан шуғулланишга интилиш телбалар орасида кенг тар­қалган. Шуни назарда тутиб, у «телбахона – истеъдодлар ватани» деб ёзади. Телбалар орасида юз, ҳатто икки юзлаб асар ёзганлар топилади. Ўз пайтида Аристотел сиракузлик Маркнинг васвасага берилганида яхшигина шеър­лар ёзишини, одатдаги ҳолида, ушбу қобилиятини мутлақ йўқотиб қўйишини қайд этган. У, машҳур шоирлар, сиёсатчилар ва мусаввирлар дилгир, савдойи ёки одамови бўлади, бундай сифатлар Суқрот, Эмпедокл, Платонда мавжуд, деб ёзади. Платоннинг фикрига кўра, «Алаҳсираш асло хасталик эмас, балки, аксинча, худолар кишиларга инъом этган энг юксак неъматдир». Донишварнинг евгеника (наслдор ҳайвонларни етиштириш усули)ни ҳукм­дорлар етиштиришга татбиқ этиш ҳақидаги тавсияси телбаликдан бошқа нарса эмас. Демокрит соғлом ақл эгаси ҳақиқий шоир бўлолмайди, Паскал ва Шеллинг даҳолик билан телбалик ёнма-ён юради деб ҳисоблаганлар. ХХ аср тасвирий санъатига жиддий таъсир кўрсатган, йирик сюрреалист Салвадор Дали ўзини ошкора «телба» ва «даҳо» деб атаган. Демак, бадиий ва илмий ижодда даҳолик билан телбаликнинг уйғун келадиган қирралари кўп.

Даҳолар таъсирчан бўладилар, табиатдаги ўзгаришлар, шамол, совуқ, иссиқ, Қуёш ва Ой ҳаракатлари, денгиз ҳавоси, қояларнинг маҳобати, майсаларнинг бўй кўрсатиши, тундаги осудалик, хуллас, бутун борлиқ даҳо ижодкорларни жунбушга келтиради, уларни қўлига қалам олишга ундайди. «Мен соғ ва очиқ кунлари ўзимни дуруст сезаман, – деб ёзади М.Монтен. – «Тажрибалар»имдаги эътиборли фикрларни ана шу кунлари ёзганман». Д.Дидро кучли шамолдан, Байрон ва Гейне совуқдан қўрқишган, Ф.Нисше юмшоқ иқлим, очиқ ҳаво излаб, тинмай бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб яшаган. Буюк шоирларнинг энг нафис ва улуғвор шеърлари ҳам табиат ҳақидадир.
Севаман-у, аммо – билмайман нечун?
Жимжит ҳамда мудроқ далаларини,
Мавж уриб турувчи кенг ўрмонларин,
Ва шўх дарёларин, бари-барини…
Қишлоқлар йўлида юрмоқлик маза!
Чопсам аравада дейман, тун чоғи:
Ҳасрат-ла қўнимгоҳ излаган лаҳза
Дуч келса кулбалар, хира чироғи.
Севаман ёқилган анғизлар дудин,
Чўлда йўлга чиққан карвонни – тунни,
Севаман адирда етилган экин
Ичида оқарган қўша қайинни.
(М.Лермонтов)

Айниқса, баҳор фаслини, кўм-кўк далаларни, табиат бор кучини сарфлаб гуллаб-яшнатган ён-атрофни куйлаш деярли барча ижодкорларга хосдир. Шунинг учун ҳам «Ўсимликларга фойдали таъсир этувчи иссиқ кунлар, – деб ёзади Ломброзо, – баъзи истисноларсиз, телбаларда кучли ҳаяжон уйғотгани каби, даҳоларнинг сермаҳсул ишлашига ҳам таъсир этади». Унинг ҳисоб-китобларига кўра, буюк асарлар ва кашфиётларнинг яратилиши жазирама иссиқ кунларига, ойларига тўғри келади. Мазкур фикр билан баҳслашиш, ҳатто уни рад этиш мумкин. Масалан, иссиқ ўлкаларда яшаш учун зарур неъматлар табиатда етарлича топилади, озгина меҳнат билан озиқ-овқат муаммоси ҳал этилади. Бундай шароитда буюк кашфиётларга эҳтиёж сезилмайди, унда руҳий-спиритуалистик ва хаёлий-фалсафий мушоҳадаларга мойиллик кўпроқ учрайди. Совуқ ўлкаларда эса киши тирик қолиши учун табиат билан курашишга, уни ўзига итоат эттирувчи воситаларни, қуролларни яратишга, ихтиро этишга мажбур.

