Бахтиёр Омонов. Устознинг хизматлари

1965 йили ёш олим Нажмиддин Комиловнинг тақдирида муҳим воқеа юз берди: қатағон жафоларини чеккан Қутбиддин эшон Муҳиддинов билан яқиндан танишди. Ул зоти мукаррам араб, форс тиллари ва адабиётининг катта  билимдони эди. Шарқ шеъриятидан хабардор домла мумтоз адабиётни шарҳлаб бера оларди. Қутбиддин эшон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институтида бирмунча вақт ишлаб, “Алишер Навоий асарлари изоҳли луғати” тўрт жилдлик китобининг фаол муаллифларидан бирига айланди. Олимнинг устоз билан пиру муридлик муносабатлари бошланиб, токи филология фанлари номзоди Қ. Муҳиддиновнинг вафотларига (1975) қадар  давом этди.

Сўнг ажойиб инсон, улкан олим Ғайбулла Саломов билан ёнма-ён  ишлаб, илмий тадқиқотини давом эттирди. Икки забардаст олим Тошкент давлат дорилфунунида “Таржима назарияси ва амалиёти” фанига асос солиб, филолог ва журналистларга сабоқ бердилар. Камина  ҳам 1977 йилдан бошлаб, бу дарслардан насибадор бўлдим.

Нажмиддин акани илмий, ижодий  давраларга, дорилфунун муҳитига олиб киришда Ғайбулла Саломовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Эсимда, устоз мулоҳазали, билимдон ва дипломат киши эди. Садоқатли шогирдлари – тортинчоқ Нажмиддин Комил, мулойим Тилак Жўра, мулоҳазали Султонмурод Олимни давра-анжуманларга етаклаб борарди. Шу тариқа, ўн йиллар ичида республикамизда таржима назарияси ва танқидининг  янги  мактаби вужудга келди. 1980-йиллар ўрталарида “Таржима санъати” номли тўплам қўлма-қўл бўлиб кетди, унда жаҳон классик адабиёти вакиллари Данте, Ҳофиз, Ҳайём, Шекспир, Л. Толстой, Ҳейне, Гёте, Лермонтов, Пушкин асарлари таржималари танқидий ўрганилиши бараварида Навоий, Бобур асарларини рус тилига ағдариш кун тартибида қўйилган эди.

 Ўша йилларда Нажмиддин Комилов муаллимлик касби билан бирга, таржимонликни ҳам баравар олиб борди. Кундузи ва кечалари тиним билмади–илм ва ижод завқи билан яшади. “Куч-қувватга тўлган, соғлиғим яраган пайтда, барига улгуришим керак”, деган ўгитларга суянди. Чунки инсон эртага нима бўлишини билмайди. Имконият туғилганда, илҳом париси келганда   яхши нарсаларни ёзиб қўйиш даркор.

Устоз Шарқ шеъриятининг пешқадам вакиллари – А.Жомий, Ф.Аттор, Ж.Румийнинг бебаҳо асарларини ўзбек тилига маҳорат ила ўгирди. Қарангки, қисқа муддатда “Ўлмас сатрлар қудрати”, “Ишқни оловлантирган сув”, “Жон ва жонон можароси”, “Тимсоллар тимсоли”, “Ахтарин ашк этдию…”, “Эрур кўнгилларга сафо ишқ”, “Аҳд қилдим…”, “Соқий, талх бўлди айшим” каби теран илмий-таҳлилий мақолалар “Ёшлик”, “Гулистон” журналларида бот-бот босилди-ю, олимни халқимиз кашф қилгандай бўлди…

Тақдир ниятларга яраша бўлар экан. Кўп ўтмай, илмий салоҳияти ва ақл-идрокини  билганлар домлани дарҳол юқори лавозимларга  тавсия этишди. 1992-1995 йилларда Н.Комилов Президент девонида бош консультант, 1995-2012 йилларда Давлат ва жамият қурилиши академиясида илмий ишлар проректори, кафедра мудири лавозимларда баракали меҳнат қилдилар. Сиёсий зийрак ва маънавий комил  Устоз Марказий сайлов комиссиясининг раиси бўлиб ҳам ишладилар.Шу билан бирга, илмий мактаб яратиш ғоясидан воз кечмадилар. Ўтган йилларда маънавият ва сиёсат, тасаввуф ва дин, шоҳ ва дарвеш муносабати масалаларига доир янги тадқиқотларни яратдилар. Янги авлод ёшларига “Диншунослик ва маънавият асослари” фанидан сабоқлар  бера бошладилар.

