Абу Наср Форобий — Шарқнинг иккинчи муаллими

Фан ва маданият оламида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган улуғ мутафаккир, забардаст олим, буюк алломалардан бири, шубҳасиз, Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобийдир (873—950). Дунё фани ва маданияти, уйғониш даврининг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлган Форобий қадимги юнон фани ва маданиятининг инсоният цивилизатсиясида тутган ўрнини юксак баҳолаб, бутун илмий фаолияти давомида нафақат унга суянди, чексиз ҳайратланди ва илҳомланди, балки кишилик тарихида ўчмас из қолдирган юнон олимларининг, кўпроқ Арастунинг асарларини тарғиб қилди, уларнинг кўпларини араб тилига таржима қилди, шарҳлар ёзди.

Антик дунё олимларининг қолдирган меросларини тўла ўзлаштирмасдан туриб, фан ва маданиятни ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши тушунган Абу Наср Форобий юнон мутафаккирларининг «қули»га айланиб қолмади, балки кўп қиррали олим ва ижодкорларнинг давомчиси, ўз даври шароитида мустақил фикр юритувчи аллома сифатида ўзини намоён қилди.

ИККИНЧИ МУАЛЛИМ

Абу Наср Форобий «Шарқ Арастуси», «Иккинчи муаллим» номлари билан Ўрта Осиё маданиятининг асосчиларидан бирига айланганлиги бежиз эмас эди, албатта. Форобийнинг шахси ва ижоди кўпгина олимларнинг диққатини ўзига жалб этган бўлиб, у ҳақида кўпдан-кўп тортишув ва мунозаралар бўлиб турар эди. Унинг сўнмас илмий ва маданий мероси таъсири остида дунёнинг жуда кўп маданият вакиллари, жумладан, Низомий Ганжавий, Шота Руставели, Носир Хисрав, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Григор Тативаци, Иоане Петритси, Роджер Бекон, Сичер Брабантский ва бошқа юзлаб фан фидойилари шаклланган, ўзлигини англаб, мустақил ижод йўлини топиб олганлар, десак муболаға бўлмас.

Абу Наср Форобий ўрта аср фани ва маданиятининг барча муҳим соҳаларини тўла эгаллаган буюк алломадир. Унинг 160 дан ортиқ асар ёзиб қолдирганлиги маълум. Таниқли форобийшунос академик М.Хайруллаэв ўзининг «Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири» асарида Форобий асарлари турли мамлакатлардаги машҳур шаҳарлар: Санкт-Петербург, Москва, Тошкент, Боку, Қозон, Қоҳира, Байрут, Дамашқ, Истанбул, Берлин, Лондон, Париж, Мадрид, Ню-Ёрк, Ҳайдаробод, Исфахон, Бомбей, Теҳрон ва бошқа кўплаб шаҳарларнинг катта кутубхоналарида, давлат ва шахсий қўлёзма фондларида сақланиб, эъзозланиб келаётганлиги ҳақида ёзади. Форобийнинг сотсиологик, ижтимоий-фалсафий, табиий-илмий, тарбиявий-тиббий қарашлари, назарий хулосалари кенг қамровли ва ранг-баранг бўлиб, моҳият мазмунига кўра нафақат ўз замонаси учун, балки ҳозирги даврда ҳам жуда аҳамиятлидир.

ОЛИМ ЯРАТГАН ФАЛСАФИЙ ТИЗИМ

Форобий яратган фалсафий тизим мазмунан универсал хусусиятга эга бўлиб, ўз даври фанларининг барча муҳим масалалари — фалсафанинг умумий муаммоларидан тортиб, табиатшунослик илмининг асосий фалсафий масалалари, борлиқни билиш ва мантиқнинг баҳсли муаммолари, инсон ва табиат ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик, яъни экологик муаммоларни ҳам ўз ичига олади.