Даҳоликни ирқий, ирсий омиллар билан боғлаш одати қадимдан мавжуд. Тад­қиқотчилар ушбу мавзуни ўрганишга журъат этолмаяптилар шекилли. Тўғри, франтсуз сотсиологи ва элшуноси Г.Лебон халқларни ибтидоий ирқ, қуйи, ўрта ва олий ирқларга бўлиб, фақат олий ирққа мансуб ҳиндоэвропаликлар буюк кашфиётларга қодир, «Сивилизатсиянинг шу даражага етиб келгани улар туфайлидир», деган фикрни илгари суради. “Агар, – деб ўз фикрини давом эттиради у, – олий ирққа мансуб ҳиндлар санъат, адабиёт ва фалсафада юқори даражага кўтарилган бўлса, монголлар, хитойликлар ва сомийлар ушбу даражага ҳеч қачон кўтарилмаган». Минг ваҳки, Г.Лебон Хитой тарихи ва маданиятидан яхши хабардор бўлмаганга ўхшайди, акс ҳолда у конфутсийлик буддавийликдан, даосизм брахманизмдан, Қадимги Хитой адабиёти, санъати, архитектураси Қадимги Ҳиндистон адабиёти, санъати ва архитектурасидан асло қолишмаслигини кўрган бўларди. Аммо Шарқда етишиб чиққан даҳо шахсларнинг ҳаёти ва ижоди етарли ўрганилмаганини, бу борада психологик тадқиқотлар умуман йўқлигини, чоп этилган асарлар эса санохонликдан иборатлиги учун бирор янгилик беролмаслигини тан олиш даркор. Ваҳоланки, Ла-тсзи, Конфутсий, Хан Фей, Будда, Нагаржуна, Мхатма Ганди, Шри Ауробиндо, Ибн Сино, Беруний, Румий, Навоий, Абай каби донишмандларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш муаммога кўп ойдинлик киритган бўларди. Шунинг учун Ломброзонинг яҳудийлардан кўп даҳо шахслар чиққани, «ирсият уларга беҳад катта таъсир кўрсатгани» ҳақидаги хулосалари эътирозлар уйғотади. Шунингдек, унинг 100 ҳодисадан 85, ҳатто 88 тасида ирсият ҳал қилувчи омил ҳисобланади, деган фикрлари ҳам шуб­ҳалидир. Ҳа, айрим бир авлодлар (Мотсарт, Бах, Веронези, Караччи, Титсиан, Дарвин, Эйлер, Гук, Дюма ва б.)да истеъдод наслдан насл­га ўтгани кузатилади, лекин улар истиснодир.

Даҳолик илоҳий неъмат деган фикр юради. Алҳақки, ижод, изланиш кимлар учун чексиз завқу шавқ, ҳузур манбаидир, улар зарур оҳангни, рангни, мисрани осонгина топишади. Улар учун ижод, изланиш ақл, хаёл ўйинларидир; улар ҳаётни ҳам ўйин деб аташдан қайтмайдилар. Бундай кишилар муваффақиятсизликдан фожиа яратмайдилар, ҳар қандай муаммони ҳазил ёки оптимизм билан ҳал этадилар. Улар рад этилган севгиси, барбод бўлган оиласи ҳақида изо чекмайдилар, осонгина бошқа аёлни севиб ёки бошқа оила қуриб яшайверадилар. Аммо ҳаётда бундай даҳо ижодкорлар ниҳоятда кам учрайди.

