Адам Смитнинг “кўринмас қўл”и

Бу одамни бизда ҳали кўпчилик танимайди. Энциклопедик луғатда:
Смит Адам (1723 — 1790) — шотланд экономисти ва файласуфи… деб бошланган қисқача изоҳ берилган. Аммо биз уни 1976 йилда нашр этилган, муқаддам яшаб ўтган барча атоқли файласуфлар номи жамланган «Фалсафа луғати»дан ҳарчанд излаб топа олмадик. Бугунги кунда бозор иқтисодиёти илмининг даҳоси сифатида ҳақли равишда тан олинган, бироқ биз яхши танимайдиган бу одам ким бўлди экан?

Ғалати одам

Адам Смит — бир қарашда тушуниб бўлмайдиган ғалати одам, дейилган баъзи манбаларда. У гоҳо ўзи билан ўзи гаплашар, гоҳо шунақанги ўйчанликка берилиб кетардики, четдан кузатиб турган кишилар уни тентак деб ўйлашаркан.
Аслида Адам ғоятда билимдон киши бўлган. Икки университетни тугатиб, фалсафа, сиёсат, математика, астрология, ҳуқуқшунослик, сотсиология ва ниҳоят иқтисодиёт фанларини ўрганиб, кўзга кўринган олим бўлиб етишди. Эдинбург университетининг профессорлиги даражасигача ўсиб борган Смит талабаларга этика, ҳуқуқ ҳамда сиёсат илмидан маърузалар ўқир ва шу билан бир вақтда ажойиб китоблар ҳам ёзарди. Унинг биринчи чоп этган асари «Ахлоқий туйғулар назарияси» деб номланади.
Инсоннинг ички табиатини обдон ўрганиб чиққан олим, чиндан ҳам буюк кашфиётлар қилди. Бир сўз билан айтганда, башариятнинг иқтисодий-ижтимоий қиёфасини ҳаққоний чизиб берди. Унинг 1776 йилда ёзган «Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида» китоби Ғарб¬да ҳозир ҳақли равишда «Капиталистик иқтисодиёт Биб¬лия¬си» дея ном олган. Бу асарда қаламга олинган фикрлар ва хулосалар мана, орадан асрлар ўтаётган бўлса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотган эмас.
«Мамлакатни энг чуқур қолоқликдан фаровонликнинг юқори босқичига олиб чиқиш учун фақатгина тинчлик, енгил солиқлар ва бошқарувдаги бағрикенглик кифоя қилади, қолганларини эса воқеаларнинг табиий оқими бажаради», деб ёзган эди Адам Смит.

Ким бой бўлишни истамайди?!

«Ҳар бир киши, — дейди Адам Смит, — даромадини ё ўз меҳнати билан ёки сармояси билан ва ёки ери орқали олиши лозим:
Меҳнати орқали оладигани — иш ҳақи;
Сармояси орқали оладигани — фойда;
Еридан оладигани эса — ер рентасидир».
Кейинчалик унинг айрим танқидчи шогирдлари буюк устозларига шаккоклик қилиб, охирги икки усулни қонундан ташқарига чиқаришди ва уларга меҳнатсиз даромад деган тавқи лаънатни осишди. Ҳолбуки, Адам Смит даромадларнинг юқоридаги ҳар учала турини ҳам ҳар қанақа жамият ва ҳамма учун мутлақо тенг ҳуқуқли, ҳатто зарур эканини қаттиқ уқтирган эди.
«Орамиздаги баъзилар бажараётган ишларини гўё пул учун эмас, бурч учун қиляпман, деб ўйлайдилар. Бу эса ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас. Чунки ҳар бир одам иложи борича тинчроқ яшашни истайди. Меҳнатсеварлик ҳар қандай инсоний хусусиятларда бўлганидек, рағбатнинг миқдорига қараб ўсиб боради. Шу боис, юқори иш ҳақи бериш орқали биз ҳамиша ташаббускор, тиришқоқ, фаҳм-фаросатли кишиларни истаганимизча топа оламиз. Паст иш ҳақи билан эса бунга эришиб бўлмайди», — дейди у.
Бироқ ана шу жойда ишнинг «ишкали» чиқиб қолади. Кишилар меҳнатсеварлик ва тиришқоқлиги самараси ўлароқ бойиб қолишгач, худди бойваччаларга ўхшаб эркалана бошлайдилар. Ўзларини тузукроқ койитмасдан кўпроқ нарса талаб қиладилар.
Смит ушбу нохуш ҳолатни ҳам эътибордан қочирмаган: «Инсон қанақа машғулот билан шуғулланмасин, катта даромадга эга бўлиб қолгач, бошқа давлатманд одамлар сингари яхши еб-ичгиси, башанг ки¬йингиси, турли хил кўнгилочар ишлар қилишни истаб қолади».
Бунда ҳар қандай киши ҳам иложи борича асл нарсалар харид қилишни, яшаб қолишни, яшаганда ҳам яхши яшашни истайди. Бу мутлақо табиий ҳол. Аммо топганини емай-ичмай, қирқ жойдан тугиб, жам¬ғарадиганларга нима дейсиз?
Буям, албатта, яхши. Нега десангиз, оддий халқ ибораси билан айтганда, «Пул — белга қувват, кўзга нур». Адам Смитнинг фикрига кўра эса, учинчи йўл энг тўғрироқ. Яъни жам¬ғармани емасдан, йиғмасдан кўчмас мулк ёки ишлаб чиқаришга жалб этганлар ютади. Бир сўз билан айтганда, пулдан пул туғдириш керак. Бизнинг ўзбеклар гарчанд Адам Смит билан бирга ўтириб қатиқ ялашмаган бўлсалар ҳам «Пул пулни топар, пулсиз — бошоғриқни», деб қўйишганига, билмадик, қанча замонлар бўлган. Ким билсин, балки алгебра, тиббиёт, кибернетика, астрономия ва бошқа соҳаларда бўлганидек, боболаримиз иқтисодиёт борасида ҳам Адам Смитга устоз чиқиб қолишса, ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Обрў керакми ёки шовла?