1998 йилда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини битириб, илмий ишимни давом эттирдим. Илмий раҳбарим Н.Комилов ўгит-маслаҳатлари асосида сиёсатда етакчилик ҳодисаси мавзусидаги тадқиқотни ёзиб, 2004 йилда сиёсий фанлар номзоди  бўлдим.  Бу пайтда “Ибн Сино” номли тиббиёт нашриётига раҳбарлик қилардим. Мен устоз билан ҳар ойда икки-уч марта учрашиб, идоравий ва илмий ишларим юзасидан маслаҳатлар олардим. Академиянинг 12-қаватига чиқиб, домланинг кабинетига кириб борар эканман, ҳассага суянган кўйи ақлли кўзлари билан алғов-далғовли дунёни кузатаётган Ғайбулла Саломовнинг  портретига кўзим тушарди.

1970 йилларда Саломов-Комилов мактаби адабиётимиз аҳлига таржимачиликнинг анча истиқболли, зарур ижод йўналиши эканлигини белгилаб, икки тилли ёш таржимонлар авлоди етишиб чиқишига ҳисса қўшдилар. Ўша йилларда Ёзувчилар уюшмаси таржима шўъбасини бошқарган истеъдодли  шоир Муҳаммад Али ҳам бу фикримни тасдиқлайди.

Нажмиддин Комилов “Ибн Сино ва Данте” (1983) китобида ўзбек олимларидан биринчи бўлиб Шарқу Ғарбнинг  адабий алоқаларини даврлаштирди.  Дарвоқе, қадимги Хитой, Юнонистон ва Рим мутафаккирлари Конфуций, Сократ, Афлотун (Платон), Арасту (Аристотель), Цицероннинг давлат ва жамият муносабатига оид таълимоти ўрта асрдаги ислом фалсафаси шаклланиши, ривожланишига туртки берганди. “Шарқ Уйғониши улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, тафаккур ва ижод паҳлавонларини майдонга келтирди,–дейди Н. Комилов.– Бу улкан маданият умумбашарий цивилизацияга қўшилиб, унинг узлуксиз ривожига омил бўлди, турли алоқа воситалари орқали Ғарбга ўтиб, янги Европа тафаккури тараққиётига таъсир кўргазди. Етти аср давомида араб халифалиги қўл остида турган Испаниянинг Қурдоба, Шивилия, Ғиронада вилоятларида Шарқ илм-маърифати кенг қанот ёйди. Испан қироллари араб тилини мукаммал билар, ўз саройларида араб шоир ва олимларини сақлар, барча испан зиёлилари арабча таълим олиб, шарқона урф-одат руҳида тарбияланар эдилар”[1].

Устознинг таъкидлашича, Шарқ илм-фани ва маданиятининг Европага кўчишида таржиманинг роли, шубҳасиз, буюк бўлган. Араб тилида яратилган илмий адабиётларни лотин тилига ағдариш XII асрлардан бошлаб авж олган. Кейинчалик бу адабиётларни испан, француз, кастил тилларига таржима қилиш кучайган, Толедо ва Болоня шаҳарлари ўша давр таржимачилигининг йирик марказларига айланган эди.

“Бу қадимий санъат” (1988) китобида устоз илмий ғояларини изчил давом эттиради. Китоб XVIII — XX аср бошларида Хоразм адабий муҳитининг Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Бобожон Саноий, Комил Хоразмий, Баёний каби забардаст ижодкорлар амалга оширган йирик таржима асарлари тадқиқига бағишланди. Дарҳақиқат, Хоразм таржима мактаби хизмати шуки, улар Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Кайковус, Шайх Саъдий Шерозий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Амир Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Бадриддин Ҳилолий, Зайниддин Восифий сингари буюк зотларнинг асарларини она тилимизга моҳирона ўгирдилар.