Иккинчи тоифадаги даҳолар учун изланиш, ижод машаққат, азоб-уқубатдир. Улар истеъдоднинг осонгина доҳиёна асар яратишига ишонмайдилар.

Даҳолар одатда иззатталаб ва шуҳратга ўч шахслардир. Асарларида камтарликни, хокисорликни куйлаганлари улар фазилатларининг ифодаси бўлавермайди. Гоҳо у ёки бу ижодкор шахси ҳақида унинг асарларидаги ғояларига қараб хулоса чиқаришади, даҳо ижодкорларнинг ўта ниқорли, зиддиятли шахслар экани унутилади. Иззатталаблик, шуҳрат излаш қораланадиган фазилатлар эмас, улар барча одамга хос истакдир. Тақдирланиш, шуҳрат топиш истаги, айниқса, ижодкорларда кучли ривожланган. «Одам ҳайвонлар ичида энг шуҳратпарастидир, – деб ёзган эди Г.Гейне, – шоирлар эса одамлар ичида энг шуҳратпарастидир». Айнан ушбу истак даҳоларни замондошларининг бефарқлигига, ҳақоратларига, қувғинларига чидашга, оромидан, ҳазз-ҳузурдан, мартабалардан кечиб бошқаларга бемаънилик бўлиб кўринган нарсаларни излашга, яратишга ундайди. Оддий кишиларга бемаъни кўринган нарсалар ижодкор шахслар учун шон-шуҳрат манбаи ҳисобланади; биринчиси оиласи, дўстлари даврасида хушнуд яшашни ўйлайди, иккинчиси оромидан кечиб, ярим оч, ярим яланғоч алланималардандир юксак маъно-мағз қидиради; биринчисига даҳолар савдойи, ҳавойи, иккинчисига оддий кишилар ғафил, қусурли кўринади.

Юксак қобилият, ноёб иқтидор ижодкорни кўпинча виқорли, зиддиятли шахсга айлантиради. Унинг ён-атрофдан, мавжуд тартиблардан қониқмаслиги, ноанъанавий фикрларни илгари суриши турли зиддиятлар келтириб чиқаради. Натижада, агар ижодкор ўзини забун, ожиз сезса, ўзини ён-атрофдан олиб қочади, кишиларга, ҳатто ақраболарига ҳам шубҳа билан қарайди, ҳатто у одамзотни, инсоният яратган бойликларни рад этиш даражасига боради. Масалан, Шопенгауэр қўлёзмаларини китоб ҳолида чоп эттиришга тайёрлаган бўлса-да, уларни оила аъзоларидан беркитиб юрган. Ўзи фалсафа билан шуғулланган ва ўзини файласуф деб аташларини ёқтирган, аммо фалсафа профессорларини жинидан баттар ёмон кўрган. Фр.Нисше ўзи шаклланган ва маҳсули бўлган икки минг йиллик Ғарб, айниқса, христианлик маданияти, дини, ахлоқига қарши жанг эълон қилади, янги ахлоқ, маданият ва Алподам («Сверхчеловек») яратишни орзу қилади. Р.Декарт, Ф.Бекон, Д.Юм ўзидан олдинги файласуфларга қарши чиқдилар ва улар меросига шубҳа билан қарадилар.

Ибн Сино ва Берунийнинг ҳам зиддиятли шахслар бўлгани маълум. Ибн Сино тиббиётга оид буюк кашфиётлар қилган бўлса-да, умрининг иккинчи ярмини ўз кашфиётларига қарама-қарши ҳаёт тарзини кечирди: майхўрликка ружу қўйди. Беруний ўз қарашлари учун қувғинда яшади. Л.Н.Толстой оилавий ҳаётга, фарзандлар тарбиясига оид дидактик асарлар, дарсликлар ёзди, бироқ умрининг охирида ақраболаридан безиб, улардан қочади. Ҳайратли ҳол шундаки, доҳиёна фикрларига мувофиқ ҳар қандай низони, тўқнашувни тинч, «сен-мен»­сиз ҳал этишлари мумкин бўлган ижодкорлар арзимаган сабабни чуқурлаштирадилар. Уларнинг қалби, руҳи мутлақ ҳурлик истайди, минг афсуски, жамиятда мутлақ ҳур яшаш мумкинми?