Адам Смитнинг иқтисодий луғатида биз одатланиб қолганимиз: оклад, ставка, тариф, ярим ставка, ўриндошлик, энг юқори иш ҳақи, энг паст иш ҳақи, лимит ва ҳоказо ҳар хил атамалар мутлақо мавжуд эмас. Унинг назариясидаги ҳар бир хулоса ҳаётнинг ўзидан ва фақат ўзидан чиқарилган.
«Ҳурмат ва обрў-иззат ҳар қандай нуфузли касбнинг ўзига хос катта бир рағбати ҳисобланади, — деб ёзади Смит. — Биз ор қилиб, уяладиган ёки қўлимиздан келмайдиган айрим қора ишларда эса ушбу рағбат ҳисобини даромад қоплайди. Айтайлик, қассоблар жуда катта фойда олишади ва бизга қараганда тўкисроқ яшайдилар. Аммо уларнинг касби қанчалик даромадли бўлса, шу қадар қўпол, ёқимсиз ва оғирдир. Шунга кўра, бу касб ҳамма жойда бошқ¬а касбларга қараганда даромадлироқ».
Энди-энди маълум бўляптики, энг буюк фожеаларимиздан бири шунда эканки, узоқ вақт бизни хусусий мулкка нисбатан нафрат ҳиссида тарбиялашди. «Биз социалистлармиз! Бу дегани биз хусусий мулкчиликка қаршимиз!» деган ақидага амал қилинди. Мана давр ўтди, замон ўзгарди. Эндиликда бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат барпо этаётирмиз. Хусусий мулкчиликсиз бозор иқтисодиётини ташкил этиш, демократик жамият қуриш мутлақо мумкин эмас. Бу борада Адам Смит қуйидагиларни ёзди: «Мулкка эга бўлиш ҳуқуқи бўлмаган одам ҳамиша камроқ ишлаб, кўпроқ ейишга интилади. Мулкка эгалик ҳуқуқи — муқаддас ҳуқуқ — меҳнат қилиш ҳуқуқига таянади. Зеро, меҳнат ҳар қандай мулкнинг асосидир. Ҳеч вақоси йўқ кишининг ҳам чаққон қўллари бор. Кимда-ким уни ана шу қўлларини ишлатиш ҳуқуқидан маҳрум қилса, унинг энг муқаддас ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳисобланади».
Демак, инсон меҳнат қилиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиши учун унинг қўлларини ечиб юбориш керак. Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи эса инсоннинг нафақат қўлларини, балки руҳини ҳам озод қилади. Натижада унинг чаққон қўллари қўл эмас, чинакам қанотга айланиб кетади. Мана, Адам Смит нима демоқчи!

Урғочи пуллар

Сарлавҳани ўқиган муштарийлар: «Иэ, пулнинг ҳам эркагу урғочиси бўларканми?» деб ажабланмасинлар. Адам Смит назарияси бўйича, пулдан пул туғдириш йўли билан ҳам даромад олиш мутлақо мумкиндир. Бунинг ҳеч қанақа уятли жойи йўқ.
«Ҳар қандай ишлаб чиқариш ва касб-ҳунарда бўлганидек, кўпчилик ҳунармандлар ўз фаолиятлари учун зарур бўлган хомашёлар ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиб, ишни битириб олганларига қадар, маълум бир маблағга эҳтиёж сезадилар. Ана шу вақтда айрим кишилар қўлида тўпланиб қолган сармоя ҳисобига меҳнатсевар ва ишчан одамларни атрофига тўплаб, уларнинг меҳнати ҳисобидан фойда ола бошлайдилар».
Аммо Адам Смит хулосаси бўйича бунинг тескариси ҳам бўлиши мумкин. Хўжайин фойда кетидан қувиб, маҳсулот нархини кўтарса ёки ёлланма ишчиларга камроқ иш ҳақи тўласа ва ёхуд кераксиз молу матолар ишлаб чиқарса, корхонаси касодга учраб, ўзи синиб қолиши, замонавий тил билан айтадиган бўлсак, банк¬рот бўлиши мумкин. Демак, ҳамма гап меъёрни билишда экан. Ана шу меъёр атрофидаги гаплар асосида замонавий менежмент ва маркетинг илми пайдо бўлди.
Смитнинг уқтиришича, «чинакам капитал (сармоя) бу эксплуататсия воситаси ёки молнинг сотилишдан олинадиган даромад эмас, балки жамиятни фаровонлаштирадиган маблағдир». Орадан юз йил ўтиб, машҳур Генри Форд Адам Смитнинг фикрини сал бош¬қачароқ тарзда талқин қилди: «Меҳнаткашларнинг кундалик турмушларини яхшиламайдиган, уларнинг меҳнатига адолатли ҳақ бермайдиган капитал (сармоя) ўзининг муҳим вазифасини бажармайдиган капиталдир… Ҳар қандай сармоя ана шу муҳим вазифасини бажармас экан, унинг оддий қумдан ҳеч қандай фарқи йўқ». «Капиталнинг энг бўлмағури четга чиқиб кетадиганидир, — дейди Адам Смит. — Агар пуллар мамлакат ичкарисида ўзига қўним топмаса, ҳар қанақа қонун, фармон ва чекловларга бўйсунмаган ҳолда чегаралардан ташқарига турли эҳтиёжлар учун чиқиб кетаверади». Смит назариясига кўра, пул мамлакат ичида ўз талабгорини топиши лозим. Бу дегани замонавий қилиб айтганда, бозор талабини импорт ҳисобига эмас, балки ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига қондириш керак. Акс ҳолда халқ меҳнати эвазига яратилаётган моддий бойликлардан келадиган фойда ҳузурини ишлаб чиқаришни яхшироқ ташкил қилган хорижий корхоналар кўраверади.
Шу маънода ҳукуматимизнинг ички бозор талабини тезроқ қондириб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш борасида кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари ниҳоятда тўғри экани аён бўлади. Айтайлик, собиқ иттифоқ даврида пахтамизнинг атиги 8 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланган бўлса, ҳозирда бу миқдор йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

«Кўринмас қўл»нинг кучи

Бундоқ қараганда, Адам Смит кўзимизга буюк кашфиётчи бўлиб туюлса-да, у азалдан мавжуд нарсаларни содда ва тўғри кўра олди, холос. Қолаверса, ҳаёт манзараларини бўрттирмасдан, камситмасдан, қандай бўлса, шу ҳолатда кўриш-кўрсатишнинг ўзи ҳам катта бир ҳикмат эмасми? Адам Смит инсонни, умуман, ҳаётни қандай бўлса, шу ҳолда қабул қилди. Ўзидан кейинги доҳий ва доҳийчаларга ўхшаб, идеал инсонни яратишга уринмади. Бор қусур-камчиликлари, худбинликлари билан оддий одамлар ўзлари билмаганлари ҳолда жамиятни фаровонлаштириб юбора олишларини илмий асосда исботлаб берди. Смит назаридаги одам худбин ва манфаатпараст бир нусха. Аммо Смит ундан нафратланмайди, балки «… агар инсон ўз фойдасини кўзлаб фаолият юритса, беихтиёр равишда жамият манфаати учун хизмат қила бошлайди» дея уни тўғри тушуниб, умидбахш хулоса чиқаради. Ушбу фикр ҳазрат Навоийда ҳам бор, фақат талқини сал бошқача:
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Балки, бу наф, ўзунгга кўпракдурур.
Энг қизиғи шундаки, у одам «бу билан жамиятни бойитаяпман» деган ўйни умуман хаёлига келтирмайди. Аммо ушбу жараёндаги «кўринмас қўл» унинг етти ухлаб тушига кирмаган натижаларга олиб келадики, бундан фақат ҳалиги худбин киши эмас, бутун жамият манфаат кўради.
«Ҳамма одамларда, — дейди Адам Смит, — битта хоҳиш мавжуд, яъни ўз яшаш шароитларини яхшилашдек йўқолмайдиган истак. Ана шу истак баъзи ҳукуматларнинг исрофгарчиликлари, айрим маъмурларнинг хато-кирдикорлари орқасидан келиб чиқадиган барча зарар ҳамда ўпирилишларниям бартараф этади ва ҳаётни кундан-кун яхшилатиб бораверади».
Нима ҳам дердик, агар ана шундай бўлмаганида, одам зоти аллақачон иқтисодий ва сиёсий бўҳронлар гирдобига тортилиб, ер юзидан замонлар қаърига ғарқ бўлиб кетар эди.
Биз ушбу мақоламизда Адам Смитни кейинги пайдо бўлган назариётчи рақиблари билан зидлаштирмадик ва қиёсламадик. Бинобарин, бизда бундай ният бўлган ҳам эмас, чунки бу масалаларда вақтнинг ўзи энг яхши ҳакамдир.
Буюк Цицерон айтганидек: «Вақт сохта фикрларни емиради, табиат ҳукмини эса тасдиқлайди». Шотландиялик Адам Смит XVIII асрда табиат ҳукмини бошқаларга нисбатан олдинроқ ва тўғрироқ англаган эди, холос.

Худойберди Комилов,
“Марифат” газетасидан


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!