Устоз “Тасаввуф” икки жилдлигини ёзиб, ўзларига ҳайкал ўрнатиб кетдилар. Унинг ҳар бир саҳифаси, жумласи  ҳикмат ва  маърифатга тўлиқ. Тасаввуфни яхши англамасдан туриб, миллий маънавият тарихи, шарқ фалсафаси, адабиёти  ва санъатини пухта эгаллаб бўлмайди. Ислом тарихи бизда тассаввуф тарихи билан бирга олиб қаралгандагина тўғри ёритилиши мумкин, деб ҳисоблайди профессор Н. Комилов. Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Маҳдуми Аъзам каби машҳур шайхларимиз эътиқод қўйган, умрини бағишлаб ривожлантирган ҳам тасаввуфнинг ўзгинаси.  Халқ маънавиятининг ўчмас хазинаси Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Хоразмий, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Атойи, Жомий, Навоий, Машраб, Огаҳий, Амирий, Сайқалий ва яна ўнлаб улуғ шоирлар  асарларининг бош ғоялари, тимсол ва тамсиллари тасаввуф негизида қурилганлигини устоз кўп тадиқиқотларида шарҳлаб берган. Ўшаларга суяниб, “тасаввуф, бу – Мутлақ илоҳни таниш ва севиш;  авлиёлар эътиқодидан туғилган;  покиза ахлоқ ҳақидаги илмдир”, деган хулосага келади.

Устозни китобхонлар нозик дидли моҳир таржимон сифатида ҳам  яхши билишар эди. Хусусан, Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” (1994), Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний  ёхуд жавонмардлик тариқати” (1994), Шайх Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”–1996) каби асарларини устакорлик билан ўзбекчалаштирди. Ноширлик қилган йилларимда ушбу таржималарнинг чоп этилишида иштирок этганимдан беҳад хурсандман.

Ҳикоя қилишларича, Нажмиддин Комилов Президент девонида  ишлаган даврда, давлат ишларини беками кўст олиб боришда маънавият ва маърифатнинг ўрни нечоғлик зарурлигига кўп аҳамият беради. Суҳбат ва учрашувлар чоғида Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек салтанат ишида маънавият ва маърифат аҳли аҳамиятини исботлашдан чарчамайди. 1994 йилда Маънавият ва маърифат марказини ташкил этиш бўйича тарихий қарор эълон қилинди.  Яна маънавият давлат сиёсати даражасига етказилиб,  унга ҳамма жабҳада эътибор  кучайди. Вилоят ва туманларда маънавият масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозими жорий қилинди. Мазкур соҳага алоқадор зиёли синфининг  нуфузи бир неча баробар ошди…

Нажмиддин Комиловнинг иккинчи хизмати шуки, давлат ва жамият бошқаруви тингловчилари (ҳокимлар, вазирлар, вазирлик ва идора раҳбарлари ва бошқалар)га дин моҳияти, маърифий вазифаси, хусусан тасаввуф дунёси чуқур маъноларини чин маънода тарғиб этиши бўлди. Домла Президент академиясида  кафедра мудири, биринчи проректор лавозимида ишлаганида, минглаб тингловчиларга дин тарихи, фалсафаси, мамлакат қонун-фармонлари асл мақсадини шу даражада англатдики,  мухлис  шогирдлар вилоят ва туманларга қайтиб борганида, динимиздаги адолатпарварлик, ватанпарварлик ғояларини англаб етиб ҳурмат қиладиган, бу борада нима тўғрию нимаси хурофот эканини тушуниб етадиган ҳақиқий тарғиботчига айланди.  Кўча-кўйда кимлардир оғзаки сингдирган динни энди бошқа оҳангда эмас, балки миллатни маърифий-руҳий тарбиялаб, яхшиликка, комилликка йўлловчи бир восита,  ўғил-қизлари таълим-тарбиясидаги ижобий  омил   сифатида қарайдиган бўлдилар.