Даҳо ижодкорлар дабдабаларни, ўзини кўз-кўз қилиб йиғинлар тўрида ўтиришни, унвон ва нишон тилаб саройга эгилишни ёқтирмайдилар. Улар учун юксак мукофот – ижод; ижод дақиқаларидан ҳам серзавқ, сермағз нарса йўқ. Эркин руҳнинг турмуш ташвишларидан, фисқу фужурлардан, алдоқчи шарафлашлардан холи парвози у топган юксак унвон, мукофотдир. Улар ҳеч бир даврани, ҳеч бир олқишни ушбу дақиқаларга алмаштирмайдилар, у дақиқалардан маҳрум қолганларида ўзини бахтсиз сезадилар; улар қалбидаги туғён ва исён ҳам ушбу важдандир.

Даҳолик ноёбликда, бетакрорликдадир. Ўртамиёна иқтидор эгалари бир-бирларига ўхшайдилар, бир-бирларига монанд ҳаёт кечирадилар. Улар анъаналарга қарши чиқмайдилар, жамият билан муросада яшайдилар; уларнинг идеаллари ҳам айнандир. Даҳо ижодкорлар фикрлашда ҳам, яшашда ҳам, идеаллар излашда ҳам бетакрордирлар. Агар ноёб иқтидор эгаси сиёсий муҳитни, борлиқни ўзгартирмоқчи бўлса уни фидойилик, улуғ бир мақсадга ўзини бағишлаш, кишиларни бирлаштириш ўйи чулғаб олади, у халоскорлик режаларини ишлаб чиқади, ҳатто янги эътиқод, дин яратишдан ҳам қайтмайди. У ички бир туйғу билан сезадики, айнан ўзи кишиларни ғофиллик ботқоғидан олиб чиқиши, уларнинг онгини, ҳаётини ўзгартириши мумкин; агар берилган имкониятдан фойдаланмаса, бор кучи ва ақлини ишга солмаса, келажак уни кечирмайди. Ўз мақсадига эришишда у дағаллик, қаттиққўллик, ҳатто айрим кишиларга нисбатан жоҳиллик қилишдан қайтмайди, чунки у одамнинг бир елкасида эзгулик, иккинчи елкасида ёвузлик фариштаси ўтиришини билади. Халқлар тарихидаги бирорта ҳам йирик ўзгаришлар азиятларсиз, кураш ва қурбонларсиз бўлмаган.

Ноёб, хусусиятлари билан даҳо шахс­лар ёнидагилардан ажралиб турадилар. Кир ва Александр Македонский ўз аскарларини номма-ном билишган, кейингиси эса 30 мингдан зиёд аскарларининг отини, от туёқларининг изларини ҳам ажратолган. Сенека икки минг сўздан иборат матнни бир ўқиганида ёдлаб қолиш қобилиятига эга эди. Буюк математик Леопард Эйлер юзгача бўлган сонларнинг олтидан бир даражаларини, академик А.Ф.Иоффе логарифлар жадвалини ёддан айтиб беролган. Тарихда юз, икки юз, ҳатто уч юзга яқин тилларни билган шахслар учрайди. Демак, мутлақ қобилиятсиз киши йўқ, аммо ҳамма ҳам дарк-ақлу идрок беқиёс имкониятларга эга эканини билавермайди. Бу ўринда муҳит эмас, шахснинг ўзи айб­дор. Мисоллар кўрсатадики, муҳитнинг бефарқлиги, ҳатто қаршилиги қобилият эгасини ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди, уни чиниқтиради ва истеъдодини сайқаллаштиради.