Форобийнинг ижтимоий-фалсафий фикрлари ўзининг кенг қамровли, теран ва мазмундорлиги билан гуманистик хусусиятга эга. У «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари» деб номланган асарида Арасту томонидан илгари сурилган, инсон, энг аввало, ижтимоий ҳодиса, деб таърифланган ғояни янада аниқлаштириб, қуйидагиларни ёзади: «Ҳар бир инсон, ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришиш учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди ва уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёжи туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришуви учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Эътибор беринг, муҳтарам ўқувчи, бу фикрларнинг замирида фалсафанинг бош муаммоси бўлган баҳсли масала — инсоннинг пайдо бўлиши, шаклланиши ва етукликка эришуви ҳақида сўз бормоқда. Энг муҳими, бу жараёнда жамоатнинг роли ва аҳамияти тўғрисида аниқ ва лўнда фикр билдирилмоқда.

Дарҳақиқат, Форобий ўз дунёқараши билан замонасидан анча илгарилаб кетган етук олим, илм ва маърифат курашчиси, табиат ва жамият ривожланиши қонуниятларини очиб беришга астойдил интилган буюк шахсдир.

АХЛОҚ ФАЛСАФАСИ

Форобий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахт-саодатга эришув ҳақида» ва бошқа асарларида ахлоқ фалсафаси, жумладан, ахлоқий тарбиянинг муҳим муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилади. Мутафаккирнинг ахлоқ ва унинг асосида ёш авлодга тарбия бериш ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, аксинча, ахлоқий тарбиянинг янги усул ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштиришда жуда катта аҳамият касб этади.

Форобий ахлоқ тушунчасини кенг маънода талқин қилар экан, бутун инсонларни, уларнинг дини, эътиқоди, ирқи, тилидан қатъий назар, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чақиради. Дунёда бир бутун ягона инсон жамоасини шакллантиришни ва барча фуқароларнинг манфаатларини бирдек кўзлаб фаолият кўрсата олишини орзу қилади. Ўз даврида ажойиб орзу-истаклар ва ғояларни илгари сурган Форобийнинг дунёда ягона жамият барпо қилиш тўғрисидаги фикрлари ҳам кейинчалик дунёнинг жуда кўп мутафаккирлари, жумладан, немис файласуфи И.Кант томонидан ҳам илгари сурилган эди. Форобий илгари сурган, шунингдек, дунё олимлари томонидан ҳам мақсадга мувофиқ деб топилган «дунёда ягона фуқаролик жамияти»ни таркиб топтириш ҳақидаги ғоялари устида жиддийроқ бош қотирсак, бу ғоянинг бугунги кунда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги равшан бўлади. Ахир биз, шу кунларда ХХ асрдан ХХИ асрга ўтиб, бутун инсониятга мисли кўрилмаган кулфатлар келтираётган: СПИД, терроризм, диний ақидапарастлик ва бошқа бузғунчилик хатти-ҳаракатларига қарши бутун инсониятни ҳамжиҳат бўлиб кураш олиб боришга чақирмоқдамиз-ку!

Форобийнинг фикрича, юксак ахлоқий фазилатларга риоя қилган ҳолда ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз фуқароларини шак-шубҳасиз бахт-саодат йўлига олиб чиқувчи кучли қуролдир. Инсон билим ва намунали ахлоқ эгаси бўлгандагина яхши одат ва ҳаракатларни ўзида мужассамлаштира олади, у ҳар қандай ёвуз бузғунчиликлар кўчасига кирмайди, аксинча, уларга нисбатан шафқатсиз жанг олиб боради.

МУСИҚА ЗАМИРИДАГИ ТАРБИЯ

Буюк алломалар кенг дунёқараш, кўпқиррали илмга эга бўлишлари билан бир қаторда ҳунарга, касбга ҳам меҳр қўйган инсонлар сифатида тарихдан жой олганлар. Форобий ҳам ўз навбатида назарий жиҳатдан мусиқашунос, амалий жиҳатдан таниқли бастакор, халқ учун яқин ва қадрдон сиймо сифатида ном чиқарган устозлардан бўлган. У ўзининг «Мусиқа ҳақида сўз» асарида мусиқа тарихи, назарияси, мусиқа асбоблари, бастакорлик ва ижрочилик санъати бўйича ўз даври учун мукаммал маълумотлар бера олган. Кўпчилик европалик арабшунос олимларнинг таъкидлашларига қараганда, Форобийнинг мусиқа ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари, асарлари, унга қадар мусиқа ҳақида яратилган асарлардан нафақат ўзининг устунлиги, балки оригиналлиги, ноёблиги ва янги назариялар билан тўлдирилганлиги сабабли, бутун Шарқ ва Европа мусиқа тараққиётига қўшилган улкан улушдир.

Форобий мусиқани, инсонда юксак ахлоқ намуналарини шакллантирувчи, унда эстетик дид ва гўзаллик туйғуларини уйғотувчи ва ҳатто инсон сиҳат-саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатувчи восита деб таърифлаганлиги бизга маълум. Аллома мусиқа асбобларини шахсан ўзи ясар ва уларни кўча-кўйларда, бозорларда, одамлар тўпланиб, гурунглашиб ўтирган вақтларида чалиб, уларда завқ-шавқ, ҳис-туйғуларни уйғотиб, кайфиятларини кўтарар эди. Унинг мусиқага бўлган муҳаббати, ижрочилик маҳорати шу даражада оммабоп, халқ ҳаётига яқин эдики, у турли ривоятларнинг тўқилишига сабаб бўлган.

ҲУКМДОРНИ ЙИҒЛАТГАН ДАРВEШ

Ривоят қилишларича, дарвешона кийинган Форобий Ҳалаб шаҳрининг кўчаларида мусиқа чалиб юрганлиги ҳақида шаҳар ҳукмдорига кимдир хабар етказади. Шаҳар ҳукмдори бу дарвешни ҳузурига келтиришларини буюради. Чопарлар Форобийни ҳукмдор ҳузурига етаклаб келганларида, шаҳар ҳукмдори ўз яқинлари билан кайфу сафо қилиб ўтирган бўлади.
Ҳукмдор келтирилган дарвешга қараб:
— Айтишларига қараганда сен мусиқа асбобларини жуда яхши чалар эмишсан, шу тўғрими? — деб сўрайди.
— Демак, улар адашмаганлар, — деб жавоб беради Форобий.
— Ундай бўлса, — дейди ҳукмдор, — сен шундай мусиқа чалгинки, биз ўтирганлар хохолаб кулиб юборайлик, таналаримиз ҳам ларзага келсин.
— Хўп бўлади, — деб Форобий ичак узди мусиқа чалиб, ҳаммани кулдиради.
— Энди, — дейди ҳукмдор, ўзини кулгидан зўрға тўхтатиб, — сен бизларни йиғлатиб юборадиган мусиқа чалиб бер.
— Буйруғингиз мен учун вожиб, — деб Форобий шундай мунгли мусиқа чаладики, ўтирганларнинг барчаси йиғлашга тушади. Йиғидан ўзини зўрға тўхтата олган ҳукмдор, кўзларини артиб, яна дарвешга юзланиб дейди:
— Офарин. Энди қўлингдан келса, мусиқа чалиб, бизларни ухлатгил, бироз дам олиб, ўзимизга келиб олайлик. Шунда Форобий бошқа бир мўъжазгина мусиқа асбобини қўлига олиб, шундай майин, нафис товушда мусиқа чаладики, ўтирганларнинг барчаси уйқуга кетганидан фойдаланиб, бир варақ қоғозга қуйидагиларни ёзиб, саройдан чиқиб кетади: «Сизларни кулдириб, йиғлатиб, кейин ухлатиб, мусиқа чалган дарвеш аслида Форобий эди».
Уйқудан чўчиб уйғонган ҳукмдор варақдаги ёзувга кўзи тушиб, мусиқа чалган дарвешни топиб, зудлик билан уни яна саройга келтиришларини буюради. Чопарлар қанчалик қидирмасинлар, дарвешни топишнинг иложи бўлмайди. Чунки бу вақтда Форобий шаҳардан чиқиб кетишга улгурган эди.

Абу Наср Форобий ҳақида ривоятлар талайгина. Бу, ўз навбатида, буюк алломанинг нақадар оддий, камтарин инсон бўлганлигидан ҳамда унинг доимо халқ ичида камтарона ҳаёт кечирганлигидан далолат беради.

Қодир Офаринов,
фалсафа фанлари номзоди
“Маърифат” газетасидан олинди


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!