Устознинг учинчи хизмати – республикамизда тасаввуф илмий мактабини яратишга улгурди. Маълумки, инсон  руҳий оламини осмон қадар  юксакларга кўтарувчи бу комиллик йўлига  узоқ йиллик  пиру муридлик   машаққатлари эвазига эришилади. Тасаввуф, бир томондан, дин ва шариат, иккинчи томондан, фалсафа ва ҳикмат илми билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган ўзига хос таълимотдир. Фарқи шуки, инсоннинг мутлақ ҳақиқат, мутлақ адолат ва покликка эришиш истаклари тасаввуфда тўлиқ шаклланади. Бу эҳтиёж, орзу кучли завқ ва иштиёқни, ўзини унутиш ва беҳудликка олиб борган Ишқни келтириб чиқаради, албатта. Бир вақтлар тасавуфдаги ўз-ўзини такомиллаштириш ғояси, ахлоқий юксалиш, эзгулик, хайр, ҳиммат, мардлик ҳақидаги қарашлар бутун мусулмон оламига кенг тарқалиб, катта ижтимоий ҳодисага айланган эди. XXI асрга келиб, шарқшунос олим Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” номли икки жилдликат улкан тадқиқотида Шарқ фалсафий тафаккурида муҳим ўрин олган, маънавиятимизни бойитган ахлоқий ҳикматларнинг таълимотини  янада бойитди, тўлдирди.

Устознинг тўртинчи хизмати – тасаввуф илмидан бохабар, ҳалол, иймонли, садоқатли шогирдларни тарбиялаб етиштирди. Ҳозирги кунда ўзига ўхшаган  камтарин шогирдлари олий ўқув даргоҳларида, давлатнинг юқори органларида салоҳиятли  йўналишларда ишлаб келмоқдалар.

Нажмиддин Комилов  узоқни кўра оладиган аллома эди. Устознинг ижодида ҳазрат Алишер Навоий  ижоди алоҳида ўринни эгаллайди. Сабаби, устоз замоннинг ҳақгўй, хоксор зиёлиси сифатида Ҳазрат тилга олган иллатларнинг бугунги кунда ҳам яшаб келаётганидан  азият чекарди. “Нафс домига тушган одам бир хиёнат кетидан иккинчисини қилаверади. Алдаш, ёлғон сўзлаш, найранг ишлатишни ўзининг “ҳунари”га айлантиради”,–деб ёзган эди “Хизр чашмаси” китобида. Ўша машҳур асарида инсонга тааллуқли  фазилатлар бирма-бир келтириб ўтилган.

Инсонга берилган энг ардоқли биринчи хислат – қаноат. Кишида қаноат бўлмаса, борига шукр қилмаса, Аллоҳ берган ризққа кўнмаса, у тамаъгир бўлади, бошқалар молига кўз олайтиради, натижада тўғри, ҳалол яшашдан чекинади.  “Тамаъ – бу қуллик, чунки бировдан доим бир нарса кутиб ўтирган одам ўз нафсининг қулига айланади, –дейди олим. – Қаноатли одам илм ва маърифат билан шуғуллана олади, дунё ва охиратни ўйлайди. Тамаъгир, ҳарис одамда илм билан шуғулланишга,  маърифат эгаллашга вақт йўқ. У туну кун олтин ҳирсида яшайди. Яратган Парвардигори ҳам эсига тушмайди, демак маънавий дунёси ҳам қашшоқ бўлиб қалби қотади, тошбағир маҳлуққа айланади”.

Иккинчи хислат саховат бўлиб, у ўз жойида, ғариб ва бенаво, бева-бечора, етимлар, қаровсиз қолган қариялар, толиби илмлар, хуллас фақиру ҳақир одамларга қилинади.  Аммо сахий одам керилиш ва миннат учун бу ишни  адо этмайди.

Маърифат – инсондаги учинчи  зарур хислат ҳисобланади.  Навоий таъкидича, маърифат аввало Илоҳ маърифати, лекин одамизод унга эришмоғи учун ўзини чуқур ўрганиши, билиши лозим. Шу жиҳатдан олганда, ҳазрат  Навоий достонларининг қаҳрамонлари имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифати етук шахслардир. Буюк шоир куйиниб ёзадики, “олам аро қаҳри илоҳий” бўлган, пастлигидан “ит билан бир” деса бўладиган жоҳил кишилар мансаб эгаси, олимлар эса хору зор.  Ана шундай жоҳиллар элга ҳукмрон, илм-маърифат аҳлига “раҳнамолик қилади” ва ақл ўргатади…

Китобнинг “Қалбларнинг севгани” бобида ўрта асрлардаги тасаввуф билан бугунги бадиий адабиёт фарқи яхши очиб берилган. Бизга аёнки, тасаввуф тариқатининг Марказий Осиёга ёйилиши X-XI асрларда яшаган буюк мутасаввуф Абу Юсуф Ҳамадоний номи билан боғланган.  Ҳамадоний  Бухорога кўчиб келгач, ерли халқ вакилларидан юзлаб муридларга тасаввуфнинг аҳкомларидан таълим беради. Кейинроқ муридлари ичида тўрт забардаст сўфий –Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний етишиб чиқади.  Ғиждувоний “хожагон” номли ирфоний хусусиятга эга  тариқатни тараққий этдиради ва Ҳамадоний  тортиб келган “Силсилаи шариф” – “Олтин занжир” араб давлатларидан ўзбек диёрига кўчади.

Тасаввуфнинг мағзида илми  Ҳақ–ботин илми, қалб тафаккури ётади. Инсон ўз заковатига ишониб, Ҳақнинг ягоналиги ва улуғлиги ҳақида тафаккур қилади. Сўфий шоирлар ижодининг марказида айни шу мақсадлар ётади. Афсуски, биз мустамлакачилик йилларида адабиёт дарсликларида уни халқимиздан яшириб келгандик. Устоз масаланинг шу жиҳатига эътиборни қаратиб, фандаги “бўшлиқ”ни тўлдиришни ўзига мақсад қилиб олганди. Профессор Н. Комилов Робия Адавия, Мансур Халлож, Аҳмад Яссавий, Алоуддин Аттор, Абдулло Ансорий, Абусаид Абулхайр, Абдураҳмон Жомий, Умар Ҳайём, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Машраб, Мирзо Бедил сингари тасаввуфнинг йирик вакиллари ижодини изчил ўрганади.

Собиқ иттифоқ даврида дин – афъюн, тасаввуф – реакцион мистик оқим, деб унга қора тамға босилган эди. Бундан кўзланган пинҳона мақсад – жамиятда комил инсонни эмас, сохта, ёлғон ғояларга эътиқод қўйган авлодни шакллантириш, унинг устига итоаткор тизимни қуриш ва одамларни бошқариш  бўлганди. Афсуски, совет даврида яшаган  олимлар, жумладан Е.Э.Бертельс ҳам Навоий “Ҳамса”си достонларидаги илоҳий муҳаббат ғоясини инкор этади. Олим илоҳий муҳаббат билан инсоний муҳаббатни бир-бирига зид қўйиб, шоир кўпроқ иккинчисини куйлаган, деган хато фикрни  билдиради[2].  Рус олими Е. Бертельсдан фарқли ўлароқ, Н. Комиловнинг Шарқ адабиёти йирик намояндалари ижодига доир илмий талқинларида бошқача ёндашувларга дуч келамиз. Биргина Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони шарҳини кўриб чиқайлик.  Руҳи Мутлақ ошиқ ва маъшуқа танига киради,  шунда Руҳлар ўзаро туташади, дейди муаллиф. Аммо тонг ёришганда, севишганлар эл назаридан қўрқиб, яна ажралишади, негаки ҳали Руҳи Мутлаққа яқинлашув бир-бирига сингиш ва эриб кетиш дегани эмас… Лайли Ўз эгаси қошига келгач,  ўлимни қувонч билан қарши олади, сабаби маъшуқаси – Илоҳ васлига ахийри етишди. У фоний дунёнинг кайф-сафоси, лаззатларидан қутулиб, абадий фароғатга етишгани туфайли  бахтлидир. Лайлининг Илоҳ васлига етишганини билган  Мажнун йўлга тадорик кўради. Иккови ҳам висол  они яқинлашгани, севгилиси (Илоҳ) билан мангу қовушиш имкони етиб келганидан хурсанд.

Сўфий шоирнинг  хулосасига кўра, ҳар бир одам ошиқлик йўлини тутиб, ишқ тариқига кириб, ўзини ўлимга эмас, балки васл майини ичишга тайёрлаб бормоғи даркор.  Албатта, инсон ақли ва фаросати  Илоҳни тасаввур этишга ожизлигини билган Навоий уни Лайли тимсолида берган ва мақсадига эришган! У  ғоясини  бадиий маҳорат билан образга сингдира олганки, ҳатто  илоҳий маъшуқа билан дунёвий маъшуқа ўртасидаги фарқни сезмай қоласиз.

Устознинг илмий талқинларидан  энг машҳури шоҳ ва дарвешга бағишланган, десак хато бўлмайди. Сўфий шеъриятида дарвешлар зоҳиран афтодаҳол, жанда кийимда (ҳирқада) кўринса-да, лекин ботинан илм-маърифатли, ҳозиржавоб ва мард-ҳамиятли кишилардир. Тасаввуф аҳли наздида шоҳ – қул, дунё қулидир. “Чунки у мол-дунёга ҳирс қўйган одамларнинг энг “пешқадами”, энг зўри, унинг фикри-ёди дунёни эгаллаш билан банд, – деб ёзади  Н. Комилов. – Шундай қилиб, шоҳ дунёдан тўймаслик, зулму зўравонлик рамзи бўлса, дарвеш ўз хусусияти билан шоҳнинг бутунлай тескариси – салтанат, тахту тожни инкор этиш, унга нафрат тимсолидир”[3]. Шуларни таҳлил қиларкан, халққа раҳбар бўлиш учун бошни илоҳиёт нури ва маърифат дунёси билан безаш лозим, деган хулосага келади муаллиф.

Нажмиддин Комилов ҳокимият, тожу тахт имконияти билан маърифату билимнинг даражасини қиёслаб, мансабга хос ижобий ва салбий    қусурларни санаб ўтаётиб, инсондаги ҳокимиятга ҳирс, дунёпарастликни очиқ танқид қилади. “Ҳар қандай подшо яхшиларни ҳимоясига олиб, олимлардан доимо маслаҳат сўраб, ёмонларни жиловлаши  ва жазолаши лозим”, дейди. Шу маънода   Фаридиддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул-унс”, Алишер Навоийнинг “Насойимул-муҳаббат”, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларидан покдил дарвешларнинг ҳаёт йўлини, нозик хислатларини келтириб ўтади.

Профессор Н. Комиловнинг “Садди Искандарий” достонига  оид илмий тадқиқоти ҳам ўрганишга лойиқ ҳодиса. Олимнинг таъкидича, шоирнинг бу асарида ота ва бола, шоҳ ва раият, шоҳ ва аъёнлар, шоҳ ва дарвеш, устоз ва шогирд, донишмандлик ва амалиёт, тақдир ва тадбир, инсон ва Худо каби ахлоқий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий масалага оид фикрлари давлат бошқарувида қўл келиши мумкин. Жумладан, Искандар тақдирида жаҳонгирлик ёзилганини айтиб, у бу мақомга фақат чуқур билими, маънавий-ахлоқий камолоти туфайли эришганлигини таъкидлайди. Асарнинг фойдали жиҳати шундаки, инсон комилликка етиб, юқори мартаба-ю, мақомга эришганида манманликка берилмаслиги,  шон-шавкатга эришганида ҳам Худо олдида ўзини ожиз ҳис этмоғи даркор.

Достондаги  мураккаб нуқталарни таҳлил  қилган муаллиф: “Шоҳлик унинг учун зўрлик ва ҳукмронлик воситаси, мумтозлик белгиси эмас, балки халқ ва Ҳақ олдидаги вазифа, бурч эди”, деган хулосага келади. 

Домла  ҳар  галги суҳбатимизда:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсан, ўзунгдин истагил,

деган тасаввуфнинг қоидасини такрорлашни яхши кўрардилар.   Инсон фақат ўзига ишониб,  мақсадлари сари интилиши зарур, бошқаларнинг кўмагини кутишга зарурат қолмаслиги керак, дердилар.

Устоз авлодларга ёзиб қолдирган китоблардаги чиройли услуб, ғаройиб талқинлар, ажойиб фикрлар ўқувчини ҳайратга солмай қўймайди.  Бу китоблар қалбимизга Аллоҳ яратган илму ҳикматни билиш,  ҳаётда мусаффо руҳ, пок ният билан яшашга ўргатади. Ўз навбатида, фалсафа, сиёсат, ҳикмат ва тасаввуф илмидан бохабар этади. Улар  бизни дунёни қалб кўзи билан кўришга  ҳозирлаб боради…

Н. Комилов “Тасаввуф”, “Хизр чашмаси”  китобларида тасаввуфнинг моҳиятини илмий тадқиқ қилиб, бир вақтлар четга суриб қўйилган, ман этилган, ўтмиш билан бугун ўртасида бузиб ташланган кўприкни тиклаб кетдилар. Ислом дини, нақшбандийлик тариқати ва йўлларидан, фалсафа, мантиқ ва бадиий адабиётдан яхши хабардор  Устоз халқимизга Илоҳ, шоҳ, дарвеш, нафс, маърифат, қаноат, саховат маъноларини англатиб, ҳаётда зоҳирий (ташқи) амалларга, ўткинчи ҳою-ҳавасларга, нопок хатти-ҳаракатларга асло кўнгил боғламасликка ундадилар.  Ўзлари ҳам  поклик  қоидаларига амал қилиб яшадилар.

Давлат ва жамиятга улкан хизматлар қилганига қарамай, Нажмиддин Комилов камтарона ҳаёт кечирди. Нуфузли  даргоҳларда  хизмат қилган йилларида  ҳам яшаш тарзи, сўзи-ю иши бир бўлган Нажмиддин ака ҳалол меҳнати, Аллоҳ берган ризқи билан оилани боқиш, одамлар билан  хушмуомала, камсуқум гаплашиш, кибру такаббурлик кўчасидан узоқда юришга ўргатди шогирдларини. Қарийб қирқ йил Сағбондаги Олча торкўчасида, танга тушгулик ҳовличада  умргузаронлик қилдилар. Ўша сокин, хотиржам муҳитда забардаст асарларини қоралашга улгурдилар. Афсус, касаллик ўз ишини қилди. Ажойиб олим ва самимий инсон Нажмиддин Комилов 2012 йилнинг 26 апрелида, 75 ёшларида вафот этдилар.

 Айни дамда, Устоз “Чиғатой” қабристонида – буюк олимлар, давлат, маданият ва санъат арбоблари қаторида мангу уйқуда ётибдилар. Мен Талабалар шаҳарчаси томон ишга  ўтиб кетаётганимда, бу зиёратгоҳга кирар эканман, ўткинчи дунё билан хайр-хўшлашиб, боқий дунёга йўл олган атоқли олим, хоксор инсон Нажмиддин Комиловнинг  маслаҳатларини узоқ йиллар олиб юрган шогирди эканимдан чексиз ғурурланаман. Устоз бир шеърларида ёзганларидек:

Ойдин тунда ой меҳмонинг бўлганда,
Қўйнинг, кўнглинг кумуш нурга тўлганда,
Эслаб қолсанг шунда мени мабодо,
Секингина  шивирлагин: қайдасиз?
 
Нигоҳингни сеҳрласа кенг само,
Зуҳра юлдуз туҳфа этса хуш наво,
Қулоғингга чалинса таниш садо,
Секингина шивирлагин: қайдасиз?
 
Садо бўлиб кириб борай хонангга,
Ўлтирайин ойга боқиб ёнингда.
Мени излаб талпинганинг онингда,
Секингина  шивирлагин:  қайдасиз?

Устоз, сиз доимо ёдимиздасиз. Сиз   илмдан қувват олиш, ҳалол яшаш, ҳаётда сабрли, иродали, адолатли бўлиш, эзгу ишларга бош қўшишни ўргатдингиз. Сизга замондош бўлиб  умр кечирган дамларимиз ҳаётимизнинг энг тотли, энг файзли кунлари бўлиб қолади. Дафъатан, нурли, беғубор сиймонгизни кўз олдимизга келтирганимизда, маърифий китобларингизни  варақлаганимизда, ўзимизда ички қувват, тоза нафас ва руҳий далда оламиз.

_________________

[1] Комилов Н. Тафаккур карвонлари. –Т.: Маънавият, 1999. – 57-бет.

[2] Бертельс Е.Э. Избранные труды. Наваи и Джами. –М.: 1965. – С.122.

[3] Комилов Н. Хизр чашмаси. – Т.: Маънавият, 2005. –102-бет.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!