Муҳитнинг таъсирини мутлақ рад этиш нотўғри, албатта. Гоҳо муҳит оддий қобилиятни буюк истеъдод, даҳолик деб кўкка кўтаради. Шахсга сиғинишларнинг барчаси шундай яратилган. Гоҳо муҳит даҳо шахсларни камситади, уларнинг хизматларини холисона баҳоламайди. ХВИИ аср Шекспирни даҳо ижодкор сифатида улуғлаган, ХИХ аср уни менсимади, ХХ аср қайтадан даҳолар қаторига киритди. Совет мафкурачилари Н.Бердяэв, Фр.Нисше, З.Фрейд, Ж.П.Сартр, А.Камю ва К.Поппер фалсафасини инкор қилди, Европа эса уларни юксак истеъдод эгалари сифатида шарафлади. Хуллас, даҳолик маълум бир даврда, муҳитда рад қилиниши мумкин, аммо у ўткинчи ҳолдир. «Зарнинг қадрини заргар билар» деб халқ беҳуда айтмайди; энг муҳими, «зар» яратилса, уни муносиб баҳоловчи «заргарлар» топилади.

Даҳолар ҳаётдан ўзиб яшайдилар. Бугуннинг талаби улар учун ўткинчи, бемаъни. Улар ўз бурчини келажакни яратиб яшашда деб биладилар. Уларнинг фикрлари, ғоялари бугун талаблари доирасидан кенг. Шунинг учун улар кўпинча ўзининг суратига, оила ташвишларига, фисқу фужур гапларга бефарқдирлар. Паришонхотирлик уларнинг ҳамроҳидир. Масалан, Нютон шунчалик паришонхотир бўлганки, ташқарига нима учун чиққанини билмай яна орқасига қайтади. Эйнштейн оддий кўпайтиришларни ҳам билмас, Тюшерел эса ўз исмини ҳам унутиб қўяр экан. Архимеднинг яланғоч ҳолда «Эврика» деб кўчага отилгани, Гей-Люссак ва Деви кашфиётларидан шод бўлиб гўдаклардек рақсга тушганлари, тилдан қолган Линнейнинг севикли гербарийси олдига олиб боришганида сўзлаб юборгани каби ҳайратли мисолларни яна келтириш мумкин. Улар даҳо шахсларда ўз соҳасига, мавзусига, ижодга инстинктив берилиш кучли ривож топганини кўрсатади. «Барча буюк асарлар, – деб ёзади Волтер, – инстинктив яратилган. Бутун дунё файласуфлари йиғилганида ҳам Лофонтеннинг оғзаки тўқиган «Ҳайвонлар уммони» масалини ёзолмасди».

Даҳо ижодкорлар оила ва ижод бир-бирига номуносиб, ҳатто ёв нарсалар эканини ҳам инстинктив сезадилар. Уларнинг аёл, севги, висол, вафо ҳақидаги фикрлари ва даъволарида ҳавойилик кўп. Реал ҳаётда улар бевафо, бераҳм, сер­қаҳр кишилар бўлиши мумкин. «Ижодкор фақат стол устида фаришта» (Б.Шоу). Аслида даҳо ижодкорлар «стол устида», яъни ижодий зўриқиш онларида борлиқни унутадилар, шу онда халақит берганларни эса кечирмайдилар!

Шу сабабли улар аҳбобу ақраболарига қўрслик, бераҳмлик қиладилар, хаёлидаги аёлни улуғлагани, куйлагани ҳолда қўйнидаги хотинидан сангдиллик билан воз кечиши мумкин; улар хотини қўйнида ўлишдан кўра қўлида қалам билан ўлишни афзал кўрадилар. Муза даҳо ижодкорларнинг ягона сирдошидир, шунинг учун улар бахтни ҳаётдан эмас, хаёлдан қидирадилар. Хаёлдаги бахт эса фақат хаёл эгасинигина хушнуд этади.

Даҳолик қанчалик ноёб ва улуғ нарса бўлмасин ҳеч ким уни изламайди ва унга етиш учун яшамайди. Келгуси авлодларни ҳайратга соладиган дурдоналар яратганни даҳоликнинг ўзи излаб топади.

Виктор Алимасов,
фалсафа фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди.